язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назорати/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикасининг 24.12.1998 й. 717-I-сон "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

24.12.1998 й.

N 717-I



ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАР

ФАОЛИЯТИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонун хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.

Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган муассасалар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



2-модда. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат

томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Прокурор назорати тартибида амалга ошириладиган давлат назорати тегишли қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Терговга қадар текширишлар чоғида ва қўзғатилган жиноят ишлари бўйича молия-хўжалик фаолияти текширувларини ўтказиш тартиби жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Солиқ текшируви орқали амалга ошириладиган давлат назоратининг ўзига хос хусусиятлари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


назорат қилувчи органлар - хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирликлар ва идоралар;


текшириш - хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қонунлар ҳамда ўз фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари қандай бажарилаётганлигини назорат қилувчи органларнинг бир марта назорат қилиши;

"текширишларни қайд этиш дафтари" - ўтказилган текширишлар тўғрисидаги ахборот ёзиб қўйиладиган махсус дафтар";

молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) - солиқ ва валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида хўжалик юритувчи субъектларнинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослаш;

қисқа муддатли текшириш - назорат қилувчи органлар жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида амалга оширадиган текшириш;

назорат тартибида текшириш - хўжалик юритувчи субъектларнинг илгариги текширишда кўрсатилган қоидабузарликларни бартараф этиши устидан назорат қилувчи органлар амалга оширадиган текшириш.


4-модда. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини

давлат томонидан назорат қилиш шакллари


Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

текшириш, шу жумладан тафтиш, назорат тартибида текшириш;

статистика ахборотларини ва бошқа ахборотларни таҳлил қилиш;

идора қарамоғидаги органларни текширишдан ўтказиш.

Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини статистика ахборотларини ва бошқа ахборотларни таҳлил қилиш орқали давлат томонидан назорат қилиш, шунингдек идора қарамоғидаги органларни текширишдан ўтказиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



5-модда. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат

томонидан назорат қилишнинг асосий принциплари


Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

назорат қилувчи органлар фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкоралик;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига аралашмаслик;

тадбиркорлик субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин этилади.


6-модда. Текширувчи мансабдор шахсларга қўйиладиган талаблар

Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади. Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилишлари лозим.

Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишига текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳнома, шахсий гувоҳнома ва ушбу Қонуннинг 9 ва 12-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Текширувга аудиторлик ташкилотлари ва (ёки) экспертлар жалб этилгани тақдирда, назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси томонидан назорат қилувчи орган ва аудиторлик ташкилоти ва (ёки) эксперт ўртасидаги шартноманинг кўчирма нусхаси албатта тақдим этилади. Шартномада аудитор ва (ёки) экспертнинг фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи ва лавозими кўрсатилган бўлиши керак. Аудитор ва (ёки) эксперт хулосасининг тўғрилиги ва унинг Қонун ҳужжатларига мувофиқлиги учун аудиторлик ташкилоти ва (ёки) экспертнинг жавобгарлиги тузиладиган шартноманинг зарурий шарти ҳисобланади. Аудиторлик текширувлари ва экспертизаларни ўтказиш харажатлари назорат қилувчи органлар ҳисобига амалга оширилади.



7-модда. Назорат қилувчи органлар

фаолиятини мувофиқлаштириш


Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади ва у чиқарган қарорларнинг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишга доир қисми назорат қилувчи органлар учун мажбурий ҳисобланади.


8-модда. Махсус ваколатли органнинг асосий вазифалари


Махсус ваколатли органнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш масалалари бўйича назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишнинг, шу жумладан, комплекс текширувлар ҳамда тафтишларнинг назорат қилувчи органлар бир-бирининг ишини такрорлашига йўл қўймайдиган мувофиқлаштирувчи режаларини ишлаб чиқиш;

назорат қилувчи органларнинг текширувлар ўтказишнинг мувофиқлаштирувчи режаларига риоя қилишини назорат қилиш ҳамда режадан ташқари текширувлар махсус ваколатли органнинг қарорисиз ўтказилишига йўл қўймаслик.

Махсус ваколатли органни тузиш ва унинг фаолият кўрсатиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



9-модда. Текширишларни ўтказиш учун асос


Назорат қилувчи органлар томонидан юридик шахс бўлган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини режали текшириш, шу жумладан, молия-хўжалик фаолиятини текширишлар учун, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, қуйидагилар асос бўлади:

махсус ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни ўтказишнинг мувофиқлаштирувчи режасидан кўчирма;

назорат қилувчи органнинг мувофиқлаштирувчи режа асосида чиқарилган, текшириш мақсади, текширувчи мансабдор шахсларнинг таркиби ва текширишни ўтказиш муддатлари кўрсатилган буйруғи.

Прокуратура, ички ишлар ва давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш учун қўзғатилган жиноий иш мавжудлиги асос бўлади. Бунда текширувга хўжалик юритувчи субъектнинг фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолияти қамраб олиниши мумкин бўлиб, бу ҳақда текширувни тайинлаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган бўлиши лозим.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текширишлар белгиланган тартибда фақат давлат солиқ хизмати органлари томонидан, мазкур органлар текширишлар давомида бюджет, солиқ ва валютага оид қонун ҳужжатлари бузилиши билан боғлиқ жиноятлар аломатларини аниқлаганда эса, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молия ва солиқ ҳисоботини, шунингдек тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида ўтказиладиган камерал назорат натижалари бўйича қоидабузарликлар аниқланган ҳоллардагина давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

Тезкор-қидирув фаолияти натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари маблағларини, донор мамлакатлар, халқаро, чет эл ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари билан тузилган давлатлараро ва ҳукуматлараро шартномалар доирасида тақдим этиладиган чет эл грантларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитларини сарфлаш масалалари юзасидан, мулк шаклидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар молия-хўжалик фаолиятининг текширувларини ўтказиш ташаббуси билан чиқиши мумкин.


10-модда. Текширишлар даврийлиги

Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текширишлар махсус ваколатли органнинг қарорига биноан режали тартибда кўпи билан йилига бир марта амалга оширилиши мумкин, хусусий корхоналар ва ушбу Қонуннинг 10-1-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Белгиланган нормалар ва қоидаларга ўз вақтида ҳамда тўла ҳажмда риоя этувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан кўпи билан икки йилда бир марта амалга оширилади, ушбу Қонуннинг 10-1-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Хусусий корхоналар фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан кўпи билан икки йилда бир марта, белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



10-1-модда. Тадбиркорлик субъектларининг

молия-хўжалик фаолиятини режали

текширишлар даврийлиги

Кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан уч йилда бир марта амалга оширилади.

Хусусий банклар ва бошқа хусусий молия институтларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан беш йилда бир марта амалга оширилади.

Янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширишлардан ўтказилмайди, ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқарувчи янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти, шунингдек кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки икки йил мобайнида режали текширишлардан ўтказилмайди.

Ушбу моддада кўрсатилган тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар молия йили мобайнида мунтазам равишда тўланмаган тақдирда, режали текширишлардан ўтказилиши мумкин.


10-2-модда. Тадбиркорлик субъектини режали текширув

ўтказиш бошланиши ҳақида хабардор қилиш

Назорат қилувчи орган режали текширув ўтказишнинг бошланиши ҳақида текширувни ўтказиш бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин тадбиркорлик субъектини текширувдан ўтказиш муддатлари ва предметини кўрсатган ҳолда, ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.


11-модда. Текширувлар муддатлари

Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни ўтказиш муддатлари ўттиз календарь кундан ошмаслиги лозим. Алоҳида ҳолларда махсус ваколатли органнинг қарорига биноан бу муддат узайтирилиши мумкин, бунда ушбу қоида кичик тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилиши мумкин эмас.

Ушбу Қонуннинг 9 ва 12-моддаларида назарда тутилган текширишни ўтказиш учун асос бўладиган ҳужжатлар текширилаётган хўжалик юритувчи субъектга тилхат олинган ҳолда топширилган пайт текширишни ўтказиш бошланган пайт ҳисобланади. Текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги текширишни бекор қилиш учун асос бўлмайди. Текширилаётган хўжалик юритувчи субъект мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда, назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси томонидан унинг ўзи ва текширилаётган хўжалик юритувчи субъект имзолайдиган далолатнома тузилади. Текширилаётган хўжалик юритувчи субъект мазкур далолатномани имзолашдан бош тортганда, далолатномага тегишли ёзув киритилади. Бу ҳолда далолатнома имзоланган пайт текширишни ўтказиш бошланган пайт ҳисобланади.

Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома) текширилаётган хўжалик юритувчи субъектга топширилган кун текширишни ўтказиш тугаган кун ҳисобланади. Текширилаётган хўжалик юритувчи субъект тешириш натижалари тўғрисидаги далолатномани (маълумотномани) олишдан бош тортганда, назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси бу ҳақда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномага (маълумотномага) тегишли ёзув киритади ва шу пайтдан эътиборан текшириш тугаган ҳисобланади. Бу ҳолда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) бир нусхаси хўжалик юритувчи субъектга почта орқали буюртма хат билан юборилади.



12-модда. Қисқа муддатли текширишлар

Қисқа муддатли текширишлар жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида махсус ваколатли органнинг қарорига кўра режадан ташқари текшириш тарзида назорат қилувчи органлар томонидан амалга оширилади.

Махсус ваколатли органнинг текширилаётган объектнинг номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами, текшириш ўтказишнинг мақсади, муддатлари ҳамда уни ўтказиш сабабларининг асослилиги кўрсатилган қисқа муддатли текшириш ўтказишга доир қарорлари, шунингдек текширишни амалга оширувчи тегишли назорат қилувчи органнинг махсус ваколатли органнинг қарори асосида чиқарилган, мансабдор шахсларнинг таркиби ва текширишни ўтказиш муддатлари кўрсатилган буйруғи хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини қисқа муддатли текширишдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилади.



13-модда. Якка тартибдаги тадбиркорлар

фаолиятини текшириш


Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текшириш солиқ органлари ҳамда бошқа назорат қилувчи органлар томонидан уларнинг ваколатлари доирасида ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



14-модда. Хўжалик юритувчи субъектларни уларнинг

хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш билан

боғлиқ бўлмаган ҳолда текшириш


Хўжалик юритувчи субъектларни уларнинг хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда текшириш тегишли назорат қилувчи (ёнғинга қарши, санитария, энергетика назорати, давлат ветеринария хизмати ва бошқа) органлар томонидан, қоида тариқасида, бир марта ўтказиладиган комплекс текширув давомида амалга оширилади.

Комплекс текширувлар махсус ваколатли орган тасдиқлаган режалар асосида ўтказилади.


15-модда. Назорат тартибида текшириш

Назорат тартибида текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан махсус ваколатли орган белгилаган тартибда бир иш куни ичида амалга оширилади.



16-модда. Текширилаётган хўжалик юритувчи

субъектларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари


Текширилаётган хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз фаолиятлари текширилиши тўғрисидаги тегишли ахборотга эга бўлиш;

назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларидан махсус ваколатли орган қарорини, текшириш ўтказиш учун асос ҳисобланувчи бошқа ҳужжатларни талаб қилиш, текширувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишиш;

текшириш ўтказиш учун асосга эга бўлмаган шахсларнинг текшириш ўтказишига йўл қўймаслик;

назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларининг ваколатига кирмайдиган масалаларга оид талабларни бажармаслик ва текшириш предметига тааллуқли бўлмаган материаллар билан уларни таништирмаслик;

назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларидан текшириш тугаган куни текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) бир нусхасини олиш;

қонунда белгиланган тартибда текшириш натижалари устидан шикоят қилиш.

Хўжалик юритувчи субъектлар текширувчиларнинг қонуний талабига биноан текшириш ўтказиш учун зарур бўлган материаллар ва ҳужжатларни тақдим этишга, уларни текшириш объектларига киритишга, текширувчиларга ўз вазифаларини бажаришлари учун кўмаклашишга мажбурдирлар.



17-модда. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш

чоғида назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг

ҳуқуқлари ва мажбуриятлари


Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш чоғида ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

текширилаётган хўжалик юритувчи субъектлардан текшириш ўтказиш билан бевосита боғлиқ бўлган зарур ҳужжатлар ва бошқа ахборотларни талаб қилиш;

текширилаётган хўжалик юритувчи субъектларга аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, хўжалик юритувчи субъектлар мулкдорлари олдига айбдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги масалани қўйиш;

текширувга аудиторлик ташкилотларини ва (ёки) экспертларни белгиланган тартибда шартнома асосида жалб этиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда молиявий ёки маъмурий жазо чораларини қўллаш;

режали текширишларни ўтказиш муддатини кўчириш тўғрисида, башарти бунга объектив асослар бўлса, махсус ваколатли органга тақдимнома киритиш.

Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг қонуний талаблари текширилаётган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажариш учун мажбурийдир.

Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш чоғида ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларни бажаришга мажбурдирлар:

текширилаётган хўжалик юритувчи субъектларга текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларни кўрсатиш;

хўжалик юритувчи субъектлар ишлашига халал бермаслик;

текширишларни қайд этиш дафтарига Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёзиб қўйиш;

давлат сири, тижорат ёки бошқа сирлар сақланишини таъминлаш;

текшириш натижаларини далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштириб, унинг бир нусхасини текшириш тугаган куни текширилаётган хўжалик юритувчи субъектда қолдириш;

ҳуқуқбузарлик ҳоллари аниқланган тақдирда қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриш.



18-модда. Хўжалик юритувчи субъектлар

фаолиятига аралашмасликни кафолатлаш


Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари хўжалик юритувчи субъектларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Агар назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлигини аниқласалар, улар ўзларига берилган ваколат доирасида ва муайян қоидабузарликни бартараф этиш билан бевосита боғлиқ чора-тадбирларни кўришлари мумкин. Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари қоидабузарлик ҳолати мавжудлигидан хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқа қонуний фаолиятига аралашиш ёки уни чеклаш учун асос сифатида фойдаланишга ҳақли эмас.

Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ноқонуний қарорлари ёки бошқа ҳаракатлари натижасида хўжалик юритувчи субъектга етказилган зарарлар, шу жумладан, бой берилган фойда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари бирлашмаларининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар тадбиркорлик фаолияти субъектлари сўровига кўра мазкур бирлашмалар вакиллари иштирокида амалга оширилиши мумкин.


19-модда. Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг

ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят қилиш


Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан бевосита судга ёки бўйсуниш тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиниши мумкин.

Бўйсуниш тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят бериш шундай шикоятни судга бериш ҳуқуқини истисно этмайди.

Судга шикоят берилганида устидан шикоят қилинаётган ҳаракатни ёки қарорни ижро этиш суднинг қарори қонуний кучга киргунига қадар тўхтатиб турилади, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлар ёки қарорлар бундан мустасно. Хўжалик юритувчи субъект судга шикоят берганлиги тўғрисида назорат қилувчи органни тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда хабардор қилиши шарт.


20-модда. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат

томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жавобгарлик


Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов