ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд ва суд тизилишининг умумий масалалари /

2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси (ЎзР Президентининг 16.01.2023 й. ПФ-11-сон Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 16 январдаги

ПФ-11-сон Фармонига

1-ИЛОВА



2023-2026 йилларга мўлжалланган суд

тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга

олиб чиқишнинг қисқа муддатли

СТРАТЕГИЯСИ

     

      

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) суд-ҳуқуқ тизимининг жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Стратегия Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари ҳамда истиқболли вазифаларини белгилайди, шунингдек, соҳага илғор халқаро стандартларни янада кенг жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.



2-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

           

Стратегиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

"Инсон қадри учун" ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;

адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;

фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;

судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;

судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;

давлат номидан суд қарорларини қабул қилаётган судлар ва судьяларга, шунингдек, уларнинг қарорларига нисбатан ҳар бир фуқарода, шу жумладан, барча даражадаги мансабдорларда ҳурмат руҳини шакллантириш;

суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш.



3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ

    

     

3.1. Инсон қадрини улуғлашга қаратилган

қонунчиликни такомиллаштириш

    

1. Жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят ижроия қонунчилигини инсонпарварлик тамойиллари асосида такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш. "Хабеас корпус" институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш.


2. Процессуал қонунчиликда адвокатнинг ваколатларини, шу жумладан далилларни тўплаш ва тақдим этиш ваколатларини кенгайтириш.


3. Низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш. Ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтириш. Суд ишлари бўйича айрим тоифадаги низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш.


4. Суд иш юритувида тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги тамойилини амалда таъминлаш учун таъсирчан механизмларни яратиш.



3.2. Одил судлов сифатини тубдан ошириш

       

1. Суд иш юритуви самарадорлигини янада ошириш чораларини кўриш.


2. Юқори суд инстанцияларининг суд қарорларини қайта кўриш фаолиятида рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, аҳоли учун тушунарли ва қулай, шунингдек, қуйи суд хатоларини ўз вақтида тўғрилашга кўмак берувчи механизмларни йўлга қўйиш.


3. Ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиқиб, судьялик штат бирликлари сонини босқичма-босқич ошириб бориш.


4. Судьяларнинг ихтисослашуви талаб этиладиган тоифадаги низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини кенгайтириш чораларини кўриш.


5. Суд ишларини кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш учун зарур чораларни кўриш. Олий суд Пленуми қарорларига шарҳларни тайёрлаш амалиётини йўлга қўйиш.



3.3. Суд ҳокимияти мустақиллиги

кафолатларини янада кучайтириш

         

1. Судьялар фаолиятига ҳар қандай аралашувларга, шу жумладан, давлат идоралари ва мансабдор шахслар аралашувларига барҳам беришнинг қатъий чораларини кўриш, бундай қилмишлар учун жавобгарликни кескин кучайтириш.


2. Суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш.


3. Судьялар дахлсизлигини бузиш ҳолатларида бевосита судьялар томонидан ўз вақтида таъсирчан чоралар кўриш имкониятларини кенгайтириш.


4. Процессуал тартибга риоя қилган ҳолда келиб тушган мурожаатларнинг процессуал қонунчилик асосида кўриб чиқилишини таъминлаш.


5. Судьяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш.


6. Илғор хорижий тажриба асосида судларнинг молиявий мустақиллигини тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш орқали улар фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағларни судлар томонидан мустақил равишда белгилаш механизмларини жорий этиш.



3.4. Судьялар ҳамжамиятини шакллантириш,

судьяларни танлаш, лавозимга тайинлаш,

ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш

тизимини такомиллаштириш

        

1. Судьялар ҳамжамияти органларининг ҳуқуқий асосларини белгилаш.


2. Судьялар олий кенгаши таркибини шакллантиришда судьяларнинг роли ва ўрнини белгилаш мақсадида Судьялар олий кенгаши таркибининг бир қисмини судьялар томонидан сайлаш тартибини жорий этиш.


3. Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жумладан Судьялар олий мактабининг фаолиятини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш.


4. Судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофлик принципини янада кенгроқ жорий этиш.



3.5. Суд жараёнлари ва суд қарорлари

юзасидан жамоатчилик орасида тўғри

ва холисона фикрни шакллантириш

           

1. Олий суд ва қуйи судларнинг жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик қилувчи тузилмаларининг иш фаолиятини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиб, шиддат билан ўзгариб бораётган ахборот маконида уларнинг янгича ёндашув ва усуллар асосида фаолият юритишини йўлга қўйиш.


2. Судлар фаолияти билан боғлиқ турли манбаларда эълон қилинадиган нохолис ва бир томонлама ахборотлар бўйича зудлик билан муносабат билдириш амалиётини йўлга қўйиш.


3. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини тўғри ва холисона, қонун талаблари доирасида ёритишни ташкил этиш мақсадида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан журналистлар ва блогерлар учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш.


4. Кенг жамоатчиликда судлар фаолияти бўйича объектив ва холисона фикр-мулоҳазалар ҳамда қарашларни шакллантириш мақсадида медиа режа асосида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда турли шакл ва кўринишдаги чиқишларни ташкил этиш.



3.6. Суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш

         

1. Суд ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш. Бунда, давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахслари томонидан суд ҳужжатлари сўзсиз ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлашни кучайтириш чораларини кўриш.



3.7. Судларда ахборот-коммуникация технологияларини

жорий қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш

        

1. Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш ишларини янада жадаллаштириш.


2. Судлар фаолиятига фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш ва суд қарорларини таҳлил қилиш йўналишида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича чоралар кўриш.



3.8. Судларда коррупцияга қарши курашиш

        

1. Судларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашишни изчил давом эттириш. Суд тизимини "коррупциясиз соҳа"га айлантириш чораларини кўриш.


2. Судларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни яратиш. "Судлар коррупцияга мутлақо қарши" рукни остида кенг жамоатчиликка ахборот бериш амалиётини йўлга қўйиш.



3.9. Халқаро ҳамкорлик

       

1. Халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш. Ҳамкор мамлакатлар билан, шу жумладан халқаро ташкилотлар доирасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги, суд фаолияти самарадорлиги, суд ишлари юритишнинг ўзига хос жиҳатлари ва соҳага оид бошқа масалалар юзасидан доимий мулоқотни олиб бориш.



3.10. Суд ҳокимиятини моддий-техник

жиҳатдан таъминлаш

            

1. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ташкилий тузилмасини амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига мос равишда такомиллаштириш орқали ислоҳотларга тўлиқ мувофиқлаштириш.


2. Суд биноларини мамлакатнинг нуфузи ва одил судловни амалга ошириш вазифаларига мос, қулай, хавфсизлик ва замон талабларига жавоб берадиган намуна асосида бунёд этиш чораларини кўриш.


3. Фуқароларга ҳар томонлама қулайликлар яратиш, уларнинг сарф-харажатларини қисқартириш, шунингдек, судларнинг моддий-техника базасини янада яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида ягона суд биноларини қуриш.

         

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 18 январь


































































Время: 0.0045
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск