ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.12.2022 й. ПҚ-458-сон "Маҳалла бюджети" тизимини жорий этиш орқали маҳаллаларнинг молиявий имкониятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.12.2022 й.

N ПҚ-458



"МАҲАЛЛА БЮДЖЕТИ" ТИЗИМИНИ

ЖОРИЙ ЭТИШ ОРҚАЛИ МАҲАЛЛАЛАРНИНГ

МОЛИЯВИЙ ИМКОНИЯТИНИ ЯНАДА

КЕНГАЙТИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғини йиғиш кўрсаткичларини ошириш орқали янги ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида:


1. Маҳаллалар томонидан жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғини (кейинги ўринларда - мол-мулк ва ер солиғи) аҳолининг солиқ тўлаш саводхонлигини ошириш орқали ундиришга кўмаклашиш ва ҳар бир маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун 2023 йил 1 январдан бошлаб иловада кўрсатилган ва солиқларни ундириш кўрсаткичи паст бўлган туманларда "Маҳалла бюджети" тизими ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этилсин.


2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ "Маҳалла бюджети" тизими Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда ҳар бир маҳалланинг ўзига хос хусусияти ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда қўшимча манбаларни излаш ва шу асосда уларнинг даромадлари базасини кенгайтириш йўли билан маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаларининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) даромадлари параметрларини сўзсиз бажариш бўйича фаолият мувофиқлаштирилган ҳолда йўлга қўйилади.


3. Белгилансинки, 2023 йил 1 январдан бошлаб, иловага мувофиқ туманларда мол-мулк ва ер солиғи (бундан нотурар жойлар бўйича мол-мулк ва ер солиғи мустасно) бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар туман бюджетлари орқали тегишли Жамғармаларга йўналтирилади.


4. Давлат солиқ қўмитаси 2023 йил 1 мартга қадар мол-мулк ва ер солиғи бўйича ҳисобланган, тўланган маблағлар ва солиқ қарздорликлари тўғрисидаги маълумотлардан фуқароларнинг ўзини ўз бошқариш органи томонидан реал вақт режимида фойдаланиш имкониятини яратсин.


5. Белгилаб қўйилсинки:

а) "Маҳалла бюджети" тизими асосида шакллантирилган маблағлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

мазкур қарорнинг 3-бандида назарда тутилган молмулк ва ер солиғидан ажратмалар;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 августдаги "Маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш ва молиявий имкониятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-353-сон қарори 2-бандининг "а" кичик бандида назарда тутилган маблағлар;

б) "Маҳалла бюджети" тизими асосида шакллантирилган маблағлар "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Қонунда назарда тутилган фуқаролар йиғини кенгаши томонидан бошқарилади.

Бунда:

фуқаролар йиғини кенгаши йиғилишларида "Маҳалла бюджети" тизими асосида шакллантирилган маблағлардан фойдаланиш йўналишлари келишиб олинади;

фуқаролар йиғини кенгаши таркибига маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиси ҳам киритилади.


6. Белгилансинки, фуқароларнинг ўзини ўз бошқариш органи томонидан "Очиқ бюджет" ахборот порталига қуйидаги маълумотлар жойлаштириб борилади:

"Маҳалла бюджети" тизими асосида шакллантирилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши таклиф этилаётган ва амалга оширилган тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар;

жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича солиқ қарзи ҳақидаги маълумотлар.


7. Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги:

2023 йил 1 июлга қадар ҳуқуқий эксперимент натижалари тўғрисидаги ахборотни ва ушбу тизимни республиканинг барча туман (шаҳар)ларида жорий этиш юзасидан таклифларни;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


8. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири в.б. Т.А. Худайбергенов ва молия вазири Т.А. Ишметов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 26 декабрдаги

ПҚ-458-сон қарорига

ИЛОВА



"Маҳалла бюджети" тизими жорий этиладиган ва солиқларни

ундириш кўрсаткичи паст бўлган туманлар

РЎЙХАТИ

Т/р

Ҳудуд номи


Туман номи


1

Қорақалпоғистон Республикаси


Беруний

2

Андижон вилояти


Андижон

3

Бухоро вилояти


Олот

4

Жиззах вилояти


Зомин

5

Қашқадарё вилояти


Қарши

6

Навоий вилояти


Кармана

7

Наманган вилояти


Уйчи

8

Самарқанд вилояти


Ургут

9

Сурхондарё вилояти


Жарқўрғон

10

Сирдарё вилояти


Сайхунобод

11

Тошкент вилояти


Бўка

12

Фарғона вилояти


Бағдод

13

Хоразм вилояти


Боғот

14

Тошкент шаҳри


Учтепа

       

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 27 декабрь




















































Время: 0.0162
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск