ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш / Бозорларда савдо қилиш /

Деҳқон бозорларига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари (0035-22-сон СанҚваН) (ЎзР Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 17.11.2022 й. N 30-сон)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Санитария-эпидемиологик осойишталик

ва жамоат саломатлиги хизматининг

2022 йил 17 ноябрдаги

30-сон қарорига

ИЛОВА



Деҳқон бозорларига қўйиладиган

санитария-гигиена талаблари

(0035-22-сон СанҚваН)

            

           

Мазкур Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (бундан буён матнда санитария қоидалари деб юритилади) қурилаётган, қайта қурилаётган ва фаолият юритаётган, озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи барча деҳқон бозорларининг (бундан буён матнда бозорлар деб юритилади) санитария-гигиена ҳолати, улардаги маҳсулотларни сақлаш, ташиш ҳамда сотишга бўлган санитария талабларини белгилайди.



1-БОБ. ДЕҲҚОН БОЗОРЛАРИ ҲУДУДИГА

БЎЛГАН САНИТАРИЯ ТАЛАБЛАРИ

         

1. Эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида бозор ҳудуди қуйидагиларга бўлинади:

савдо-сотиқ растаси;

маъмурий-омборхона (маъмурий-маиший хоналар, бозор ходимлари овқатланиши учун умумий овқатланиш жойлари, омборхоналар);

харидорлар учун ободонлаштирилган бозор ички йўлаклари;

транспорт воситалари турар жойи;

хўжалик, чиқинди йиғиш майдони.


2. Кўп миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотларини автомашиналарда сотиш учун бозор ҳудудида юк автомашиналарининг кириб чиқишини таъминлайдиган майдон бўлиши лозим.


3. Чиқиндилар қопқоқли контейнер ва қутиларга йиғилади. Мазкур контейнер ва қутилар ери қаттиқ қопламага эга бўлган, атрофи тўсилган майдончага жойлаштирилади.

Бунда, чиқинди йиғиш майдончаси савдо ҳудудидан камида 25 метр узоқликда бўлиши, шунингдек бозор ҳудудининг ҳар 250 кв.м майдонига 1 та контейнер ўрнатилиши лозим.

Контейнерлар ва чиқинди йиғиш идишлари бозор ҳудудидан суткасига камида бир марта олиб кетилиши зарур. Чиқиндиларни бозор ҳудудида ёқиб юборишга йўл қўйилмайди.


4. Бозор ҳудуди савдо бошланишидан аввал ва тугатилганидан сўнг тозаланади. Қиш мавсумида бозор ҳудуди (кириш йўллари ва йўлаклар) қор ва муздан мунтазам тозалаб турилиши керак.



2-БОБ. СУВ ТАЪМИНОТИ ВА КАНАЛИЗАЦИЯГА

БЎЛГАН ТАЛАБЛАР

            

5. Бозордаги иссиқ ва совуқ сув таъминоти ҳамда канализация тизимлари ҚМҚ 2.08.02-09-сон "Жамоат бинолари ва иншоотлари" талабларига жавоб бериши керак.


6. Технологик, маиший-хўжалик, ичимлик учун фойдаланиладиган сув СанҚваН 0211-06-сон "Ўзбекистон аҳолисининг хўжалик-ичимлик сув таъминоти марказлаштирилган тизими сувининг гигиеник мезонлари ва сифатининг назорати" талабларига жавоб бериши зарур.


7. Бозор ҳудудига сув сепиш ва автомашиналарни ювиш учун техник сувдан фойдаланилади. Бунда, ичимлик сувидан фойдаланилишининг олдини олиш мақсадида техник ва ичимлик сувлар бир-биридан ажратилган бўлишини таъминлаш лозим.


8. Умумий сони камида 50 та савдо ўрнига эга бўлган бозор ҳудудида харидорлар ва ходимлар учун камида битта қўл ювиш раковинаси, савдо жиҳозлари, мева ва сабзавотларни ювиш учун қурилмалар бўлиши лозим.


9. Марказий иссиқ сув таъминоти бўлмаган тақдирда, ювиш хоналарида етарли даражада иссиқ сув билан таъминлаш учун электр қайнатгич, электр иситгичлардан фойдаланилади.


10. Санитария жиҳозлари ва ювиш ускуналари соз, тоза сақланиши ҳамда ҳар куни дезинфекция қилиниши керак.


11. Ҳожатхонага кираверишда, хоналарни тозалашга сув олиш учун полдан 0,5 метр баландликда иссиқ ва совуқ сув келтирилган кран ўрнатилиши керак.


12. Оқова сувлар шаҳар оқова сув тизимига уланган бўлиши керак.



3-БОБ. ВЕНТИЛЯЦИЯ, ИСИТИШ ВА

ЁРИТИШГА БЎЛГАН ТАЛАБЛАР

          

13. Бозордаги турғун (стационар) объектлар шаҳар иссиқлик тармоғига уланган бўлиши, шунингдек ШНҚ 2.04.05-сон "Иситиш, вентиляция ва кондициялаш талаблари"га мувофиқ, механик вентиляция тизими билан таъминланган бўлиши керак. Марказий иситиш тизими мавжуд бўлмаган тақдирда, турғун объектларда маҳаллий иситиш қурилмалари (қозонлар, печлар) ўрнатилиши лозим.


14. Бозорлардаги хоналарни иситиш, вентиляция ва ҳавони алмаштириш тизими мосламалари, савдо ва омборхоналарда микроиқлим шароитлари, ҳавонинг тозалиги, ускуналардан фойдаланишда улардан чиқувчи шовқин ва тебранишлар, хонанинг иситилиши ва вентиляцияси СанҚваН 0325-16-сон "Иш жойларида рухсат этилган шовқин даражаси бўйича санитария меъёрлари" ва СанҚваН 0326-16-сон "Иш жойларида умумий ва маҳаллий тебраниш бўйича санитария меъёрлари"да белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.


15. Сабзавот, мева, резавор мевалар ва кўкатларни сақлаш учун мўлжалланган музлаткич камералари алоҳида вентиляция тизими билан жиҳозланган бўлиши керак.


16. Бозордаги барча хоналарни ёритиш ШНҚ 2.01.05-сон "Табиий ва сунъий ёритиш талаблари"га мувофиқ бўлиши зарур.


17. Маҳсулотларга ёт жисм, шиша парчалари тушишининг олдини олиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш камералари ва паст ҳароратли хоналарда ўрнатиладиган ёритгичлар металл тўр билан ҳимояланган воситаларга эга бўлиши керак.


18. Ёпиқ иншоотдаги ёритиш тирқишларини бинонинг ички ва ташқи томонидан идиш ва маҳсулотлар билан тўсиб қўйиш, шунингдек дераза ойналарини картон билан алмаштириш ва бўёқ билан бўяшга йўл қўйилмайди. Деразалардаги синган ойналар дарҳол алмаштирилиши лозим.



4-БОБ. БОЗОР ХОНАЛАРИГА БЎЛГАН ТАЛАБЛАР

          

19. Зарарли микроорганизмлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида хом ашё ва тайёр маҳсулотлар учун алоҳида хоналар бўлиши лозим.


20. Тез бузилувчи маҳсулотларни сотиш объектлари хом ва тайёр маҳсулотларни алоҳида сақлаш учун мўлжалланган совутиш ускунаси билан таъминланиши керак.


21. Шартли-яроқли турдаги гўштни яроқлилик масаласи ҳал қилингунча, бозорда бундай турдаги гўштни вақтинча сақлаш учун совутиш камера-изолятори бўлиши керак.


22. Ички хоналарнинг девори сувга ёки ювувчи воситаларга чидамли қоплама билан қопланиши лозим.


23. Санитария кийимлари очиқ ҳолда сақланиши керак. Бунинг учун маиший хоналарнинг кийим сақлаш жойлари илгичлар ёки очиқ шкаф ва пойабзал қўйгичлар билан жиҳозланади. Санитария кийимлари, махсус кийимлар ва уй кийими бир-биридан алоҳида сақланиши лозим.


24. Ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси гўшт ва сут маҳсулотлари сотиладиган усти ёпиқ иншоотларга яқин ҳамда яшаш уй-жойлари ва кучли таъсир этувчи моддалар сақланадиган омборхоналар бўлмаган ҳудудда жойлаштирилади.


25. Лабораторияларда бир нечта алоҳида хоналар (гўшт, гўшт маҳсулотлари ва балиқларни экспертиза қилиш учун мўлжалланган текшириш хонаси (текшириш хонасида кафел ёки озиқ-овқатга мўлжалланган алюминий тунука билан қопланган стол ўрнатилади), озиқ-овқат маҳсулотларини текшириш хонаси, ювиш хонаси, мудир хонаси, дезинфекцион моддаларни сақлаш хонаси ва лаборатория ходимлари учун ҳожатхона) кўзда тутилади.



5-БОБ. АСБОБ-УСКУНА ВА ЖИҲОЗЛАРГА

БЎЛГАН САНИТАРИЯ ТАЛАБЛАРИ

         

26. Бозорлар уларнинг қувватига яраша зарур савдо-технологик жиҳозлар ва совутгич ускуналар билан таъминланиши керак.


27. Савдо ускуналари, жиҳозлар, идиш-товоқлар ва махсус озиқ-овқат маҳсулотлари учун мўлжалланган қадоқлар бемалол ювилиши ва дезинфекцияланиши мумкин бўлган материаллардан тайёрланган бўлиши керак.


28. Ишлов тахталари, гўшт чопиш тўнкалари сирти текис ёриқларсиз бўлиб, қаттиқ дарахт туридан тайёрланган бўлиши керак. Гўшт чопиш тўнкалари махсус жойга ўрнатилиб, ташқи сирти мойли бўёқ билан бўялади, ҳар куни ишдан кейин пичоқ билан тозаланади ва туз сепиб қўйилади. Вақти-вақти билан тўнка арраланади ва рандаланади.


29. Ишлов тахталари, пичоқлар қайси маҳсулот тури учун ишлатилишига қараб махсус белгилар билан белгиланиши ҳамда алоҳида жойда сақланиши керак.


30. Гўштларни илиш илмоқлари зангламайдиган темирдан тайёрланган бўлиши лозим.


31. Совутиш ускуналари маҳсулотларни сақлаш ҳароратини назорат қилиб бориш учун термометрлар билан жиҳозланади.


32. Бозорда савдо қилишда фойдаланиладиган тарозилар, тарози тошлари, чўмичлар, тоғоралар, пичоқлар, қошиқлар, белкураклар, болталар, илгаклар, столлар, гўшт чопиш учун тўнкалар, йирик ҳажмдаги идишлар, челаклар, совутгич ускуналари ва шу каби бошқа савдо жиҳозлари санитар-гигиеник жиҳатдан тоза ва хавфсиз бўлиши зарур.


33. Асбоб-ускуна ва жиҳозлар ишлатилгандан сўнг алоҳида сақланиб, ювиш воситалари қўшилган ҳолда иссиқ сув билан ювилади.


34. Маҳсулотларни сақлаш учун мўлжалланган панжаралар, жавонлар ва тагликларнинг юзаси силлиқ, осон ювиладиган ҳамда дезинфекциялаш учун қулай бўлиши керак. Уларнинг пол сатҳидан баландлиги 15 смдан кам бўлмаслиги лозим.


35. Чиқиндиларни йиғиш идишларининг 2/3 қисми тўлганида, улар бўшатилиши ва тозаланиши ҳамда иш тугаганда, дезинфекцияловчи моддалар эритмасида ювилиши керак.


36. Озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш жавонлари, пештахталар тўлиқ пластик, зангламайдиган тунука ёки бошқа осон ювиладиган ва дезинфекцияланадиган материаллар билан қопланиши керак.


37. Тозалаш анжомлари уларнинг фойдаланиш мақсадидан келиб чиқиб тамғаланади ҳамда алоҳида хоналарда сақланади.


38. Ўткир юқумли ичак касалликлари ҳамда бошқа ўта хавфли юқумли касалликларнинг келиб чиқиши ва кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳожатхоналарни тозаловчи анжомларга қизил рангда белги қўйилиши ҳамда улар махсус ажратилган жойда сақланиши лозим.



6-БОБ. ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ, САҚЛАШ ВА СОТИШГА

БЎЛГАН САНИТАРИЯ ТАЛАБЛАРИ

          

39. Озиқ-овқат маҳсулотлари амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ ҳарорат ва намликда сақланиши керак.


40. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш маҳсулотларнинг ўзига хос хусусиятига ва сақлаш меъёрларига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилиб, бунда ўзига хос ҳидга эга маҳсулотлар ўзига ҳид қабул қилувчи маҳсулотлардан алоҳида сақланиши талаб этилади.


41. Совутилган гўшт (тана, яримтана) илгакка илинган, бир-бирига хамда пол ва деворга тегмаган ҳолда 0°С дан 4°С гача ҳароратда 72 соатгача сақланади. Музлатилган гўшт стеллаж ёки тагликда сақланиши мумкин.


42. Бозорга ёввойи қушларнинг гўштини (тозаланмаган паррандалар бундан мустасно) қабул қилиш мазкур санитария қоидалари талабларига мувофиқ амалга оширилади.


43. Сувда сузувчи қушларнинг (ўрдак, ғоз), инкубатордаги товуқларнинг тухумини қабул қилиш ҳамда сотишда уларнинг ёриғи бор (синган) ёки йўқлиги, устки қавати бутунлиги, бузилганлиги ёки тухумларнинг ифлосланганлиги инобатга олинади.


44. Сут маҳсулотлари тоза идишда қабул қилинади. Идишлар махсус материаллардан (шиша, чинни, алюмин, бидонлар) тайёрланиши ва улар тоза ҳамда зич ёпиладиган қопқоқли бўлиши керак.


45. Суюқ сут маҳсулотларини (сут, қаймоқ ва бошқалар) бидонга қуйгач, бидон оғзи беркитилади.

Маҳсулотлар харидорнинг идишидан қайта умумий идишга қуйилмайди.


46. Савдо анжомлари (қошиқ, куракча ва бошқалар) махсус идишда сақланиши (сутли маҳсулот идишлари ичида қолдирмаган ҳолда) ва ҳар куни ювиб турилиши керак. Сут маҳсулотлари учун мўлжалланган анжомлар фақат сут маҳсулотларига ишлатилади.


47. Янги мева ва сабзавотлар қадоқланган ҳолатда, махсус шамоллатиладиган хоналарда, табиий ёритилмаган шароитда сақланади. Сабзавот ва меваларни сақлашда уларнинг турига қараб, ҳавонинг нисбий намлиги 70 - 90 фоиз ва ҳарорат +3°С дан +12°С гача бўлган оралиқда бўлиши лозим.


48. Хом ва тайёр маҳсулотларнинг жойлаштирилиши бир-биридан алоҳида амалга оширилади.


49. Сут ва сут маҳсулотлари таркибида нейтраллаштирувчи ва консервацияловчи моддалар, кимёвий воситалар, антибиотиклар қолдиқлари бўлмаслиги лозим.


50. Карахт қилинган балиқ олиб келинган идишида -2°C ҳароратда 48 соатдан кўп бўлмаган вақтда сақланиши керак. Тирик балиқ тоза сувли аквариумда 10°С ҳароратда иссиқ кунлари 24 соатгача, совуқ кунлари 48 соатдан кўп бўлмаган вақтда сақланади.


51. Асал эгаси томонидан асални сотиш учун тоза, махсус материаллардан (зангламайдиган пўлат, алюмин қотишмалари, шиша ҳамда дарахтдан ясалган (қарағай ва игнабаргли дарахтдан ташқари) тайёрланган идишларда олиб келинади.

Асал харидорнинг тоза идишига солинади. Асал намуналари, махсус материаллардан тайёрланган идишларда пештахтага қўйилади.


52. Ўсимликлардан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари янги, шунингдек қуритилган ёки тузланган ҳолатда сотилади.


53. Сабзавотлар, кўкатлар, янги қўзиқорин маҳсулотлари савдоси уларнинг ер ёки полга тегиб туришининг олдини олиш мақсадида жавонларда жойлаштирилган саватлар, йирик ҳажмли идишлар, қутилар ва қопларда, стол устида, машиналарда сақланиши керак.


54. Мевалар, сабзавотлар ва тузламалар бир-биридан алоҳида жойлаштирилган ҳолда сотилади.


55. Тузланган мева ва сабзавотлар фақат шу мақсадлар учун мўлжалланган ёғоч, сирланган ёки пластик идишларда сотилади. Харидорларга маҳсулотлар фақат махсус куракчалар ва чўмичларда олиб берилади.


56. Қуритилган қўзиқоринларни сотиш учун алоҳида илгаклар билан жиҳозланган жой ажратилади.


57. Ун, ёрма, дон маҳсулотлари тагликлар устига жойлаштирилган тоза идишларда туриши ва харидорларнинг тоза идишларига солиниши керак.


58. Тез бузиладиган маҳсулотлар очиқ майдонларда совутгичларда сақланган ҳолда сотилади.



7-БОБ. ДЕЗИНФЕКЦИЯ, ДЕЗИНСЕКЦИЯ

ВА ДЕРАТИЗАЦИЯ ТАДБИРЛАРИ

              

59. Бозорнинг барча хоналари гигиеник тоза тутилиши мақсадида, маҳсулотлар ифлосланишининг олдини олган ҳолда, кун давомида жорий тозалаш ишлари ўтказилади. Иш тугагандан сўнг савдо ва механик анжомлар (тарозилар, жавонлар, пештахталар) ишқор эритмасида, кейин иссиқ сувда артилиши керак.


60. Бозор ҳудудида ҳафтада бир марта ювиш ва дезинфекцияловчи воситаларни қўллаган ҳолда мукаммал тозалаш ишлари ўтказилади.


61. Хоналарни, ускуналарни, анжомларни, идишларни ва бошқаларни тозалаш ҳамда дезинфекция ўтказиш учун бир ойда бир марта санитария куни белгиланади. Санитария куни ўтказилиши ҳақида бозор маъмурияти томонидан харидорлар олдиндан хабардор қилинади ҳамда савдо зали маҳсулотлардан бўшатилади.


62. Бозорнинг бутун ҳудуди ва хоналарида мунтазам равишда ҳашаротлар ҳамда кемирувчиларга қарши тадбирлар ўтказилиши лозим.


63. Ювиш ва дезинфекцияловчи воситалар озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш рухсат этилмайдиган, қуруқ ва яхши шамоллатиладиган хоналарда сақланади.


64. Ҳожатхоналар талабга қараб ва ишдан кейин тозаланади, ювилади ва хлор оҳак эритмасини сепиш (ювиш) йўли билан ёки бошқа дезинфекция воситалари билан дезинфекцияланади. Ҳожатхоналар тозаланганда, ҳар гал ҳожатхонага одам кирганда қўли тегиши мумкин бўлган сув жўмраги, эшикларнинг ушлагичлари, ёпгичлари дезинфекцияловчи эритмада ҳўлланган алоҳида ажратилган мато билан артиб чиқилади.

Ҳожатхоналарни дезинфекциялаш учун фаоллиги 500 мг/л. миқдорли хлор эритмаси ишлатилади.



8-БОБ. БОЗОРЛАРДА ОЗИҚ-ОВҚАТ ХОМ АШЁСИ

ВА МАҲСУЛОТЛАРИНИ ТАШИШГА БЎЛГАН

САНИТАРИЯ ТАЛАБЛАРИ

          

65. Озиқ-овқат хом ашёси ва маҳсулотларини ташишда хом ва тайёр маҳсулотларни алоҳида ташиган ҳолда, ҳар бир маҳсулотга нисбатан санитария қоидаларига риоя этилиши керак.


66. Озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларини ташишда шу мақсад учун мўлжалланган ёки махсус жиҳозланган транспорт воситаларидан фойдаланилади.

Бунда, йилнинг иссиқ даврида маҳсулотларни ташиш +6°С дан юқори бўлмаган ҳароратда музлатгичли юклагичда олти соатдан ва изотермик юклагичда бир соатдан кўп бўлмаган вақтда амалга оширилади.


67. Тирик балиқлар махсус ва сувни кислород билан тўйинтирувчи ускунаси бўлган термоизоляцияли цистернали транспорт воситаларида ташилади.

Бунда, сув ҳарорати қишда +2°C даражадан паст, ёзда +14°C даражадан юқори бўлмаслиги керак.


68. Озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш учун мўлжалланган транспорт воситаларидан фақат ушбу мақсадларда фойдаланилиши лозим.

Озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларини ташувчи ҳайдовчилар тоза махсус иш кийимига эга бўлиши ва шахсий гигиена қоидалари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш қоидаларига риоя этишлари керак.

Озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш транспортларида ҳар куни санитария тозалаш ва ўн кунда бир марта дезинфекция ўтказилиши лозим.



9-БОБ. БОЗОР ХОДИМЛАРИ ВА СОТУВЧИЛАРГА

НИСБАТАН ШАХСИЙ ГИГИЕНА ТАЛАБЛАРИ

            

69. Озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, ташиш ва сотиш билан банд бўлган бозор ходимлари (тарозичилар, гўшт чопувчилар, омборхоначилар ва бошқалар) ва сотувчилар бозор ҳудудидаги иш фаолиятида қуйидаги талабларга риоя қилишлари лозим:

кийим, юз, тана, қўл, сочларни тоза тутиш ва тирноқларни калта олдириш;

ишни бошлашдан аввал қўлларни совун билан ювиб, тоза кийимларни кийиш, сочларни қалпоқ ва рўмол тагига яшириш;

фақат шу мақсадлар учун белгиланган жойларда овқатланиш ва чекиш;

иситма кўтарилганда, тери ва ошқозон-ичак касалликлари аломатлари, бошқа касалликлар белгилари пайдо бўлганда, бу ҳақида бозор маъмуриятига хабар бериш, маслаҳат ва даволаниш учун тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш.


70. Мазкур санитария қоидаларини ишлаб чиқувчилар рўйхати иловада келтирилган.

         

        




Санитария-гигиена талабларига

ИЛОВА



Ишлаб чиқувчилар рўйхати:

          

А.Д. Исмаилов

-

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Санитария-гигиена бошқармаси бош мутахассиси, т.ф.н.


Қ.Т. Бокиев

-

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Санитария-гигиена бошқармаси бош мутахассиси, т.ф.н.


Л.Р. Турдиева

-

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Стандартлаш ва метрология бўлими бошлиғи.


Тақризчилар рўйхати:

         

Д.Ш. Алимухамедов

-

Тошкент тиббиёт академияси, Овқатланиш, болалар ва ўсмирлар гигиенаси кафедраси ассистенти, т.ф.д.


Г.М. Исраилова

-

Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ошириш маркази, Гигиена кафедраси доценти.

             

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz).

















































































Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск