ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Йўловчиларга хизмат кўрсатиш. Автовокзаллар. Автомобиллар тўхташ жойлари. Аэровокзаллар. Темирйўл станциялари /

Темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг темир йўл вокзалларида (станцияларида) бўлиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.04.2023 й. 159-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 17 апрелдаги

159-сон қарорига

2-ИЛОВА



Темир йўл вокзалларида (станцияларида)

йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл

юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг

темир йўл вокзалларида (станцияларида)

бўлиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

          

       

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

          

1. Мазкур Низом темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни қўл юки ва багажни кўздан кечириш ҳамда уларнинг темир йўл вокзалларида (станцияларида) бўлиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом билан белгиланган тартиб чегара ва божхона назорати амалга ошириладиган чегара олди темир йўл вокзалларига (станцияларига) нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


багаж - йўловчига шахсан тегишли бўлган, сафар якунлангандан кейин унга зарур бўладиган ва ташиш учун багаж вагонида темир йўл ҳужжати (чипта) бўйича қабул қилинадиган буюмлар;


йўловчи - темир йўл транспортида сафар қилиш учун йўл ҳужжати (чипта)га эга бўлган жисмоний шахс;


йўловчилар платформаси (перрони) - станцияларда ёки тўхташ шохобчаларида йўловчиларнинг вагонларга қулай ва хавфсиз ўтиши, уларнинг вагонларга чиқиши ва тушиши учун қулайлаштирилган майдонча;


йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар - ноқонуний аралашиш ҳаракатини содир этиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган буюмлар ва юклар;


кўздан кечириш - махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда, ташриф буюрувчилар ҳамда йўловчилар учун йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган, ноқонуний аралашиш ҳаракатини содир этиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлашга қаратилган тадбирлар мажмуаси;


кўздан кечириш ваколатига эга бўлган ходимлар - Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти, Миллий гвардия ва "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси ходимлари;


махсус техник воситалар - кўздан кечириш ва назоратни амалга ошириш учун мўлжалланган махсус-техник қурилмалар ва мосламалар (интроскоплар, турғун ва қўл металл детекторлари, портловчи моддаларнинг буғ қолдиқлари зарраларини аниқлаш учун детекторлар, видеокузатув, шу жумладан, қидирувдаги шахсни ва автотранспорт воситасини аниқловчи видеокузатув тизимлари ва бошқалар);


назорат қилинадиган ҳудуд - кўздан кечириш амалга оширилгандан кейинги темир йўл вокзали (станцияси) ҳудуди;


ноқонуний аралашиш ҳаракати - темир йўл транспортининг хавфсиз фаолиятига таҳдид соладиган, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, моддий зарар етказадиган ёхуд бундай оқибатлар юзага келиш хавфини келтириб чиқарадиган ҳуқуққа зид ҳаракат (ҳаракатсизлик);


ташриф буюрувчилар - йўловчиларни кутиб олувчи ва кузатувчи, вокзал маъмурияти қабулига келган шахслар;


темир йўл вокзали - йўловчиларга хизмат кўрсатиш, поездлар ҳаракатини бошқариш ва хизмат ходимларини жойлаштириш учун мўлжалланган темир йўл станцияси инфратузилмаси;


шахсни тасдиқлайдиган ҳужжатлар (фақат ушбу Низом мақсадлари учун) - паспорт ёки шахсни тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат, яъни шахсни идентификацияловчи ID-карта, ҳарбий гувоҳнома, туғилганлик ҳақида гувоҳнома, фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет эл фуқаросининг яшаш гувоҳномаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, давлат ҳокимияти ва бошқарувининг олий органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилуви органлар ходимларининг хизмат гувоҳномалари;


қўл юки - ўз ўлчамлари ва вазнига кўра (учта ўлчам йиғиндиси бўйича 180 см дан, қоидага кўра вазни 36 кг дан, икки ётоқ ўринли вагонлар учун эса - 50 кг дан ошмайдиган бўлиши керак) ўрам тури ва хилидан қатъий назар, енгил кўтариб юриладиган, сафар давомида йўловчига керак бўладиган, йўловчи вагонларида уларни жойлаштириш учун мўлжалланган жойларга қийинчиликсиз жойлаштириладиган юклар ва буюмлар.



2-БОБ. ТЕМИР ЙЎЛ ВОКЗАЛЛАРИДА (СТАНЦИЯЛАРИДА)

ҲАМДА ВОКЗАЛ ОЛДИДАГИ ҲУДУДЛАРДА ЙЎЛОВЧИЛАР

ВА ТАШРИФ БУЮРУВЧИЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШГА

ДОИР АСОСИЙ ВАЗИФАЛАР

        

3. Қуйидагилар темир йўл вокзаллари (станциялари) ҳамда вокзал олдидаги ҳудудларда йўловчилар ва ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатишга доир асосий вазифалар ҳисобланади:

а) ахборот хизматларини кўрсатиш;

б) йўловчилар ва расмий делегациялар учун қулай шарт-шароитлар яратиш;


в) узоқ муддат дам олиш хоналарига ҳамда оналар ва болалар хоналарига жойлаштиришни ташкил этиш, шу жумладан темир йўлнинг айби билан ва бошқа фавқулодда вазиятда йўловчилар ташиш поездлари ҳаракатида узилишлар юз берган ҳолларда йўловчиларни кутиш залларига жойлаштириш, уларнинг овқатланишини ва уларга ахборот берилишини ташкил этиш;

г) юк ташувчилар томонидан аравачаларда пулли ва бепул арава хизматлари кўрсатилишини ташкил этиш;

д) юк сақлаш хоналари мавжуд вокзалларда юк сақлаш хизматларини кўрсатиш;

е) багаж ва қўл юкини ташишнинг белгиланган қоидаларига риоя этишни назорат қилиш;

ж) йўловчилар учун поездларга ўтишнинг хавфсиз йўналишларини таъминлаш;

з) йўловчиларнинг йўловчи ташиш поездларига хавфсиз чиқиб-тушишини таъминлаш;

и) темир йўл вокзали (станцияси)да сервис хизматларини яхшилаш ва кенгайтириш;

к) имконияти чекланган йўловчилар, уюшган гуруҳлар, шу жумладан, болалар гуруҳлари, спорт, ҳарбий командаларнинг вагонларга чиқиши-тушиши ва темир йўл вокзалида бўлиши учун хавфсиз ва қулай шарт-шароитларни таъминлаш;

л) транспорт ҳодисалари, ёнғинлар ва ҳалокатлар, атроф муҳитга зарарли биологик таъсирнинг оқибатларини бартараф этиш чоғида темир йўл вокзали (станцияси) ҳудудида бўлиш даврида экологик хавфсизлик талабларига риоя қилиш ҳамда фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш ишларини ташкил этиш;

м) вокзал мажмуаси объектларини, темир йўл вокзали (станцияси) ходимларини, йўловчилар, ташриф буюрувчилар ва бошқа шахсларни ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан муҳофаза қилишни таъминлаш.



3-БОБ. КЎЗДАН КЕЧИРИШНИНГ

УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ

         

4. Кўздан кечиришнинг умумий қоидалари қуйидагиларни назарда тутади:

а) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни кўздан кечиришнинг мақсад ва қоидалари, уларнинг ҳуқуқ ва вазифалари, йўловчиларга мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ рўйхат бўйича йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар ҳамда улар ноқонуний ташилганлиги учун жавобгарлик тўғрисида хабардор қилиш. Қўл юки ва багажни ташишда йўловчиларга қўйиладиган талаблар баланд овозли алоқа воситалари орқали, шунингдек, темир йўл кассаларида йўл ҳужжатларини (чипталарни) сотишда эълон қилинади. Кўзга кўринарли жойларда йўловчиларга темир йўл поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар ҳамда улар ноқонуний ташилганлиги учун жавобгарлик тўғрисидаги ахборот осиб қўйилади;

б) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажини кўздан кечириш жараёнида махсус техник воситаларни самарали қўллаш, зарурат бўлганда хизмат итларидан фойдаланиш ҳамда йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни шахсий кўздан кечириш;

в) йўловчиларга йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар ноқонуний ташилишини ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш;

г) кўздан кечирилган ва назорат ҳудудига қўйилган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг кўздан кечиришдан ўтмаган учинчи шахслар билан муомала қилишини чеклаш;

д) темир йўл вокзалларига (станцияларига) ташриф буюрувчиларнинг соддалаштирилган ҳолда (шахсни тасдиқловчи ҳужжатсиз) фақат вокзал биносига кириб-чиқишини таъминлаш. Йўловчилар платформасига (перронга) фақат йўл ҳужжатларига (чипталарига) эга бўлган йўловчилар ҳамда ҳаракатланиши чекланган бемор ёки кекса ёшдаги йўловчиларни кузатувчи ва кутиб олувчи шахсларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан ўтишларини таъминлаш, йўл ҳужжатларига (чипталарига) эга бўлмаган шахсларнинг, шунингдек, йўл ҳужжатида (чиптада) кўрсатилган маълумотлар йўловчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлардаги маълумотларга мос бўлмаган шахсларнинг йўловчилар платформасига (перронга) ва йўловчи ташиш вагонларига киришига йўл қўймаслик.

Бунда ҳаракатланиши чекланган, бемор ёки кекса ёшдаги йўловчиларни бевосита кузатувчи шахслар йўловчилар платформасига (перронга) ўтишлари учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишлари лозим.

Ҳаракатланиши чекланган, бемор ёки кекса ёшдаги йўловчиларни кутиб олувчи шахслар йўловчилар платформасига (перронга) ўтишлари учун вокзалга (станцияга) кириб келаётган йўловчи ташиш поездининг поезд бошлиғи томонидан берилган, поездда ҳаракатланиши чекланган, бемор ёки кекса ёшдаги йўловчи борлиги ва унинг тўлиқ маълумотлари (фамилияси, исми, отасининг исмини, вагон тартиб рақами ва вагондаги жойлашган жойи рақами) кутиб олувчи берган маълумотлар билан тўғри келган тақдирда, киришлари мумкин бўлади.

Поезд бошлиғи йўловчи ташиш поездининг ҳаракати давомида, йўловчилар орасидан ҳар бир ҳаракатланиши чекланган, бемор ёки кекса ёшдаги йўловчилар тўғрисидаги маълумотларни йиғиб, йўловчиларнинг бориш манзилларига қараб энг қулай алоқа воситалари ёрдамида олдиндан жойига бериб бориши лозим бўлади;

е) фавқулодда вазиятни бартараф этиш (тугатиш) бўйича хизмат бурчларини бажариши билан боғлиқ вазифаларни ҳал этаётганда уларга кўмаклашиш.


5. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар томонидан кўздан кечиришдан ўтиш ёки қўл юки ва багажни кўздан кечиришга тақдим этиш рад этилган тақдирда, ушбу шахслар назорат ҳудудига қўйилмайди.



4-БОБ. КЎЗДАН КЕЧИРИШ ВАКОЛАТИГА

ЭГА БЎЛГАН ХОДИМЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

            

6. Кўздан кечириш ваколатига эга бўлган ходимлар:

а) назорат қилинадиган ҳудудга кирган йўловчилар ва ташриф буюрувчилардан ушбу Низом талабларини сўзсиз бажаришни талаб қилиш;

б) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида улар тўғрисидаги маълумотларни верификация қилиш имконини берадиган ускуналардан фойдаланиш;

в) назорат ҳудудига кирган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни кўздан кечириш жараёнида аниқланган, йўловчиларнинг йўловчи ташиш поездларида ташиш тақиқланган қўл юки ва багаж шаклидаги хавфли моддалар ва буюмларни Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ходимлари томонидан олиб қўйиш баённомасини тузиб, нусхасини йўловчининг қўлига берган ҳолда белгиланган тартибда олиб қўйиш;

г) ноқонуний аралашиш ҳаракатини ёки бошқа жиноий ҳаракатларни содир этиш ниятидаги шахсларга хос бўлган бир қанча ўзини тутиш белгилари бўйича потенциал хавфли шахсларни аниқлаш мақсадида кўздан кечирилаётган йўловчилар ва ташриф буюрувчилар билан психологик сўров шаклида (қисқа саволлар ёрдамида) суҳбат ўтказиш;

д) Ички ишлар вазирлигининг ахборот-излаш маълумотлар базалари ҳамда вокзаллардаги (станциялардаги) мавжуд интеллектуал видеокузатув тизимлари ёрдамида шубҳали шахсларни қидириш;

е) фуқаровий ва хизмат қуролини ташувчи шахслар томонидан қурол-яроғ, ўқ-дориларни ташишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини назорат қилиш;

ж) зарурат бўлганда, назорат қилинадиган ҳудуднинг ҳамма жойида Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ходимлари, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни шахсий кўздан кечириш ҳуқуқига эга.


7. Кўздан кечириш ваколатига эга бўлган ходимлар:

а) ушбу Низом, темир йўлда йўловчилар ва ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган қонунчилик ҳужжатларининг бошқа норматив талабларига риоя қилишга;

б) кўздан кечирилаётган шахсларга нисбатан ҳушёр, эътиборли ва илтифотли муносабатда бўлишга ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларга йўл қўймасликка;

в) кўздан кечирилаётган шахсларга ўзларида бўлиши мумкин бўлган йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни ихтиёрий равишда кўрсатишни таклиф этишга;

г) кўздан кечириш сабабли йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг асоссиз равишда ушланиб қолинишига йўл қўймасликка;

д) қоида бузилишига барҳам бериш чораларини кўришга;

е) кўздан кечиришдан бош тортган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни назорат қилинадиган ҳудудга қўймасликка;

ж) йўловчилар ва ташриф буюрувчилар томонидан йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташилиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлашнинг зарур кўникмаларига эга бўлишга;

з) табиий ва техноген тусдаги авариялар, ҳалокатлар, ёнғин ёки табиий офатлар юз берган тақдирда, жабрланганларни қутқариш ва уларга биринчи ёрдам кўрсатиш, махсус қутқарувчи хизматларни чақириш чораларини кўришга;

и) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузишга мажбурдирлар.


8. Кўздан кечириш жараёнида назорат қилинадиган ҳудудга йўловчилар ва ташриф буюрувчилар томонидан йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли модда ва буюмларни олиб ўтиш эҳтимоли бўлган ёки олиб ўтилишига йўл қўйган, хизмат мажбуриятларини етарли даражада бажармаган, шунингдек, кўздан кечирилаётган шахсларнинг хизмат ваколатлари оширилганлиги учун шаъни ва қадр-қимматини камситишга олиб келган айбдор, кўздан кечириш бўйича ваколатли ходимлар, йўл қўйилган қоида бузилишининг оғирлигига қараб қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



5-БОБ. КЎЗДАН КЕЧИРИШ ТАРТИБИ

            

9. Назорат қилинадиган ҳудудга киришдан олдин ҳар бир йўловчилар ва ташриф буюрувчилар ҳамда уларнинг қўл юки, багажларини кўздан кечириш (зарурат бўлганда шахсий кўздан кечирилиши) вокзал олдидаги майдонда махсус жиҳозланган назорат ўтказиш пунктларида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси ва Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ходимлари томонидан амалга оширилади.


10. Назорат ўтказиш пункти:

йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни ҳамда уларнинг қўл юкини, багажларни кўздан кечириш учун махсус техник воситалар, хусусан:

қўл юки ва багажни кўздан кечириш учун рентген-телевизион ускуналар (интроскоплар);

турғун металл детекторлар;

қўл металл детекторлари;

портловчи моддаларнинг буғ қолдиқлари зарраларини аниқлаш учун детекторлар;

тезкор алоқа воситалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.


11. Йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажи эгасининг иштирокида кўздан кечирилади.


12. Кўздан кечириш ваколатига эга бўлган ходимлар назорат ўтказиш пунктида махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда, зарурат бўлганда хизмат итларидан фойдаланилади.

Шахсларни ва уларнинг қўл юки, багажини кўздан кечириш қуйидаги кетма-кетликда ўтказилади:

а) темир йўл вокзали (станцияси) назорат ҳудудига кирувчи йўловчилар ва ташриф буюрувчилар вокзал олдидаги ҳудудларда ташкил этилган, махсус техник воситалар билан жиҳозланган умумлаштирилган назорат ўтказиш пунктлари орқали ўтадилар, бу ерда уларга мавжуд металл буюмлар, йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида йўловчилар томонидан ташилиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар, шунингдек, ўзга шахсларнинг ташиш учун берилган ашёлари (жўнатмалар, бандероллар, тугунлар, пакетлар ва шу кабилар) тўғрисида маълумот бериш таклиф этилади;

б) кўздан кечиралаётган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг кийимидаги мавжуд металл буюмларни (портсигар, калитлар, фольгали пачкалардаги сигаретлар, тангалар ва шу кабиларни) белгиланган идишга қўйиш ва йўловчиларнинг тўпланиб қолишига йўл қўймай, уларга навбати билан турғун металл детектор орқали ўтиш таклиф этилади, металл буюмлар мавжудлиги тўғрисида сигнал тушган тақдирда, қўлда ишлатиладиган металл детектор қўлланилади, у бўлмаганда эса - белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилади. Сиртга туртиб чиққан, бироқ кўз билан йўловчининг кийимида кўринмайдиган ва металл детекторнинг ишлаб кетишига олиб келадиган буюмлар кўздан кечириш ваколати берилган ходимнинг талаби бўйича кўрикдан ўтказиш учун чиқарилиши талаб этилади. Багаж ва қўл юки интроскопдан фойдаланган ҳолда кўрикдан ўтказилади. Зарур ҳолларда, қўл юки ва багаж махсус қўшимча ускунадан фойдаланган ҳолда кўздан кечирилади;

в) кўздан кечириш жараёнида йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида йўловчилар томонидан ташилиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар аниқланган тақдирда, интроскоп оператори тегишли чоралар кўриш учун дарҳол Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ходимини хабардор қилади;

г) ногабарит буюмлар, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўлидаги устки кийимлар ва ичида нималар борлигини интроскоп экранидаги сояли тасвир бўйича аниқлаб бўлмайдиган қўл юки шахсан кўздан кечирилади;

д) қидирувдаги шахсларни излаш ва ушлаш темир йўл вокзалларидаги (станциялардаги) мавжуд интеллектуал видеокузатув тизимлари ҳамда Ички ишлар вазирлигининг қидирувдаги шахсларни ахборот-излаш маълумотлар базалари ёрдамида амалга оширилади.

Қидирувдаги шахслар деб гумон қилинган ёки кўздан кечиришдан ўтказиш жараёнида ўзини шубҳали тутаётган шахсларни аниқлик киритиш мақсадида паспортга оид маълумотлари ҳам текширилади ва шахсий кўздан кечириш кўригидан ўтказилади;

е) техник сабабларга кўра интроскопдан ёки турғун металл детектордан фойдаланиш мумкин бўлмаган ҳолатларда шахсларни, шунингдек, уларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш шахсан кўздан кечириб чиқиш йўли билан қўлда ишлатиладиган металл детектор ёрдамида амалга оширилади.


13. Қўл юки сифатида ташиладиган маиший мақсаддаги радиоэлектрон аппаратлар, дурбинлар умумий асосларда кўздан кечирилади.


14. Радио, теле, аудио ва видео-техника, шахсий компьютерлар, планшетлар ва бошқа электрон воситалар рентген-телевизион ускуна (интроскоп) орқали текширилади.


15. Яширин тарзда ташиш учун буюмлардан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида ашёларни кўздан кечиришда:

а) уяли телефонлар ва шу каби электрон асбоб-ускуналарнинг ишлаш қобилияти текширилиши;

б) ғилофлар, жилдлар кўздан кечирилиши, қувватлантириш блоклари, кассета ғилофлари, шунингдек, плёнкали камералар очилиши ва текширилиши (аппаратларни ўчириш, қувватлантириш блоки қопқоғини ва кассета ғилофларини очишни буюмнинг эгаси амалга оширади);

в) суюқликлар солинган идишлар ва термослар кўздан кечирилиши;

г) габаритига кўра махсус техник воситалар ёрдамида текшириб бўлмайдиган мусиқа ва бошқа асбоблар текширилганда, уларнинг ғилофлари олиб ташланиши, жилдлари очилиши ва улар силкитиб кўрилиши зарур.


16. Юрак фаолиятини таъминловчи имплант аппаратларига эга бўлган шахслар махсус техник воситалар қўлланилмасдан қўлда ёки шахсан кўздан кечирилади.


17. Тиббиёт пунктидаги йўловчилар, уларга ҳамроҳлик қилувчи ҳамда бошқа шахслар кўздан кечириш учун масъул бўлган махсус ажратилган ходимлар томонидан кўздан кечирилади. Бундай шахсларни кўздан кечириш ва уларнинг ўзга шахслар билан алоқасини чеклаш масъулияти тиббиёт пункти ходимларига юкланади ва бу ҳақда улардан тилхат олиб эълон қилинади.


18. VIP-мақомга эга бўлган йўловчилар ва ташриф буюрувчилар ушбу залларнинг назорат ўтказиш пунктларида кўздан кечиришдан ўтади.


19. Йўловчи ташиш вагонларида уй ҳайвонлари, паррандалар ва бошқа ҳайвонларни ташийдиган йўловчилар тегишли ветеринария маълумотномаларига, шунингдек, улар ташиладиган қафаслар ёки бошқа мосламаларга эга бўлиши керак.


20. Кўздан кечириш назоратидан ўтилгандан кейин йўловчилар ва ташриф буюрувчиларга уларнинг қўл юки, багажи қайтарилади.

Йўловчида қурол билан, уни сақлаш ҳамда олиб юриш учун белгиланган тартибда берилган рухсатномаси (фақат фуқаровий қурол тоифасига кирувчи қурол-аслаҳалар) мавжуд бўлган тақдирда, йўл ҳужжатига (чиптага) "Қурол" деган қўшимча белги (штамп) қўйилади. Мавжуд қурол, унинг ўқ-дорилари ва уларнинг сони ёзма равишда белгининг (штампнинг) ичига ёзиб қўйилади.

Йўл чипталарини электрон шаклда веб-сайт ёки мобил илова орқали харид қилиб олган йўловчиларда қуроли борлиги тўғрисидаги белги (штамп) лента шаклидаги махсус елимлагичга (стикер) қўйилади.


21. Йўловчилар платформасига (перронга) ва йўловчи ташиш поездига йўловчи бўлмаган, йўл ҳужжатида (чиптада) кўрсатилган маълумотлар йўловчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлардаги маълумотларга мос бўлмаган шахсларнинг чиқиши қатъиян тақиқланади (шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этган ҳолда, ҳаракатланиши чекланган бемор ёки кекса ёшдаги йўловчиларни кузатувчи ва кутиб олувчи шахслар бундан мустасно).


22. Кўздан кечиришдан ўтиш вақти йўловчиларнинг йўловчи ташиш поездига чиқишга кечикиши учун шарт-шароитлар яратмаслиги зарур.

Бунда кўздан кечириш вақтини қисқартириш мақсадида кўздан кечириш тартиб-қоидасини соддалаштиришга йўл қўйилмайди.



6-БОБ. ШАХСИЙ КЎЗДАН КЕЧИРИШ

            

23. Қидирувдаги шахслар деб гумон қилинган ёки кўздан кечириш жараёнида ўзини шубҳали тутаётган шахслар махсус жиҳозланган хоналарда иккита холис иштирокида қуйидаги ҳолларда шахсий кўздан кечирилади:

а) тайёрланаётган ноқонуний аралашиш ҳаракати тўғрисида хабар келганда;

б) кўздан кечирилаётган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларда йўловчи ташиш поездларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар мавжудлиги тўғрисида хабар олинганда;

в) кўздан кечирилаётган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юкида, багажида йўловчи ташиш поездларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар аниқланганда;

г) кўздан кечириш ваколатига эга бўлган ходимлар томонидан шахсан кузатиш йўли билан кўздан кечирилаётган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг ўзини шубҳали тутиши ва хатти-ҳаракатлари белгилари, унинг ғаразли ниятларидан далолат берувчи ёки йўловчи ташиш поездларида йўловчилар томонидан қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар бўлиши мумкинлиги тўғрисида шубҳа туғдирувчи белгилар аниқланганда;

д) интеллектуал видеокузатув тизимлари орқали Ички ишлар вазирлигининг қидирувдаги шахсларни ахборот-излаш маълумотлар базалари ёрдамида қидирувдаги шахс аниқланганда.


24. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 289-моддасига мувофиқ ва йўловчи ташиш поездларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлаш учун зарур бўлган доирада шахсий кўздан кечирилади.



7-БОБ. МАХСУС ЮКЛАРГА, МАХСУС ПОЧТАГА

ВА СОҚЧИЛАР НАЗОРАТИ ОСТИДАГИ ШАХСЛАРГА

ҲАМРОҲЛИК   ҚИЛУВЧИ   ШАХСЛАРНИ,   ҲАРБИЙ

ХИЗМАТЧИЛАР, МЕРГАН СПОРТЧИЛАР, ОВЧИЛАР,

ГЕОЛОГЛАР ВА ҚУРОЛ САҚЛАШ ВА ТАШИШ ҲУҚУҚИГА

ЭГА БЎЛГАН БОШҚА ЙЎЛОВЧИЛАРНИ КЎЗДАН

КЕЧИРИШ ТАРТИБИ

         

25. Темир йўл транспортида ташиладиган махсус юклар, махсус почта ва расмий хат-хабарлар ҳамда уларни кузатиб борувчи вазирлик ва идораларининг қуролланган ходимлари, шунингдек, ички ишлар органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларнинг уларни кузатиб борувчи ходимлари, фельдегерлик ва махсус алоқа ходимлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида уларга тенглаштирилган, дипломатик мақомга эга бўлган йўловчилар томонидан кузатиб бориладиган хорижий ва халқаро ташкилотларнинг бошқа расмий хат-хабарлари тегишли ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин кўздан кечирилмайди ва ушлаб турилмайди.


26. Қуролланган ходимлар томонидан кузатиб бориладиган махсус юклар ва почтани ортиш, шунингдек, қуролланган ходимларни ва соқчилар назорати остидаги шахслар поездга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чиқарилади.


27. Махсус юклар ва махсус почтада йўловчи ташиш поездларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар бўлмаслиги керак. Ушбу қоидалар бузилганлиги учун белгиланган тартибда жўнатувчи жавобгар бўлади.


28. Тегишли рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, қурол сақлаш ва ташиш ҳуқуқига эга бўлган мерган спортчилар, овчилар, геологлар ва бошқа йўловчиларга тегишли бўлган фуқаро қуроли ва аслаҳалари сафар даврида йўловчининг ёнида, бегона шахсларнинг кўриши ва уларни эркин олиши имкониятини истисно этиш мақсадида қурол ташиш жилдларида, қинларда ёки махсус ғилофларда ўқсизлантирилган ҳолатда ўқ-дориларидан алоҳида ташиш талаб этилади.


29. Темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчиларга хизмат кўрсатишга жалб этилган ходимлар, прокуратура, ички ишлар органлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва назорат органлари ходимлари ушбу Низомга мувофиқ умумий асосларда кўздан кечирилади.



8-БОБ. ЙЎЛОВЧИЛАР ВА ТАШРИФ

БУЮРУВЧИЛАРНИНГ ТЕМИР ЙЎЛ ВОКЗАЛЛАРИДА

(СТАНЦИЯЛАРИДА) БЎЛИШ ТАРТИБИ

         

30. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар фақат белгиланган тартибда амалга оширилган кўздан кечиришдан ўтганларидан кейин темир йўл вокзалининг (станциясининг) назорат қилинадиган ҳудудига ўтадилар.

VIP тоифали вагонларга йўл ҳужжатларига (чипталарига) эга бўлган йўловчилар ҳам белгиланган тартибда кўздан кечирилади.

Йўловчилар платформасига (перронига) ва йўловчи ташиш поездига йўл ҳужжатларига (чипталарига) эга бўлган йўловчилар ҳамда ҳаракати чекланган бемор ёки кекса ёшдаги йўловчиларни кузатувчи ва кутиб олувчи шахслар шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этган ҳолда ўтадилар.


31. Кўздан кечириш тартиботларидан ўтгандан кейин йўловчилар ва ташриф буюрувчилар темир йўл вокзали (станцияси) ҳудудида кўрсатиладиган барча хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Назорат қилинадиган ҳудудга кириш жойида ва ҳар бир қабул қилиш-жўнатиш йўллари платформаларида йўловчиларга қулай бўлиши учун темир йўл вокзали (станцияси) маъмурияти томонидан темир йўл вокзали ва вокзал олдидаги ҳудудда (шу жумладан, автотураргоҳи ҳудудида) бепул асосда фойдаланишга аравачалар билан таъминланади ёки юк ташувчи ёрдамида пулли хизмат кўрсатиш ташкил этилади.


32. Йўловчи бўлмаган ташриф буюрувчилар кўздан кечиришдан ўтгандан кейин темир йўл вокзалининг (станциясининг) назорат қилинадиган ҳудудига (йўловчилар платформаси/перрондан ташқари) ўтадилар.


33. Хизмат зарурати бўйича келган тегишли ташкилот ходимлари кўздан кечиришдан ўтгандан кейин назорат қилинадиган ҳудудга ўтиш ҳуқуқига эга.



9-БОБ. ЙЎЛОВЧИЛАР ВА БОШҚА

ШАХСЛАРНИНГ ТЕМИР ЙЎЛДАН ЎТИШДА,

ВАГОНГА ЧИҚИШ ВА УНДАН ТУШИШДАГИ

ҲАРАКАТИ ТАРТИБИ

            

34. Темир йўл вокзалида (станциясида) бўлган йўловчи, ташриф буюрувчи ва бошқа шахслар темир йўлдан фақат бунинг учун белгиланган ва жиҳозланган жойларда ўтишади.


35. Ногиронлик аравачасидаги йўловчилар ва бошқа шахсларнинг темир йўлдан ўтиши учун фақат пиёдалар ўтиш йўллари орқали ва кузатувчи билан йўл қўйилади.


36. Темир йўлда ва йўловчилар платформаларида бўлиш вақтида хавфсизлик чораларига риоя қилиш ва саломатликни сақлаш мақсадида қуйидагилар тақиқланади:

а) йўловчилар платформаси ва темир йўлнинг ҳаракатланувчи таркиби тагига кириш, вагонлар ўртасидаги автоматик улагичлардан ошиб ўтиш;

б) темир йўлнинг белгиланмаган жойларидан ўтиш, поездлар ҳаракатини бузишга олиб келиши мумкин бўлган буюмларни темир йўлга қўйиш;

в) йўловчилар платформаси четидаги чегараловчи линияларга ўтиш, келаётган ёки жўнаётган поездларнинг ёнида йўловчилар платформасида югуриш;

г) турли ҳаракатли ўйинлар ўйнаш, болаларни қаровсиз қолдириш (болали шахслар учун);

д) темир йўл транспорти тўлиқ тўхтагунга қадар вагонларга яқинлашиш, поезд юриб бораётганда вагонга чиқиш ва (ёки) тушиш, вагонлар деразалари ва тамбурлар эшикларидан бош чиқариш, йўловчилар платформасидан темир йўлга сакраш;

е) белгилар, кўрсаткичлар ёки бошқа ахборот манбалари бор бўлган жисмларга шикаст етказиш, ифлос қилиш, тўсиб қўйиш, уларни олиб ташлаш, мустақил равишда ўрнатиш, темир йўл транспорти инфратузилмаси объектларига, шу жумладан, темир йўлнинг ҳаракатланувчи таркибига зиён етказиш;

ж) турган вагонга суяниш, темир йўлнинг ҳаракатланувчи таркиби томига чиқиш, вагонлар эшикларининг автоматик очилиши ва ёпилишини тўхтатиб туриш, темир йўлнинг ҳаракатланувчи таркиби ҳаракатига халақит бериш;

з) зинапояларда ва ўтиш майдончаларида туриш, тиргакларга ҳамда боғловчи тармоқларнинг махсус конструкцияларига, ҳаво линияларига ва сунъий қурилмаларга чиқиш, тиргаклардан ҳамда боғловчи тармоқларнинг махсус конструкцияларидан ва электр узатиш ҳаво линияларидан ўтадиган симларга қўл теккизиш;

и) чекиш учун мўлжалланмаган жойларда чекиш, вокзал ҳудудида ва платформаларда (перрон), йўловчилар ташиш поездларида алкоголли ичимликлар, токсик ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб маст ҳолатда бўлиш;

к) экилган ҳимоя дарахтларига, қордан ҳимоя қилувчи тўсиқларга ва бошқа йўл объектларига, сигнал берувчи қурилмалар ва алоқа иншоотларига шикаст етказиш;

л) санитария нормалари, гигиена қоидалари ва нормативларини бузиш, поездлар вагонларидан ахлатлар ва бошқа буюмларни ташқарига ташлаш;

м) назорат қилинадиган ҳудудда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини, жамоат тартиби қоидаларини бузиш;

н) тегишли ўрамаларсиз ёки ғилофларсиз фуқароларни жароҳатлаш мумкин бўлган моддалар ва буюмларни ўзи билан олиб юриш.


37. Йўловчилар ва бошқа шахслар темир йўлда ва йўловчилар платформаларида бўлганда:

а) темир йўл вокзали (станцияси) маъмурияти, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси ҳамда Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ходимларини темир йўлдаги мавжуд халақит берувчи тўсиқлар ва бошқа шубҳали буюмлар, шунингдек, темир йўл вокзали (станцияси) ҳудудидаги бегона ва (ёки) унутиб қолдирилган буюмлар тўғрисида хабар беришлари;

б) темир йўлнинг ҳаракатланувчи таркиби яқинлашаётганда вужудга келадиган ҳаво оқимининг таъсири бўлмайдиган масофага бориб туришлари;

в) темир йўлнинг ҳаракатланувчи таркибини шошилинч тўхтатиш талаб қилинадиган вазиятлар юзага келган ҳолларда, мумкин бўлган усул билан сигнал беришлари;

г) перронга чиқишда, вагонга кириш ва вагондан тушишда (болали шахслар учун) болаларнинг қўлидан ушлаш ёки қўлда кўтариб олишлари;

д) вагонларга фақат поезд тўлиқ тўхтаганда бошқа фуқароларга халақит бермасдан, фақат йўловчилар платформаси томонидан (темир йўл станцияларида махсус ажратилган ва мослаштирилган жойларда) киришлари ва (ёки) тушишлари керак.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

              

38. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

          

            




Низомга

ИЛОВА



Йўловчилар ташиш поездларида ташиш

тақиқланган ва чекланган хавфли

моддалар ва буюмлар

РЎЙХАТИ

            

Қуйидагилар йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж сифатида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларга киради:


а) тегишли рухсат берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги ўқ-отар ва тиғли қуроллар:

тўппончалар, револьверлар, сойли милтиқлар, карабинлар, бошқа ўқ-отар қуроллар ва уларнинг ўқ-дорилари;

арбалетлар ва сув ости ови қуроли, қиличлар, ханжарлар, дудама қиличлар, эгри қиличлар, узун ва оғир қиличлар, тиғлар, қиличсимон найзалар, найзалар, ханжарлар, кортиклар, ханжарчалар, пичоқлар: ҳарбий, десант, фин пичоқлари, пискалар отилиб чиқадиган, қулфланадиган дудама қиличлар;


б) тегишли рухсат берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги портловчи моддалар ва улар билан тўлдирилган буюмлар, портлатиш воситалари:

ҳар қандай ўрамдаги барча ов порохлари;

ов капсулалари (пистонлари) ва капсула-детонаторлар;

пиротехника воситалари: сигналли ва ёритувчи ракеталар, посадкали шашкалар, тутун чиқарувчи патронлар;

динамит, тол, аммонал, тротил ва бошқа портловчи моддалар;


в) сиқилган ва суюлтирилган газлар;


г) тез ёнувчан қаттиқ моддалар:

сув таъсирида иссиқлик ва иссиқ газ чиқарадиган, натижада ўзидан ўзи ёнадиган ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган моддалар: калий, натрий, металли кальций ва уларнинг қотишмалари, кальций, фосфорит ва бошқалар;

оқ, сариқ ва қизил фосфор ҳамда тез ёнувчан қаттиқ моддалар тоифасига тегишли бўлган бошқа барча моддалар;

органик пероксидлар;

донадор ёки парча-парча, қуруқ ёки нам, таркибида камида 25 фоиз сув ёки эритувчи суюқлик бўлган коллоид нитроцеллюлоза;

қуруқ ва нам, таркибида камида 30 фоиз сув ёки эритувчи суюқлик бўлган нитроцеллюлоза;


д) тегишли рухсатнома берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги заҳарли ва заҳарловчи моддалар:

ҳар қандай идишга жойлаштирилган суюқ ва қаттиқ ҳолатдаги ҳар қандай заҳарли, кучли таъсир қиладиган ва заҳарловчи моддалар;

бруцин;

никотин;

стрихнин;

тетрагидрофурфурил спирти;

этиленгликоль;

симоб;

цианид кислотанинг барча тузлари ва цианид препаратлар;

циклон, цианплав, маргимуш ангидрид ва бошқа кучли таъсир қиладиган, заҳарли, заҳарловчи моддалар;


е) герметик идишларсиз ва ўрамларсиз ташиладиган ўювчи, бадбўй ва емирувчи моддалар:

кучли ва ноорганик кислоталар: хлорид, сульфат, азот кислоталари ва бошқа кислоталар;

фторли-водород (шишани ўйиш қобилиятига эга бўлган) кислотаси ва бошқа кучли кислоталар ва емирувчи моддалар;


ж) божхона қоидаларига ва бошқа қоидаларга кўра ташишга йўл қўйилмайдиган буюмлар.


Қуйидаги чекланган миқдорлардаги маиший мақсадда фойдаланиладиган моддалар ва буюмларни эҳтиёткорлик чораларини кўрган ҳолда, қўл юки ва багажда йўловчи ташиш поездларида ташишга рухсат берилади ва улар кўздан кечиришда олиб қўйилмайди:

сирка (битта йўловчига 0,5 литрдан кўп эмас);

алкоголли ичимликлар;

хизмат мақсадларида ташиладиган спирт тамға рақами кўрсатилган ҳолда, корхона (ташкилот) маълумотномаси билан тасдиқланадиган, герметик ёпилган ва тамғаланган идишларда икки литрдан ортиқ бўлмаган миқдорда ташилади;

герметик идишда ва ўрамда ташиладиган тез алангаланадиган суюқликлар;

ацетон;

нефть маҳсулотлари намуналари;

металацетат (метил эфири);

углерод сульфид;

эфирлар;

пардоз-андоз воситалари, шу жумладан, тирноқ учун лаклар, лакларни кўчириш учун суюқликлар, соч учун суюқликлар, шунингдек, спирт-лак асосидаги ҳавони тозаловчи суюқликлар;

газли зажигалкалар ва зажигалкалар учун газли баллончалар (битта йўловчига 2 та баллончадан ортиқ эмас);

буклама (фиксаторсиз) йўл пичоқлари ва қайирма пичоқлар;

симобли тиббиёт термометрлари (градусниклар) (битта йўловчига 1 донадан ортиқ эмас);

стандарт ғилофдаги симобли тонометрлар (битта йўловчига 1 донадан ортиқ эмас);

жўнатувчининг тамғаси билан махсус герметик контейнерларда жойлаштирилган симобли барометрлар ва манометрлар.

            

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 18 апрель









































































Время: 0.1913
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск