ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Талабалар ва таълим олувчилар /

Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.02.2023 й. 84-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 27 февралдаги

84-сон қарорига

2-ИЛОВА



Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг (кейинги ўринларда - оромгоҳ) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Оромгоҳ санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари, хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб берадиган ва қулай шароитда болаларнинг кундалик ҳаёт тарзига риоя этиши, сифатли овқатланиши, ижодий ва илмий салоҳиятининг ривожланиши, соғлом турмуш тарзи кўникмаларининг шаклланиши, дам олиши, саломатликларининг тикланиши ва мустаҳкамланиши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларини таъминловчи соғломлаштириш ташкилоти ҳисобланади.


3. Оромгоҳ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ўз уставига амал қилади.


4. Мазкур Низом талаблари ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча оромгоҳлар фаолиятига нисбатан татбиқ этилади.



2-БОБ. ОРОМГОҲЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар оромгоҳнинг вазифалари ҳисобланади:

болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш;

болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш;

болаларни тарихий ва миллий анъаналар ҳамда маънавий қадриятлар билан таништириш, уларда мафкуравий иммунитетни ҳамда умуминсоний ва миллий қадриятларни шакллантиришга кўмаклашиш;

болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда интеллектуал ривожланган ва салоҳиятли ёшларни тарбиялашга ҳисса қўшиш.


6. Оромгоҳ ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

болаларнинг ҳар томонлама камол топиши, хусусан, уларнинг қизиқишлари, иқтидорининг ривожланиши, мустақил билим олиши ва ижодий меҳнат қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратади;

болаларнинг эҳтиёжларига мувофиқ уларнинг ижодий имкониятларини ривожлантиришга қаратилган тўгараклар ташкил этади, қўшимча таълим хизматларини кўрсатади;

болалар билан санъат ва ҳунармандчилик йўналишлари бўйича машғулотлар ўтказади;

қобилиятли ва иқтидорли болаларни аниқлайди, уларнинг маҳоратини ривожлантиришга қаратилган мусобақалар, техник, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик, экология ва бошқа йўналишлардаги тадбирларни ташкил этади;

таълим ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик қилади, уларнинг мутахассислари иштирокида семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари, мастер класслар ўтказади;

дам олиш ва соғломлаштиришга қабул қилинган болаларнинг ҳисобини юритади;

оромгоҳлар фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади.



3-БОБ. ОРОМГОҲЛАР ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Оромгоҳлар стационар оромгоҳлар ва кундузги оромгоҳларга ажратилади.

Стационар оромгоҳлар - стационар база асосида қурилган ёки вақтинчалик ижарага олинган объектларда ташкил этилиб, унда смена давомида болаларнинг дам олиши ташкил этилади ва соғломлаштирилади.

Кундузги оромгоҳлар - умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, спорт, ижтимоий хизмат кўрсатиш, санаторий-курорт муассасаларида вақтинчалик ташкил этилиб, унда фақатгина кундуз куни болаларнинг дам олиши ташкил этилади ва соғломлаштирилади.


8. Оромгоҳ жисмоний ва юридик шахслар (кейинги ўринларда - муассис) томонидан ташкил этилади.

Оромгоҳ бир нечта муассислар ва касаба уюшмаларининг биргаликдаги қарори асосида ташкил этилиши мумкин.


9. Стационар оромгоҳ юридик шахс ҳисобланиб, мустақил балансга, банк ҳисобварағига, ўз номи ёзилган муҳрга, штамп ва бланкаларга эга бўлади.


10. Оромгоҳ фаолиятига раҳбарликни муассис, муассис бир нечта бўлганда келишув асосида улардан бири томонидан тайинланадиган оромгоҳ раҳбари амалга оширади.


11. Оромгоҳда болаларни соғломлаштириш муддатлари муассис(лар) томонидан белгиланади. Бунда соғломлаштириш муддатлари ёзги мавсумда 10 кундан, кузги, қишки ва баҳорги мавсумда 7 кундан кам бўлмаслиги лозим.


12. Оромгоҳда болаларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда гуруҳлар тузилади. Гуруҳлардаги болалар сони 7-9 ёшдаги болалар учун 30 нафардан, 10-14 ёшдаги болалар учун 40 нафардан ошмаслиги керак.


13. Оромгоҳларда Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш концепциясида назарда тутилган ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилади.



4-БОБ. ОРОМГОҲЛАР ФАОЛИЯТИНИ ИХТИСОСЛАШТИРИШ


14. Оромгоҳлар болаларнинг ёшини эътиборга олган ҳолда турли ихтисослашган йўналишларда ташкил этилиши мумкин.


15. Стационар оромгоҳ қуйидаги ихтисослашган йўналишларда ташкил этилади:

интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари;

спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари;

санаторий-соғломлаштириш оромгоҳлари;

ҳарбий-спорт оромгоҳлари;

экологик-биологик ва ўлкашунослик оромгоҳлари;

ихтисослашган болалар оромгоҳлари.


16. Кундузги оромгоҳ қуйидаги ихтисослашган йўналишларда ташкил этилади:

меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари;

спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари;

экологик-биологик ва ўлкашунослик оромгоҳлари.


17. Манфаатдор ташкилотларнинг таклиф ва ташаббуслари асосида бошқа йўналишлардаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилиши мумкин.


18. Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари фан олимпиадалари, таълим соҳасининг турли даражадаги мусобақалари ғолиблари бўлган 10-14 ёшгача болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши учун йўналтирилиб, унда бир ёки бир нечта фанлар ёхуд тиллар чуқурлаштирилган тарзда ўргатилади.


19. Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари интеллектуал ўқув машғулотлари ва маданий-маърифий тадбирлар дастурлари асосида фаолият кўрсатади.


20. Интеллектуал ўқув машғулотлари дастури фан йўналишлари бўйича дарс ва тўгарак машғулотлари, маҳорат дарслари, фан кечалари, интеллектуал мусобақа, викторина ва бошқа танловлар шаклида амалга оширилади.

Маданий-маърифий тадбирлар дастури спорт мусобақалари, ижодий учрашувлар, бадиий кечалар ва концерт дастурлари, иншо ва расмлар танловлари, шунингдек, оромгоҳлар учун тавсия этилган фильмлар намойиши шаклида ташкил этилади.


21. Интеллектуал ўқув машғулотлари ва маданий-маърифий тадбирлар дастурларини амалга оширишга олимлар ва олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилари, адабиёт ва санъат арбоблари жалб этилади.


22. Спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари 8-16 ёшгача болаларнинг ўқув-машқ жараёнини давом эттириш, спорт маҳоратини такомиллаштириш, жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш, соғлиғини мустаҳкамлашга йўналтирилган бўлиб, унда болаларнинг ёши ва спорт турининг ўзига хос хусусиятлари асосида ҳар хил гуруҳлар тузилади.


23. Спорт-соғломлаштириш оромгоҳларидаги ўқув-машқ жараёни болалар спорт мактаблари учун мўлжалланган дастурлар асосида мураббийлар томонидан олиб борилади.


24. Спорт-соғломлаштириш оромгоҳига тарбиячи ва етакчилар сифатида болалар учун спорт йўналишидаги таълим ташкилотларининг мураббийлари жалб этилади.


25. Санаторий-соғломлаштириш оромгоҳлари юрак қон-томир тизими касалланиши, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, таянч-ҳаракат аппаратининг ўзига хос бўлмаган хусусиятлари билан бетоб бўлиб турадиган 7-14 ёшгача болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши учун ташкил этилади.


26. Санаторий-соғломлаштириш оромгоҳларида болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш даволаш-соғломлаштириш режимига қатъий риоя қилган ҳолда даволаш бадантарбияси, тўйимли овқатланиш ҳамда касаллик тури ва хусусиятига мос келувчи профилактик муолажага асосланади.


27. Санаторий-соғломлаштириш оромгоҳларида болаларнинг жисмоний тарбияси тиббий назорат остида олиб борилади. Соғломлаштирилаётган болалар учун жисмоний зўриқиш даражаси ва режими шифокор томонидан белгиланади.


28. Санаторий-соғломлаштириш оромгоҳларида олис масофага ва узоқ вақт давом этувчи саёҳатлар ташкил этилмайди, ҳарбий ўйинлар ва спорт мусобақалари ўтказилмайди. Узоққа ёки тез югуриш, чидамлиликни назарда тутувчи машғулотлар ўтказилиши мумкин.


29. Ҳарбий-спорт оромгоҳлари 12-17 ёшгача болаларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилади.


30. Ҳарбий-спорт оромгоҳларида спорт машғулотлари, психологлар иштирокида семинар-тренинглар ва турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.


31. Экологик-биологик ва ўлкашунослик оромгоҳларида 7-14 ёшгача болалар учун сайёҳлик-ўлкашунослик ва экскурсия ишлари ташкил этилади, уларга мамлакатимизнинг табиий, ижтимоий-иқтисодий ва тарихий жиҳатдан ўзига хос жиҳатлари чуқур ўргатилади.


32. Экологик-биологик ва ўлкашунослик оромгоҳларида болалар учун сайёҳлик, ўлкашунослик, табиатшунослик ва экология йўналишларида тўгараклар ташкил этилади.

Тўгаракларда болаларга табиат ҳодисаларини кузатиш ва таққослаш, экологик муаммоларни ўрганиш ва муҳокама қилиш, шунингдек, тажрибалар ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилади.


33. Экологик-биологик ва ўлкашунослик оромгоҳлари томонидан уларда ўтказиладиган машғулотларнинг хусусиятини инобатга олган ҳолда турли йўналишлар бўйича саёҳатлар ташкил этилади.


34. Ихтисослашган болалар оромгоҳлари 7-14 ёшгача болаларнинг етакчилик ва фаоллигини шакллантириш, уларнинг ижтимоий мослашув кўникмаларини оширишга йўналтирилади.


35. Меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари 15-18 ёшгача болаларнинг ижтимоий фойдали меҳнати дам олиш ва соғломлаштириш билан бирга қўшиб олиб борилишига йўналтирилиб, болалар ижтимоий фойдали меҳнатга тайёрланади ва уларнинг меҳнат кўникмалари шакллантирилади.


36. Меҳнат ва дам олиш оромгоҳларида ҳар бир мавсум 12 кундан кўп бўлмаган муддатга белгиланади.


37. Болаларни ижтимоий фойдали меҳнатга тайёрлаш ва уларнинг меҳнат кўникмаларини шакллантиришда бажараётган ишининг тури ва муддатларидан қатъи назар, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари талабларига риоя қилиниши шарт.


38. Меҳнат ва дам олиш оромгоҳларига қабул қилинган болалар қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланган ишларга жалб қилинишига йўл қўйилмайди.


39. Меҳнат ва дам олиш оромгоҳларининг кун тартибини ишлаб чиқишда болаларнинг меҳнат фаолиятини жисмоний соғломлаштириш ва маданий-оммавий тадбирлар билан уйғунлаштирилган ҳолда олиб бориш назарда тутилади.



5-БОБ. БОЛАЛАРНИНГ ДАМ ОЛИШИ

ВА СОҒЛОМЛАШТИРИЛИШИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


40. Оромгоҳларда болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш масалалари бўйича республика комиссияси қарори асосида мактаб таътиллари (ёзги, кузги, қишки ва баҳорги) даврида ташкил этилади, қолган вақтларда оромгоҳлар дам олиш маскани сифатида фаолият юритади.


41. Болалар стационар оромгоҳларга йўлланма асосида юборилади. Йўлланмалар болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда - ота-оналар) ишлаётган ташкилотлар, ҳомийлар, касаба уюшмаларининг маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан харид қилинади.


42. Стационар оромгоҳларда беш кишидан иборат таркибда болаларни қабул қилиш ва кузатиш комиссияси тузилади.


43. Болаларни қабул қилиш ва кузатиш комиссияси стационар оромгоҳ раҳбари (комиссия раиси) ва аъзолардан (тарбиячи, етакчи, бош шифокор ва ҳамшира) ташкил топади.


44. Болалар йўлланма ва боланинг соғлиғи ҳақидаги тиббий маълумотнома (079/х-шакл) асосида стационар оромгоҳга қабул қилинади.


45. Стационар оромгоҳга болалар мазкур оромгоҳ тиббиёт ходимлари кўригидан ўтказилган ҳолда қабул қилинади.


46. Тиббий кўрик жараёнида болада бирор касаллик аломати аниқланса, бола стационар оромгоҳга қабул қилинмайди ва унинг даволаниши учун 3 кун муддат берилади. Бола 3 кун ичида даволаниб келган тақдирда қабул қилинади.

Даволаниш муддати 3 кундан ортиқ давом этган тақдирда, ота-онасининг 10 кун ичида берган мурожаатига асосан болага берилган йўлланма қайтариб олинади, йўлланма учун тўланган маблағнинг 85 фоизи йўлланма тўловини амалга оширган шахсга қайтарилади.


47. Бир сменада дам олган ва соғломлаштирилган болалар стационар оромгоҳга мазкур Низомда белгиланган тартибда кейинги сменаларда ҳам қабул қилиниши мумкин.


48. Стационар оромгоҳ ходимларининг штатлар жадвали муассис(лар) томонидан тасдиқланади.


49. Тиббиёт ходимлари стационар оромгоҳга тегишли ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари билан келишган ҳолда ишга қабул қилинади. Тиббиёт ходимлари ва оромгоҳ раҳбарияти болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ва жисмоний ривожланиши, улар билан мавсум давомида даволаш-профилактика ишлари олиб борилиши, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши учун масъул ҳисобланади.


50. Болалар ҳамда оромгоҳ ходимларига биринчи тиббий ёрдам бепул кўрсатилади.


51. Стационар оромгоҳ ходимлари учун болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши мавсуми давомида яшаш ва овқатланиш бепул амалга оширилади, бунинг учун сарфланадиган харажатлар оромгоҳ маблағлари ва муассис(лар) ҳисобидан қопланади.


52. Кундузги оромгоҳ ёки соғломлаштириш майдончасининг кундалик фаолияти муассис(лар) қарорига кўра қуйидагича ташкил этилади:

соат 08.30 дан 14.00 гача;

соат 08.30 дан 17.00 гача.


53. Кундузги оромгоҳ ёки соғломлаштириш майдончасида беш кишидан иборат таркибда болаларни қабул қилиш ва кузатиш комиссияси тузилади.

Болаларни қабул қилиш ва кузатиш комиссияси оромгоҳ раҳбари (комиссия раиси), уч нафар педагог ва тиббиёт ходимидан ташкил топади.


54. Болалар ота-оналарнинг аризаси ва боланинг соғлиғи ҳақида берилган тиббий маълумотнома (079/х-шакл) асосида кундузги оромгоҳ ёки соғломлаштириш майдончасига қабул қилинади.


55. Кундузги оромгоҳ ёки соғломлаштириш майдончасининг раҳбари томонидан болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши мавсуми бошлангунига қадар оромгоҳда смена бўйича болаларнинг рўйхати тасдиқланади.


56. Бир сменада дам олган ва соғломлаштирилган болалар кундузги оромгоҳ ёки соғломлаштириш майдончасига мазкур Низомда белгиланган тартибда кейинги сменаларда ҳам қабул қилиниши мумкин.


57. Оромгоҳларнинг ҳар бир тўгарагида камида 10 нафар болалардан иборат гуруҳлар ташкил этилади.


58. Оромгоҳларда барча йўналишдаги тўгарак машғулотлари учун ҳафтада 4 академик соат, сайёҳлик-ўлкашунослик, ижодкорлик ва робототехника йўналишидаги тўгараклар учун ҳафтада 6 академик соат ажратилади.


59. Тўгаракларнинг фаолияти оромгоҳлар раҳбарлари томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ҳамда болаларнинг ёши, психофизиологик хусусиятлари ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари инобатга олинган ҳолда тузилган машғулотлар жадвали асосида амалга оширилади.



6-БОБ. БОЛАЛАРНИНГ ДАМ ОЛИШИ

ВА СОҒЛОМЛАШТИРИЛИШИ ЖАРАЁНИ

ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


60. Болалар, ота-оналар ва педагог ходимлар болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши жараёни иштирокчилари ҳисобланади.


61. Болалар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оромгоҳнинг ички тартиб-қоидалари билан танишиш;

оромгоҳда қизиқишига кўра тўгарак турини танлаш ва унда бепул таълим олиш;

оромгоҳнинг тиббий ва қўшимча таълим хизматларидан фойдаланиш;

оромгоҳнинг моддий-техника базасидан самарали фойдаланиш;

оромгоҳдаги шароит, овқатланиш, тиббий хизмат ва ўқув жараёни масалаларида юзага келган муаммолар бўйича оромгоҳ раҳбариятига мурожаат қилиш;

оромгоҳ фаолиятини такомиллаштиришга оид таклифлар бериш.

Болалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


62. Болалар қуйидагиларга мажбур:

оромгоҳ ички тартиб-қоидаларига риоя қилиш;

оромгоҳ ҳудудини раҳбарият рухсатисиз ва педагоглар кузатувисиз тарк этмаслик;

санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига амал қилиш;

ўзи ва атрофидагиларнинг соғлиғига зарар етказадиган ҳаракатлар қилмаслик;

атроф-муҳит ва ўсимликларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш.

Болаларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


63. Ота-оналар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оромгоҳ томонидан болаларга сифатли хизмат кўрсатилишини талаб қилиш;

оромгоҳнинг ички тартиб-қоидалари, кун тартиби ва таомнома билан танишиш;

ўз хоҳишига кўра болаларни оромгоҳдан муддатидан олдин олиб кетиш;

оромгоҳ фаолиятини такомиллаштириш юзасидан оромгоҳ раҳбариятига таклиф бериш.

Ота-оналар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


64. Ота-оналар қуйидагиларга мажбур:

болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши даврида фарзандини зарур кийим-бош ва шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш;

фарзандини оромгоҳга ёки кузатиш-кутиб олиш жойига ўз вақтида олиб келиш ва олиб кетиш.

Ота-оналарга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


65. Оромгоҳнинг педагог ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оромгоҳнинг ички тартиб-қоидалари билан танишиш;

ўз касбий шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

оромгоҳни бошқаришда иштирок этиш;

оромгоҳ раҳбариятига оромгоҳ фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш.

Оромгоҳнинг педагог ходимлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


66. Оромгоҳнинг педагог ходимлари қуйидагиларга мажбур:

оромгоҳнинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилиш;

машғулотларни тасдиқланган ўқув режа асосида ташкил этиш;

болаларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш;

болаларнинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш.

Оромгоҳнинг педагог ходимларига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


67. Оромгоҳ раҳбари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оромгоҳ ходимлари ва дам олувчилардан оромгоҳнинг ички тартиб-қоидаларига риоя этилишини талаб қилиш;

ўқув ва маданий-маърифий дастурлар, спорт тадбирлари ҳамда тўгарак машғулотларини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

оромгоҳнинг ички тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузган болаларни оромгоҳдан четлаштириш ва кейинги сменаларга қабул қилмаслик.

Оромгоҳ раҳбари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


68. Оромгоҳ раҳбари қуйидагиларга мажбур:

болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

тўгаракларни болаларнинг ёши, психофизиологик ҳолати ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш;

моддий-техника базадан самарали фойдаланилиши ва асраб-авайланишини таъминлаш;

болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши жараёни иштирокчиларига бепул тиббий хизмат кўрсатиш ва уларни дори-дармон билан таъминлаш;

боланинг саломатлиги жиддий ёмонлашган ҳолларда унинг ота-онасини ҳамда оромгоҳга бириктирилган тиббиёт муассасасини хабардор қилиш.

Оромгоҳ раҳбарига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



7-БОБ. ОРОМГОҲЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


69. Оромгоҳларда болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши учун зарур бўладиган маблағлар миқдори дам олиши ва соғломлаштирилиши режалаштирилган болалар сонидан келиб чиқиб аниқланади.


70. Оромгоҳнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


71. Стационар оромгоҳларда харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан қопланади:

йўлланмаларни сотишдан тушган маблағлар;

касаба уюшмалари маблағлари;

муассис(лар)нинг маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.


72. Стационар оромгоҳни доимий сақлаш бўйича харажатлар оромгоҳ ва муассис(лар) маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


73. Муассис стационар оромгоҳнинг болаларни қабул қилиш қуввати доирасида ўз ҳисобидан болалар учун қўшимча ўринлар ташкил қилиши мумкин.


74. Стационар оромгоҳнинг молиявий-хўжалик фаолияти доимий, бироқ мавсум давомида камида бир марта муассис(лар) томонидан текширилади.


75. Мавсум якунлангандан сўнг стационар оромгоҳнинг молиявий-хўжалик фаолияти муассис(лар) томонидан тафтиш қилинади ҳамда оромгоҳнинг мол-мулки тўлиқ хатловдан ўтказилади.


76. Кундузги оромгоҳларда харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан қопланади:

ота-оналар тўлови;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

муассиснинг маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.


77. Кундузги оромгоҳларда болаларни овқатлантириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2016 йил 2 майдаги 132-сон қарорига мувофиқ шартнома асосида амалга оширилади.


78. Ота-оналар томонидан бир нафар бола учун амалга ошириладиган тўлов миқдори оромгоҳдаги болаларни овқатлантириш учун сарфланадиган маблағларнинг бошқа манбалари ҳисобидан қопланмайдиган қисмини режадаги болалар сонига бўлиш орқали муассис томонидан белгиланади.


79. Болаларни овқатлантириш учун сарфланадиган маблағлар миқдори санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида белгиланган бир кунлик овқатланиш нормативи ҳамда оромгоҳда бўлиш муддатидан келиб чиқиб, кундузги оромгоҳлар ташкил этиладиган муассаса ошхонасида ижара шартномаси асосида фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектининг харажатлари инобатга олинган ҳолда белгиланади.


80. Ота-оналарнинг тўлови кундузги оромгоҳларда болаларни овқатлантириш харажатларини қоплаш ҳамда педагоглар ва бошқа ходимларнинг ойлик маошини тўлашга йўналтирилади.


81. Кундузги оромгоҳларда болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилиши жараёнига оромгоҳ ташкил этилган муассасада фаолият кўрсатаётган педагог ва бошқа ходимлар билан бирга ихтиёрийлик асосида бошқа таълим муассасаларининг педагог ва бошқа ходимлари ҳам жалб этилади. Шартномага асосан, педагог ва бошқа ходимларга оромгоҳдаги фаолияти учун ҳақ тўланади.


82. Ота-оналар тўловини тўлаш ва харажатларни амалга ошириш учун кундузги оромгоҳлар ташкил этиладиган муассасага хизмат кўрсатувчи тегишли ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисобварағи очилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


83. Оромгоҳларни қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


84. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 28 февраль




































Время: 0.0051
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск