ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Солиқ ва божхона қонунчилиги масалалари бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 20.02.2023 й. 2-сон "Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабандага оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

20.02.2023 й.

N 2



Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг



БОЖХОНА ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ

БУЗИШ ВА КОНТРАБАНДАГА ОИД ИШЛАР

БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА

        

       

Суд амалиётини ўрганиш натижалари, судлар томонидан божхона тўғрисидаги қонунчилик асосан тўғри қўлланилаётганини кўрсатди. Шу билан бирга, божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабанда учун жавобгарликка оид жиноят ишларини кўришда қонун нормаларини турлича талқин қилиш ва қилмишларга нотўғри ҳуқуқий баҳо бериш каби хатоликларга йўл қўйилмоқда. Қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни эътиборга олган ҳолда, амалиётда учраётган хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ, Олий суд Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларга тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 5-моддаси ва "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги Қонунининг 3-моддаси мазмунига кўра, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси (бундан буён матнда божхона чегараси деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси билан устма-уст тушади. Ўзбекистон Республикасининг қуруқликдаги ҳудуди, ҳудудий ва ички сувлари ҳамда улар устидаги ҳаво ҳудуди Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин божхона зоналари ва эркин омборлар бўлиши мумкин, уларнинг ҳудудлари, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, божхона ҳудудидан ташқарида жойлашган деб қаралади.


2. Товарлар ва транспорт воситаларини божхона чегарасидан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси (бундан буён матнда БК деб юритилади) ва бошқа қонунчилик, шунингдек халқаро шартномалар билан қатъий белгиланган.

Товарлар ва транспорт воситаларини белгиланган тартибни бузган ҳолда божхона чегарасидан ҳар қандай тарзда ўтказиш қонунга хилоф ҳисобланади ва маъмурий ёки жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Жисмоний шахснинг "яшил" йўлак орқали ўтиши ёзма равишда декларацияланиши лозим бўлган товарлар йўқлигини божхона органига маълум қилиш деб қаралади ва божхона тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиш мажбуриятидан озод этмайди.


3. Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузган деб топиш учун жавобгарлик тури божхона чегарасидан қонунга хилоф равишда ўтказилаётган товар ёки бошқа қимматликларнинг миқдори билан боғлиқ бўлиб, бу миқдор уларнинг ҳуқуқбузарлик содир этилган кундаги қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Судларга тушунтирилсинки, "божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш" жиноятининг бевосита объекти товар ёки бошқа қимматликларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказишнинг белгилаб қўйилган тартиби ҳисобланиб, бунда товар ёки бошқа қимматликларга нисбатан божхона тўловлари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аҳамият касб этмайди.

Товар ёки бошқа қимматликларни қонунга хилоф равишда божхона чегарасидан кўп миқдоргача ўтказганлик учун ҳар доим, шахс айнан шундай ҳуқуқбузарлик учун бир йил давомида бир неча марта маъмурий жавобгарликка тортилганлигидан қатъи назар, маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (бундан буён матнда ЖК деб юритилади) 182-моддасининг биринчи қисми бўйича жиноий жавобгарлик товар ва транспорт воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда божхона чегарасидан ўтказганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган (Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 227-19, 227-20, 227-21-моддалари ва 227-22-моддасининг биринчи қисми) шахс маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг бир йил давомида яна шундай ҳуқуқбузарликлардан бирини кўп миқдорда содир этган ҳолдагина келиб чиқади.

Товар ёки бошқа қимматликларни божхона чегарасидан ўтказишда, белгиланган меъёр доирасида бошқа шахслардан фойдаланган ҳолда олиб кирилган ёки олиб чиқилганида товар ёки бошқа қимматликларнинг жами миқдоридан келиб чиққан ҳолда квалификация қилиниши лозим.

ЖК 182-моддаси иккинчи қисмининг "б", "в" ва "г" бандларида назарда тутилган квалификация белгилари мавжуд бўлганда, жиноий жавобгарлик шахснинг илгари ушбу ҳаракатлари учун маъмурий жавобгарликка тортилган-тортилмаганлигидан қатъи назар, божхона тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши фақат кўп миқдорда бўлган ҳолдагина келиб чиқади.


4. Қуйидагилар, жумладан, ЖК 182-моддасида назарда тутилган жиноят предмети ҳисобланади:

БК 13-моддасида назарда тутилган товарлар ва транспорт воситалари;

"Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 3-моддасининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган кўчар ашёлар;

ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари.


5. ЖК 182-моддаси мазмунига кўра, товарлар ёки бошқа қимматликларни (бундан буён матнда товарлар деб юритилади) қонунга хилоф равишда божхона чегарасидан ўтказиш, товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириш ёки мазкур ҳудуддан олиб чиқиш тарзидаги ҳаракатларни қуйидаги усуллардан бири орқали содир этишда ифодаланади:

божхона назоратини четлаб ўтказиш;

божхона назоратидан яшириш;

божхона ҳужжатлари ёки божхона идентификациялаш воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланиш;

декларация қилмасдан ёки бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланиш;

чегарани бузиб ўтиш.


6. Товарларни божхона назоратини четлаб ўтказиш уларни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларидан ташқари ёки божхона назорати ўтказиш вақтидан ташқари олиб кириш ёки мазкур ҳудуддан олиб чиқишдан иборат ҳар қандай қасддан содир этилган ҳаракатда ифодаланади.


7. Товарларни божхона назоратидан яшириш деганда, уларни топишни қийинлаштириш ёхуд уларнинг асл хусусияти ёки миқдорини яшириш (масалан, айрим товарларга бошқача кўриниш бериш, уларни алмаштириб қўйиш, божхона идентификациялаш воситаларини бузмаган ҳолда транспорт воситаларининг юк бўлимларидаги товарларни олиб қолиш, ўрнига бошқа турдаги товарларни юклаш, товарларни қонунга хилоф равишда божхона чегарасидан ўтказиш учун махсус тайёрланган ёки мослаштирилган хуфия жойлардан (чемоданлар, сумкалар, транспорт воситалари, контейнерлар ва бошқа ташиш воситаларининг конструкциявий (тузилиш) хусусиятига кўра, ашёларини сақлаш ёки ташишга мўлжалланмаган бўшлиқлари, деворлари (рамалари) ораларидан) фойдаланиш, жиноят предметларини одам, ҳайвон танасида ва ҳоказо)га қаратилган ҳар қандай ҳаракатлар тушунилади.


8. Божхона ҳужжатлари ёки божхона идентификациялаш воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланиш деб:

била туриб қалбаки ҳужжатлар;

била туриб ёлғон маълумотлар киритилган ҳужжатлар;

қонунга хилоф равишда олинган ёки бошқа товарларга тегишли ҳужжатлар;

ҳақиқий бўлмаган ҳужжатларни божхона органларига тақдим этиш, шунингдек қалбакилаштирилган божхона идентификациялаш воситаларидан (пломбалар, муҳрлар, тамғалар босиш, идентификациялаш белгилари, штамплар ва БК 197-моддасида назарда тутилган бошқа идентификациялаш воситалари) ёки бошқа товарларга тегишли ҳақиқий идентификациялаш воситаларидан фойдаланиш тушунилиши лозим.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, товарларни божхона чегарасидан ўтказишнинг ҳар бир тартиби учун қонунчиликда божхона органларига тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар ва маълумотларнинг алоҳида рўйхати назарда тутилган (БК 9, 18-19, 267-моддалари) бўлиб, унда назарда тутилмаган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этмаган шахснинг ҳаракатлари қонунга хилоф деб қаралиши мумкин эмас.


9. Товарларни декларация қилмасдан божхона чегарасидан ўтказиш товарларни олиб кириш ёки олиб чиқиш (чиқариш), уларни танланган божхона режими остига жойлаштириш, божхона тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўғрисида қарор қабул қилиш учун зарур бўлган товарлар ҳақидаги маълумотларни божхона декларациясида баён қилмасликни ёхуд декларацияланиши шарт бўлган товарларни "яшил" йўлак орқали олиб ўтишни назарда тутади.

Бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланиб товарларни божхона чегарасидан ўтказиш деганда, божхона декларациясида ёки декларациялашнинг бошқа белгиланган шаклида товарлар (номланиши, сифати ва хусусиятларини ўзида акс эттирувчи маълумотлар) тўғрисида ёлғон маълумотларни акс эттириш тушунилади.

Тушунтирилсинки, божхона органи томонидан божхона декларациясини текшириш, товарларни кўздан кечириш ва божхона декларациясида кўрсатилган маълумотлар нотўғрилиги аниқлангунга қадар божхона декларациясида йўл қўйилган хатоларнинг декларант томонидан мустақил тузатилиши маъмурий ёки жиноий жавобгарликни истисно этади.

Божхона декларацияси ва божхона мақсадлари учун зарур бошқа ҳужжатлар берилгунига қадар товарларни божхона назорати остида кўздан кечириш ҳамда ўлчаш, уларнинг намуналари ва нусхаларини олиш ҳуқуқи (БК 275-моддаси)дан декларантнинг фойдаланмаганлиги унинг жавобгарлигини истисно этмайди.


10. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ЖК 182-моддасида назарда тутилган жиноятнинг тугалланиш пайти ҳар бир муайян иш бўйича товарларни қонунга хилоф равишда божхона чегарасидан ўтказиш усулидан (божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб ёхуд божхона ҳужжатлари ёки воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланган ҳолда ёки декларациясиз ёхуд бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланиб) келиб чиққан ҳолда аниқланиши керак.

Божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яширган ҳолда товарларни божхона чегарасидан ўтказиш жинояти товарлар билан божхона чегарасини амалда кесиб ўтган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.

Божхона ҳужжатлари ёки воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан ёки декларациясиз ёхуд бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланган ҳолда товарларни божхона чегарасидан ўтказиш жинояти божхона декларацияси қабул қилинганлиги расмийлаштирилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади (БК 264-моддаси).


11. Божхона чегарасидан қонунга хилоф равишда ўтказилаётган товарлар миқдорини аниқлашда ушбу товарларнинг жиноят содир этилган вақтдаги бозор қийматидан келиб чиқилиши лозим.

Қонунга хилоф равишда божхона чегарасидан ўтказилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтган товарлар амалда мавжуд бўлмаган (эркин муомалага чиқарилган, сотиб юборилган ва ҳ.к.) ҳолларда уларнинг қиймати сифатида божхона расмийлаштируви пайтида БК 44-бобига мувофиқ аниқланган божхона қиймати тан олинади.

Товарлар қийматини аниқлашнинг имконияти бўлмаган ҳолларда (масалан, қалбакилаштирилган спиртли ичимликлар, контрафакт товарлар) уларнинг қиймати баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ аниқланади.

Божхона чегарасидан қонунга хилоф равишда ўтказилаётган товарлар миқдорини аниқлашда фақат божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб ёхуд божхона ҳужжатлари ёки идентификациялаш воситаларидан алдаш йўли билан фойдаланган ҳолда ёки декларациясиз ёхуд бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланиб ўтказилган товарлар қисмининг қиймати инобатга олиниши керак.


12. Агар шахс божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан бир қаторда қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш жиноятини содир этса, унинг ҳаракатлари ЖК 182 ва 223-моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи билан квалификация қилиниши лозим.

Ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, уни божхона органларига ҳақиқий ҳужжат сифатида тақдим этган шахснинг ҳаракати ЖК 182-моддаси билан квалификация қилинади ва қўшимча равишда ЖК 228-моддаси билан квалификация қилиш талаб қилинмайди.


13. Судларга тушунтирилсинки, агар жиноят божхона чегарасини бузиб ўтиш йўли билан содир этилган бўлса, шахснинг ҳаракатлари ЖК 182-моддаси иккинчи қисмининг "б" банди бўйича квалификация қилиниши лозим.

Бунда бузиб ўтиш деганда, божхона постига ҳужум қилиш, божхона чегарасини ҳар қандай техникавий воситалар ёки бошқа хил усуллар билан божхона режими талабларига очиқдан-очиқ бўйсунмаслик ёки бошқа ҳар қандай йўл билан божхона чегарасини кесиб ўтишда ифодаланган ҳаракатлар тушунилиши лозим.

Агар божхона чегарасини бузиб ўтиш пайтида айбдор томонидан бирор-бир шахснинг баданига қасддан оғир, ўртача оғир шикаст етказилган ёки у қасддан ўлдирилган ёки бирор-бир тарзда мулкий зиён етказилган бўлса, қилмиш ЖК 182-моддаси иккинчи қисмининг "б" банди ва тегишлича ЖК 97, 104, 105, 173-моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши лозим. Бундай ҳолатларда қасддан баданга енгил тан жароҳати етказиш, шунингдек хизмат вазифасини бажараётган ходимнинг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш, ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга мажбур қилинганида ЖК 182-моддасининг иккинчи қисми диспозицияси билан қамраб олинади ва тегишлича ЖК 109 ва 219-моддалари билан қўшимча квалификация қилинишини талаб этмайди.


14. Товарларни қонунга хилоф равишда божхона чегараси орқали ўтказиш уюшган гуруҳ томонидан содир этилган деб топилган ҳолларда ЖК 182-моддаси иккинчи қисмининг "в" банди бўйича нафақат товарларни бевосита божхона чегарасидан ўтказган, балки барча уюшган гуруҳ аъзоларининг (масалан, Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига қонунга хилоф равишда олиб кириш мақсадида чет элда товар харид қилган, божхона назорати пунктида уни ўтказишда кўмаклашган ёки божхона расмийлаштируви вақтида тақдим этилган ҳужжатларни қалбакилаштирган, юкнинг қонунга хилофлигини била туриб, транспорт экспедитори сифатида қатнашган уюшган гуруҳ аъзолари) ҳаракатлари ҳам квалификация қилинади.


15. Жиноятни ўз хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда содир этган шахс (ЖК 182-моддаси иккинчи қисмининг "г" банди) деб, хизмат бурчига кўра божхона чегараси орқали ўтказилаётган товарлар устидан божхона назоратини (ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш, оғзаки сўров, божхона кўриги, божхона идентификациялаши, товарлар ҳисобини юритишни) амалга оширишга мажбур шахс топилиши лозим. Бундай шахслар қаторига, шунингдек божхона назоратининг муайян шаклларидан БК 189-моддасига асосан озод этилган ва ўз хизмат лавозимидан товарларни қонунга хилоф равишда божхона чегараси орқали ўтказиш учун фойдаланган шахслар ҳам киради.

Товарларни ўз хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф равишда божхона чегараси орқали ўтказган шахсларнинг ҳаракатлари ЖК 182-моддаси иккинчи қисмининг "г" банди бўйича квалификация қилинади ва Жиноят кодексининг ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (ЖК 192-11, 205-моддалари), ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (ЖК 206-моддаси) жиноятлари учун жавобгарликни назарда тутувчи ЖК моддалари билан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди.

Товарларни қонунга хилоф равишда божхона чегараси орқали ўтказишда ўз хизмат лавозимидан фойдаланган шахс (жиноят ташкилотчиси, далолатчиси, ёрдамчиси)нинг ҳаракатлари ЖК 28-моддаси ва ЖК 182-моддаси иккинчи қисмининг "г" банди бўйича квалификация қилинади, уюшган гуруҳ аъзоларининг ҳаракатлари бундан мустасно.


16. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, шахснинг валютани қонунга хилоф равишда божхона чегараси орқали ўтказиш бўйича айбдорлиги масаласини ҳал этишда, Ўзбекистон Республикасига эркин олиб кириладиган ва олиб чиқиб кетиладиган нақд хорижий ва миллий валютанинг миқдори:

"Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси нақд валютаси ва нақд чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида" 2018 йил 30 январдаги 66-сонли қарори билан белгиланган.

Шахснинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб кириладиган ёки олиб чиқиб кетиладиган Ўзбекистон Республикаси нақд валютаси ва нақд чет эл валютасининг декларация қилиниши талаб қилинмайдиган қисмидан ошиқча бўлган миқдоридан келиб чиққан ҳолда квалификация қилинади ҳамда нақд валютанинг декларациялаш шарт бўлмаган қисми жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик предмети ҳисобланмайди.

Бунда нақд валюта бир неча шахсларнинг иштирокида, улар ўртасида тақсимланиб божхона чегараси орқали ўтказиш ҳолати аниқланганида, қилмиш нақд валютанинг жами миқдоридан келиб чиқиб квалификация қилинади.

Тушунтирилсинки, нақд валютани божхона чегараси орқали ўтказиш билан боғлиқ жиноятлар ЖК 182-моддаси билан қамраб олиниб, ЖК 177-моддаси билан қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди.


17. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ЖК 246-моддасига мувофиқ, божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб ёхуд божхона ҳужжатлари ёки воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланиб, декларациясиз ёки бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланиб, кучли таъсир қилувчи, заҳарли, заҳарловчи, портловчи моддаларни, радиоактив материалларни, портлатиш қурилмаларини, қурол-яроғни, ўқотар қуролни, ўқ-дориларни ёки ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, шунингдек гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни, ядровий, кимёвий, биологик ва оммавий қирғин қуролининг бошқа турларини, шундай қуролларни яратишда фойдаланилиши мумкинлиги аён бўлган материал ва мосламаларни, радиоактив материалларни (бундан буён матнда контрабанда ашёлари деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш бошқа жиноятни, яъни контрабанда жиноятининг таркибини ташкил этади.

Божхона чегараси орқали ЖК 246-моддасининг биринчи қисмида қайд этилган контрабанда ашёларини ўтказишда ифодаланган ҳаракатларни квалификация қилишда контрабанда предметлари миқдори ҳуқуқий аҳамият касб этмайди.

Агар шахс ЖК 182-моддаси таъсирига тушувчи товарларни божхона чегараси орқали ўтказиш билан бир қаторда контрабанда жиноятини содир этса, унинг ҳаракатлари ЖК 182 ва 246-моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи билан квалификация қилинади.


18. Диний материаллар божхона чегарасидан қонунга хилоф равишда олиб ўтилган ҳар бир ҳолатда шахснинг ҳаракатларини тўғри квалификация қилиш учун уларда диний экстремизм, сепаратизм, ақидапарастлик ғоялари тарғиботи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги масаласини аниқлаш мақсадида суд-диншунослик экспертизаси тайинланиши лозим. Агар экспертиза натижаларига кўра диний мазмундаги материалларда диний экстремизм, сепаратизм, ақидапарастлик ғоялари тарғиботи мавжудлиги аниқланса, шахснинг ҳаракатлари ЖК 246-моддаси бўйича квалификация қилинади.


19. Божхона назоратини четлаб, товарлар ёки бошқа моддий қимматликларни, шунингдек контрабанда ашёларини учувчисиз учадиган аппаратдан фойдаланилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ўтказилганида, ЖК 244-4 ёхуд 248-1-моддаси билан жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши лозим.


20. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги 191-сонли қарори билан тасдиқланган "Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисида"ги Низомда белгиланган меъёрда психотроп моддалар ёки гиёҳвандлик воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтишда жисмоний шахсда тиббиёт муассасаси томонидан даволаш курсининг тавсия этиладиган миқдори кўрсатилган ҳужжатлар мавжудлиги жиноий ёки маъмурий жавобгарликни келтириб чиқармайди.

Бунда тиббий ҳужжатда кўрсатилган дори воситалари ҳисобланувчи психотроп моддалар ёки гиёҳвандлик воситаларининг миқдори олиб кирилаётган миқдорга тенг бўлиши, шунингдек дори воситалари ҳисобланувчи психотроп моддалар ёки гиёҳвандлик воситаларини олиб ўтаётган шахс ёки унинг ишончли вакилининг маълумотлари ҳужжатлардаги маълумотларга мос бўлиши шарт.

Ушбу Низом талабига кўра, рухсат берилган миқдорда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузган ҳолда олиб кириш ва олиб чиқиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланса, жиноят ишини ЖК 65-моддасига асосан тугатиш масаласи муҳокама этилиши керак.


21. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига мувофиқ, ҳукм, жиноят ишини тугатиш тўғрисида ажрим (қарор) чиқариш пайтида суд иш бўйича ашёвий далил деб топилган предметлар, шу жумладан транспорт воситалари (контейнерлар)нинг тақдирини ҳал этиши шарт.

Мазкур масалани кўриб чиқиш чоғида судлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Жиноят ишлари бўйича ашёвий далилларга оид қонунчиликни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида" 2012 йил 13 декабрдаги 17-сонли қарорида берилган тушунтиришларга амал қилишлари лозим.

Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноятлар бўйича товар-моддий бойликлар давлат эгалигига ўтказилади. Агар товар-моддий бойликлар учун божхона тўлови амалга оширилган бўлса, ушбу тўловларни қайтариш масаласи ҳал қилиниши лозим.

Ашёвий далилларнинг давлат эгалигига ўтказилиши натижасида бошқа шахсларга етказилган мулкий зарар иқтисодий ёки фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида ҳал этилади.


22. Шуни назарда тутиш лозимки, божхона чегараси орқали товарларни ноқонуний ўтказишда (ЖК 182-моддаси) фойдаланилган транспорт воситалари (контейнерлар) фақат товарлар божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб ўтказилган ҳолдагина жиноят қуроли деб топилади.


23. Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабандага оид ишларни кўришда судлар бундай жиноятлар содир этилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлашлари, шунингдек ашёвий далилларни олиш, ҳисобга қўйиш, баҳолашда қонунчиликка риоя этилганлигини синчиклаб текшириши ва процессуал қонунчилик нормалари бузилиши аниқланган ҳолларда хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдиришлари зарур.


24. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ва контрабандага доир ишлар бўйича суд амалиётини вақти-вақти билан умумлаштиришлари ҳамда йўл қўйилган қонун бузилишларини ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўришлари лозим.


25. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ва контрабандага оид ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида" 2013 йил 6 сентябрдаги 18-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.

         

        

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

Б. Исламов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

И. Алимов

            

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz), 2023 й.







































































Время: 0.0108
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск