ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Шахснинг ҳуқуқий мақоми / Ҳуқуқ, эркинлик ва мажбуриятлар /

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури (ЎзР Президентининг 02.07.2023 й. ПК-46-сон карорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 7 февралдаги

ПҚ-46-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги

МИЛЛИЙ ТАЪЛИМ ДАСТУРИ

         

      

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

         

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш борасида мақсадли чоралар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни такомиллаштириш юзасидан муҳим қадамлар қўйилмоқда.

2020-2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда. Ушбу босқич ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш ҳамда инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берувчи таълим беришга қаратилгандир.

Инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан 2019 йил 15 июлда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ва унинг ижроси юзасидан "йўл харитаси" қабул қилинди.

Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш ва баҳолаш тартиби ўрнатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳузурида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ходимлари учун инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил қилинди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, шунингдек, ушбу йўналишда фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида "Инсон ҳуқуқлари" (юридик фанлар, социология фанлари) ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим институти ташкил қилинди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасаларини аҳоли ўртасида умуминсоний қадриятлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва унга риоя қилиш тамойилларини оммалаштириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишини таъминлаш жараёнига кенг жалб этиш зарурати юзага келди.

Олий таълим муассасаларида, академик лицей ва техникумларда инсон ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари ва бола ҳуқуқларига оид ўқув курслари ва дарсликлар жорий этилганлик ҳолати ҳамда мазкур мавзуларнинг ўқитилиш сифатини ўрганиш мақсадида мониторинг ўтказилди. Мониторинг натижалари шуни кўрсатмоқдаки, олий таълим муассасаларида "Инсон ҳуқуқларини ўрганиш" махсус ўқув курсини ўқитиш тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги, молиялаштириш масаласи ҳал қилинмаганлиги сабабли фанлар мутахассис бўлмаган ўқитувчилар томонидан ўқитилмоқда.

Жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссининг шаклланиши, халқаро ташкилотлар тавсияларининг бажарилиши учун суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари бўйича малакасини ошириш ишларини тизимли йўлга қўйиш лозим.

Халқаро ҳужжатлар доирасида мамлакатимиз зиммасига олган мажбуриятларни, шунингдек, пандемия ва унинг оқибатлари натижасида юзага келган таҳдидлар ва муаммоларни инобатга олиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида, ўзида янги ёндашувларни, янги методологияларни ва амалиётни акс эттирган инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ташкил этиш масаласи кун тартибига қўйилмоқда.

Соҳадаги камчиликлар мамлакатимизда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, уларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссининг шаклланишига, давлат хизматчиларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларининг ошишига тўсқинлик қилмоқда.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини қабул қилиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ушбу Миллий таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот бериш, маърифат ва ўқитиш тизимини босқичма-босқич кенгайтириш ва такомиллаштиришга, кадрлар тайёрлаш тизимини миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар талаблари асосида сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.



2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ СОҲАСИДАГИ МИЛЛИЙ

ТАЪЛИМ ДАСТУРИНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

       

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг (кейинги ўринларда - Миллий таълим дастури) асосий мақсади - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш, шунингдек, аҳоли барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги миллий ва халқаро стандартлар тўғрисида хабардорлигини, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборатдир.

Қуйидагилар Миллий таълим дастурининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш;

давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш;

инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини ошириш;

инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш;

замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимининг самарадорлигини ошириш;

инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



3-БОБ. МИЛЛИЙ ТАЪЛИМ ДАСТУРИНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ

       

1. Ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш йўналишида:

"Инсон ҳуқуқлари" ҳафталигини ўтказиш;

мутахассислик йўналишларини ҳисобга олган ҳолда инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув дастурлар, ўқув ва услубий қўлланмалар тайёрлаш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим йўналишида инновацион танловлар, ўқувчи ва талабалар учун ёзги мактаб, танловлар ташкил этиш, ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш.


2. Давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш йўналишида:

раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик масалалари бўйича ўқув курсларини (соатлари) жорий қилиш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун инсон ҳуқуқлари, қийноққа қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалари тўпламларини давлат тилида чоп этиш;

Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришда иштирок этаётган давлат органлари ва ташкилотлар мутахассисларининг инсон ҳуқуқлари халқаро стандартлари бўйича малакасини мунтазам ошириб боришни ташкил қилиш.


3. Инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш йўналишида:

педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида инсон ҳуқуқлари ўқув курсларини жорий қилиш;

ҳуқуқшунос-педагог таълим йўналишини ташкил этиш, шунингдек, "Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ" магистратура мутахассислигини такомиллаштириш;

инсон ҳуқуқлари ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълимни такомиллаштириш;

инсон ҳуқуқларининг долзарб масалалари бўйича амалий, фундаментал ва инновацион илмий лойиҳалар танловларини ўтказиш;

инсон ҳуқуқларининг долзарб масалалари бўйича хорижий олий таълим ва илмий ташкилотларнинг бакалавриат, магистратура ва докторантурасида мутахассисларни ўқитиш ҳамда малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш.


4. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини ошириш йўналишида:

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари бўйича семинар-тренинглар ўтказиш;

аёллар ва бола ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари жорий қилиш;

мигрантлар ҳуқуқлари бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари учун ўқув курслари ташкил қилиш.


5. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш йўналишида:

инсон ҳуқуқлари бўйича таълим йўналишида давлат гранти ва ижтимоий буюртмалар танловини жорий қилиш;

инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда туркум семинар-тренинг, давра суҳбатлари ўтказиш;

тадбиркорлар, фермерлар учун инсон ҳуқуқлари соҳасида ўқув курслари ташкил қилиш, туркум семинарлар ўтказиш;

касаба уюшмалари тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари масалаларида ўқув курслари ташкил этиш.


6. Замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бериш тизимининг самарадорлигини ошириш йўналишида:

мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимлари учун бола ҳуқуқларини ўрганиш бўйича услубий қўлланма, кўргазмали материаллар яратиш;

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбияни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари миллий тизими ҳақида туркум радио ва теледастурлар, кўрсатувлар ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасига оид ижтимоий видео, аудио роликлар яратиш;

ахборот хизматлари ходимлари ва журналистлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари ташкил қилиш;

инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформани яратиш.


7. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўналишида:

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгаши ва бошқа халқаро ташкилотлар билан инсон ҳуқуқлари таълими соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш;

инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида халқаро анжуманлар ташкил этиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича хорижий олий таълим ва илмий ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



4-БОБ. МИЛЛИЙ ТАЪЛИМ ДАСТУРИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ, БАЖАРИЛИШИНИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ

ҲАМДА МОЛИЯЛАШТИРИШ МЕХАНИЗМИ

         

Миллий таълим дастурини амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари иштирок этадилар. Шунингдек, Миллий таълим дастурини амалга оширишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинади.

Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия:

Миллий таълим дастурининг барча даражаларда ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайди;

Миллий таълим дастурининг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар тўғрисида миллий ва халқаро жамоатчиликни кенг хабардор қилишни ташкил этади;

Миллий таълим дастурида назарда тутилган чора-тадбирларни ҳамкорликда амалга ошириш мақсадида халқаро ва минтақавий ташкилотлар, шу жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан мулоқот ўрнатиш чораларини кўради;

Миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"нинг ижро ҳолати юзасидан ахборотни ҳар чоракда эшитиб, танқидий муҳокама қилиб боради.

Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"да белгиланган масъул ижрочилар ўзларига юклатилган вазифалар ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 5-санасига қадар Миллий комиссиянинг ишчи органи - Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказга тақдим этади.

Олий Мажлис палаталари вазирлик ва идоралар раҳбарларининг Миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"нинг ижро ҳолати юзасидан ахборотини ҳар олти ойда эшитиб, танқидий муҳокама қилиб боради.

Миллий таълим дастурининг тўлиқ ва тизимли амалга оширилиши семинарлар, конференциялар ва бошқа тадбирлар доирасида оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилади. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида Ўзбекистонда қабул қилинаётган чора-тадбирлар ҳамда уларнинг натижалари тўғрисида жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамият тизимли равишда хабардор қилиб борилади.

Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик доирасида халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг маблағлари, грантлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳам жалб қилиниши мумкин.



5-БОБ. МИЛЛИЙ ТАЪЛИМ ДАСТУРИНИНГ АМАЛГА

ОШИРИЛИШИДАН КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР

        

Миллий таълим дастури доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш назарда тутилади:

аҳолининг, айниқса ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жумладан бу борада ахборот тарқатиш, таълим бериш фаолияти янада такомиллаштирилади, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданияти янада юксалади;

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг асосий тамойиллари ва услубларини ўзлаштириш ҳамда тўлиқ тушунишга кўмаклашилади;

аҳолининг турли гуруҳлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, гендер тенглик мазмун-моҳиятини тушунишга эришилади;

давлат органлари ходимлари томонидан инсон ҳуқуқларини амалда қўллаш билим ва кўникмаларининг шаклланишига эришилади;

инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-тадқиқот ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, таълим сифатини оширишга эришилади;

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари қўлланилиши ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилишига кўмаклашилади;

инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш орқали мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича кўрсаткичлари яхшиланади.

        

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 8 февраль










































































Время: 0.0063
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск