ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари / Тижорат банклари /

Банклар ва банклар гуруҳларининг таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир талаблар тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 18.04.2023 й. 3427-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 07.03.2023 й. 4/11-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2023 йил 18 апрелда 3427-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки бошқарувининг

2023 йил 7 мартдаги

4/11-сон қарорига

1-ИЛОВА



Банклар ва банклар гуруҳларининг таваккалчиликларни

бошқариш тизимига доир талаблар тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом банклар ва банклар гуруҳларининг таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир талабларни белгилайди.



I БЎЛИМ. БАНКЛАР ВА БАНКЛАР ГУРУҲЛАРИНИНГ

ТАВАККАЛЧИЛИКЛАРНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИНИНГ

ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


кредит таваккалчилиги - қарздорнинг банк олдидаги мажбуриятлари шартнома ёки қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган муддат ва (ёки) шартларда бажарилмаслиги (лозим даражада бажарилмаслиги) оқибатида юзага келиши мумкин бўлган зарар (йўқотиш) кўриш ва (ёки) режалаштирилган даромадни олмаслик эҳтимоллиги;


ликвидлилик таваккалчилиги - банк ўз мажбуриятларини белгиланган вақтда бажара олмаслиги оқибатида юзага келиши мумкин бўлган зарар (йўқотиш) кўриш ва (ёки) режалаштирилган даромадни олмаслик эҳтимоллиги;


бозор таваккалчилиги - валюта курслари, фоиз ставкалари ва молиявий инструментлар нархларининг ўзгариши натижасида зарар (йўқотиш) кўриш ва (ёки) режалаштирилган даромадни олмаслик эҳтимоллиги;


комплаенс таваккалчилиги - қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ташкилотлар ҳужжатлари ва (ёки) банкнинг ички ҳужжатларига риоя этилмаслиги натижасида юзага келиши мумкин бўлган зарар (йўқотиш) кўриш ва (ёки) режалаштирилган даромадни олмаслик эҳтимоллиги;


операцион таваккалчилик - банк ички жараёнларининг лозим даражада эмаслиги, ходимлар ёки бошқа шахсларнинг қасддан ёки эҳтиётсиз ҳаракатлари, банкнинг ички тизимларидаги хатоликлар ёки ташқи ҳодисалар таъсири натижасида зарар (йўқотиш) кўриш ва (ёки) режалаштирилган даромадни олмаслик эҳтимоллиги;


риск-аппетит - банкнинг стратегик мақсадларига ва бизнес-режа кўрсаткичларига эришишда қабул қилишга тайёр бўлган сезиларли барча таваккалчиликларнинг (жами умумлашган ҳолдаги ҳамда уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида) миқдори;


риск-аппетит баёноти - банкнинг кузатув кенгаши томонидан (бундан буён матнда кузатув кенгаши деб юритилади) тасдиқланадиган ва банкнинг риск-аппетитини белгилайдиган ҳужжат;


таваккалчилик чегаралари - таваккалчиликлар даражасини (миқдорини) чегаралаш мақсадида риск-аппетитнинг банк фаолияти йўналишлари, маҳсулотлари ва бошқа мезонлар кесимида миқдорий тақсимланиши;


риск профили - банкда белгиланган санада мавжуд бўлган сезиларли таваккалчиликлар (барча сезиларли таваккалчиликлар бўйича умумлашган ҳамда уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида) миқдори;


стресс-тест ўтказиш - паст бўлсада, содир бўлиш эҳтимоли мавжуд бўлган ҳодисаларнинг (таваккалчиликларнинг) банкнинг молиявий ҳолатига эҳтимолий таъсирини баҳолаш;


сезиларли таваккалчиликлар - банкнинг кредит, ликвидлилик, бозор, операцион ва комплаенс таваккалчиликлари;


таваккалчиликларни бошқариш тизими - банк фаолиятига оид бўлган барча таваккалчиликларни тизимли аниқлаш, ўлчаш, мониторинг ва назорат қилиш, ҳисоботини юритиш ҳамда камайтиришга қаратилган, шунингдек банкнинг бошқарув органлари ва таваккалчиликларни бошқаришга масъул бўлинмаларнинг ўзаро муносабатлари тизими.



2-БОБ. ТАВАККАЛЧИЛИКЛАРНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИ


2. Банкда таваккалчиликларни бошқариш тизими қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

таваккалчиликларни бошқаришнинг ташкилий тузилмасини;

таваккалчиликларни бошқариш маданиятини;

таваккалчиликларни бошқариш бўйича банкнинг ички жараёнлари, ҳужжатлари ҳамда воситаларини;

таваккалчиликларни бошқаришга ва ҳисоботларни тайёрлашга мўлжалланган ахборот тизимини.


3. Банкда таваккалчиликларни бошқариш тизими:

манфаатлар тўқнашувини инобатга олган ҳолда банкнинг барча таркибий бўлинмалари ва ходимлари ўртасида таваккалчиликларни бошқариш бўйича вазифалар, мажбуриятлар ва ваколатларнинг аниқ тақсимланишини;

мазкур Низомнинг 5-бандига мувофиқ ҳимоянинг уч чизиғи тизими шакллантирилиши орқали таваккалчиликларни бошқаришга масъул таркибий бўлинмалар ва ички назоратга масъул таркибий бўлинманинг банк операцион фаолиятидан ажратилишини;

банк фаолиятининг барча йўналишлари ва ташкилий тузилмасида камида сезиларли таваккалчиликларни бошқаришнинг қамраб олинишини;

сезиларли таваккалчиликлар холисона ва ўз вақтида аниқланиши, баҳоланиши ҳамда мониторинг қилинишини, улар бўйича ҳисобот тайёрланишини, уларнинг назорат қилиниши ва камайтирилишини;

банк хизматлари учун ўрнатилган нарх мазкур хизматлар билан боғлиқ таваккалчиликлар ва харажатларни инобатга олган ҳолда шакллантирилишини;

таваккалчиликларни бошқариш жараёнларининг тўлиқлигини ва ҳужжатлаштирилишини таъминлаши лозим.


4. Таваккалчиликларни бошқариш тизими ҳимоянинг уч чизиғи методига асосланиши ҳамда ушбу методга асосан таваккалчиликларни бошқариш бўйича мажбуриятлар банкнинг қуйидаги таркибий бўлинмалари ўртасида тақсимланиши лозим:

ҳимоянинг биринчи чизиғи - бевосита банк хизматларини кўрсатишга масъул бўлган таркибий бўлинмалар. Мазкур таркибий бўлинмалар таваккалчиликларни қабул қилиб олади, шунингдек таваккалчиликларнинг жорий бошқарилиши юзасидан ҳисоботлар бериб боради;

ҳимоянинг иккинчи чизиғи - таваккалчиликларни бошқаришга масъул таркибий бўлинмалар ҳамда назорат функциялари мавжуд бўлган бошқа таркибий бўлинмалар. Мазкур таркибий бўлинмалар таваккалчиликларни аниқлайди ва бошқариб боради;

ҳимоянинг учинчи чизиғи - ички аудит хизмати. Мазкур таркибий бўлинма таваккалчиликларни бошқариш тизимини текширади ва баҳолайди.


5. Банк банклар гуруҳининг асосий банки бўлган тақдирда, банклар гуруҳининг консолидациялашган молиявий ва назоратга оид ҳисоботларини тузиши ҳамда ушбу ҳисоботлар асосида банклар гуруҳида юзага келган таваккалчиликларни бошқариб бориши лозим.


6. Асосий банк банклар гуруҳига кирувчи молия институтларининг балансини консолидациялашни молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида амалга оширади.


7. Асосий банк даврий равишда (йилда камида бир марта) банклар гуруҳи учун консолидациялашган пруденциал нормативларни, шу жумладан капитал монандлиги коэффициентлари, ликвидлилик коэффициентлари, бир қарз олувчига ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдори, банкларнинг алоқадор шахслари учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдорини ҳисоблаб боради.



3-БОБ. ТАВАККАЛЧИЛИКЛАРНИ БОШҚАРИШГА

ОИД БАНКНИНГ ИЧКИ ҲУЖЖАТЛАРИ


1-§. Таваккалчиликларни бошқаришга оид банкнинг

ички ҳужжатларининг тайёрланишини ташкил этиш


8. Кузатув кенгаши таваккалчиликларни бошқариш тизимини самарали ташкил этиш учун қуйидаги ички ҳужжатларни тасдиқлаши лозим:

риск-аппетит баёноти;

кредит сиёсати;

сезиларли таваккалчиликларнинг ҳар бирини аниқлаш услубиётини ўз ичига қамраб олувчи таваккалчиликларни бошқариш сиёсати (сиёсатлари);

банкнинг янги маҳсулотларни жорий этиш сиёсати;

стресс-тест ўтказиш тартиби;

банкнинг молиявий аҳволини тиклаш режаси;

таваккалчиликларни бошқаришнинг ташкилий тузилмаси;

мазкур Низомга мувофиқ бошқа ҳужжатлар.


9. Мазкур Низомнинг 8-бандида белгиланган ички ҳужжатлар (кредит сиёсатидан ташқари) умумлашган ҳолда ёки алоҳида қабул қилиниши мумкин.



2-§. Банкнинг риск-аппетит баёноти ва таваккалчилик чегаралари


10. Банкнинг риск-аппетит баёноти:

банкнинг стратегияси, бизнес режаси ва бюджетга оид режалаштириши ҳамда мазкур Низомнинг 9-бандида белгиланган банкнинг ички ҳужжатларига мувофиқ бўлиши;

риск-аппетитни шакллантириш жараёнида қўлланилувчи асосий фаразларни ўз ичига олиши;

таваккалчилик чегараларини тасдиқлаш, доимий равишда мониторинг қилиш ва улар бўйича ҳисоботларни тайёрлашга оид тартиб-таомилларни ўз ичига олиши;

таваккалчилик чегараларига риоя этилмаган ҳолларда банкнинг бошқарув органлари, тегишли таркибий бўлинмалари ва ходимларини хабардор қилиш шакли ва тартибини белгилаши;

риск-аппетитга киритилган кўрсаткичларни ҳисоблаш услубиёти ва тартибини, шу жумладан риск-аппетит даражалари ҳисоб-китоб қилинишида иштирок этувчи масъул ходимлар ва (ёки) таркибий бўлинмалар таркибини ўз ичига олиши;

ҳар бир сезиларли таваккалчиликнинг умумлашган миқдорини аниқлашда қўлланиладиган миқдорий кўрсаткичларни ҳамда банк томонидан таваккалчиликларни қабул қилиш ва камайтириш асосларини белгиловчи сифат хусусиятларини ўз ичига олиши;

капитал монандлиги ва ликвидлилик коэффициентлари бўйича ўрнатилган минимал даражадан юқорироқ бўлган мақбул даражаларни белгилаши;

банк кутилмалари ҳамда стресс-тест натижаларини ҳисобга олиши;

банкнинг ташкилий тузилмаси ва ходимларни рағбатлантиришга доир ҳужжатларни инобатга олиши;

риск-аппетитга риоя этилишини мониторинг қилиш имконига эга шаклда ишлаб чиқилиши лозим.


11. Банкнинг риск-аппетит баёнотида таваккалчилик даражаларини риск-аппетитга мувофиқлигини баҳолашнинг қуйидаги уч даражаси белгиланиши лозим:

таваккалчилик даражаларини пасайтиришни талаб этмайдиган паст даража;

таваккалчилик даражаларини пасайтиришни талаб этадиган ўрта даража;

таваккалчилик даражаларини пасайтиришни талаб этадиган юқори даража.


12. Банк сезиларли таваккалчиликларга мойиллигини пасайтириш мақсадида сезиларли таваккалчиликлар учун миқдорий чегараларни белгилаши лозим. Мазкур таваккалчилик чегаралари риск-аппетит доирасида бўлиши керак.


13. Таваккалчилик чегаралари банк операциялари ҳажми ва мураккаблигидан келиб чиқиб белгиланиши лозим.



3-§. Банкда стресс-тест ўтказиш тартиби


14. Банкнинг стресс-тестдан ўтказиш тартибида қуйидагилар белгиланиши лозим:

стресс-тестдан ўтказиладиган таваккалчиликлар рўйхати;

кредит, ликвидлилик, бозор ва операцион таваккалчиликларни стресс-тестдан ўтказиш услубиёти ва воситалари;

стресс-тест ўтказишда иштирок этувчи таркибий бўлинмалар, уларнинг мазкур жараёндаги вазифалари, мажбуриятлари, ваколатлари;

стресс-тест натижаларини кўриб чиқиш, уларни кузатув кенгаши, таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси (агар ташкил этилган бўлса) ва банк бошқарувига тақдим этиш тартиби.


15. Банкда стресс-тест ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилиши лозим.


16. Банк кредит таваккалчилигини стресс-тестдан ўтказишда қуйидагиларни инобатга олиши лозим:

мамлакатдаги умумий иқтисодий ҳолат, шу жумладан мамлакат иқтисодий кўрсаткичларининг пасайиши, мамлакат даражасида ва иқтисодиёт соҳалари кесимида иқтисодий ўсишнинг секинлашувини;

банкнинг ўзига хос ички омиллари, шу жумладан банкнинг кредитлаш билан боғлиқ фаолияти хусусиятлари ва кредит портфели таркибини.


17. Банк ликвидлилик таваккалчилигини стресс-тестдан ўтказишда қуйидаги сценарийлардан фойдаланиши лозим:

мамлакат иқтисодиётининг барқарор ҳолатида банкда стресс вазиятнинг юзага келиши билан боғлиқ сценарий, шу жумладан активлар сифатининг ёмонлашуви, мажбуриятларнинг тўпланишининг (концентрацияси) ўсиши, юқори ликвидли активларнинг сезиларли даражада камайиши, банк кредит рейтингининг пасайтирилиши, банкка ахборот ҳужуми, банкнинг акциядорлари билан боғлиқ муаммолар;

мамлакатнинг банк тизимидаги инқироз натижасида банкда стресс вазиятнинг юзага келиши билан боғлиқ сценарий.


18. Банк ликвидлилик таваккалчилигини стресс-тестдан ўтказишда қуйидаги фаразлардан фойдаланиши мумкин:

банкдаги жисмоний ва юридик шахслар маблағларининг чиқиб кетиши;

банкдаги юқори ликвидли активларнинг қадрсизланиши ва (ёки) улардан фойдаланиш имкониятининг мавжуд эмаслиги;

маблағ жалб қилиш имкониятининг йўқолиши ёки сезиларли даражада камайиши;

банклараро ресурс бозоридан молиявий маблағ жалб қилиш имкониятининг йўқолиши ёки сезиларли даражада камайиши;

бир валютадаги ликвидлиликни бошқа валютага қайта тақсимлаш имкониятининг сезиларли даражада пасайиши.


19. Банк бозор таваккалчилигини стресс-тестдан ўтказишда қуйидаги фаразлардан фойдаланиши мумкин:

очиқ валюта позициясидаги хорижий валюталар курсларининг ўзгариши;

молиявий инструментларнинг бозор нархи ўзгариши;

бозордаги ўзгарувчан фоиз ставкаларининг турли даражаларда ўзгариши;

бозордаги фоиз ставкаларини ўзгариши натижасида фоиз ставкаларига таъсирчан молиявий инструментлар бўйича даромадларнинг ўзгариши;

банкнинг даромадлилик кўрсаткичларининг ўзгариши;

банк томонидан жалб қилинган ва жойлаштирилган маблағлар бўйича фоиз ставкалари ўртасидаги тафовутнинг ўзгариши.


20. Банк стресс-тест натижаларини банкнинг стратегияси ва бюджетини, жумладан капитал ва ликвидлилигини режалаштиришда ҳамда банк сиёсатларини ишлаб чиқишда ва таваккалчиликларни бошқариш жараёнида қўллаши лозим.


21. Банк стресс-тест натижалари асосида бир йилда бир маротаба фавқулодда банкни қўшимча молиялаштириш режасини (бундан буён матнда фавқулодда молиялаштириш режаси деб юритилади) ишлаб чиқиши лозим.

Фавқулодда молиялаштириш режаси қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

банкдаги ликвидлилик инқирозини аниқлаш тартиби, шу жумладан ликвидлилик таваккалчилиги ҳақида эрта огоҳлантириш кўрсаткичлари ҳамда ликвидлилик инқирозига қарши чоралар кўриш учун кузатув кенгаши ва банк бошқарувининг хабардор қилинишини;

фавқулодда вазиятларда банкда ликвидлиликни таъминлаш ва пул оқимлари тақчиллигини қоплаш мақсадида ликвидлиликнинг турли манбалари, уларнинг мавжудлиги, ликвидлилик манбаларини жалб қилиш (фойдаланиш) шартлари ҳамда уларнинг барқарорлигини кўзда тутувчи инқирозга қарши чоралар рўйхати ва уларнинг устуворлик даражасини;

фавқулодда вазиятларда фойдаланиш мумкин бўлган манбаларни;

фавқулодда вазиятларда ликвидлилик манбаларидан қўшимча маблағларни жалб қилиш учун талаб этилувчи вақтни;

қарорларни қабул қилиш ва ўзаро ишлаш тартиби, жумладан қарорларни қабул қилиш учун зарур чоралар, қарорларни қабул қилиш учун масъулларни;

банкдаги ликвидлилик инқирози сабаблари ҳамда уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар ҳақида Марказий банкка маълумот тақдим қилиш тартибини;

кузатув кенгаши ва банк бошқарувига ҳисобот тақдим этиш тартибини.



4-§. Банкнинг янги маҳсулотларини жорий этиш


22. Банкда янги маҳсулотларни жорий этиш бўйича тегишли қарор қабул қилиниши, баҳоланиши ва ҳужжатлаштирилиши лозим.


23. Банкнинг янги маҳсулотини жорий этишда қуйидагилар баҳоланиши лозим:

банкнинг янги маҳсулотини жорий этиш лойиҳасининг иқтисодий асосланганлиги;

банкнинг янги маҳсулотини қонунчилик ҳужжатлари ва банкнинг ички ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлиги;

банкнинг янги маҳсулоти билан боғлиқ таваккалчиликлар, уларнинг банкнинг риск профили, риск-аппетити, пруденциал нормативлари, шу жумладан капитал монандлиги ва ликвидлилик кўрсаткичларига, шунингдек даромадлилик даражасига таъсири;

банкнинг янги маҳсулоти билан боғлиқ таваккалчиликларни мониторинг қилиш ва бошқариш учун етарли бўлган ички инструментларнинг мавжудлиги;

банкнинг янги маҳсулотига ўрнатиладиган нарх банкнинг нарх сиёсатига мувофиқлиги;

банкнинг янги маҳсулотини жорий этишга тайёрлиги, шу жумладан банкнинг янги маҳсулотини жорий этиш учун малакали ходимлар мавжудлиги, хизматни узлуксиз таъминлаш ва технологик инфратузилмасига ўзгартиришлар киритилганлиги.



4-БОБ. БАНКЛАРДА ТАВАККАЛЧИЛИКЛАРНИ

БОШҚАРИШ МАДАНИЯТИ


24. Кузатув кенгаши банкда таваккалчиликларни бошқариш маданиятининг шаклланишига масъул ҳисобланади.


25. Банкда таваккалчиликларни бошқариш маданиятини таъминлаш мақсадида қуйидаги чоралар кўрилиши лозим:

ходимларга таваккалчиликларни бошқаришда уларнинг ўрни ҳақида маълумот берилиши, бунда уларнинг банк томонидан ўрнатилган риск-аппетит ва таваккалчилик чегараларига риоя этилишига масъул эканликлари тўғрисида хабардор қилиниши;

банкнинг корпоратив қадриятлари, малака стандартлари, одоб-ахлоқ кодекси ва бошқа тегишли ички ҳужжатлари ходимларнинг эътиборига доимий тарзда етказилиши ҳамда бу борадаги назоратнинг ўрнатилганлиги;

номақбул хатти-ҳаракат ва (ёки) қоидабузарликни амалга оширганлик учун интизомий чоралар қўлланилиши ҳақида банкнинг раҳбарияти ва ходимлари хабардор қилиниши ва мазкур масала юзасидан назорат амалга оширилиши;

ходимлар сезиларли таваккалчиликлар ҳақида ҳамда мазкур таваккалчиликларни бошқаришда уларнинг вазифалари тўғрисида билимга эга бўлиши учун семинар ва тренинглар ўтказиб борилиши;

банкда барча учун доимий равишда очиқ бўлган ички ва ташқи мулоқот тизимларининг ташкил этилиши.



5-БОБ. ТАВАККАЛЧИЛИКЛАРНИ БОШҚАРИШНИНГ

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ


1-§. Таваккалчиликларни бошқаришнинг ташкилий

тузилмаси фаолиятини ташкил этиш


26. Таваккалчиликларни бошқаришнинг ташкилий тузилмаси банкда таваккалчиликларни бошқаришда иштирок этувчиларнинг вазифалари, мажбуриятлари ва ваколатлари аниқ тақсимланишини назарда тутиши лозим.


27. Таваккалчиликларни бошқаришнинг ташкилий тузилмаси қуйидагилардан ташкил топиши лозим:

кузатув кенгаши;

кузатув кенгаши ҳузурида ташкил этилган таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси (агар ташкил этилган бўлса) ва аудит қўмитаси;

ички аудит хизмати;

банк бошқаруви;

кредит қўмитаси, банк активлари ва пассивларини бошқаришга масъул бўлган қўмита;

таваккалчиликларни бошқаришга масъул таркибий бўлинма (бундан буён матнда таваккалчилик бўлинмаси деб юритилади);

комплаенс таваккалчилигини бошқаришга масъул таркибий бўлинма;

сезиларли таваккалчиликларни назорат қилишга масъул бўлган бошқа қўмиталар ва таркибий бўлинмалар;

банк хизматларини кўрсатишга масъул бўлган таркибий бўлинмалар.



2-§. Таваккалчиликларни бошқаришда

кузатув кенгашининг вазифалари


28. Кузатув кенгаши мазкур Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ таваккалчиликларни бошқариш тизимининг самарали жорий этилишини таъминлашга ҳамда унинг устидан назоратни амалга оширишга масъул ҳисобланади.


29. Таваккалчиликлар бошқарилишини таъминлаш мақсадида кузатув кенгаши қуйидаги вазифаларни бажариши лозим:

мазкур Низомнинг 9-бандида белгиланган ички ҳужжатларни тасдиқлаш ҳамда уларнинг амалиётга жорий қилиниши, уларга риоя этилиши ва ўз вақтида янгиланиб борилиши устидан назоратни амалга ошириш;

ҳар бир сезиларли таваккалчилик бўйича таваккалчилик чегараларини ва мазкур чегаралар бузилган тақдирда кўрилиши зарур бўлган чораларни тасдиқлаш;

банкнинг таваккалчиликларни бошқариш ташкилий тузилмасини доимий тарзда баҳолаш ва унинг самарадорлигини таъминлаш;

банк томонидан қўлланилувчи таваккалчиликларни баҳолаш методологиясини йилда камида бир маротаба кўриб чиқиш;

банк маҳсулотлари ва хизматлари бўйича харажат ҳамда таваккалчиликларни инобатга олган ҳолда нарх сиёсатини тасдиқлаш;

таваккалчиликларни бошқаришга оид ҳисоботларнинг шакли, даврийлиги ва ҳажмини белгилаш, мазкур ҳисоботларни кўриб чиқиш, уларнинг аниқлиги ҳамда ҳаққонийлигини назорат қилиб бориш;

таваккалчиликларни бошқаришга ва ҳисоботларни тайёрлашга мўлжалланган ахборот тизимининг жорий этилишини ташкил этиш ҳамда бу борадаги ишларни назорат қилиш;

таваккалчиликларни бошқариш маданиятини шакллантириш ва унинг мақбул даражада бўлишини таъминлаш;

таваккалчиликларни бошқариш тизимида аниқланган камчиликларнинг бартараф этилиши, шу жумладан ички аудит хизмати, ташқи аудиторлар, Марказий банк ва бошқа назорат органлари томонидан тақдим этилган таклиф ҳамда мулоҳазаларнинг инобатга олиниши ва амалга оширилиши устидан назоратни амалга ошириш;

риск-аппетит баёноти, таваккалчиликларни бошқариш сиёсати (сиёсатлари) ва (ёки) таваккалчилик чегаралари бузилишини келтириб чиқариши мумкин бўлган операция ёки ҳаракатларни батафсил муҳокама қилиш;

банкнинг риск профили тасдиқланган риск-аппетитга мувофиқ бўлмаса ёки мувофиқ бўлмаслиги кутилаётган бўлса, таваккалчиликларни камайтиришга қаратилган зарурий чораларни кўриш;

капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнлар (ICAAP) (жорий қилинган бўлса), стресс-тестлар ва таваккалчилик хусусиятлари асосида банк капиталига нисбатан табақалаштирилган талабларни белгилаш;

банк банклар гуруҳининг асосий банки бўлган тақдирда, таваккалчилик бўлинмаси томонидан киритилган консолидациялашган пруденциал нормативларга доир ҳисоботларни ўрганиб чиқиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш, уларнинг ижросини назорат қилиш.


30. Кузатув кенгаши таваккалчилик бўлинмаси ва комплаенс таваккалчилигини бошқаришга масъул таркибий бўлинмани ташкил этиши ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаши керак.

Таваккалчилик бўлинмаси ва комплаенс таваккалчилигини бошқариш учун масъул таркибий бўлинманинг мустақиллигини таъминлаш мақсадида ушбу таркибий бўлинмалар:

кузатув кенгашига ва таваккалчиликларни бошқариш қўмитасига (агар ташкил этилган бўлса) бевосита бўйсуниши;

раҳбарлари кузатув кенгаши томонидан тайинланиб, кузатув кенгаши олдида ҳисобдор бўлиши;

раҳбарларини рағбатлантириш миқдори кузатув кенгаши, мукофотлаш қўмитаси (агар ташкил этилган бўлса) ёки таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси (агар ташкил этилган бўлса) томонидан белгиланиши;

раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш миқдори банк хизматларини кўрсатишга масъул бўлган таркибий бўлинмалар фаолияти натижаларига боғлиқ бўлмаслиги. Бунда, рағбатлантириш миқдори банкнинг умумий молиявий ҳолатига боғлиқ бўлиши мумкин;

раҳбарлари ва ходимларига банк бошқаруви ва бошқа раҳбар ходимлари босим ўтказиши мумкин бўлган ҳолатлар келиб чиқишининг олди олинган бўлиши;

раҳбарларида банк бошқарувини хабардор қилмасдан кузатув кенгаши билан банкдаги таваккалчиликлар ҳолати юзасидан тўғридан-тўғри муҳокамаларни олиб бориш имкониятининг мавжуд бўлиши;

раҳбарлари кузатув кенгаши ёки таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси (агар ташкил этилган бўлса) ўртасида доимий тарзда иш олиб борилишининг таъминланиши;

ходимлари сони ва малака даражаси мазкур Низом ҳамда банкнинг ички ҳужжатларида белгиланган вазифа ва мақсадларга мутаносиблиги таъминланиши;

раҳбарлари ва ходимлари даромад олиш билан боғлиқ банк операцияларини амалга оширишда, шунингдек бўлинма фаолиятига тааллуқли бўлмаган қўмита аъзолари ва турли хил ишчи гуруҳлар таркибида иштирок этмасликлари ҳамда бир вақтнинг ўзида бошқа лавозимни эгаллашларига йўл қўйилмаслиги;

ходимларини ишга қабул қилиш, лавозимидан озод этиш ва улар учун рағбатлантириш миқдорини белгилаш мазкур таркибий бўлинмалар раҳбарлари тавсияси асосида банк бошқаруви раиси томонидан амалга оширилиши;

ўз вазифаларини бажариши учун зарур бўлган маълумотлардан тўлиқ фойдаланиш имконияти мавжуд бўлиши лозим.



3-§. Таваккалчиликларни бошқаришда

банк бошқарувининг вазифалари


31. Банк бошқаруви кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган риск-аппетит баёноти, таваккалчиликларни бошқариш сиёсати (сиёсатлари) ва банкнинг бошқа ички ҳужжатларига мувофиқ таваккалчиликларни бошқариш тизимининг самарали фаолият юритишини таъминлаши лозим.


32. Банк бошқаруви таваккалчиликларни бошқаришга доир қуйидаги вазифаларни бажариши лозим:

ўз ваколати доирасида кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган сиёсат ва ҳужжатлар асосида заруратга қараб батафсил тартиб ва чора-тадбирларни тасдиқлаш, уларни жорий шароитларга мувофиқлиги ва долзарблиги юзасидан бир йилда бир маротаба баҳолаб бориш;

таваккалчиликларни бошқаришнинг ташкилий тузилмаси жорий этилишига доир зарур чораларни кўриш, банкнинг барча даражадаги ходимлари ўзларининг таваккалчиликларни бошқаришдаги вазифаларидан хабардор бўлишларини таъминлаш;

таваккалчиликларни бошқариш ва комплаенс таваккалчилигини бошқаришга масъул таркибий бўлинмаларга ўз вазифаларини самарали бажаришлари учун зарур бўлган шарт-шароитни яратиш;

банкда юзага келувчи барча сезиларли таваккалчиликларни таҳлил қилиш ва уларнинг банкнинг риск-аппетитига мувофиқлигини таъминлашга қаратилган жараёнларнинг тўлақонли жорий этилишини таъминлаш;

банк хизматлари учун нархларни (тарифларни) мазкур хизматлар билан боғлиқ таваккалчиликлар ва харажатларни инобатга олган ҳолда белгиланишини таъминлаш;

банкдаги таваккалчиликлар ҳолати, риск-аппетитнинг бузилиш ҳолатлари, банк фаолиятидаги сезиларли ўзгаришлар ва банкнинг янги маҳсулотлари ҳақида маълумотларни акс эттирувчи ҳисоботларнинг тайёрланишини ва кузатув кенгашига ҳар чоракда тақдим этилишини таъминлаш;

таваккалчиликларни бошқариш тизимидаги камчиликларни бартараф этиш, ички аудит хизмати, аудиторлик ташкилотлар, Марказий банк ва бошқа назорат органлари томонидан тақдим этилган таклиф ва мулоҳазаларни бажаришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уни кузатув кенгашига тасдиқлаш учун киритиш.



4-§. Таваккалчилик бўлинмасининг вазифалари


33. Банкда таваккалчилик бўлинмасининг вазифа, мажбурият ва ваколатларини белгиловчи низом ишлаб чиқилиши ҳамда кузатув кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим.


34. Таваккалчилик бўлинмаси қуйидаги вазифаларни бажариши лозим:

турли омилларнинг банк молиявий ҳолати, риск профили, капитали ва ликвидлилигига таъсирини таҳлил қилиш учун қўлланилувчи услубиёт ҳамда воситаларни ишлаб чиқиш ва уларнинг долзарб ҳолатда бўлишини таъминлаш;

кредит, бозор, операцион ва ликвидлилик таваккалчиликларини баҳолаш методларини ишлаб чиқиш ёки ишлаб чиқишда иштирок этиш;

сезиларли таваккалчиликларнинг ўз вақтида аниқланиши, баҳоланиши, мониторинг қилиниши ва улар бўйича ҳисобот тайёрланиши, назорат қилиниши ҳамда мазкур таваккалчиликларнинг камайтирилишини таъминлаш;

таваккалчиликларни юзага келтирувчи ҳолатлар содир бўлганлиги ёки қисқа муддатларда содир бўлиши ҳақида эрта огоҳлантириш тизимларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий қилиш. Мазкур тизимлар тасдиқланган риск-аппетит ва таваккалчилик чегаралари бузилишига яқинлашиш ёки бузилиш ҳолатларини аниқлаш, мониторинг қилиш ва зарур тавсияларни ишлаб чиқишда қўлланиши лозим;

мазкур Низом 9-бандида белгиланган ички ҳужжатлар долзарблиги ва самарадорлигини баҳолаб бориш, уларни такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлаш;

таваккалчилик бўлинмаси томонидан ишлаб чиқилган таваккалчиликларни баҳолаш методларини, шу жумладан кредит таваккалчилигини баҳолаш учун рейтинг методларини ва (ёки) скоринг тизимларини текшириб бориш;

банк хизматлари учун нарх улар билан боғлиқ таваккалчилик ва харажатларни инобатга олган ҳолда шаклланишини таъминлаш мақсадида нарх сиёсати самарадорлигини баҳолаб бориш;

кредитлар билан боғлиқ таваккалчиликларни баҳолаш (кредит турлари, иқтисодиёт тармоқлари, географик ҳудудлар ва бошқалар), шу жумладан муаммоли кредитларни (активларни) аниқлаш жараёнлари ва активлар сифатини таснифлаш ҳамда улар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш амалиётининг мақбуллигини баҳолаш;

банкнинг янги маҳсулотлари жорий қилингунга қадар улар билан боғлиқ таваккалчиликлар юзасидан хулосалар тайёрлаш;

стресс-тестларни ўтказиш;

йилда камида бир маротаба банкнинг риск-профилини ва уни банкнинг риск-аппетити ҳамда таваккалчилик чегараларига мувофиқлигини баҳолаш;

кредит, ликвидлилик, бозор ва операцион таваккалчиликлар бўйича, жумладан банкда мавжуд ёки юзага келиши кутилаётган таваккалчиликлар ҳамда уларни камайтириш юзасидан ҳисоботларни кузатув кенгаши ва таваккалчиликларни бошқариш қўмитасига (агар ташкил этилган бўлса) ҳар чоракда, банк бошқарувига ҳар ойда камида бир маротаба киритиш;

банк ходимларида сезиларли таваккалчиликлар ҳақида тегишли билимларни шакллантириш мақсадида бир йилда камида бир маротаба тренинг ва ўқув семинарларини ташкил этиш;

капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнлар (ICAAP) (жорий қилинган бўлса), стресс-тестлар ва таваккалчилик хусусиятлари асосида банк капиталига нисбатан табақалаштирилган талабларни белгилаш бўйича таклифларни кузатув кенгаши ёки таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси (агар ташкил этилган бўлса) ҳамда банк бошқарувига киритиш;

банк банклар гуруҳининг асосий банки бўлган тақдирда, консолидациялашган пруденциал нормативларни таҳлил қилиб бориш ва кузатув кенгашига консолидациялашган ҳисоботларни, шу жумладан консолидациялашган пруденциал нормативларнинг ҳолати, бу билан боғлиқ таваккалчиликлар ҳамда уларни бартараф этишга доир таклифларни киритиб бориш.


35. Таваккалчилик бўлинмаси раҳбари қуйидаги вазифаларни бажариши лозим:

кузатув кенгаши, таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси (агар ташкил этилган бўлса) ва банк бошқарувига таваккалчилик бўлинмасининг тегишли ҳисоботларини киритиш;

банк бошқаруви ва бош банкда ташкил этилган қўмиталарнинг банкнинг риск-аппетити ёки таваккалчилик чегаралари бузилишига сабаб бўладиган (стратегик режалаштириш, капитал ҳамда ликвидлилик даражаларини режалаштириш, банкнинг янги маҳсулотлари ва хизматларини жорий қилиш, ходимларни рағбатлантириш сиёсатини ишлаб чиқиш, йирик кредитларни тақдим этиш, инвестиция операцияларини амалга ошириш) қарорларига нисбатан тақиқни (вето ҳуқуқи) қўллаш ҳамда зудлик билан кузатув кенгашини бу ҳақда хабардор қилиш;

таваккалчиликлар юзасидан банк бошқарувининг қарорлари таваккалчилик бўлинмаси мулоҳазаларидан сезиларли даражада фарқланса, кузатув кенгаши ёки таваккалчиликларни бошқариш қўмитасини (агар ташкил этилган бўлса) бу ҳақда хабардор этиш;

таваккалчиликларнинг банкнинг молиявий ҳолати, капитали ва ликвидлилигига таъсирини камайтириш юзасидан таклифларни кузатув кенгаши, таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси (агар ташкил этилган бўлса) ҳамда банк бошқарувига киритиш;

таваккалчиликлар даражаси сезиларли ўсиб, кечиктириб бўлмас чоралар кўриш зарурати юзага келган тақдирда, кузатув кенгаши ёки таваккалчиликларни бошқариш қўмитасининг (агар ташкил этилган бўлса) зудлик билан навбатдан ташқари мажлисини чақириш юзасидан банк бошқарувига мурожаат қилиш;

таваккалчиликларни бошқаришга доир ишларни мувофиқлаштириш, тегишли бўлинмалардан таваккалчиликларни бошқариш учун зарур бўлган маълумотларни олиш ва уларни жамлаш.



5-§. Комплаенс таваккалчилигини бошқариш учун

масъул таркибий бўлинманинг вазифалари


36. Қонунчилик ҳужжатлари ва банкнинг ички ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида комплаенс таваккалчилигини бошқариш учун масъул таркибий бўлинма ташкил этилиши ҳамда мазкур таркибий бўлинманинг вазифалари, мажбуриятлари ва ваколатларини белгиловчи низом ишлаб чиқилиши ҳамда кузатув кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим.


37. Комплаенс таваккалчилигини бошқариш учун масъул таркибий бўлинма қуйидаги вазифаларни бажариши лозим:

комплаенс таваккалчилигини бошқаришга доир сиёсатни ишлаб чиқиш ва уни кузатув кенгашига тасдиқлаш учун киритиш;

комплаенс таваккалчилигини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилишга доир тартиб ва жараёнларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролининг тарқатилишини молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган ички ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш;

банк ташкилий тузилмасининг барча бўғинларида юзага келиши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқариш, манфаатлар тўқнашуви мавжудлигидан далолат берувчи ҳолатлар аниқланганда дарҳол кузатув кенгаши ёки унинг қўмиталарини хабардор қилиш;

банк фаолияти, шу жумладан банкнинг янги маҳсулотларини жорий қилиш билан боғлиқ комплаенс таваккалчиликларини аниқлаш, баҳолаш ва улар устидан мониторинг ўрнатиш;

банк бошқарувига комплаенс таваккалчилигини бошқариш билан боғлиқ тавсиялар бериш, шунингдек банкнинг ходимларига банк фаолиятига доир қонунчилик, қоидалар ва стандартлар юзасидан тушунчалар бериш, улардаги ўзгаришларни мониторинг қилиш, мазкур ўзгаришларнинг банк фаолиятига таъсирини баҳолаб бориш ҳамда банкнинг ички ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлаш;

банк ходимларини қонунчилик ҳужжатлари ва банкнинг ички ҳужжатлари талаблари билан таништиришга қаратилган ишларни мувофиқлаштириш, шунингдек ходимлар учун қонунчилик талабларига риоя этиш бўйича ўқув машғулотларини ўтказиш;

банкнинг янги маҳсулотларини жорий қилиш ва мавжуд маҳсулотларига ўзгартиришлар киритиш ҳамда банк фаолиятидаги ўзгаришлар билан боғлиқ комплаенс таваккалчиликлари юзасидан хулосалар тайёрлаш;

кузатув кенгаши ёки таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси (агар ташкил этилган бўлса) ва банк бошқарувига комплаенс таваккалчилигини бошқариш юзасидан ҳисоботларни, шу жумладан аниқланган қоидабузарликлар, камчиликлар ҳамда уларнинг юзага келиш сабаблари ҳақида маълумотларни, комплаенс таваккалчиликларини камайтириш ва бартараф этиш бўйича ҳисоботларни ҳар чоракда тайёрлаш ва тақдим қилиш;

мазкур Низомнинг 9-бандида кўрсатилган банкнинг ички ҳужжатлари ишлаб чиқилишида иштирок этиш.


38. Комплаенс таваккалчилигини бошқариш учун масъул таркибий бўлинма бошқа таркибий бўлинмаларнинг қонунчилик ҳужжатлари ва банкнинг ички ҳужжатларига риоя этишини текшириш ҳамда комплаенс таваккалчилигини бошқариш масалалари юзасидан ходимларни ўқитишни кўзда тутувчи йиллик режани ишлаб чиқиши ва уни тасдиқлаш учун кузатув кенгаши ёки таваккалчиликларни бошқариш қўмитасига (агар ташкил этилган бўлса) киритиши лозим.


39. Комплаенс таваккалчилигини бошқариш учун масъул таркибий бўлинма раҳбари бажарилган ишлар бўйича ҳисоботни кузатув кенгаши ёки таваккалчиликларни бошқариш қўмитасига (агар ташкил этилган бўлса) йилига камида икки маротаба тақдим этиши керак.



6-БОБ. ТАВАККАЛЧИЛИКЛАРНИ БОШҚАРИШГА ВА

ҲИСОБОТЛАРНИ ТАЙЁРЛАШГА МЎЛЖАЛЛАНГАН

АХБОРОТ ТИЗИМИ


40. Банкда банк фаолиятининг барча йўналишлари бўйича маълумотларни йиғиш, жамлаш, банк ва банклар гуруҳи кесимида таваккалчиликларни ишончли тарзда баҳолаш ҳамда таваккалчиликлар бўйича ҳисоботлар тайёрлаш имконини берувчи таваккалчиликларни бошқаришга мўлжалланган ахборот тизими жорий этилиши лозим.


41. Таваккалчиликларни бошқаришга мўлжалланган ахборот тизими банк операцияларининг хусусияти, кўлами ва мураккаблик даражасига мувофиқ бўлиши ва қуйидагиларни таъминлаши лозим:

таваккалчиликлар тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини;

ахборотларнинг тўлиқлиги ва мослашувчанлигини;

ҳисоботларнинг шакллантирилиши ва ўз вақтида тақдим этилишини.



II БЎЛИМ. ТАВАККАЛЧИЛИКЛАРНИ БОШҚАРИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


7-БОБ. КРЕДИТ ТАВАККАЛЧИЛИГИНИ

БОШҚАРИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Кредит таваккалчилигини бошқариш тизими


42. Банкда кредит таваккалчилигини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш ва камайтиришга хизмат қилувчи кредит таваккалчилигини бошқариш тизими жорий этилиши лозим.


43. Кредит таваккалчилигини бошқариш тизими қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

кредит таваккалчилиги бўйича ўрнатилган риск-аппетитни;

кредит сиёсати ҳамда кредит таваккалчилигини бошқариш жараёнларини;

кредит ажратишга доир қарорлар қабул қилиш жараёнини;

активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш жараёнини;

муаммоли активларни аниқлаш ва улар билан ишлаш тартибини;

кредит таваккалчилигини стресс-тестдан ўтказиш тартибини;

капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнларни (ICAAP) (жорий қилинган бўлса);

кредит таваккалчилиги бўйича ҳисобот бериш жараёнини.


44. Кредит таваккалчилигини бошқаришда банк баланси ва балансдан ташқари моддаларидан қуйидагилар ҳисобга олиниши лозим:

банкнинг кредит бўйича талаблари, шу жумладан қарз, кредит, микроқарз, микрокредит, лизинг, овердрафт (мижозларнинг депозит ҳисобварақларидаги дебет қолдиғи), факторинг;

банклар ва бошқа молиявий ташкилотлардан олиниши лозим бўлган маблағлар;

кредит таваккалчилиги мавжуд бўлган балансдан ташқари мажбуриятлар, шу жумладан фойдаланилмаган кредит линиялари, чақириб олинмайдиган мажбуриятлар, кредитлаш бўйича бошқа мажбуриятлар, савдога оид молиялаштиришлар (аккредитив, кафолат ва кафилликлар);

ҳосилавий инструментлар бўйича банк балансидаги талаблар ва бошқа кредит таваккалчилиги мавжуд бўлган активлар.



2-§. Кредит таваккалчилиги бўйича

риск-аппетитга қўйилган талаблар


45. Банкнинг риск-аппетит баёнотида банкнинг стратегик мақсадларига ва бизнес-режа кўрсаткичларига эришишда қабул қилишга тайёр бўлган жами кредит таваккалчиликларини назарда тутувчи банкнинг кредит таваккалчилиги бўйича риск-аппетити белгиланиши керак.


46. Кредит таваккалчилиги бўйича риск-аппетит қуйидаги миқдорий кўрсаткичларни ўз ичига олиши лозим:

банкнинг жами активларида кредитлар улушининг энг юқори миқдори;

кредит портфели йиллик ўсишининг энг юқори даражаси (барча валюталар ва ҳар бир валюта кесимида);

бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликнинг банк биринчи даражали капиталига нисбатининг энг кўп миқдори;

кредит маҳсулоти турларининг банк жами кредит портфелидаги улушининг энг юқори миқдори;

муаммоли активларнинг (кредитларнинг) банк жами кредит портфели ва кредит маҳсулоти турлари кесимидаги улушининг энг юқори миқдори.


47. Кредит таваккалчилиги тасдиқланган риск-аппетит чегараларига яқинлашганда ёки мазкур чегаралар бузилганда, таваккалчилик бўлинмаси бир иш кунидан кечиктирмай кузатув кенгаши, банк бошқаруви ва таваккалчиликларни бошқариш қўмитасини (агар ташкил этилган бўлса) хабардор қилиши ҳамда беш иш куни ичида кузатув кенгашига тегишли тузатувчи чораларни таклиф қилиши лозим.



3-§. Кредит сиёсати ва кредит таваккалчилигини

бошқаришга қўйиладиган талаблар


48. Банкда кредитлаш жараёнини ташкил этиш ва кредит таваккалчилигини бошқариш кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган кредит сиёсати доирасида амалга оширилиши лозим.


49. Банкда кредитлаш жараёнини ташкил этиш мақсадида кредит сиёсати қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

кредит таваккалчилиги мавжуд бўлган активлар ажратилишининг асосий йўналишлари, шу жумладан иқтисодиёт тармоғи, валюта тури, муддати, таъминот тури ва (ёки) кредит маҳсулотлари кесимида кредитлашнинг мақсадли йўналишлари тавсифини;

қарз олувчиларнинг тўловга лаёқатлилигини баҳолаш, уларнинг молиявий ҳолатини таҳлил қилишнинг умумий тамойилларини;

таъминотнинг турлари ва уларни баҳосини келишишга қўйилган талабларни, кредитнинг (қарзнинг) таъминланганлик даражасини;

таъминотсиз кредитлар (ишончга асосланган кредитлар) беришга қўйилган талабларни;

кредит маҳсулотлари учун нархларни (тарифларни) белгилашнинг умумий тамойилларини;

кредит ажратиш бўйича филиаллар томонидан мустақил қарорлар қабул қилишда кредитлашнинг лимитларини белгилаш мезонларини кўрсатган ҳолда бош банк ва унинг филиаллари ўртасида жавобгарликнинг аниқ чегараларини;

кредитлаш учун масъул бўлган барча шахсларнинг ваколатларини;

кредит қўмитаси мажлислари ва унинг банк бошқаруви органлари олдида ҳисобот бериш даврийлигини.


50. Банкда кредит таваккалчилигини бошқариш мақсадида кредит сиёсати қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

кредит таваккалчилигини бошқариш тизими иштирокчиларининг вазифалари, ваколатлари, мажбуриятлари тақсимоти ҳамда ўзаро ишлаш тартибини инобатга олган ҳолда таваккалчиликларни бошқариш тизимининг ташкилий тузилмасини;

кредит таваккалчилигининг чегараларини белгилаш тартибини;

кредит таваккалчилигини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш, камайтириш ва кредит таваккалчилиги ҳақида ҳисобот бериш тартибини;

кредит таваккалчилигини бошқариш ва мониторингини амалга оширишга қўйилган талабларни;

муаммоли кредитларни аввалдан (дастлабки босқичда) аниқлашга қўйилган талабларни;

кредитларнинг тўпланишига (концентрацияси), шу жумладан кредит маҳсулотлари, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар, гаров таъминоти тури, валютаси ва қарз олувчилар гуруҳи кесимида тўпланишига (концентрацияси) нисбатан қўйилган талабларни;

кредит таваккалчилигини стресс-тестдан ўтказишга қўйилган талабларни;

кредит таваккалчилиги назорати бўйича тайёрланадиган ҳисобот шаклларини, уларни тақдим этиш тартиби ва даврийлигини.


51. Кредит таваккалчилигини бошқариш мақсадида банк бошқаруви томонидан банкнинг ички тартиблари ишлаб чиқилиши ҳамда ушбу тартибларнинг амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлиши кўриб борилиши керак. Мазкур тартиблар қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

кредит таваккалчилигини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш ва камайтиришни;

қарз олувчи томонидан банкка тақдим этиши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхатини;

кредит аризаларини шаффоф тарзда рўйхатдан ўтказиш, кўриб чиқиш, қарз олувчиларнинг тўловга лаёқатлилигини баҳолашни;

қарз олувчилар хорижий валютада кредит оладиган бўлса, уларнинг мазкур кредитни сўндириб бориш имконияти ва молиявий ҳолатини таҳлил қилишни;

кредитлашга доир қарорларни қабул қилиш, шу жумладан кредитларни тақдим этиш ёки кредитлашга оид аризани рад этишни;

кредит қўмитаси (қўмиталари) мажлисларининг даврийлигини;

гаров нарсасининг баҳосини келишишни;

кредит шартларини қайта кўриб чиқишни;

кредит таваккалчилигини бошқариш жараёнининг иштирокчилари ўртасида ахборот алмашишни;

кредит таваккалчилигини стресс-тестдан ўтказишни;

кредит таваккалчилиги бўйича Марказий банкка тақдим этилувчи ҳисоботларни тайёрлаш ва уларнинг ишончлилигини текширишни.



4-§. Кредитни мониторинг қилишга қўйиладиган талаблар


52. Банк кредитларнинг ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш ҳамда муаммоларни дастлабки босқичда аниқлаш мақсадида кредитларни якка тартибда ва портфел кесимида мониторинг қилиш тизимини ишлаб чиқиши ҳамда амалиётга жорий этиши керак.


53. Кредитни мониторинг қилиш тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

қарз олувчининг кредит ҳужжатларини (электрон ёки қоғоз шаклида) шакллантириш ва юритиш;

қарз олувчининг кредит ҳужжатларини текшириш;

кредитнинг мақсадли ишлатилишини (агар кредит шартномасида мақсадлилиги белгиланган бўлса) мониторинг қилиш;

қарз олувчининг молиявий ҳолатини, кредит бўйича асосий қарз ва фоизларни тўлаш бўйича кредит шартномаси шартларининг бажаришини мониторинг қилиш;

қарз олувчининг кредит шартномасининг бошқа шартларига риоя этишини мониторинг қилиш;

таъминотнинг мавжудлиги, етарлилиги ва бутлигини ҳамда унинг бозор қиймати қайта баҳоланишини мониторинг қилиш;

кредит таваккалчилигининг ҳажми ва у бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захираларнинг етарлилигини мониторинг қилиш.


54. Кредитларни мониторинг қилиш турлари, уларни ўтказиш тартиби, даврийлиги банкнинг кредит портфели кўлами, кредит тури, унинг миқдори, таваккалчилик даражаси ва бошқа омилларга асосан белгиланиши лозим.


55. Кредитларни мониторинг қилишга масъул таркибий бўлинма кредит қайтарилиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида банк бошқарувини хабардор қилиш тизимини йўлга қўйиши лозим.



5-§. Муаммоли активларни аниқлаш ва улар

билан ишлашга қўйиладиган талаблар


56. Банкда муаммоли активларни бошқариш жараёни ташкил этилиши лозим. Муаммоли активларни бошқариш жараёни қуйидаги босқичлардан ташкил топади:

биринчи босқич - молиявий қийинчиликлар юзага келиши эҳтимоли мавжуд қарз олувчиларни эрта аниқлаш;

иккинчи босқич - қарз олувчи билан тузилган шартнома шартларини қайта қўриб чиқиш;

учинчи босқич - суддан ташқари ва (ёки) суд орқали қарзни ундириш воситаларидан фойдаланган ҳолда қарз олувчи билан муносабатларни тугатишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

тўртинчи босқич - ундириб олинган мол-мулкни бошқариш.


57. Муаммоли активларни бошқаришда кузатув кенгашининг вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

муаммоли активлар билан ишлаш сиёсатини тасдиқлаш;

банкдаги муаммоли активлар ҳолатини ҳар чоракда ўрганиб бориш, муаммоли активларнинг юзага келиш сабабларини таҳлил қилиш ва муаммоли активларни камайтиришга доир чора-тадбирларни белгилаш;

муаммоли активлар билан ишлаш ва гаров ҳисобига ундирилган мол-мулкни бошқаришда банк бошқарувининг вазифаларини белгилаб бериш;

мазкур Низом ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар.


58. Муаммоли активларни бошқаришда банк бошқаруви қуйидаги вазифаларни бажаради:

муаммоли активлар билан ишлаш сиёсати лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда кузатув кенгашига тасдиқлаш учун киритиш;

зарур ҳолларда муаммоли активлар билан ишлаш бўйича стратегик режани (бундан буён матнда стратегик режа деб юритилади) ишлаб чиқиш ёки кузатув кенгаши томонидан ваколат берилган бўлса тасдиқлаш;

кузатув кенгашига ҳар чоракда банкдаги муаммоли активларнинг ҳолати, муаммоли активлар билан ишлаш сиёсати ва зарур ҳолларда стратегик режа амалга оширилиши юзасидан ҳисоботларни киритиб бориш;

кузатув кенгаши томонидан берилган ваколат доирасида муаммоли активларни бошқаришга доир қарорларни қабул қилиш;

кузатув кенгаши томонидан берилган ваколат доирасида ундирилган мол-мулкни бошқариш бўйича қарорларни қабул қилиш;

муаммоли активлар билан ишлашга масъул ходимларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини белгилаб бериш ва ушбу жараённи баҳолаб бориш;

муаммоли активларни бошқариш учун зарур ахборот тизимлари жорий қилинишини таъминлаш.


59. Банк муаммоли активлар билан ишлашга ихтисослашган алоҳида таркибий бўлинмани (бундан буён матнда муаммоли активлар билан ишлаш бўлинмаси деб юритилади) ташкил этиши ҳамда унинг холислиги ва мустақиллигини таъминлаши лозим.


60. Муаммоли активлар билан ишлаш бўлинмасининг холислиги ва мустақиллигини таъминлаш мақсадида мазкур таркибий бўлинма:

кредит ажратиш ва кредит таваккалчилигини бошқаришга масъул таркибий бўлинмалардан алоҳида бўлиши;

банк бошқарувининг банк актив операцияларини амалга оширишга масъул таркибий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи аъзосидан бошқа аъзосига ҳисобдор бўлиши;

ходимлари сони ва уларнинг малакаси банк муаммоли активларини самарали бошқариш учун етарли даражада бўлиши;

зарур дастурий-техник таъминот билан таъминланиши;

ходимларини рағбатлантириш миқдори банк кредитларининг даромадлилик кўрсаткичларига боғлиқ бўлмаслиги, шунингдек келгусида манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармаслиги ҳамда уларнинг мустақиллик ва холислигига таъсир кўрсатмаслиги. Бунда, рағбатлантириш миқдори банкнинг умумий молиявий ҳолатига боғлиқ бўлиши мумкин;

фаолияти учун зарур маълумотлар, шу жумладан баённомалар, ёзувлар ва бошқа ҳужжатларни (электрон ва (ёки) қоғоз кўринишида) тегишли таркибий бўлинмалардан талаб қилиш ваколати бўлиши;

штат бирлигига киритилишидан аввал бошқа таркибий бўлинма таркибида активни ажратиш бўйича қарор қабул қилишда иштирок этган ходим мазкур актив муаммога айланган тақдирда, уни бошқаришда иштирок этмаслиги лозим.


61. Муаммоли активлар билан ишлаш бўлинмаси қуйидагиларни бажаради:

муаммоли активларнинг қарз олувчиларини баҳолаш;

муаммоли актив шартларини қайта кўриб чиқишга доир таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни банк бошқарувига тасдиқлаш учун киритиш;

муаммоли активни бошқаришга доир стандартлашган қарорларни ишлаб чиқиш ва уларни банк бошқарувига тасдиқлаш учун киритиш;

шартлари қайта кўриб чиқилаётган муаммоли актив шартномасига ўзгартиришлар киритиш ёки мазкур актив бўйича янги шартнома тузишда иштирок этиш;

актив шартлари қайта кўриб чиқилганидан сўнг қарз олувчининг янгиланган шартларга риоя қилиши устидан назорат қилиш;

муаммоли активни бошқаришда банкнинг таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш;

муаммоли активларни бошқаришга доир банкнинг ички ҳужжатларини ишлаб чиқиш ёки ишлаб чиқишда иштирок этиш;

муаммоли активларни бошқаришга доир ҳисоботларни тайёрлаш ва уларни банк раҳбариятига киритиш;

муаммоли активларни бошқариш учун зарур бўлган ахборот тизимларига нисбатан талабларни белгилаш;

активлар шартларини қайта қўриб чиқиш жараёни билан боғлиқ банкнинг ички ҳужжатларини ишлаб чиқиш ёки ишлаб чиқишда иштирок этиш.


62. Муаммоли активлар билан ишлаш сиёсати қуйидагиларни инобатга олиши керак:

муаммоли активлар тавсифини;

муаммоли активларни эрта аниқлаш тартибини;

муаммоли активлар аниқлангандан кейинги чоралар, шу жумладан қарздорлар билан ишлаш тартиби, кредитни муаммоли активлар билан ишлаш бўлинмасига ўтказиш мезонларини;

муаммоли активлар билан ишлаш бўйича банк томонидан қўлланилувчи услублар ва воситалар, шу жумладан муаммоли актив шартларини қайта кўриб чиқиш, уни сотиш, ҳисобдан чиқариш, ундирувни гаров таъминотига қаратиш ҳамда қарз олувчининг тўловга лаёқатсиз деб топилиши тартибини;

муаммоли активлар билан ишлашда банк таркибий бўлинмаларининг ўзаро ишлаш тартибини;

муаммоли активлар бўйича ҳисоботлар рўйхати ва шаклларини;

муаммоли активларни бошқариш бўйича банк томонидан кўрилган чоралар самарадорлигини баҳолаш тартибини.


63. Банк муаммоли активларининг жами активлардаги улуши сўнгги 3 ой ичида кетма-кет беш фоиздан юқори бўлса, банк стратегик режани ишлаб чиқиши ҳамда унда муаммоли активлар улушини камайтириш бўйича аниқ мақсадлар ва муддатлар белгилаши лозим.


64. Стратегик режа:

кузатув кенгаши ёки ваколат берилган бўлса банк бошқаруви томонидан бир йилдан кам бўлмаган муддатга тасдиқланиши;

банкнинг тегишли таркибий бўлинмаларига етказилиши;

тасдиқланган ёки ўзгартирилган кундан бошлаб 15 кун ичида Марказий банкка тақдим этилиши лозим.


65. Стратегик режани тасдиқлаш ваколати банк бошқарувига берилган бўлса, стратегик режа банк бошқаруви тасдиқлаган кундан бошлаб беш иш куни ичида кузатув кенгашига тақдим этилиши керак. Стратегик режа қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

муаммоли активлар миқдори ва уларнинг ҳажмини камайтиришни;

муаммоли активлар ҳисобидан ундирилган мол-мулк ҳажмини камайтиришни;

муаммоли активлар билан ишлаш, шу жумладан белгиланган муддат ичида муаммоли активларни камайтириш учун банкнинг ички имкониятларини баҳолашни;

ташқи омилларни, шу жумладан макроиқтисодий, ҳуқуқий, суд ва тартибга солиш тизимидаги ҳолатларни баҳолашни;

кредит портфели кесимида (шу жумладан ипотека, истеъмол кредитлари, давлат дастурлари доирасида ажратилган кредитлар, кичик бизнес ва бошқа тадбиркорлик субъектларига кредитлар) муаммоли активларни камайтиришнинг мақсадли миқдорий кўрсаткичлари ва услубларини (шу жумладан муаммоли актив шартларини қайта кўриб чиқиш, уни сотиш, ҳисобдан чиқариш, ундирувни гаров таъминотига қаратиш ва қарз олувчининг тўловга лаёқатсизлиги);

гуруҳларга ажратилган (сегментлашган) кредит портфели кесимида қилиниши лозим бўлган чора-тадбирларни.


66. Қуйидагилар активнинг сифати пасайишидан дарак бериши мумкин:

қарз олувчининг банк билан алоқага чиқишдан бўйин товлаши;

қарз олувчи ўзининг молиявий ҳолати бўйича маълумотларни кеч ва (ёки) тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этиши ҳамда банк томонидан мазкур маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа бўлиши;

асосий қарз ва фоизлар бўйича тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги;

кредит бўйича мониторингни амалга ошириш учун зарурий молиявий ҳисоботлар ёки ҳужжатларнинг тақдим этилмаслиги;

қарз олувчининг тижорий, операцион ва (ёки) молиявий қийинчиликлари;

кредит шартномаси шартларининг бузилиши;

қарз олувчининг молиявий аҳволи ёмонлашганлиги сабабли кредит шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича қилган мурожаати;

қарз олувчи ҳақида маълум бўлган салбий маълумотлар;

қарз олувчининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ташқи омиллар.



6-§. Капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички

жараёнларга (ICAAP) қўйиладиган талаблар


67. Кузатув кенгаши банкда бошқарув жараёнининг самарадорлигини таъминлаш мақсадида капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнларни жорий қилиши мумкин.


68. Капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнлар банк риск-профилини ва унга нисбатан банк капитал монандлиги даражасининг мувофиқлигини доимий тарзда баҳолаб бориш имкониятини таъминлаши керак.


69. Капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнлар банкнинг ички ҳужжатлари, шу жумладан банк стратегияси асосида ишлаб чиқилади ҳамда кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган алоҳида ҳужжатда белгиланади. Капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнлар доирасида банк:

капитал монандлигини ички ҳисоблаш учун зарур бўлган таваккалчиликларни белгилаши, баҳолаши, ўлчаши ва улар бўйича ҳисоботлар тайёрлаши;

капитал монандлиги даражасининг риск-профилга мувофиқлигини таъминлаб бориш мақсадида капитал манбаларини режалаштириши ва уларни зарур даражада сақлаши керак.


70. Капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнларда банкнинг стратегик мақсадлари ва уларнинг макроиқтисодий омиллар билан алоқадорлиги инобатга олинади.


71. Капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнлар самарадорлигини таъминлаш мақсадида кузатув кенгаши қуйидагиларни ўз ичига олувчи капитал бўйича режани тасдиқлайди:

капитални режалаштириш жараёнининг тавсифи ва бунда тегишли таркибий бўлинмаларнинг вазифаларини;

капитал бўйича талаблар бажарилиши учун банк томонидан қўлланилувчи услубларни;

капитал монандлиги даражасига доир чегараларни;

кўзда тутилмаган ҳодисалар, шу жумладан капиталнинг ошиши, камайиши каби ҳолатларда кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирларни.


72. Банк капитал бўйича режага мувофиқ капитал монандлиги даражасига доир чегараларни банкнинг риск-профили, риск-аппетити, таваккалчиликларни бошқариш тизимининг сифати, стратегик мақсадлари ва мамлакатдаги иқтисодий ҳолатни инобатга олган ҳолда белгилаши лозим.



7-§. Кредит таваккалчилигига оид ҳисоботларга

қўйиладиган талаблар


73. Кредит таваккалчиликларини бошқаришга оид ҳисоботларнинг шакли, даврийлиги ва ҳажми кузатув кенгаши ёки банк бошқаруви томонидан белгиланади.


74. Кредит таваккалчилигига оид ҳисоботлар қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:

кредит портфели тўпланишининг даражасини (концентрациясини);

кредит портфелининг ҳажми ва динамикаси, шу жумладан шартлари қайта кўриб чиқилган, муаммоли ва ҳисобдан чиқарилган активлар ҳажми динамикасини;

кредит таваккалчилиги даражаси, шу жумладан кредит таваккалчилиги бўйича ўрнатилган чегараларга яқинлашиш ёки мазкур чегараларнинг бузилиши ҳолатларини;

ўзаро алоқадор қарз олувчилар учун таваккалчилик даражаси ва динамикасини;

эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун шакллантирилган захиралар даражаси ва динамикасини;

муаммоли активлар бўйича қилинаётган ишлар ҳолатини;

кредит сиёсатидан четлашган ҳолда ажратилган кредитларнинг улуши ва динамикасини;

таваккалчиликларни инобатга олган ҳолда кредит портфели даражаси ва динамикасини;

кредит таваккалчилиги бўйича стресс-тест ўтказиш натижаларини.



8-БОБ. ЛИКВИДЛИЛИК ТАВАККАЛЧИЛИГИНИ

БОШҚАРИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш тизими


75. Банкда ликвидлилик таваккалчилигини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш ва камайтиришга хизмат қилувчи ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш тизими жорий этилиши лозим.


76. Ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

ликвидлилик таваккалчилиги бўйича риск-аппетитни;

ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш сиёсати ва жараёнларини;

ликвидлилик таваккалчилигини баҳолаш ва мониторинг қилиш воситаларини;

банк иш куни давомида ликвидлиликни бошқариш тартибини;

ликвидлилик таваккалчилиги бўйича стресс-тест ўтказишни;

ликвидлилик таваккалчилиги бўйича ҳисоботни.



2-§. Ликвидлилик таваккалчилиги бўйича

риск-аппетитга қўйиладиган талаблар


77. Банкнинг ликвидлилик таваккалчилиги бўйича риск-аппетит баёноти стресс даврида бакнинг тўловга (ҳисоб-китобга) доир мажбуриятларини Марказий банкнинг тезкор ёрдамисиз тўлиқ ва ўз вақтида бажаришини таъминлаш мақсадида ликвидлилик таваккалчилиги бўйича риск-аппетитни ўз ичига олиши лозим.


78. Ликвидлилик таваккалчилиги бўйича риск-аппетит қуйидаги миқдор кўрсаткичларини ўз ичига олиши лозим:

юқори ликвидли активларнинг жами активлардаги энг кам улушини;

ликвидлиликни қоплаш меъёри коэффициенти ва соф барқарор молиялаштириш меъёри коэффициентининг чегара кўрсаткичларини;

мажбуриятлар ва активларнинг муддатлари ўртасидаги номутаносибликлар таҳлили асосида аниқланган 30 кун ва бир йилгача бўлган вақт оралиғида пул маблағлари тушуми ва чиқими ўртасидаги салбий умумлашган тафовутнинг энг юқори қийматини;

банкнинг энг йирик битта омонатчиси ва (ёки) кредитори ҳамда йигирмата энг йирик омонатчилари ва (ёки) кредиторлари, шунингдек уларга алоқадор шахслар билан боғлиқ маблағлар тўпланишининг (концентрациясининг) энг юқори қийматини.



3-§. Ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш

сиёсати ва тартибларига қўйиладиган талаблар


79. Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган банкнинг ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш сиёсати қўйидагиларни ўз ичига олиши керак:

таваккалчиликларни бошқариш тизими иштирокчиларининг вазифалари, ваколатлари, мажбуриятлари тақсимоти ҳамда ўзаро ишлаш тартибини инобатга олган ҳолда ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш тизимининг ташкилий тузилмасини;

ликвидлилик таваккалчилиги чегараларини белгилаш тартибини;

ликвидлилик таваккалчилигини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш, юмшатиш ва ликвидлилик таваккалчилиги ҳақида ҳисобот беришга қўйилган талабларни;

банк иш куни давомида ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш тартибини;

активлар ва молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш тамойилларини;

бозор ва контрагентлардан ресурс жалб қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, муқобил манбалар рўйхати ва таркибини;

ликвидлилик таваккалчилигини стресс-тестдан ўтказишга қўйилган талабларни;

ликвидлилик таваккалчилиги бўйича тайёрланадиган ҳисобот шакллари, уларни тақдим этиш тартиби ва даврийлигини.


80. Банк бошқаруви ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш сиёсати асосида банк фаолиятининг хусусиятлари ҳамда операциялари мураккаблигига мутаносиб бўлган ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш жараёнларини ишлаб чиқиши мумкин.

Ушбу жараёнлар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:

ликвидлилик таваккалчилигини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш ва камайтириш тартибини;

эҳтимолий ликвидлилик тақчиллигини қоплаш мақсадида банк ўзида сақлашни режалаштирган юқори ликвидли активлар ҳажмига ва таркибига (тузилишига) қўйилган талабларни;

барқарор молиялаштириш манбалари рўйхатини;

ликвидлилик тақчиллиги юзага келганлиги ёки юзага келиши ҳақида эрта хабар қилувчи кўрсаткичлар рўйхатини;

ликвидлилик таваккалчилигини баҳолаш учун ишлатиладиган фаразларни аниқлаш, тасдиқлаш ва қайта кўриб чиқиш тартибини;

ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш жараёнининг иштирокчилари ўртасида ахборот алмашиш тартиби, шу жумладан ахборот тақдим этиш шакллари ва муддатларини;

ликвидлилик таваккалчилигини стресс-тестдан ўтказиш тартибини;

ликвидлилик таваккалчилиги бўйича Марказий банкка тақдим этилувчи ҳисоботларни тайёрлаш ва уларнинг ишончлилигини текшириш тартибини.



4-§. Ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш

ва мониторинг қилишга қўйиладиган талаблар


81. Ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш ва мониторинг қилишда қуйидаги талаблар ҳисобга олиниши лозим:

Марказий банк томонидан белгиланган ликвидлилик коэффициентлари ва мажбурий захиралаш талаблари;

йирик контрагентлар (кредиторлар ва омонатчилар) олдида мажбуриятларнинг тўпланиши (концентрацияси);

банк томонидан мустақил белгиланган вақт оралиқлари ва асосий валюталар кесимида актив ва мажбуриятларнинг (пул оқимларининг) кутилаётган ва (ёки) шартномавий сўндирилиш муддатларидаги номутаносибликлар (номутаносибликлар таҳлили);

юқори ликвидли активлар тоифасига киритилмаган, аммо стресс-тест сценарийларида иккиламчи бозордан қўшимча молиялаштиришни жалб қилиш учун гаров тариқасида тақдим этиш мумкин бўлган банк тасарруфидаги активларнинг ҳажми, валютаси ва асосий хусусиятлари;

банкнинг мавжуд ликвидлилик таваккалчилиги ва бошқа турдаги таваккалчиликлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик.


82. Банк ликвидлилик таваккалчилиги ҳақида эрта хабар қилувчи ҳолатлар сифатида фойдаланадиган сифат ва миқдорий кўрсаткичлар қуйидагилардан иборат:

банк томонидан белгиланган ички чегараларнинг Марказий банкнинг пруденциал нормативларига яқинлашиш ҳолатлари;

ўттиз кун, тўқсон кун ва бир йил муддат ичида актив ва мажбуриятларни сўндириш муддатларида номутаносибликлар вужудга келиши ёки ёмонлашиши;

банкнинг юқори ликвидли активлари ва мажбуриятлари валюталари ўртасидаги тафовутнинг ошиши;

ички ва ташқи омиллар, жумладан макроиқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳолат сабабли депозитларни қайтариб олиш ҳолатларининг кучайиши;

балансдан ташқари моддалар ва банкнинг шартли мажбуриятлари бўйича таваккалчиликларнинг ошиши;

контрагентлар томонидан мажбуриятлар муддатидан аввал қопланишига олиб келиши мумкин бўлган шартномавий шартларнинг амалда ёки эҳтимолий бузилиши;

банклардан олиниши мумкин бўлган кредит линияларининг қисқариши;

активларнинг турли хил омиллар, шу жумладан барқарор бўлмаган манбалар туфайли тезкорлик билан ошиши;

оммавий ахборот воситаларида банк ҳақида салбий маълумотларнинг тарқалиши;

банкнинг кредит рейтинги пасайиши (агар мавжуд бўлса);

активларни молиялаштириш билан боғлиқ харажатларнинг ошиши;

мажбуриятларни ўртача қайтариш муддатларининг қисқариши;

ликвидлилик таваккалчилиги профилига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар, шу жумладан банкнинг муаммоли активлари ҳажмининг ошиши ёки зарарда фаолият юритиши;

узоқ муддатли молиялаштириш манбаларини жалб қилишдаги қийинчиликлар.


83. Банкда ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш сиёсатидан четлашиш ва ликвидлилик таваккалчилиги чегараларининг бузилиши ҳолатлари кузатилганда, бир иш кунидан кечиктирмай кузатув кенгаши ва банк бошқаруви хабардор қилиниши лозим.

Банкда қуйидаги ҳолатларни аниқлаштирувчи тизим йўлга қўйилиши лозим:

йирик миқдордаги мажбуриятларнинг тўпланиши (концентрацияси);

ликвидлилик тақчиллиги юзага келиши ва (ёки) ликвидлиликни таъминлаш имкониятининг камайиши;

юқори ликвидли активлар ҳажмининг сезиларли камайиши;

ликвидлилик билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкин бўлган бозордаги ўзгаришларнинг содир бўлиши.



5-§. Банк иш куни давомида ликвидлиликни

бошқаришга қўйиладиган талаблар


84. Банк мажбуриятларининг одатий ва стрессли вазиятларда ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида банк иш куни давомида ликвидлиликни бошқариш тартибини ишлаб чиқиши лозим. Мазкур тартиб қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

банк иш куни давомида ликвидлилик таваккалчилигини бошқариш жараёни иштирокчилари, уларнинг вазифалари, ваколатлари, мажбуриятлари ва ўзаро ишлаш тартибининг тавсифини;

кунлик кутилаётган кирим ва чиқимни инобатга олган ҳолда ликвидлилик ҳолати кузатиб борилишини;

банк иш куни давомида юзага келиш эҳтимоли мавжуд бўлган ликвидлилик тақчиллигининг ҳажми аниқланишини;

пул маблағлари кирими ёки чиқими ҳажмининг асосий қисмини шакллантирувчи йирик мижозлар аниқланиши ва улар бўйича кирим ёки чиқим прогнозлаштирилишини;

банк иш куни давомида ликвидлилик таваккалчилиги билан ишлашнинг алоҳида тартибини талаб этувчи вазиятларни;

қўшимча молиялаштиришни жалб қилиш учун гаров сифатида ишлатилиши мумкин бўлган банк тасарруфидаги активларнинг ликвидлилиги баҳоланишини;

банк иш кун давомида стресс вазиятларда ликвидлиликни бошқариш тартибини.



6-§. Ликвидлилик таваккалчилигига оид

ҳисоботларга қўйиладиган талаблар


85. Ликвидлилик таваккалчилигига оид ҳисоботларнинг шакли, даврийлиги ва ҳажми кузатув кенгаши ёки банк бошқаруви томонидан белгиланади.


86. Ликвидлилик таваккалчилигига оид ҳисоботлар қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:

Марказий банк томонидан белгиланган ликвидлилик коэффициентлари ва мажбурий захиралаш талаблари бўйича банк кўрсаткичлари ва уларнинг динамикасини;

юқори ликвидли активларнинг ҳажми, таркиби ва динамикасини;

ликвидлиликнинг бошқа кўрсаткичлари даражаси ва динамикаси, мазкур кўрсаткичларнинг белгиланган чегараларга мувофиқлиги, улар бўйича номутаносибликлар таҳлили натижасини;

ликвидлилик чегараларининг бузилиши, чегара қийматлари, чегараларнинг бузилиш сабаблари ва ҳолатни бартараф этиш бўйича таклифларни;

йирик контрагентлар (шу жумладан ўзаро алоқадор контрагентлар, манбалар) бўйича активлар ва мажбуриятларнинг тўпланиши (концентрацияси) даражаси ва динамикасини;

банк иш куни ичида ликвидлилик таваккалчилигини баҳолаш натижаларини;

ликвидлилик таваккалчилиги бўйича эрта хабар қилувчи кўрсаткичларни (зарур бўлса);

ликвидлилик таваккалчилигини стресс-тестдан ўтказиш натижаларини.



9-БОБ. БОЗОР ТАВАККАЛЧИЛИГИНИ

БОШҚАРИШГА ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Банкнинг бозор таваккалчилигини бошқариш тизими


87. Банкда бозор таваккалчилигини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш ва камайтиришга хизмат қилувчи бозор таваккалчилигини бошқариш тизими жорий қилиниши лозим.


88. Бозор таваккалчилигини бошқаришнинг самарали тизими қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

бозор таваккалчилиги бўйича риск-аппетитни;

бозор таваккалчилигини бошқариш сиёсати ва тартибларини;

бозор таваккалчилигини баҳолаш ва мониторинг қилиш воситаларини;

бозор таваккалчилиги бўйича стресс-тест ўтказиш тартибини;

бозор таваккалчилиги бўйича ҳисоботларни.


89. Банкда юзага келадиган бозор таваккалчилиги қуйидаги таваккалчиликларни ўз ичига олади:

қимматли қоғозлар ёки қатъий белгиланган даромад келтирувчи бошқа молиявий инструментлар қиймати, бозор фоиз ставкаларидаги кутилмаган ўзгаришлар туфайли банкнинг инвестиция портфелида юзага келувчи фоиз таваккалчилигини;

банкнинг активлари, мажбуриятлари ва балансдан ташқари моддалари қийматига таъсир ўтказувчи хорижий валюта курслари тебраниши оқибатида юзага келувчи валюта таваккалчилигини;

қимматбаҳо металлар, тошлар ва тангаларнинг бозор қиймати ўзгариши туфайли юзага келувчи товар таваккалчилигини;

қимматли қоғозларнинг жорий (ҳаққоний) баҳоси эмитентнинг фаолияти ёки қимматли қоғозлар бозоридаги тебранишлар натижасида ўзгариши туфайли юзага келувчи фонд бозори таваккалчилигини.


90. Банкнинг инвестиция портфели молиявий инструментларни ўз ичига олиб, улар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

олди-сотдига ёки хеджирланишига ҳеч қандай юридик тўсиқларнинг мавжуд эмаслиги;

нархларидаги қисқа муддатли тебранишлардан фойда олиш мақсадида кейинчалик сотиш мақсадида олиниши;

ҳаққоний қиймати мунтазам равишда қайта баҳолаб борилиши.


91. Бозор таваккалчилиги сезиларли даражада ўсганда, шу жумладан тасдиқланган риск-аппетит чегараларига яқинлашганда ёки мазкур чегаралар бузилганда, таваккалчилик бўлинмаси бир иш кунидан кечиктирмай кузатув кенгаши ва банк бошқарувини хабардор қилиши ва беш иш куни ичида тегишли тузатувчи чораларни таклиф қилиши лозим.

Бозор таваккалчилигининг сезиларли даражада ўсиши банкнинг ички ҳужжатларида белгиланиши лозим.



2-§. Бозор таваккалчилигини бошқариш сиёсати

ва тартибларига қўйилган талаблар


92. Банкда бозор таваккалчилигини бошқариш сиёсати ва бошқа ички ҳужжатларга мувофиқ бозор таваккалчилиги бошқариб борилади.


93. Бозор таваккалчилигини бошқариш сиёсати қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

бозор таваккалчилигини бошқариш тизимининг ташкилий тузилмаси, жумладан таваккалчиликларни бошқариш тизими иштирокчиларининг вазифалари, ваколатлари, мажбуриятлари тақсимоти ва ўзаро ишлаш тартибини;

бозор таваккалчилиги чегараларини белгилаш тартибини;

бозор таваккалчилигини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш, камайтириш ва бу ҳақида ҳисобот беришни;

бозор таваккалчилигини стресс-тестдан ўтказиш тартибини;

кузатув кенгаши ва банк бошқаруви учун бозор таваккалчилиги бўйича тайёрланадиган ҳисобот шакллари, уларни тақдим этиш тартиби ва даврийлигини.


94. Бозор таваккалчилигини бошқариш сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида банк бошқаруви томонидан банкнинг ички тартиби ишлаб чиқилиши мумкин. Ушбу тартибда банк фаолиятининг хусусияти ва мураккаблиги ҳисобга олиниши лозим.

Ушбу тартиб қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

бозор таваккалчилигини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш, хеджирлаш ва у бўйича ҳисобот тайёрлаш тартибини;

бозор таваккалчилигини аниқлаш учун зарур воситалар, кўрсаткичлар, услублар ва методларни;

операция амалга ошириш мумкин бўлган хорижий валюталар ва молиявий инструментлар рўйхатини;

бозор таваккалчилигини бошқариш жараёнининг иштирокчилари ўртасида ахборот алмашинуви тартибини;

бозор таваккалчилиги бўйича Марказий банкка тақдим этилувчи ҳисоботни тайёрлаш ва унинг ишончлилигини текшириш тартибини.



3-§. Бозор таваккалчилигига оид ҳисоботларга

қўйиладиган талаблар


95. Бозор таваккалчилигига оид ҳисоботларнинг шакли, даврийлиги ва ҳажми кузатув кенгаши ёки банк бошқаруви томонидан белгиланади.


96. Бозор таваккалчилигига оид ҳисоботлар қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:

бозор таваккалчилиги мавжуд бўлган активлар, мажбуриятлар, балансдан ташқари моддалар, пул оқимлари ва маҳсулотлар билан боғлиқ бозор таваккалчиликлари ҳар бир турининг ҳажми ва тавсифини ўз ичига олувчи маълумотни;

бозор таваккалчиликлари учун ўрнатилган чегараларнинг бузилганлиги ҳақида маълумотни;

бозор таваккалчилиги бўйича ўтказилган стресс-тест натижаларини.



10-БОБ. БАНКЛАРДА ОПЕРАЦИОН

ТАВАККАЛЧИЛИКЛАРНИ БОШҚАРИШГА

ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Банкларда операцион таваккалчиликларни бошқариш тизими


97. Банкда операцион таваккалчиликни аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш ва камайтиришга хизмат қилувчи операцион таваккалчиликларни бошқариш тизими жорий қилиниши лозим.


98. Операцион таваккалчилик қуйидагилар билан боғлиқ ҳолатларда юзага келади:

ички фирибгарлик;

ташқи фирибгарлик;

ходимларни бошқариш ва меҳнат муҳофазаси;

банкнинг мижозлари, маҳсулотлари ва ишбилармонлик нормалари;

банк фаолиятидаги нобарқарорлик ва ички тизимларидаги муаммолар;

тўловларни амалга ошириш ва тўлов топшириқларини тақдим этишдаги муаммолар.


99. Ички фирибгарлик ҳолати банк ходими томонидан қуйидаги ҳолатларда содир этилиши мумкин:

ўғирлик ёки фирибгарлик қилиш;

пора олиш ёки мансабини суистеъмол қилиш;

нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни тақдим этиш;

банкнинг лицензиясида ёки ички ҳужжатларида кўрсатилмаган фаолиятни амалга ошириш;

активларни қасддан йўқ қилиш, шикаст етказиш ёки ўзлаштириш;

ўзга шахсларнинг банкда сақланаётган пул маблағларини ўзлаштириш;

банк сири ёки тижорат сирига оид маълумотлардан шахсий манфаатларда фойдаланиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш амалиётларида иштирок этиш;

банкдаги ҳужжатларни ўғирлаш ёки йўқ қилиш;

тегишли ҳужжатларсиз (тўлов ҳужжатлари, кредит ҳужжатлари ва ҳ.к.) ёки соҳта ҳужжатлар билан банк операцияларини амалга ошириш;

гаров шартномаларининг тузмаслик ёки гаров мулкларининг қонунчиликка зид равишда чиқариб юбориш.


100. Ташқи фирибгарлик ҳолати учинчи шахс томонидан қуйидаги ҳолатларда содир этилиши мумкин:

банкка нисбатан ўғирлик, фирибгарлик ёки талончиликларнинг содир этилиши;

банк ахборот тизимлари хавфсизлигининг бузилиши, киберҳужумлар, ахборотларнинг ўғирланиши;

сохта ҳужжатлар ёрдамида маблағларнинг ўзлаштирилиши.


101. Ходимларни бошқариш ва меҳнат муҳофазаси билан боғлиқ таваккалчиликлар қуйидаги ҳолатларда юзага келиши мумкин:

ходимларнинг меҳнат тўлови (компенсацияси) бўйича даъволар киритиши;

банк ходими ва учинчи шахсларга жисмоний шикаст етказилиши;

меҳнат қонунчилиги, меҳнат муҳофазаси ва гигиена қоидаларининг бузилиши;

меҳнатга оид муносабатларда ходимларнинг камситилиши;

ходимларнинг шахсий маълумотлари ва махфий маълумотларнинг ошкор қилиниши.


102. Банкнинг мижозлари, маҳсулотлари ва ишбилармонлик нормалари билан боғлиқ таваккалчиликлар қуйидаги ҳолатларда юзага келиши мумкин:

банк хизмат ва маҳсулотларидаги камчиликлар ёки уларни мижозларга мажбурлаб ўтказилиши, мижозларга нотўғри тавсиялар тақдим этилиши, тўловларни ортиқча миқдорда ечиб олиниши;

ахборотларни ошкор этиш бўйича талабларнинг бузилиши;

махфий маълумотлардан нотўғри фойдаланиши;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштирилиши;

бозорда манипуляция қилиниши;

лицензияда кўрсатилмаган молиявий операциялар амалга оширилиши;

мижозларни идентификациялаш ва текширишга доир талабларнинг бажарилмаслиги.


103. Банк фаолиятидаги нобарқарорлик ва ички тизимларидаги муаммолар билан боғлиқ таваккалчиликлар банк фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган тизимларнинг ишлашидаги узилишлар натижасида юзага келиши мумкин.


104. Тўловларни амалга ошириш ва тўлов топшириқларини тақдим этиш билан боғлиқ таваккалчиликлар қуйидаги ҳолатларда юзага келиши мумкин:

тўлов операциялари мониторингини амалга ошириш ва улар бўйича ҳисоботлар тайёрлашдаги камчиликлар;

мижозларни жалб қилиш ва ҳужжатлар юритишдаги хатоликлар;

мижозлар ҳисобварақларини номақбул тарзда бошқариш, савдога оид шериклар ва етказиб берувчилар билан боғлиқ муаммолар;

маълумотларни киритиш ва сақлашдаги, бухгалтерия ҳисобини юритишдаги хатоликлар;

қарз олувчини ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига мансублигини аниқлаш билан боғлиқ камчиликлар;

тўлов ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ муаммолар;

мижозларга оид ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги, Марказий банк ва қонунчиликка мувофиқ бошқа органларга ҳисоботларнинг тақдим этилмаслиги;

мижозларнинг ҳисобварақларидан рухсатсиз фойдаланилиши.


105. Операцион таваккалчиликни бошқаришнинг самарали тизими қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

операцион таваккалчилик бўйича банкнинг риск-аппетитини;

операцион таваккалчиликларни бошқариш сиёсати ва ички тартибларини;

операцион таваккалчиликни баҳолаш ва мониторинг қилиш воситаларини;

операцион таваккалчиликлар бўйича стресс-тест ўтказиш тартибини;

операцион таваккалчиликлар бўйича ҳисоботни.



2-§. Операцион таваккалчиликни бошқариш сиёсати

ва тартибларига қўйиладиган талаблар


106. Банк операцион таваккалчиликларни бошқариш сиёсати ва тегишли ички тартиблар доирасида операцион таваккалчиликларни бошқариши лозим.


107. Операцион таваккалчиликларни бошқариш сиёсати қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

операцион таваккалчиликларни бошқариш тизимининг ташкилий тузилмаси, жумладан тегишли таркибий бўлинмаларнинг вазифалари, ваколатлари, мажбуриятлари тақсимоти ҳамда ўзаро ишлаш тартибини;

операцион таваккалчилик чегараларини белгилаш тартибини;

операцион таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш, камайтириш ва операцион таваккалчилик ҳақида ҳисобот беришга қўйиладиган талабларни;

операцион таваккалчилик ҳолатларини аниқлаш мезонларини;

операцион таваккалчиликни стресс-тестдан ўтказиш тартибини;

операцион таваккалчилик бўйича тайёрланадиган ҳисобот шакллари, уларни тақдим этиш тартиби ва даврийлигини.


108. Операцион таваккалчиликларни бошқариш сиёсатини амалга ошириш мақсадида банк бошқаруви ички тартибларни ишлаб чиқиши мумкин.

Ушбу тартиблар банк фаолиятининг хусусияти ва мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши лозим.


109. Операцион таваккалчиликларни бошқариш бўйича ички тартиблар қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

операцион таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш ва камайтириш тартибини;

операцион таваккалчилик ҳолатларини аниқлашнинг мезонлари, уларни баҳолаш ва бундай ҳолатлар бўйича маълумотларни банк раҳбариятига етказиш тартибини;

операцион таваккалчилик ҳолатларининг турлари бўйича таснифлаш тартиби ва мезонларини;

операцион таваккалчиликларни бошқаришда қўлланиладиган асосий воситаларнинг тавсифи ва улардан фойдаланиш тартиби, шу жумладан ички операцион таваккалчилик ҳолатлари базасининг юритиш тартибини;

ўзаро такрорланишнинг олдини олиш мақсадида операцион таваккалчилик ва комплаенс таваккалчилигини бошқаришга оид вазифаларни аниқ тарзда ажратишни;

операцион таваккалчиликларни бошқариш жараёни иштирокчилари ўртасида маълумот алмашиш тартиби, шу жумладан ахборотни тақдим этишнинг турлари, шакллари ва муддатларини;

операцион таваккалчиликни стресс-тестдан ўтказиш тартибини;

операцион таваккалчиликлар бўйича Марказий банкка тақдим этилувчи ҳисоботларни тайёрлаш ва унинг ишончлилигини текшириш тартибини.



3-§. Операцион таваккалчиликни баҳолаш

ва мониторинг қилишга қўйилган талаблар


110. Операцион таваккалчиликни аниқлаш ва баҳолаш учун банк қуйидаги воситалардан фойдаланиши лозим:

ички операцион таваккалчилик ҳолатлари базасини яратиш, юритиш ва ундаги мавжуд маълумотларни таҳлил қилиш;

ички аудит хизмати ва ташқи аудитор томонидан ўтказилган текширувлар натижаларини таҳлил қилиш;

таваккалчиликнинг асосий кўрсаткичлари (Key Risk Indicators).


111. Операцион таваккалчиликнинг асосий кўрсаткичлари ўз ичига қуйидагиларни қамраб олади:

ходимлар қўнимсизлиги;

банк томонидан тўланган жарималар миқдорининг банкнинг ялпи даромадларига нисбати;

ажратилишида фирибгарлик аломатлари мавжуд бўлган кредитларнинг барча ажратилган кредитлардаги улуши;

техник, технологик носозликлар ёки электр узилиши натижасида чекланган тартибда ишловчи банк тизимининг фаолияти давомийлиги;

қонунчилик ҳужжатларига зид равишда тузилганлиги аниқланган битимларнинг барча битимлардаги улушини.


112. Ички операцион таваккалчилик ҳолатлари бўйича банкнинг маълумотлар базасига қуйидагилар киритилиши лозим:

ҳолат содир бўлган, аниқланган ва рўйхатга олинган сана;

ҳолатни юзага келтирган ходим;

ҳолатни аниқлаган ва ўрганиш учун масъул бўлган таркибий бўлинма;

ҳолатнинг тавсифи ва содир бўлиш сабаблари;

ҳолат иқтисодий таъсирининг миллий валютадаги миқдори, тури, жумладан зарарлар, компенсация тўлови, эҳтимолий зарарлар;

ҳолат билан боғлиқ бўлган таваккалчилик тури, жумладан кредит таваккалчилиги, бозор таваккалчилиги;

ҳолатнинг очиқлиги ёки ёпиқлиги.


113. Банк операцион таваккалчилик ҳолатларини ўрганиш тартибини тасдиқлаши ва мазкур тартиб қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

операцион таваккалчилик ҳолатларини сезиларли деб таснифлаш мезонларини;

сезиларли бўлган операцион таваккалчилик ҳолатларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳни тузиш тартиб-таомили ва ўрганишни ўтказиш тартибини;

ўрганиш натижалари юзасидан банк раҳбарияти ва тегишли таркибий бўлинмаларга хабар қилиш, ҳолатнинг оқибатларини камайтириш ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлашнинг тартиб-таомилини.


114. Операцион таваккалчилик сезиларли даражада ўсганда, шу жумладан тасдиқланган риск-аппетит чегараларига яқинлашганда ёки мазкур чегаралар бузилганда, таваккалчилик бўлинмаси бир иш кунидан кечиктирмай кузатув кенгаши ва банк бошқарувини хабардор қилиши ва беш иш куни ичида тегишли тузатувчи чораларни таклиф қилиши лозим.

Операцион таваккалчиликнинг сезиларли даражада ўсиши банкнинг ички ҳужжатларида белгиланиши лозим.



4-§. Операцион таваккалчиликка оид

ҳисоботларга қўйилган талаблар


115. Операцион таваккалчиликка оид ҳисоботларнинг шакли, даврийлиги ва ҳажми кузатув кенгаши ёки банк бошқаруви томонидан белгиланади.


116. Операцион таваккалчиликка оид ҳисоботлар қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:

ички операцион таваккалчилик ҳолатлари базасида жамланган умумлаштирилган маълумотлар, уларнинг ўтган даврларга нисбатан динамикаси таҳлили;

сезиларли бўлган операцион таваккалчилик ҳолатлари, уларнинг юзага келиш сабаблари ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чоралар;

банк томонидан операцион таваккалчиликнинг белгиланган чегаралари бузилганлиги ҳақида маълумот;

операцион таваккалчилик бўйича ўтказилган стресс-тест натижалари.



11-БОБ. КОМПЛАЕНС ТАВАККАЛЧИЛИГИНИ

БОШҚАРИШГА ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Комплаенс таваккалчилигини бошқариш тизими


117. Банк комплаенс таваккалчилигини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш ва камайтиришга хизмат қилувчи комплаенс таваккалчилигини бошқариш тизимини жорий қилиши лозим.


118. Комплаенс таваккалчилигини бошқариш тизими қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

комплаенс таваккалчилигини бошқариш сиёсати ва тартибларини;

комплаенс таваккалчилиги бўйича ҳисоботни.


119. Комплаенс таваккалчилигини бошқариш сиёсати кўйидагиларни ўз ичига олиши керак:

комплаенс таваккалчилигини бошқариш тизимининг ташкилий тузилмаси, жумладан тегишли таркибий бўлинмаларнинг вазифалари, ваколатлари, мажбуриятлари тақсимоти ҳамда уларнинг ўзаро ишлаш тартибини;

комплаенс таваккалчилигини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш, камайтириш ва бу ҳақида ҳисобот берилишини;

ҳисоботлар шакллари, уларни тақдим этиш тартиби ва даврийлигини.


120. Комплаенс таваккалчилигини бошқариш сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида банк бошқаруви ички тартибларни ишлаб чиқиши мумкин.

Ушбу тартиблар банк фаолиятининг хусусияти ва мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши ҳамда Марказий банк томонидан белгиланган талаблар ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлиши мумкин.

Ушбу тартиблар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:

комплаенс таваккалчилигини аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, назорат қилиш ва камайтириш тартибини;

банк фаолиятини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини таъминлаш тартибини;

комплаенс таваккалчилигини бошқариш жараёни иштирокчилари ўртасида маълумот алмашиш тартибини;

банк ходимларига қонунчилик ҳужжатлари ҳамда банкнинг ички ҳужжатлари ҳақида хабардор бўлишларини таъминлаш мақсадида уларни ўқитиш тартибини.


121. Комплаенс таваккалчилигини аниқлаш ва баҳолаш учун қуйидаги маълумотлардан фойдаланиш лозим:

банкдаги номақбул хатти-ҳаракатлар тўғрисида ходимлардан олинган маълумот;

ички операцион таваккалчилик ҳолатлари базаси;

мижозларнинг шикоятлари;

ички аудит хизмати ва ташқи аудиторлар ҳисоботлари;

Марказий банк ва бошқа тегишли органлардан олинган маълумотлар;

комплаенс таваккалчилигини бошқариш учун масъул таркибий бўлинма ходимлари томонидан бошқа манбалардан олинган, жумладан ўтказилган текширувлар натижалари бўйича аниқланган маълумотлар.


122. Комплаенс таваккалчилиги юзага келганда, шу жумладан қонунчилик талаблари бузилганда, комплаенс таваккалчилигини бошқаришга масъул таркибий бўлинма кузатув кенгаши ва банк бошқарувини ўз вақтида хабардор қилиши ва тегишли тузатувчи чораларни таклиф қилиши лозим.



2-§. Комплаенс таваккалчилигига оид

ҳисоботларга қўйилган талаблар


123. Комплаенс таваккалчилигини бошқаришга масъул таркибий бўлинма комплаенс таваккалчилигига оид ҳисоботларни кузатув кенгаши ва таваккалчиликларни бошқариш қўмитасига (агар ташкил этилган бўлса) ҳар чоракда, банк бошқарувига ҳар ойда камида бир маротаба киритиши лозим.


124. Комплаенс таваккалчилигига оид ҳисоботлар қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:

банклар фаолиятига нисбатан қўлланилувчи қонунчилик ҳужжатлари ва банкнинг ички ҳужжатлари талаблари бузилганлигини;

банк ходимлари томонидан банкнинг одоб-ахлоқ кодекси талаблари бузилишини;

Марказий банк ва бошқа тегишли органларга ишончли бўлмаган ҳисоботлар берилишини;

қонунчилик ҳужжатларидаги ўзгаришларнинг банк фаолияти учун келтириб чиқарувчи оқибатларини;

манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини;

комплаенс таваккалчилигини бошқариш учун масъул таркибий бўлинма томонидан банк ходимлари учун ўтказилган ўқув машғулотларини.



12-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


125. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 19 апрель













































Время: 0.0208
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск