ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Инвестициялар / Инвестиция дастури /

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.01.2023 й. 16-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 14 январдаги

16-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Инвестиция

дастурини шакллантириш ва амалга

ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

      

         

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

      

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини (кейинги ўринларда - Инвестиция дастури) шакллантириш ва амалга ошириш тартибини ҳамда унинг мазмунига қўйиладиган талабларни белгилайди.


2. Инвестиция дастури тармоқ ва ҳудудий ривожланиш концепциялари базасида шакллантирилган, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳамда мавжуд табиий, минерал хом ашё, молиявий, моддий, меҳнат ресурслари ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари асосида мамлакат иқтисодиётини барқарор ва жадал ривожлантиришга эришиш, республика иқтисодиётининг алоҳида тармоқларини тузилмавий ўзгартириш бўйича асосий устувор йўналишлар ва вазифаларни амалга оширишга йўналтирилган ўзаро боғланган комплекс чора-тадбирлардан иборат.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ахборот тизими - "инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш"нинг автоматлаштирилган ахборот тизими;


бизнес-режа - инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун мақсадли кўрсаткичларга эришиш йўлларини ва муаммоларини таҳлил қилиш асосида ечимларни белгилаш ва фойда кўришга қаратилган тизимли фаолият режаси;


инвестиция лойиҳаси - иқтисодий, ижтимоий ва бошқа фойда олиш учун инвестицияларни амалга оширишга ёки жалб этишга қаратилган, ўзаро боғлиқ бўлган тадбирлар мажмуи;


Инвестиция дастурини молиялаштириш манбалари - марказлаштирилмаган манбалар ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (кейинги ўринларда - ХМИ/ХҲМТ), Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари;


инвестициядан кейинги мониторинг - инвестиция лойиҳаси амалга оширилгандан бошлаб инвестициядан кейинги даврда лойиҳа ҳужжатларида кўзда тутилган мақсадли кўрсаткичларга эришишни кузатиш жараёни;


инвестициядан кейинги босқич - ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилган пайтдан бошлаб объектнинг беш йиллик фаолиятига қадар бўлган давр;


инфратузилма лойиҳаси - паст рентабелли ёки рентабелсиз ижтимоий, йўл-транспорт, сув хўжалиги ва муҳандислик-коммуникация объектларини қуриш, модернизациялаш, реконструкция қилиш ҳамда кенгайтиришга қаратилган лойиҳа;


лойиҳа - маҳсулот (товар, иш, хизмат)ни яратишга йўналтирилган алоҳида ўзаро боғланган тадбирлар мажмуи. Лойиҳалар мақсадидан келиб чиқиб, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларига бўлинади;


лойиҳа ташаббускорлари - Инвестиция дастури доирасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга раҳбарлик қилувчи давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари;


лойиҳа-смета ҳужжати - ҳажмий-режали, амалий ва техникавий ечимларни, бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг қурилиши, реконструкцияси ҳамда мукаммал таъмирланиши, шунингдек, ободонлаштириш ишлари қийматини белгиловчи лойиҳа ҳужжати;


лойиҳа ҳужжатлари - лойиҳани молиялаштириш шартларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган лойиҳани амалга оширишнинг якуний, энг оқилона ва самарали техник, ташкилий ва молиявий-иқтисодий ечимларини белгиловчи ишчи лойиҳа;


лойиҳа паспорти - Инвестиция дастурига киритиш учун таклиф этиладиган лойиҳанинг асосий параметрлари тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олувчи ҳужжат;


марказлаштирилмаган манбалар - инвесторнинг шахсий маблағлари, Ўзбекистон Республикасининг кафолатисиз олинган, шу жумладан, чет эл банкларидан олинган банк кредитлари, тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари;


паст қувватда ишлаётган корхона - Инвестиция дастури доирасида (молиялаштириш манбаларидан қатъи назар) ишга туширилган ва қуйидаги мезонларга мос келадиган корхона:


мавжуд қувватлардан фойдаланиш белгиланган техник-иқтисодий параметрларга нисбатан кам бўлган (ярим қувватда ишлаётган) ва мос даврга нисбатан кам солиқ тўловларини амалга оширган;


ускуналарнинг ишлаб чиқариш қувватларидан паст даражада фойдаланиладиган (60 фоиз);


ривожланиш концепцияси (стратегияси) - Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган ва узоқ муддатли истиқболда саноат тармоқлари ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича стратегик вазифаларни ўз ичига олувчи, аниқ тармоқлар ва ҳудудларнинг комплекс, истиқболли ва илмий асосланган ривожланиш режасини ўзида акс эттирувчи ҳамда мавжуд муаммолар босқичма-босқич ва тизимли ҳал этилишини таъминловчи ҳужжат;


техник-иқтисодий асослар ёки техник-иқтисодий ҳисоб-китоб - лойиҳанинг умуман энг кўп миқдордаги қийматини ва молиялаштириш эҳтиёжи ҳажмини кўриб чиқилган молиялаштиришнинг дастлабки шартларини ҳисобга олган ҳолда белгилаб берувчи муқобил вариантларни ўрганиш асосида лойиҳани амалга оширишнинг энг самарали техник-технологик ва ташкилий ечимини танлашни асослаб берувчи лойиҳаолди ҳужжатлар;


четланишлар - бу инвестициядан кейинги мониторинг жараёнида аниқланадиган техник-иқтисодий параметрларнинг амалдаги натижаларининг режалаштирилган натижаларга кўра ўзгаришларидир.


4. Қуйидагилар Инвестиция дастурини шакллантиришнинг асосий тамойиллари ҳисобланади:

республикани ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари билан мувозанатлаштириш;

белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳанинг (инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланиши, техник-иқтисодий ҳисоб-китоби ва бизнес-режалари) мавжуд бўлиши;

лойиҳаларнинг молиявий, минерал хом ашё, табиий, меҳнат ресурслари ва бошқа ресурслар билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш;

ҳар бир лойиҳани амалга оширишда ва улар доирасида ажратиладиган маблағларни ўзлаштиришда камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг турмуш даражасини ошириш;

аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ барча долзарб масалаларни ҳал этиш учун талаб этиладиган маблағлар ҳажмини аниқлаш ва ушбу масалаларни Инвестиция дастури доирасида қамраб олиш;

республикада олиб борилаётган инвестиция сиёсатида кўзда тутилган мамлакат иқтисодиётининг реал секторининг ҳудудларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари билан интеграцияси қилинишини таъминлаш;

ишлаб чиқариш қувватларини комплекс жойлаштиришнинг асосий тамойилларига амал қилиниши, хусусан, ишлаб чиқаришни хом ашё манбалари, ёқилғи, инфратузилма, транспорт-коммуникация ва меҳнат ресурсларига яқинлаштириш, биринчи навбатда ресурсларнинг энг самарали турларини ўзлаштириш ва улардан комплекс фойдаланиш;

лойиҳаларни тармоқлар ва ҳудудларнинг ривожланиш дастурларида белгиланган муддатларга мувофиқ босқичма-босқич амалга ошириш;

аҳоли турмуш даражасининг сифатини оширишга йўналтирилган соғлиқни сақлаш, таълим ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштириш;

минерал хом ашё ресурсларини ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, илғор технологияларни жорий этиш орқали юқори қўшилган қийматга эга, ташқи бозорда рақобатбардош бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш;

тўғридан-тўғри, шу жумладан, чет эл инвестициялари ва кредитларини олиб борилаётган инвестиция сиёсатининг устувор йўналишларига мувофиқ ўзаро манфаатли шартларда жалб этиш;

инвестиция таклифларини тайёрлаш ва ташаббускорлар томонидан киритиладиган лойиҳаларни, уларнинг иқтисодий самарадорлиги ва истиқболини ҳисобга олган ҳолда танлашнинг таъсирчан ва шаффоф механизмини жорий этиш;

лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик шартларида амалга ошириш учун инвесторларни, шу жумладан, чет эллик инвесторларни жалб этиш ҳисобидан мамлакат иқтисодиётига йўналтириладиган инвестициялар ҳажмини ошириш;

транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва такомиллаштириш, шу жумладан, трансконтинентал транспорт коридорларига интеграциялаш, логистика мажмуаларини ва транспорт-логистика "хаб"ларини ташкил этиш;

давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва уларни хусусийлаштириш доирасида йирик лойиҳаларни қамраб олиш ҳамда бўш турган якунланмаган қурилишларни белгиланган тартибда молиялаштириш йўли билан уларнинг ҳажмларини камайтириш.


5. Инвестиция дастурининг барча ҳисоб-китоблари республиканинг уч йиллик даврга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш параметрларининг прогнозлари ҳамда ривожланиш концепцияларига мувофиқ амалга оширилади ҳамда қўшимча равишда куйидаги мезонлар ҳисобга олинади:

тармоқ (ҳудуд)нинг истиқболдаги прогноз кўрсаткичлари ва экспорт салоҳиятининг прогноз кўрсаткичларининг ўсиш суръатлари;

тармоқнинг белгиланган макроиқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичларга таъсирининг ўзгариши ва энг кўп иш ўринларини ташкил этиш имконини берувчи инвестиция лойиҳаларини танлаш ва амалга ошириш;

ўзлаштирилган ва жалб этиладиган инвестицияларнинг самарадорлиги, асосий фондларнинг ҳолати ва қувватлардан фойдаланиш даражаси ва лойиҳаларнинг ижтимоий аҳамияти.


6. Инвестиция дастури тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш концепциялари ва дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муддатлари ва молиялаштириш манбаларини ҳисобга олган ҳолда, ҳар йили унинг асосий кўрсаткичларига аниқлик киритиш ва янгилаш орқали мазкур Низомга 1-иловада келтирилган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини уч йиллик даврга шакллантириш ва амалга ошириш схемасига мувофиқ шакллантирилади ва амалга оширилади.

Инвестиция дастурини шакллантириш жараёни бир йиллик даврга эга бўлиб, ҳар бир йил якунида тайёрлаш, мувофиқлаштириш ва тузатишлар киритишни таъминлайдиган жадвал асосида амалга оширилади.


7. Инвестиция дастурини амалга оширишнинг биринчи йилига лойиҳа ҳужжатлари ва молиялаштириш манбалари тасдиқланган, янгидан бошланадиган лойиҳалар, шунингдек, олдинги дастурда белгиланган амалга ошириш муддатларини ҳисобга олган ҳолда бир даврдан кейингисига ўтадиган лойиҳалар киритилади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Инвестиция дастури амалга оширилаётган биринчи йилда белгиланган кўрсаткичлар бажарилишининг танқидий таҳлилини амалга оширади, шунингдек, мавжуд молиявий ва бошқа ресурслар билан ўзаро боғланган тузатишларни киритиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўради.

Инвестиция дастурини амалга оширишнинг иккинчи йилига қийматига белгиланган тартибда аниқлик киритилган, тендер ёки танлов натижалари бўйича белгиланган амалга ошириш муддатларини ҳисобга олган ҳолда, биринчи йилдан ўтадиган лойиҳалар, шунингдек, лойиҳа ҳужжатлари биринчи йили тайёрланадиган ва тасдиқланадиган янги бошланаётган лойиҳалар киритилади.

Инвестиция дастурини амалга оширишнинг учинчи йилига қийматига белгиланган тартибда аниқлик киритилган, тендер ёки танлов натижалари бўйича белгиланган амалга ошириш муддатларини ҳисобга олган ҳолда, йилдан-йилга ўтадиган лойиҳалар, шунингдек, лойиҳа ҳужжатлари иккинчи йили тайёрланадиган ва тасдиқланадиган янги бошланаётган лойиҳалар киритилади.


8. Инвестиция дастурининг лойиҳаси қуйидаги тартибда шакллантирилади:

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги - ХМИ/ХҲМТ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ва бошқа марказлаштирилмаган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари бўйича ҳар йили 1 апрелга қадар Инвестиция дастурига киритиш учун лойиҳаларни шакллантиришга доир методик тавсияларни ишлаб чиқиб, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва хўжалик бирлашмаларига тақдим этади;

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда Инвестиция дастурининг барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан йиғма кўрсаткичларни ҳар йили 1 августга қадар шакллантиради;

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда Инвестиция дастури лойиҳасига киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун чет эллик инвесторларни жалб этишда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига кўмаклашади.


9. Қуйидагилар лойиҳаларни Инвестиция дастурининг манзилли қисмига киритишнинг мажбурий шартлари ҳисобланади:

ХМИ/ХҲМТ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда марказлаштирилмаган манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳаолди ёки лойиҳа ҳужжатлари ёки лойиҳа-смета ҳужжатлари мавжудлиги, тўғридан-тўғри, шу жумладан, чет эл инвестициялари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар бундан мустасно;

тасдиқланган молиялаштириш манбалари ва лойиҳанинг умумий қиймати 500 минг доллардан кам бўлмаган миқдорда;

мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштирилган инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳа паспорти;

Инвестиция дастурига киритиш учун бошқа асослар (Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари).


10. Куйидагилар Инвестиция дастурига лойиҳаларни киритиш учун танлаб олишнинг асосий мезонлари ҳисобланади:

лойиҳанинг мақсадга мувофиқлиги ва иқтисодий самарадорлиги;

камбағалликни қисқартириш, иш ўринларини ташкил этиш ва аҳолининг турмуш даражаси сифатини оширишни таъминлашга йўналтирилган ижтимоий манфаатлар;

лойиҳанинг тасдиқланган тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш концепциялари ва дастурларининг кутилаётган натижалари билан ўзаро боғлиқлиги;

лойиҳаларнинг бўш турган ёки самарасиз фойдаланилаётган давлат мулки объектларида жойлаштирилиши;

ишлаб чиқариш қувватларининг жадал ривожланишини, минерал хом ашё ресурслари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг чуқур қайта ишланишини, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишини таъминлаш ҳамда экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш;

лойиҳанинг энергия самарадорлиги ва уни амалга ошириш натижасида электр энергиясининг тежамкорлигини таъминлаш.



2-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИ

РЎЙХАТИНИ ХМИ/ХҲМТ, ТИКЛАНИШ ВА

ТАРАҚҚИЁТ ЖАМҒАРМАСИ ВА БОШҚА

МАРКАЗЛАШТИРИЛМАГАН МАНБАЛАР

ҲИСОБИДАН ШАКЛЛАНТИРИШ

             

11. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳар йили 1 апрелга қадар Инвестиция дастури лойиҳасини шакллантириш мақсадида тегишли шакллар, намуналар ва макетларни ишлаб чиқади ва лойиҳа ташаббускорларига юборади.


12. Инвестиция дастури лойиҳасини шакллантириш мақсадида ҳар йили 1 майга қадар:

лойиҳа ташаббускорлари - вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш концепциялари ва дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини инобатга олган ҳолда инвестиция таклифларини;

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги - давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг рўйхатини;

Давлат активларини бошқариш агентлиги - давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва уларни хусусийлаштириш доирасидаги инвестиция таклифларини Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига тақдим этади.


13. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 20 июнга қадар Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун тақдим этиладиган лойиҳалар бўйича лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ иқтисодий самарадорлиги, устуворлиги ва мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда, инвестиция таклифларини баҳолашни назарда тутувчи инвестиция лойиҳаларининг дастлабки рўйхатини шакллантиради.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги биринчи навбатда, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини (электр, газ, сув таъминотини, канализация, йўл ва бошқалар) ривожлантириш ва молиявий таҳлилнинг умумқабул қилинган услубидан фойдаланиш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, уларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолаш натижаларига кўра Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун тақдим этиладиган инвестиция лойиҳаларини танлаб олади.



3-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ДАСТУРИ

ЛОЙИҲАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА ТАСДИҚЛАШ

             

14. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги:

манфаатдор давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда, ҳар йили 1 августга қадар тақдим этилган таклифларни умумлаштиради ва дастлабки Инвестиция дастурининг лойиҳасини ҳамда инвестиция лойиҳаларнинг манзилли рўйхатларини шакллантиради;

ҳар йили 10 августга қадар Инвестиция дастурининг дастлабки лойиҳасини ҳамда инвестиция лойиҳаларининг рўйхатини Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритади.


15. Вазирлар Маҳкамаси ҳар йили 25 августга қадар Инвестиция дастурининг дастлабки лойиҳасини ҳамда инвестиция лойиҳаларининг рўйхатларини Вазирлар Маҳкамасининг тегишли таркибий бўлинмалари билан кўриб чиқади ва Инвестиция дастури бўйича таклифларни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига тақдим этади.


16. Лойиҳа ташаббускорлари - вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 25 октябрга қадар инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ўз вақтида белгиланган тартибда ишлаб чиқиб, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан келишилишини таъминлайди.


17. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда, ҳар йили 10 ноябрга қадар Инвестиция дастури лойиҳасини, шу жумладан, Инвестиция дастурини муваффақиятли амалга ошириш билан эришиладиган асосий кўрсаткичларини, уларнинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини ҳисобга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритади.


18. Вазирлар Маҳкамаси ҳар йили 1 декабрга қадар Инвестиция дастурининг лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади.



4-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ДАСТУРИНИНГ ТУЗИЛМАСИ

         

19. Инвестиция дастури тузилмасини қуйидагилар ташкил этади:

биринчи молиявий йилга инвестицияларнинг асосий параметрлари, молиялаштириш манбалари, тармоқлар ва йўналишлар бўйича кейинги икки йил учун прогноз кўрсаткичлар;

ХМИ/ХҲМТ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари, марказлаштирилмаган манбалари ҳисобидан биринчи йилда маблағлари ўзлаштириладиган лойиҳаларнинг манзилли қисми;

иккинчи йилда молиялаштиришни бошлаш ва маблағларни ўзлаштириш учун биринчи йилда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиладиган, мувофиқлаштириладиган ва тасдиқланадиган инвестиция лойиҳаларининг рўйхати;

иккинчи ва (ёки) учинчи йили молиялаштиришни бошлаш ва маблағларни ўзлаштириш учун дастлабки икки йилда ишлаб чиқилиши керак бўлган истиқболли тармоқ ва ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг рўйхатлари.

Бунда Инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларнинг иккинчи йилдаги ва кейинги йиллардаги кўрсаткичларига биринчи йили тугалланмаган лойиҳаларни ҳисобга олган ҳолда, тармоқларни ривожлантириш бўйича тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ, шу жумладан, бошланмаган лойиҳалар ўрнига янги лойиҳаларни киритиш орқали ҳар йили аниқлик киритилади;

йиғма жадвалларга эга таҳлилий қисм, шу жумладан, Инвестиция дастурини амалга ошириш ҳисобидан эришилиши керак бўлган мақсадли кўрсаткичлар.



5-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ДАСТУРИ АМАЛГА

ОШИРИЛИШИНИ МОНИТОРИНГ

ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ

          

20. Инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини мониторинг ва назорат қилиш "инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш" автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш ва ундан фойдаланишни ташкил этиш регламентига мувофиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тасдиқланадиган комплекс тармоқ жадвали асосида амалга оширилади.

Комплекс тармоқ жадвали регламентда белгиланган тартибда ахборот тизими ёрдамида шакллантирилади, мувофиқлаштирилади ва тасдиқланади.


21. Лойиҳа ташаббускорлари ҳар ойнинг бешинчи кунидан кечиктирмасдан, ахборот тизими орқали Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига Инвестиция дастури доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб боради.


22. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳар ойнинг ўнинчи кунидан кечиктирмасдан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига Инвестиция дастурини амалга ошириш ишларининг бориши ҳақидаги жамланма таҳлилий маълумотни тақдим этиб боради.


23. Лойиҳа ташаббускорлари инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун жавобгар ҳисобланади.



6-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ДАСТУРИНИНГ

АХБОРОТ ТАЪМИНОТИ

          

24. Инвестиция дастурининг ахборот таъминотини шакллантириш ва юритиш ишлари Инвестиция дастурига киритилган капитал қурилиш объектлари, кўчмас мулк объектлари, инвестиция лойиҳалари ҳамда уларга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳақидаги маълумотларни киритиш йўли билан амалга оширилади.


25. Ахборот таъминотини шакллантириш ва юритишда давлат сирини ташкил қилувчи маълумотлар билан ишлаш Ўзбекистон Республикасининг "Давлат сирларини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.


26. Ахборот таъминоти ресурсига киритилган, давлат сири ҳисобланмаган маълумотлар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.


27. Ахборот таъминоти ресурсига киритилган, давлат сирини ташкил қилувчи маълумотларни тақдим этиш ишлари мансабдор шахслари шундай ахборотдан фойдаланиш учун тегишли ваколати бўлган органлар ва ташкилотларнинг сўровлари бўйича амалга оширилади.



7-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯДАН КЕЙИНГИ

МОНИТОРИНГНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ

          

28. Инвестиция дастури доирасида ишга туширилган объектларни мониторинг қилиш ишлари "инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишини назорат ва мониторинг қилиш" автоматлаштирилган ахборот тизими ёрдамида амалга оширилади.

Ахборот тизимида инвестициядан кейинги мониторингни кўзда тутувчи функционал имкониятлар яратилгунга қадар ишга туширилган объектлар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан тегишли давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ишчи гуруҳлар ташкил қилган ҳолда жойларга чиқиб, ўрганиш орқали амалга оширилади.


29. Ишчи гуруҳлар ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилганлиги тўғрисидаги далолатномалар асосида ўрганиш олиб боради, ўрганиш натижасида ягона базани ҳамда паст қувватда ишлаётган корхоналар ва четланишлар бўлган мавжуд корхоналар рўйхатини шакллантиради.


30. Ишчи гуруҳлар ишга туширилган корхоналар бўйича ишлаб чиқариш кўрсаткичларини (маълумотларни), статистика органлари маълумотлари ҳамда бошқа турдаги маълумотларни лойиҳаларнинг бизнес режалари, тасдиқланган техник-иқтисодий асослар ёки техник-иқтисодий ҳисоб-китобда кўзда тутилган кўрсаткичлар билан таққослаб, номувофиқликларни ҳамда объектлардаги муаммоларни аниқлайди.


31. Ишчи гуруҳлар ўрганиш натижасида тайёрланган маълумотларни моҳияти, йўналиши ва тегишлилиги бўйича умумлаштириб, гуруҳларга ажратиб, мавжуд ҳолат ва муаммоларни аниқ ёритган ҳолда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига киритади.


32. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бир ҳафта муддатда келиб тушган маълумотлар жамланмасини тегишли вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда, мавжуд тизимли ва якка ҳолдаги муаммолар бўйича, паст қувватларда ишлаётган корхоналарда ишлаб чиқаришни тўлиқ қувватга етказиш бўйича ечимларни кўзда тутувчи тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалар бўйича Ҳукумат комиссиясига (кейинги ўринларда - Ҳукумат комиссияси) тасдиқлаш учун киритади.


33. Тегишли давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тасдиқланган чора-тадбирларнинг ижросини таъминлайди.


34. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги тасдиқланган чора-тадбирлар режасининг ижроси бўйича тизимли мониторинг олиб боради ва Ҳукумат комиссиясига маълумотларни киритиб боради.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

        

35. "Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш" автоматлаштирилган ахборот тизими Инвестиция дастурини амалга ошириш ишларининг бориши, шу жумладан лойиҳалар ташаббускорлари маблағларини, тижорат банклари кредитларини, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати остида олинадиган чет эл кредитларини ўзлаштириш ва молиялаштириш (жалб этиш) бўйича статистика маълумотларининг ахборот базаси ҳисобланади.


36. Давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Инвестиция дастурини амалга ошириш ишларининг бориши ҳақидаги, шу жумладан, ХМИ/ХҲМТ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, лойиҳалар ташаббускорларининг ўз маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари, тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати остида олинадиган чет эл кредитлари ҳақидаги маълумотларни Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан қатъий келишган ҳолда тарқатади.


37. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

         

         




Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Инвестиция

дастурини уч йиллик даврга шакллантириш

ва амалга ошириш

СХЕМАСИ

       

         

Босқичлар

   

Чора-тадбирлар

      

Муддатлар

    

Масъул вазирликлар, идоралар,

бошқа ташкилотлар

       

        

I. ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИ РЎЙХАТИНИ ХМИ/ХҲМТ,

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ

ЖАМҒАРМАСИ,  ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР

ВА ХОРИЖИЙ КАФОЛАТЛАНМАГАН КРЕДИТЛАР ҲАМДА

БОШҚА МАРКАЗЛАШТИРИЛМАГАН МАНБАЛАР

ҲИСОБИДАН ШАКЛЛАНТИРИШ

        

1-босқич

Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун инвестиция таклифларини тақдим этиш шаклларининг намуналари ва макетларини ишлаб чиқиш ва ташаббускорларга юбориш.


Ҳар йили

1 апрелгача


Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги


2-босқич

Соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш концепциялари ва дастурларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларидаги топшириқларни инобатга олган ҳолда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун инвестиция таклифларини тақдим этиш.


Ҳар йили

1 майгача


Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириладиган инвестиция таклифларини тақдим этиш.


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва уларни хусусийлаштириш доирасидаги инвестиция таклифларини тақдим этиш.


Давлат активларини бошқариш агентлиги


3-босқич

Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун тақдим этиладиган ва қуйидагиларни назарда тутувчи инвестиция лойиҳаларининг дастлабки рўйхатини шакллантириш:

бошқалар тасарруфига ўтувчи объектлар бўйича харажатларни молиялаштириш, тугалланган объектлар бўйича кредитор қарздорликни қоплаш;

янги бошланадиган лойиҳалар, лойиҳа ҳужжатлари ва белгиланган тартибда тасдиқланган молиялаштириш манбалари;

марказлаштирилмаган манбалар, ХМИ/ХҲМТ ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётган лойиҳалар бўйича - лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ иқтисодий самарадорлиги, устуворлиги ва мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда инвестиция таклифларини баҳолаш.

Биринчи навбатда, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини (электр, газ, сув таъминотини, канализация, йўл ва бошқалар) ривожлантириш ва молиявий таҳлилнинг умумқабул қилинган услубидан фойдаланиш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, уларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолаш натижаларига кўра Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун тақдим этиладиган инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш.


Ҳар йили

20 июнгача


Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


        

II. УЧ ЙИЛЛИК ИНВЕСТИЦИЯ ДАСТУРИ

ЛОЙИҲАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ТАСДИҚЛАШ

       

1-босқич

Тақдим этилган таклифларни умумлаштириш ва Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун таклиф қилинган инвестиция лойиҳаларининг дастлабки рўйхатини шакллантириш.


Ҳар йили

1 августгача


Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


2-босқич

Инвестиция дастури лойиҳасига киритиш учун Вазирлар Маҳкамасига инвестиция лойиҳаларининг дастлабки рўйхатини киритиш.


Ҳар йили

10 августгача


Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги


3-босқич

Инвестиция дастури лойиҳасига киритиладиган инвестиция лойиҳаларининг дастлабки рўйхатини Вазирлар Маҳкамасининг тегишли бўлинмалари билан келишиш.


Ҳар йили

25 августгача


Вазирлар Маҳкамаси


4-босқич

Лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда ўз вақтида ишлаб чиқиш ва келишишни таъминлаш, шунингдек Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг экспертиза органларига (ижтимоий объектлар бўйича) кейинчалик қуйидагиларга киритиш учун тақдим этиш:

ХМИ/ХҲМТ ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хорижий кафолатланмаган кредитлар ҳамда бошқа марказлаштирилмаган манбалар бўйича Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига.


Ҳар йили

25 октябргача


Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, лойиҳалар ташаббускорлари


5-босқич

Инвестиция дастури лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Ҳар йили

10 ноябргача


Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


6-босқич

Инвестиция дастури лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш.


Ҳар йили

1 декабргача


Вазирлар Маҳкамаси


       

III. ИНВЕСТИЦИЯ ДАСТУРИ ИЖРОСИ

МОНИТОРИНГИНИ ОЛИБ

         

1-босқич

Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича комплекс тармоқ жадвалларини тайёрлаш, келишиш ва тасдиқлаш.


Белгиланган

муддатда


Лойиҳа ташаббускорлари, Вазирлар Маҳкамаси


2-босқич

Инвестиция дастурининг ижро ҳолатини "инвестиция лойиҳаларининг амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш" автоматлаштирилган ахборот тизимидан (кейинги ўринларда - ахборот тизими) фойдаланган ҳолда мониторинг ва назорат қилиш.


Доимий

равишда


Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги


3-босқич

Инвестиция, саноат ва савдо вазирлигига Инвестиция дастурининг ижро ҳолати бўйича ахборот тизими орқали маълумотлар тақдим қилиш.


Ҳар ойнинг

5 кунигача


Лойиҳа ташаббускорлари


4-босқич

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига Инвестиция дастурининг ижро ҳолати бўйича ахборот тизими орқали йиғма маълумотларни тақдим қилиш.


Ҳар ойнинг

10 кунигача


Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги


         

            




Низомга

2-ИЛОВА



ЛОЙИҲА ПАСПОРТИ

        

1. Асосий низомлар

     

Лойиҳа номи



Ташаббус учун асос



Лойиҳанинг тасдиқланган ривожланиш концепциялари ва/ёки дастурлари билан боғлиқлиги

(концепция ва/ёки дастурнинг номи ҳамда дастур ва концепция доирасида лойиҳанинг ҳал қилинадиган вазифалари)



Лойиҳанинг бошланиш ва якунланиш муддатлари



Лойиҳа ташаббускори

(ташкилотнинг тўлиқ номи, СТИР, асосий фаолият тури, жойлашган жойи (почта манзили), мулкчилик шакли, ходимлар сони, раҳбарнинг Ф.И.О., боғланиш учун телефон рақами ва факс рақамлари, электрон почта манзили)



Лойиҳа ижрочиси ва ҳамижрочиси

(ташкилотнинг тўлиқ номи, СТИР, асосий фаолият тури, юридик ва почта манзили, мулкчилик шакли, ходимлар сони, раҳбарнинг Ф.И.О., боғланиш учун телефон рақами ва факс рақамлари, электрон почта манзили)



Лойиҳани амалга ошириш ҳудуди



Лойиҳанинг умумий қиймати



Лойиҳа амалга оширилаётган тармоқ



       

         

2. Лойиҳа тавсифи

     

Лойиҳани амалга оширишдан мақсад



Маркетинг маълумотлари



ишлаб чиқарилиши мўлжалланаётган маҳсулот ва унинг хусусиятлари



лойиҳанинг бошқа рақобатдош афзалликлари



асосий рақобатчилар



импорт ўрнини босувчи ёки экспорт қилиниши мўлжалланаётган маҳсулот ҳажми



экспорт майдони



          

       

3. Лойиҳанинг асосий иқтисодий кўрсаткичлари

          

Т/р

   

Кўрсаткичлар номи

   

Ўлчов бирлиги

     

Жами

       

Режалаштирилаётган

молиялаштириш манбаи

      

ўз маблағлари


жалб қилинаётган

маблағлар

(манба номи)

        

1.

Капитал қўйилмалар суммаси, жами:







машиналар ва асбоб-ускуналар







қурилиш-монтаж ишлари







бошқа маблағлар






2.

Корхона қуввати, шу жумладан: йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми, шундан экспорт ҳажми


тегишли бирликларда

    

3.

Яратилаётган иш ўринлари сони, шундан доимий ва мавсумий, вақтинча (қурилиш-монтаж ишлари даврида)


Нафар

   

4.

Лойиҳанинг ҳисобланган ўзини қоплаш муддати


Йил

    

5.

Инвестиция даври муддати


Ой

     

        

       

4. Лойиҳа бюджети (йилларда)

         

Т/р

        

Маблағлар манбаи

        

Ўлчов бирлиги

     

Амалга ошириш муддати

     


20__

    

20__

    

20__

    

20__

    

20__

   

Жами

  


Молиялаштириш манбаи









1.

ХМИ/ХҲМТ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси:









1.1.

……..









2.

Марказлаштирилмаган манбалар:









2.1.

……..









          

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 16 январь




































































Время: 0.1971
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск