ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Озиқ-овқат саноати /

Тузни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотишга қўйиладиган гигиена талаблари (0042-22-сон СанҚваН) (ЎзР Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 21.12.2022 й. N 42-сон)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Санитария-эпидемиологик осойишталик

ва жамоат саломатлиги хизматининг

2022 йил 21 декабрдаги 42-сон қарорига

ИЛОВА



Тузни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш

ва сотишга қўйиладиган гигиена талаблари

(0042-22-сон СанҚваН)

       

          

Мазкур санитария қоидалари, нормалари ва гигиеник нормативлари (бундан буён матнда санитария қоидалари деб юритилади) тузнинг юқори сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тузни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотишга қўйиладиган гигиена талабларини белгилайди.

Мазкур санитария қоидалари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Халқаро комиссияси томонидан қабул қилинган Кодекс Алиментариус халқаро озиқ-овқат стандартлари тўпламига кирувчи "Жараён бўйича қўлланма" (ЖССТ ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Рим, 2017 йил) ва "Ош тузи учун стандарт" (ЖССТ ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), 2012 йил) асосида ишлаб чиқилган.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

       

1. Мазкур санитария қоидаларида қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


йодланган ош тузи - ишлаб чиқариш жараёнида йод билан бойитилган ош тузи;


хавф - озиқ-овқат маҳсулотида мавжуд бўлган потенциал хавф-хатарларнинг (биологик, кимёвий, физикавий ва бошқа омиллар) истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатиш эҳтимоли;


хавфни таҳлил қилиш - мавжуд маълумотлардан фойдаланган ҳолда хавфни баҳолаш, хавфни бошқариш ва хавф тўғрисида маълумот бериш билан боғлиқ учта таркибий қисмдан иборат бўлган хавф-хатарларни аниқлаш ва хавфни таҳлил қилиш жараёни;


2. Тузнинг органолептик, физик ва кимёвий кўрсаткичлари ва яроқлилик муддати O`z DSt 1091:2017 "Йодланган ош тузи. Техникавий шартлар" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


3. Туз хомашёсининг табиий манбаси сифатида ўзининг санитария-гигиеник, эпидемиологик ва радиацион хусусиятлари бўйича озуқавий мақсадларда қайта ишлаш учун Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан яроқли деб топилган туз конлари, тузли кўллар қатламлари ҳамда табиий намакоблар шаклидаги манбалардан фойдаланиш мумкин.



2-БОБ. КОРХОНА ҲУДУДИ

ВА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ХОНАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ГИГИЕНИК ТАЛАБЛАР

        

4. Туз маҳсулоти туз асосидаги зираворлар ва шу каби бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан биргаликда ишлаб чиқарилиши мумкин, бунда ишлаб чиқариш хоналари ва меҳнат шароитларининг санитария-гигиеник ҳолати ва ишлаб чиқариш жараёнининг оқими таъминланиши эътиборга олиниши керак.


5. Тузни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ҳудуди чегараланган бўлиши, майдони ёғингарчилик натижасида ҳосил бўладиган ва эрийдиган сувларни оқава сувлар канализациясига йўналтириш учун қия бўлиши, транспорт ва пиёдалар йўлаклари эса сув ўтказмайдиган қаттиқ қопламали бўлиши лозим.


6. Хомашёни ювиш учун қўлланиладиган техник сув оқими ёпиқ, кўп поғонали ва сув бутунлай қайта айланишига имкон берадиган бўлиши керак.


7. Ёғингарчилик натижасида ҳосил бўлган сувлар, майдонлар ва ўтиш жойларини ювиш натижасида ҳосил бўладиган сувлар оқиб тушувчи ариқлар мунтазам равишда тозалаб турилиши лозим.


8. Корхона ҳудуди иш бошланишидан олдин ёки тугаганидан кейин бир суткада камида бир марта тозаланиши керак.


9. Ишлаб чиқариш хоналарининг бино ичидаги жойлашуви технологик жараёнларнинг узлуксизлигини таъминлаши ҳамда тайёр маҳсулотни такроран ифлосланишига имкон бермаслиги лозим.


10. Вентиляция тизими мавжуд бўлган ҳолатларда ертўла қаватларида ускуналар ва машиналар, омбор ва маиший хоналарни ташкил этишга рухсат этилади.


11. Корхонанинг ишлаб чиқариш ва сақлаш хоналарида ҳашаротлар ва кемирувчилар киришини олдини олиш чоралари (эшиклар зич ёпилган бўлиши, коммуникация тизимлари атрофи беркитилиши, вентиляция тешикларига темир тўрлар қўйилган бўлиши) кўзда тутилган бўлиши лозим.


12. Ишлаб чиқариш хоналаридаги поллар қаттиқ, сув ўтказмайдиган ва сирпанмайдиган юзага эга бўлган материаллардан ишланган бўлиши керак.


13. Хавфни олдини олиш мақсадида моғор пайдо бўлганда ишлаб чиқариш хоналарининг шифти ва бурчаклари зудлик билан тозаланиши ва рухсат этилган фунгицид препаратлари қўшилган бўёқлар билан бўялиши лозим.


14. Ишлаб чиқариш хоналарида қопқоқлари педаль ёрдамида очиладиган чиқинди қутилари ҳамда нуқсонли маҳсулотларни йиғиш учун полимер материаллардан ясалган идишлар ўрнатилган бўлиши керак. Чиқинди қутилари ва нуқсонли маҳсулотлар учун мўлжалланган бочка ва идишларни ҳар куни тозалаш, ювиш воситалари билан ювиш ва дезинфекция қилиш лозим.


15. Ишлаб чиқариш хоналарида технологик жараёнда фойдаланилмайдиган чиқиндилар ҳамда асбоб-анжом ва ускуналарни сақлаш мумкин эмас.


16. Йиғиштириш асбоб-анжомлари, ювиш, дезинфекция, дезинсекция ва дератизация воситалари ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бинолар ёки хоналарда алоҳида сақланиши керак.


17. Ишлаб чиқариш хоналарида қўлларни ювиш учун иссиқ ва совуқ сув таъминоти, совун, чўтка билан таъминланган, керакли даражада смесителлар, дезинфекция эритмаси, бир марталик сочиқлар ёки бошқа қўлларни қуритиш воситалари кўзда тутилган бўлиши лозим.


18. Хавф-хатар манбаи бўлган калий йодат сақланадиган хоналарда бошқа модда ва маҳсулотлар сақланиши мумкин эмас. Мазкур хоналар деворлари бутун баландлиги бўйича сирланган плиткалар билан қопланган бўлиши керак.



3-БОБ. МАИШИЙ ХОНАЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ГИГИЕНИК ТАЛАБЛАР

         

19. Маиший хоналар ишчилар сони ва технологик жараён хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда жойлаштирилиши лозим.

Маиший хоналар алоҳида бинода жойлашган бўлса, бунда ишлаб чиқариш цехларига ёпиқ ўтиш йўлаклари бўлиши керак.


20. Душ хоналари кийиниш хоналари ёнида жойлаштирилиши лозим. Душ хоналарининг сони энг кўп ходимлар ишлайдиган сменадаги ходимлар сонидан келиб чиқиб аниқланади.


21. Маиший хоналарни пардозлашда қуйидагилар кўзда тутилиши лозим:

душ хоналарида деворлар - 1,8 м баландликкача сирланган плиткалар билан, махсус кийим ва чойшаблар сақлаш хонаси, ҳожатхоналар - 1,5 метр баландликкача сирланган плиткалар билан, плиткалардан юқоридаги панеллар эса шифтгача сув-эмульсия ёки бошқа рухсат этилган бўёқлар ва материаллар билан қопланиши;

душ хоналарининг шифтлари мой бўёқлар билан, бошқа хоналар шифтлари эса сув-эмульсия, оҳак ёки бошқа воситалар билан бўялиши;

барча маиший хоналардаги поллар керамик плиткалар билан ёки бошқа сув ўтказмайдиган воситалар билан қопланиши.


22. Ҳожатхоналар ҳар сменада камида икки марта ювилиши ва дезинфекция қилиш воситалари билан ишлов берилиши лозим.


23. Ишлаб чиқариш, маиший ва ёрдамчи хоналарни йиғиштириш ишлари, ишлаб чиқаришга жалб этилмаган, махсус кўрсатмаларни олган ходимлар томонидан амалга оширилиши лозим.


24. Ишлаб чиқариш ва маиший хоналарда ишлар якунланганидан сўнг ускуналар, анжомлар ва идишлар совунли ва ишқорли эритмалар ҳамда иссиқ сув билан ювилиши лозим.


25. Ишлаб чиқариш хоналаридаги поллар, заруратга қараб, иш жараёнида ёки смена тугаганидан кейин намлантириб тозаланиши керак.



4-БОБ. ТЕХНОЛОГИК УСКУНАЛАР, АНЖОМЛАР,

ИДИШЛАР ҲАМДА ТЕХНОЛОГИК ЖАРАЁНГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ГИГИЕНИК ТАЛАБЛАР

            

26. Хавф-хатарни олдини олиш мақсадида хомашё тайёрлаш, қуритиш, йодлаш ва тузни қадоқлаш учун мўлжалланган технологик ускуналар, анжомлар, идишлар ва ўрам материаллари озиқ-овқат маҳсулотлари учун ишлатишга рухсат этилган материаллардан ишланган бўлиши лозим.


27. Хавфни таҳлил қилиш ва олдини олиш мақсадида ош тузининг йодаторлари автоматик йодлаш режимига қўйилган бўлиши керак ва бунда тузнинг калий йодат билан аралашишидан аввал йодатордан ўтиш тезлиги ва ҳажми ҳисобга олиниши керак.


28. Хавфни олдини олиш мақсадида ясама бўлган ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган йодлаш қурилмаларидан фойдаланиш ёки калий йодатини қўл ёрдамида пуркаш тақиқланади.


29. Хавф-хатарни олдини олиш мақсадида технологик ускуналарни жойлаштириш жараёни технологик схемага мувофиқ амалга оширилиши, технологик жараённинг кетма-кетлиги ва узлуксизлигини таъминлаши, хомашё ва тайёр маҳсулотнинг қарама-қарши оқимига йўл қўйилмаслиги лозим.


30. Ускуналарни жойлаштириш вақтида ишлаётган ходимлар унга бемалол яқинлашиши, ишлаб чиқариш жараёнлари, хомашё ва тайёр маҳсулот сифатининг санитария назорати ўтказилишини таъминловчи шароитлар бўлиши ҳамда хоналар ва ускуналарни ювиш, йиғиштириш ва дезинфекция қилиш имконияти мавжуд бўлиши керак.


31. Ускуналар конструкциялари уларнинг хомашё ва тайёр маҳсулотлар билан алоқа қиладиган қисмларига осон етиб бориш ва бўлакларга осон ажратишни таъминлаши лозим.


32. Технологик ускунанинг тузга бевосита тегиб турадиган қисмлари фақат озуқа мойлари билан мойланиши мумкин.


33. Столлар қопламалари силлиқ бўлиши ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари учун ишлатишга рухсат этилган қаттиқ турдаги дарахтлар, зангламайдиган металлар ёки синтетик материаллардан ясалган бўлиши керак.


34. Симобли назорат-ўлчов асбобларидан фойдаланиш мумкин эмас. Шишали ўлчов асбоблари учун металлдан ясалган ғилофлар қўлланилиши керак.


35. Хавфни бошқариш ва таҳлил қилиш мақсадида тузни ишлаб чиқаришда қўлланиладиган йодатор калий йодатининг сарфланиш миқдорини автоматик тарзда ёзиб борувчи қурилма билан жиҳозланган бўлиши керак. Бундай қурилмалар билан таъминлаш имконияти мавжуд бўлмаган вазиятда тузни ишлаб чиқариш жараёнининг ҳар бир операцияси махсус тайинланган ходим томонидан журналларда қайд қилиниши лозим.


36. Хавфни олдини олиш мақсадида тозалаш инвентарлари тамғаланган бўлиши зарур.


37. Тайёр маҳсулотлар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бериши ҳамда тоза ва қуруқ хоналарда сақланиши керак.


38. Технологик жараёнлар ишлаб чиқарувчи томонидан тасдиқланган технологик йўриқномаларга қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим.


39. Технологик жараённинг барча операциялари керакли ускуналар ва асбоблардан фойдаланган ҳолда, бунинг учун махсус мўлжалланган хоналарда бажарилиши ва назорат қилиниши керак.


40. Таркибида йод миқдори етишмаслиги учун яроқсиз деб топилган ош тузи қайтадан йодлаш жараёнидан ўтказилади. Намлик ёки қуруқлик даражаси юқори бўлганлиги ҳамда такроран йодланганлиги, таркибида катта миқдорда заҳарли элементлар, пестицидлар ва радионуклидлар мавжудлиги сабабли яроқсиз бўлган ош тузи тегишли равишда қайд қилиниши ва тамғаланиши талаб этилади. Бундай маҳсулот утилизация қилингунга қадар ишлаб чиқариш жараёнида қўлланилишига йўл қўймайдиган шароитларда сақланиши керак.


41. Хавфни олдини олиш мақсадида техник ҳужжатларда яроқсиз маҳсулот тайёр маҳсулотнинг сифатига зиён етказмасдан қайта ишланадиган шароитлар аниқ белгиланган бўлиши лозим. Бошқа шароитларда яроқсиз деб топилган маҳсулот йўқ қилиниши талаб этилади.


42. Ускуналар ва анжомларни тозалаш учун фақат озиқ-овқат саноатида фойдаланишга рухсат этилган ювиш ва дезинфекция қилиш воситаларидан фойдаланиш керак.


43. Ускуналарни ювиш учун (технологик даврнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда) ювиш ва дезинфекция қилиш эритмаларини марказлашган тартибда тайёрлаш кўзда тутилган бўлиши лозим.

Ювиш ва дезинфекция қилиш воситалари махсус жиҳозланган жойларда сақланиши талаб этилади.


44. Ускуналар ва жиҳозларга санитария тартибида ишлов бериш бўйича белгиланган даврийликни қатъий бажариш учун ҳар бир цехда ювиш ва дезинфекция бўйича ҳар ойлик жадвал бўлиши керак.


45. Тузни ишлаб чиқариш ва сақлаш учун мўлжалланган резервуар ва сиғимларга санитария тартибида ишлов беришни идишлар ҳар бўшаганидан кейин ёки технологик даврнинг охирида амалга ошириш лозим.


46. Анжом ва ўрам сиғимларини ювиш ва дезинфекция қилиш учун поллари сув ўтказмайдиган, иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган, оқова сувларни ташлаш учун канализация ва вентиляцияси мавжуд бўлган махсус ювиш хоналари ташкил этилади.


47. Шиша, занглашга чидамли металл ва бирикмалар, полимер материаллар (жуда мустаҳкам полиэтилен, хлор винил полимерларидан пластикатлар - фторопластдан ва лавсандан ясалган фильтрлар), резина, латексдан ишлаб чиқарилган буюмларга уларни ювиш ва дезинфекция қилиш йўриқномасига мувофиқ ишлов берилиши керак.



5-БОБ. ХОМАШЁ ВА ТУЗНИ ҚАБУЛ

ҚИЛИШ, САҚЛАШ, ТАШИШ ВА СОТИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ГИГИЕНИК ТАЛАБЛАР

        

48. Келиб тушадиган барча хомашё, ёрдамчи ўраш материаллари, идишлар амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бериши керак.


49. Хавфни олдини олиш мақсадида маҳсулотнинг ҳар бир донаси унинг ўрами ва ёрлиғида акс эттирилган маълумотлар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги ва хомашё сифатига салбий таъсир кўрсатадиган шикастланишлар мавжуд эмаслиги текширилади.


50. Хомашё ишлаб чиқарувчи томонидан тасдиқланган технологик йўриқнома шартларига мувофиқ сақланиши лозим.


51. Хомашё ўткир ҳидлари бўлмаган, зараркунандалар мавжуд бўлмаган, тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ҳимоя қилинган, алоҳида жойлашган, қуруқ, тоза ва яхши вентиляция қилинадиган хоналарда сақланиши талаб этилади.


52. Яроқсиз деб топилган маҳсулот тамғаланган ҳолда утилизация қилиниши ёки қайта ишланиши керак.


53. Хомашё технологик йўриқномаларга мувофиқ махсус хоналарда тайёрланиши, кейин эса цех ичидаги идишларга солиб қўйилиши керак. Цех ичидаги идишлар тоза, қуруқ, муайян ишлаб чиқариш хоналарида ишлатиш учун ёрлиқланган бўлиши лозим.


54. Хавфни олдини олиш мақсадида кимёвий моддалар, минерал ўғитлар (шу жумладан турли компостлар), пестицидларни ташиш учун ишлатилган, шунингдек ёғингарчиликлар, чанг, қуёш нурларининг таъсиридан ҳимояга эга бўлмаган транспорт воситаларида хомашё ва тузни ташиш тақиқланади.


55. Хомашё ва тузни ташишда фойдаланиладиган транспорт воситаларига заруратга кўра ювиш ва дезинфекция қилиш воситаларини қўллаган ҳолда ишлов берилиши лозим.


56. Корхоналар ҳудудида туз сақланаётган омборлар ёки майдонларга яқин жойларда кучли ҳид таратадиган материаллар ҳамда қурилиш материаллари қолдиқлари ёки ёнувчан материалларни сақлаш қатъиян ман этилади.


57. Ўрамларга солинмаган туз (хомашё) тўкма уюм кўринишида сақланиши лозим.

Туз уюм усулида сақланганда омборларнинг асфальтли поллари қалинлиги 3-4 миллиметрга тенг бўлган ёғоч қатлами билан қопланади. Устунлар ёғочли қалқонлар билан тўсиб қўйилади, омборнинг периметри бўйлаб эса деворлардан 1 метр масофада баландлиги 0,7 - 1,0 метрга тенг ёғочли қалқонлар ўрнатилади. Туз табиий нишаблик бурчагини ҳисобга олган ҳолда уюмлар тўпланади.


58. Тузни ифлосланиш, зах тортиш ва зичланиб қолишдан сақлаш учун омборларда ҳосил қилинган уюмлар юзасини тузга таъсир қилмайдиган ва ҳид таратмайдиган ёпиш материаллари (ўрам қоғози, брезент, полимер плёнкаси) билан ёпиб қўйиш лозим.


59. Юк ортиш ва тушириш ишлари бажарилаётган жойлардаги юк кўтариш механизмлари турган зонада барча турдаги ишлар махсус кийим ва ҳимояловчи кўзойнаклардан фойдаланиб амалга оширилиши лозим.


60. Штабеллар орасида кенглиги камида 0,8 метрга тенг бўлган ўтиш жойлари қолдирилади, штабеллар ва тўсинлар қурилиш конструкцияларининг орасида эса камида 0,5 метрга тенг масофа қолдирилади. Қадоқланган тузнинг бут сақланишини кузатиб туриш, ҳаво яхшироқ айланишини таъминлаш ва механизмлардан фойдаланиш қулай бўлиши учун тузни омборларда тахлаётганда омбор деворлари олдида эни ва бўйи бўйлаб ўтиш жойлари қолдирилади.


61. Тузни сақлашда омбордаги ҳавонинг нисбий намлиги маҳсулотнинг пастки қисми сатҳида 75 фоиздан юқори бўлмаслиги ва ҳаво ҳарорати кескин ўзгармаслиги керак.


62. Омборхоналарга маҳсулот туширишдан олдин улар тозаланиши ва тузни қабул қилиш ва сақлаш учун тайёр бўлиши лозим.


63. Тозаликни сақлаш учун омборларга кираверишда кийим ва пойафзални тозалашга мўлжалланган тагликлар, чўтка ва супургилар бўлиши лозим.


64. Хавфни бошқариш мақсадида тузнинг сотуви СанҚваН 0066-96-сон "Озиқ-овқат савдоси корхоналарига қўйиладиган санитария қоидалари" талабларига мувофиқ амалга оширилади.


65. Ҳар бир тайёр маҳсулот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 июлдаги 490-сон қарори билан тасдиқланган Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент талабларига мувофиқ тамғаланиши лозим.


66. Туз белгиланган яроқлилик муддати тугаганидан сўнг йўқ қилиниши, саноат тартибида қайта ишланиши ёки такроран йодланиши керак.


67. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ва сотувдан олинган маҳсулот уни ишлатиш, утилизацияга юбориш ёки йўқ қилишга қадар алоҳида хонада (жавонда), алоҳида ҳисобда унинг миқдори аниқ кўрсатилган ҳолда сақланиши лозим.



6-БОБ. СУВ ТАЪМИНОТИ ВА КАНАЛИЗАЦИЯГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ГИГИЕНИК ТАЛАБЛАР

            

68. Тузни ишлаб чиқарувчи корхоналар марказлашган ичимлик сув таъминотига уланган бўлиши, у мавжуд бўлмаган вазиятда эса санитария-эпидемиологик хулосага эга бўлган сув манбаи бўлиши лозим.


69. Хавфни олдини олиш мақсадида хўжалик ичимлик суви қувурларини ва техник сув қувури тармоқларини бир-бирига улаш қатъиян ман этилади.


70. Совуқ ва иссиқ сув таъминоти ички тизимларини ташкил қилишда қўлланиладиган қувурлар, арматуралар ва ускуналар тегишли техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Кўриниши яққол ажралиб туриши учун цех ичидаги барча водопровод, канализация, буғ ва газ қувурлари шартли рангларга бўялган бўлиши лозим. Юза ҳарорати хона ҳароратидан паст бўлган қувурлар устида намлик ҳосил бўлмаслиги учун уларда иссиқлик изоляцияси кўзда тутилган бўлиши керак.


71. Шифт тўсинлари орасидан ўтадиган сувни четга чиқариш трап ва қувурлари сув ўтказмайдиган бўлиши ва ишлаб чиқариш ускуналарининг устидан ўтмайдиган қилиб лойиҳалаштирилиши керак. Шунингдек, маиший канализация қувурлари ишлаб чиқариш цехлари, маҳсулот сақлашга мўлжалланган омборхоналар, озиқ-овқат блокларидан ўтмаслиги лозим.


72. Ишлаб чиқариш ва маиший оқова сувларини чиқариб юбориш учун корхонада алоҳида канализация тизими ва тозалаш иншоотлари бўлиши керак. Ишлаб чиқариш ва маиший оқова сувларининг ички канализация тизими алоҳида бўлиши ва мустақил тармоққа чиқиш йўлларига эга бўлиши лозим.

Тегишли равишда тозаламай туриб, ишлаб чиқариш ва маиший оқова сувларни очиқ сув ҳавзаларига ташлаш мумкин эмас.



7-БОБ. ТАБИИЙ ВА СУНЪИЙ ЁРИТИШ ТИЗИМИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ГИГИЕНИК ТАЛАБЛАР

        

73. Омбор ва ишлаб чиқариш хоналарининг ёритилганлик даражаси КМК 2.01.05-19 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мувофиқ бўлиши керак.


74. Ишлаб чиқариш хоналарида нур коэффициенти 1:6 - 1:8 га тенг бўлган табиий ёритиш кўзда тутилган бўлиши керак. Маиший хоналарда нур коэффициенти 1:10 дан кам бўлмаслиги талаб этилади. Табиий ёритиш коэффициенти миқдори бажариладиган ишнинг хусусияти ва кўз кучланишига мос бўлиши керак. Табиий ёруғлик етарли бўлмаганда сунъий ёритишдан фойдаланиш лозим ва бунинг учун асосан люминесцент лампалари қўлланилиши лозим.


75. Люминесцент лампалари қўлланилган ёриткичлар ҳимояловчи панжара (тўр), нур тарқаткичи ёки лампалар ёриткичлардан чиқиб кетишига йўл қўймайдиган махсус лампа билан жиҳозланган бўлиши, чўғланма лампа қўлланилган ёриткичлар эса яхлит ҳимояловчи ойна билан таъминланган бўлиши керак.


76. Хавф-хатарни олдини олиш мақсадида шиша парчалари туз ичига тушиб қолишининг олдини олиш учун очиқ технологик жараёнга эга хоналардаги ёритгичлар технологик ускуналар устига ўрнатилиши мумкин эмас.


77. Ёриткичларга санитария ишлов бериш ишлари цехнинг санитария ишлов берилиши жадвалига мувофиқ амалга оширилиши лозим, ёритиш қурилмаларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш жараёнларини кузатиш ишлари махсус малакага эга бўлган шахсга юклатилиши керак.



8-БОБ. ҲАВОНИ ВЕНТИЛЯЦИЯ ҚИЛИШ,

ИСИТИШ   ВА   КОНДИЦИОНЕРЛАШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ГИГИЕНИК ТАЛАБЛАР

        

78. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бино ва хоналарда КМК 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондиционерлаш"га мувофиқ ҳавога табиий, механик, аралаш вентиляция ёки кондиционер билан ишлов берилиши лозим.

Ҳаво оқимининг кўрсаткичлари ишлаб чиқариш хоналаридаги микроиқлим бўйича санитария қоидалари талабларига мувофиқ бўлиши керак.


79. Маиший хоналар, ҳожатхоналар ва лабораториялар умумий алмашинув ва (ёки) маҳаллий вентиляция тизимларига эга бўлиши лозим.


80. Ишлаб чиқариш хоналарига узатилаётган кўча ҳавоси чангдан тозаланиши талаб этилади.


81. Кўп миқдорда иссиқлик, намлик ва зарарли моддаларни чиқариш манбаи бўлган ускуналар маҳаллий ҳавони тортиб чиқариш вентиляцияси билан таъминланган бўлиши керак.


82. Чанг манбаи бўлган ускуналар чангни ушлаб қолувчи ва ундан ҳавони сўриб олувчи ускуна билан жиҳозланган бўлиши лозим.


83. Ҳаво ўз оқими билан келадиган вентиляция тизимининг ҳаво ўтказиш шахталарини ер сатҳидан камида 2 метр баландликда жойлаштириш керак. Ҳаво тортиш вентиляцияси тизими ёрдамида чиқариб ташланаётган ҳаво бўйи том сатҳидан камида 1 метр баланд бўлган ҳаво тортиш шахталари орқали ташқарига чиқарилиши лозим.


84. Вентиляция тизимидан ҳавони атмосферага чиқариш туйнукларини ҳавони қабул қилиш қурилмаларидан горизонтал йўналиш бўйича камида 10 метр масофада ёки вертикал йўналиш бўйича камида 6 метр масофада жойлаштириш талаб этилади.


85. КМК 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ, вентиляция ускуналарини шовқин ва тебранишни сўндириш ускуналари билан жиҳозланган вентиляция камераларида жойлаштириш керак.


86. Ҳаво ўз оқими билан келадиган вентиляция қурилмалари ва табиий вентиляциянинг ҳаво тортиш тешиклари ҳашаротлар киришига тўсқинлик қилувчи тўрлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


87. Технологик аппаратларнинг вентиляция каналлари ва ҳаво ўтказгичларини, улар ифлосланиб боришларига қараб (йилига камида 1 марта), қисмларга ажратиш ва ички қисмларини тозалаш керак. Ишлаб чиқариш хоналардаги ускуналар шўрланиб ва занглаб кетишининг олдини олиш мақсадида технологик тешиклар ва тамбурларда ҳаво тўсадиган пардани кўзда тутиш лозим.


88. Ишлаб чиқариш жараёни тузли чанг, шунингдек, аммиакли совиткич қурилмаларидан буғ ва газлар чиқиши билан давом этадиган бўлса, ушбу ишлаб чиқариш хоналарининг вентиляция ва ҳаво орқали иситиш тизимлари ҳавосининг қайта айланиши мумкин эмас.


89. Ишлаб чиқариш хоналарида, маҳсулотларни сақлаш камералари ва омборларида ҳаво ҳарорати ва нисбий намлик СанҚваН N 0324-16 "Ишлаб чиқариш хоналарининг микроиқлимининг санитария-гигиеник нормалари" талаблари ва технологик йўриқномалар (ҳаво ҳарорати белгиланган цехлар учун) талабларига мувофиқ бўлиши керак.



9-БОБ. МЕҲНАТ ШАРОИТЛАРИНИ

ТАШКИЛ ҚИЛИШ ВА ШАХСИЙ ГИГИЕНА

ҚОИДАЛАРИГА ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР

         

90. Иш жойларида шамол ўтиб туриши ва ҳаво бирданига совуқлашиб кетишига йўл қўйилмайди.


91. Корхонанинг ҳар бир ходими шахсий гигиена қоидаларига амал қилиши, ўз иш жойида санитария талабларига қатъий риоя этиши лозим.


92. Ходимлар қуйидаги қўлларни ювиш ва дезинфекция қилиш талабларига риоя қилишлари лозим:

иш бошлашдан олдин;

ишдаги ҳар бир танаффусдан кейин;

бир жараёндан иккинчисига ўтишда;

ифлосланган нарсалар билан алоқадан кейин;

ҳожатхонадан кейин икки марта;

махсус кийим кийишдан олдин ва иш жойида (иш бошлашдан олдин).


93. Иш жойидаги гигиена талаблари қуйидагилардан иборат:

ишлаб чиқариш чиқиндиларини мунтазам равишда махсус контейнерларга ташлаш;

иш жиҳозларини тоза сақлаш;

айни пайтда фойдаланилмаётган буюмлар ва асбоб-анжомларни йиғиштириб қўйиш;

қадоқлаш участкасида ўрам материаллари қатъий белгиланган жойда, пластикдан ясалган тагликлар устида полга тегмайдиган ҳолатда (1 смена учун етарли миқдорда) жойлашиши;

қуруқ маҳсулотлар полга тўкилиб (тушиб) кетган вазиятда қуруқ воситалар ёрдамида йиғиштиришни амалга ошириш, зарур бўлганда ювиш воситасидан фойдаланган ҳолда намлантириб тозалашни бажариш ва полни қуритиш.

Тозалаш инвентарларини (чўткалар, швабралар ва бошқалар) полда, технологик ускуналар устида қолдириш рухсат этилмайди.


94. Дори қутилари технологик цехларнинг тамбурларида (киравериш жойларида) ва маиший хоналарда жойлаштирилиши лозим. Дори қутиларида ўткир ҳидли дори воситаларини сақлаш тавсия этилмайди.


95. Мазкур санитария қоидаларини ишлаб чиқувчилар рўйхати иловада келтирилган.

        

         




Санитария-гигиенa талабларига

ИЛОВА



Ишлаб чиқувчилар рўйхати:

             

Р.Т. Камилова

Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти директори в.в.б., т.ф.д., профессор;


А.С. Худайберганов

Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти, Овқатланиш гигиенаси лабораторияси мудири, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, "Гигиена" кафедраси профессори;


А.Р. Носирова

Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти, Овқатланиш гигиенаси лабораториясининг катта илмий ходими;


Г.М. Исраилова

Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, "Гигиена" кафедраси доценти, т.ф.н;


Э. Б. Наврузов

Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти, Овқатланиш гигиенаси лабораториясининг катта илмий ходими, т.ф.н;


М.Х. Махмудова

Тошкент давлат стоматология институти илмий изланувчиси;


Б.О. Сагдуллаева

Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими;


Б. Бобожонов

Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти докторанти.

         

      

Тақризчилар рўйхати:

            

Д.А. Зарединов

Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, "Гигиена" кафедрасининг мудири, т.ф.д, профессор;


Ф.И. Саломова

Тошкент тиббиёт академияси, "Атроф-муҳит гигиенаси" кафедраси мудири, т.ф.д., профессор;


М.А. Хамракулова

Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти, лаборатория мудири.

           

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz).













































































Время: 0.0061
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск