ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш /

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.04.2023 й. 171-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 29 апрелдаги

171-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш

ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш

давлат тизими тўғрисида

НИЗОМ

            

          

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

         

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг (кейинги ўринларда - ФВДТ) таркибини, асосий мақсади ва вазифаларини, ташкилий-функционал тузилмасини ҳамда фаолият кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. ФВДТнинг таркиби аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида ваколатларга эга бўлган ёки ушбу соҳада мажбуриятлар юкланган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг таркибий бўлинмалари, кучлари ва воситаларидан иборат.


3. ФВДТ таркибига кирувчи республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаро муҳофазаси бошлиғи, фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруқлари, кўрсатмалари ва ушбу Низом асосида олиб боради.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида мазкур Низомда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар (кейинги ўринларда - фавқулодда вазиятлар) - муайян ҳудудда одамлар қурбон бўлишига, одамларнинг соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотларга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий офат ёхуд бошқа офат натижасида, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши натижасида юзага келган вазиятлар;


фавқулодда вазиятларни бартараф этиш - фавқулодда вазиятлар рўй берганда ўтказиладиган ҳамда одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлигини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорларини камайтиришга, шунингдек, фавқулодда вазиятлар зоналарининг кенгайишига йўл қўймасликка ҳамда хавфли омиллар таъсирини тугатишга қаратилган қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган ишлар мажмуи;


фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш - аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича тадбирлар мажмуи, воситалар ҳамда усуллар тизими;


фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш - олдиндан ўтказиладиган ҳамда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфини имкон қадар камайтиришга, бундай вазиятлар рўй берган тақдирда эса - одамларнинг ҳаётини асраб қолишга ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорларини камайтиришга қаратилган тадбирлар мажмуи;


ФВДТнинг функционал қуйи тизими - аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича белгиланган функцияларни бажарувчи вазирликлар ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотларни ўз ичига олган қуйи тизим;


ФВДТнинг ҳудудий қуйи тизими - тегишли ҳудудда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича белгиланган функцияларни бажарувчи маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини ўз ичига олган қуйи тизим;


фуқаро муҳофазаси - ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш пайтида ёки шу ҳаракатлар оқибатида юзага келадиган хавфлардан Ўзбекистон Республикаси аҳолисини, ҳудудларини, моддий ва маданий бойликларини муҳофаза қилиш мақсадида ўтказиладиган тадбирлар давлат тизими.



2-БОБ. ФВДТНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ

          

5. ФВДТнинг асосий мақсади фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида ваколатларга эга бўлган ёки ушбу соҳада мажбуриятлар юкланган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан тинчлик ва алоҳида даврда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тадбирлари самарали ташкил этилиши ва амалга оширилишини таъминлашдан иборат.


6. Қуйидагилар ФВДТнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тинчлик ва алоҳида даврда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш;

республика ҳудудида рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни прогноз қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини баҳолаш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан мақсадли ва илмий-техник дастурларни ҳамда тадбирларни режалаштириш ва амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳа бўйича илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш;

ФВДТнинг барча даражадаги бошқарув органлари ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш учун мўлжалланган кучлар ва воситаларнинг доимий тайёрлигини таъминлаш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш, алмашиш, ахборот тайёрлаш ва бериш;

аҳолини, ФВДТ бошқарув органларининг мансабдор шахсларини, қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари, шунингдек, фуқаро муҳофазаси тузилмаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат экспертизаси, назорати ва текширувини амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш;

хорижий давлатлар ҳудудида рўй берган фавқулодда вазиятлар оқибатида жабрланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёрдам кўрсатиш, шунингдек уларни ва ҳалок бўлганларни эвакуация қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга ошириш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида фуқароларнинг, шу жумладан, уларни бартараф этишда бевосита қатнашган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини таъминлаш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш;

рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан суғурта қилишнинг мақбул тизимини таъминлаш.



3-БОБ. ФВДТНИНГ ТАШКИЛИЙ-ФУНКЦИОНАЛ

ТУЗИЛМАСИ

         

7. ФВДТнинг ташкилий-функционал тузилмаси мазкур Низомга иловага мувофиқ белгиланади.


8. ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимлари ҳамда ахборот-бошқарув тузилмасидан иборат бўлиб, республика, маҳаллий ва объект даражаларига эга.


9. ФВДТнинг ҳар бир даражаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

ФВДТ бошқарув органлари;

ФВДТ тезкор-бошқарув органлари;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш кучлари ва воситалари;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари;

фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида хабар бериш ва хабардор қилишнинг автоматлаштирилган тизимлари.


10. ФВДТнинг ҳудудий қуйи тизимлари ўз маъмурий ҳудудлари доирасида аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилади ҳамда тегишли туманлар ва шаҳарлар миқёсидаги бўғинлардан иборат бўлади.

ФВДТ ҳудудий қуйи тизимларининг вазифалари, уларни ташкил этиш, кучлари ва воситалари таркиби, фаолият кўрсатиш тартиби мазкур Низом, маҳаллий геофизик ва табиий-иқлим шароитларини, хавф даражаси юқори объектларнинг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиладиган ушбу қуйи тизимлар тўғрисидаги низомлар билан белгиланади.

Ҳудудий қуйи тизимлар тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (кейинги ўринларда - ФВВ) билан келишган ҳолда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан, шунингдек, мос равишда ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқарма (бўлим)лари билан келишган ҳолда туман (шаҳар)лар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.


11. ФВДТнинг функционал қуйи тизимлари республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича белгиланган функцияларни бажариш, шунингдек, идоравий мансуб объектларда уларнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун ташкил этилади ҳамда ФВДТ хизматларидан, қуйи тизимларнинг давлат назорати органлари, кучлари ва воситаларидан иборат бўлади.

ФВДТ функционал қуйи тизимларининг вазифалари, уларни ташкил этиш, кучлари ва воситалари таркиби, фаолият кўрсатиш тартиби мазкур Низом, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича функциялари, хавф даражаси юқори бўлган идоравий мансуб объектлардаги ишлаб чиқариш технологияларининг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиладиган ушбу қуйи тизимлар тўғрисидаги низомлар билан белгиланади ҳамда ФВВ билан келишган ҳолда тегишли республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари томонидан тасдиқланади, Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ тасдиқланувчи ихтисослашган хизматлар ва авария-қутқарув тузилмалари тўғрисидаги низомлар бундан мустасно.


12. ФВДТнинг ахборот-бошқарув тузилмаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

ФВВнинг Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва бошқариш миллий маркази;

ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг ахборот-таҳлил марказлари;

атроф табиий муҳит ва хавф даражаси юқори бўлган объектлар ҳолатини кузатиш ва назорат қилиш органларининг ахборот марказлари;

турғун (стационар) бошқарув пунктлари;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш кучлари ва воситаларини бошқаришнинг ҳаракатдаги пунктлари;

ФВДТнинг ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

алоқа ва ахборот узатиш воситалари, шу жумладан, бошқариш ва ахборот билан таъминлашнинг автоматлаштирилган тизими.

Ахборот-бошқарув тузилмаси қуйидагиларни таъминлаши лозим:

ФВДТнинг ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг ихтисослашган ҳамда лаборатория назорати ва кузатув тизимидаги бўлинмаларидан олинган сейсмологик, геологик, гидрометеорологик хавфли ҳодисалар, қуруқлик (тупроқ, ер ости)нинг ҳолати ўзгариши, атмосфера (ҳаво муҳити) таркиби ва хоссалари ҳамда гидросфера ҳолатининг ўзгариши билан боғлиқ вазиятлар, саноат ва транспортдаги авариялар ва ҳалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар, эпифитотиялар, радиоактив, кимёвий ва биологик (бактериологик) ҳолат тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш (таҳлил қилиш ва сақлаш);

ФВДТнинг бошқарув органлари, кундалик бошқарув органлари, кучлари ҳамда аҳолини фавқулодда вазиятлар хавфи ёки рўй берганлиги, фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши ҳолатлари, хусусиятлари, ривожланиш кўламлари ва кечиши, юз бериши мумкин бўлган оқибатлари, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тартиби тўғрисида хабардор қилиш ва маълумот (ахборот) бериш;

ФВДТ қуйи тизимлари ва бўғинлари, бошқарув органлари, бошқарув пунктлари, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун кучлар ўртасида ўзаро ахборот ва маълумот алмашинувини таъминлаш.

Фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги ахборотларнинг мезонлари, мазмуни ва турлари, уларни ФВДТ қуйи тизимлари ва бўғинларига, шунингдек, аҳолига етказиш муддатлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси бошлиғи томонидан тасдиқланган давлат бошқаруви органлари, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар ўртасида фавқулодда вазиятлар масалалари бўйича кундалик ҳамкорлик қилиш ва хабар бериш йўриқномаси асосида амалга оширилади.


13. ФВДТ бошқарув органлари қуйидагилардан иборат:

республика даражасида - ФВВ марказий аппарати, ФВДТ таркибига кирувчи республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар марказий (бошқарув) аппаратларининг ваколатига аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш кирадиган бўлинмаларидан;

маҳаллий даражада - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар фавқулодда вазиятлар бўлимлари, ташкилотларнинг ваколатига аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш кирадиган бўлинмаларидан;

объект даражасида - объектлар маъмурияти ҳамда уларнинг ваколатига аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги вазифаларни бажариш кирадиган таркибий бўлинмалари (хизматлари, шубалари ёки махсус тайинланган мансабдор шахслари).

ФВДТ, унинг қуйи тизимлари ва бўғинларининг фаолиятини ташкил этиш, аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича уларга белгиланган вазифалар ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш тегишли ФВДТ бошқарув органларига юкланади.


14. ФВДТ тезкор-бошқарув органлари - ФВДТ функционал ва ҳудудий қуйи тизимлари ҳамда уларнинг бўғинларидаги тезкор бошқарувни амалга оширувчи бўлинмалардир, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

республика даражасида - ФВВнинг Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва бошқариш миллий маркази, ФВДТ таркибига кирувчи республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар марказий (бошқарув) аппаратларининг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

маҳаллий даражада - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг тезкор-бошқарув марказлари, шаҳарлар ва туманлар фавқулодда вазиятлар бўлимларининг тезкор-бошқарув гуруҳлари, ташкилотларнинг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

объектлар даражасида - объектларнинг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

тегишли равишда ҳар бир даражадаги ФВДТ бошқарув органларининг фавқулодда вазиятларни бартараф қилиш кучлари ҳамда воситаларини бошқариш стационар ва ҳаракатдаги пунктлари.

ФВДТ тезкор-бошқарув органлари тегишли бошқарув органининг доимий жойлашув пунктларида, фавқулодда вазиятлар рўй берганда эса - фавқулодда вазиятларни бартараф қилиш кучлари ва воситаларини бошқариш стационар ва ҳаракатдаги пунктларида ташкил этилади. Улар олдиндан тегишли хабар бериш, алоқа, ахборотни қайта ишлаш ва узатишнинг тегишли техник воситалари билан жиҳозланади ҳамда ўзларига юкланган вазифаларни бажаришга доимий тайёр ҳолатда сақланади.

Тезкор-бошқарув органлари фавқулодда вазият рўй бериши хавфи тўғрисида огоҳлантириш маълумотларини ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича бошқарув қарорларини қабул қилиш бўйича тавсияларнинг ФВДТ бошқарув органларига тезкор тақдим этилишини таъминлайди.


15. Қуйидагилар республика даражасидаги ФВДТ бошқарув органларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фавқулодда вазиятлар шароитларида иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ўта муҳим ва хавф даражаси юқори бўлган объектлар фаолияти барқарорлигини оширишга қаратилган ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини имкон қадар камайтирувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга раҳбарлик қилиш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида республика мақсадли ва илмий-техник дастурларини ишлаб чиқишни ташкил этиш ва бажарилишини таъминлаш;

аҳолини фавқулодда вазият рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида хабардор қилишнинг автоматлаштирилган тизимини бюджет маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан яратиш ва уни доимий тайёр ҳолатда сақлаш;

бошқариш ва ахборотни узатиш учун умумий фойдаланиладиган телекоммуникациялар, ҳудудий тармоқлардан ва телекоммуникацияларнинг идоравий тармоқларидан, радио, телевидение ва бошқа техник воситалардан марказлаштирилган ҳолда фойдаланишни таъминлаш;

кимёвий, ёниш, портлаш ва бошқа хавф даражаси юқори бўлган объектларда, шу жумладан, сув омборларининг гидротехника иншоотларида уларнинг техник ҳолатини автоматик кузатиш, ёнғин ва бошқа хавфлардан дарак берувчи тизимларни, шунингдек, ушбу объектларда ва уларга ёндош ҳудудларда аҳолига хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказишнинг автоматлаштирилган тизимларини лойиҳалаштириш ва яратишни назорат қилиш;

фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогноз қилиш ягона тизимида тегишли вазифаларни бажариш;

ФВДТ бошқарув органлари, бошқарув пунктлари, ФВДТ кучлари ва воситаларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлигини таъминлаш;

рўй берган фавқулодда вазиятлар, уларнинг ривожланиш кўламлари ва кечиши, бўлиши мумкин бўлган оқибатлари ҳамда фавқулодда вазиятларни бартараф этишга оид қабул қилинаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотларнинг тўпланишини ва алмашинишини ҳамда етказилишини таъминлаш ва назорат қилиш;

қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни, шу жумладан, зарар кўрган аҳолининг ҳаёт шароитларини таъминлаш ишларини, эвакуация ишларини амалга оширишга оид тадбирларнинг бажарилишини таъминлаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб қилинадиган ФВДТ функционал қуйи тизимлари кучлари ва воситаларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ва ишларини ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун республика (идоравий) молиявий ва моддий ресурслар захирасини, шунингдек, ФВДТнинг махсус суғурта жамғармасини ташкил этишга ва ундан фойдаланишга раҳбарлик қилиш;

фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга доир тадбирларни амалга оширишни ташкил этиш;

идоравий мансуб объектларнинг раҳбарлари таркиби ва кучлари, шунингдек, ходимларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишини ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашни мувофиқлаштириш;

ишлаб чиқариш ва технологиялар хавфсизлиги, шунингдек, ходимларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишнинг тармоқ нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқишда қатнашиш.


16. Қуйидагилар маҳаллий даражадаги ФВДТ бошқарув органларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, фавқулодда вазиятлар шароитларида хавф даражаси юқори бўлган объектларнинг барқарор ишлаш имкониятини оширишга доир ташкилий ва муҳандислик-техник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳудудий (вилоят) мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

аҳолини фавқулодда вазият рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида хабардор қилишнинг автоматлаштирилган тизимининг маҳаллий даражасини ташкил этиш ва доимий тайёр ҳолатда сақлаш;

бошқариш ва ахборотни узатиш учун умумий фойдаланиладиган телекоммуникациялар ҳудудий тармоқларидан ва телекоммуникацияларнинг идоравий тармоқларидан, радио, телевидение ва бошқа техник воситалардан марказлаштирилган ҳолда фойдаланилишини таъминлаш;

ФВДТнинг манфаатдор функционал қуйи тизимлари билан биргаликда кимёвий, ёниш, портлаш ва бошқа хавф даражаси юқори бўлган объектларда, шу жумладан, сув омборларининг гидротехника иншоотларида уларнинг техник ҳолатини автоматик кузатиш, ёнғин ва бошқа хавфлардан дарак берувчи тизимларни, шунингдек, ушбу объектларда ва уларга ёндош ҳудудларда аҳолини фавқулодда вазият рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида хабардор қилишнинг автоматлаштирилган тизимининг локал даражасини яратиш ва уларнинг доимий шайлигини таъминлаш;

фавқулодда вазиятларга олиб келувчи хавфли табиий, техноген ва экологик жараёнларнинг ривожланиш эҳтимолини, хусусиятлари ҳамда кўламини, шунингдек, рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни прогноз қилиш;

ФВДТ бошқарув органлари, бошқарув пунктлари, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ҳаракатларга кучлар ва воситаларнинг доимий тайёрлигини таъминлаш;

рўй берган фавқулодда вазиятлар, уларнинг ривожланиш кўламлари ва кечиши, келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлари, уларни бартараф этишга доир кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотларни тўплаш, алмашиш ва улар тўғрисида ўз вақтида хабар қилиш;

ФВДТ ҳудудий қуйи тизимлари кучлари ва воситаларининг, шунингдек, кўнгилли тузилмалар, қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг фавқулодда вазиятлар чоғида қутқарув ишларини ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга оширишига раҳбарлик қилиш ва ҳаракатларининг уйғунлигини таъминлаш, волонтёрлар ҳамда меҳнатга лаёқатли аҳолини ушбу ишларга жалб қилишни ташкил этиш;

аҳолини эвакуация қилиш (вақтинча олиб чиқиш)ни, эвакуация қилинган аҳолини жойлаштиришни, яшаш шароитини таъминлашни ва фавқулодда вазиятлар бартараф этилгач уларнинг доимий яшаш жойларига қайтишини режалаштириш ва амалга ошириш;

хавфли зоналардаги аҳоли пунктларида ва хўжаликларда яшовчиларни хавфсиз жойларга доимий яшаш учун кўчириш ҳамда уларнинг яшаш шароитини ҳар томонлама таъминлаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш, улардан самарали фойдаланиш ва уларни қайта тиклашни таъминлаш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тадбирларини молиялаштириш;

ФВДТ хизматлари ва тузилмаларини, қутқарув тузилмалари ва қутқарув хизматларини белгиланган тартибда ташкил этиш;

фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга доир тадбирларни амалга ошириш;

фуқароларни, уларнинг уй-жойи ва мол-мулкини мақсадли суғурта қилишни ташкил этиш ҳамда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан суғурталанган ҳимояси самарадорлигини таъминлаш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва суғурта ташкилотларининг биргаликдаги фаолияти бўйича тадбирларни амалга ошириш;

аҳолини, ФВДТ бошқарув органларининг мансабдор шахсларини, кучлар ва воситаларни фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашга раҳбарлик қилиш.


17. Қуйидагилар объектлар даражасидаги ФВДТ бошқарув органларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, объектларнинг барқарор ишлаши имкониятини оширишга доир тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга раҳбарлик қилиш;

техноген авариялар ва бошқа турдаги фавқулодда вазиятларга олиб келиши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш, улар рўй берганда оқибатларини прогноз қилиш ҳамда уларни бартараф этиш тадбирларини режалаштириш мақсадида автоматик кузатиш, ёнғин ва бошқа хавфлардан дарак берувчи ва назорат тизимларини кенг жорий этиш, кунлик мониторинг ва кузатув ишларини назорат қилиш;

объектларда ва уларга ёндош ҳудудларда аҳолига хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказишнинг автоматлаштирилган тизимининг локал ва объект даражаларини яратиш ишларини ташкил этиш;

ФВДТ бошқарув органларининг, объектлар кучлари ва воситаларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлигини таъминлаш;

ахборот тўплашни таъминлаш ва назорат қилиш, юзага келган фавқулодда вазият, унинг ривожланиш кўламлари ва кечиши, келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлари, фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар ва зарур ёрдам тўғрисида юқори органларга маълумот бериш;

қутқарув хизматлари, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларини белгиланган тартибда ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тадбирлари бажарилишини, объектнинг зарар кўрган ходимларини ва объект яқинида яшайдиган аҳолини эвакуация қилиш ва ҳаёт шароитларини таъминлаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш, улардан самарали фойдаланиш ва уларни қайта тиклашни таъминлаш;

хавф даражаси юқори бўлган объектлар учун техник ҳужжатлар нусхаларини яратиш ва сақлаш ишларини ташкил этиш;

объектларнинг хавфсизлигини паспортлаштириш ва декларациялаш, табиий ва техноген хавфи юқори бўлган зоналар чегараларини белгилаш.


18. ФВДТнинг кучлари ва воситалари қуйидагилардан иборат бўлади:

фуқаро муҳофазаси қўшинлари;

ФВВга тўғридан-тўғри ҳамда тезкор бўйсунувчи республика ихтисослаштирилган ва қутқарув тузилмалари;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг профессионал ихтисослаштирилган бўлинмалари ва тузилмалари, республика, маҳаллий ва объектлар даражасида ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи тизимларининг хизматлари, қутқарув хизматлари, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари.

ФВДТ кучлари ва воситалари белгиланган вазифаларни Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг кўнгиллилар отрядлари (командалари, гуруҳлари), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги "Маҳалла фуқаро муҳофазаси" йиғма гуруҳлари, "Ватанпарвар" мудофаага кўмаклашувчи ташкилоти билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


19. Фуқаро муҳофазаси қўшинлари ФВВга бўйсунади ҳамда ўз тезкор йўналишларига мувофиқ алоҳида даврда республиканинг муҳим мудофаа ва саноат объектларида фавқулодда вазиятларни тугатишга доир ишларни олиб боради.

Фуқаро муҳофазаси қўшинлари йирик кўламдаги ишлаб чиқариш авариялари, ҳалокатлар, табиий офатлар шароитида қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш ва махсус приборлар, техникалар, асбоб-ускуналар ва тайёрланган мутахассисларни талаб этувчи фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондонининг фармойишига асосан жалб этилиши мумкин.


20. ФВВга тўғридан-тўғри бўйсунувчи қутқарув тузилмалари малакали мутахассислар билан бутланган ва махсус техника, асбоб-ускуналар, аслаҳа-анжомлар ва бошқа қутқариш воситалари билан жиҳозланган, қутқарув ишларини автоном режимда камида 72 соат ичида амалга оширишга мўлжалланган, доимий шай ҳолатдаги қутқарув тузилмаларини ўз ичига олади.


21. ФВВга тезкор бўйсунувчи республика ихтисослаштирилган ва қутқарув тузилмалари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Махсус авария-тиклаш бошқармасини, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказини ва унинг филиалларини, Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясининг қидирув-қутқарув ҳаво кемаларини, қидирув ва авария-қутқарув хизматлари ва тузилмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда ҳудудий транспорт бошқармалари томонидан жалб қилинадиган автотранспорт воситалари ва ташкил этиладиган автосанитар колонналари, шунингдек, фавқулодда вазиятларни тугатишга, ФВДТ кучлари ҳаракати ва тадбирларини таъминлашга мўлжалланган ФВДТ функционал қуйи тизимларининг бошқа таркибий бўлинмаларини ўз ичига олади.

Тезкор бўйсунадиган тузилмаларнинг вазифалари, тайёрланиш муддатлари, уларни жалб этиш тартиби ушбу тузилмаларнинг ФВВ билан келишилган ҳаракат режаларида ҳамда ФВДТ тегишли функционал қуйи тизимлари билан тузилган шартномаларда белгиланади.


22. Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳарбийлаштирилган ва профессионал авария-қутқарув, авария-тиклаш ва бошқа ихтисослаштирилган бўлинмалари идоравий мансуб объектларда ишлаб чиқариш-технология авариялари ва ҳалокатлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, шунингдек, эпидемиялар, эпизоотиялар ва эпифитотиялар юзага келганда махсус вазифаларни ҳал этиш учун мўлжалланган.

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг ёнғин, кон, газ-қутқарув, қурилиш, қурилиш-монтаж, тиббиёт ва бошқа ихтисослаштирилган бўлинмалари ва ташкилотлари негизида фавқулодда вазиятларнинг тарқалишини чеклаш ҳамда уларнинг оқибатларини тугатиш бўйича биринчи навбатдаги ишлар учун доимий тайёргарликдаги идоравий тузилмалар тузилиши мумкин.

Доимий тайёргарликдаги идоравий тузилмалар идорадан ташқари авария объектларидаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларига амалдаги харажатлар қопланган ҳолда шартнома асосида жалб этилади.


23. Ҳудудий қуйи тизимлар ва уларнинг бўғинларида аҳолини ва ҳудудларни рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, йирик техноген авариялар, ҳалокатлар ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этишга доир вазифаларни бажариш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг қарорлари билан геофизик, табиий-иқлим ва бошқа маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда, қурилиш, қурилиш-монтаж, автокорхоналар ва бошқа ташкилотлар негизида маҳаллий давлат органларининг умумий ва махсус вазифаларни бажаришга мўлжалланган ҳудудий тузилмалари ташкил этилади.


24. Хавф даражаси юқори бўлган объектларда ушбу объектлар раҳбарларининг қарорлари билан мавжуд ихтисослаштирилган хизматлар ва бўлинмалар (қурилиш, кимё, тиббий ва бошқалар) негизида бевосита объектларда кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш учун штатдан ташқари ихтисослаштирилган тузилмалар ташкил этилади.


25. Йирик кўламли фавқулодда вазиятлар юзага келганда, тезкор қутқарув ишларини бажариш ҳамда зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардиянинг Радиацион, кимёвий, биологик муҳофаза ҳамда махсус авария-тиклаш бошқармаси, муҳандислик-сапёр ва бошқа ҳарбий бўлинмалари, ҳарбий-транспорт авиацияси ҳамда ҳарбий-тиббий хизмат муассасалари жалб этилиши мумкин.



4-БОБ. ФВДТНИНГ ФАОЛИЯТ

КЎРСАТИШИ ТАРТИБИ

           

26. Прогноз қилинган ёки рўй берган фавқулодда вазиятнинг кўлами ва ҳолатига қараб ФВДТ муайян ҳудудда қуйидаги режимлардан бирида фаолият юритади:

кундалик режим - муайян ҳудудда, объектда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи мавжуд бўлмаганда;

юқори тайёргарлик режими - фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи мавжуд бўлганда;

фавқулодда вазият режими - фавқулодда вазиятлар рўй берганда ва фавқулодда вазиятлар даврида.

ФВДТ фаолиятининг юқори тайёргарлик ва фавқулодда вазият режимлари рўй берган фавқулодда вазиятнинг турига қараб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг, шунингдек тегишли объектлар раҳбарларининг қарорлари билан жорий этилади.

ФВДТ фаолиятининг юқори тайёргарлик ва фавқулодда вазият режимларини жорий этиш бўйича қарорда:

тегишли фаолият режимини жорий этиш учун асос бўлган ҳолат;

фавқулодда вазият рўй бериши мумкин бўлган ҳудуд чегаралари ёки фавқулодда вазият ҳудудининг чегаралари;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун жалб этиладиган кучлар ва воситалар;

фавқулодда вазиятларни келтириб чиқариши мумкин бўлган омилларни ёки рўй берган фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича чоралар;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш учун масъул мансабдор шахслар ёки фавқулодда вазиятни бартараф этиш тадбирларининг раҳбари белгиланади.

Фавқулодда вазият режимини жорий этишда фавқулодда вазиятлар турлари, шунингдек, аҳолининг ҳаёт фаолияти хавфсизлигига таъсир кўрсатувчи бошқа омиллар ҳамда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш учун қўшимча талаб этиладиган чора-тадбирлардан келиб чиқиб, фавқулодда вазиятларни бартараф этишнинг қуйидаги даражаларидан бири амалга киритилади:

а) объект даражасида бартараф этиш;

б) маҳаллий даражада бартараф этиш;

в) республика ва трансчегаравий даражада бартараф этиш.


27. Қуйидагилар ФВДТ фаолият кўрсатиш режимларида амалга ошириладиган асосий тадбирлар ҳисобланади:

а) кундалик фаолият режимида:

атроф табиий муҳитнинг ҳолати, хавф даражаси юқори бўлган объектлардаги ва уларга туташ ҳудудлардаги вазият устидан назорат қилиш ҳамда кузатиш, рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни прогноз қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини баҳолаш;

фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ахборотни тўплаш, таҳлил қилиш ва алмашиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича мақсадли ва илмий-техник дастурлар ҳамда тадбирларни режалаштириш ва амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга доир тадбирларни режалаштириш;

аҳолининг барча қатламларини фавқулодда вазиятларда муҳофазаланиш усулларига ва ҳаракат қилишга ўргатиш;

аҳолига хабар беришнинг ва уни хабардор қилишнинг автоматлаштирилган тизими шайлигини таъминлаш ҳамда назорат қилиш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш ҳамда уларнинг ўрнини тўлдириб бориш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат экспертизаси, назорати ва текширувини амалга ошириш;

суғуртанинг мақсадли турларини амалга ошириш;

б) юқори тайёргарлик режимида:

фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфи тўғрисида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларга хабар бериш, шунингдек, аҳолини хабардор қилиш;

атроф табиий муҳитнинг ҳолати, хавф даражаси юқори бўлган объектлардаги ва уларга туташ ҳудудлардаги вазият устидан мониторингни кучайтириш, фавқулодда вазиятларнинг рўй бериши эҳтимолини, кўламлари ҳамда оқибатларини прогноз қилиш;

фавқулодда вазиятлар рўй бериши мумкин бўлган ҳудудларда уларнинг рўй бериши хавфини баҳолаш учун тезкор гуруҳларни ташкил этиш, таҳдид солувчи омилларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

рўй бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича тезкор тадбирларни ва, зарур бўлганда, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилишни амалга ошириш;

фавқулодда вазиятлар шароитларида аҳолини ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, турар жой биноларининг, ҳаёт таъминоти тизимларининг, объектлар ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш чораларини кўриш;

ФВДТ таркибига кирадиган давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларининг кеча-кундуз навбатчилигини ташкил этиш;

ФВДТга таркибига кирадиган давлат органлари ва ташкилотларнинг тезкор бошқарув бўлинмалари ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш;

ФВДТ кучлари ва воситаларини шай ҳолатга келтириш, фаолиятни юқори тайёргарлик режимига ўтказиш, уларнинг ҳаракатлари режаларини аниқлаштириш ҳамда зарур бўлганда, уларни фавқулодда вазиятлар рўй бериши мумкинлиги тахмин қилинаётган ҳудудга йўналтириш;

в) фавқулодда вазият режимида:

фавқулодда вазиятлар рўй берганлиги ҳақида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларга хабар бериш, шунингдек, аҳолини хабардор қилиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир режаларни амалга киритиш;

аҳолининг, моддий ва маданий қимматликларнинг хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинишини ташкил этиш;

фавқулодда вазият зонасининг чегараларини белгилаш, ўраб олиш (тўсиб қўйиш), унга кириш-чиқиш режимини ва унда ҳаракатланиш режимини белгилаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун кучларни жалб этиш, мазкур тузилмалар томонидан фавқулодда вазиятларнинг кенгайишига йўл қўймасликка ва уларнинг бирламчи сабабларини бартараф этишга доир ишларни, қутқарув ишларини ҳамда кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни амалга ошириш;

иқтисодиёт объектларининг барқарор фаолият кўрсатишини, шунингдек, жабрланган аҳолининг ҳаёт фаолияти шароитларини таъминлаш ишларини ташкил этиш;

фавқулодда вазиятлар зоналарида атроф табиий муҳитнинг ҳолати, авария объектларидаги ва уларга туташ ҳудудлардаги вазият юзасидан мониторинг олиб бориш;

эвакуация қилинган аҳолини вақтинчалик жойлаштириш ва унинг ҳаёт фаолиятини таъминлаш, тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш ҳамда аҳолининг вақтинча бандлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш;

фавқулодда вазиятлар зоналарида эпидемияга қарши ва санитария-гигиена тадбирларини бажариш;

биринчи навбатда инфратузилма объектларини тиклаш, ижтимоий аҳамиятга молик объектларнинг фаолиятини йўлга қўйиш;

жабрланган аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш, жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш бўйича тадбирларни амалга ошириш.


28. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун қуйидаги маблағлардан фойдаланилади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ва давлат захирасининг моддий ресурслари захираси - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан;

идоравий молиявий ва моддий ресурсларнинг захираси - ФВДТ функционал қуйи тизимларининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг молиявий ва моддий ресурслари захираси - Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан;

объектларнинг молиявий ва моддий ресурслари захираси - ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан;

халқаро ташкилотлар ва хорижий донорларнинг мурувват ёрдами.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг табиий офатлардан зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун биринчи навбатда зарур бўлган товарлар омборлари ва захиралари тизимларидан унинг розилиги билан фойдаланиш мумкин.


29. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишлари ФВВнинг ҳарбий, ихтисослаштирилган ёнғин-қутқарув бўлинмалари, ФВДТ таркибига кирувчи давлат органлари ва ташкилотларнинг тегишли тузилмалари ҳамда бўлинмаларининг кучлари ва воситалари билан амалга оширилади.


30. Фавқулодда вазиятларни бартараф этишга доир ишларга раҳбарлик қилиш:

локал фавқулодда вазиятларда - ҳудудида фавқулодда вазият рўй берган ташкилотнинг раҳбари белгилаган масъул ходим томонидан;

маҳаллий миқёсдаги фавқулодда вазиятларда - махсус ваколатли давлат органи ҳудудий бўлинмасининг раҳбари ёки рўй берган фавқулодда вазиятнинг хусусиятига қараб, тегишли соҳадаги республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳудудий бўлинмаси раҳбари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг қарорига асосан;

республика миқёсидаги ва трансчегаравий фавқулодда вазиятларда - махсус ваколатли давлат органининг раҳбари ёки рўй берган фавқулодда вазиятнинг хусусиятига қараб, тегишли соҳадаги республика ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан амалга оширилади.


31. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун ресурслар етарли бўлмаган тақдирда, улар объект маъмурияти, ФВДТ функционал ва ҳудудий қуйи тизимлари раҳбарларининг илтимосномасига биноан ФВДТнинг республика даражасидаги бошқарув органлари захираларидан ажратилиши мумкин.


32. Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича дастурларни молиялаштириш, тармоқлар ва объектларнинг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳар бир даражада тегишли бюджетлар, ФВДТнинг функционал ва ҳудудий қуйи тизимлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича тадбирларни маблағ билан таъминлаш фавқулодда вазиятлар зоналарида жойлашган объектларнинг маблағлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджетлари ҳамда ФВДТнинг функционал ва ҳудудий қуйи тизимлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Кўрсатилган маблағлар мавжуд бўлмаган ёки етарли бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан маблағлар ажратилади.


33. Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар юзага келганда зиён ва зарарлар миқдорини камайтириш бўйича олдиндан чоралар кўриш мақсадида республика ва идоравий ҳаракат қилиш режалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва объектларнинг ҳаракат қилиш режалари, шунингдек, ФВДТнинг барча даражаларида ўзаро ҳамкорликда ҳаракат қилиш режалари ишга солинади.


34. ФВДТ ҳаракатларини режалаштиришга ташкилий-методик раҳбарлик қилишни ФВВ амалга оширади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

         

35. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

         

           




Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва

бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг

ТАШКИЛИЙ-ФУНКЦИОНАЛ ТУЗИЛМАСИ

           



Бошқарув

органлари


Тезкор-бошқарув

органлари


Фавқулодда вазиятларни

бартараф қилиш кучлари

ва воситалари


Фавқулодда вазиятларни

бартараф қилиш учун

молиявий ва моддий

ресурслар захиралари

     










Республика даражаси


- Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (кейинги ўринларда - ФВВ) марказий аппарати;

- ЎЗбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими (кейинги ўринларда - ФВДТ) таркибига кирувчи республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар марказий аппаратлари (бошқарув органлари).

      


- ФВВнинг Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва бошқариш миллий маркази;

- ФВДТ таркибига кирувчи республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар марказий аппаратларининг (бошқарув органларининг) навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

- стационар ва ҳаракатдаги бошқарув пунктлари.


- Фуқаро муҳофазаси қўшинлари;

- ФВВга тўғридан-тўғри ҳамда тезкор бўйсунувчи республика ихтисослаштирилган ва қутқарув тузилмалари;

- қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари;

- умумий ва махсус вазифали тузилмалар.


- Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасининг маблағлари ва давлат захираси моддий ресурслари захираси;

- молиявий ва моддий ресурсларнинг идоравий захиралари;

- халқаро ташкилотлар ва хорижий донорларнинг мурувват ёрдами;

- Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг омборлар ва захиралар тизими.










Маҳаллий даража


- маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари;

- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар фавқулодда вазиятлар бўлимлари;

- ташкилотларнинг ваколатли бўлинмалари.



- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг тезкор-бошқарув марказлари;

- шаҳарлар ва туманлар фавқулодда вазиятлар бўлимларининг тезкор-бошқарув гуруҳлари;

- ташкилотларнинг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

- стационар ва ҳаракатдаги бошқарув пунктлари.

         


- қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари;

- умумий ва махсус вазифали тузилмалар.


- маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг молиявий ва моддий ресурслари захиралари;

- халқаро ташкилотлар ва хорижий донорларнинг мурувват ёрдами;

- Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамиятининг омборлар ва захиралар тизими.










Объектлар даражаси


- объектларнинг маъмурияти ва ваколатли таркибий бўлинмалари.



- объектларнинг навбатчилик-диспетчерлик хизматлари;

- стационар ва ҳаракатдаги бошқарув пунктлари.



- қутқарув тузилмалари;

- махсус вазифали тузилмалар;

- фуқаро муҳофазаси тузилмалари.



- объектларнинг молиявий ва моддий ресурслари захиралари;

- тегишли юқори ташкилотнинг молиявий ва моддий ресурсларининг идоравий захиралари.

          

            

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 1 май





















































































Время: 0.0267
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск