ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Йўловчиларга хизмат кўрсатиш. Автовокзаллар. Автомобиллар тўхташ жойлари. Аэровокзаллар. Темирйўл станциялари /

Аэропортларнинг аэровокзал мажмуаларида ва вокзал олдидаги майдонларда хавфсизликни таъминлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.04.2023 й. 159-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 17 апрелдаги

159-сон қарорига

1-ИЛОВА



Аэропортларнинг аэровокзал мажмуаларида

ва вокзал олдидаги майдонларда хавфсизликни

таъминлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

             

       

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

         

1. Мазкур Низом аэропортларнинг аэровокзал мажмуаларида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг аэровокзал мажмуаларида бўлиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


авиация хавфсизлиги - фуқаро авиациясини ноқонуний аралашув ҳаракатларидан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар, жумладан, жалб қилинган инсон ресурслари ва моддий ресурслар;


авиация хавфсизлиги хизмати - фуқаро авиацияси фаолиятини ноқонуний аралашув ҳаракатларидан ҳимоя қилиш вазифаларини ташкил этувчи ва амалга оширувчи хизмат;


аэропорт - ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатишга, ҳаво транспортида ташишга хизмат кўрсатишга мўлжалланган ва шу мақсадларда аэродром, аэровокзал, бошқа иншоотлар, шунингдек зарур қурилмаларга эга бўлган иншоотлар мажмуаси;


багаж - эксплуатант билан шартномага мувофиқ ҳаво кемаси бортида ташиладиган йўловчиларнинг ёки экипажнинг буюмлари;


махсус техник воситалар - ер зонаси (объект) ва ҳаво кемаси бортига қурол, шикаст етказиш мосламалари ва хавфли моддаларни кийимда (оёқ кийимда), одам танасида, багажда (қўл юкида), юкда рухсатсиз олиб ўтиш ҳолатининг мавжудлигини аниқлаш, ҳаво кемаси салони ва ердаги объектлардаги ҳолат тўғрисида видео ва овозли маълумотни масофадан олишни таъминлаш, двигателни санкцияланмаган ишга тушириш, ҳаво кемасини ҳаракатлантириш ва парвозни амалга оширишни инкор этиш, ҳаво кемасини сифатли ва тезкор махсус текширувдан ўтказиш имкониятини берувчи турғун ва ҳаракатланадиган ер ва борт мосламалари;


ноқонуний аралашув ҳаракатлари - фуқаро авиацияси хавфсизлигини таъминлашда хавф солувчи ҳаракатлар ёки уларни бажаришга уринишлар;


ташриф буюрувчилар - йўловчиларни кузатувчи ҳамда бошқа шахслар;


текшириш (текширув) - фуқаро авиацияси фаолиятига ноқонуний аралашиш учун ишлатилиши мумкин бўлган қурол, портловчи моддалар ёки бошқа хавфли мосламалар, нарсалар ёки моддаларни идентификация қилиш ёки аниқлаш учун мўлжалланган техник ва бошқа воситалардан фойдаланиш;


хавф - авиация хавфсизлигига хавф солувчи ҳар қандай омил;


қўл юки - ўз ўлчамига кўра енгил ташиладиган буюмлар ва ашёлар.



2-БОБ. АЭРОПОРТЛАРДА ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ

          

3. Аэропорт ва унинг ҳудудида хавфсизликни таъминлашга қаратилган қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

аэровокзал мажмуаларига киришда назорат ўтказиш пунктини махсус техник воситалар билан жиҳозлаш ҳамда йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг киришини назорат қилиш;

аэропорт эстакадасига автомобилларнинг кириш-чиқишини ҳамда аэропорт ҳудудига туташ ҳудудларда автотураргоҳларни видеокузатув тизимлари орқали назорат қилиш;

аэровокзал мажмуаларига кириш жойларидаги назорат ўтказиш пунктларида махсус техник воситалардан фойдаланган ҳолда текширувни амалга ошириш;

аэровокзал мажмуаларига киришда йўловчилар, ташриф буюрувчилар ҳамда ходимларнинг ҳужжатларини (аэровокзал мажмуаларига кириш учун рухсатномалар, шахсни тасдиқловчи ҳужжат, саёҳатга оид ва бошқа ҳужжатлар), шу жумладан, уларнинг қўл юки ва багажини, шунингдек, улар томонидан олиб ўтиладиган турли ашёларни текшириш.

Аэровокзал мажмуаларининг ташриф буюрувчилар кириши мумкин бўлган жойлари ҳамда мажмуа олди майдонларида жамоат тартибини сақлаш ишлари ички ишлар органлари ходимлари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


4. Аэропортларнинг аэровокзал мажмуаларида ҳамда аэропортлар ҳудудига туташ ҳудудларда умумий овқатланиш жойлари, чакана савдо дўконлари ҳамда йўловчиларга ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича янги жойларни ташкил этиш тадбиркорлик субъектларининг аризасига кўра хавфсизлик масалалари белгиланган тартибда Давлат хавфсизлик хизмати билан келишилган ҳолда, аэропорт билан тузилган шартномага асосан амалга оширилади.



3-БОБ. АЭРОВОКЗАЛ МАЖМУАЛАРИГА КИРИШДА

ХАВФСИЗЛИК ЧОРАЛАРИ ҲАМДА НАЗОРАТ

ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

АСОСИЙ ТАЛАБЛАР

          

5. Йўловчилар, ташриф буюрувчилар ва экипаж аъзолари, аэропорт ходимларини текширувдан ўтказиш учун аэропортлар, аэровокзал мажмуалари биноларининг кириш жойларида назорат ўтказиш пунктлари, шунингдек, аэропортларга туташ ҳудудларда жойлашган барча автотураргоҳлар ва эстакадаларга автомобиль воситалари кириб-чиқиш жойларида шлагбаум ўрнатилади.


6. Назорат ўтказиш пункти йўловчилар ва ташриф буюрувчилар қўл юки, багажи ҳамда улар ўзи билан олиб ўтадиган ашёлар, шунингдек, ноқонуний аралашув ҳаракатларини амалга ошириш учун ишлатилиши мумкин бўлган қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ҳамда бошқа тақиқланган моддаларни аниқлаш учун махсус техник воситалар (рентген-телевизион ускуналар (интроскоплар), турғун ва қўл металл детекторлари, портловчи моддаларнинг буғ қолдиқлари зарраларини аниқлаш учун детекторлар, тезкор алоқа воситалари ва бошқалар) билан жиҳозланади.


7. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар қўл юки, багажи ҳамда улар ўзи билан олиб ўтадиган нарсалар ва моддалар текширишдан ўтказиш пунктида авиация хавфсизлиги хизматининг назоратчилари томонидан текширилади.


8. Назорат ўтказиш пунктлари, шунингдек, улардаги махсус техник воситаларнинг сони аэровокзалларнинг (аэропорт) ўтказувчанлик қобилиятига мувофиқ белгиланади.


9. Аэропортлар аэровокзал мажмуаларининг йўловчи ҳамда ташриф буюрувчи шахсларни ўтказиш қобилиятини таъминлаш учун уларда етарли миқдорда назорат ўтказиш пунктлари ўрнатилади.


10. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар оқимининг энг юқори кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда, назорат ўтказиш пунктларида махсус техник воситалар жиҳозланиши лозим.


11. Назорат ўтказиш пунктларида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари, қўл юки ва багажлари, шунингдек, уларнинг олиб ўтиладиган буюм ва ашёлари авиация хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан мажбурий текширилади.


12. Мазкур Низомга илова қилинган Аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар рўйхатида келтирилган хавфли моддалар ҳамда қўпорувчилик ва террорчилик ҳаракатларини содир этиш учун бошқа воситаларни олиб ўтиш, шахсларнинг аэропортлар аэровокзал мажмуаларига рухсатсиз киришининг олдини олиш ва шахсини аниқлаш мақсадида аэропортларнинг аэровокзал мажмуалари биносига кириш жойларида назорат ўтказиш пунктлари ташкил этилади ва махсус техник воситалар билан жиҳозланади.


13.Аэропортларнинг аэровокзал мажмуаларида ва вокзал олди майдонларида авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари ўз хизмат вазифаларини амалга оширади.


14. Авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

назорат ўтказиш пунктида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни текширишдан олдин уларнинг хоҳишига кўра мазкур Низомга илова қилинган Аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар рўйхатига киритилган тақиқланган моддалар ва буюмларни тақдим этишни таклиф қилиш;

аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлаш ишларини амалга ошириш;

ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли ҳужжатларни белгиланган тартибда расмийлаштириш ва аэропорт маъмуриятига юбориш, жиноят содир этган шахсларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш;

шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини, қўл юки, багажи ва шахсий буюмларини текширишдан ўтказиш учун тақдим этишдан бош тортган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг аэровокзал мажмуаси биноларига киришига йўл қўймаслик, уларнинг шахсини аниқлаш ҳамда уларга нисбатан тегишли чоралар кўриш, заруратга кўра бундай шахсларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда топшириш;

назорат ўтказиш пункти орқали текширувдан ўтмаган йўловчилар ва бошқа шахслар ҳамда кириб-чиқиш тартибини бузган йўловчилар ва бошқа шахсларнинг аэровокзал мажмуаси биноларига киришига йўл қўймаслик.


15. Авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари томонидан текширув ўтказилиши натижасида қатновлар асоссиз кечиктирилишига йўл қўйилмайди.


16. Авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари ўз хизмат вазифаларини махсус формали кийимда амалга оширади ҳамда улар аэропорт маъмурияти томонидан берилган тегишли рухсатномани ўзи билан олиб юриши шарт.


17. Халқаро йўналишларда йўловчиларни рўйхатга олиш жойидан йўл ҳужжатларига (чипталарига) эга бўлган йўловчиларнинг ўтишига рухсат этилади, ташриф буюрувчиларнинг божхона назорати зонасигача бўлган ҳудудда бўлишига рухсат этилади. Бемор ва ёрдамга муҳтож йўловчиларга рўйхатга олиш жойидан ҳаво кемасига ўтиргунга қадар аэропорт ходимлари ҳамроҳлик қилади.


18. Маҳаллий йўналишларда йўловчиларни рўйхатга олиш жойидан йўл ҳужжатларига (чипталарига) эга бўлган йўловчиларнинг ўтишига рухсат этилади, ташриф буюрувчиларнинг учиб кетиш залида авиация хавфсизлиги хизматининг зонасигача бўлган ҳудудда бўлишига рухсат этилади. Бемор ва ёрдамга муҳтож йўловчиларга рўйхатга олиш жойидан бошлаб ҳаво кемасига ўтиргунга қадар аэропорт ходимлари томонидан хизмат кўрсатилади.


19. Аэропортда йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг оқими ҳамда парвозлар жадвалидан келиб чиққан ҳолда, авиация хавфсизлиги хизмати назоратчиларининг иш вақти ва смена давомийлиги Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ белгиланади.



4-БОБ. ТЕКШИРИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ

            

20. Аэровокзал мажмуаларига кириш жойларида ўрнатилган назорат ўтказиш пунктида авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари томонидан йўловчилар ва ташриф буюрувчилар, экипаж аъзолари, аэропорт ходимларининг ҳужжатлари, қўл юки ва багажи махсус техник ускуналар ёрдамида қуйидаги тартиб асосида текширилади:

аэровокзал мажмуаларига кириш жойида авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш ва солиштириш йўли билан;

назорат ўтказиш пунктида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни текширишдан олдин уларнинг хоҳишига кўра мазкур Низомга илова қилинган Аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар рўйхатида келтирилган тақиқланган моддалар ва буюмларни тақдим этишни таклиф этиш орқали;

шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни текширгандан сўнг авиация хавфсизлик хизмати назоратчиси йўловчилар ва ташриф буюрувчиларга назорат ўтказиш пунктига ўтишни таклиф қилади. Ушбу назорат ўтказиш пунктида йўловчи ва ташриф буюрувчилар томонидан уларнинг қўл юки ва багажи, шахсий ашёларини текширувдан ўтказиш учун тақдим этиш орқали;

назорат ўтказиш пунктида йўловчилар ва ташриф буюрувчилар махсус техник воситаларнинг олдида, уларнинг тўпланишини истисно қиладиган тартибда текширилади. Истисно тарзида, юрак фаолиятини яхшиловчи аппаратлари бўлган йўловчилар ва бошқа шахсларни махсус техник ускуналардан фойдаланмаган ҳолда қўлда текшириш орқали;

йўловчи ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини рентген-телевизион ускунаси (интроскоп) ёрдамида текшириш орқали;

рентген-телевизион ускуна (интроскоп) монитор экранида объектнинг ноаниқ кўриниши ёки шубҳали нарсалар аниқланганда, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажини қўлда текшириш орқали;

йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажини бевосита унинг эгаси иштирокида авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари томонидан қўлда текшириш ва уни очиб кўриш.


21. Назорат ўтказиш пунктларидан йўловчилар ва бошқа шахслар олиб ўтаётган радио, теле, аудио ва видео-техника, шахсий компьютерлар, планшетлар, мобил телефонлар ва бошқа электрон воситалар рентген-телевизион ускуна (интроскоп) ёрдамида текширилади.


22. Назорат ўтказиш пунктларида авиация хавфсизлиги хизматининг назоратчилари йўловчилар ва ташриф буюрувчилар, экипаж аъзолари, аэропорт ходимларини турғун ва қўл металл детекторлари ёрдамида қуйидаги тартибда текширувдан ўтказади:

мавжуд бўлган барча металл буюмларини ва электрон ускуналар махсус идишга солишни ва уларни рентген-телевизион ускунаси (интроскоп) орқали текширувдан ўтказишни таклиф қилади;

турғун металл детектор орқали масофа сақланган ҳолда ўтишни назорат қилади;

турғун металл детекторнинг сигнал сенсорлари (ёруғлик, товуш) ва кўрсаткичларини кузатади;

турғун металл детекторнинг сигнал сенсорлари (ёруғлик, товуши) ишга тушганда, барча металл буюмларни саватга солиш ва турғун металл детектордан қайта ўтишни таклиф қилади;

турғун металл детекторнинг сигнал сенсорлари қайта ишлаб кетганда, қўл металл детектори билан текширувни ўтказади ҳамда уларнинг ёнида мавжуд бўлган нарсалар ҳақида сўров ўтказади;

қўл металл детектори билан текширув давомида аниқланган буюмларни қўлда текширади ёки зарурат бўлса, рентген-телевизион ускуна (интроскоп) ёрдамида текширувдан ўтказади;

текширувдан ўтмаган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг назорат ўтказиш пунктидан ўтишига рухсат бермайди.


23. Назорат ўтказиш пунктларида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажи, шахсий буюмлари ва электрон ускуналарини авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари рентген-телевизион ускунаси (интроскоп) ёрдамида қуйидаги тартибда текширувдан ўтказади:

рентген-телевизион ускунанинг (интроскоп) монитор экранидаги соя тасвирига асосланиб, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юкида, багажида ва шахсий буюмларида аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлайди;

рентген-телевизион ускуна (интроскоп) монитор экранида объектнинг ноаниқ кўриниши ёки шубҳали нарсалар аниқланса, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажи ҳамда шахсий буюмларини қўлда текшириш усули билан текширилади;

текширув жараёнида рентген-телевизион ускуна (интроскоп) монитор экранида йўловчилар ва бошқа шахсларнинг қўл юки, багажи ҳамда шахсий буюмлари ичида хавфли нарсалар ёки моддалар аниқланган тақдирда, бошқа шахсларнинг эътиборини жалб қилмасдан, авиация хавфсизлиги хизмати назоратчиларининг смена бошлиғини хабардор қилади. Хавфли нарса ёки моддаларга шахсларнинг тегиш имкониятининг олдини олиш мақсадида қўл юки, багаж ҳамда шахсий буюмлар рентген-телевизион ускунаси (интроскоп) ичида қолдирилади.


24. Назорат ўтказиш пунктларида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажи, шахсий буюмлари ва электрон ускуналарини авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари портловчи моддаларнинг буғ қолдиқлари зарраларини аниқловчи детекторлар ёрдамида қуйидаги тартибда текширувдан ўтказади:

портловчи моддаларнинг буғ қолдиқлари зарраларини аниқлаш учун текшириш амалга оширилади;

текширув жараёнида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажи ҳамда шахсий буюмлари ичида хавфли нарсалар ёки моддалар аниқланган тақдирда, бошқа шахсларнинг эътиборини жалб қилмасдан авиация хавфсизлиги хизмати назоратчиларининг смена бошлиғи хабардор қилинади.


25. Йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажи, шахсий буюмлари ва электрон ускуналарида портловчи мосламалар ёки моддаларнинг белгилари аниқланганда, ушбу назорат ўтказиш пунктида текширувлар зудлик билан тўхтатилади ва авиация хавфсизлиги хизмати назоратчиларининг смена бошлиғига хабар берилади. Бундай ҳолатларда атрофдаги барча шахслар хавфсиз масофага узоқлаштирилади ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тегишли мутахассислари келгунига қадар ушбу хавфли жой назоратга олинади.


26. Текширув жараёнида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажи ҳамда шахсий буюмлари ичида аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар белгиланган тартибга мувофиқ олиб қўйилади, сақланади ҳамда йўқ қилинади.


27. Давлатнинг яққол кўринадиган ташқи идентификация белгиларига эга бўлган дипломатик вализлар (консуллик почтаси), агар улар муҳрланган бўлса ва дипломатик вализга эга бўлган шахс унинг шахсини тасдиқловчи тегишли гувоҳномани (дипломатик ёки хизмат паспорти) ва дипломатик вализни ташиш учун рухсатномани (расмий хат) тақдим этса, текширувдан ўтказилмайди. Ушбу талаблар бузилган ҳолларда, дипломатик вализлар (консуллик почтаси) махсус техник воситалар ёрдамида, очилмасдан текширилади. Дипломатик вализаларни (консуллик почтасини) ташиётган шахснинг қўл юки, багажи, шахсий буюмлари ва электрон ускуналари умумий асосларда текширувдан ўтказилади.


28. Шахсий текширув ноқонуний аралашув ҳаракатларини амалга ошириш учун ишлатилиши мумкин бўлган қурол, портловчи моддалар ёки бошқа хавфли мосламаларни аниқлаш мақсадида йўловчилар ва ташриф буюрувчилар аэровокзал мажмуалари биносига киришидан олдин бегона шахслар бўлмаган махсус хонада амалга оширилади.

Шахсий текширув аэровокзал мажмуалари биносида жойлашган махсус хонада текширилаётган йўловчи ва бошқа шахслар билан фақат бир жинсли авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари томонидан амалга оширилади. Бир вақтнинг ўзида бир неча шахсларни текширувдан ўтказиш қатъиян ман этилади.

Шахсий текширув авиация хавфсизлиги хизмати назоратчиларининг камида икки нафар ходимидан иборат бўлган таркибда амалга оширилади. Шахсий текширувни якка тартибда амалга ошириш қатъиян ман этилади.


29. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар ҳамда уларнинг қўл юки, багажи назорат ўтказиш пунктида текширувдан ўтказилгандан сўнг авиация хавфсизлиги хизматининг назоратчиси уларга аэровокзал мажмуаси биносига кириш учун рухсат беради.



5-БОБ. АЭРОПОРТЛАР ОЛДИДАГИ

МАЙДОНЛАРДА ХАВФСИЗЛИК

ЧОРАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ

          

30. Аэровокзал мажмуалари биноларига кириш жойларига яқин келиб тўхташ учун фақат йўналишсиз ва йўналишли таксиларга рухсат этилади, шахсий автомобиллар ва жамоат транспорти йўловчиларни ва ташриф буюрувчиларни олиб кетиш ва олиб келиш учун мўлжалланган автомобиль тураргоҳи ва тўхташ жойларига йўналтирилади.


31. Эстакададан фойдаланиш учун йўловчи ташиш автотранспорт воситаларига рухсат берилади. Бунда енгил автотранспорт воситаларига эстакадада 5 дақиқагача ҳамда автобус ва микроавтобус автотранспорт воситаларига 10 дақиқагача тўхтаб туришга рухсат берилади.


32. Барча турдаги автотранспорт воситалари аэровокзаллар мажмуалари чегарасидан 30 метрдан кам бўлмаган масофада жойлаштирилади, эстакада ҳудуди бундан мустасно.

Эстакадада автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишини назорат қилиш учун шлагбаум ва видеокузатув мосламалари ўрнатилади.


33. Хавфсизлик чораларини самарали таъминлаш мақсадида аэровокзаллар олдидаги майдонларда қуйидагилар амалга оширилади:

аэровокзаллар олдидаги ҳудудларда Ички ишлар вазирлиги ходимларининг махсус ўргатилган хизмат итлари билан катта ўлчамдаги предметларни қолдириш ёки яшириш мумкин бўлган заиф жойлар мунтазам равишда текширилади;

шубҳали хатти-ҳаракатларни аниқлаш, аэровокзаллар олдидаги майдонларга, кириш йўлларига тасвирлаш имконияти юқори бўлган шахсни аниқловчи видеокузатув воситалари ўрнатилади;

аэровокзал олдидаги майдонларда фавқулодда вазият юзага келган ҳолатларда автотранспорт йўллари тўсиб қўйилади;

автотранспорт воситаларининг тўпланишига йўл қўймаслик учун эстакада ва аэровокзал олдидаги майдонларда транспорт воситаларининг вақтинча тўхтаб туриш тартиби белгиланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

           

34. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

          

          




Низомга

ИЛОВА



Аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш

тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар

РЎЙХАТИ

              

Қуйидагилар аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларга киради:


а) портловчи моддалар, портлатиш мосламалари ва улар билан тўлдирилган нарсалар:

ҳар қандай ўрамда ва ҳар қандай миқдордаги ҳар хил порох моддалари;

ҳар қанақа ўқ-дорилар, жанговар патронлар (жумладан, кичик калибрли), газли қуролга патронлар, ов капсула (пистон)лари ва детонатор-капсулалар;

пиротехника воситалари: сигнал берувчи ва ёритувчи ракеталар, сигнал берувчи патронлар, ўтқазиладиган шашкалар, тутун ҳосил қилувчи патронлар (шашкалар), фейерверклар, портлатиш гугуртлари, бенгал мушаклари, темир йўл петардалари;

термо-гугуртлар ва овчи гугуртлари;

ҳар қандай турдаги ёндиргичлар учун ёнилғи қуйиш элементлари;

миналар, гранаталар ва бошқа ҳарбий портловчи мосламалар;

тротил, динамит, тол, аммонал ва бошқа портловчи моддалар;

капсулалар, детонаторлар, электрдетонаторлар ва электр аланга олдирувчилар, тез портлатадиган ва олов ўтказувчи шнур, қора порох ва пластикли портловчи моддалар;


б) сиқилган ва суюлтирилган газлар:

маиший фойдаланиш учун газлар (бутан-пропан) ва бошқа газлар, асабни фалаж қиладиган ва кўзни ёшлантирувчи таъсирга эга бўлган газ баллончиклари;


в) енгил алангаланувчи суюқликлар:

ацетон, бензин, енгил алангаланадиган нефть маҳсулотлари намуналари, метанол, метилацетат (метил эфири), сероуглерод, эфирлар, бошқа барча енгил алангаланувчи суюқликлар;


г) ёнувчи қаттиқ моддалар:

сув таъсирида иссиқлик ва ёнувчан газлар чиқарадиган моддалар, бунда ўз-ўзидан ёниш ва ёнғин вужудга келиши мумкин бўлган: калий, натрий, металл кальций ва уларнинг қотишмалари, фосфоритли кальций ва бошқалар, шунингдек, оқ, сариқ ва қизил фосфор ва алангаланадиган қаттиқ моддалар тоифасига кирадиган барча бошқа моддалар, органик пероксидлар;

доналанган (гранулаларда) ёки парчаланган, қуруқ ёки нам, таркибида 25 фоиздан кам сув ёки эритувчи бўлган коллоид нитроцеллюлоза;

таркибида 30 фоиздан кам эритувчи ёки сув бўлган қуруқ ёки нам нитроцеллюлоза;

бўлакларда, ҳўл, 25 фоиздан кам бўлган спиртни ўз ичига олган коллоид нитроцеллюлоза;

30 фоиздан кам бўлган эритувчи ёки 20 фоиз сувдан иборат қуруқ ёки нам нитроцеллюлоза;


д) заҳарли, радиоактив ва заҳарловчи моддалар:

ҳар қандай идишга жойлаштирилган суюқ ёки қаттиқ ҳолдаги кучли таъсир қиладиган ҳар қандай заҳарли, радиоактив ва заҳарловчи моддалар: бруцин, никотин, стрихнин, тетрагидрофурфурил спирти, антифриз, тормоз суюқлиги, этиленгликоль, симоб, синил кислотаси барча тузлари ва цианид препаратлари;

циклон, цианплав, маргимушли ангидрид ва бошқа барча кучли таъсир этувчи заҳарли ёки заҳарловчи моддалар;

кимёвий моддалар, газлар ва аэрозоллар, одамни ишдан чиқарадиган ва меҳнатга лаёқатсизликка олиб келадиган аэрозоллар, мейс, қалампир гази ёки қалампир аэрозоли, кўз ёши келтирувчи газ, кислотали аэрозоллар ва ҳайвонларни қўрқитиш учун аэрозоллар;


е) ўювчи ва коррозиялантирувчи моддалар:

кучли ноорганик кислоталар: хлорид, сульфат, азот ва бошқа кислоталар, шунингдек, фторист-водородли (шишани ўйиш кучига эга бўлган) кислота ва бошқа кучли кислоталар ва коррозиялантирувчи моддалар;


ж) барча турдаги ўқотар, газ, пневматик, совуқ ва механик қуроллар:

тўппончалар, револьверлар, милтиқлар, карабинлар ва бошқа ўқ отувчи газли, пневматик қурол, ўқ отувчи қурол эҳтиёт қисимлари, сиқилган ҳавода ёки карбонат ангидрид газида (СО 2) ишловчи пневматик қурол, шу жумладан, тўппончалар, пулкалар билан отиш учун тўппончалар, шариклар билан отувчи тўппончалар ва милтиқлар, электр шок мосламалари, арбалетлар, сув ости овлари учун милтиқлар, найзалар, найза-пичоқлар;


з) вақтинча ишдан чиқариш ёки иммобилизация қилиш учун махсус мўлжалланган воситалар, шу жумладан:

фалаж ҳолатга олиб келадиган тўппончалар (масалан, тазер) ва зарба берувчи полиция таёқчалари;


и) тан жароҳати етказиш мумкин бўлган асбоб-ускуналар:

тан жароҳати етказиши мумкин бўлган ўткир тиғли ёки қиррали буюмлар, болталар, чопқилар ва гўшт кесадиган пичоқлар, муз тешиш учун музўяр болталар ва дасталар, пичоқлар, қайчилар, якка шарқ жанг санъати курашларида ишлатиладиган ўткир тиғли ва қиррали қилич ва шамширлар;

жиддий тан жароҳати етказиш учун ишлатиладиган асбоблар, ломлар, дреллар ва бурғулар, қурол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган асбоблар, отверка, стамеска, арра ва мих қоқадиган тўппончалар;


к) зарба вақтида жиддий жисмоний шикаст етказиш учун ишлатилиши мумкин бўлган тўмтоқ учли бўлган буюмлар:

бейсбол ва софтбол ўйини биталари, қисқа, узун ва тунги (ёритишли) ҳар хил турдаги полиция таёқчалари, якка шарқ жанг санъатида ишлатиладиган буюмлар.

Юқорида номлари келтирилган моддалар ва нарсалар белгилари остига тушадиган куйдириш, портлатиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган ёки аэровокзал мажмуалари биноси ичидаги шахслар ҳаётига хавф солувчи бошқа барча моддалар ва нарсалар.

Ҳаво кемаси бортида олиб кетиш мумкин бўлган, юқорида номлари келтирилган моддалар ва нарсалар, истисно тариқасида, фақат учиб кетувчи йўловчиларга, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўқотар қуролларни олиб юриш ва олиб кетишга тегишли рухсати бор шахсларга аэровокзал мажмуалари биносига ушбу модда ва нарсаларни олиб кириш учун рухсат этилади.

               

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 18 апрель














































































Время: 0.0097
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск