ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Болалар спортини ривожлантириш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.01.2023 й. 3-сон "Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.01.2023 й.

N 3




ҚИШКИ СПОРТ ТУРЛАРИ БЎЙИЧА

РЕСПУБЛИКА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН

СПОРТ МАКТАБИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2026 йил Милан ва Кортина-д`Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида" 2022 йил 1 июлдаги ПҚ-303-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, қишки спорт турлари бўйича иқтидорли спортчиларни тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2026 йил Милан ва Кортина-д`Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида" 2022 йил 1 июлдаги ПҚ-303-сон қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрида Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби (кейинги ўринларда - Республика қишки спорт мактаби) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар Республика қишки спорт мактаби мактабининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

зарур спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланган, замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техника ҳамда ўқув-машғулот базаларини яратиш ва турли даражадаги халқаро ва минтақавий мусобақаларда - қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда бошқа халқаро мусобақаларда Ўзбекистоннинг шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш;

қишки спорт турлари бўйича халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш учун юқори малакали мутахассис-тренерлар, психологлар ва услубчиларни, шу жумладан, хорижий мамлакатлардан етакчи мутахассисларни кенг жалб этиш орқали тренерлар таркибини мустаҳкамлаш;

спортчиларнинг ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, илғор тажрибани ҳисобга олган ҳолда, ўқув-машқ жараёнларига энг янги илмий-услубий технологияларни жорий этиш йўли билан уларни назарий ва техник-тактик жиҳатдан тайёрлаш сифатини мунтазам ошириб бориш;

спортчиларнинг профессионал фазилатларини ривожлантириш, шунингдек, қишки спорт турини ривожлантиришнинг халқаро талабларига мувофиқ ҳолда Ўзбекистон миллий терма жамоаларига юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш;

қишки спорт турлари бўйича ёш истиқболли спортчиларни танлаш ва тарбиялаш масалалари бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаблари, Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари, клублар, Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби ва бошқа спорт-таълим муассасалари билан узлуксиз ҳамкорликни амалга ошириш;

қишки спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар ва уларнинг захиралари иштирокида ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт мусобақаларини ташкил этиш ҳамда мунтазам равишда ўтказиб бориш, тренерлар ҳамда спортчиларнинг касб маҳорати даражасини ошириш учун тажриба алмашиш, шу жумладан хорижий мамлакатларнинг қишки спорт турлари бўйича мактаблари, клублари ва марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш.


3. Белгилаб қўйилсинки, Республика қишки спорт мактаби:

юридик шахс мақомига эга бўлган мактабдан ташқари спорт-таълим муассасаси ҳисобланади;

ўз фаолиятини 2024/2025 ўқув йилидан бошлайди;

ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг "Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида" 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сон қарорига мувофиқ амалга оширади ҳамда мақоми бўйича (фаолиятини молиялаштириш, ташкил этиш, бошқариш ва бошқалар) ихтисослаштирилган спорт мактабига тенглаштирилади.


4. Қуйидагилар Республика қишки спорт мактабини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Давлат бюджети маблағлари;

фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан ва Республика қишки спорт мактабининг уставидаги вазифаларга мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

асосий машғулотлар ўтказилмайдиган вақтда бўш турган мол-мулкни ижарага беришдан тушган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари; қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги:

а) уч ой муддатда:

Республика қишки спорт мактабининг тузилмасини ва уставини тасдиқлаш, шунингдек, уставни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш;

Республика қишки спорт мактабини юқори малакали тренер кадрлар билан таъминлаш ва спорт захирасини тайёрлаш ишларини олиб бориш чораларини кўрсин;

б) Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, қишки спорт турлари бўйича федерация (ассоциация)лар билан биргаликда Республика қишки спорт мактабида спортчиларни тайёрлаш сифати юзасидан доимий назоратни амалга оширсин.


6. Давлат активларини бошқариш агентлиги Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 мартга қадар Республика қишки спорт мактабини ташкил этиш учун фойдаланилмаётган бино ва иншоотларни ажратиш бўйича тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда Республика қишки спорт мактабини ташкил этиш ва спорт иншоотларини қуришда қишки спорт турлари (фигурали учиш, конькида учиш, шорт-трек, хоккей) билан ўқувчиларнинг доимий машғулот ўтказишлари учун замонавий ёпиқ муз саройи ва очиқ спорт майдони ҳамда махсус тренажёр залига эга бўлиши назарда тутилсин.


7. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда Республика қишки спорт мактабининг қурилиш ишларини амалга ошириш учун зарур маблағлар 2024 йил ва келгуси йиллар ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларида Жисмоний тарбия ва спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун ажратиладиган марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари доирасида ажратилишини таъминласин.


8. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда Республика қишки спорт мактаби фаолиятини сақлаш билан боғлиқ зарур маблағлар 2024 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                        А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 7 январь












































Время: 0.2139
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск