ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта-махсус касбий таълим (академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари) /

"Мирзо Улуғбек ворислари" тайёрлов ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилиш ва уларни ўқитиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.05.2023 й. 206-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 19 майдаги

206-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Мирзо Улуғбек ворислари" тайёрлов ўқув

курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул

қилиш ва уларни ўқитиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом талабаларнинг рақамли технологиялар соҳасида малакасини ошириш мақсадида "Мирзо Улугбек ворислари" тайёрлов ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни танлов (кейинги ўринларда - Танлов) асосида қабул қилиш ва уларни ўқитиш тартибини белгилайди.


2. Ўқув курслари қуйидаги йўналишларда ташкил этилади:

ахборот технологияларидан ва коммуникацияларидан фойдаланиш (бошланғич);

математик статистика;

алгоритмлаш асослари;

маълумотларни қайта ишлаш;

дастурлаш тиллари (Phthon);

инглиз тили;

қарор қабул қилиш асослари.

Ўқув курслари жамоа бўлиб ишлаш ва бошқа йўналишлар бўйича ҳам ташкил этилиши мумкин.


3. Ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш "Улуғбек" жамғармаси (кейинги ўринларда - "Улуғбек" жамғармаси) ва Тошкент шаҳридаги Инха университети томонидан тасдиқланадиган тегишли йўналиши бўйича давлат намунасидаги сертификат берилади.


4. Ўқув курсларига ўқишга кириш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар, тест синовлари ҳамда суҳбат жараёнлари иштирокчиларнинг хоҳишига кўра давлат тилида ёки бошқа (рус, инглиз) тилда амалга оширилади.


5. Ўқув курсларига тингловчилар барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов тамойиллари асосида қабул қилинади.


6. Танловда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган шахслар иштирок этади.


7. Ўқув курсларига қабул қилинган республика ҳудудларидаги давлат олий таълим муассасалари талабаларининг ўқиши мос ва турдош йўналишларда Тошкент шаҳрида жойлашган давлат олий таълим муассасаларида академик мобиллик асосида ташкил этилади ҳамда ушбу жараён Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади. Бунда:

уларнинг амалдаги стипендиялари сақлаб қолинади;

ўқув курсларига қабул қилинган талабалар ушбу ўқув курсларида ўқиши давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида ҳар ойда бир маротаба рағбатлантириб борилади;

тингловчилар турар жой билан таъминланади ёки асосий ўқиш жойи бўлган ҳудудлардаги давлат олий таълим муассасалари томонидан белгиланган тартибда ижара тўловларининг бир қисми қоплаб берилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш "Улугбек" жамғармаси (кейинги ўринларда - ташкилотчилар) танловни ташкил этиш бўйича масъул ташкилотлар ҳисобланади.


9. Ўқув курсларига қабул жараёнлари Танлов комиссияси (кейинги ўринларда - Комиссия) томонидан амалга оширилади.

Комиссия таркиби ташкилотчиларнинг таклифларидан келиб чиқиб шакллантирилади ва Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш "Улугбек" жамғармаси томонидан тасдиқланади.

Комиссия тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар вакиллари, мутахассислар ҳамда олимлар (илмий даража ва илмий унвонга эга шахслар) аъзо бўлган камида етти кишидан иборат тоқ миқдордаги таркибда тузилади.

Комиссияга раис бошчилик қилади. Комиссия фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш унинг котиби зиммасига юкланади.

Комиссия ўз фаолиятини коллегиаллик, ошкоралик, холислик ва бетарафлик тамойиллари асосида амалга оширади.



2-БОБ. ЎҚУВ КУРСЛАРИГА ТАНЛОВ

ЖАРАЁНЛАРИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


10. Танловнинг биринчи йилида республика давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичида (барча таълим шакли бўйича) 2-курсни муваффақиятли тамомлаган (академик қарздорлиги бўлмаган) талабалари иштирок этади.


11. Ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилиш жараёни ҳар йили июнь-август ойларида қуйидаги уч босқичда амалга оширилади:

а) биринчи босқич - онлайн ариза ва IQ тест (онлайн тест) топшириш.

Номзодлар танловда иштирок этиш учун онлайн аризани Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш "Улуғбек" жамғармасининг dscience.uz веб-сайти орқали тўлдиради ва ариза қабул қилинганлиги тўғрисидаги SMS-хабар келганидан кейин онлайн тарзда тест топширади.

Ариза қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

номзоднинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (биометрик паспорт ёки ID-карта);

мотивацион хат (соҳага бўлган қизиқиш, ўқув курсларида таҳсил олишдан кўзланган мақсад, тахминий тадқиқот мавзусини ўз ичига олувчи кичик эссе);

номзоднинг айни дамда таълим олаётган олий таълим муассасасидаги академик кўрсаткичлари (асосий эътибор соҳага яқин фанлардаги ўзлаштиришга қаратилади);

2 та тавсиянома:

биринчи тавсиянома номзоднинг таълим йўналиши бўйича қизиқишларини ҳамда шу йўналишдаги салоҳияти ҳақида;

иккинчи тавсиянома умумий характерда (номзоднинг иқтидори ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида таҳсил олаётган олий таълим муассасасининг тегишли йўналиши бўйича профессор-ўқитувчилари томонидан ёзилади) бўлиши керак;

портфолио (олий таълим муассасасида таҳсил олиш даврида ижод маҳсули сифатида қайд этилган ёки ваколатли органда рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома, рўйхатдан ўтказилганлигини исботловчи ҳужжат ёки патентнинг электрон нусхалари, зарур бўлса асли сўралиши мумкин).

Танлов адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида аризани тўлиқ тўлдирган ҳар бир номзодга автоматик ID-рақам тақдим этилади.

Аризага илова қилинаётган ҳар бир ҳужжат алоҳида файл кўринишида "PDF" (portable document format) форматида бўлиши керак ва ҳар бир файл ўлчами 10 Мбдан ошиб кетмаслиги лозим.

"Мирзо Улуғбек ворислари" тайёрлов ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилишнинг биринчи босқичида IQ тест (онлайн тест) топширадилар.

Биринчи босқич натижалари мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ баҳолаш мезонлари асосида 100 баллик тизимда баҳоланади.

Баҳолаш мезонларида кўрсатилган GPA (Grade Point Average) балли, агар олий таълим муассасаларида бошқача тартибда ҳисобланса, баҳолар мос равишда конвертация қилинади.

Бунда, жами 300 нафар энг юқори натижа кўрсатган номзод иккинчи босқичга ўтказилади;

б) иккинчи босқич - имтиҳон. Биринчи босқич натижалари бўйича юқори кўрсаткичга эга бўлган номзодлар салоҳиятини баҳолашга ёрдам берувчи имтиҳондан муваффақиятли ўтишлари лозим.

Иккинчи босқич натижалари қуйидаги мезонлар асосида 100 баллик тизим бўйича баҳоланади:

ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш (бошланғич);

алгоритмлаш ва дастурлаштириш асослари;

мантиқий савол ва масалалар;

математикадан мантиқий масалалар;

математик статистика масалаларини ечиш;

алгебрадан мисоллар ечиш;

тенгламалар ечиш;

комплекс сонлар ва улар устида амаллар.

Мазкур кўрсатилган ҳар бир йўналишлар бўйича максимал балл - 12,5 баллни (юқоридаги 8 та йўналиш бўйича максимал 12,5 баллдан ажратилмоқда жами 100 баллик тизимда) ташкил этади. Комиссия томонидан ташкилотчилар билан келишилган ҳолда ушбу мезонларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Имтиҳон шакли, давомийлиги ва саволлар тўплами малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда Комиссия томонидан тасдиқланади.

Комиссия қарори билан 120 нафар энг юқори натижа кўрсатган номзодлар учинчи босқичда иштирок этишга тавсия этилади;

в) учинчи босқич - суҳбат. Суҳбат Комиссия аъзолари томонидан ўтказилади. Комиссия аъзолари номзодларни ташкилотчилар томонидан учинчи босқич учун тақдим этилган, олдиндан ишлаб чиқилган саволлар асосида суҳбатдан ўтказади. Суҳбат жараёнлари онлайн трансляция қилинади.

Бунда, суҳбат натижалари максимал 100 баллик тизимда баллар қўйиш йўли билан баҳоланади. Суҳбатда қуйидаги мезонлардан келиб чиққан ҳолда саволлар берилади:

- республикада рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушуниш (электрон ҳукумат, рақамли иқтисодиёт, рақамли таълим, телекоммуникация ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар ҳақида тасаввур ва фикрлаш қобилиятининг мавжудлиги).

Ушбу мезон бўйича максимал балл - 25 баллни ташкил этади;

- йўналишни танлашда мотивация (таълим олаётган олий таълим муассасасидаги йўналишининг моҳияти ва ижтимоий аҳамиятини тушуниш, унга доимий қизиқиш билдириш), математика ва ахборот технологиялари (бошланғич дастурлаш) соҳасидаги билим ва кўникмаларининг мавжудлиги (ўз фикрини баён қилиш ва таҳлил қилиш).

Ушбу мезон бўйича максимал балл - 25 баллни ташкил этади;

- шахсий-касбий хусусиятлар:

қарор қабул қилишда мустақиллик даражаси;

мантиқий фикрлаш;

мақсадга ва янгиликларга интилувчанлик;

касбий вазифаларни ҳал қилишда амалий фаолият;

режалаштириш қобилияти;

тақдимот қилиш қобилияти;

мулоқотга киришувчанлик қобилияти;

масъулиятлилик ва интизомлилик;

ўз устида ишлаш ва ижодкорлик қобилиятлари;

стрессга чидамлилик.

Ушбу мезон бўйича максимал балл - 50 баллни, ҳар бир кўрсаткич учун эса максимал 5 баллни ташкил этади.

Суҳбат натижаларини аниқлаш учун Комиссиянинг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил ҳолда, мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ 1 ва 2-жадвал шаклларидаги баҳолаш варақасини тўлдиради ҳамда уни Комиссия котибига тақдим этади. Комиссия котиби Комиссия аъзолари томонидан қўйилган балларнинг ўртача кўрсаткичини ҳисоблаб чиқади.

Суҳбатни ўтказиш давомида номзодга қўшимча саволлар берилиши мумкин. Битта номзод учун суҳбат 30 дақиқагача давом этади.


12. Номзодларнинг суҳбатдан ўтиш муддати ва манзили тўғрисида маълумот dscience.uz веб-сайти орқали эълон қилинади. Суҳбатдан олдин номзод паспорт, ID-карта ёки унинг ўрнини босувчи шахсни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши шарт.


13. Комиссия томонидан суҳбат қилинган энг кўп балл тўплаган номзодлар белгиланган қабул параметрлари доирасида тингловчи сифатида ўқув курсларига қабул қилинади ва бепул таҳсил олади.


14. Комиссия аъзолари томонидан босқичлар мезонлари бўйича минимал (нол) баллдан максимал баллгача баҳолаш ўтказилади.


15. Танлов босқичларида уяли телефон, бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, луғат, китоб ва шпаргалкалар олиб кирилиши ҳамда фойдаланилиши қатъиян тақиқланади.


16. Танловнинг ҳар бир босқичидан муваффақиятли ўтган номзодлар ҳақидаги маълумот босқич якунлангандан сўнг беш иш куни ичида ташкилотчиларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинади.


17. Танловнинг учинчи босқичи ғолиблари тўғрисида маълумот ташкилотчилар томонидан ўн иш куни ичида эълон қилинади.


18. Танловнинг ҳар бир босқичи бўйича натижалар Комиссия томонидан баённома билан тасдиқланиб, ташкилотчиларнинг масъул вакилига тақдим этилганидан сўнг якуний (ҳал қилувчи аҳамиятга эга) ҳисобланади ва Комиссия қарори бўйича ташкилотчилар изоҳ бермайди.


19. Танловнинг учинчи босқичи ғолиблари ва уларнинг салоҳияти тўғрисидаги маълумотлар Комиссия баённомасида кўрсатилади ва унинг аъзолари томонидан имзоланади.


20. Номзодлар томонидан қуйидаги хатти-ҳаракатлар амалга оширилганлиги аниқланса, улар танловдан четлаштирилади:

Комиссия фаолиятига ҳалақит берса;

ўз хоҳиши билан танловда иштирок этишни давом эттиришдан воз кечса;

танлов шартларини бузса;

мазкур Низом талабларига риоя қилмаса.

Шунингдек, тақдим этилган ҳужжатларда, шу жумладан, электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатларда сохталаштириш ва қалбакилаштириш ёки ёлғон маълумот тақдим этилганлиги аниқланган тақдирда, номзод танлов ёхуд ўқув курсидан четлаштирилади, ҳужжатлари эса белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.


21. Комиссия томонидан номзодларни танловдан четлаштириш тўғрисидаги қарори қабул қилинади ва қарор қабул қилинганидан бошлаб беш кун ичида номзодга хабар берилади.



3-БОБ. ТАНЛОВ НАТИЖАЛАРИНИ

АПЕЛЛЯЦИЯ ТАРТИБИДА КЎРИБ ЧИҚИШ


22. Ушбу Низомга риоя қилиш, суҳбат (тест)нинг ўтказилиши, шунингдек, танловни ўтказиш билан бевосита боғлиқ бошқа масалалар бўйича шикоятларни кўриб чиқиш учун "Улуғбек" жамғармаси раисининг буйруғига асосан Апелляция комиссияси тузилади. Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш тартиби Апелляция комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги буйруқда белгиланади.

Апелляция комиссияси унинг аъзоларининг учдан икки қисми қатнашганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссияси фаолиятига умумий раҳбарликни унинг раиси амалга оширади, комиссия баённомалари котиб томонидан расмийлаштирилади.


23. Апелляция комиссиясига шикоятлар танлов натижалари эълон қилинганидан бошлаб беш иш куни ичида ёзма равишда топширилади.

Апелляция комиссияси қабул қилинган шикоятни кўриб чиқиши ва ариза берилганидан сўнг беш иш кун ичида тегишли қарор қабул қилиши зарур. Апелляция кўриб чиқиладиган кун ҳақида номзодга хабар берилади.


24. Номзодлар Апелляция комиссияси томонидан мурожаати кўриб чиқилиши жараёнида бевосита ёки масофадан туриб онлайн тарзда иштирок этиши шарт.


25. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича Апелляция комиссияси:

эътироз асоссиз бўлса, апелляцияни қаноатлантиришни рад этади ва танлов натижаларини ўзгаришсиз қолдиради;

эътироз асосли бўлса, апелляцияни қаноатлантиради ва танлов натижаларига ўзгартириш киритади ёки номзод учун танловнинг саралаш босқичлари қайтадан ташкил этилади.


26. Апелляция комиссияси баённомаси нусхаси мурожаат этувчи номзодга Апелляция комиссияси қарори чиққан кундан бошлаб беш иш куни ичида юборилади.


27. Танлов комиссиясининг аъзолари, шунингдек суҳбат (тест)ни олиб боришда иштирок этувчи жалб этилган экспертлар ишда йўл қўйган камчиликлари ва нохолислиги учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар ҳисобланади.


28. Ўқув курсларига кириш синовларини қайта топшириш тақиқланади.



4-БОБ. ЎҚУВ КУРСЛАРИДА ТАҲСИЛ ОЛИШ ТАРТИБИ


29. Ўқув курсларига қабул қилинган республика ҳудудларидаги давлат олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини мос ва турдош йўналишлар бўйича (мутахассислиги ва йўналиши бўйича кредит рейтинг тизимига мос келувчи) Тошкент шаҳрида жойлашган давлат олий таълим муассасаларида академик мобиллик асосида ташкил этиш чоралари кўрилади.


30. Танловнинг учинчи босқич ғолиблари "Улуғбек" жамғармаси, Рақамли технологиялар вазирлиги, Тошкент шаҳридаги Инха университети ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этиладиган ўқув курсларида ўқиш учун қабул қилинади.


31. Ўқув курслари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўқув биноларида олиб борилади. "Улуғбек" жамғармасининг ташаббуси ва ихтиёри билан ўқув курслари "Улуғбек" жамғармасининг биносида ҳам олиб борилиши мумкин.


32. Ўқув курсларини якунлаган тинловчилар давлат олий таълим муассасалари томонидан 3 ёки 4-курсда белгиланган амалиётларини республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларида ўтайдилар.

Ўқув курси якунида тингловчилар томонидан давлат бошқарувидаги самарадорликни ошириш, иқтисодий ва ижтимоий йўналишларда рақамли ечимлардан фойдаланиш, аҳолида мавжуд муаммолардан келиб чиққан ҳолда ўқув курслари йўналишлари бўйича таклифлар тайёрланади.

Ушбу таклифлар Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тегишлилиги бўйича республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларига кўриб чиқиш учун юборилади.



5-БОБ. ЎҚУВ КУРСИ ТИНГЛОВЧИЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


33. Ўқув курси тингловчилари ҳуқуқлари:

сифатли ва юқори савияда билим олиш, юқори малакали мутахассис бўлиб етишишлари учун зарур бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш;

фан, техника, замонавий технологиялар ютуқларига мос келувчи билим олиш;

бепул маслаҳатлар ва йўл-йўриқлар олиш;

аудиториялар, таълим воситалари саналувчи ашёлардан белгиланган тартибда бепул фойдаланиш;

таълим жараёни самарадорлиги ва таълим сифатини ошириш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини, танқидий фикрларини белгиланган тартибда ўқув курси ташкилотчиларига билдириш ва уларнинг кўриб чиқилишини талаб қилиш;

ўқув курси миқёсида ўтказиладиган оммавий тадбирларда иштирок этиш;

илмий тадқиқот ишларида ва илмий конференцияларда қатнашиш, уларнинг натижаларини нашр этиш ва бу ҳақда ахборотлар бериш ҳуқуқига эга.

Ўқув курси тингловчилари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


34. Ўқув курси тингловчилари:

а) ўқув курсларида таълим олаётган даврида:

ўзлари таҳсил олаётган олий таълим муассасасининг (академик мобиллик асосида ўқиши ташкил этилган Тошкент шаҳридаги давлат олий таълим муассасасининг) белгиланган таълим дастурларини ҳамда ўқув курсини тўлиқ ўзлаштириши;

қонунчилик ҳужжатларига, одоб-ахлоқ қоидаларига, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар томонидан ўрнатилган қоида ва талабларга қатъий риоя этиши;

ўзининг хатти-ҳаракатлари билан ташкилотчиларга ёки учинчи шахсларга моддий зарар етказган ҳолларда, қонунчиликка мувофиқ ўз ҳисобидан етказилган зарарни қоплаши;

б) ўқув курсларини тамомлагандан сўнг:

бакалавр даражасини олган кундан бошлаб олти ой давомида давлат органлари ва ташкилотлардаги вакант жойларга давлат фуқаролик хизматчиси сифатида ишга кириш учун белгиланган тартибда vacancy.argos.uz тизими орқали очиқ танловга ариза топшириши;

белгиланган тартибда очиқ танлов ғолиблигини қўлга киритгач, иш берувчи ташкилотда камида бир йил давомида узлуксиз ишлаб бериши;

меҳнат фаолияти бошланган кундан сўнг бир ой муддатда меҳнат шарномаси нусхасини "Улуғбек" жамғармасига маълумот шаклида тақдим этиши шарт.

Ўқув курси тингловчилари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз зиммасига бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.

Ушбу бандда белгиланган талаблар магистр ва ундан сўнг PhD (фан доктори) даражасини олиш мақсадида маҳаллий ёки хорижий олий таълим ташкилотларига қабул қилинган тингловчиларга татбиқ этилмади.



6-БОБ. ЎҚУВ КУРСЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИНГ

МОЛИЯВИЙ ХАРАЖАТЛАРИНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


35. Тошкент шаҳридаги Инха университети томонидан тузилган харажатлар сметасига асосан Рақамли технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ўқув курсини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилади.


36. Тошкент шаҳридаги Инха университети харажатлар сметасида ўқув курсини ташкил этишда қуйидаги харажатлар назарда тутилади:

ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилиш учун танлов жараёнларини ўтказиш ҳамда таълим бериш учун маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

белгиланган фанлар бўйича ўқув дастурларига мос рақамли контент танлаш, ишлаб чиқиш ва интеграция қилиш, ўқув курсларида таълим жараёнларини назорат қилувчи LMS (Learning Management System) тизимини яратиш, такомиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш;

тингловчилар учун ўқув курслари йўналишлари бўйича IT-парк резидентлари бўлган ташкилотларда амалиётларда қатнашиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

тингловчилар учун ўқув курсларида ўқиши давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида ҳар ойда бир маротаба рағбатлантириб бориш;

ўқув курсларига қабул қилинган тингловчиларнинг таълим олиш муддатига зарур компьютер жиҳозлари (ноутбук) тақдим этиш;

тингловчиларни зарур ўқув адабиётлари, интернет алоқаси, бошқа алоқа воситалари ва рақамли контентлар билан ҳамда ўқув аудиторияларини компьютер ва ташкилий техника билан таъминлаш;

ўқув курсларига қабул қилинган тингловчиларни ўқиш давомида бир маҳал иссиқ овқат билан таъминлаш.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


37. Танлов тўғрисидаги маълумотлар ва унинг натижалари ташкилотчилар ва уларнинг тизимидаги ташкилотларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


38. Ушбу Низом талабларини бузган айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.






Низомга

1-ИЛОВА



"Мирзо Улуғбек ворислари" тайёрлов ўқув

курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул

қилишнинг биринчи босқич натижаларини

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Баҳолаш мезонлари


Максимал балл


1.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва расмийлаштириш сифати


5 балл

2.

Номзоднинг таълим олаётган олий таълим муассасасидаги 2 йиллик академик кўрсаткичлари


20 балл

агар номзоднинг ўртача GPA баллы - 3-3,5 бўлса


5 балл

агар номзоднинг ўртача GPA балли - 3,51-4,5 бўлса


10 балл

агар номзоднинг ўртача GPA балли - 4,51 ва ундан юқори бўлса


20 балл

3.

Танлов йўналишидаги илмий фаолияти


5 балл

нуфузли ва халқаро нашрлардаги мақолалар сони:

- бешта ва ундан ортиқ бўлса - 3 балл;

- бештадан кам бўлса - 2 балл.


3 балл

илмий тадқиқотлар ва нашрларнинг эълон қилинган мавзуга мувофиқлиги


2 балл

4.

Мотивацион хат мазмуни


20 балл

5.

Хорижий тилларни билиш даражаси*


15 балл

агар номзод В1 даражадаги хорижий тил сертификатига эга бўлса


5 балл

агар номзод В2 даражадаги хорижий тил сертификатига эга бўлса


10 балл

агар номзод С1 даражадаги хорижий тил сертификатига эга бўлса


15 балл

6.

Халқаро IT-сертификатнинг мавжудлиги**


15 балл


агар номзод бошланғич даражадаги сертификатга эга бўлса


5


агар номзод ўрта даражадаги сертификатга эга бўлса


10


агар номзод профессионал даражадаги сертификатга эга бўлса


15

7.

IQ тест (онлайн тест)


20 балл

Жами


100 балл

       

Изоҳ. Ушбу баҳолаш мезонларига Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тегишли вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.


*) Мазкур мезон тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тасдиқланган хорижий тилларни билиш даражасини баҳоловчи халқаро тан олинган сертификатлар рўйхатига мувофиқ баҳоланади.

**) Мазкур мезон Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тасдиқланган ва "it-istedod. uz" порталида эълон қилинган халқаро IT-сертификатлар рўйхатига мувофиқ баҳоланади.






Низомга

2-ИЛОВА



"Мирзо Улуғбек ворислари" тайёрлов ўқув

курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул

қилишнинг учинчи босқичи бўйича суҳбатдан

ўтган номзодларнинг жавобларини

БАҲОЛАШ ВАРАҚАСИ


Сана: 20__ "____"______________

Номзоднинг Ф.И.О.


1-жадвал

Т/р

Баҳолаш мезонлари


Баллар (максимал балл - 50 балл)


0-5


6-10


11-15


16-20


21-25


1.

Мамлакатда рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушуниш (электрон ҳукумат, рақамли иқтисодиёт, рақамли таълим, телекоммуникация ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар ҳақида тасаввур ва фикрлаш қобилиятининг мавжудлиги)







2.

Йўналишни танлашда мотивация (таълим олаётган олий таълим муассасасидаги йўналишининг моҳияти ва ижтимоий аҳамиятини тушуниш, унга доимий қизиқиш билдириш), математика ва ахборот технологиялари (бошланғич дастурлаш) соҳасидаги билим ва кўникмаларининг мавжудлиги (ўз фикрини баён қилиш ва таҳлил қилиш)







2-жадвал

Т/р

Баҳолаш мезонлари

Баллар (максимал балл - 50 балл)


0


1


2


3


4


5


1.

Шахсий-касбий хусусиятлар








1.1

қарор қабул қилишда мустақиллик даражаси








1.2

мантиқий фикрлаш








1.3

мақсадга ва янгиликларга интилувчанлик








1.4

касбий вазифаларни ҳал қилишда амалий фаолият








1.5

режалаштириш қобилияти








1.6

тақдимот қилиш қобилияти








1.7

мулоқотга киришувчанлик қобилияти








1.8

масъулиятлилик ва интизомлилик








1.9

ўз устида ишлаш ва ижодкорлик қобилиятлари








1.10

стрессга чидамлилик








      

Изоҳ.

          

          

Суҳбат ўтказиш бўйича комиссия аъзоси:

         

       

       

Имзо _________________



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 20 май
































Время: 0.0162
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск