ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Бошқалар /

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.04.2023 й. 143-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 6 апрелдаги

143-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни

муҳофаза қилиш академияси бакалавриатига

ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил

этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

         

         

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси (кейинги ўринларда - Академия) бакалавриатида юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Академияда ўқишга қабул "тергов фаолияти" бакалавриат таълим йўналиши (кейинги ўринларда - "тергов фаолияти" йўналиши) ҳамда юриспруденциянинг бошқа бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ташкил этилади.

"Тергов фаолияти" йўналишида ўқув жараёни кундузги таълим шаклида ташкил этилади.

Юриспруденциянинг бошқа бакалавриат таълим йўналишларида ўқув жараёни таълимнинг кундузги, кечки, сиртқи ва масофавий шаклларида ташкил этилиши мумкин.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


Академиянинг Мувофиқлаштириш-васийлик кенгаши (кейинги ўринларда - Васийлик кенгаши) - Академия фаолиятининг устувор масалаларида кўмаклашувчи жамоатчилик бошқаруви органи. Васийлик кенгашига Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори (кейинги ўринларда - Бош прокурор) раҳбарлик қилади;


апелляция комиссияси - ёзма имтиҳон ва тест синовлари натижалари бўйича номзодларнинг шикоятларини кўриб чиқиш учун тузиладиган комиссия;


ваколатли давлат органлари - қонунчиликка мувофиқ суриштирув ва тергов фаолиятини амалга ошириш ваколатига эга давлат органлари;


Идоралараро қабул комиссияси (кейинги ўринларда - Қабул комиссияси) - Академия "тергов фаолияти" йўналиши бўйича бакалавриатга ўқишга қабул қилишни сифатли ташкил этиш, шу жумладан талабгорларнинг ҳужжатларини қабул қилиш, танловни ўтказиш ва уларга маслаҳатлар бериш, бошқа ташкилий масалаларни тезкор ҳал этиш учун Бош прокурор буйруғи билан ваколатли давлат органлари вакилларидан 9 нафар аъзолардан иборат таркибда тузиладиган Васийлик кенгашининг ваколатли аъзоси раислик қиладиган комиссия;


номзод - Академияга ўқишга кириш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу Низом талаблари асосида танловларда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;


талаба - Академия бакалавриатига ўқишга қабул қилинган шахс;


тақсимот комиссияси - Академия битирувчиларини ваколатли давлат органларига хизматга тақсимлаш учун тузиладиган комиссия.


4. Академияда кадрларни амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда ягона ёндашув асосида тайёрлашга қаратилган узлуксиз ўқитиш тизими йўлга қўйилади.



2-БОБ. АКАДЕМИЯ БАКАЛАВРИАТИГА

ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

        

         

1-§. Умумий қоидалар

            

5. Академиянинг "тергов фаолияти" йўналиши бўйича кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик принциплари ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида қуйидаги босқичларда ташкил этилади:

дастлабки танлов;

махсус психологик танлов;

ёзма имтиҳон;

тест синовлари.


6. Қабул комиссиясининг таркиби, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби Васийлик кенгаши томонидан белгиланади.

Қабул комиссияси фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш комиссия масъул котиби томонидан амалга оширилади.

Қабул комиссиясининг масъул котиби Бош прокурор томонидан белгиланади.


7. Қабул комиссияси фаолиятида унинг ярмидан ортиқ аъзолари ҳамда ушбу комиссия раиси иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.


8. Қабул комиссиясининг раиси:

Қабул комиссиясининг ишини ташкил этади;

кичик комиссиялар таркибини шакллантиради;

кичик комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади.


9. Номзодлар танловининг Академияда ўтказиладиган тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш борасида Академияга юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш учун Академия бошлиғи ўз ваколати доирасида буйруқ (фармойиш) чиқаради.


10. Академия "тергов фаолияти" йўналишида бакалавриат дастури бўйича таълим олиш муддати уч йилни ташкил этиб, битирувчиларга белгиланган давлат намунасидаги диплом берилади.


11. Академияга қабул қилишда ҳужжат топширган абитуриентларнинг муайян тоифаларига республиканинг бошқа олий таълим муассасаларига кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.


12. Академияда ўқитиш давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида ташкил этилиб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматлари ҳар йили Васийлик кенгаши томонидан белгиланади.


13. "Тергов фаолияти" йўналишига умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар профессионал таълим маълумотига эга, соғлиғининг ҳолати бўйича ходим ёки ҳарбий хизматчининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан ўқишга кириш учун ҳужжатлар қабул қилинади.



2-§. Академиянинг "тергов фаолияти"

йўналиши бўйича ҳужжатларни қабул қилиш

ва дастлабки танловни ўтказиш

            

14. Академиянинг "тергов фаолияти" йўналишидаги ҳар йилги қабул параметри ваколатли давлат органларининг ҳудудлар кесимидаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ваколатли давлат органлари томонидан ҳудудлар кесимидаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган таклифлари қабул йилининг 10 январига қадар Академияга тақдим этилади.

Академия ва ваколатли давлат органлари ўзларининг расмий веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали Академиянинг "тергов фаолияти" бўйича бакалавриатига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш учун танловни қабул йилининг 1 февралига қадар эълон қилади.

Номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш танловларни ўтказиш тўғрисида берилган эълонда тегишли ҳужжатлар қабул қилинадиган манзил, ўқишга қабул қилиш шартлари ҳамда танловни ўтказиш билан боғлиқ бошқа маълумотлар акс эттирилади.


15. Академиянинг "тергов фаолияти" йўналиши бўйича бакалавриати қабулига дастлабки танлов:

ҳарбийлаштирилган тузилмалар (Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Божхона қўмитаси, Ҳарбий прокуратура);

ҳарбийлаштирилмаган ташкилотлар (прокуратура органлари, шу жумладан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси)даги талабларни инобатга олган ҳолда алоҳида тартибда амалга оширилади.

Бунда, номзод ўз ҳужжатларини ҳарбийлаштирилган ёки ҳарбийлаштирилмаган соҳа бўйича топшириши лозим.


16. Номзод қабул йилининг 1 февралидан 1 мартига қадар ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик)нинг махсус электрон платформаси орқали онлайн топшириб, рўйхатдан ўтади.

Номзод ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган муддатларда:

ҳарбийлаштирилган йўналиш бўйича - ҳудудий ички ишлар органларига;

ҳарбийлаштирилмаган йўналиш бўйича - ҳудудий прокуратура органларига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.


17. Номзод томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ID-карта) нусхаси;

туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома алмаштирилган ёхуд фамилияси, исми, отасининг исми ва бошқа маълумотлар ўзгартирилган бўлса, бу ҳақда ФҲДЁ органининг маълумотномаси;

яқин қариндошлари паспорти, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома, қариндошларининг ўлими ҳақидаги гувоҳномалар нусхалари;

номзод томонидан қўлда ва компьютерда ёзилган таржимаи ҳол;

анкета (маълумотнома);

ҳарбий хизматга чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси (агар мавжуд бўлса) нусхаси;

3х4 сантиметр ўлчамдаги 6 та фотосурат (бош кийимсиз) ҳамда 9х12 сантиметр ўлчамдаги 2 та фотосурат (бош кийимсиз);

номзодлар томонидан ҳужжатларни тақдим этишда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт ёки ID-карта), туғилганлик ҳақида гувоҳномалар, ҳарбий хизматга чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси шахсан кўрсатилади.


18. Ҳужжатларни қабул қилган ҳудудий ички ишлар органи/ҳудудий прокуратура органи масъул ходими тақдим этилган ҳужжатларнинг аслини текшириб олади. Хизмат ўташ хусусиятидан келиб чиқиб, шунингдек айрим ҳужжатларга аниқлик киритиш мақсадида тегишли муассасалардан қўшимча ҳужжат ёхуд маълумотлар талаб қилиб олиниши мумкин.


19. Академияга ўқишга кириш истагини билдирган номзодлар учун дастлабки танлов ҳудудий ички ишлар органи/ҳудудий прокуратура органи томонидан қабул йилининг 1 мартидан 20 майига қадар ўтказилади.


20. Дастлабки танловнинг мақсади - номзодни тавсифловчи маълумотларнинг улар келгусида ваколатли давлат органларида хизмат қилиши учун мослигини ва уларнинг соғлиғи ҳолатини аниқлашдан иборат.


21. Қуйидагилар дастлабки танловнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

номзодга тегишли ҳужжатларни ва уни тавсифловчи маълумотларни тўплаш;

номзод тўғрисидаги турли маълумотларни аниқлаш (оилавий аҳволи ва бошқалар);

номзоднинг соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқлилигини аниқлаш.


22. Дастлабки танлов қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:

ҳарбийлаштирилмаган йўналишлар учун - ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш (махсус ўрганиш);

ҳарбийлаштирилган йўналишлар учун - ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш (махсус ўрганиш) ҳамда тиббий кўрикдан ўтказиш.


23. Ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш натижаларини таҳлил қилиш номзод тўғрисидаги маълумотларни режали жамлаш ва тизимлаштириш усули орқали ўтказилади.


24. Дастлабки танлов босқичида иштирок этадиган номзодларнинг сони чекланмайди.


25. Ҳудудий ички ишлар органлари номзодларни ички ишлар органларида махсус ташкил этиладиган ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилишини таъминлайди.


26. Ҳарбийлаштирилган тузилмалар учун қуйидаги махсус параметрлар талаб этилади:

ёши ўн еттидан кичик ва йигирма бешдан катта бўлмаслиги (муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўтаган ёши йигирма олтидан катта бўлмаган);

бўйи баландлиги эркаклар учун - 165 сантиметрдан, аёллар учун - 160 сантиметрдан паст бўлмаслиги;

ҳарбий-тиббий комиссия кўриги натижасига кўра соғлиғининг ҳолати бўйича хизматга яроқли деб топилганлиги.

Ҳарбийлаштирилмаган ташкилотларга ишга қабул қилинадиган номзодларга ушбу банддаги махсус талаблар татбиқ этилмайди.


27. Ҳарбий-тиббий комиссия кўриги натижасига кўра, кейинчалик ҳарбийлаштирилган тузилмаларга ишга қабул қилинадиган номзод соғлиғининг ҳолати бўйича ҳарбийлаштирилган ваколатли давлат органларида хизматга яроқсиз деб топилган тақдирда, бу ҳақда номзодга маълум қилинади ва ушбу номзодни ваколатли давлат органларига қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса тузилади. Ушбу тоифадаги номзодларнинг алоҳида рўйхати шакллантирилади.


28. Номзодга тегишли ҳужжатларни ўрганиш ва ҳарбий-тиббий комиссия кўриги натижасига кўра номзодлар рўйхати ва йиғмажилдлари ҳудудий ички ишлар органи/ҳудудий прокуратура органи томонидан қабул йилининг 25 майига қадар Академияга тақдим этилади.


29. Рўйхатга ҳарбий-тиббий комиссиянинг хулосаси илова қилинади.


30. Дастлабки танловдан ўтган номзодлар тўғрисидаги маълумотлар Академия расмий веб-сайтида эълон қилинади.



3-§. Академиянинг "тергов фаолияти" йўналиши

бўйича махсус психологик танлов

          

31. Махсус психологик танлов учун тест топшириқлари Агентлик томонидан тузилади ва тест синовлари ўтказилади.


32. Махсус психологик танлов ҳар йили июнь-июль ойларида Агентлик томонидан қуйидаги мезон асосида баҳоланади:

тест топшириқларини бажариш учун 50 та тест саволига 40 дақиқа (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) вақт берилади. Ҳар бир тўғри жавоб учун 2 балл берилади;

махсус психологик танлов натижалари 0 баллдан 100 баллгача баҳоланади.


33. Психологик танлов ўтказиш жараёни Академия расмий веб-сайтида тўғридан-тўғри намойиш этиб борилади.



4-§. Академиянинг "тергов фаолияти" йўналиши

бўйича ёзма имтиҳонни ўтказиш

              

34. Ёзма имтиҳон ҳар йили июнь-июль ойларида Агентлик томонидан диктант шаклида ўтказилади.


35. Ёзма имтиҳонни ўзбек тилида топшираётган номзодларга лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзиш талаб этилади.


36. Диктант матни 160-170 та сўздан иборат бўлади.

Номзодларга диктантнинг аудиоматни бир маротаба эшиттирилади. Аудиоматн тўлиқ эшиттирилгандан кейин номзодлар диктантни ёзишга тайёрланади.

Аудиоматндаги ҳар бир гап 2 маротаба эшиттирилади.

Диктант ёзиш якунлангандан сўнг аудиоматн яна бир маротаба тўлиқ эшиттирилади.


37. Ёзма имтиҳон қуйидаги мезон асосида баҳоланади:

максимал балл 100 баллни ташкил этади;

орфографик (имловий) ёки пунктуацион (тиниш белги) хатоликка йўл қўйилмаган диктант 100 балл билан баҳоланади;

ҳар бир орфографик ёки пунктуацион хатолик учун 4 баллдан айириб ташланади.


38. Қуйидаги ҳолатларда диктантдаги хатоликлар 1 та хато деб ҳисобланади:

айнан бир хил сўздаги орфографик хатоликлар такрорланса;

тиниш белгисини қўллаш билан боғлиқ хатолик айнан такрорланса.


39. Номзод жавоблар варақасини диктант ёзилмаган ҳолда топширса, "0" балл билан баҳоланади.


40. Ёзма имтиҳон ўтказиш жараёни Академия расмий веб-сайтида тўғридан-тўғри намойиш этиб борилади.



5-§. Академиянинг "тергов фаолияти" йўналиши

бўйича тест синовларини ўтказиш

          

41. Академиянинг "тергов фаолияти" йўналиши бўйича тест синовлари, қоида тариқасида, ҳар йили 1-10 август кунлари ўтказилади.


42. Қабул комиссияси қарорига асосан тест ўтказиш жараёни Академия расмий веб-сайтида тўғридан-тўғри намойиш этиб борилади.


43. Номзодларни ўқишга қабул қилиш ўтказилган махсус психологик танлов, ёзма имтиҳон ва тест синовлари натижалари йиғиндиси асосида Академия томонидан амалга оширилади.


44. Номзод тест синовларини Академияда таълим олиш тилида топширади.


45. Тест синовлари ўтказиладиган фанлар мажмуаси, тест топшириқлари сони ва баҳолаш мезонлари тест синовлари бошланишидан камида 6 ой олдин Бош прокуратуранинг таклифига биноан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланади.

Бунда, номзодларга Академиянинг "тергов фаолияти" йўналишига ўқишга кириш учун тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ва баҳолаш мезонлари мос бўлган давлат олий таълим муассасаларининг бештагача таълим йўналишлари бўйича танловда иштирок этиш имконияти берилади.


46. Номзод ўқиган чет тилидан қатъи назар, хоҳлаган чет тилидан тест синовларини топшириши мумкин.

Академияга ҳужжат топширган ва Агентлик томонидан берилган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификат (кейинги ўринларда - миллий сертификат) ёки халқаро сертификатнинг қуйидаги даражаларига эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади:

инглиз тили учун - миллий сертификат ёки International English Language Testing System (IELTS 5,5), Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT 72), Cambridge Assessment English (FCE, CAE) ва Linguaskill халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

немис тили учун - миллий сертификат ёки Goethe-Zertifikat, Deutsches Sprachdiplom (DSD II), TestDaF (TDN3), ECL, халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

француз тили учун - миллий сертификат ёки Diplome dEtudes en Langue Francaise (DELF, DALF), Test de Connaissance du Francais (TCF) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

япон тили учун - миллий сертификат ёки Japanese Language Proficiency Test (JLPT N 2) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

бошқа тиллар (испан, турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, итальян, пушту) учун - миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражаси B2 ва ундан юқори.


47. Тест синовлари Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида" 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори талаблари асосида амалга оширилади.


48. Тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган номзодлардан (тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари ҳамда "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшлар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.


49. Тест синовига белгиланган вақтда келмаган номзодлар учун қўшимча тест синовлари ўтказилмайди.


50. Ёзма имтиҳон ва тест синовлари натижаси бўйича берилган апелляция шикоятлари Агентликнинг апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Апелляция аризалари имтиҳон натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат ичида қабул қилинади ва апелляция комиссияси томонидан мурожаат қилганларнинг сонидан келиб чиққан ҳолда бир кундан уч кунгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.


51. Номзодлар Агентлик томонидан тақдим этилган махсус психологик танлов, ёзма имтиҳон ва тест синовлари йиғиндиси натижалари асосида Академия бошлиғининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади ва уларга стипендия тайинланади.


52. Ўқишга қабул қилинган номзодлар ҳақидаги маълумотлар икки кун муддатдан кечикмасдан Агентликка тақдим этилади.



6-§. Академиянинг "тергов фаолияти" йўналишидан

ташқари юриспруденциянинг бошқа йўналишлари

бўйича ўқишга қабул қилиш

           

53. Академиянинг "тергов фаолияти" йўналишидан ташқари юриспруденциянинг бошқа йўналишлари бўйича қабул Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида" 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори талаблари асосида амалга оширилади.


54. Юриспруденциянинг бошқа йўналишларининг фаолият турлари Бош прокурор томонидан белгиланади.



3-БОБ. ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

         

55. Академия бакалавриатида таълим Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ тизимни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2020 йил 31 декабрдаги 824-сон қарори билан белгиланган кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади.


56. "Тергов фаолияти" йўналиши бўйича кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилинган фуқаро билан ўқиш (хизмат ўташ) ва ўқишни тамомлаганидан кейин уч календарь йили мобайнида тақсимот бўйича юборилганда ваколатли давлат органларида ёки бошқа давлат органларида мажбурий узлуксиз хизмат ўташ тўғрисида шартнома имзоланади.


57. Академияда ўқитиш тили белгиланган қабул параметрлари доирасида ҳужжатлар қабул қилинишига қадар Васийлик кенгаши томонидан белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.


58. Бакалавриатда ўқитишни ташкил этиш жараёни бакалавриат факультети томонидан Академиянинг кафедра, марказ ва бўлимлари билан биргаликда амалга оширилади.


59. Бакалавриатда Академия ходимлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ўқув методик, илмий-педагогик фаолияти, амалиёт ўташи ва ўқитишни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалалар Академия томонидан белгиланади.


60. Академиянинг "тергов фаолияти" йўналиши бўйича 1-курс талабаларининг ҳарбий тайёргарлик машғулотлари ташкил этилиб, ушбу машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан Ўзбекистон Миллий университети Ҳарбий тайёргарлик ўқув марказида ўтказилади.


61. Академиянинг "тергов фаолияти" йўналиши бўйича бакалавриатда биринчи курс ва (ёки) иккинчи курс учун белгиланган ўқув жараёни якунланганидан сўнг талабалар (муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўтаганлар бундан мустасно) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда, шартнома асосида ёзги таътил даврида Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмда сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўтайди.


62. Ҳарбий тайёргарлик машғулотлари доирасида икки ҳафтагача бўлган муддатда ўқув-дала йиғинлари Бош прокуратура ва Мудофаа вазирлиги томонидан тасдиқланадиган қўшма чора-тадбирлар режасига мувофиқ ташкил этилади.


63. Кейинчалик номзод талаба сифатида Академияга ҳарбийлаштирилмаган йўналиш бўйича ўқишга қабул қилинганидан сўнг, агар ҳарбийлар учун белгиланган талабларга жавоб берган тақдирда, унга хоҳишига кўра ҳарбийлаштирилган йўналишда ишлаш имконияти яратилади.


64. Талаба Академия талабалар сафидан қуйидаги ҳолларда четлаштирилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия хулосаси асосида);

ўқув интизомини ва Академия ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун Академия кенгаши қарори асосида;

академик қарздорлиги учун;

ўқув йили давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;

ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);

суднинг ҳукми асосида озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузганлиги аниқланганда (ушбу ҳолатда тингловчилар сафидан четлаштирилганлар қайта тикланмайди);

вафот этганлиги сабабли ёки суд қарорига асосан бедарак йўқолган ёхуд вафот этган деб эълон қилинганда.


65. Интизомий жазо чораси қўлланилган талаба бундан норози бўлса, Бош прокуратура ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


66. Талабага нисбатан қўлланилган интизомий жазо юзасидан маълумот унинг шахсий йиғмажилдида сақланади.


67. Талаба Академиядан четлаштирилганда унга академик маълумотнома берилади.


68. Талаба, қуйидаги асосларга кўра ўқишдан четлаштирилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари асосида ўқишини қайта тиклаш ҳуқуқига эга:

ўз хоҳишига биноан;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

академик қарздорлиги туфайли;

ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун).


69. Давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида бакалавриатда таҳсил олаётган талабалар талабалар сафидан четлаштирилган тақдирда улар кейинги ўқув йилида тўлов-контракт асосида ўқишга тикланади.


70. Ўқишга тикланган тингловчилар модуллар бўйича олинмай қолган кредитларга мос равишда тўлов-контракт суммасини тўлайди.


71. Фанлар бўйича қайта таълим олиш учун тўлов қиймати Академия томонидан бутун ўқув йилининг контракт суммасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Қайта таълим олиш учун тўлов механизми Академия томонидан бир кредит қийматини ҳисоблаш асосида белгиланади. Бир кредит қиймати ўқув йили давомидаги таълим олиш учун тўланадиган умумий суммани режалаштирилган кредитлар миқдорига бўлиш йўли билан аниқланади.


72. Талаба томонидан четлаштирилгунга қадар ўзлаштирган синов бирликлари миқдори Академия томонидан тўлиқ ҳажмда ҳисобга олинади. Академик қарздорлиги туфайли тингловчилар сафидан четлаштирилган талабалар кейинги ўқув йилида тегишли ўқув семестридан бошлаб фақат ўзлаштира олмаган модулларни такроран ўқиши мумкин.


73. Шартнома асосида талабани ўқишга қайта тиклаш сони чегараланмайди.



4-БОБ. ТЕРГОВ ФАОЛИЯТИ ЙЎНАЛИШИ БЎЙИЧА

БИТИРУВЧИЛАРИНИ ТАҚСИМОТГА МУВОФИҚ

ИШЛАБ БЕРИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

            

74. Давлат гранти асосида битирувчилар (кейинги ўринларда - битирувчилар) ваколатли давлат органларининг ҳудудлар кесимидаги эҳтиёжлари бўйича берилган таклифлари асосида ушбу органларга ишга қабул қилиниши таъминланади.


75. Битирувчиларни ваколатли давлат органларига хизматга тақсимлаш учун Академияда тақсимот комиссияси тузилади.

Тақсимот комиссиясига Васийлик кенгаши раиси раислик қилади ҳамда унинг таркибига ваколатли давлат органлари вакиллари билан бир қаторда бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳам, уларнинг раҳбарлари билан келишилган ҳолда киритилиши мумкин.


76. Битирувчиларни ишлаб бериш учун тақсимлаш ҳар йили, қоида тариқасида, битирувчи ўқишни тамомлагандан сўнг, бир ойдан кечиктирмай амалга оширилади.


77. Тақсимот комиссияси томонидан битирувчининг рейтинг натижалари ва талабани ўрганиш жараёнида йиғилган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдини, шунингдек ҳарбий-тиббий комиссия хулосасини инобатга олиб, ваколатли давлат органларида хизматни ўташ учун битирувчига ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шаклдаги йўлланма берилади.


78. Тақсимот комиссиясининг битирувчини хизматга тақсимлаш ҳақидаги қарори қабул қилинганидан сўнг Академия томонидан ҳар бир битирувчига уч иш кунидан кечиктирмаган ҳолда олий маълумот тўғрисидаги дипломдан кўчирма берилади.


79. Тақсимот комиссияси қарори асосида ваколатли давлат органларига йўлланма берилган битирувчилар билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома (контракт) тузилади. Битирувчининг хизмат вазифаларини бажаришга киришганлиги ҳақида ушбу Низомга 3-иловада келтирилган шаклдаги маълумотнома (кейинги ўринларда - маълумотнома) иш берувчи ташкилот томонидан Академияга тақдим этилади.

Академия маълумотнома асосида ушбу Низомга 4-иловада келтирилган шаклдаги журналга мувофиқ ҳар бир битирувчининг ҳисобини юритади.


80. Битирувчи 3-курс давомида қайта ўтказиладиган махсус ўрганишдан ўтмаганда ёки ваколатли давлат органларининг ҳарбий-тиббий комиссияси хулосасига кўра хизматга номувофиқ деб топилганда битирувчиларга мустақил ишга жойлашиш имконияти берилганлиги тўғрисида маълумотнома ва олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг асли берилади.

Битирувчи мазкур махсус ўрганишдан ўтмаганда ёки ҳарбий-тиббий комиссияси хулосасига кўра хизматга номувофиқ деб топилганда, у белгиланган компенсация тўловидан озод этилади.


81. Уч йиллик ишлаб бериш муддати давомида битирувчи хизматдан бўшатилганда, ваколатли давлат органлари ҳудудий давлат органлари раҳбари томонидан тегишли маълумот беш иш куни мобайнида Академияга тақдим этилади.

Бунда, компенсация миқдори битирувчи томонидан ишлаб берилган вақтга пропорционал тарзда ҳисоблаб чиқилади.

Академия битирувчи томонидан компенсация миқдорини тўлашни таъминлаш, шунингдек заруратга кўра, суд тартибида ундириш чорасини кўради.

Битирувчидан ундирилган компенсация маблағлари тўлиқ ҳажмда Академия ҳисобига тўланади.


82. Мазкур Низомга мувофиқ битирувчи хизмат бурчини бажариш вақтида меҳнат лаёқатини йўқотганлиги сабабли (тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда) ишлаб бериш имкониятига эга бўлмаганда Васийлик кенгаши қарори асосида компенсация тўловидан озод этилади.


83. Битирувчининг уч йиллик ишлаб бериш муддати тугагандан сўнг хизматни давом эттириш ҳақидаги масала қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш берувчи ва ходим ёки ҳарбий хизматчи ўртасида ўзаро келишувга асосан ҳал этилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

            

84. Давлат гранти асосида ўқишни тамомлаган Академия бакалавриатининг битирувчиларига ваколатли давлат органларида уч йил ишлаб бериш (хизматни ўташ) мажбурияти юкланади.

Академияга ўқишга киришдан олдин номзод Академияга давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган ва бакалавриатни битирган тақдирда, суриштирув ва тергов фаолиятини амалга ошириш ваколатига эга давлат органларида ишлаб бериш (хизматни ўташ) мажбуриятини бажаришдан бош тортганида ёки уч йиллик муддатдан илгари меҳнат қонунчилигига асосан ёхуд хизматни лозим даражада бажармаганлиги ёки содир этилган ҳуқуқбузарлик туфайли меҳнат қилиш (хизматни ўташ) мумкин бўлмай хизматдан (ишдан) бўшатилганида, ўқишни битирган вақтидаги Академияда амалда бўлган тўлов-шартнома суммасининг йигирма беш баравари миқдорида Академияга компенсация тўлаганидан сўнг диплом берилиши тўғрисида огоҳлантирилади.

Огоҳлантириш хати орқали зиммасига юкланадиган барча мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишига кафолат бериши тўғрисида мажбурият шартлари ҳамда унинг бажарилмаслиги юзасидан моддий жавобгарлик бўйича ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш жараёнида ушбу Низомга 5-иловада келтирилган шаклдаги огоҳлантириш хати орқали таништирилади.

Битирувчи томонидан тўлов амалга оширилганидан сўнг унга диплом берилиши таъминланади.

Огоҳлантириш хатини имзолашни рад этган фуқаролар Академияга қабул қилинмайди.


85. Академияда таълим олаётган талабалар ўқишини бошқа олий таълим муассасаларига, шунингдек бошқа олий таълим муассасалари талабалари ўқишини Академияга кўчириш мумкин эмас.


86. Мазкур Низомда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Академия ҳамда ваколатли давлат органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан қопланади.


87. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

          

         




Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза

қилиш академияси бакалавриатининг

"тергов фаолияти" йўналишига қабул

қилишни ташкил этиш

СХЕМАСИ

           


Босқичлар



       

Субъектлар

          


   

Чора-тадбирлар

     


         

Муддатлар

           








































1-босқич


Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси

(Академия)


      

Ўқишга қабул қилиш муддатлари, таълим йўналишлари ва қабул параметрлари тўғрисида Академиянинг расмий веб-сайти ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон бериш.

        


Ҳар йили

1 февралга қада








































2-босқич


Номзодлар, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (Агентлик), ҳудудий ички ишлар органлари, ҳудудий прокуратура органлари


      

1. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги махсус электрон платформасида рўйхатдан ўтиш.


2. Ҳудудий ички ишлар (ҳарбийлаштирилган йўналиш бўйича) ва ҳудудий прокуратура (ҳарбийлаштирилмаган йўналиш бўйича) органларига тегишли ҳужжатларни топшириш.

         


Ҳар йили

1 февралдан 1 мартга

қадар








































3-босқич


Ҳудудий ички ишлар органлари,

ҳудудий прокуратура органлари


         

1. Ҳарбийлаштирилган ва ҳарбийлаштирилмаган йўналишлар бўйича ўқишга топшираётган номзодлар ҳужжатларини тўплаш ва ўрганиш (дастлабки танлов).


2. Ҳарбийлаштирилган йўналиш бўйича ўқишга ҳужжат топшираётган номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш (дастлабки танлов).

       


Ҳар йили

1 мартдан 20 майга

қадар






3. Дастлабки танлов натижаларини Академияга тақдим қилиш.

     


25 майга қадар









































4-босқич


Агентлик,

Идоралараро қабул комиссияси


        

Номзодлар учун махсус психологик танлов (тест шаклида) ўтказиш.

        


Ҳар йили

июнь-июль ойларида








































5-босқич


Агентлик,

Идоралараро қабул комиссияси


      

Номзодлар учун ёзма имтиҳон (диктант шаклида) ўтказиш.

          


Ҳар йили

июнь-июль ойларида








































6-босқич


Агентлик,

Идоралараро қабул комиссияси


Номзодлар учун тест синови ўтказиш.


        

Ҳар йили

1-10 август кунлари

(қоида тариқасида)

        








































7-босқич


Академия бошлиғи


     

1. Номзодларни давлат гранти асосида бакалавриатга қабул қилиш ва тўлов-контракт асосида номзодларни дарсга қўйиш ҳақида буйруқ чиқариш.

      


Қабул комиссияси ўз ишини якунлагандан сўнг 3 кун ичида






2. Номзодларни тўлов-контракт асосида бакалавриатга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқариш.

      


Тўлов-контракт суммасининг тегишли қисми тўлангандан сўнг 3 кун ичида





          

            




Низомга

2-ИЛОВА



Суриштирув ва тергов фаолиятини амалга

ошириш ваколатига эга давлат органларида

хизматни ўташ учун ____-сон

ХИЗМАТГА ЙЎЛЛАНМА

         

20__ й. "___" _____________



Тошкент ш.

           

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бакалавриатини тамомлаган

           


га

(битирувчининг Ф.И.О.)


             

тақсимот комиссиясининг қарорига кўра


да


(битирувчи юборилган ташкилот номи)


           

уч йил давомида ишлаб бериш учун юборилди.

           

(лавозими)


(имзо, муҳр)


(Тақсимот комиссияси раисининг Ф.И.О.)

            

(лавозими)


(имзо)


(Тақсимот комиссияси раисининг Ф.И.О.)

           

(лавозими)


(имзо)


(Тақсимот комиссияси раисининг Ф.И.О.)

        

       




Низомга

3-ИЛОВА



Битирувчини хизмат вазифаларини

бажаришга киришганлиги ҳақида

МАЪЛУМОТНОМА

           

20__ й. "___" _____________



т./ш. номи

          



(иш берувчи ташкилот номи)

                

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясини 20 ____ йилда тамомлаган ва унга "_____" ___________ 20 ____ йилда _______-сон хизматга йўлланма берилган

          



(битирувчининг Ф.И.О.)

                

"_____" ____________ 20____ йилда хизматга жойлашиш учун етиб келди.

Битирувчи "_____" _________ 20____ йилдаги _____-сон буйруққа асосан

           



(битирувчи қабул қилинган лавозим)

                

лавозимига хизматга қабул қилинди.

         

(иш берувчи ташкилот раҳбари)

(имзо, муҳр)

(Ф.И.О.)

       

        




Низомга

4-ИЛОВА



Академия битирувчисига берилган

йўлланмалар ва уларнинг хизматга

жойлашганини ҳисобга олиш

ЖУРНАЛИ

          

Т/р

Ф.И.О.


Жинси


Туғилган

йили


Оилавий ҳолати

Доимий

яшаш жойи


Тақсимот

бўйича

ташкилот

номи

      

Битирувчи

имзоси

     

Ишга

келгани ва

жойлашгани

тўғрисидаги

ҳужжатни

олгани

ҳақида

қайд

      

Уч йил ишлаб

берилгани

ҳақидаги

маълумот

     

Қўшимча

маълумотлар

    

   

    





      

    


       

     



    

    

          

        




Низомга

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза

қилиш академиясига давлат гранти асосида ўқишга

қабул қилинган тақдирда, битирувчи томонидан

суриштирув ва тергов фаолиятини амалга ошириш

ваколатига эга давлат органларида уч йил ишлаб

бериш мажбуриятининг бажарилиши бўйича

ОГОҲЛАНТИРИШ ХАТИ

           

Мен Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси (Академия)га ўқишга киришга номзод

           


(номзоднинг Ф.И.О.)

        

Академияга ўқишга киришдан олдин Академияга давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниб, бакалавриатни битирганимдан сўнг, суриштирув ва тергов фаолиятини амалга ошириш ваколатига эга давлат органларида уч йил ишлаб бериш (хизматни ўташ) мажбуриятини бажаришдан бош тортганимда ёки уч йиллик муддатдан илгари хизматни лозим даражада бажармаганлигим ёхуд содир этилган ҳуқуқбузарлик туфайли ишлаб бериш (хизматни ўташ) мумкин бўлмай ишдан (хизматдан) бўшатилганимда, ўқишни битирган вақтимдаги Академияда амалда бўлган тўлов-шартнома суммасининг йигирма беш баробари миқдорида Академияга компенсация тўлаганимдан сўнг диплом берилиши тўғрисида огоҳлантирилдим.

Ушбу огоҳлантириш хати орқали зиммамга юкланадиган барча мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишига кафолат бераман.

       

________________________


________________________

(имзо)


(Ф.И.О.)






20___ йил "___" _______________

          

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 7 апрель




































































Время: 0.2192
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск