ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ер қонунчилиги / Ер муҳофазаси /

Бузилган ерларни рекультивация қилиш, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан оқилона фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.04.2023 й. 169-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 29 апрелдаги

169-сон қарорига

ИЛОВА



Бузилган ерларни рекультивация қилиш,

тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш

ва ундан оқилона фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

         

     

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

         

1. Мазкур Низом бузилган ерларни рекультивация қилиш, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан оқилона фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


бузилган ерлар - тупроқ қатламининг ва гидрологик режимнинг бузилиши ҳамда хўжалик фаолияти натижасида техноген рельефнинг юзага келиши ва деградация муносабати билан ўзининг хўжалик фаолияти бўйича рухсат этилган ва мўлжалланган мақсадларига мувофиқ фойдаланиш имкониятини йўқотган, тузилишининг табиий бутунлиги бузилган ёки атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатиш манбаи бўлган ерлар;


бузилган ерларни хатловдан ўтказиш - бузилган ерларнинг майдонлари ва сифатини аниқлаш ҳамда ҳисобга олиш;


бузилган ерларни рекультивация қилиш - бузилган ерларнинг унумдорлигини тиклашга, белгиланган мақсадда фойдаланиш учун яроқли ёки хавфсиз ҳолатга келтиришга, шунингдек, атроф муҳит шароитини яхшилашга қаратилган ишлар мажмуи;


бузилган ерларни рекультивация қилишнинг техник босқичи (ерларни техник рекультивация қилиш) - белгиланган мақсадларга мувофиқ истиқболда мақсадли фойдаланиш учун хандақлар, чуқурликлар, ернинг ўпирилиши, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, қурилиш ва бошқа хўжалик фаолиятида ҳосил бўлган ёт жинслардан тозалаш ҳамда чиқиндилар уюмларини кўмиш, текислаш ва террасалашни ўз ичига олган ерлар рекультивациясининг биринчи босқичи;


бузилган ерларни рекультивация қилишнинг биологик босқичи (ерларни биологик рекультивация қилиш) - техник рекультивация қилинганидан сўнг амалга ошириладиган, тупроқнинг агрофизик, агрокимёвий, биокимёвий ва бошқа хоссаларини яхшилашга қаратилган агротехник ва фитомелиоратив тадбирлар мажмуасини ўз ичига оладиган ерларни рекультивация қилишнинг иккинчи босқичи;


бузилган ерларни рекультивация қилиш йўналиши - муайян мақсадда фойдаланиш учун бузилган ерларни тиклаш, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги, сув хўжалиги, рекреация, табиатни муҳофаза қилиш, хафвсизликни таъминлаш, санитар-гигиена ва қурилиш йўналишлари;


бузилган ерларнинг рекультивация қилинадиган қатлами - ўсимликларнинг ўсиб чиқиши учун қулай шароитга эга бўлган ва сунъий равишда ташкил этиладиган ер қатлами;


коллектор-зовур тармоқлари ағдармалари эгаллаган ерларни рекультивация қилиш - текисланиши лозим бўлган ағдармаларни табиий ботиқликлар, ўзлаштириб бўлинган карьерлар, жарликлар, сув ювиб кетган чуқурликлар ва бошқа пастликларга суриш;


потенциал унумдор жинслар - тупроқнинг потенциал унумдор қатлами хоссалари кўрсаткичлари бўйича мос бўлган кон жинслари;


рекультивация қилиш объектлари - рекультивация қилиниши лозим бўлган бузилган ер участкалари;


техноген рельеф - хўжалик фаолияти натижасида вужудга келган ер юзасининг ҳолати;


тупроқ қатламини ётқизиш - кам унумдор ерларни яхшилаш мақсадида тупроқнинг унумдор ҳамда жинсларнинг потенциал унумдор қатламини ташиш ва ётқизиш ишларининг мажмуи;


тупроқнинг унумдор қатлами - ўсимликларнинг ўсиши учун қулай кимёвий, физик ва агрокимёвий хоссаларга эга бўлган тупроқ кесимининг юқорисидаги гумусга бой қисми;


тупроқнинг потенциал унумдор қатлами - ўсимликларнинг ўсиши учун қулай кимёвий, физик ва чекланган агрокимёвий хоссаларга эга бўлган тупроқ кесимининг (гумусли қатламига нисбатан) остки қисми;


фойдали қазилмалар юзасини очишдаги жинслар - очиқ кон ишлари жараёнида ҳосил бўладиган ва қазиб олинадиган фойдали қазилмаларни қоплаб турган кон жинслари;


эски каналлар ўзанлари эгаллаган ерларни рекультивация қилиш - ўзанларни кейинчалик ер юзасининг тегишли белгиларгача текислаш.



2-БОБ. БУЗИЛГАН ЕРЛАРНИ РЕКУЛЬТИВАЦИЯ

ҚИЛИШДА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

         

3. Барча тоифадаги бузилган ерлар, шунингдек, уларга туташган ерлар, ердан фойдаланувчи ва ижарачилар томонидан амалга оширилаётган ишлар давомида бузилган ерларнинг салбий таъсири натижасида унумдорлигини буткул ёки қисман йўқотган ер участкалари рекультивация қилиниши лозим.

Захира ерлари жисмоний ёки юридик шахслар томонидан бузилган ҳолларда, ушбу шахслар тўғрисидаги маълумотлар бўлмаса, шунингдек, табиий офатлар ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга боғлиқ бўлмаган бошқа форс-мажор ҳолатларида бузилган ерларни рекультивация қилиш бўйича ишчи лойиҳасини (кейинги ўринларда - ишчи лойиҳа) ишлаб чиқиш ва рекультивация қилиш ишлари туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


4. Қуйидаги ҳолларда бузилган ерлар рекультивация қилиниши лозим:

фойдали қазилмаларни очиқ ёки ер ости усулида қазиб олишда - кон захираси қазиб тугатилганда;

тупроқ қатламининг бузилиши билан боғлиқ муҳандислик-коммуникация тармоқлари ўтказилганда, қурилиш, мелиоратив, геология-қидирув, синов, эксплуатация ва лойиҳа-тадқиқот ишлари амалга оширилганда;

саноат, ҳарбий, фуқаролик ва бошқа объектлар ва иншоотлар бошқа жойга кўчирилганда;

саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларни жойлаштириш ва кўмиш ишлари тугатилганда;

ер ости объектлари ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини (шахтали қазиш, сақлагичлар, метрополитен, канализация иншоотлари ва бошқалар) қуришда - улардан фойдаланиш ва консервациялашда;

ерларнинг ифлосланиши оқибатлари бартараф этилаётганда - агарда уларни тиклаш шартлари бўйича тупроқнинг унумдор қатламини олиниши талаб этилганда;

ҳарбий машқлар - ушбу мақсадлар учун махсус ажратилган полигонлардан ташқарида ўтказилганда.


5. Қишлоқ хўжалиги йўналишида бузилган ерларни рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

биологик рекультивация қилишда унумдор жинслардан иборат юза қатламига эга, ўлчами, шакли ва рельефи бўйича фойдаланишга қулай бўлган ер участкаларини шакллантириш;

бузилган ерларни замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиб, эрозия ва кўчки жараёнлари ривожланишини истисно қилган ҳолда текислаш;

бузилган ерларни шудгорлашга тайёрлаш жараёнида кам унумдор жинслар устига тупроқнинг унумдор қатламини солиш;

тупроқнинг унумдор қатлами бўлмаганда ёки етарли бўлмаганда, потенциал унумдор жинслардан фойдаланган ҳолда махсус агротехник тадбирларни амалга ошириш;

рекультивация қилинадиган ерларда таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

ерларнинг махсус агрокимёвий, агротехник, агроўрмон-мелиоратив, муҳандислик-эрозиясига қарши тадбирларни ўтказишда ўсимлик илдизи ўсадиган қатламни тиклаш ва шакллантириш ҳамда органик моддалар билан бойитиш учун бир йиллик, кўп йиллик дуккакли ва бошоқли дон экинларини парваришлаган ҳолда жадал мелиоратив тадбирларни амалга ошириш.


6. Пестицидларнинг қолдиқ миқдорлари билан ифлосланган (тупроқнинг кимёвий ифлосланиши) ерларни рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

аҳоли яшаш пунктлари атрофида ишчи лойиҳага мувофиқ санитария-ҳимоя ҳудудларини ташкил қилиш;

рекультивация қилинадиган ерларни талаб этиладиган муддатга қадар қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқариш;

устки қисми зарарланган ер қатламини сидириб олиш;

тупроқ унумдорлигини тиклаш;

кўп йиллик чим ҳосил қилувчи ўтларни экиш, кейинчалик ўсиб чиққан ўтларни ўриб олиш ва кўмиш;

пестицидларнинг қолдиқ миқдорлари билан ифлосланган тупроққа кимёвий жиҳатдан фаол эритма ва адсорбентлар билан ишлов бериш.


7. Сув хўжалиги йўналишида бузилган ерларни рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

гидротехник иншоотларга эга бўлган суғориш, коллектор-дренаж ёки сув йиғиш-ташлаш ва йўл тармоқларини қуриш;

шўрланган ерларни доимий дренаж муҳитида белгиланган меъёрларда ювиш.


8. Санитар-гигиеник йўналишида бузилган ерларни рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

ерларнинг таркиб топган жинсларининг ҳолати, таркиби ва хоссалари, табиий-иқлим шароитлари, техник-иқтисодий кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда бузилган ерларни консервациялаш усулларини танлаш;

бузилган ерларни консервациялаш учун техник ва биологик рекультивация қилишнинг барча тадбирларини санитария-эпидемиология хизмати органлари билан келишиш;

бузилган ерларнинг юза қатламини мустаҳкамлаш учун атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатмайдиган ҳамда етарлича сувга бардошли ва ҳарорат ўзгаришларига чидамли бўлган боғловчи материалларни қўллаш;

бузилган ерларни биологик рекультивация қилиш учун яроқсиз субстратлардан таркиб топган саноат ағдармаларининг юзасига потенциал унумдор жинслардан иборат (қоплама билан қопланадиган) тупроқ қатламини қоплаш;

мелиорация ишларини амалга ошириш;

тупроқнинг кимёвий ва биологик ифлосланишини бартараф этиш бўйича тадбирларни белгилаш;

таркибида заҳарли моддалар бўлган шлам тўплагич, суюқ чиқиндилар, сақлагичлар ва саноат ағдармаларини санитар-гигиеник меъёрларга риоя қилган ҳолда консервациялаш.


9. Қурилиш йўналишида бузилган ерларни рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

тармоқ иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш учун (магистрал қувурлар ва уларнинг шохобчалари, темир йўл ва автомобиль йўллари, сув объектлари, электр узатиш ва алоқа тармоқлари) геология-қидирув, тадқиқот ва бошқа ишлар бажарилаётганда, қувурлар, алоқа ва электр узатишнинг ер ости тармоқлари, геология-қидирув ишланмалари, шунингдек, трассалар бўйларидаги бузилган ерларни рекультивация қилиш;

янгидан иншоотлар қуриш ёки мавжудларини реконструкция қилиш учун берилган, қишлоқ ёки ўрмон хўжалиги ва бошқалар билан банд бўлган бузилган ерларни рекультивация қилиш режасини қурилиш-монтаж ишларининг умумий мажмуига киритилиши ва тупроқ унумдорлигининг тикланишини таъминлаш.


10. Бузилган ерларни рекультивация қилишга тайёргарлик кўриш жараёнида магистрал қувурлар, транспорт коммуникациялари ва сув объектлари, бошқа тармоқ иншоотлари қурилишидан олдин тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинади ва қурилиш чегараси бўйлаб жойлашган вақтинча ағдармаларда сақланади ҳамда қурилиш ва текислаш ишлари якунланганидан сўнг ушбу тупроқдан ерларни текислашда фойдаланилади.

Тармоқ иншоотлари қурилишида бузилган ерларни рекультивация қилишнинг техник босқичида қуйидаги ишлар амалга оширилади:

қурилиш чиқиндиларини тозалаш, қурилиш майдонидан ташқаридаги барча жиҳоз ва қурилмаларни вақтинча кўчириш;

унумдор тупроқни рекультивация қилинаётган бузилган ер бўйлаб бир хил қалинликдаги қатламда тақсимлаш ёки уни ишчи лойиҳада кўрсатилган ва махсус ажратилган жойга ташиш;

кўтармалар ва чуқурликларнинг ён деворларини текислаш, чуқурликларни тўлдириш ҳамда текислаш.


11. Кон ишлари йўналишида бузилган ерларни рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

геология-қидирув, тадқиқот ишлари, эксплуатация қудуқларини бурғилаш ишларини амалга оширишдан олдин тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинади ва ишчи лойиҳада кўрсатилган алоҳида жойга сақлаш учун жойлаштирилади;

қудуқлар қазилганда ювиш суюқликларини сақлаш ҳамда нефть ва нефть конденсатининг илк намуналарини тўплаш учун мослама (сиғим)лар ташкил этилади;

ер юзасининг ботиқликларида ташкил этилган кон саноатида ҳосил бўладиган қуруқ чиқиндиларнинг сақлагичлари суюқликлар сизишининг олдини олувчи махсус қоплама билан қопланиши лозим.

Геология-қидирув, тадқиқот ҳамда эксплуатация қудуқларини қуриш ишлари якунланганидан сўнг қуйидаги ишлар амалга оширилади:

қудуқлар қурилишида ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндилари ва нефть маҳсулотлари билан ифлосланган жинслар ҳамда қўлланилган материалларни олиб чиқиш;

шлам тўплагичлар устига тупроқ тўкиш ва юзасини текислаш;

зарур ҳолларда мелиорация ва эрозияга қарши тадбирларни амалга ошириш.

Нефть ва нефть маҳсулотлари ҳамда нефть саноати оқовалари билан ифлосланган ерлар рекультивация қилинаётганда, тупроқнинг нефть билан ифлосланиши ва минераллашувининг салбий таъсирини камайтиришга қаратилган атроф муҳит муҳофазаси тадбирлари амалга оширилиши лозим.


12. Корхоналарнинг кон ишланмалари ағдармалари, тиндиргичлар ва фойдали қазилмаларни қайта ишлашдан қоладиган чиқиндиларнинг сақлагичларини рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

ағдармалар ён деворларининг ювилиб кетилишини олдини олиш ва уларни кўчкилар, сув ва шамол эрозиясига қарши мустаҳкамлаш мақсадида террасалаш ва текислаш. Унумдор жинслар кўп поғонали ағдармаларга жойлаштирилганда, террасалар ташкил этилиши лозим. Террасалар режалаштирилаётганда, тупроқ эрозиясининг олдини олиш учун юқорироқдаги терраса томонига 1,5-2 градуслик кўндаланг нишаблик қилинади. Ағдармалар юзаси турли хил боғловчи моддалардан фойдаланилиб мустаҳкамланади ва кўкаламзорлаштирилади;

ағдармаларни кўкаламзорлаштиришда йирик тош зарраларидан тозалаш, 10-15 см қалинликдаги тупроқ қатлами билан қоплаш, ўсимликлар уруғларини сепиш ҳамда дарахт ва бута кўчатларини экиш тадбирлари амалга оширилади. Маҳаллийлаштирилган ўсимликларнинг чидамли бўлган турлари ушбу ҳудуд учун танлаб олинади. Уруғ ва кўчатларни экиш ишлари ҳар бирининг кенглиги 6-10 м бўлган, шамолларнинг асосий йўналишига кўндаланг жойлашган ва алмашинадиган полосаларда амалга оширилади;

ағдармалардаги экинларнинг ўсиши (вегетация) даврида уларни суғориш учун тозаланган оқова сувларидан фойдаланилади.

Кўп йиллик ўсимликларни экиш билан бир пайтда бир-биридан 50-60 метр узоқликда турли ноқулай шароитларга чидамли бўлган дарахт ва буталар экилади ҳамда ҳимоя ўрмонлари барпо этилади.

Кўкаламзорлаштирилган ағдарма ерларидан 8-10 йил мобайнида яйлов ерлари сифатида фойдаланиш тақиқланади.

Фитотоксик тупроқлардан таркиб топган шлам тўплагичлар, фойдали қазилмаларни қайта ишлашдан қоладиган чиқиндилар, қолдиқ сақлагичлар, шунингдек, фойдали қазилмаларни юзини очишда ҳосил бўлган гидроағдармалар потенциал унумдор бўлган жинслар билан қопланади.


13. Радиоактив моддалар чиқиндилари билан ифлосланган ерларни рекультивация қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:

радиоактив моддалар чиқиндиларини бошқа чиқиндилардан алоҳида ва ички юзаси силлиқ материал билан қопланган махсус тўплагичларда йиғиш;

нурланиш дозаси қувватини радиоактив моддалари чиқиндилари тўплагичидан 1 метр масофада йилига 10 мГр дан ошмаслигини таъминлаш;

радиоактив моддалар чиқиндиларини махсус жиҳозланган автомашиналарда кўмиш жойларига олиб бориш, бунда ҳайдовчининг кабинасида нурланиш дозасини соатига 0,012 мГр дан ошмаслигини таъминлаш;

радиоактив моддалар чиқиндилари сақланадиган жойлар атрофларини инсонлар ва ҳайвонлар ўта олмайдиган тўсиқлар билан ўраш ва махсус огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатиш;

рекультивация қилинадиган ерларнинг юзаси радиоактив моддалар чиқишига йўл қўймайдиган экранлаштирувчи (ҳимоя) қатлам билан қопланиши зарур.

Ўсимлик турларини танлашда қуйидагилар ҳисобга олинади:

ўсимлик турининг илдиз тизими ернинг юқори қатламини шамол таъсирида кимёвий ва физик емирилиши шароитида экранлаштирувчи (ҳимоя) қатламнинг барқарорлигини таъминлаши;

ўсимлик турининг уруғи муайян тупроққлим шароитида униб чиқиш қобилиятига эга бўлиши;

ўсимлик турининг қурғоқчилик, кучли ёғингарчилик ва касалликларга бардошлилиги;

ўсимлик турининг кўп йиллик вегетация даврига эгалиги.


14. Тоғ-кон жинсларининг ағдармалари бўйича ишчи лойиҳада кўрсатилган баландликдаги ишлар бажарилганидан сўнг ушбу ерларда рекультивация қилиш ишлари амалга оширилади.

Тоғ-кон жинсларининг ағдармалари кам унумдор ерларга жойлаштирилади.

Тоғ-кон жинслари ағдармаларини рекультивация қилишда қуйидаги талаблар бажарилиши лозим:

тупроқнинг унумдор қатламини дастлабки кесиб олиш ва жойлаштириш, тегишли ўлчамлардаги рекультивация қилинадиган ер қатламини барпо этиш учун зарур бўлган ҳажмларда потенциал унумдор жинсларни (фойдали қазилмаларнинг юзасини очиш) селектив қазиб олиш, бунда тупроқнинг унумдор қатламини кесиб олиш ишларини йилнинг иссиқ пайтида, қишлоқ хўжалиги экинлари билан эгалланган ерларда эса ҳосил йиғиб-териб олганидан сўнг амалга ошириш;

тупроқ захираси ва уни етказиб бериш масофаси ҳамда иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда карьерларни кўмиб тўлдириш ва уларнинг ён деворларини муайян нишабликда текислаш;

ён деворларнинг қулаб тушиши ва ўпирилиб кетишига йўл қўймаслик, шунингдек, тадбирларни махсус техникалар ҳамда механизмлар ёрдамида амалга ошириш шартларидан келиб чиққан ҳолда карьерларнинг ён деворлари қиялигини белгилаш;

ҳудудларни тупроқ-шароитидан келиб чиққан ҳолда ағдармаларда эрозияга қарши курашиш ишлари ташкил этиш;

махсус гидротехник иншоотларни ташкил қилиш орқали ёмғир-жала оқими ва техник сувларни тўплаш ҳамда чиқариб ташлаш тадбирларини амалга ошириш;

таркибида заҳарли моддалар бўлган ағдармалардан сизиб чиққан сувларни белгиланган тартибда тозалаш ёки безарар чиқариб ташлаш;

ноқулай сув-физик хоссаларга эга бўлган жинсларнинг рекультивация қилинадиган қатламида сув режимини тартибга солиш чораларини кўриш;

технологик схемаларга кўра, ёнишга мойиллиги бўлмаган ҳамда ўз-ўзидан алангаланишни истисно қилувчи жинслардан ағдармаларни шакллантириш;

ғишт хомашёси карьерларида шағал-тошқотишма ва қумли жинсларнинг юза қисми очилгунига қадар ерлар қазилганда, карьерни тўлдириш билан бирга унинг юза қисмини 50 см гача потенциал унумдор тупроқ билан қопланишини таъминлаш;

транспорт воситаларини карьерлар тубига тушиши ва ундан чиқиши учун йўлаклар билан таъминлаш;

ер усти сувлари ва ер ости сизот сувлари босишини истисно қилувчи тупроқни жойлаштириш учун жой тайёрлаш;

ағдармалар юзасини 1 градусдан ошмайдиган нишабликда текислаш (планировкалаш) ва ағдарма юзасини сув ва шамол эрозияси таъсиридан асраш ҳамда тупроқ унумдорлигини сақлаб қолиш мақсадида кўп йиллик ўтларни экиш.



3-БОБ. БУЗИЛГАН ЕРЛАРНИ РЕКУЛЬТИВАЦИЯ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ

         

15. Туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузурида Бузилган ерларни рекультивация қилиш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси (кейинги ўринларда - комиссия) ташкил этилади.

Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, санитария, молия-кредит ва бошқа манфаатдор органларнинг туман бўлинмалари, шунингдек, рекультивация қилинган ерларни топширадиган жисмоний ёки юридик шахсларнинг вакиллари киритилади.

Туман (шаҳар) ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари комиссия раиси ҳисобланади.

Комиссия аъзолари бир йилда бир маротаба бузилган ерларни ўрганиб чиқади ва ўрганиш натижалари бўйича далолатномани ушбу Низомга 1-иловадаги шаклда тузади.


16. Бузилган ерларни рекультивация қилиш тадбирлари ишчи лойиҳага мувофиқ амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни рекультивация қилиш бўйича ишчи лойиҳа жисмоний ёки юридик шахсларнинг маблағлари ҳисобидан ва уларнинг буюртмасига асосан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Ўздаверлойиҳа" давлат илмий-лойиҳалаш институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ишлаб чиқилади.


17. Ишчи лойиҳани ишлаб чиқишда қуйидаги омиллар ҳисобга олинади:

бузилган ерларнинг жойлашуви;

ҳудуднинг табиий-иқлим шароитлари (иқлим, геологик, гидрологик, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси);

бузилган ерларни рекультивация қилиш пайтидаги ҳолати ёки кутилаётган ҳолати;

бузилган ерлар мавжуд бўлган ҳудуднинг хўжалик, ижтимоий-иқтисодий ва санитар-гигиеник шарт-шароитлари;

тупроқнинг унумдор қатламини кесиб олиниши ва махсус жойга жойлаштирилиши (сақланиши);

тошлоқ ва заҳарли жинсларни потенциал унумдор тупроқлардан ажратиш мақсадида ер қаъри юзасини очишда қатлам жинсларининг селектив ишланиши;

тупроқ қатламини ерни қирқиш чуқурлигига тенг ёки потенциал унумдорлик даражасидан кам бўлмаган миқдорда ётқизилиши;

қияликларни мустаҳкамлаш бўйича махсус тадбирларни амалга ошириш;

рекультивация қилинган ерлардан уларнинг такроран бузилишини ҳисобга олган ҳолда фойдаланиш муддати.

Бузилган ерларни қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун рекультивация қилиш мақсадга мувофиқ бўлмаса, ўрмон фонди, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ёки ерларни эрозиядан ҳимоялаш учун дарахтзорлар барпо этилади.


18. Ишчи лойиҳани ишлаб чиқиш жараёни қуйидагиларни ўз ичига олади:

лойиҳалаштирилаётган объектнинг ер тузиш, мелиоратив-гидротехник, тупроқ ва агрономик кузатувларни ўз ичига олган тайёргарлик ишлари;

тадқиқот ишлари (топографик, тупроқ-кузатув ва муҳандислик-геология ишлари);

бузилган ерларни рекультивация қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ўз ичига олган ишчи лойиҳани ишлаб чиқиш;

ишчи лойиҳани келишиш.


19. Бузилган ерларни рекультивация қилиш бўйича ишчи лойиҳа ушбу Низомга 2-иловадаги шаклга мувофиқ ишлаб чиқилади.



4-БОБ. БУЗИЛГАН ЕРЛАРНИ РЕКУЛЬТИВАЦИЯ

ҚИЛИШНИНГ ТЕХНИК БОСҚИЧИ

        

20. Бузилган ерларни рекультивация қилишнинг техник босқичида қуйидагилар амалга оширилади:

ағдармалар юзасини хомаки ва сўнгги планировкалаш, қазилмани ер юзига қазиб чиқаришда фойдаланилган тармоқларни кўмиш, текислаш ёки террасалаш, шахтадаги ўпирилган жойларни тупроқ билан тўлдириш;

зарур бўлган ҳолларда, дренаж, сувни чиқариб ташлаш ва суғориш тармоқларини ҳамда бошқа гидротехник иншоотларни қуриш;

рекультивация қилинган ерларнинг юза қатламини унумдор ёки нисбатан унумдор тупроқ қатламлари билан қоплаш;

ҳудудда эрозияга қарши курашиш тадбирларини амалга ошириш.


21. Нефть, газ ва газ конденсати конларида захирани қазиб олиш жараёнида фойдаланишда бўлган ерларда қуйидагилар амалга оширилади:

геология-техник тадбирлар ўтказилган қудуқлар атрофидаги бузилган ерларни иш якуни билан техник рекультивация қилиш;

бузилган ерларни техник рекультивация қилиш ишларини нефть, газ ва газ-конденсатини қазиб олган корхонанинг маблағи ҳисобидан бажариш;

нефть, газ ва газ конденсати конларида захирани қазиб олиш якунига етиши билан кондан фойдаланувчи корхона томонидан бузилган ерларни рекультивация қилиш;

нефть, газ ва газ конденсати конларида табиий ва техноген фавқулодда ҳолатлар оқибатида йирик сиғим, қувурларда, технологик жиҳоз ва ускуналарда авария ҳолатлари содир бўлган ҳолларда, кондан фойдаланувчи томонидан техник ва биологик рекультивация қилиш.



5-БОБ. БУЗИЛГАН ЕРЛАРНИ РЕКУЛЬТИВАЦИЯ

ҚИЛИШНИНГ БИОЛОГИК БОСҚИЧИ

    

22. Биологик рекультивация қилишнинг асосий мақсади - ҳудудни қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги, рекреация ва бошқа мақсадларда фойдаланиш учун қайтаришдан иборат.


23. Бузилган ерларни рекультивация қилишнинг биологик босқичи ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан амалга оширилади.


24. Бузилган ерларни рекультивация қилишнинг биологик босқичида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

қишлоқ хўжалиги экинлари гуруҳини танлаш;

органик ва минерал ўғитларнинг ерга солиш меъёрлари, муддатлари ва усулларини белгилаш;

қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини экиш меъёрларини аниқлаш;

тупроққа ишлов бериш, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, экинларни парваришлаш ва ҳосилни йиғиб-териб олишнинг технологик жараёнини асослаш;

ишлар ҳажми, меҳнат, механизмлар ва материаллар сарфини ҳисоблаш;

рекультивация қилинган ерлардан олинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қийматини аниқлаш;

капитал харажатларнинг иқтисодий самарадорлигини ўрганиш.


25. Бузилган ерлар қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун тикланганда, ер юзаси нишаблиги 0-1,5 градусгача бўлган майдонлар барпо этилади.

Мевали дарахтлар экиладиган бўлса, ер юзаси нишаблиги 4-5 градусгача ва ундан ортиқ бўлган майдонлар барпо этилади.


26. Тайёрланган майдонларда ушбу ҳудудга мос бир йиллик, кўп йиллик дуккакли ва бошоқли дон экинларини ҳамда мевали дарахтларни етиштириш зарур.


27. Бузилган ерларни рекультивация қилишнинг биологик босқичи қуйидагиларни ўз ичига олади:

қишлоқ хўжалиги экинларини экишгача бўлган давр - органик ва минерал ўғитларни юклаш, тушириш ва ерга солиш, далаларни текислаш (планировка), ҳайдаш ёки чуқур юмшатиш, ёрилган жўякларни ёки ағдарма дўнгликларни текислаш, шўр ювиш ишлари учун марза олиш, вақтинча суғориш тармоғини тартибга келтириш ва тупроққа ишлов бериш;

қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, парваришлаш, органик ва минерал ўғитларни солиш, суғориш, турли касалликларга қарши ишлов бериш, ўриш, ўрилган массани саралаш, тўплаш ва ғарамлаш;

келгуси йилларда ҳам қишлоқ хўжалиги экинларини экин ва парваришлаш.



6-БОБ. РЕКУЛЬТИВАЦИЯ ҚИЛИНАЁТГАН

ЕРЛАРНИ НИСБАТАН УНУМДОР ЁКИ ПОТЕНЦИАЛ

УНУМДОР ЖИНСЛАРДАН ИБОРАТ ТУПРОҚ

ҚАТЛАМИ БИЛАН ҚОПЛАШ

        

28. Тупроқ қатламининг бузилиши билан боғлиқ саноат, қурилиш ва бошқа ишларни амалга оширадиган жисмоний ёки юридик шахс томонидан тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиниши ва алоҳида ерда сақланиши лозим.

Бунда аввало, ернинг устки қисмидаги гумусли қатлам, ундан сўнг тупроқнинг барча унумдор қатлами сидириб олинади.

Темир йўл ва автомобиль йўллари, газ ва нефть қувурлари, электр узатиш ва алоқа тармоқлари, суғориш каналлари, зовурлар ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш жараёнида тупроқ қатлами бузилганда, сидириб олинган унумдор тупроқлардан фойдаланиш назарда тутилади.


29. Тупроқ ишларини амалга ошириш учун тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш меъёрларига амал қилиш, тупроқнинг унумдор қатламини таркиби ва хоссаларини аниқлаш ҳамда тупроқ харитасидан фойдаланиш талаблари қўйилади.

Тупроқнинг унумдор қатламини таркиби ярим чўл, тоғолди, чўл-дашт ҳудудларида тупроқнинг унумдор қатламини қуйи чегарасида гумуснинг массадаги улуши 1 фоиздан, чўл ҳудудида эса 0,7 фоиздан кам бўлмаслиги лозим.


30. Рекультивация қилинаётган ерларга унумдор тупроқни ётқизиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

унумдор тупроқлар қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун мўлжалланган ерларга солинади;

унумдор тупроқ қатламини ётқазиш учун мўлжалланган ерларнинг юзаси текисланади, бунда ерларни сифатли текисланиши, унда қор ва ёмғир сувларининг тўпланиши мумкин бўлган чўккан ерлар (ботиқликлар) бўлмаслиги таъминланади;

тупроқнинг остки қатламига қалинлиги камида 2-3 метр бўлган нисбатан унумдор бўлган жинслар жойлаштирилади;

бузилмаган туташ ерлардаги тупроқ қалинлигига нисбатан ортиқ бўлган қалинликдаги тупроқ қатлами солинади (чўкишини ҳисобга олган ҳолда) ва текисланади;

махсус техника ва ускуналар ҳамда агротехник усуллардан фойдаланган ҳолда юмшатилган тупроқ тузилмаси ҳосил қилинади;

тупроқда 40-60 фоиз оралиқда ўзгариб турадиган ғоваклилик таъминланади.



7-БОБ. РЕКУЛЬТИВАЦИЯ ҚИЛИНГАН ЕРЛАРНИ

ТОПШИРИШ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

         

31. Жисмоний ёки юридик шахслардан бузилган ерларни рекультивация қилиш ишлари якунланганлиги тўғрисидаги ёзма хабарнома келиб тушган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида комиссия томонидан рекультивация қилинган ерларни қабул қилиш-топшириш ишлари амалга оширилади.


32. Комиссия томонидан қуйидагилар ўрганиб чиқилади:

а) жисмоний ёки юридик шахсларнинг ер ва ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатидан нусха;

б) рекультивация қилинган ерларнинг чегаралари туширилган қишлоқ хўжалиги харитасидан нусха;

в) ишчи лойиҳа ва унинг экспертизаси хулосаси;

г) тегишли назорат-инспекция органлари томонидан ёки муаллифлик назорати тартибида ихтисослаштирилган лойиҳа ташкилотлари томонидан бузилган ерларни рекультивация қилиш бўйича бажарилган ишларни текшириш натижалари, шунингдек, аниқланган тартиб бузилишларини бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумот.


33. Комиссия рекультивация қилинган ерларни қабул қилиш жараёнида ўн иш куни ичида жойига чиққан ҳолда қуйидагиларни ўрганади:

а) бузилган ерларни рекультивация қилиш бўйича бажарилган ишларнинг ишчи лойиҳага мувофиқлигини;

б) бузилган ерларни текислаш (планировка) ишларининг сифатини;

в) тупроқнинг унумдор қатламини қалинлиги ва текислигини;

г) тупроқнинг фойдаланилмаган унумдор қатламининг мавжудлиги ва уни сақланишини;

д) рекультивация қилинган ерларда тупроқ қопламасининг бузилиши туридан келиб чиққан ҳолда экологик, агротехник, санитар-гигиеник, қурилиш ва бошқа меъёрлар, стандартлар ва қоидалар талабларига тўлиқ риоя қилинганлигини ва ушбу ерлардан кейинчалик мақсадли фойдаланилишини;

е) ишчи лойиҳада ёки бузилган ерларни рекультивация қилиш шартларида (шартномада) белгиланган мелиоратив, эрозияга қарши ва бошқа тадбирларнинг бажарилиши ва сифатини.


34. Ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ расмийлаштириладиган рекультивация қилинган ерларни топшириш-қабул қилиш далолатномаси комиссия раиси томонидан тасдиқланганидан сўнг объект қабул қилинган деб ҳисобланади ва унинг бир нусхаси ерларни рекультивация қилиб топширган жисмоний ёки юридик шахсларга берилади.



8-БОБ. РЕКУЛЬТИВАЦИЯ ҚИЛИНГАН

ЕРЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ КОМИССИЯСИНИНГ

ҲАМДА ЕРЛАРНИ РЕКУЛЬТИВАЦИЯ ҚИЛИШ

ТАДБИРИНИ АМАЛГА ОШИРГАН ЖИСМОНИЙ

ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

        

35. Комиссиянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.

Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бузилган ерларни рекультивация қилиш тадбирининг бориши ва сидириб олинган унумдор тупроқ қатламини сақлаш жойига жойлаштирилишини таъминлаш ва назорат қилиш;

ушбу Низомнинг 33-бандида келтирилган жараёнларни ўрганиш;

бузилган ерларни рекультивация қилиш билан боғлиқ бошқа маълумотлар билан танишиш;

бузилган ерларни тиклаш ишларини яхшилаш бўйича тавсиялар бериш;

бузилган ерларни рекультивация қилиш ишлари тўлиқ бажарилмаганда ёки ишчи лойиҳадан четга чиқилганда ва бошқа ҳолларда қабул қилишни рад этиш тўғрисида таклифлар киритиш.

Комиссияга қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

ер ресурсларини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя қилиш;

рекультивация қилинган ерларни топширувчи юридик ёки жисмоний шахслардан ёзма хабарнома келиб тушганидан сўнг ўн иш куни ичида жойига чиққан ҳолда рекультивация қилинган ерларни қабул қилиб олиш.

Жисмоний ва юридик шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бузилган ерларни рекультивация қилиш бўйича тавсиялар олиш учун комиссияга мурожаат қилиш;

амалий ва назарий салоҳиятга ва тажрибага эга бўлганда ишчи лойиҳани мустақил равишда ишлаб чиқиш ва экспертизага тақдим этиш;

ишчи лойиҳани ишлаб чиқиш ва уни экспертизадан ўтказиш учун шартнома тузиш.

Жисмоний ва юридик шахсларга қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 40-моддасида белгиланган мажбуриятларга риоя этиш;

рекультивация қилинган ерларни топширишда комиссияга ушбу Низомнинг 32-бандида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим қилиш;

комиссия ишида иштирок этиш.



9-БОБ. БУЗИЛГАН ЕРЛАРНИ РЕКУЛЬТИВАЦИЯ

ҚИЛИШ ИШЛАРИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

        

36. Ишчи лойиҳани ишлаб чиқиш ва бузилган ерларни рекультивация қилиш тадбири ернинг бузилишига сабабчи бўлган жисмоний ёки юридик шахсларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


37. Бузилган ерларни рекультивация қилиш ва унумдорлиги паст бўлган ерларни аввал сидириб олинган унумдор тупроқ қатлами билан қоплаш тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги билан келишилган ишчи лойиҳа ва лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида белгиланади ва амалга оширилади.


38. Жисмоний ёки юридик шахслар бузилган ерларни рекультивация қилиш ва унумдорлиги паст ерларни аввал сидириб олинган унумдор тупроқ қатлами билан қоплаш тадбирларини амалга ошириш учун пудрат ташкилотларини жалб қилиши мумкин.

Бунда рекультивация қилинган ерлар комиссия томонидан қабул қилинади ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси тузилади.

Бажарилган ишлар учун якуний ҳақ тўлаш аниқланган камчилик ва нуқсонлар тўлиқ бартараф этилганидан сўнг амалга оширилади.



10-БОБ. БУЗИЛГАН ЕРЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

         

39. Тупроқ қатламини бузиш билан боғлиқ ишларни амалга оширадиган ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар уларнинг ҳисобини юритади ва йил якунида бузилган ерларни рекультивация қилиш тўғрисида "6-еkо" шаклдаги давлат статистика ҳисоботини расмийлаштиради ва уни маҳаллий статистика органларига тақдим қилади.

Жадваллар ва бюллетенлар кўринишидаги жамланма статистика маълумотлари (қоғоз ёки электрон кўринишда) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги томонидан белгиланган тартибда фойдаланувчиларга етказилади.


40. Жисмоний шахслар комиссияга тупроқнинг унумдор қатламини бузиш билан боғлиқ ишлар тўғрисида маълумотни тақдим қилади.


41. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бузилган ерларни ҳисобга олиш маълумотларига аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мониторинг юритилади.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

          

42. Бузилган ерларни ўз вақтида ва сифатли рекультивация қилиш ва унинг унумдорлигини тиклаш, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича назорат Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.


43. Тупроқ қатламини бузиш билан боғлиқ ишларни амалга оширганлик ва бузилган ерларни рекультивация қилиш тадбирларини бажармаслик оқибатида етказилган зарар жисмоний ва юридик шахслар томонидан ихтиёрий равишда тўланади ёки жабрланган томоннинг ёхуд Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Табиат ресурслари вазирлигининг даъволари бўйича суд тартибида ундирилади.


44. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

         

         




Низомга

1-ИЛОВА



Бузилган ерларни ўрганиб

чиқиш натижалари бўйича

ДАЛОЛАТНОМА

           

20____йил "_____" ________________




таркибидаги

          

комиссия _____________________ вилояти __________________тумани __________ ҳудудидаги бузилган ва уларга туташ ерларни кўздан кечирди.


Кўздан кечириш натижасида қуйидагилар аниқланди:


1. Майдони _______ гектар бўлган ер майдони ______________________________да жойлашган ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайди.

         

2. Бузилган ерларга туташ бўлган ерлардан


          


мақсадида фойдаланилади ва қуйидаги агротехник

        

кўрсаткичларга эга


            


         

3. Бузилган ерларнинг тоифаси


ва унинг тавсифи

          


         

4. Мавжуд суғориш, коллектор-дренаж тармоқлари ва гидротехник иншоотларнинг техник ҳолати

        


         

5. Бузилган ерларни рекультивация қилиш учун


         


ер участкаларининг потенциал

           

унумдор жинсларидан ва тупроғининг унумдор қатламидан фойдаланиш мумкин.

         

6. Ердан фойдаланувчининг тушунтиришлари


         


         

Ўрганиш натижаларига кўра комиссия қарор қилади:

        

1. Бузилган ерлардан фойдаланишни


         


қишлоқ хўжалиги экинлари учун лойиҳалаш.

         

2. Бузилган ерларни рекультивация қилишни техник босқичининг қуйидаги умумий йўналишини назарда тутиш

         


        

3. Бузилган ерларни рекультивация қилиш учун


          


ер участкаларининг потенциал унумдор жинслари

          

ва тупроғининг унумдор қатламидан фойдаланиш.

            

4. Сув хўжалиги қурилиши бўйича қуйидаги умумий чора-тадбирларни назарда тутиш

        


           

5. Биологик рекультивациянинг қуйидаги муддатини белгилаш


         

6. Биологик рекультивация даврида тупроқ унумдорлигини тиклаш учун ишчи лойиҳада дуккакли ва бошоқли дон экинларининг қуйидаги турларини назарда тутиш

       


         


       

7. Ерга солинадиган органик ва минерал ўғитлар дозасини қуйидаги ҳосилдорликни ҳисобга олган ҳолда белгилаш

        


          

Комиссия аъзолари:

         










(Ф.И.О.)


(лавозими)


(имзоси)










(Ф.И.О.)


(лавозими)


(имзоси)










(Ф.И.О.)


(лавозими)


(имзоси)

        

        




Низомга

2-ИЛОВА




"Тасдиқлайман"

______________________________

______________________________

20____йил "____" _____________

         

           

_________________________________________________________________________нинг

(хўжалик номи)

        

бузилган ерларни рекультивация қилиш бўйича ишчи лойиҳани ишлаб чиқиш учун

      

ТОПШИРИҚ

        

1. Асосий тавсифлар


          


         

2. Буюртмачи


         

3. Ижрочи-лойиҳачи


         

4. Рекультивация қилиниши лозим бўлган ер майдони


гектар

         

5. Объект жойлашган ҳудуддаги ерлардан фойдаланиш


          


         

6. Далолатномага илова қилинган ердан фойдаланиш режасидан кўчирмага мувофиқ ер майдони _______ гектар.

     

7. Қўшимча маълумотлар


           

8. Рекультивация қилинган ерлардан фойдаланиш истиқболлари


         


          

9. Техник рекультивация қилиш технологияси


         


         

10. Сув хўжалиги қурилишини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар


           


       

11. Биологик рекультивация қилиш технологияси


            


         

12. Тадқиқот ишларини олиб бориш зарурати


          


       

13. Бузилган ерларни рекультивация қилишнинг техник босқичи ишларини ______ _______________________________ амалга оширади, рекультивациянинг биологик босқичини ______________________________ амалга оширади.

          

14. Лойиҳа-қидирув ишларини амалга ошириш манбаи


          

15. Ишчи лойиҳа _____ нусхада ишлаб чиқилсин, шу жумладан ________ нусхаси буюртмачига лойиҳа-қидирув ишларини амалга ошириш жадвалида белгиланган муддатларда топширилсин.

         

Топшириқ


томонидан тузилди.

           

Иловалар:

1. Ер участкасининг қишлоқ хўжалиги харитасидан кўчирма;

2. Қурилиш ташкилотининг белгиланган шаклдаги маълумотномаси;

3. Қурилиш ташкилотида асосий қурилиш машиналари ва механизмларининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар.

          

          




Низомга

3-ИЛОВА




"Тасдиқлайман"

______________________________

туман (шаҳар) ҳокими,

Бузилган ерларни рекультивация

қилиш масалаларини кўриб чиқиш

комиссияси раиси

         

Рекультивация қилинган ерларни

топшириш-қабул қилиш

ДАЛОЛАТНОМАСИ

         

20__ йил "___"_________


___________________________



(тузилган жойи)

         

Ушбу далолатнома Бузилган ерларни рекультивация қилиш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси раиси (ўринбосари)нинг 20__ йил "___" _______ даги _____-сон фармойишига мувофиқ тайинланган комиссия (ерларни топширувчи жисмоний ёки юридик шахснинг вакили (фуқаро) ва қабул қилувчи, бузилган ерларни рекультивациясини амалга оширган пудрат ташкилотлари, лойиҳа ташкилоти мутахассислари, экспертлар ва бошқалар): ___________________________________________________________ иштирокида тузилди.

         

1. Тақдим этилган ҳужжат ва материаллар:


            


кўриб чиқилди.

      

2. Белгиланган


ишлар амалга


(тупроқ қатламини бузиш билан боғлиқ иш турлари)


            

оширилганлиги жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилди ва зарур бўлган назорат ўлчовлари амалга оширилди:

         


(рекультивация қилинган ер участкаси майдони)

            

3. 20__ йил ____дан 20__ йил ____гача бўлган давр мобайнида қуйидаги ишлар амалга оширилганлиги аниқланди:

        


         


         

Барча ишлар тасдиқланган ишчи лойиҳага мувофиқ амалга оширилиб, _____ гектар ер майдони рекультивация қилинган.

4. Комиссия қарор қилади:

а) ______ гектар рекультивация қилинган ерларни келгусида ____________________ мақсадларида фойдаланиш учун (қисман ёки тўлиқ) қабул қилинсин;

б) тупроқ унумдорлигини тиклаш муддати кечиктирилсин ёки ишчи лойиҳада назарда тутилган ерлардан мақсадли фойдаланишни ўзгартириш ҳақида таклиф киритилсин (сабаби кўрсатилган ҳолда).

Рекультивация қилинган ерларни топшириш-қабул қилиш далолатномаси уч нусхада тузилади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланганидан сўнг бир нусхаси комиссияда сақлаш учун қолдирилади, иккинчи нусхаси рекультивация қилинган ерни топширган жисмоний ёки юридик шахсга, учинчи нусхаси рекультивация қилинган ерни қабул қилаётган юридик ёки жисмоний шахсга топширилади.

          

Комиссия аъзолари:

         










(Ф.И.О.)


(лавозими)


(имзоси)










(Ф.И.О.)


(лавозими)


(имзоси)










(Ф.И.О.)


(лавозими)


(имзоси)

        

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 1 май













































































Время: 0.2390
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск