ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Умумий ўрта таълим тўғрисидаги электрон шаҳодатномаларни бериш тартиби ҳақида Низом (ЎзР ВМ 31.01.2023 й. 44-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 31 январдаги

44-сон қарорига

4-ИЛОВА



Умумий ўрта таълим тўғрисидаги электрон

шаҳодатномаларни бериш тартиби ҳақида

НИЗОМ

      

           

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

          

1. Мазкур Низом умумий ўрта таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда - таълим ташкилоти) томонидан умумий ўрта таълим тўғрисидаги электрон шаҳодатномага буюртма бериш, уни шакллантириш, сақлаш ва битирувчиларга бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


битирувчи - таълим ташкилотининг 9 ёки 11-синфини тугатган, таълим дастурларини давлат таълим стандартлари талаблари даражасида ўзлаштирган ва ўқув фанларидан йил якуни бўйича ижобий баҳоланган, якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган ўқувчилар;


буюртма - таълим ташкилоти томонидан таълим ташкилоти битирувчиларига бериладиган шаҳодатномаларга Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига (кейинги ўринларда - вазирлик) "электрон шаҳодатнома" ахборот тизими орқали юбориладиган талабнома;


шаҳодатнома - умумий ҳамда таянч ўрта таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжати;


"Электрон шаҳодатнома" ахборот тизими (кейинги ўринларда - электрон платформа) - вазирликнинг таълим ташкилоти битирувчилари ҳақидаги маълумотларни киритиш ва уларга бериладиган шаҳодатномага буюртма бериш, уни шакллантириш, пухта ишлаб чиқиш, сақлаш ва битирувчилар томонидан юклаб олиш ҳамда ҳисоботларни юритиш жараёнларини амалга ошириш имкониятини берадиган электрон платформаси.


3. Таянч ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома таълим ташкилотларининг 10-синфида ўқишни давом эттириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ва таълим йўналиши бўйича халқаро битим имзолаган давлатлар ҳудудидаги академик лицейлар ва касб-ҳунар мактабларига, умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома коллежлар, техникумлар ва олий таълим ташкилотларига кириш учун ҳужжатларни топшириш ҳамда танлов натижаларига кўра таълим олишни давом эттириш ҳуқуқини беради.


4. Битирувчиларга қуйидаги турдаги шаҳодатномалар берилади:

а) таянч ўрта таълим тўғрисида шаҳодатнома (9-синф);

таянч ўрта таълим тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатнома (9-синф);

б) умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома (11-синф);

умумий ўрта таълим тўғрисида (кумуш медаль билан) шаҳодатнома (11-синф);

умумий ўрта таълим тўғрисидаги аъло даражали (олтин медаль билан) шаҳодатнома (11-синф);

в) психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабни (мактаб-интернат) тамомлаганлик тўғрисидаги сертификат.


5. Шаҳодатнома белгиланган намуна бўйича ўзбек ва инглиз тилларида шакллантирилади.


6. Битирувчиларга шаҳодатнома мазкур Низомга иловадаги схемага мувофиқ берилади.



2-БОБ. БУЮРТМАЛАРНИ БЕРИШ ВА

ШАҲОДАТНОМАЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

        

7. Битирувчиларга шаҳодатнома синф журналлари (электрон журнал), якуний давлат аттестацияси натижалари ва педагогик кенгаш қарори асосида берилади.

Шаҳодатномага ўқув фанлари таълим ташкилотлари учун мўлжалланган ўқув дастури ва режадаги фанлар асосида киритилади.


8. Буюртма бериш ва шаҳодатномани шакллантириш электрон платформа орқали амалга оширилади.


9. Тизимида таълим ташкилотлари бўлган вазирликлар ва идоралар, вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар), туман (шаҳар) бўлимлари ва таълим ташкилотларида электрон платформадан фойдаланиш, шаҳодатномани шакллантириш, сақлаш, пухта ишлаб чиқиш ва назорат қилиш бўйича масъул ходимлар (кейинги ўринларда - масъул шахслар) белгиланади.

Масъул шахслар бошқа ишга ўтганда ёки лавозимидан озод этилганда, мазкур вазифалар бошқа шахсларга юкланади.


10. Вазирлик, ҳудудий бошқармалар ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари таълим ташкилотларининг Ягона идентификация тизимидан рўйхатдан ўтган масъул шахсларига электрон платформадан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.


11. Ҳар йили 1 декабрга қадар таълим ташкилотининг масъул шахслари томонидан битирувчи ҳақида қуйидаги маълумотларни электрон платформага киритиш орқали буюртма шакллантирилади:

шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар (ID-карта, паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома серияси ва рақами);

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва жинси ҳақидаги маълумотлар;

шаҳодатнома тури.


12. Ҳар йили 25 майга қадар таълим ташкилотининг масъул шахслари томонидан электрон платформадаги маълумотлар янгилаб борилади. Бунда:

ўқувчилар сафидан чиқарилган битирувчи ҳақидаги маълумотлар электрон платформадан ўчирилади;

ўқувчилар сафига қабул қилинган битирувчи ҳақидаги маълумотлар электрон платформага киритилади.


13. Таълим ташкилоти директори, туман (шаҳар) бўлими мудири ва ҳудудий бошқарма бошлиғи ҳар йили 30 майга қадар буюртмаларнинг давлат статистика ҳисоботи кўрсаткичига мос келишини текшириб, электрон платформа орқали тасдиқлайди.


14. Вазирлик буюртмалар асосида шаҳодатномаларнинг серияси ва тартиб рақамини электрон платформа орқали ажратади.


15. Ҳар йили 15 июнга қадар таълим ташкилотининг педагогик кенгаши битирувчиларга шаҳодатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилади.


16. Ҳар йили 20 июнга қадар якуний аттестация натижалари, педагогик кенгаш қарори ва синф журналлари (электрон журнал) асосида масъул шахслар электрон платформага ўқув фанларидан якуний баҳоларни киритади ва ушбу маълумотлар таълим ташкилоти директори томонидан электрон платформа орқали тасдиқланади.


17. Битирувчи ҳақидаги маълумотлар таълим ташкилоти директори томонидан электрон платформа орқали тасдиқлангандан сўнг шаҳодатнома автоматик тарзда шакллантирилади ва унга QR-код тасвири туширилади.

Таълим ташкилоти директори томонидан тасдиқланмаган ва QR-код тасвири бўлмаган шаҳодатномалар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Таълим ташкилоти директори томонидан тасдиқланган ва QR-код тасвири туширилган шаҳодатномани электрон платформа орқали ўзгартиришга йўл қўйилмайди.


18. Якуний давлат аттестацияларини экстернат тартибида топширган шахслар шаҳодатномасининг юқори қисми ўнг бурчагига "экстерн" сўзи ёзилади.



3-БОБ. ШАҲОДАТНОМАЛАРНИ БИТИРУВЧИЛАРГА БЕРИШ

             

19. Шаҳодатномаларни битирувчиларга ҳар йили 20 июнга қадар берилади.


20. Битирувчилар шаҳодатномани электрон платформадан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни (ID-карта, паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома серияси ва рақами) киритиш орқали бепул юклаб олади.

Электрон платформадан юклаб олинган шаҳодатномалар йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, битирувчиларга дубликат шаҳодатнома берилмайди. Битирувчилар шаҳодатномани электрон платформадан бепул қайта юклаб олади.

Шаҳодатномаси бузилган ёки фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарган битирувчилар умумий ўрта таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжат дубликатини бериш бўйича давлат хизматидан фойдаланиш орқали дубликат шаҳодатнома олади.

Туман (шаҳар) бўлимлари Интернет жаҳон ахборот тармоғи етиб бормаган олис ва чекка ҳудудларда жойлашган таълим ташкилотларига шаҳодатномаларни электрон платформадан юклаб олиб, чоп этган ҳолда тақдим этади.


21. Битирувчилар шаҳодатномасини олгандан сўнг тегишли йилнинг 1 октябрига қадар уларга берилган шаҳодатномада хатолик (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санасида, ўқув фанларида, баҳосида) борлиги аниқланган тақдирда, электрон платформа орқали ёки таълим ташкилотига бу ҳақда мурожаат қилади.


22. Таълим ташкилоти битирувчи мурожаатини кўриб чиқиб, аниқланган хатоликни бартараф қилган ҳолда, электрон платформа орқали QR-код тасвири туширилган янги шаҳодатномани шакллантирилади ёки хатолик асослантирилмаган тақдирда, янги шаҳодатнома беришни рад этади.

Янги шакллантирилган шаҳодатнома дубликат ҳисобланмайди.


23. Шаҳодатномаларни шакллантириш жараёнида хатоликларга йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилади.

Бузилган шаҳодатномалар тўғрисида таълим ташкилотида далолатнома тузилади.

Таълим ташкилоти далолатномага бузилган шаҳодатнома ва асословчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, электрон платформада туман (шаҳар) бўлими орқали ҳудудий бошқармага юборади.


24. Ҳудудий бошқармалар томонидан бузилган шаҳодатномалар ва уларнинг серия ва тартиб рақами электрон платформа орқали бекор қилинади.


25. Таълим ташкилотлари ҳар йили 1 июлга қадар битирувчиларга берилган шаҳодатноманинг ҳисоботларини электрон платформадан юклаб олади ва реестрини юритиб боради.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

         

26. Электрон платформага маълумотларнинг тўғри киритилиши, жумладан, битирувчиларнинг баҳолари ҳаққоний қўйилиши бўйича жавобгарлик шахсан таълим ташкилоти директорига юкланади.


27. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


28. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

          

           




Низомга

ИЛОВА



Электрон шаҳодатномаларга буюртма бериш,

уларни шакллантириш ҳамда битирувчиларга бериш

СХЕМАСИ

           

      

Босқичлар

     


       

Субъектлар

      


          

Тадбирлар

    


   

Муддат

     



































1-босқич


Таълим ташкилоти


         

1. Битирувчи ҳақидаги маълумотларни электрон платформага киритиш орқали буюртмани шакллантиради.



Ҳар йили

1 декабрга қадар






2. Битирувчи тўғрисидаги маълумотларни электрон платформа орқали янгилаб боради.

           


Ҳар йили

25 майга қадар




































2-босқич


Туман (шаҳар) халқ

таълими бўлими ва

ҳудудий бошқарма


       

1. Буюртмаларнинг давлат статистика ҳисоботи кўрсаткичига мос келишини текширади ва электрон платформа орқали тасдиқлайди.



Ҳар йили

30 майга қадар






2. Таълим ташкилоти педагогик кенгаши битирувчиларга шаҳодатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

         


Ҳар йили

15 июнга қадар




































3-босқич


Халқ таълими

вазирлиги


       

Буюртмалар асосида электрон шаҳодатномага серия ва тартиб рақами ажратилади.

           


Буюртма келиб

тушиши билан




































4-босқич


Таълим ташкилоти


           

1. Электрон платформага ўқув фанларидан якуний баҳоларни киритади ва тасдиқлайди.


2. Шаҳодатномаларни битирувчиларга беради.

         


Ҳар йили

20 июнга қадар



































5-босқич


        

"Электрон

шаҳодатнома"

ахборот тизими

        


QR-код тасвири туширилган шаҳодатномалар шакллантирилади.


Якуний баҳолар

тасдиқланиши билан



































6-босқич


Битирувчи


             

Шаҳодатномани "Электрон шаҳодатнома" ахборот тизимидан юклаб олади.



Ўз хоҳишига кўра



































7-босқич


Таълим ташкилоти


         

Таълим ташкилотлари битирувчиларга берилган шаҳодатномаларнинг ҳисоботларини электрон платформадан юклаб олади ва реестрини юритиб боради.

           


Ҳар йили

1 июлга қадар




                

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 1 февраль






































































Время: 0.0049
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск