ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Банк операциялари / Банк ҳисоби. Банкка қўйилган омонат /

Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома (АВ томонидан 08.02.2023 й. 3420-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 04.01.2023 й. 30/18-сонли қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2023 йил 8 февралда 3420-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2023 йил 4 январдаги

30/18-сонли қарорига

1-ИЛОВА



Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш

ва ёпиш тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА


Ушбу Йўриқнома банклар томонидан резидент ва норезидент юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга ошираётган жисмоний шахслар (бундан буён матнда якка тартибдаги тадбиркор деб юритилади), деҳқон хўжаликлари, юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиалларига банк ҳисобварақларини очиш, уларни юритиш ҳамда ёпиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

        

1. Ушбу Йўриқномада қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


банк ҳисобварағи - банк томонидан шартномага мувофиқ мижозга очилган ҳисобварақ бўлиб, унга кўра банк мижознинг ҳисобварағига тушаётган пул маблағларини қабул қилиш ва ҳисобга киритиш, мижознинг ҳисобварағидан тегишли пул маблағларини ўтказиш ҳамда бериш ва ҳисобварақ бўйича бошқа операцияларни амалга ошириш ҳақидаги топшириқларини бажариш мажбуриятини зиммасига олади;


талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақ - мижозларнинг биринчи талаби биланоқ бериладиган ёки ўтказиб бериладиган маблағларнинг ҳисоби юритиладиган банк ҳисобварағи;


жамғарма депозит ҳисобварақ - бу мижозларнинг даврий бадаллари асосида шаклланиб, муайян мақсадни амалга ошириш учун жамғариладиган ва шу мақсад учун йўналтириладиган ёхуд шартнома бекор қилиниши натижасида қайтариладиган маблағлар ҳисоби юритиладиган банк ҳисобварағи;


муддатли депозит ҳисобварақ - шартномада қатъий келишилган муддатга қўйилган мижозларнинг маблағлари ҳисоби юритиладиган банк ҳисобварағи;


металл ҳисобварақ - банклар томонидан мижозларга қимматбаҳо металлар билан операцияларни амалга ошириш ва уларни ҳисобини юритиш учун очиладиган ҳисобварақ;


вакиллик ҳисобварағи - банкнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) ёки бошқа банкда, шунингдек вакиллик ҳисобварағи очиш ваколатига эга бўлган ташкилотларнинг Марказий банкда очилган, банклараро тўловларни ўтказишга ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга мўлжалланган ҳисобварағи;

вакиллик ҳисобварағи очиш ваколатига эга бўлган ташкилотлар - "Миллий клиринг маркази" АЖ ва "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" АЖ;

Банк депозиторларининг миллий ахборотлар базаси (бундан буён матнда БДМАБ деб юритилади) - банклар томонидан мижозларга банк ҳисобварақлари очишда уларга хос рақам (мижоз коди) бериш, уларнинг ҳисобварақлари рўйхатини қолдиқ маблағлари ҳақида маълумот сақламаган ҳолда юритиш ҳамда мижозларга тегишли ҳисобварақлар тўғрисидаги маълумотларни олишни таъминлайдиган, Марказий банкнинг Ахборотлаштириш Бош Маркази томонидан юритиладиган ахборотлар базаси.


2. Мижозлар банкларда қуйидаги турдаги банк ҳисобварақларини очишлари мумкин:

а) талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари;

б) жамғарма депозит ҳисобварақлари;

в) муддатли депозит ҳисобварақлари;

г) металл ҳисобварақлари;

д) вакиллик ҳисобварақлари;

е) бошқа депозит ҳисобварақлари.


3. Хўжалик юритувчи субъектнинг давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг биринчи марта миллий валютада очган талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи унинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи (бундан буён матнда асосий ҳисобварақ деб юритилади) ҳисобланади. Хўжалик юритувчи субъект асосий ҳисобварағини очгандан кейин миллий ва чет эл валютасида очадиган барча талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари унинг иккиламчи ҳисобварақлари ҳисобланади.

Ғазна ижроси билан қамраб олинган ташкилотларга банкларда асосий ҳисобварақ очилмаган ҳолда тўлов терминаллари тушумлари, нақд пулдаги тўловлар, жамғарма ва муддатли депозитлар, банк корпоратив карталаридаги маблағлар ҳамда махсус мақсадли маблағлар ҳисобини юритиш учун, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда банк ҳисобварақлари очилиши мумкин.


4. БДМАБда банк ҳисобварақларини очиш, бошқа банкка ўтказиш, ёпиш, маблағларни ҳисобдан чиқариш амалларини вақтинча тўхтатиб туриш ва уларни қайта тиклаш тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади ҳамда Марказий банкнинг Ахборотлаштириш Бош Маркази томонидан шу куннинг ўзида мижозга хизмат кўрсатувчи банкларга ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитасига узатилади. Ушбу маълумотлар банкнинг маълумотлар базасига дастурий равишда киритилади ва банк томонидан ўзгартиришга рухсат этилмайди.


5. Мижозлар томонидан банк ҳисобварақлари очилаётганда, банк ҳисобварағи шартномаси (жисмоний шахсларнинг омонати бўйича банк омонати шартномаси, вакиллик ҳисобварағи бўйича вакиллик муносабатлари тўғрисида шартнома) (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) тузилади.

Банк ва унинг мижозлари ўртасидаги шартномалар ёзма шаклда, электрон шаклда ёки масофадан хизмат кўрсатиш тизимлари орқали оферта шартномасини тасдиқлаш орқали тузилиши мумкин.

Шартномада банк мижознинг банк ҳисобварағига маблағларни кирим қилиш ва ҳисобдан чиқариш, мижознинг банк ҳисобварағидаги маблағларни тасарруф этиш борасидаги топшириқларини ижро этиш шартлари, бу борадаги мижоз ҳамда банкнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, банк хизматлари учун тўланиши лозим бўлган воситачилик ҳақи миқдори ва бошқа шартлар белгилаб олинади.

Банклар томонидан тадбиркорлик фаолияти субъектларидан ҳужжатларга муҳр қўйиш ёки ҳужжатларни муҳр билан тасдиқлашни талаб этиш тақиқланади.

Банклар томонидан ушбу Йўриқноманинг 2-бандида кўрсатилмаган, бироқ мижозларга банк хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ банк ҳисобварақларини (кредит (ссуда), лизинг, транзит ва бошқалар) очиш, юритиш ва ёпиш тартиби банкнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади.


6. Мижозлар томонидан банк ҳисобварақлари очиш учун банкка мазкур Йўриқномада кўзда тутилган ҳужжатлар тақдим қилинган кундан сўнг, банклар кейинги иш кунидан кечиктирмай, уларга банк ҳисобварақлари очишлари шарт, бундан норезидент жисмоний ва юридик шахсларга банк ҳисобварағи очиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар мустасно.

Банклар норезидент жисмоний ва юридик шахслар томонидан банкка ушбу Йўриқномада назарда тутилган барча ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг, ўн беш кундан кечиктирмай уларга банк ҳисобварақлари очишлари шарт, бундан қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган ҳолатлар мустасно.

Банк ҳисобварақлари очиш учун ҳужжатлар мижознинг имзолар намуналари қўйилган варақчасида кўрсатилган ёки юридик шахслар номидан вакил қилинган шахслар томонидан тақдим қилинади, таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга масофадан туриб банк ҳисобварағи очиш ҳолатлари бундан мустасно.

Банклар томонидан ушбу Йўриқномада кўзда тутилган ҳужжатлардан бошқа қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Мижозлар банк ҳисобварағи очиш учун тақдим қилинган ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги учун жавобгар бўладилар.


7. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, банк мижозга банк ҳисобварағи очишни рад этишга ҳақли.

Крипто-биржада крипто-активлар савдолари иштирокчилари бўлган норезидент юридик шахсларга банк ҳисобварағи очишда банклар ушбу норезидент юридик шахсларни ва уларнинг ҳисобварақларига кирим қилинадиган маблағларнинг келиб чиқиш манбаларини "Ўз мижозингни бил" (KYC, шунингдек e-KYC) ва "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш" (AML/СFT) тизимларига мувофиқ ўрганиши шарт.


8. Банклар Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) талабларидан келиб чиқиб, "Ўз мижозингни бил" (KYC, шунингдек e-KYC) ва "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш" (AML/СFT) тизимларига мувофиқ, ариза берувчиларни масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлганда, таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тардбиркорларга банк ҳисобварақларини масофадан туриб очиши мумкин.

Давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида тадбиркорлик субъектларига масофадан туриб банк ҳисобварағини очиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимида ёки банкнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилган банк ҳисобварағи шартнома офертасини акцептлаш йўли билан амалга оширилади.

Таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга банк ҳисобварақлари масофадан туриб очилганда, улар номидан тўловларни (банк амалиётларини) амалга оширувчи шахслар белгиланган тартибда идентификация қилиниб, электрон рақамли имзоси ёки қўлда қўйилган имзолар намуналари электрон қурилмалар орқали олинганда, қоғозда имзолар намуналари қўйилган варақча талаб этилмайди.


9. Банк мижозлари бўлган юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда деҳқон хўжаликларининг банк ҳисобварақларини очиш учун асос бўлган барча ҳужжатлари ҳамда ушбу ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар нусхалари ҳар бир мижоз учун очилган юридик йиғмажилдларда сақланади.

Юридик йиғмажилдлардаги маълумотлар электрон шаклда банкнинг махсус дастурий таъминотлари орқали ҳар бир мижоз бўйича шакллантирилиши мумкин.


10. Банкларда мижозларнинг банк ҳисобварақларини рўйхатга олиш китоби электрон шаклда юритилади ҳамда унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

мижознинг номи;

юридик шахслар ва юридик шахс ташкил этган ҳолдаги деҳқон хўжалиги учун - солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);

жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркор ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги деҳқон хўжалиги учун - жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

банк ҳисобварағи рақами;

банк ҳисобварағи очилган ва ёпилган сана;

банк ҳисобварағини ёпиш учун асос.

Банк ҳисобварақларини рўйхатга олиш китобида банк ички ҳужжатларига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.



2-БОБ. БАНК ҲИСОБВАРАҚЛАРИНИ

ОЧИШ ТАРТИБИ

         

11. Тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлган резидент юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда деҳқон хўжаликлари томонидан миллий ва чет эл валютасида талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очиш учун банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

банк ҳисобварағи очиш тўғрисида ариза;

имзолар намуналари қўйилган икки дона варақча;

мижоз номидан тўлов ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси ёхуд янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси).


12. Тадбиркорлик фаолияти субъекти бўлмаган резидент юридик шахслар томонидан миллий ва чет эл валютасида талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очиш учун банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

банк ҳисобварағи очиш тўғрисида ариза;

имзолар намуналари қўйилган варақча;

тадбиркорлик фаолияти субъекти бўлмаган резидент юридик шахслар томонидан таъсис ҳужжатлари (таъсис шартномаси, устав) ҳамда уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек юридик шахс номидан тўлов ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси ёхуд янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси);

солиқ органларида ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (гувоҳнома).


13. Резидент юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва (ёки) филиалларига талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очиш учун ваколатхона ва филиаллар томонидан банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

банк ҳисобварағи очиш тўғрисида ариза;

резидент юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва (ёки) филиалларининг илтимосномаси (илтимосномада "Солиқ тўловчининг идентификация рақами" ва "Хос рақами" (мижоз коди) кўрсатилган бўлиши шарт);

резидент юридик шахслар, уларнинг ваколатхоналари ва (ёки) филиаллари томонидан имзолар намуналари қўйилган варақча ;

ваколатхона ёки филиалга берилган ваколатларни белгиловчи ҳужжат ҳамда ваколатхона ёки филиал номидан тўлов ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси ёхуд янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси).


14. Юридик шахслар устав капиталини шакллантириш учун давлат рўйхатидан ўтгунларига қадар таъсисчиларнинг (иштирокчиларнинг) дастлабки бадалларини киритиш учун миллий ва/ёки чет эл валютасида 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағи таъсисчилар (иштирокчилар) мурожаати асосида очилиши мумкин. Бунда, таъсисчилар (иштирокчилар) номидан вакил қилинган шахс томонидан банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

банк ҳисобварағи очиш тўғрисида ариза;

имзолар намуналари қўйилган варақча;

таъсисчилар номидан тўлов ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси ёхуд янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси).


15. Давлат рўйхатидан ўтгандан кейин юридик шахсларга мазкур Йўриқномада белгиланган тартибда асосий ҳисобварақ очилиб, 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағидаги маблағлар уларнинг топшириқлари асосида асосий ҳисобвараққа ўтказилади ва 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағи ёпилади.


16. Фаолиятини Ўзбекистон Республикасида амалга оширувчи норезидент юридик шахслар (дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар ва уларнинг филиаллари, тижорат фаолиятини амалга оширмайдиган бошқа хорижий ташкилотлар ваколатхоналари ҳамда доимий муассасалар), товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчилар, уюшган савдоларда акция ва корпоратив облигацияларни сотувчи (сотиб олувчи) чет эллик инвесторлар, шунингдек крипто-биржада крипто-активлар савдолари иштирокчилари бўлган норезидент юридик шахслар (бундан буён матнда норезидент юридик шахс деб юритилади) талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:

банк ҳисобварағи очиш тўғрисида ариза;

агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг идентификация рақами берилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

имзолар намуналари қўйилган варақча;

норезидент юридик шахс номидан тўлов ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси ёхуд янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси);

норезидент юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари (таъсис шартномаси, устав) ҳамда уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг консуллик ёки нотариус томонидан тасдиқланган нусхаси;

товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчи норезидент юридик шахс ва биржа брокери ўртасида брокерлик хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома нусхаси;

уюшган савдоларда акция ва корпоратив облигацияларни сотувчи (сотиб олувчи) чет эллик инвесторлар - норезидент юридик шахслар ва инвестиция воситачиси ўртасида брокерлик хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома нусхаси;

крипто-биржада крипто-активлар савдолари иштирокчилари бўлган норезидент юридик шахс ва крипто-биржа ўртасида муносабатларни ўрнатиш тўғрисидаги шартнома нусхаси.

Крипто-биржада крипто-активлар савдолари иштирокчилари бўлган норезидент юридик шахсларга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан сўмга нисбатан расмий курслари белгиланадиган чет эл валюталарида банк ҳисобварақлари очилиши мумкин.


17. Резидент жисмоний шахслар томонидан миллий ва чет эл валютасида депозит, металл ҳисобварақлар очиш учун банкка ҳисобварақ очиш тўғрисида ариза ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжат (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси ёхуд янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси) шахсан тақдим қилинади, бундан мижозларни рақамли идентификация қилиш ҳолатлари мустасно.

Жисмоний шахслар ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахс сифатида банк ҳисобварағи очиш учун мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча тарзда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома нусхасини ҳам тақдим этадилар.

Норезидент жисмоний шахслар томонидан миллий ва чет эл валютасида депозит ҳисобварақлари очиш учун банкка банк ҳисобварағи очиш тўғрисида ариза, норезидент жисмоний шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (паспорти), норезидент жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлишини (яшашини) тасдиқловчи ҳужжат шахсан тақдим қилинади.

Банклар норезидент жисмоний шахсларга банк ҳисобварағи очишда уларнинг Ўзбекистон Республикасида муқим (уч ойдан кам бўлмаган) даврга рўйхатдан ўтганлиги ва фаолият юритаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (Ўзбекистон Республикасида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома, ишлаётганлиги ёки ўқиётганлиги, даромад манбаларини тасдиқловчи ҳужжатларни) талаб қилиши мумкин.

Резидент ва норезидент жисмоний шахсларга депозит ҳисобварақлари жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) асосида очилади.


18. Резидент жисмоний шахсларга рақамли идентификациялаш орқали банк ҳисобварағи очилганда, жисмоний шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш талаб этилмайди ҳамда банк ҳисобварағи очиш учун асос бўлган ҳужжатлар электрон шаклда сақланади.


19. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар банк ҳисобварақларига хизмат кўрсатувчи банкда иккиламчи, жамғарма ва муддатли депозит, металл ҳисобварақларини очиш учун ҳисобварақ очиш тўғрисида ариза тақдим қилинади. Мазкур ариза электрон шаклда ҳам тақдим этилиши мумкин.


20. Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар бошқа банкларда иккиламчи, жамғарма ва муддатли депозит, металл ҳисобварақларни очишда ҳам асосий ҳисобварақ очиш учун кўзда тутилган ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.


21. Қайта ташкил этилган юридик шахслар асосий ва иккиламчи ҳисобварақлар очиш учун ушбу Йўриқноманинг мазкур бобида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этадилар.


22. Қонунчиликка мувофиқ ундирув қаратилмайдиган махсус мақсадли ҳисобварақлар хўжалик юритувчи субъектларнинг аризаси асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ очилади.


23. Банк томонидан Марказий банк ёки бошқа банкда, шунингдек вакиллик ҳисобварағи очиш ваколатига эга бўлган ташкилотлар томонидан Марказий банкда вакиллик ҳисобварағи очилаётганда, улар ўртасида ўзаро вакиллик муносабатлари тўғрисида шартнома тузилади.

24. Банк томонидан Марказий банкда ёки бошқа банкда, шунингдек вакиллик ҳисобварағи очиш ваколатига эга бўлган ташкилотлар томонидан Марказий банкда миллий ва чет эл валютасида вакиллик ҳисобварағи очиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

банкнинг ёки вакиллик ҳисобварағи очиш ваколатига эга бўлган ташкилотнинг барча реквизитлари кўрсатилган ҳолда вакиллик ҳисобварағи очиш тўғрисида ариза;

имзолар намуналари қўйилган варақча.


25. Юридик шахс бўлган норезидент банклар (бундан буён матнда норезидент банк деб юритилади) томонидан банкларда вакиллик ҳисобварақларини очиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

норезидент банкнинг тўлиқ номи ва уни рўйхатдан ўтказган давлатдаги юридик манзили кўрсатилган ҳолда вакиллик ҳисобварағи очиш тўғрисида ариза;

имзолар намуналари қўйилган варақча;

рўйхатдан ўтказган давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган лицензиянинг легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган нусхаси;

норезидент банк томонидан ва у рўйхатга олинган давлатда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар қўлланилиши тўғрисидаги ахборот.


26. Янги ташкил этилаётган банк таъсисчилари томонидан банк устав капиталини шакллантириш ва банк рўйхатга олингунга қадар тўланадиган бож ва йиғимлар учун маблағ йиғиш мақсадида Марказий банк ёки тижорат банкида 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағи банк таъсисчилари мурожаати асосида очилиши мумкин. Бунда, таъсисчилар томонидан банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

банк ҳисобварағи очиш тўғрисида ариза;

имзолар намуналари қўйилган варақча;

мижоз номидан тўлов ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси ёхуд янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси).


27. Банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олингандан сўнг 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағидаги маблағлар белгиланган тартибда очилган вакиллик ҳисобварағига таъсисчиларнинг топшириғи асосида ўтказилади ва 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағи ёпилади.



3-БОБ. БАНК ҲИСОБВАРАҚЛАРИНИ

ЮРИТИШ ТАРТИБИ

         

28. Имзолар намуналари қўйилган варақча шакли, шунингдек тадбиркорлик субъектлари бўлмаган резидент юридик шахслар ва норезидент юридик шахслар томонидан тақдим қилинадиган имзолар намуналари қўйилган варақчалар сони банкнинг ички ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Имзолар намуналари қўйилган варақчада қуйидагилар бўлиши керак:

мижознинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

имзо қўйиш ваколати берилган шахсларнинг - фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда уларнинг шахсан қўйилган имзоси;

қонунчилик хужжатларига мувофиқ юридик шахсларда муҳр мавжуд бўлиши талаб қилинган тақдирда - муҳр изи.

Имзолар намуналари қўйилган варақчада банк ички ҳужжатларига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.


29. Банклар томонидан таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга банк ҳисобварақларини масофадан туриб очишда, уларнинг имзо намуналари қўйилган варақчада кўрсатилган резидент жисмоний шахсларни идентификациялаш рақамли идентификациялаш орқали амалга оширилиши мумкин.


30. Имзо намуналари банк мижозининг шахсан ўзи томонидан қўйилиши шарт. Ногиронлиги бўлган шахснинг факсимил имзоси ногиронлиги бўлган шахс томонидан фақат, агар у ўзининг жисмоний нуқсонлари сабабли зарур ҳужжатларни имзолаш чоғида ўз қўли билан имзо қўйиш имкониятига эга бўлмаса, қўлланилиши мумкин.

Имзо қўйиш ваколати берилган шахсларнинг имзолари банк ходими иштирокида қўйилади, бундан масофадан туриб банк ҳисобварағи очиш ҳоллари мустасно.


31. Раҳбар томонидан ваколат берилган шахслардан бирортаси вақтинча ўзгарганда, вақтинча ваколат берилган шахснинг имзо намунаси қўйилиб, амал қилиш муддати кўрсатилган қўшимча варақча тақдим қилинади. Ушбу қўшимча варақча раҳбар томонидан имзоланади ва муҳрланади (тадбиркорлик фаолияти субъектларидан муҳр қўйиш талаб этилмайди).


32. Имзолар намуналари қўйилган варақчага юридик шахсларнинг асосий муҳри ёки юридик шахс филиалининг ёхуд ваколатхонасининг муҳр изининг намунаси қўйилиши шарт. Тўлов ҳужжатларига алоқадор бўлмаган, алоҳида мақсадлар учун муҳрлардан ("Пакетлар учун", "Рухсатномалар учун", "Девонхона", "Маълумотлар учун", "Гувоҳномалар учун" кабилар) фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Муҳр алмаштирилганда ёки йўқолиб қолганда, биринчи ва иккинчи имзо ҳуқуқи берилган шахслар томонидан имзоланган илтимоснома асосида банк ваколатли ходими томонидан муҳр тайёрлатиш учун зарур бўлган муддат берилади. Ушбу муддат ўттиз календарь кундан ошиши мумкин эмас. Бир вақтнинг ўзида банкнинг ваколатли ходими (бош бухгалтер ёки унинг ўринбосари) муҳр бўлмаган вақтда тўлов ҳужжатларини расмийлаштириш тартибини белгилайди, вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳужжатлар муҳр изисиз топширилишига рухсат беради.

Мазкур банд талаблари тадбиркорлик фаолияти субъектларига нисбатан тадбиқ этилмайди.


33. Банк ҳисобварағи эгаси ўз манзилининг ўзгарганлиги тўғрисида хизмат кўрсатаётган банкка беш иш куни давомида ёзма ёки электрон шаклда хабар бериши шарт.


34. Тадбиркорлик фаолияти субъекти бўлмаган резидент юридик шахслар ҳамда бюджетдан маблағ олувчилар, резидент юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиаллари, норезидент юридик шахслар таъсис ҳужжатларида (таъсис шартномасида, уставда) кўрсатилган маълумотлар (муассислар, аъзолар ёки бошқа маълумотлар) ўзгарган тақдирда, улар таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг нусхасини уч иш куни ичида банкка тақдим қилади.


35. Банк ҳисобварағи бўйича операциялар фақат банк ҳисобварағи эгасининг фармойишига кўра ёки банк ҳисобварағидаги пул маблағлари терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи қарори бўйича ёхуд суд ажримига кўра хатланганда, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа ҳолларда тўхтатиб қўйилиши мумкин. Бундай ҳолда, пул маблағлари фақат қарор ёки ажримда кўрсатилган суммага хатланади.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш суд тартибида амалга оширилади, қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.


36. Барча банк ҳисобварақларидан маблағларни ҳисобдан чиқариш амалларини вақтинча тўхтатиб туриш бўйича сўров фақат асосий депозит ҳисобварағини очган банк томонидан қонунчиликда кўзда тутилган ҳоллардагина шакллантирилади.


37. Мижозлар уларга асосий ҳисобварақни очган банк орқали бошқа банкларда очилган ўзининг барча банк ҳисобварақлари ҳақидаги маълумотларни олишлари мумкин.


38. Ўзбекистон Республикасининг "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Қонуни талаблари асосида судгача санация қилиш, ташқи бошқариш ва тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомиллари қўлланиладиган қарздор юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорнинг асосий ҳисобварағига мос равишда сўмдаги судгача санация, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилувчи махсус ҳисобварақ ёки ягона ҳисобварақ мақоми берилади.

Мазкур қонун талаблари асосида судгача санация, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилувчи махсус ҳисобварақ ёки ягона ҳисобварақдан фойдаланиш тартиби қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.



4-БОБ. АСОСИЙ ҲИСОБВАРАҚНИ

БОШҚА БАНККА ЎТКАЗИШ ВА БАНК

ҲИСОБВАРАҚЛАРНИ ЁПИШ ТАРТИБИ

        

39. Асосий ҳисобварақни бошқа банкда очиш учун мижоз томонидан мазкур Йўриқноманинг 2-бобида назарда тутилган ҳужжатлар тақдим қилинади. Ушбу ҳужжатлар асосида асосий ҳисобварақни очаётган банк мижозга 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағи очади.

Мижоз томонидан банкка чек дафтарчалари ва тўлов терминаллари (мавжуд бўлса) қайтарилади, асосий ҳисобварақни бошқа банкка ўтказиш учун ариза тақдим этилади ҳамда асосий ҳисобварақдаги қолдиқ маблағни асосий ҳисобварақ очилаётган банкдаги 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағига ўтказиш бўйича тўлов топшириқномаси тақдим этилади.

Асосий ҳисобварақни бошқа банкка ўтказаётган банк қолдиқ маблағларни 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағига ўтказиш бўйича мижознинг тўлов топшириқномасини ижро этгандан кейин БДМАБга асосий ҳисобварақни бошқа банкка ўтказиш бўйича сўров шакллантиради. Мазкур сўров уч иш куни давомида фаол бўлади. Ушбу муддат ичида асосий ҳисобварақ очилмаган тақдирда, асосий ҳисобварақни ёпаётган банк томонидан сўров такроран шакллантирилади.

Асосий ҳисобварақ очилаётган банкдаги 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағига маблағлар кирим қилингандан сўнг янги асосий ҳисобварақ очилади. Бунда, 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағидаги маблағлар асосий ҳисобвараққа банк томонидан мемориал ордер билан ўтказилиб, 29801 - "Мижозлар билан ҳисоб-китоблар" ҳисобварағи ёпилади.

Мижознинг асосий ҳисобварағи бошқа банкка кўчирилганда, унинг иккиламчи ҳисобварақлари ёпилмайди ва асосий ҳисобварақнинг назорат калитидан ташқари барча маълумотлар ўзгармаган ҳолда сақланади.

Ўтказилган асосий ҳисобварақ бўйича келиб тушган тўлов ва ижро ҳужжатлари рўйхатдан ўтказилгач, улар янги асосий ҳисобварақ очилган банк (филиал) номи кўрсатилган ҳолда қайтариб юборилади.


40. Хўжалик юритувчи субъектларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида очиладиган қонунчиликка мувофиқ ундирув қаратилмайдиган махсус мақсадли ҳисобварақлари ушбу қарорларда белгиланган вақтинча фойдаланиш муддати тугаган санадан кейинги иш куни ёпилади. Ушбу ҳисобварақлардаги маблағлар қолдиғи банк томонидан мемориал ордер билан хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағига ўтказилади.

Бунда, ушбу ҳисобварақни ёпиш учун ариза олиш талаб этилмайди.


41. Шартнома мижознинг аризасига мувофиқ исталган вақтда ёки унда кўрсатилган ҳолатлар юз берганда бекор қилинади. Шартноманинг бекор қилиниши мижознинг банк ҳисобварағини ёпиш учун асос бўлади.

Шартнома суд орқали бекор қилинганда ҳам банк ҳисобварақлари ёпилиши мумкин.


42. Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган тадбиркорлик субъектлари давлат реестридан чиқарилган кундан эътиборан шартнома бекор қилинган ҳисобланади.


43. Ихтиёрий тугатилаётган ва (ёки) молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларини ёпиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сон "Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби ҳамда Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига асосан амалга оширилади.


44. Нодавлат нотижорат ташкилотлари тугатилаётганда, уларнинг банк ҳисобварақларини ёпиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 январдаги 5-сон қарори билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларини тугатиш тартиби тўғрисида низомга асосан амалга оширилади.


45. Ушбу Йўриқноманинг 43 ва 44-бандларида кўзда тутилмаган хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти тугатилаётганда, якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти тўхтатилаётганда, улар томонидан хизмат кўрсатувчи банкка ариза билан мурожаат қилинади ҳамда фойдаланилмаган чеклар ва тўлов терминаллари (мавжуд бўлса) қайтарилади. Ушбу субъектларнинг асосий ҳисобварағини ёпишдан олдин уларга очилган барча иккиламчи ҳисобварақлар уларнинг аризаси асосида ёпилади.

Мазкур субъектларнинг асосий ҳисобварағини ёпишдан олдин уларнинг солиқ қарзи мавжудлиги "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали текширилади. Солиқ қарзи мавжуд бўлганда, асосий ҳисобварақни ёпишга йўл қўйилмайди.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилган контрактлари бўйича қарздорликлар мавжуд бўлган тақдирда, ушбу қарздорликлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги 216-сон "Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорида белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилгандан сўнг асосий ҳисобварақ белгиланган тартибда ёпилади.


46. Банк ҳисобварақлари ёпилаётганда, банкнинг ваколатли ходими ёпилаётган банк ҳисобварағидан мижозга охирги марта кўчирма берилган кундан бошлаб ушбу банк ҳисобварағига киритилган барча ёзувларни ҳужжатлар бўйича синчиклаб текшириши, ссуда ва банк хизматлари учун ҳисобланган ҳамда тўланган фоизларни инобатга олган ҳолда чиқарилган охирги қолдиқнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиши ва ёпилаётган банк ҳисобварағига тегишли ёзувларни киритиб, имзо чекиши шарт.

Банк ҳисобварағи ёпилгандан сўнг, банк мижозга (мижоз тугатилганда - таъсисчиларга) барча тақдим қилинган талаблардан озод бўлган пул маблағларнинг қолдиғи тўғрисидаги маълумотномани тақдим этади.


47. Банкларнинг ёки вакиллик ҳисобварағи очиш ваколатига эга бўлган ташкилотларнинг вакиллик ҳисобварақлари уларнинг вакиллик муносабатларини тўхтатиш тўғрисидаги аризасига кўра, шунингдек банклар ёки вакиллик ҳисобварағи очиш ваколатига эга бўлган ташкилотларни тугатиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари асосида ёпилади.


5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА

         

48. Ушбу Йўриқнома талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 9 февраль


































































Время: 0.1948
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск