ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Малака ошириш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.05.2023 й. 179-сон "Архитектура, қурилиш, муҳандислик соҳалари раҳбар ва мутахассислари ҳамда ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.05.2023 й.

N 179




АРХИТЕКТУРА, ҚУРИЛИШ,

МУҲАНДИСЛИК СОҲАЛАРИ РАҲБАР

ВА МУТАХАССИСЛАРИ ҲАМДА ИШЧИ КАСБ

ЭГАЛАРИНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 8 ноябрдаги ПҚ-416-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек архитектура, қурилиш, муҳандислик соҳалари раҳбар ва мутахассислари ҳамда ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 8 ноябрдаги ПҚ-416-сон қарорига мувофиқ архитектура, қурилиш, муҳандислик соҳалари раҳбар кадрлари, мутахассислари ва ишчи касб эгаларини қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида:

Тошкент архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Қурилиш соҳасидаги менежерларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази негизида Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузурида Касбий фаолиятни ривожлантириш маркази;

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Архитектура-қурилиш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда Жиззах политехника институти қошидаги Архитектор-лойиҳачилар ва қурувчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази негизида Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳузурида Касбий фаолиятни ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда - марказлар) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар марказларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнига инновацион технологиялар ҳамда илғор хорижий тажрибани жорий этишга мўлжалланган малака талаблари, ўқув режаси ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш;

халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг аккредитациясидан ўтган ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг ўқув-методик ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

соҳадаги етакчи профессор-ўқитувчилар, маҳаллий конструкторлик-технологик муассасалар ва республикадаги йирик лойиҳалаш ташкилотларининг тажрибали амалиётчи мутахассисларини таклиф этган ҳолда, соҳадаги юқори ва инновацион технологияларга асосланган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш;

шартнома асосида тегишли йўналишлар бўйича хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларига жалб этиш;

таълим ва ишлаб чиқариш бўйича ўзаро ҳамкорликни таъминлаб, қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнини, шу жумладан, кўчма машғулотларни замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган ташкилотлар базасида ташкил этиш;

хорижий ҳамкор ташкилот ва олий таълим муассасалари билан биргаликда талабаларнинг архитектура, қурилиш, муҳандислик, дизайн йўналишлари бўйича халқаро касбий сертификатларни олишини йўлга қўйиш;

умумэътироф этилган халқаро таълим стандартлари ва талаблари, илғор педагогик, ахборот-коммуникация ва инновация технологиялари асосида ўқув жараёнини сифатли ташкил этиш;

архитектура ва қурилиш соҳасининг илғор ютуқлари, масофадан ўқитиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда малака оширишнинг инновацион шаклларини жорий этиш, ўқув-методик ресурсларни ишлаб чиқиш, таълим дастурларини такомиллаштириш.


3. Белгилаб қўйилсинки:

марказлар давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади;

Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузуридаги Касбий фаолиятни ривожлантириш маркази - Тошкент архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Қурилиш соҳасидаги менежерларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказининг, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳузуридаги Касбий фаолиятни ривожлантириш маркази - Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Архитектура-қурилиш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

марказларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тегишлича Тошкент архитектура-қурилиш университети, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ректорлари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директорлар раҳбарлик қилади;

марказлар директорлари - олий таълим муассасаси факультети деканига, директор ўринбосарлари - олий таълим муассасаси факультети декани ўринбосарига, марказнинг бошқа ходимлари - олий таълим муассасаларининг тегишли лавозимларига тенглаштирилади;

тегишли ахборот-методик ва ташкилий-техник база мавжуд бўлган тақдирда, қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курслари масофадан ўқитиш усуллари қўлланилган ҳолда ташкил этилади. Бунда масофадан ўқитиш усуллари асосидаги курсларда ўқув машғулотлари онлайн ва офлайн шаклларида ўтказилади;

марказларда малака ошириш Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 майдаги 451-сон қарори билан тасдиқланган Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади;

архитектура, қурилиш, муҳандислик соҳалари раҳбар ва мутахассислари ҳамда ишчи касб эгалари ҳар беш йилда камида бир марта марказларда ташкил этиладиган малака ошириш курсларидан ўтади ва уларни муваффақиятли якунлаган тингловчиларга сертификат тақдим этилади;

таълим жараёнига олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда соҳа бўйича етакчи мутахассислар жалб этилганда, уларга белгиланган тартибда соатбай асосида иш ҳақи тўланади.


4. Қуйидагилар:

Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузуридаги Касбий фаолиятни ривожлантириш маркази Тошкент архитектура-қурилиш университетига тегишли Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Янги шаҳар кўчаси, 9-уй манзилида жойлашган бинога;

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳузуридаги Касбий фаолиятни ривожлантириш маркази Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетига тегишли Самарқанд шаҳар, Лолазор кўчаси, 70-уй манзилида жойлашган бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


5. Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳамда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети кузатув кенгашлари бир ой муддатда марказлар уставини тасдиқласин.


6. Қуйидагилар марказлар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

халқаро грантлар, шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги:

ҳар йили 1 декабрга қадар қурилиш ва архитектура соҳасидаги ташкилотлар ходимлариии қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича буюртмаларни, шу жумладан, тингловчилар контингенти, долзарб мавзу ва йўналишлар бўйича таклифларни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этсин;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқитиш самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида марказлар моддий-техник базаларини мустаҳкамлашга кўмаклашсин.


8. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Ю. Абдурахмонов ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б.И. Закиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 3 май





































Время: 0.0120
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск