ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Мудофаа ишларини бошқариш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.04.2023 й. ПФ-49-сон "Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

11.04.2023 й.

N ПФ-49



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МУДОФАА ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ

ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

        

           

Сўнгги йилларда миллий армиямизнинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлиги йўлга қўйилди, халқимизнинг армияга бўлган ишончи янада мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини, жанговар ва миллий руҳини ҳамда жамиятда ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Жумладан, Жамоатчилик кенгаши Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига (кейинги ўринларда - Мудофаа вазирлиги) шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш, "Халқ ва армия - бир тану бир жон" деган эзгу ғояни амалда рўёбга чиқариш борасида яқиндан кўмаклашиб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўғрисида жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятни тизимли равишда хабардор қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ижобий тажрибасини эътиборга олган ҳолда унинг фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, ҳарбий пенсионерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларини кучайтириш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг янгиланган таркиби 1-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган намунавий таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

мудофаа ва ҳарбий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ энг долзарб масалаларга оид жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан билдирилган таклифларни, фикр-мулоҳазаларни ҳар томонлама таҳлил қилиб бориш, ижтимоий сўровномаларни, жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун Мудофаа вазирлигини фуқаролар билан боғлаб турувчи "кўприк" вазифасини бажариш;

ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, уй-жой, тиббий ҳамда бошқа таъминот турлари билан таъминлаш, хизмат ўташ шарт-шароитларини яхшилаш бўйича тегишли дастурларнинг бажарилишини комплекс таҳлил қилишда иштирок этиш, ушбу дастурларнинг амалга оширилиши юзасидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

ҳарбий хизматдан резерв (захира)га бўшатилган фуқароларнинг ижтимоий ва профессионал мослашуви ҳамда бандлиги билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда бевосита иштирок этиш;

мудофаа ва ҳарбий қурилиш, шу жумладан Мудофаа вазирлиги фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини (давлат сирларига оид, фойдаланиш доираси чекланган ҳужжатлар ва маълумотлар бундан мустасно) ишлаб чиқиш, уларнинг жамоатчилик ва эксперт-мутахассислар муҳокамасидан ўтказилишини ташкил этишда Мудофаа вазирлигига яқиндан ёрдам кўрсатиш;

фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиш тадбирларини ташкил этиш, шунингдек, ҳарбий қисм (муассаса)ларда соғлом маънавий-руҳий ҳамда юксак ахлоқий ва маданий муҳит, қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот, юксак ахлоқ ва маданият сақланишини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тайёрлаш ва Мудофаа вазирлигига киритиш;

ёшларнинг фаол ҳаётий позицияси, Она Ватанга садоқат, унинг тақдири ва равнақи учун дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, оммавий маданият, ахборот-психологик хуружларга қарши миллий мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

давлат ва нодавлат ташкилотлар, оила, маҳалла институтлари, таълим ташкилотларининг ёшларни ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, ўз фуқаролик бурчи ва мажбуриятларини виждонан бажарадиган, Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилишга қодир баркамол шахс этиб тарбиялаш борасидаги аниқ мақсадли ишларни мувофиқлаштириб боришда иштирок этиш;

Мудофаа вазирлиги (ҳарбий округ, ҳарбий қисм (муассаса)лар қўмондонликлари), жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда чақирувга қадар ёшлар ва ҳарбий хизматчиларнинг тарбиявий ва маънавий-маърифий тайёргарлигини ташкил этиш;

ёшларда ва ҳарбий хизматчиларнинг миллий ғурурни мустаҳкамлаш, уларда фаол ҳаётий позицияни, Ватан мустақиллиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун шахсий масъулият ҳиссини мустаҳкамлаш;

ҳудудий бўлинмаларнинг фаолиятини таҳлил қилган ҳолда, ҳар бир аъзонинг иш самарадорлигини баҳолаб, келгусида уларни фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;

ҳудудий бўлинмалар фаолиятини ҳарбий қисмларнинг (муассасаларнинг) жойлардаги давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, таълим ташкилотлари, жумладан "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейлари, "Ватан таянчи" болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати билан узвий ҳамкорлигини таъминлашга йўналтириш;

фан, маданият ва санъат намояндалари ҳамда Мудофаа вазирлиги фахрийлари ишлари бўйича кенгашларни жалб этган ҳолда ўқув-тарбиявий, тарғибот-ташвиқот, маънавий-маърифий ва ташкилий-амалий тадбирларни ўтказишда ҳарбий қисм (муассаса)ларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш;

маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакат хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва чегаралар дахлсизлигини таъминлаш масалаларига доир материалларни эълон қилиш орқали самарали тушунтириш ва тарғибот ишларини тизимли асосда амалга ошириш.


3. Белгилансинки:

Жамоатчилик кенгаши маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланиб, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари аъзолари, сенаторлар, депутатлар, фан ва маданият намояндалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларидан иборат таркибда ташкил этилади;

ҳудудий бўлинмаларнинг ташкилий-техник таъминоти Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади;

Жамоатчилик кенгаши ўз ҳудудий бўлинмаларига юкланган вазифа ва мажбуриятларнинг бажарилишини мувофиқлаштириб боради ҳамда уларнинг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, шунингдек, Тошкент шаҳрида Мудофаа вазирлигининг фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ва самарали ҳамкорлик қилишига кўмаклашади;

ҳудудий бўлинмалар Жамоатчилик кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари олдида ҳисобдор бўлади.


4. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Жамоатчилик кенгаши ва унинг ҳудудий бўлинмалари бир ой муддатда ва кейинчалик ҳар йили 15 январгача, амалга ошириладиган тадбирларнинг йиллик дастурини Мудофаа вазирлиги ҳамда мос равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоят ҳокимликлари билан келишилган ҳолда тасдиқласин.


6. Мудофаа вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимликлари:

Жамоатчилик кенгаши ва унинг ҳудудий бўлинмаларига самарали фаолият юритишлари учун ҳамда уларнинг зиммасига юкланган вазифаларни ҳал этишда ҳар томонлама кўмаклашсин;

белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда Жамоатчилик кенгаши ва унинг ҳудудий бўлинмалари билан тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, ҳарбий округ ва ҳарбий қисм (муассаса)лар қўмондонликлари ўртасида яқин ҳамкорликни таъминласин.


7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Жамоатчилик кенгаши билан келишилган ҳолда бир ой муддатда Жамоатчилик кенгаши ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган намунавий таркибини тасдиқласин ҳамда ҳудудий бўлинмаларнинг ҳар бир аъзоси томонидан бажариладиган аниқ вазифаларни белгиласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги "Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3837-сон қарорининг 3-банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби, шунингдек, Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан амалга оширилади.".


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


10. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.

         

          

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев

       

            




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 11 апрелдаги

ПФ-49-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги

Жамоатчилик кенгашининг

ТАРКИБИ

       

1. Мирзаалиев Иқболжон Мирзакаримович


-

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Жамоатчилик кенгаши раиси


2. Турдиев Содиқжон

-

Ўзбекистон фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси республика бошқаруви раиси, Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари


3. Бурханов Кутбидин Нукритдинович


-

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари


4. Салихов Эркин Тагирович


-

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси


5. Каримов Анвар Расулович


-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари


6. Турдибоева Раъно Эшовна


-

Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ўринбосари


7. Бузрукхонов Сарвар Мунавархонович


-

Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари


8. Кенжаев Дилшод Муталибович


-

Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари


9. Аҳмедов Баҳодир Мажидович


-

Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазирининг ўринбосари


10. Мелиев Худоёр Хуррамович


-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари


11. Баситханова Эльмира Иркиновна


-

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари


12. Лавозимига кўра


-

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари


13. Ҳожиматов Минхожиддин Мирзажонович


-

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари


14. Саидов Сирожиддин Салохович


-

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси


15. Рафиков Кудратулла Мирсагатович


-

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси


16. Нуридинов Акмал Вахобжонович


-

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси


17. Сафаров Мамадамин Абдуғаппарович


-

Ўзбекистон МТРК раисининг ўринбосари


18. Салимов Холмурод Хужаевич


-

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раисининг ўринбосари


19. Ходжаев Жамшид Бахтиёрович


-

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари


20. Абдуқундузов Мухаммадали


-

Ўзбек Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти

21. Салимов Меҳмонали


-

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист


22. Муҳаммадсиддиқов Муҳаммадолим

Муҳаммадрозиқ ўғли


-

Тошкент ислом институти ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор


23. Дадабоев Ҳамидулла Арипович


-

тарих фанлари доктори, профессор


24. Насимов Ҳилол Тўлқунович


-

кинорежиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими


25. Файзиев Хуршид Турғунович


-

Темурийлар тарихи давлат музейи директори


26. Шералиев Даврон Турғунович


-

"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси бош директори


27. Ризаев Шухрат Турсунович


-

Кинематография агентлиги директорининг биринчи ўринбосари


28. Мулабаев Нурмахамад Хикматович


-

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари


29. Абдуллаев Улуғбек Тахирович


-

"Ҳунарманд" уюшмаси раиси


30. Ҳасанов Бахтиёр Вахапович


-

Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор


31. Саидолимов Саидхон Талъат ўғли


-

сиёсий фанлар доктори, профессор


32. Ахмедов Муҳаммад Али


-

Ўзбекистон халқ ёзувчиси


33. Султонов Исажон Абдураимович


-

Ўзбекистон халқ ёзувчиси


34. Мўминова Зулфия Мардановна


-

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси


35. Бўрибоев Икром Искандарович

-

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

            

Изоҳ. Жамоатчилик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

         

          




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 11 апрелдаги

ПФ-49-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси

Вазирлар кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларида

ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Мудофаа

вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши

ҳудудий бўлинмаларининг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

          

1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоят ҳокимининг ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиқлари, ҳудудий бўлинма раиси


2. Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоятлардаги бўлимлари раислари, ҳудудий бўлинма раиси ўринбосари


3. Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари ва вилоятлар ёшлар сиёсати ва спорт бошқармалари бошлиқлари, ҳудудий бўлинма раиси ўринбосари


4. Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари ва вилоятлар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари бошлиқлари


5. Қорақалпоғистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ўринбосари, вилоятлар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиқлари


6. Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари ва вилоятлар адлия бошқармаси бошлиқлари


7. Қорақалпоғистон Республикаси маданият ва туризм вазирининг ўринбосари, вилоятлар маданият ва туризм бошқармаси бошлиқлари


8. Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари


9. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларининг депутатлари


10. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кенгаши раислари


11. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кенгаши раислари


12. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги олий таълим муассасалари ректорлари


13. Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўлимлари раҳбарлари


14. Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўлими раислари


15. "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимлари бошқаруви раислари


16. "Соғлом авлод учун" фондининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги филиаллар директорлари


17. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлими кенгаши раислари


18. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги театрлар директорлари


19. "Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлими директорлари


20. Мудофаа вазирлиги фахрийлар ишлари бўйича вилоят кенгашлари раислари.

          

Изоҳ. Жамоатчилик кенгаши ҳудудий бўлинмаларининг аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, уларнинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

          

           




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 11 апрелдаги

ПФ-49-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ўз кучини йўқотган деб эътироф

этилаётган айрим ҳужжатлари

РЎЙХАТИ

           

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги ПФ-5447-сон Фармонига 1-илованинг 42-банди.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 5 сентябрдаги "Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-564-сон Қонуни)"ги ПФ-5983-сон Фармонига илованинг 4-банди.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-1839-сон қарори.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3234-сон қарори.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ПҚ-5010-сон қарорига илованинг 1 ва 2-бандлари.

            

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 13 апрель








































































Время: 0.1926
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск