ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд ва суд тизилишининг умумий масалалари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.01.2023 й. ПФ-11-сон "Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

16.01.2023 й.

N ПФ-11



ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ

ИМКОНИЯТЛАРИНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ

ВА СУДЛАР ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ

ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-

ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

        

           

Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.

Шу билан бирга "Янги Ўзбекистон - янги суд" тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида:


1. 2023 - 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Стратегия доирасида қуйидагилар одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгилансин:

"Инсон қадри учун" ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;

адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;

фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;

судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;

судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;

суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;

судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш.


2. 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури (кейинги ўринларда - Ҳаракатлар дастури) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Олий суд (Б. Исламов), Судьялар олий кенгаши (Х. Ёдгоров), Бош прокурор (Н. Йўлдошев), шунингдек, масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари Ҳаракатлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши учун шахсан масъул этиб белгилансин.


3. Олий суд томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги билан биргаликда жиноят ишлари бўйича суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида қуйидагиларни жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин:

туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш.

Олий суд (Б. Исламов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда таклиф этилаётган янги тартибни амалиётга ўз вақтида ва самарали жорий этиш ҳамда унинг мазмун-моҳиятини аҳолига батафсил тушунтириш бўйича зарур ташкилий чораларни кўрсин.


4. Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилсин.

Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш бўйича қуйидаги чоралар белгилансин:

судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш;

суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш;

одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш;

судьяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш борасидаги масалалар бўйича мурожаатларини адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш.

Олий суд (Б. Исламов), Судьялар олий кенгаши (Х. Ёдгоров) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган чораларни амалга ошириш бўйича қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин.


5. Бош прокуратура ҳамда Олий суднинг барча босқичлардаги суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган янги механизмни жорий этиш бўйича таклифлари маъқуллансин, унга кўра:

а) қуйидагилар Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси (кейинги ўринларда - Ихтисослашган прокурорлар корпуси) этиб белгилансин:

Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари;

туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари;

б) Бош прокурорнинг соҳавий ўринбосарига - Бош прокуратура, шунингдек, қуйи турувчи прокуратуралар Ихтисослашган прокурорлар корпусининг, вилоят прокурорининг ва унга тенглаштирилган прокурорларнинг ўринбосарларига - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар, шунингдек, туман (шаҳар) прокуратуралари Ихтисослашган прокурорлар корпусининг фаолиятини назорат қилиб, мувофиқлаштириб бориш масъулияти юклатилсин.


6. Қуйидагилар Ихтисослашган прокурорлар корпусининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

"Прокуратура тўғрисида"ги Қонун ҳамда процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда судларда ишларни кўришда прокурор ваколатини таъминлаш;

суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда одил судлов фаолиятининг самарали амалга оширилишига кўмаклашиш, жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини фақат қонунга асосланиб, холисликни сақлаган ҳолда сифатли қўллаб-қувватлаш;

фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришиш;

суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда суриштирув ва тергов органлари ходимларининг амалий кўникмалари ҳамда малакасини ошириш ишларига кўмаклашиш.


7. Белгилаб қўйилсинки:

Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширади ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ташқари уларнинг судда иштироки билан боғлиқ фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди;

вилоят ва унга тенглаштирилган прокуратуралар Ихтисослашган прокурорлар корпусига туман (шаҳар) прокуратураларининг тегишли йўналишларида, қоида тариқасида, камида уч йил, Бош прокуратура Ихтисослашган прокурорлар корпусига эса, қоида тариқасида, камида беш йил фаолият юритган ходимлар жалб қилинади;

Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари, қоида тариқасида, судларда прокурор ваколатини таъминлаш соҳасида узлуксиз уч йил хизмат ўтаганидан сўнг бошқа йўналишларга ўтказилиши мумкин;

Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимларини бошқа йўналишларга ўтказиш Бош прокурор соҳавий ўринбосарининг розилиги асосида амалга оширилади.


8. Белгилансинки, Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятининг натижадорлигини таъминлаш мақсадида:

Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходими судларда кўрилаётган ишлар бўйича айбловни (фуқаровий даъвони) қўллаб-қувватлаш, ўзгартириш ёки ундан воз кечиш, шу жумладан Жиноят кодекси нормаларини қўллаш, жазо тури ва меъёрини белгилаш масалалари юзасидан фикрини судга баён қилишда мустақил бўлиб, қонун талабларига ва ишнинг барча ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ўз ишончига асосланади;

ҳар бир ҳудудда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари ҳамда тегишли туман (шаҳар) прокуратуралари Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ва бошқа йўналишларда узоқ йиллар фаолият кўрсатган тажрибали ходимлардан иборат Маслаҳат кенгашлари ташкил этилади;

Маслаҳат кенгашлари ўзаро муҳокама асосида ўта мураккаб тоифадаги ишларнинг ечимини топиш, ёш кадрларни тўғри йўналтириш ва уларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ишларига кўмаклашади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорларининг Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолияти учун масъул ўринбосарларига тегишинча вилоят, туман (шаҳар) прокуратуралари Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимларини ҳудуддаги вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судларидаги иш ҳажмини инобатга олган ҳолда ихтисослиги бўйича жалб қилишга рухсат берилади.


9. Бош прокурор (Н. Йўлдошев) бир ой муддатда:

Ихтисослашган прокурорлар корпусини тажрибали, белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишга қодир, прокуратура органларида бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган профессионал кадрлар орасидан шакллантириш чораларини кўрсин;

Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятини самарали йўлга қўйишни, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорларининг бошқа йўналишлар бўйича ўринбосарлари ва ходимлари, туман (шаҳар) прокурорлари ҳамда уларнинг бошқа йўналишларга масъул ўринбосарлари ва ходимлари томонидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида нохолисликни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай таъсир ва аралашувларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан механизмларни назарда тутувчи ички тартибни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Олий суд ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ваколатларини белгилаш ва фаолиятини ташкил этиш чораларини назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин.


10. Суд тизими олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Олий суд тузилмаси мавжуд штат бирликлари доирасида қуйидагиларни инобатга олган ҳолда такомиллаштирилсин:

а) Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти (кейинги ўринларда - Департамент) ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

одил судлов соҳасида ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини амалга ошириш;

суд фаолияти соҳасидаги қонунчиликни ҳамда одил судлов муаммоларини тизимли таҳлил қилиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни, суд амалиёти ва суд иш юритуви тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

одил судлов самарадорлигини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида таҳлил қилиш;

одил судлов соҳасига оид халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича тизимли ва изчил чоралар кўриш;

фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий қонунчилик, судларнинг мустақиллигини таъминлаш соҳасида халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини ўрганиш, уларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

б) Ахборот-коммуникация мониторинги - Вазиятлар маркази ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

республика бўйича барча судларда ишларни кўриш билан боғлиқ вазиятни онлайн таҳлил қилиш, судларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ишларни кўришда процессуал тартиб ва муддатларга риоя этилишини мониторинг қилиб бориш;

ишларни вилоят, туман (шаҳар), маҳалла кесимида тоифаларга ажратган ҳолда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, низоларни бартараф этишга қаратилган маълумотларни тайёрлаш;

суд мажлислари ўз вақтида ўтказилишини, сервер ускуналари ва дастурларнинг ишлаш ҳолатини доимий назорат қилиш;

в) Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси негизида Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази (кейинги ўринларда - PR Марказ) ташкил этилсин ва унинг, шунингдек, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар матбуот хизматларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

аҳоли орасида суд ҳокимиятининг ижобий тимсолини шакллантириш ва илгари суриш;

суд фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш;

ахборот маконининг доимий мониторингини олиб бориш, судлар фаолиятига доир ахборотлар бўйича жамоатчилик фикрини таҳлил ва прогноз қилиш, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган материалларга, ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш;

суднинг расмий веб-сайтларида унинг фаолиятига алоқадор матнли, фото-, аудио- ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар базасини шакллантириш ва янгилаб бориш.


11. Олий суд Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши ва Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси билан биргаликда икки ой муддатда 2023 - 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимининг ахборот сиёсати концепциясини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


12. Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясига аҳоли орасида суд ҳокимиятининг ижобий тимсолини шакллантиришда фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида қуйидагилар тавсия этилсин:

оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда судьялар фаолияти бўйича қонунга хилоф ва асоссиз эълон қилинган ҳар бир ҳолатга суд ҳокимиятининг фахрийлари томонидан объектив равишда ва тезкорлик билан муносабат билдириб бориш;

судьялар ва суд ҳокимиятининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан судларга мурожаат қилиш.


13. Олий суд уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


14. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Олий суд раиси Б. Исламов ҳамда Бош прокурор Н. Йўлдошев белгилансин.

Фармон ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.

     

             

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                       Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 16 январдаги

ПФ-11-сон Фармонига

2-ИЛОВА



2023-2026 йилларга мўлжалланган

суд тизимини сифат жиҳатидан янги

босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли

стратегиясини амалга ошириш бўйича

ҲАРАКАТЛАР ДАСТУРИ

        

       

Т/р

        

Устувор йўналишлар,

мақсад ва вазифалар

      

Амалга ошириш механизми

      

Амалга ошириш

шакли

     

Ижро

муддатлари

   

Масъул

ижрочилар

     

        

I. ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШГА ҚАРАТИЛГАН

ҚОНУНЧИЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

         

1.

"Хабеас корпус" институтини амалиётга янада кенгроқ жорий этиш.


"Хабеас корпус" институтини кенг қўллаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш:

тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш;

тарафларнинг ташаббусига кўра тайинланган эҳтиёт чорасини суд томонидан юқори қийматда (жумладан, етказилган зарарга нисбатан) гаров эҳтиёт чорасига алмаштириш тартибини белгилаш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси


2023 йил

июль

Олий суд (Б.Исламов), Бош прокуратура (Н.Йўлдошев), Давлат хавфсизлик хизмати (А.Азизов), Адлия вазирлиги (А.Ташкулов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


2.

Низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш.


1. Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тезкорлик билан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларини, жумладан медиация институтини қўллаш доирасини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


2. Низоларни судгача ҳал қилиш механизмлари қўлланилиши лозим бўлган фуқаролик ишлари тоифасини кўпайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


Таҳлилий

маълумотнома

2023 йил

октябрь

Олий суд (Б.Исламов), Адлия вазирлиги (А.Ташкулов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


3.

Суд иш юритувида тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципини амалда таъминлаш имкониятларини яратиш.


1. Суд мажлисида тарафларга шахснинг айбли ёки айбсиз эканлигини исботлаш, далилларни тақдим қилиш учун тенг имкониятларни яратиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш.


2. Айбланувчининг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи амалда тўлиқ таъминланиши бўйича таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш.


3. Одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқларни қайта кўриб чиқиб, унинг ваколатларини кенгайтириш, жумладан шартнома асосида мутахассисларни жалб қилиш ҳуқуқини бериш бўйича таклифлар тайёрлаш.


4. Айбланувчининг ўз ҳимоячисидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолатни тегишинча прокурор ва суд томонидан синчковлик билан ўрганиш тизимини жорий қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.


Таҳлилий

маълумотнома

2024 йил

сентябрь

Олий суд (Б.Исламов), Бош прокуратура (Н.Йўлдошев), Адлия вазирлиги (А.Ташкулов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


       

II. ОДИЛ СУДЛОВ СИФАТИНИ

ТУБДАН ОШИРИШ

        

4.

Судьялар ихтисослашувини янада кенгайтириш.


1. Низолар тоифалари бўйича судьялар ихтисослашувини жорий этиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда суд амалиётини таҳлил қилиш.


2. Мураккаблигига кўра ихтисослашувни талаб этадиган йўналишлар, жумладан оилавий, меҳнат, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси


2025 йил

февраль

Олий суд (Б.Исламов), Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев)


5.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётини танқидий таҳлил қилиш асосида ҳамда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш чораларини кўриш.


Маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқиш.

Бунда қуйидагиларни белгилаш:

маъмурий органлар билан фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги барча низоларни хатловдан ўтказиб, судловга тааллуқлилигига оид қоидаларни такомиллаштириш;

маъмурий суд иш юритуви принципларини танқидий ўрганиб, оммавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи принципларни киритиш;

маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиб, маъмурий органлар устидан бериладиган даъво турларини аниқ белгилаш;

фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончини ҳимоя қилиш тизимини танқидий ўрганиб, етказилган зарарни ундириш тартибини аниқлаштириш;

маъмурий судлар фаолиятига ҳуқуқи бузилган фуқаро - аризачининг хоҳишига кўра экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этиш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси

2023 йил

ноябрь

Олий суд (Б.Исламов), Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров), Адлия вазирлиги (А.Ташкулов), Бош прокуратура (Н.Йўлдошев), манфаатдор ташкилотлар


6.

Суд ишларини кўришда ягона суд амалиётини таъминлаш.


1. Олий суд Пленумининг амалдаги қарорларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиб, уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини ўрганиш ҳамда тушунтириш талаб қилинадиган йўналишларни аниқлаш.


2. Олий суд Пленумининг амалдаги қарорларини такомиллаштириш, шунингдек, бугунги кунда мавжуд бўлмаган, лекин тушунтириш талаб қилинадиган йўналишлар бўйича суд амалиётини умумлаштириш юзасидан йиллик режа-жадвални ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


Амалий чора-

тадбирлар

2023 йил

июль


Олий суд

(Б.Исламов)


3. Олий суд Пленуми қарорларига шарҳлар тайёрлаш амалиётини йўлга қўйиш.



Доимий равишда



7.

Солиқ ва божхона масалалари бўйича ягона суд амалиётини таъминлаш.


1. Маъмурий ва иқтисодий судларда солиқ идоралари иштирокидаги низоларни кўриб чиқиш амалиётини умумлаштириш ҳамда муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


2. Маъмурий ва иқтисодий судларда божхона идоралари иштирокидаги низоларни кўриб чиқиш амалиётини умумлаштириш ҳамда муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


Таҳлилий

маълумотнома

2023 йил

апрель

Олий суд

(Б.Исламов)


8.

Солиқ органларининг маъмурий ва иқтисодий судлардаги иштирокини такомиллаштириб, ягона амалиётни таъминлаш.


1. Маъмурий ва иқтисодий судларда солиқ органлари иштирокидаги низоларни кўриб чиқиш амалиётини умумлаштириш.


2. Амалиётда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


Таҳлилий

маълумотнома

2023 йил

март

Солиқ қўмитаси

9.

Божхона органларининг маъмурий ва иқтисодий судлардаги иштирокини такомиллаштириб, ягона амалиётни таъминлаш.


1. Маъмурий ва иқтисодий судларда божхона органлари иштирокидаги низоларни кўриб чиқиш амалиётини умумлаштириш.


2. Амалиётдаги муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


Таҳлилий

маълумотнома

2023 йил

март

Божхона қўмитаси

       

III. СУД ҲОКИМИЯТИ МУСТАҚИЛЛИГИ

КАФОЛАТЛАРИНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ

          

10.

Судьялар фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслигини таъминлаш.


Қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш:

судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларининг олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш;

суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш;

судьяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишга фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

март

Олий суд (Б.Исламов), Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров), Бош прокуратура (Н.Йўлдошев), Адлия вазирлиги (А.Ташкулов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


11.

Судьялар мустақиллигини таъминлашнинг янги механизмларини яратиш.

1. Судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш ва судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш.


2. Судьялар дахлсизлиги бузилган ҳолатларда судьялар томонидан тўғридан-тўғри Судьялар олий кенгаши раисига онлайн платформа орқали мурожаат қилиш имкониятини яратиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

март

Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров), Олий суд (Б.Исламов), Бош прокуратура (Н.Йўлдошев), Адлия вазирлиги (А.Ташкулов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


12.

Судларнинг молиявий мустақиллигини тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш.

1. Одил судлов фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағларни судлар томонидан мустақил равишда белгилаш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда таклифларни тайёрлаш.


2. Ўз вазифаларини виждонан, шунингдек, алоҳида муҳим ва масъулиятли ишларни бажараётган ходимлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, иш унумдорлигини ошириш мақсадида судьялар ва суд аппарати ходимларига ҳар чорак якуни бўйича ва расмий байрам кунларида пул мукофотлари, шунингдек, меҳнат таътили давомида муносиб моддий ёрдам ажратиш механизмларини яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш.


Таҳлилий

маълумотнома ва норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

октябрь

Олий суд (Б.Исламов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев), манфаатдор вазирлик ва идоралар


13.

Судьяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслигини таъминлаш.


1. Судьяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган вазифалар юклаш ҳолатларининг олдини олиш.


Ташкилий-ҳуқуқий

чора-тадбирлар

2023 йил

якунига қадар


Олий суд (Б.Исламов), Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров), Адлия вазирлиги (А.Ташкулов), Бош прокуратура (Н.Йўлдошев), манфаатдор вазирлик ва идоралар

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали жисмоний ва юридик шахслардан ҳуқуқий тушунтириш юзасидан келиб тушаётган мурожаатларни адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш.


2023 йил

март


3. Республика миқёсида, хусусан олис ҳамда чекка ҳудудларни қамраб олган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун сайёр қабулларни Олий суд томонидан мустақил равишда ташкил этишни белгилаш.


2023 йил

февраль


       

IV. СУДЬЯЛАР ҲАМЖАМИЯТИ ОРГАНЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ, СУДЬЯЛАРНИ ТАНЛАШ, ЛАВОЗИМГА

ТАЙИНЛАШ, ЎҚИТИШ ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ

ОШИРИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

      

14.

Судьялар ҳамжамияти органларининг ҳуқуқий асосларини белгилаш.


Қуйидагиларни назарда тутувчи "Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш:

судьялар ҳамжамияти органларининг вазифалари, функциялари ва ваколатлари;

судьялар ҳамжамияти органларини шакллантириш, шу жумладан ушбу органларга номзод кўрсатиш тартиби;

судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти механизмлари, ўзаро ва бошқа идоралар билан ҳамкорлик қилиш тартиби.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

сентябрь

Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров), Олий суд (Б.Исламов), Адлия вазирлиги (А.Ташкулов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


15.

Судьялар олий кенгашини ҳақиқий судьялар ҳамжамияти органига айлантириш чораларини кўриш.


1. Судьялар олий кенгаши фаолиятини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


2. Судьялар олий кенгаши таркибини шакллантиришда судьяларнинг роли ва ўрнини белгилаш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

апрель

Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров), Олий суд (Б.Исламов), Бош прокуратура (Н.Йўлдошев), Адлия вазирлиги (А.Ташкулов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


16.

Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш.


1. Судьялар олий мактабининг фаолиятини тўлиқ таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган аниқ чораларни белгилаш.


2. Таълим ва амалиёт ўртасида узвий боғлиқликни етарли даражада таъминлаш, касбий фанлар ҳамда амалиёт ўртасида реал интеграциялашув жараёнини яратиш.


3. Судьялар ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш тизимини ҳозирги замон талабларига тўлиқ мослаштириш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

сентябрь

Олий суд (Б.Исламов), Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров), Бош прокуратура (Н.Йўлдошев), манфаатдор вазирлик ва идоралар


17.

Судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофлик принципини янада кенгроқ жорий этиш.


1. Суд тизимидаги раҳбарлик лавозимларига тайинлашда демократик тамойилларни кенг жорий этиш.


2. Судьялар корпусини шакллантириш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда соҳага очиқлик ва шаффофлик принципларини кенг жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

май

Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров), Олий суд (Б.Исламов), Адлия вазирлиги (А.Ташкулов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


      

V. СУД ЖАРАЁНЛАРИ ВА СУД ҚАРОРЛАРИ ЮЗАСИДАН

ЖАМОАТЧИЛИК ЎРТАСИДА ТЎҒРИ ВА ХОЛИСОНА

ФИКРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

      

18.

Суд ҳокимиятининг нуфузи, мавқеи ва обрўсини янада юксалтириш чораларини кўриш.


1. Олий суд ва қуйи судларнинг жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик қилувчи тузилмаларининг иш фаолиятини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиб, уларнинг фаолиятини янгича ёндашув ва усуллар асосида йўлга қўйиш, тузилмаларни профессионал кадрлар билан тўлдириш чораларини кўриш.


2. Судлар фаолияти билан боғлиқ турли манбаларда эълон қилинадиган нохолис ва бир томонлама ахборотлар бўйича зудлик билан муносабат билдириш амалиётини йўлга қўйиш.


3. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини тўғри ва холисона, қонун талаблари доирасида ёритишни ташкил этиш мақсадида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан журналистлар ва блогерлар учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш.


4. Кенг жамоатчиликда судлар фаолияти бўйича объектив ва холисона фикр-мулоҳазалар ҳамда қарашларни шакллантириш мақсадида медиа режа асосида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда турли шакл ва кўринишдаги чиқишларни ташкил этиш.


Ташкилий-ҳуқуқий

чора-тадбирлар

Доимий равишда

Олий суд (Б.Исламов), Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров), Бош прокуратура (Н.Йўлдошев), Адлия вазирлиги (А.Ташкулов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


       

VI. СУД ҲУЖЖАТЛАРИ ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШ

        

19.

Суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш.


1. Ундирувни узоқ муддатли кўчмас мулк ижараси ҳуқуқига, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларга, интеллектуал мулк объектларига бўлган мулкий ҳуқуқларга қаратиш тартибининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш.


2. Соддалаштирилган тартибда суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш механизмларини кенгайтириш, жумладан қарздор жисмоний шахслардан электр ва иссиқлик энергияси, газ, ичимлик сувдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун қарздорликни соддалаштирилган тартибда ундириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

октябрь

Бош прокуратура (Н.Йўлдошев), Олий суд (Б.Исламов), Адлия вазирлиги (А.Ташкулов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


         

VII. СУДЛАРДА АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ

ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ ВА АХБОРОТ

ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

     

20.

Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришни янада кенгайтириш.


Судлар фаолиятига фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, суд ҳужжатлари лойиҳаларини автоматик тайёрлаш ва суд амалиётини таҳлил қилиш йўналишида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича чоралар кўриш.


Ташкилий-ҳуқуқий

чора-тадбирлар

2024 йил

декабрь

Олий суд (Б.Исламов), Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш.Шерматов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


21.

Идоралараро ягона интеграцион платформа яратиш.


1. Идоралараро ягона интеграцион платформа яратиш.


2. Судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида маълумотлар алмашинувини тўлиқ рақамли технологияга ўтказиш.


3. Ягона платформа асосида ахборот тизимларини интеграция қилиш.


4. Ахборот ва маълумотларнинг киберхавфсизлигини таъминлаш.


Амалий чора-

тадбирлар

2023 йил

декабрь

Олий суд (Б.Исламов), Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш.Шерматов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


22.

Судларнинг архивидаги маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш ва архив ҳужжатларини тизимлаштириш.


1. Судлар архивини тўлиқ хатловдан ўтказиш.


2. Судларнинг архивида қоғоз шаклида сақланаётган ишлар ва ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш.


3. Суд архивида иш ва ҳужжатларни сақлаш тартиби ҳамда муддатларини қайта кўриб чиқиш, жумладан жиноят ишларини қоғоз шаклида сақлаш муддатларини бир неча баравар узайтириш, электрон шаклга ўтказилган ишлар ва ҳужжатларни йўқ қилмаслик тартибини белгилаш.


Амалий чора-

тадбирлар

2024 йил

декабрь

Олий суд (Б.Исламов), Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш.Шерматов), манфаатдор идоралар


       

VIII. СУДЛАРДА КОРРУПЦИЯГА

ҚАРШИ КУРАШИШ

        

23.

Судларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш.


1. Эксперт ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда судларда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш.


2. Судьялар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг мол-мулкини мажбурий декларациялаш тартибини йўлга қўйиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


Ташкилий-ҳуқуқий

чора-тадбирлар

2023 йил

октябрь

Олий суд (Б.Исламов), Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров)


24.

Суд тизимида коррупцияга қарши курашиш ишларини жадаллаштириш.


1. Эксперт ва мутахассислар билан бирга одил судлов фаолиятини "коррупциясиз соҳа"га айлантириш бўйича чораларни назарда тутувчи режа-жадвал ишлаб чиқиш.


2. Хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда очиқ суд мажлисида узлуксиз тарзда кўриладиган ишлар тоифаларини белгилаш ҳамда амалиётга жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


3. "Судлар коррупцияга мутлақо қарши" рукни остида кенг жамоатчиликка ахборот бериш амалиётини йўлга қўйиш.


Ташкилий-ҳуқуқий

чора-тадбирлар

2023 йил

декабрь

Олий суд (Б.Исламов), Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров), манфаатдор вазирлик ва идоралар


       

IX. ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

        

25.

Халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш.


1. Ҳамкор мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан суд ҳокимияти фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан доимий мулоқот олиб бориш.


2. Ҳамкор мамлакатлар суд идоралари вакиллари билан икки ва кўп томонлама алоқаларни кенгайтириш.


3. Ҳамкор мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан суд-ҳуқуқ соҳаларида маслаҳатлашувларни ташкил этиш ҳамда қўшма дастурларни амалга ошириш.


4. Илғор хорижий мамлакатлар билан одил судлов соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш.


Амалий ва

ташкилий чора-

тадбирлар

2023 йил

давомида


Олий суд (Б.Исламов), Ташқи ишлар вазирлиги (Б.Саидов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


     

X. СУД ҲОКИМИЯТИНИ МОДДИЙ-ТЕХНИК

ЖИҲАТДАН ТАЪМИНЛАШ

           

26.

Судларни моддий-техник ва молиявий жиҳатдан таъминлаш ишларини самарали ташкил этиш.


1. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва ҳудудий бўлимларининг фаолиятини таҳлил қилиш.


2. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва ҳудудий бўлимларининг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


3. Қуйи судларнинг моддий-техник ва молиявий таъминотини узлуксиз ташкил этиш чораларини кўриш.


Ташкилий-ҳуқуқий

чора-тадбирлар

2024 йил

июнь

Олий суд

(Б.Исламов)


27.

Судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартибини такомиллаштириш.


Судьяларга пенсия тайинлашда амалиётда юзага келаётган ноаниқлик ва муаммолар таҳлили асосида судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартибини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2023 йил

август

Олий суд (Б.Исламов), Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев)


28.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг моддий-техника базасини янада такомиллаштириш.


Фуқароларга ҳар томонлама қулайликлар яратиш, уларнинг сарф-харажатларини қисқартириш, шунингдек, судларнинг моддий-техника базасини янада яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида ягона суд биноларини қуриш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси

2025 йил

август

Олий суд (Б.Исламов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ш.Кудбиев), манфаатдор вазирлик ва идоралар


          

                

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 18 январь


"Халқ сўзи", 2023 йил 18 январь














































































Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск