ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спорт тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш /

Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.12.2022 й. 731-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 30 декабрдаги

731-сон қарорига

2-ИЛОВА



Олимпия ва паралимпия спорт турларига

тайёрлаш марказлари тўғрисида

НИЗОМ

         

          

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

            

1. Мазкур Низом Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларининг (кейинги ўринларда - Марказ) мақоми, мақсади ва асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва бошқариш, шунингдек, уни молиялаштириш тартибини белгилайди.


2. Марказ ўрта ва профессионал давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда Олимпия ва Паралимпия ўйинлари (катталар ва ёшлар) дастуридан ўрин олган спорт турлари бўйича терма жамоаларни шакллантириш учун спорт захирасини тайёрлашга йўналтирилади, миллий кураш ҳамда алоҳида Ҳукумат қарорлари билан белгиланган спорт турлари бундан мустасно.

Марказдаги ноолимпия спорт турлари бўйича йўналишларда таҳсил олаётган ўқувчилар ушбу Марказни тўлиқ тамомлагунга қадар ўқитилади.


3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ўз уставига амал қилади.

Марказнинг устави Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) томонидан тасдиқланади.


4. Марказга қабул квоталари ҳар бир спорт турининг хусусиятидан (вазн тоифаси, спортчилар сони, шу жумладан, спортчи аёллар сони, жамоавий спорт турлари бўйича тегишли спорт турида иштирок этадиган спортчилар сони ва бошқалар) келиб чиқиб шакллантирилади.

Марказларда ўқиш жараёни 2 та босқичда: 1-босқич 5 - 11-синфлар учун Олимпия мактабларида, 2-босқич 1-2-курслар учун Олимпия ва Паралимпия коллежларида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазирига ҳудуднинг спорт турларига ихтисослашувидан келиб чиқиб, Олимпия мактаблари ҳамда Олимпия ва Паралимпия коллежларининг спорт турлари бўйича контингентининг умумий сони доирасида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.


5. Марказ юридик шахс ҳисобланиб, ўз мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, бошқа зарур муҳр ва штампларга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисоб рақамларига эга бўлади.


6. Вазирлик Марказга умумий раҳбарлик қилади, назоратни ташкил этади, унинг ташкилий-кадрлар ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўради.


7. Марказда хорижий мамлакатлар фуқаролари ўқитилмайди, халқаро шартномаларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



2-БОБ. МАРКАЗНИНГ МАҚСАДЛАРИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


8. Марказнинг мақсадлари қуйидагилар ҳисобланади:

ўқувчиларга жисмоний тарбия ва спорт бўйича чуқурлаштирилган таълим бериш, уларни ҳар томонлама камол топтириш ва спорт мутахассисликлари ва касбларини эгаллашини таъминлаш;

ўқувчиларни истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш, уларда ўз Ватани билан фахрланиш ва миллий маданий-тарихий анъаналарни ҳурмат қилиш туйғусини шакллантириш.


9. Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

спорт мактаблари, ихтисослаштирилган спорт мактаблари, спорт клублари ёки бошқа спорт-таълим муассасаларининг спорт соғломлаштириш тайёргарлигидан ўтган ўқувчилар орасидан танлов асосида Марказда ўқишни давом эттириш учун танлаб олиш;

давлат буюртмаси асосида спорт турлари реестрига киритилган ҳамда ягона спорт таснифи мавжуд бўлган спорт турлари бўйича разрядли ва унвонли спортчилар тайёрлаш;

республика ва халқаро мусобақаларда қатнашиш учун спорт захирасини терма жамоалар таркибига тайёрлаш;

ўқувчиларнинг республика ва халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиши учун зарур ва етарли бўлган касбий мойиллигини, маҳорати ва кўникмалари чуқур ривожлантирилишини таъминлаш, спорт тайёргарлиги таълимининг навбатдаги босқичларида ўқишини, шунингдек, эгалланган мутахассислик бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишини давом эттириш;

мутахассислар ва спорт захирасини сифатли тайёрлаш учун зарур ташкилий, ўқув-методик, психологик-педагогик, тиббий-биологик ва моддий-техник шарт-шароитларни таъминлаш;

давлат таълим стандарти доирасида умумий ўрта таълим ва профессионал таълим ўқув дастурларини амалга ошириш;

ўқув-тарбия жараёнининг соғломлаштирувчи йўналишини амалга ошириш учун шарт-шароитларни таъминлаш, соғлом турмуш тарзи нормаларини жорий этиш.



3-БОБ. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

          

10. Марказ:

Вазирлик ҳамда бошқа ташкилотлар орқали республика ва халқаро спорт мусобақаларида қатнашиш, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасига мувофиқ республика ҳамда чет давлатларда ўқув-машқ йиғинларини ўтказиш;

Вазирлик кўрсатмасига мувофиқ олимпия ва паралимпия спорт турларини ривожлантириш, спорт захираларини тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш мақсадида Марказда янги спорт турлари бўлимларини очиш ёхуд спорт захирасини тайёрлашга оид белгиланган спорт кўрсаткичлари даражаси паст бўлган спорт турлари фаолиятини танқидий таҳлил қилиш;

Вазирлик билан келишган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга ўз фаолияти ихтисослигига мувофиқ жисмоний тарбия ва спорт соҳасида пуллик хизматлар кўрсатиш (спорт иншоотларидан фойдаланиш, пуллик спорт хизмати), кўрсатилган хизматлар учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш;

Вазирлик билан келишган ҳолда Марказнинг тренерлар таркиби, ходимлари ва ўқувчиларини алмашиш, қўшма спорт тадбирлари, байрамлар, кўриклар, семинарлар ва шу кабиларни ўтказиш бўйича хорижий спорт ташкилотлари билан белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ таълим ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро фаолиятда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Марказ қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Марказ ўқувчилар ва тренерларни спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига мувофиқ спорт тадбирларида, халқаро мусобақаларда қатнашиш, шунингдек, чет давлатларда тажриба алмашиш учун юбориши, ўқувчилар иштирокида маҳорат сабоқлари, семинар, конференция ва давра суҳбатларини ўтказиши мумкин.


12. Марказ қуйидаги мажбуриятларга эга:

таълим-тарбия ва спорт тайёргарлиги ўқув-машқ жараёнини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш, тренерлар таркиби ва педагог ходимлар жамоаси ҳамда бошқа тегишли мутахассисларнинг ўз фаолиятига оид топшириқлари бажарилишини, шу жумладан, таълим олувчилар томонидан ўз мажбуриятлари доирасида танланган спорт турлари бўйича таълим ва спорт тайёргарлиги ўқув дастурлари босқичма-босқич ўзлаштиришини таъминлаш;

таълим стандартига мувофиқ тасдиқланган ўқув дастурлари, спорт тайёргарлиги дастурлари асосида йиллик ўқув режасини, ўқув жадвалини ва ўқув-машқ машғулотлари жадвалини ишлаб чиқиш;

таълим ва ўқув-машқ машғулотлари жараёни ўтказилаётган даврда таълим олувчилар ва тренерлар таркиби, педагог-ходимлар жамоаси ҳамда бошқа тегишли мутахассисларнинг меҳнат хавфсизлигини таъминлаш;

таълим-тарбия ва спорт тайёргарлиги ўқув-машқ жараёнини жорий назорат қилиш, ўқувчиларнинг назорат нормативлари топширишини таъминлаш;

моддий-техника базаси ва мол-мулкининг сақланишини ва улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш.

Марказ қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.



4-БОБ. МАРКАЗДА ЎҚУВ-ТАРБИЯ

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

           

13. Марказда ўқув жараёни Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилиб, тасдиқланган ўқув режага асосан амалга оширилади.


14. Ўқув жараёни жадвали, ўқув машғулотлари турлари, аудитория ва аудиториядан ташқари ўқув-тарбиявий ишлар, шунингдек, ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишнинг бошқа шакллари ўқув режаси ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади.


15. Марказда ўқув йили 2 сентябрдан бошланади.


16. Марказда ўқиш кундузги шаклда амалга оширилиб, ўқув машғулотларининг давомийлиги, ўқувчиларнинг ўқув юкламаси ва ўқув-тарбия жараёнининг бошқа масалалари тасдиқланган ўқув режасига мувофиқ белгиланади.


17. Марказ ўқув режаси ўқув-машқ машғулотлари жадвали, якка тартибда ишлаш ва тарбиявий ишларни ташкил этиш шакллари ва усулларини белгилайди.


18. Ўқув дастурлари ўқув режасига мувофиқ қуйидаги шаклларда амалга оширилади:


ўқув дарси - ўқув жараёнининг ажралмас қисми бўлган таълим иштирокчиларининг ўзаро боғлиқлик шакли, таълимнинг мақсади, мазмуни усул ва воситаларини ўзида мужассам этган тизим;


маъруза - ўқитишни ташкил этишнинг етакчи шакли бўлиб, ўқувчиларга ўқув материалининг асосий ҳолатлари ҳақида тушунча беради, ўқувчиларни йўналтирувчанлик, ахборотлилик, методологик, тарбияловчилик ва ривожлантирувчилик вазифаларини амалга оширишга имкон беради;


семинар - таълим берувчини таълим олувчилар билан фаол суҳбатга киришишига йўналтирилган, назарий билимларни амалий фаолиятда амалга ошириш учун зарур шароитни таъминловчи машғулот шакли;


лаборатория иши - ўқувчиларнинг мустақил равишда экспериментлар ўтказган ҳолда фанларни ўзлаштириши. Тажрибалар шахсий ёки гуруҳга бўлинган ҳолда ташкил этилиши мумкин;


мустақил тайёргарлик - ўқувчилар томонидан ўқитувчи билан мулоқотга киришмаган ҳолда махсус ўқув материалларини ўзлаштириш мақсадида қўлланиладиган ўқув фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Мустақил тайёргарлик дарс жараёнида ва дарсдан ташқари жараёнда оғзаки ёки ёзма равишда қўлланилиши мумкин;


амалий машғулот - ўқитувчи раҳбарлигида илмий-назарий билимларни чуқурлаштириш ва мустақил ишлашга ўргатиш кўникмаларини ҳосил қилиш мақсадида ўтказилади.



19. Марказда спорт машғулотлари, ўқув-машқ йиғинлари, гуруҳ ва якка тартибдаги (индивидуал) ўқув-машқ машғулотлари қуйидаги шаклларда амалга оширилади:


ўқув-машқ машғулоти - бу спорт тайёргарлиги жараёнининг ажралмас қисми бўлиб, спорт тайёргарлиги иштирокчиларининг ўзаро боғлиқлик шакли, спорт тайёргарлигининг мақсади, мазмуни усул ва воситаларини ўзида мужассам этган тизим сифатида қуйидагиларни ўз ичига қамраб олади: назарий тайёргарлик, амалий тайёргарлик (булар умумий жисмоний тайёргарлик, махсус жисмоний тайёргарлик, техник-тактик тайёргарлик, психологик тайёргарлик, кўчириш (ўтказиш) назорат синовлари, назорат мусобақаларида иштирок этиш, йўриқчилик ва ҳакамлик амалиёти, мусобақаларда иштирок этиш, тикланиш тадбирлари ва тиббий назорат шакллари ҳисобланади);


назарий тайёргарлик - ўқувчиларга шахсни анатомик ва физиологик режалаштириш, спорт тайёргарлигига оид санитария-гигиеник талаблар, ўқув-машқ машғулотларининг техник хавфсизлиги, шунингдек, уларнинг танланган спорт турлари бўйича спорт тайёргарлигига тааллуқли турли назарий маълумотлар доирасида назарий билимлар берилади;


умумий жисмоний тайёргарлик - ўқувчиларнинг ёши, жинсига оид спорт тайёргарлигига, ўқув-машқ машғулотлари жараёнида умумий жисмоний машқларни ўрганиш ва ўзлаштиришга, умумий жисмоний тайёргарлик даражаси кўрсаткичларини бажариш ва назорат қилишга қаратилади;


махсус жисмоний тайёргарлик - ўқувчиларнинг танланган спорт турлари бўйича спорт тайёргарлигига оид махсус жисмоний машқларни ўқув-машқ машғулотлари жараёнида ўрганиш ва ўзлаштиришига, махсус жисмоний тайёргарлик даражаси кўрсаткичларини бажаришига йўналтирилади;


техник-тактик тайёргарлик - ўқувчиларни танлаган спорт турлари бўйича спорт тайёргарлиги ўқув-машқ машғулотларини ўзлаштириш жараёнида техник-тактик машқлар, усуллар, ҳужум ва ҳимояланиш амалларини ўрганишига, шу жумладан, уларнинг ўзлаштириш ҳолатларини назорат қилишга қаратилади;


психологик тайёргарлик - ўқувчиларнинг спорт тайёргарлиги ўқув-машқ машғулотларини ўзлаштиришда ва спорт мусобақаларига тайёргарлик кўриш ҳамда уларда иштирок этиш жараёнларига психо-физиологик ёндашувлар асосида ташхислар ва психологик тест-синовларини ўтказиш, уларни психологик жиҳатдан тайёрлаш орқали амалга оширилади;


кўчириш (ўтказиш) назорат синовлари - спорт тайёргарлиги жараёнида белгиланган тартибда ўқувчиларнинг ёши ва жисмоний имкониятлари ҳамда жисмоний ҳолатига кўра умумий ва махсус жисмоний тайёргарлиги даражаси кўрсаткичлари аниқлаб борилади, шу жумладан, уларнинг техник-тактик тайёргарлиги маҳоратига баҳо берилади;


назорат мусобақаларида иштироки - ўқувчиларнинг танланган спорт тури бўйича спорт тайёргарлиги ўқув-машқ машғулотлари юкламаларини ўзлаштириш жараёнида назорат мусобақалари орқали уларнинг спорт маҳоратини ўзлаштириш ва ривожлантиришга қаратилади (соатлар сеткасидан ташқари);


йўриқчилик ва ҳакамлик амалиёти - тренерлик ва ҳакамлик ишларига кейинчалик жалб қилиш учун спорт йўриқчилари ва спорт ҳакамларининг билим ва кўникмаларини эгаллаб олиш мақсадида олиб борилади;


мусобақаларда иштирок этиш - тасдиқланган спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режаси асосида Марказда таълим олувчи ўқувчиларнинг ҳудудий, республика ва халқаро спорт мусобақаларида иштирок этишлари назарда тутилади;


тикланиш тадбирлари - ўқувчиларнинг спорт тайёргарлиги жараёнида ҳордиқ чиқариш, фаол дам олишини таъминлаш мақсадида турли тикланиш ва жароҳатланишнинг олдини олиш тадбирларини ўз ичига олади;


тиббий назорат - ўқувчиларнинг ўқув йили давомида камида икки маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиши ва спорт мусобақалари олдидан тиббий кўрикдан ўтказилишини назарда тутади (соатлар сеткасидан ташқари).


20. Таълим сифати ва спорт тайёргарлик даражасини назорат қилиш тасдиқланган давлат таълим стандарти талабларига мувофиқ амалга оширилади.


21. Ўқув дастурини ўзлаштирган ва якуний давлат аттестациясидан ўтган Марказнинг 9-синф битирувчиларига таянч ўрта таълим ва 11-синф битирувчиларига давлат намунасидаги умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома, профессионал таълим даражаси битирувчиларига профессионал таълим босқичини тамомлаганлик тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.

Вазирлик буюртмасига асосан Давлат намунасидаги шаҳодатнома Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигидан, профессионал таълим тўғрисидаги диплом Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан олинади.


22. Марказда ўқиш, спорт тайёргарлиги, овқатланиш, тиббий даволаниш, меҳнат ва дам олиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ўқувчилар яшаш шароитлари, шунингдек, уларнинг таъминоти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


23. Марказ ўқувчиларининг спорт маҳорати даражасини ошириш мақсадида жами 60 кун давом этадиган, шу жумладан, қишки таътил вақтида (15 кун), ёзги таътил вақтида (45 кун) ўқув-машқ йиғинларини ўтказган ҳолда ўқувчиларнинг фаол дам олишлари ташкил этилади.

Ўқув-машқ йиғинларини ўтказиш билан боғлиқ маблағлар Марказнинг йиллик сметаси доирасида ажратилади.


24. Ўқувчилар умумтаълим фанларини ўқитиш бўйича синфларга, ўрта махсус профессионал таълим босқичида гуруҳларга, спорт тайёргарлиги йўналишлари бўйича эса спорт бўлимларига бирлашади.

Марказда ўқув синфлари (гуруҳлари)да ўқувчилар сони қуйидагича белгиланади:

профессионал таълим босқичида - камида 12 нафар;

умумий ўрта таълим босқичида - 25 нафар;

ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун - талабдан келиб чиқиб 12 нафар.

Зарур ҳолларда ногиронлиги бўлган ўқувчиларни ўқитиш бўйича талабдан келиб чиқиб, Вазирлик рухсати билан гуруҳдаги ўқувчилар сони 12 нафардан кам бўлиши мумкин.


25. Ўқув режасидаги фанларни ўзлаштирган, шунингдек (босқичли назорат), имтиҳонларни муваффақиятли топширган ўқувчилар навбатдаги синф (босқич)га Марказ директорининг буйруғи билан ўтказилади. Кейинги синф (босқич)га шартли равишда ўтказишга йўл қўйилмайди.


26. Марказ ўқувчиларининг спорт тайёргарлик даражаси ўсиб боришини, спорт мусобақаларида эришган натижаларини таҳлил қилиш, ўқув режасида белгиланган фанларни ўзлаштириши, ўқувчилар турар жойида тартиб-интизом талабларига риоя этишини, жамоатчилик ишларида қатнашганлик даражасини аниқлаш мақсадида ўқув йили давомида икки марта аттестация ўтказилади.



5-БОБ. МАРКАЗНИ БОШҚАРИШ

           

27. Таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва бирхиллаштириш, педагог кадрлар билан таъминлаш, мутахассисларни тайёрлаш Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда амалга оширилади.


28. Марказга олий маълумотга ва спорт-таълим муассасаларида камида 5 йил амалий иш тажрибасига ҳамда раҳбарлик салоҳиятига эга шахслар орасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда спортни ривожлантириш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.


29. Директор:

а) Вазирлик билан келишган ҳолда ўринбосарларини тайинлайди (спорт ишлари бўйича директор ўринбосари бундан мустасно), ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

б) Марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, ўқувчиларнинг ўқиши ва тарбияланиши, ўқув режалари ва дастурлари бажарилиши, молия-хўжалик фаолияти амалга оширилиши учун жавоб беради, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларнинг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ходимларнинг штат жадвалини ҳамда тренерлар, ўқитувчилар таркибининг тарификация жадвалини тасдиқлайди;

в) Марказ номидан иш кўради, унинг манфаатларини ифодалайди, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг мол-мулкини тасарруф этади ва шартномалар тузади;

г) Марказ ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади, таълим муассасасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

д) ўз ваколатлари доирасида Марказ ўқувчилари ва барча ходимлар учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

е) Марказнинг ўқув-моддий базасини мустаҳкамлаш, ўқув-машқ ва ўқув-тарбиявий ишларни такомиллаштириш, малакали педагог кадрлар, тренерлар билан бутлаш ҳамда Марказ фаолияти бўйича айрим масалаларни кўриб чиқиш учун давлат бошқаруви органларига таклифлар киритади;

ж) педагоглар ва бошқа барча ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузади ва уларни бекор қилади;

з) спорт ишлари бўйича директор ўринбосари ва тренерлари билан биргаликда ҳар ярим йилда камида бир марта умумий ўрта таълим мактабларига бевосита ташриф буюриб, иқтидорли ёшларни Марказга жалб қилиш бўйича селекция ишларини амалга оширади;

и) халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари ва жамоатчилик вакилларига Марказда амалга оширилган қуйидаги вазифалар юзасидан ҳар йил якуни бўйича ҳисобот беради:

жорий йилда ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши;

давлат буюртмасига асосан разрядли ва унвонли спортчилар тайёрлаш;

йил давомида амалга оширилган селекция ишлари;

спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларнинг асосий ва захира таркибига етказиб берилган ўқувчилар;

Марказда тайёрланган фан олимпиадалари, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё, Ўзбекистон чемпионатлари (кубоклари)нинг ғолиб ва совриндорлари.

Директор қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


30. Марказда директор раҳбарлигида коллегиал орган ҳисобланадиган Педагогика кенгаши ташкил этилади.

Педагогика кенгашининг йиғилиши ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.

Педагогика кенгашининг асосий вазифалари ва функциялари Марказ уставида белгиланади.

Марказнинг раҳбар ва мутахассис ходимларига, шу жумладан, фан ўқитувчилари, тарбиячилар, тренерлар ва тиббиёт ходимларига қўйиладиган лавозим малака талаблари Вазирлик томонидан тасдиқланади.


31. Марказда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг вакилларидан иборат Васийлик кенгаши тузилади.

Марказнинг Васийлик кенгашига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари раҳбарлик қилади.


32. Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳузурида малакали тренер ва хорижий экспертлар, шунингдек, спорт соҳасида юқори тажриба ва кўникмага эга бўлган мутахассислардан иборат таркибда Тренерлар кенгаши ташкил этилади.

Олимпия ва Паралимпия коллежларининг 1-курсига Олимпия мактабларини муваффақиятли битирган ўқувчилар, шунингдек, умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари орасидан Тренерлар кенгаши хулосасига мувофиқ мусобақаларда энг юқори натижага эришган спортчилар танлов асосида қабул қилинади.

Тренерлар кенгаши йиғилиши бир йилда камида икки маротаба ўтказилади, Марказлар фаолияти таҳлилий кўриб чиқилади ҳамда аниқланган муаммолар ва йўл қўйилган камчиликлар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланади.

Тренерлар кенгаши таркиби, унинг вазифа ва функциялари ҳамда унинг фаолиятини ташкил қилиш билан боғлиқ бошқа масалалар спортни ривожлантириш вазирининг буйруғи билан белгиланади.


33. Марказни аттестациядан ва аккредитациядан ўтказиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



6-БОБ. МАРКАЗДА ТАЪЛИМ

ЖАРАЁНИ ҚАТНАШЧИЛАРИ

            

34. Ўқитувчилар, тренерлар, психолог ва спорт психологлари, инструктор-методистлар, тарбиячилар, тиббиёт ходимлари ва ўқувчилар таълим жараёнининг қатнашчилари ҳисобланадилар.


35. Марказ ўқувчилари давлат таълим стандартларига мувофиқ бепул таълим олиш, қўшимча таълим хизматларидан фойдаланиш, таълим муассасасининг уставида белгиланган шаклда таълим муассасасини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Марказ ўқувчилари Марказнинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилишлари шарт.


36. Марказга қабул қилинган ўқувчилар:

умумий ўрта таълим, профессионал таълим, умумкасбий ҳамда махсус спорт фанлари бўйича ўқиш;

ўқув-машқ жараёнида ва мусобақаларда иштирок этиш;

ўқувчилар учун бир кунлик озиқ-овқат меъёрларига мувофиқ ҳафта кунлари давомида доимий озиқ-овқат билан таъминланиш (истеъмол қилиш);

Марказ моддий-техника базаси ва мол-мулкидан бепул фойдаланиш;

ўқувчилар турар жойида бепул яшаш;

белгиланган тартибда ўқишини бошқа таълим муассасасига кўчиришга ҳақли.


37. Жисмоний тарбия ва спорт мутахассислигига, касбий тайёргарлик ва юксак ахлоқий фазилатга эга бўлган шахслар Марказда педагогик (тренерлик) фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.


38. Ўқитувчилар ва тренерлар, тарбиячилар ва тиббиёт ходимларини Марказга ишга қабул қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


39. Марказнинг ўқитувчилар ва тренерлар таркиби, психолог, спорт психологи, тарбиячилар ва тиббиёт пункти ходимларини аттестациядан ўтказиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


40. Ўқитувчилар ва тренерларнинг педагогик (тренерлик) юкламаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган нормативларга мувофиқ аниқланади.


41. Ўқитувчилар, тренерлар, психологлар, спорт психологлари, тарбиячилар, тиббиёт пункти ходимлари таркибини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказларида спорт-таълим муассасаларининг психологлари, Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ва унинг филиалларида спорт-таълим муассасаларининг спорт психологлари, тарбиячилари таркиби малакасини ошириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бепул амалга оширилади.


42. Педагог ходимлар ва тренерларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қонунчилик ҳужжатларига ва Марказ уставига мувофиқ белгиланади.


43. Ўқувчиларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) Марказнинг таълим фаолияти билан танишиш ҳуқуқига эгадирлар.



7-БОБ. МАРКАЗНИ ТИББИЙ-БИОЛОГИК

ТАЪМИНЛАШ

         

44. Тиббиёт пункти ходимлари тренерлар билан биргаликда спорт машғулотлари, ўқув-машқ йиғинлари, мусобақалар, дам олиш даврида Марказ ўқувчиларини тиббий назоратдан ўтказадилар. Тиббий кузатувлар натижасидан тренерлар спортчилар тайёрлашнинг якка тартибдаги режаларига тузатишлар киритиш учун фойдаланадилар.


45. Ўқув йили давомида ўқувчилар икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.


46. Марказ ўқувчиларни тиббий таъминлаш мақсадида функционал ташхис ва саломатликни тиклаш тадбирлари учун саломатликни тиклаш марказига, зарур бино ва асбоб-ускуналарга эга бўлади.


47. Вазирлик ҳамда Марказ спортчиларнинг функционал тайёргарлиги ҳолати юзасидан ташхис қўйиш, даволаш-профилактика тадбирлари ва ўқувчининг саломатлигини тиклаш жараёнларини мақбуллаштириш, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш учун Марказни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида тегишли аппаратлар, зарур реактивлар ва дори воситалари билан бепул таъминлайди.



8-БОБ. МАРКАЗНИ КИЙИМ-БОШ, СПОРТ

АНЖОМЛАРИ ВА ИНВЕНТАРЛАР

БИЛАН ТАЪМИНЛАШ

          

48. Вазирлик ҳамда Марказ ўқувчиларни Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси учун ҳар йили ажратиладиган маблағлар ҳисобидан кийим-бош, спорт анжомлари ва инвентарлар билан таъминлайди.


49. Марказ ўқувчиларини кийим-бош, спорт анжомлари ва инвентарлар билан таъминлаш меъёрлари Вазирлик томонидан тасдиқланади.



9-БОБ. МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯВИЙ

ВА МОДДИЙ ТАЪМИНЛАШ

             

50. Марказ фаолиятини молиялаштириш:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар маҳаллий бюджетлари маблағлари;

таълим хизматларини кўрсатишдан, педагогика, ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг уставларида белгиланган вазифаларига мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


51. Марказ белгиланган тартибда тасдиқланган ва тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси ва тасдиқланган штат бирликлари асосида молиялаштирилади.


52. Марказ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


53. Марказни тасдиқланган таълим стандартларига мувофиқ ўқув қуроллари, компьютер техникаси ва лаборатория анжомлари, спорт анжомлари ва инвентарлари, имконияти чекланган ногиронлиги бўлган ўқувчиларни зарур спорт ҳамда ўқув қуроллари билан таъминлаш Вазирлик ҳамда Марказ томонидан амалга оширилади.


54. Марказ ўқувчиларининг Вазирлик томонидан тасдиқланган спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига киритилган спорт мусобақалари, ўқув-йиғин машғулотларидаги иштироки билан боғлиқ харажатлар (йўлкира, овқатланиш, ётоқхона) Вазирлар Маҳкамасининг "Терма жамоалар ҳамда уларнинг захирасини спорт мусобақаларига тайёрлашни, шунингдек уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2011 йил 27 апрелдаги 121-сон қарорида белгиланган меъёрларга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар маҳаллий бюджетларининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


55. Марказ ўзининг молия-хўжалик фаолиятини бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар доирасида амалга оширади.


56. Марказнинг маблағлари, бинолари, спорт иншоотлари ва асбоб-ускуналари унинг мулки ҳисобланади ва улардан Марказ уставида белгиланган вазифаларни ҳал этиш учун фойдаланилади.


57. Марказ белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистик ва бухгалтерия ҳисоботларини юритади.


58. Марказда хўжалик ва молия интизомига риоя этилишини назорат қилиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

               

59. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

          

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 30 декабрь







































































Время: 0.0082
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск