ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Мудофаа ишларини бошқариш /

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 11.04.2023 й. ПФ-49-сон Фармонига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 11 апрелдаги

ПФ-49-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги

Жамоатчилик кенгаши тўғрисида

НИЗОМ

      

       

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

           

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги (кейинги ўринларда - Мудофаа вазирлиги) ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг (кейинги ўринларда - Жамоатчилик кенгаши) асосий вазифалари, функциялари, ваколатлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб борадиган маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.


3. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида Жамоатчилик кенгашининг ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бўлинмалар) ташкил этилади.

Ҳудудий бўлинмалар Жамоатчилик кенгашига Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кесимида юклатилган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш мақсадида фаолият юритади.

Ҳудудий бўлинмалар Жамоатчилик кенгашига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари олдида ҳисобдордир.



2-БОБ. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ

             

5. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

мудофаа ва ҳарбий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ долзарб масалаларга оид жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан билдирилган таклифларни, фикр-мулоҳазаларни ҳар томонлама таҳлил қилиб бориш, ижтимоий сўровномаларни, жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

давлат органларининг жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун Мудофаа вазирлигини фуқаролар билан боғлаб турувчи "кўприк" вазифасини бажариш;

ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, уй-жой, тиббий ҳамда бошқа таъминот турлари билан таъминлаш, хизмат ўташ шарт-шароитларини яхшилаш бўйича тегишли дастурларнинг бажарилишини комплекс таҳлил қилишда иштирок этиш, ушбу дастурларнинг амалга оширилиши юзасидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

ҳарбий хизматдан резерв (захира)га бўшатилган фуқароларнинг ижтимоий ва профессионал мослашуви ҳамда бандлиги билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда бевосита иштирок этиш;

мудофаа ва ҳарбий қурилиш, шу жумладан Мудофаа вазирлиги фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини (давлат сирларига оид, фойдаланиш доираси чекланган ҳужжатлар ва маълумотлар бундан мустасно) ишлаб чиқиш, уларнинг жамоатчилик ва эксперт-мутахассислар муҳокамасидан ўтказилишини ташкил этишда Мудофаа вазирлигига яқиндан кўмаклашиш;

фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиш тадбирларини ташкиллаштириш, шунингдек, ҳарбий қисм (муассаса)ларда соғлом маънавий-руҳий ҳамда юксак ахлоқий ва маданий муҳит, қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот сақланишини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тайёрлаш ва Мудофаа вазирлигига киритиш;

ёшларнинг фаол ҳаётий позицияси, Она Ватанга садоқат, унинг тақдири ва равнақи учун дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, оммавий маданият, ахборот-психологик хуружларга қарши миллий мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

давлат ва жамоат ташкилотлари, оила, маҳалла институтлари, таълим ташкилотларининг ёшларни ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, ўз фуқаролик бурчи ва мажбуриятларини виждонан бажарадиган, Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилишга қодир баркамол шахс этиб тарбиялаш борасидаги аниқ мақсадли ишларни мувофиқлаштириб боришда иштирок этиш;

Мудофаа вазирлиги (ҳарбий округ, ҳарбий қисм (муассаса)лар қўмондонликлари), жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда чақирувга қадар ёшлар ва ҳарбий хизматчиларнинг тарбиявий ва маънавий-маърифий тайёргарлигини ташкил этиш;

ёшларда ва ҳарбий хизматчиларда миллий ғурурни мустаҳкамлаш, уларда фаол ҳаётий позицияни, Ватан мустақиллиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун шахсий масъулият ҳиссини мустаҳкамлаш;

ҳудудий бўлинмаларнинг фаолиятини таҳлил қилган ҳолда, ҳар бир аъзонинг иш самарадорлигини баҳолаб, келгусида уларни фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;

ҳудудий бўлинмалар фаолиятини ҳарбий қисмларнинг (муассасаларнинг) жойлардаги давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, таълим ташкилотлари, жумладан "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейлари, "Ватан таянчи" болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати билан узвий ҳамкорлигини таъминлашга йўналтириш;

фан, маданият ва санъат намояндалари ҳамда Мудофаа вазирлиги фахрийлари ишлари бўйича кенгашларни жалб этган ҳолда ўқув-тарбиявий, тарғибот-ташвиқот, маънавий-маърифий ва ташкилий-амалий тадбирларни ўтказишда ҳарбий қисм (муассаса)ларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш;

маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакат хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва чегаралар дахлсизлигини таъминлаш масалаларига доир материалларни эълон қилиш орқали самарали тушунтириш ва тарғибот ишларини тизимли асосда амалга ошириш.


6. Жамоатчилик кенгаши зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

фуқаролар, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг мудофаа соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатига оид ташаббус ва мурожаатларини ўрганиб чиқади, тегишли давлат органларига уларни ҳаётга татбиқ этишга доир таклифлар киритади;

Мудофаа вазирлиги (ҳарбий округ, ҳарбий қисмлар (муассасалар) қўмондонликлари)нинг фуқаролар, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилиш, ўз фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш шакллари ва усулларини таҳлил қилади ҳамда уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг атрофлича ўрганиб чиқилишини ташкиллаштиради;

чақирилувчилар ва ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий ва ахлоқий-руҳий тайёргарлик даражасини ошириш масалаларига оид ўқув-услубий адабиётларни яратиш ва такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқади;

ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, чақирувга қадар тайёргарлик, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳини оширишга қаратилган янги ҳарбий анъаналарни шакллантиришни тарғиб этишга бағишланган тадбирларни ташкил этишга оид масалаларни мувофиқлаштириб боришда иштирок этади;

ҳарбий хизматга чақириш, ҳарбий хизматни ўташ, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда ҳарбий пенсионерларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишга қаратилган масалалар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкиллаштиради;

кенг жамоатчиликни мамлакатда ҳарбий соҳани ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида мунтазам равишда хабардор қилишни таъминлайди ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

Мудофаа вазирлиги фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича бажарилаётган ишларнинг натижаларини таҳлил қилади, уларнинг самарадорлигини ошириш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда фуқаролар билан яқиндан ҳамкорлик қилади.



3-БОБ. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

            

7. Жамоатчилик кенгаши ўзининг асосий вазифа ва функцияларини бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан Жамоатчилик кенгашига юкланган вазифаларни ҳал этишга қаратилган зарур статистик ва бошқа маълумотларни сўраб олиш;

давлат органларида фаолият юритадиган соҳа мутахассисларини, илмий-тадқиқот марказларининг ходимларини, ҳарбий хизматчилар, олимлар ва олий ҳарбий таълим муассасаларининг ўқитувчиларини заруратга кўра Жамоатчилик кенгаши ишига ушбу орган ва ташкилотларнинг раҳбарлари билан келишган ҳолда жалб этиш;

Жамоатчилик кенгаши ваколатига кирадиган вазифаларни ҳал этиш учун жамоатчилик комиссиялари тузиш;

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири (ҳарбий округ, ҳарбий қисмлар (муассасалар) қўмондонлиги) билан мувофиқлаштирилган ҳолда Мудофаа вазирлиги томонидан ўтказилаётган хизмат йиғилишлари, ҳарбий округ ҳарбий кенгашининг йиғилишлари ва бошқа тадбирларда иштирок этиш;

ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлган, ҳарбий хизматни ўтаётган, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги, ҳарбий йиғинга чақирилган ва ҳарбий хизматдан бўшатилган фуқаролар ва улар оила аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини ўрганишда иштирок этиш;

ҳарбий хизматчилар ва сафарбарлик чақируви резерви хизматчиларига ҳарбий хизматни ўташ учун яратилган шарт-шароитлар, маиший таъминотнинг жорий ҳолати билан танишиш;

Жамоатчилик кенгаши ваколатига кирадиган масалалар бўйича ҳарбий округлар, ҳарбий қисмлар (муассасалар) қўмондонлигига кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда таклифлар киритиб бориш;

Жамоатчилик кенгашига юкланган вазифаларни ҳал этиш учун конференциялар, форумлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ўтказиш;

жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, ижодий жамоалар, таниқли фан, маданият ва санъат арбобларини кенг жалб этган ҳолда чақирувга қадар ёшлар ва ҳарбий хизматчилар ўртасида маънавий-маърифий, ўқув-тарбиявий, тарғибот-ташвиқот ва амалий-ташкилий тадбирларни ташкиллаштириш ва уларда иштирок этиш.

Жамоатчилик кенгаши қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Жамоатчилик кенгаши:

ўз фаолиятида қонунчиликка ва мазкур Низом талабларига риоя қилишга;

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлашга;

Мудофаа вазирлиги фаолиятини ривожлантириш бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларни амалга оширишда қатнашишга;

фуқаролар, жумладан ҳарбий хизматчилар билан мулоқотда самимий, хушмуомала ва холис бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка ҳамда шахсий ҳаётига аралашмасликка;

давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмасликка мажбур.



4-БОБ. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИНИНГ

ТАРКИБИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

          

9. Жамоатчилик кенгашининг самарали фаолият юритишини таъминлаш унинг ишчи органи томонидан амалга оширилади.


10. Жамоатчилик кенгашининг фаолияти кенгашнинг биринчи ташкилий йиғилишида Жамоатчилик кенгашининг раиси томонидан тасдиқланадиган регламент билан тартибга солинади.

Жамоатчилик кенгаши регламентида қуйидагилар белгиланади:

Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг кенгаш фаолиятида иштирок этиш тартиби;

Жамоатчилик кенгаши мажлисларини ўтказиш тартиби ва муддатлари;

Жамоатчилик кенгашининг доимий ишчи органи томонидан олиб бориладиган иш тартиби;

Жамоатчилик кенгашининг ҳарбий округлар, ҳарбий қисм ва муассасалар қўмондонлиги билан ҳамкорлиги ва масалаларни кўриб чиқиш тартиби;

жамоатчилик комиссияларини тузиш тартиби, фаолият ва сайлаш тартиби, уларнинг ваколатларини шакллантириш;

Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг ваколатларини тугатиш ва тўхтатиш тартиби;

Жамоатчилик кенгашининг қарор қабул қилиш тартиби ва шакллари;

Жамоатчилик кенгаши томонидан ўтказиладиган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тартиби;

Жамоатчилик кенгашининг мазкур Низомга мувофиқ фаолият юритиш тартибига оид бошқа масалалар.


11. Жамоатчилик кенгаши таркибига Жамоатчилик кенгашининг раиси, раис ўринбосарлари ва аъзолари киради.


12. Жамоатчилик кенгаши раиси кенгаш томонидан олиб бориладиган фаолиятга умумий раҳбарлик қилади, унга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун жавоб беради.

Жамоатчилик кенгаши раиси:

Жамоатчилик кенгаши мажлисини чақиради ва кун тартибини белгилайди;

Жамоатчилик кенгаши мажлисларида раислик қилади;

Жамоатчилик кенгашининг регламентини, иш режасини, шу жумладан, мажлис баёнлари ва Жамоатчилик кенгашининг иш юритувига оид бошқа ҳужжатларни тасдиқлайди;

Жамоатчилик кенгаши қарорларининг бажарилишини назорат қилади;

Жамоатчилик кенгашига юкланган вазифалар ижроси борасида кенгаш аъзолари томонидан амалга ошириладиган ишларни мувофиқлаштиради;

ҳудудий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштиради, уларга таклиф ва тавсиялар бериб боради, уларнинг иштирокида жойларда тадбирлар ташкил қилади, мажлисларида иштирок этади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;

Жамоатчилик кенгаши томонидан олиб бориладиган ишлар самарадорлигини оширишга доир бошқа вазифаларни амалга оширади.


13. Жамоатчилик кенгаши аъзолари:

ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун Жамоатчилик кенгаши раиси томонидан ташкил этиладиган ҳайъат мажлисларида ҳамда ҳарбий қисм ва муассасаларда ўтказиладиган тадбирларда иштирок этади;

Жамоатчилик кенгаши мажлисларида кўриб чиқилаётган масалалар муҳокамаси ва ҳал этилишида шахсан иштирок этади;

узрли сабаб билан Жамоатчилик кенгашининг мажлисида иштирок эта олмаса, кун тартибидаги масалага доир ўз фикр-мулоҳазаларини олдиндан ёзма шаклда йўллайди;

ўз фикрининг мажлис давомида кўриб чиқилиши, овоз бериш жараёнида инобатга олинишини талаб қилади;

ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалаларига доир ўз таклиф ва тавсияларини Жамоатчилик кенгаши ҳамда ҳудудий бўлинма аъзоларига киритиб боради;

Жамоатчилик кенгаши томонидан кўриб чиқилаётган масалаларга оид хулосаларини тақдим этади.

Жамоатчилик кенгаши аъзоси ҳарбий қисмларга ташриф буюришга ҳақли. Бунинг учун у ўз ташрифини Мудофаа вазирлиги (Жамоатчилик кенгаши ишчи органи) билан олдиндан мувофиқлаштириши ҳамда ташрифининг режасини ташриф санасидан уч кун олдин кенгашнинг ишчи органига тақдим этиши лозим.

Ҳарбий қисмга ташриф буюрган Жамоатчилик кенгаши аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ҳарбий қисм қўмондонлигининг вакили ҳамроҳлигида шахсий таркиб истиқомат қиладиган жойлар, ижтимоий инфратузилма объектлари, яъни маданият маркази, кутубхона, маиший хизмат хоналари, тиббиёт пунктлари, спорт зали, ошхона, ётоқхона, ўқув хоналари ҳамда амалий машғулотлар ўтказиш ўқув марказлари ва полигонлар билан танишиш;

ҳарбий қисм командири, унинг ўринбосарлари, хизмат тури бошлиқлари, бўлинма командирлари, хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилаётган бошқа шахслар билан эркин учрашиш ва мулоқот қилиш;

ҳарбий қисмнинг кундалик фаолияти, шахсий таркибнинг ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинаётгани, ҳарбий қисмда қарор топган ҳуқуқий тартибот ва ҳарбий интизом ҳолатига оид ҳужжатлар мазмуни билан танишиб бориш (давлат ва ҳарбий сирлар ҳамда махфий ахборотни акс эттирувчи, шунингдек, фойдаланиш доираси чекланган бошқа тоифадаги ҳужжатлар ва маълумотлардан ташқари).


14. Жамоатчилик кенгаши аъзосига:

ваколатини амалга ошириш жараёнида воқиф бўлган ва сир тутилиши талаб этиладиган маълумотларни ошкор этиш;

қўшинларнинг жанговар ва сафарбарлик шайлигига оид, шунингдек, жанговар тайёргарлик тадбирларини, жанговар навбатчилик, жанговар хизмат, ички хизмат ва қоровуллик хизматини ташкиллаштиришга оид масалаларга аралашиш тақиқланади.


15. Жамоатчилик кенгашининг фаолияти тегишли масалаларни эркин муҳокама қилиш, ошкоралик, жамоатчилик фикрини инобатга олиш, қарор қабул қилиш масаласида тенг ҳуқуқлилик ва коллегиаллик тамойилига асосланади.


16. Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг асосий шакли ўзи томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган режалар асосида ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказиладиган мажлислар ҳисобланади.

Жамоатчилик кенгашининг раиси (ҳудудий бўлинма раиси) бир ёки бир неча нафар кенгаш аъзоси томонидан тақдим этилган, мажлис ўтказилишининг сабаб ва асослари баён этилиши лозим бўлган ёзма мурожаатлар асосида ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари) томонидан юкланган топшириқларга мувофиқ навбатдан ташқари мажлис ўтказилишини уюштириши мумкин.


17. Жамоатчилик кенгаши мажлисининг кун тартибига Жамоатчилик кенгашининг мазкур Низомда белгиланган ваколатига тааллуқли масалалар киритилади.

Жамоатчилик кенгашининг мажлиси кун тартибининг лойиҳаси кенгаш аъзолари тақдим этган таклифлар асосида Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи томонидан расмийлаштирилиб, кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.


18. Жамоатчилик кенгашининг мажлисини кенгаш раиси олиб боради. Раис бўлмаган вақтда, мажлисни Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари олиб боради.

Жамоатчилик кенгашининг мажлиси кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Мажлисни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади.


19. Муҳокама қилинадиган масалалар тавсифига боғлиқ ҳолда Жамоатчилик кенгашининг мажлисига жамоат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг ўринбосарлари, таркибий бўлинмалар бошлиқлари, ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлари ва уларнинг ўринбосарлари таклиф этилиши мумкин.

Жамоатчилик кенгашининг мажлисига таклиф этиладиган шахслар рўйхати, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари билан келишилган ҳолда Жамоатчилик кенгашининг раиси томонидан белгиланади.


20. Жамоатчилик кенгашининг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.

Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини ташкиллаштириш учун ўзининг номи ёзилган бланкларга эга бўлиши мумкин.

Жамоатчилик кенгаши ва унинг ҳудудий бўлинмалари аъзоларига Мудофаа вазирлиги ҳамда ҳарбий округлар қўмондонлиги томонидан гувоҳномалар тайёрлаб берилади.


21. Жамоатчилик кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ҳудудий бўлинмалари аъзоларининг хизмат сафарлари харажатлари уларнинг асосий иш жойлари ҳисобидан қопланади.


22. Қуйидагилар тегишлича:

Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси Давлат ва жамоат ташкилотлари билан ишлаш бўлими - Жамоатчилик кенгашининг;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар мудофаа ишлари бошқармалари - ҳудудий бўлинмаларнинг ишчи органлари (кейинги ўринларда - ишчи органлар) ҳисобланади.


23. Ишчи органлар зиммасига юклатилган вазифаларни тегишлича:

Жамоатчилик кенгашида - Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси Давлат ва жамоат ташкилотлари билан ишлаш бўлими шахсий таркиби;

ҳудудий бўлинмаларда - Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар мудофаа ишлари бошқармалари бошлиқларининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳамда мудофаа ишлари бошқармаларида (1 та штат бирлигида) фаолият юритаётган 1-тоифали мутахассислар бажаради.

Ишчи органларга улар фаолиятини ҳар томонлама самарали ташкил этишда ҳарбий округлар қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари ва қўмондонлик бошқарув аппарати тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқармаси бошлиғи яқиндан ёрдам кўрсатади.


24. Ишчи орган:

Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмалар томонидан навбатдаги давр давомида олиб бориладиган ишлар режаси лойиҳасини тайёрлайди ва кўриб чиқиш учун Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмаларга тақдим этади ҳамда тасдиқланган режанинг амалга оширилишини таҳлил қилади;

Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмаларнинг навбатдаги мажлисига тааллуқли материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, манфаатдор ташкилотлардан зарур материал ва маълумотларни сўраб олади;

Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмаларнинг ваколатига тааллуқли мурожаатларни умумлаштиради ва раисларга тақдим этади;

илгари қабул қилинган қарорларга мувофиқ Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмалар томонидан кўриб чиқиладиган бошқа материалларни тақдим этади;

Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмалар аъзоларининг ҳарбий қисм ва муассасаларга ташрифлари ҳамда ўтказилган тадбирларини мувофиқлаштиради;

Жамоатчилик кенгаши ишчи органи ҳудудий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан кенгаш раиси номидан бўлинмаларга таклиф ва тавсиялар ҳамда уларнинг имкониятлари орқали жойларда тадбирлар ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар тайёрлайди ва йўллайди;

Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмаларнинг фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмалар мажлисларининг кун тартибига мувофиқ ўтказилишини ташкил этади;

Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмалар мажлисларини ўтказиш санаси ва жойи, таклиф этиладиган шахслар рўйхатини Жамоатчилик кенгашининг раиси билан келишади;

Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмаларнинг аъзоларини ҳамда таклиф этилган шахсларни Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмалар мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади;

Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмалар қарорларининг ижро этилиши устидан мониторинг олиб боради ҳамда унинг натижаларини Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмалар мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритади;

Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмалар мажлисининг баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмалар аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга жўнатилишини таъминлайди;

Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинмаларнинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.



5-БОБ. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ ТОМОНИДАН

ҚАРОР  ҚАБУЛ  ҚИЛИШ  ВА  ҚАБУЛ  ҚИЛИНГАН

ҚАРОРЛАР ИЖРОСИНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ

          

25. Жамоатчилик кенгашининг қарори кенгаш мажлисида иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Берилган овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, Жамоатчилик кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Жамоатчилик кенгашининг ҳар бир аъзоси мажбурий равишда қабул қилинаётган қарор бўйича ўзининг алоҳида фикрини ёзма шаклда ифодалашга ҳақли ҳамда унинг фикри жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомасига қўшиб қўйилади.

Жамоатчилик кенгашининг қарори тавсиявий хусусиятга эга бўлади. Мудофаа вазирлиги раҳбарияти Жамоатчилик кенгаши томонидан қабул қилинган қарор мазмунига рози бўлмаса, Мудофаа вазирлиги (ҳарбий округ қўмондонлиги) Жамоатчилик кенгашининг расмий ҳужжатларини қабул қилиб олган санадан бошлаб ўн кундан кечикмай асослантирилган эътирозини ёзма шаклда юборади.


26. Жамоатчилик кенгаши раиси айрим масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида Жамоатчилик кенгаши аъзолари ўртасида сўровнома ўтказиш орқали қарор қабул қилиши мумкин.


27. Жамоатчилик кенгаши томонидан қабул қилинган қарор Жамоатчилик кенгаши мажлисининг баёни билан расмийлаштирилади. Жамоатчилик кенгаши баёни лойиҳаси Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосарлари билан келишилади ҳамда Жамоатчилик кенгаши раисига тасдиқлаш учун тақдим этилади. Баён нусхалари бир ҳафта мобайнида Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинма аъзолари, манфаатдор ташкилотларга юборилади.


28. Жамоатчилик кенгаши мажлиси баёнининг асл нусхаси ва ушбу баёнга илова қилинган материаллар ишчи органда сақланади.


29. Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи, Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг иштирокида илгари қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилади, зарур ҳолларда унинг сифатли бажарилишини таъминлаш учун Жамоатчилик кенгаши раисига тегишли таклифлар киритади.


30. Жамоатчилик кенгаши ўз мажлисларида муқаддам қабул қилинган қарорларининг ижросини эшитади ва бажарилиш жараёнини мунтазам ўрганиб боради.


31. Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи Жамоатчилик кенгаши қарорлари ижросининг боришини ўрганади ва кўриб чиқади, зарур ҳолларда, Жамоатчилик кенгашининг раисига тегишли таклифлар киритади.



6-БОБ. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ ҲУДУДИЙ

БЎЛИНМАЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИ ТАРТИБИ

ВА ИЧКИ ТАШКИЛИЙ МАСАЛАЛАРИ

         

32. Ҳудудий бўлинманинг шахсий таркиби ҳарбий округлар қўмондонлиги билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ҳар икки йилда тасдиқланади.


33. Ҳудудий бўлинма Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар маъмурий-ҳудудий чегаралари доирасида ўзларига юкланган вазифаларни бажариб, Жамоатчилик кенгашига берилган ваколат ва ҳуқуқлардан фойдаланади.


34. Ҳудудий бўлинмаларнинг ташкилий тузилмаси Жамоатчилик кенгашидаги каби бўлади, унинг фаолияти мазкур Низом талаблари ва ҳудудий бўлинма раиси томонидан тасдиқланган регламентга мувофиқ амалга оширилади.

Ҳудудий бўлинма раиси ҳар чоракда ўз ваколатига тааллуқли масалалар бўйича олиб борилган ишлар тўғрисида керакли ҳужжатларни илова қилган ҳолда Жамоатчилик кенгаши раисига ҳисобот тақдим этади.


35. Жамоатчилик кенгаши ва ҳудудий бўлинма аъзоларининг ҳарбий қисм ва муассасаларга ташрифлари ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида ўтказиладиган тадбирлар ҳарбий округ қўмондонлиги билан бевосита келишилган ҳолда амалга оширилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

           

36. Жамоатчилик кенгаши ва унинг ҳудудий бўлинмаларини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 13 апрель





































































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск