ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Айрим турдаги маҳсулотлар муомаласини тартибга солиш / Этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш /

Ўзбекистон Республикасининг 24.05.2023 й. ЎРҚ-844-сон "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 25.10.2022 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 27.12.2022 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

24.05.2023 й.

N ЎРҚ-844



АЛКОГОЛЬ ВА ТАМАКИ

МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ ТАРҚАТИЛИШИНИ

ҲАМДА ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНИШИНИ

ЧЕКЛАШ ТЎҒРИСИДА

        

Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 25 октябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2022 йил 27 декабрда маъқулланган

        

       

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

      

     

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

ва қўлланилиш соҳаси

     

Ушбу Қонуннинг мақсади алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонун фуқароларнинг, энг аввало, йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, бу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтириш учун ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга қаратилгандир.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик мақсадларда ишлатиш ниятисиз ўз эҳтиёжлари учун олиб киришга;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини кўргазмавий намуналар ва синовлар учун намуналар сифатида юридик шахслар томонидан олиб киришга;

экспортга реализация қилиш учун мўлжалланган ёки Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит тарзида ўтадиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларига, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларига нисбатан татбиқ этилмайди.



2-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини

чеклаш тўғрисидаги қонунчилик

       

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар

       

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг айланиши - алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини олиб кириш (импорт қилиш), олиб чиқиш (экспорт қилиш), ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, реализация қилиш;


алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг улгуржи савдоси - алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини кейинчалик сотиш учун етказиб бериш;


алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг чакана савдоси - алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини ушбу маҳсулотлардан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз истеъмолчига реализация қилиш;


алкоголь маҳсулотлари - озиқ-овқат хомашёсидан олинган этил спиртидан ва (ёки) таркибида спирт бўлган озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланган ёки фойдаланмаган ҳолда ишлаб чиқарилган, таркибида этил спиртининг ҳажмий улуши бир ярим фоиздан юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулоти;


алкоголга қарамлик - алкоголь маҳсулотига патологик ружу қўйиш, алкоголдан сурункали заҳарланишнинг психосоматик (руҳий ва жисмоний) ҳамда ижтимоий оқибатлари билан тавсифланадиган сурункали кучайиб борувчи касаллик (сурункали алкоголизм);


атрофдаги тамаки тутуни - тамаки маҳсулоти чекилаётган ёки олдинроқ чекилган жойнинг атмосфера ҳавосидаги таркибида никотин мавжуд бўлган аэрозоль (буғ, тутун);


жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг истеъмол қилинишини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланишни чеклаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш учун масъул бўлган шахслар - тасарруфида (мулкида, эгалигида, фойдаланишида) жамоат жойларида жойлашган ҳудудлар, бинолар (хоналар), иншоотлар ва бошқа объектлар, шунингдек жамоат транспорти бўлган жисмоний шахслар ва (ёки) корхоналар, муассасалар, ташкилотлар;


кўчма савдо - товарларнинг стационар савдо объектларидан ташқарида, шу жумладан кўчма савдо объектларидан (дўкончалардан, пештахталардан, чодирлардан, автодўконлардан ва бошқалардан) фойдаланган ҳолдаги чакана савдоси;


никотин - тамакининг барглари ва поялари таркибида мавжуд бўлган ёки синтез йўли билан олинган алкалоид;


никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари - электр токи (аккумулятор) ёрдамида никотинли ёки никотинсиз суюқликни (картрижларда, резервуарларда ва бошқа контейнерларда) қиздирадиган ҳамда истеъмолчи томонидан нафас орқали ютиладиган аэрозоль (буғ, тутун) ҳосил қиладиган, кўп марта ишлатиладиган мосламалар (бундан тиббий асбоб-ускуналар ва тиббий буюмлар мустасно);


никотинли снюс - сўриш (шимиш) учун мўлжалланган, ўсимлик хомашёсидан ва никотиндан ёки унинг ҳосилаларидан, жумладан никотин тузларидан (бундан тамаки барги ва (ёки) тамаки ўсимлигининг бошқа қисми, шу жумладан тозаланган тамаки чанги ва (ёки) кесилган тамаки баргининг майда зарралари мустасно) тайёрланган, чекилмайдиган, таркибида никотин мавжуд бўлган, бошқа ингредиентлар қўшилган ёки қўшилмаган маҳсулот тури;


никотинли суюқлик - таркибида никотин миқдори 0,1 мг/мл ҳажмдан кам бўлмаган, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳар қандай суюқлик;


никотинсиз суюқлик - таркибида никотин бўлмаган ёки таркибида никотин миқдори 0,1 мг/мл ҳажмдан кам бўлган, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларида фойдаланиш учун мўлжалланган суюқлик;


носвой - шимиш учун мўлжалланган ҳамда тамакидан ва тамакисиз хомашёдан (ишқордан, оҳакдан, бўрдан) тайёрланган чекилмайдиган тамаки маҳсулотининг тури;


тамаки - тамаки маҳсулотини ишлаб чиқариш учун хомашё олиш мақсадида етиштириладиган, Nicotiana Tabacum ва Nicotiana Rustica турларига тегишли итузумдошлар оиласига мансуб бўлган Nicotiana навидаги ўсимлик;


тамаки маҳсулотининг блоки - тамаки маҳсулотларининг муайян миқдордаги истеъмол ўровларини (қутиларини) ўз ичига олган гуруҳли истеъмол идиши бирлиги;


тамаки маҳсулотининг ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламасининг истеъмол ўрови (қутиси) - тамаки маҳсулотини ва (ёки) тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламасини бевосита жойлаш ва уни охирги истеъмолчига реализация қилиш учун мўлжалланган, транспортда ташиш ва сақлашнинг тайёрловчи томонидан белгиланган шартларига риоя этилганда кафолат муддати ичида уларнинг истеъмол хоссалари сақланишини таъминлайдиган ўров;


тамакига (никотинга) қарамлик (бундан буён матнда никотинга қарамлик деб юритилади) - тамаки маҳсулотига (таркибида никотин мавжуд бўлган маҳсулотга) патологик ружу қўйиш, никотиндан сурункали заҳарланишнинг психосоматик (руҳий ва жисмоний) оқибатлари билан тавсифланадиган сурункали кучайиб борувчи касаллик;


тамакили снюс - тўлиқ ёки қисман тамаки барги ва (ёки) тамаки ўсимлигининг бошқа қисмидан, шу жумладан тозаланган тамаки чанги ва (ёки) кесилган тамакининг майда зарраларидан ингредиентлар қўшилган ёки қўшилмаган ҳолда тайёрланган, сўриш (шимиш) учун мўлжалланган чекилмайдиган тамаки маҳсулотининг тури;


тамакини қиздириш тизими - қиздириладиган тамаки маҳсулотларини чекиш учун мўлжалланган ҳамда истеъмолчи томонидан нафас орқали ютилиши мақсадида никотинли аэрозоль (буғ, тутун) ҳосил қиладиган электрон мослама, шу жумладан алоҳида ёки бирга сотилишидан қатъи назар, бундай мослама билан бирга фойдаланиш учун тайёрланган ҳар қандай буюм ёки қисм;


тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари - таркибида никотин бўлган ёки никотин бўлмаган истеъмолчи томонидан нафас орқали ютиладиган аэрозолни (буғни, тутунни) олиш учун фойдаланиладиган электрон ёки бошқа асбоблар (мосламалар), шу жумладан никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, тамакини қиздириш тизимлари, чилимлар, трубкалар, муштуклар, шунингдек уларнинг таркибий қисмлари ва элементлари (бундан тиббий асбоб-ускуналар ва тиббий буюмлар мустасно);


таркибида никотин мавжуд бўлган маҳсулотлар - чекиш, шимиш, чайнаш, ҳидлаш ёки бошқача усулларда, шу жумладан тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари ёрдамида истеъмол қилиш учун фойдаланишга тайёрланган, таркибида никотин ёки унинг ҳосилалари, шу жумладан никотин тузлари, эритмалари бўлган маҳсулотлар, никотинли суюқликлар ёки таркибида никотин мавжуд бўлган геллар (бундан қонунчиликка мувофиқ рўйхатдан ўтказилган дори воситалари ва таркибида никотин табиий ҳолда мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари мустасно);


тиббий огоҳлантириш - алкоголь маҳсулотининг идиши ёрлиғига ёки тамаки маҳсулотининг ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламасининг истеъмол ўровига (қутисига) жойлаштириладиган алкоголь ёки тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги ахборот;


чекилмайдиган тамаки маҳсулоти - шимиш, чайнаш ёки ҳидлаш учун мўлжалланган тамаки маҳсулоти;


чилим - тамакининг, шунингдек таркибида тамаки мавжуд бўлмаган маҳсулотларнинг туташи ва (ёки) қиздирилиши натижасида ҳосил бўладиган аэрозолни (буғни, тутунни) нафас орқали ютиш учун фойдаланиладиган мослама бўлиб, унда аэрозол (буғ, тутун) суюқлик солинган идиш (чилим сувдони) орқали ўтади;


қиздириладиган тамаки маҳсулоти - чекиладиган тамаки маҳсулотининг ингредиентлар қўшилган ёки қўшилмаган тамакидан (тамаки аралашмасидан) иборат бўлган, тамакини қиздириш тизимларида фойдаланиш учун мўлжалланган тури;


электрон сигарета - электр токи (аккумулятор) ёрдамида мосламадаги никотинли ёки никотинсиз суюқликни қиздирадиган ва истеъмолчи томонидан нафас орқали ютиладиган аэрозоль (буғ, тутун) ҳосил қиладиган, бир марта ишлатиладиган мослама.



4-модда. Тамаки маҳсулоти

         

Чекиш, шу жумладан тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланган ҳолда чекиш учун, шунингдек шимиш, чайнаш, ҳидлаш ёки бошқача усулларда истеъмол қилиш учун хомашё сифатида тўлиқ ёки қисман тамаки баргидан ва (ёки) тамаки ўсимлигининг бошқа қисмларидан тайёрланган маҳсулотлар (бундан қонунчиликка мувофиқ рўйхатдан ўтказилган дори воситалари мустасно) тамаки маҳсулотларидир.

Қуйидагилар тамаки маҳсулотлари жумласига киради:

таркибида хомашё сифатидаги тамаки барги ва (ёки) тамаки ўсимлигининг бошқа қисмлари мавжуд бўлган маҳсулот. Чекиладиган маҳсулотлар (папирослар, сигаралар, сигареталар, сигариллалар (сигариталар), қиздириладиган тамаки маҳсулотлари, чилим учун тамаки, ингичка қирқилган, чекиладиган тамаки, трубка учун тамаки) ва чекилмайдиган маҳсулотлар (носвой, тамакили снюс, ҳидланадиган тамаки, чайналадиган тамаки) шундай маҳсулот бўлиши мумкин;

таркибида никотин ёки никотиннинг ҳосилалари, шу жумладан никотин тузлари, эритмалари, никотинли суюқликлар ёки таркибида никотинли геллар мавжуд бўлган, лекин тамаки барги ва (ёки) тамаки ўсимлигининг бошқа қисмлари мавжуд бўлмаган маҳсулот. Чекиладиган маҳсулотлар (никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари учун никотинли суюқликлар, никотин суюқлиги бўлган электрон сигареталар, чилим учун никотинли аралашмалар) ва чекилмайдиган маҳсулотлар (никотинли снюс) шундай маҳсулот бўлиши мумкин;

таркибида тамаки ва никотин мавжуд бўлмаган, лекин тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари билан бирга фойдаланиш учун мўлжалланган маҳсулот (никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари учун никотинсиз суюқликлар, никотинсиз суюқлиги бўлган электрон сигареталар, чилим учун никотинсиз қоришмалар).



2-БОБ. АЛКОГОЛЬ ВА ТАМАКИ

МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ ТАРҚАТИЛИШИНИ

ҲАМДА ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНИШИНИ ЧЕКЛАШ

СОҲАСИДАГИ МУНОСАБАТЛАРНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ

              

       

5-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини

чеклаш соҳасидаги давлат сиёсатининг

асосий йўналишлари

      

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг ҳаётини ва соғлиғини сақлашга, уларни алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, атрофдаги тамаки тутунининг салбий таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган комплекс ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш;

фуқаролар соғлиғини сақлашнинг алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини тижорат мақсадларида ишлаб чиқараётган, импорт ва реализация қилаётган шахсларнинг манфаатларидан устуворлигини таъминлаш;

фуқароларни маънавий-ахлоқий тарбиялашга, аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга, уларнинг соғлиғига алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ хавф-хатарларнинг олдини олишга ва уларни камайтиришга қаратилган профилактика, маърифий фаолиятни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг айланиши соҳасидаги давлат назоратини таъминлаш, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат дастурларини амалга ошириш;

алкоголга ёки никотинга қарамликдан азият чекаётган шахсларга тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсири профилактикаси, шунингдек алкоголга ёки никотинга қарамлик диагностикаси ва уни даволаш соҳасидаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш;

жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга қаратилган профилактика, маърифий тадбирларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг кенг иштирок этиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш.



6-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини

чеклаш соҳасидаги давлат кафолатлари

        

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсирини профилактика қилиш мақсадида давлат:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг таркибига, ўровига ва тамғаланишига оид талабларни белгилайди ҳамда уларга риоя этилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлигини баҳолаш қоидалари ҳамда тартиб-таомилларини белгилайди, шунингдек уларга риоя этилишини таъминлайди;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ва реализация қилинишини тартибга солади, шунингдек таркибида инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарарли бўлган моддалар миқдори йўл қўйиладиган энг юқори даражалардан ошадиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларнинг импорт қилинишига тақиқ ўрнатади;

жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг истеъмол қилинишига, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланилишига тақиқ ўрнатади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилишга ва ушбу шахслар томонидан реализация қилинишига, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнига уларни жалб этишга тақиқ ўрнатади;

қонунчилик талабларига мувофиқ алкоголга ёки никотинга қарамликни даволашга қаратилган тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини таъминлайди;

аҳолини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари, атрофдаги тамаки тутунининг салбий таъсири тўғрисида хабардор қилишга ва хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирлар мажмуини амалга оширади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларига бўлган талабни камайтиришга қаратилган нархга ва солиққа оид чораларни кўради;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг қонунга хилоф равишда айланишининг олдини олиш чораларини кўради.



7-модда. Алкоголь ва тамаки

маҳсулотларини истеъмол қилишнинг

салбий таъсири профилактикаси

         

Фуқароларнинг, энг аввало, йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғига, уларнинг жисмоний, маънавий ривожланишига, жамиятнинг маънавий-ахлоқий негизларига бўлган таҳдидларнинг ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, атрофдаги тамаки тутуни таъсири билан боғлиқ бўлган бошқа таҳдидларнинг олдини олишга ҳамда уларни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсири профилактикаси жумласига киради.

Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, таълим ташкилотлари ўз ваколатлари доирасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсирини профилактика қилиш, жамоатчилик онгида алкоголь ва тамаки маҳсулотини истеъмол қилишга нисбатан салбий муносабатни шакллантириш бўйича комплекс ижтимоий ва ташкилий-ҳуқуқий чораларни амалга оширади.



8-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини

чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи

ҳамда унда иштирок этувчи органлар

        

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи органлар қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришни тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органи (бундан буён матнда Ваколатли давлат органи деб юритилади);

солиқ органлари;

божхона органлари;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органи;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти;

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилмаган давлат органлари ҳамда ташкилотлар алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятда қонунчиликка мувофиқ иштирок этади.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг алкоголь ва тамаки

маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол

қилинишини чеклаш соҳасидаги ваколатлари

        

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва бажарилишини таъминлайди;

ижро этувчи ҳокимият органларининг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришга доир фаолиятни, шунингдек алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдосига доир фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилайди;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг улгуржи ва чакана савдоси тартибини белгилайди;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тасдиқлайди;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тамғалаш, шу жумладан акциз маркалари ва рақамли идентификация воситалари билан тамғалаш тартибини белгилайди ва тасдиқлайди, алкоголь ва тамаки маҳсулотларига акциз маркалари намуналарини тасдиқлайди;

алкоголь маҳсулотининг идиши ёрлиғига ёки тамаки маҳсулотининг ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг истеъмол ўровига (қутисига) жойлаштириладиган тиббий огоҳлантиришлар намуналарини тасдиқлайди;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг айланиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди, шунингдек бундай назоратни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



10-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлигининг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини

чеклаш соҳасидаги ваколатлари

        

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги ахборотни аҳоли, энг аввало, йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар ўртасида тарқатишга доир чораларни амалга оширади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларига, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларига доир мажбурий талабларни белгилашга тааллуқли бўлган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ишларни ташкил этишда ва уларни бажаришда иштирок этади;

фуқаролар соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш билан боғлиқ профилактика ишларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари юзасидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;

алкоголга ва никотинга қарамликни ташхислаш ҳамда даволаш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади, уларга тиббиёт ташкилотлари томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари таркибидаги инсон ҳаёти ҳамда соғлиғи учун зарарли бўлган моддалар миқдорининг йўл қўйиладиган энг юқори даражаларини белгилайди;

алкоголь маҳсулоти идишининг ёрлиғига ёки тамаки маҳсулотининг ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг истеъмол ўровига (қутисига) жойлаштириладиган тиббий огоҳлантиришларнинг намуналарини ишлаб чиқади;

алкоголга ёки никотинга қарамликдан азият чекаётган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини таъминлайди, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган сурункали касалликлар ҳамда ўлим ҳолатларининг мониторингини амалга оширади;

фуқаролар, айниқса, йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар ўртасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг истеъмол қилинишини камайтириш, маърифий, тиббий-санитария ишларининг таъсирчанлигини ошириш чораларини ҳамда жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган бошқа ижтимоий, ташкилий-ҳуқуқий чораларни ўз ичига олувчи самарали профилактика тизимининг яратилишини ва ишлашини таъминлайди;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклашга қаратилган тадбирларнинг рўёбга чиқарилиши мониторингини ҳамда ушбу тадбирларнинг самарадорлигини баҳолашни амалга оширади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

алкоголга ёки никотинга қарамликнинг профилактикаси ҳамда уни даволаш билан шуғулланадиган мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсири профилактикаси масалалари бўйича таълим ташкилотлари учун ўқув дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш сабаблари ва оқибатларини, алкоголга ёки никотинга қарамликнинг профилактикаси, уни ташхислаш ва даволаш усулларини ўрганишга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказилишини ташкил этади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг истеъмол қилиниши кўламларига доир санитария-эпидемиологик тадқиқотларни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



11-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар

вазирлигининг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини

чеклаш соҳасидаги ваколатлари

       

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг қонунга хилоф равишда айланиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича тадбирларни амалга оширади;

жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг истеъмол қилиниши, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланилиши, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг қонунга хилоф равишда айланиши ҳолатлари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;

бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларнинг алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишга жалб этилишига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



12-модда. Ваколатли давлат органининг алкоголь ва тамаки

маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол

қилинишини чеклаш соҳасидаги ваколатлари

         

Ваколатли давлат органи:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришга доир фаолиятни, шунингдек алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдосига доир фаолиятни лицензиялашни амалга оширади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг айланиши ҳажмларининг мониторингини, шу жумладан замонавий ахборот тизимларини жорий этиш ва ривожлантириш орқали амалга оширади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига, шунингдек уларни ишлаб чиқаришда қўлланиладиган хомашё ва қўшимча материаллар сифатига қўйиладиган талабларга риоя этилишини назорат қилади.

Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



13-модда. Солиқ органларининг алкоголь ва тамаки

маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол

қилинишини чеклаш соҳасидаги ваколатлари

        

Солиқ органлари:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг айланиши билан боғлиқ солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга оширади;

савдо объектлари ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари билан савдо қилиш ва уларни реализация қилиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

савдо объектлари ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари билан савдо қилиш ва уларни реализация қилиш қоидаларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;

савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг қонунга хилоф равишда айланишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш бўйича тадбирларни амалга оширади.

Солиқ органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



14-модда. Ўзбекистон Республикаси божхона

органларининг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини

чеклаш соҳасидаги ваколатлари

         

Божхона органлари:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг айланиши жараёнида божхона тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали қонунга хилоф равишда олиб ўтилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш бўйича тадбирларни амалга оширади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали қонунга хилоф равишда олиб ўтилишининг олдини олиш, аниқлаш ва унга чек қўйиш мақсадида хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади ва маълумотлар алмашади.

Божхона органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



15-модда. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

бўйича ваколатли давлат органининг алкоголь ва тамаки

маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол

қилинишини чеклаш соҳасидаги ваколатлари

       

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органи:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг қонунга хилоф равишда айланишига қарши курашиш бўйича ваколатли давлат органлари билан ҳамкорлик қилади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реклама қилишга, уларни сотишни рағбатлантиришга ва уларга ҳомийлик қилишга доир чекловга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчилик бузилишларининг профилактикасига доир чора-тадбирларни амалга оширади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



16-модда. Ўзбекистон Республикаси

Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга

қарши курашиш департаментининг алкоголь ва тамаки

маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол

қилинишини чеклаш соҳасидаги ваколатлари

         

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг қонунга хилоф равишда айланишини комплекс таҳлил қилади, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг қонунга хилоф равишда айланишининг турли схемаларини, каналларини аниқлайди, уларнинг оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чораларни амалга оширади;

қалбакилаштирилган алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг айланиши билан боғлиқ ғайриқонуний ҳаракатларга қарши курашиш тадбирларини амалга оширади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг қонунга хилоф равишда айланишига қарши курашиш юзасидан чет давлатларнинг ваколатли органлари, халқаро ихтисослашган ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади ҳамда ахборот алмашади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



17-модда. Ўзбекистон техник жиҳатдан

тартибга солиш агентлигининг алкоголь ва тамаки

маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол

қилинишини чеклаш соҳасидаги ваколатлари

           

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишни амалга оширади;

давлат органлари томонидан ишлаб чиқилган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари учун техник регламентларни экспертизадан ўтказади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни халқаро ва давлатлараро стандартларга мувофиқлаштиришни таъминлайди.

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



18-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти

органларининг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини

чеклаш соҳасидаги ваколатлари

        

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва бажарилишини таъминлайди;

аҳоли, энг аввало, йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги билимларни тарқатишга қаратилган профилактика тадбирлари амалга оширилишини таъминлайди;

тегишли ҳудудда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчилик талабларининг ижро этилишини таъминлайди;

фуқароларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масалалари юзасидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни таъминлайди;

алкоголга ёки никотинга қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдамини молиявий, моддий-техник, ташкилий жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал этади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



19-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг

ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини

ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича

тадбирларда иштирок этиши

          

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўз ваколатлари доирасида:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат дастурларининг, ҳудудий ва бошқа дастурларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

аҳоли, энг аввало, йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги билимларни тарқатишга қаратилган профилактика тадбирларини амалга оширади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.



20-модда. Фуқароларнинг алкоголь ва тамаки

маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол

қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат сиёсатини

амалга оширишда иштирок этиши

        

Фуқаролар:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат дастурларининг, ҳудудий ва бошқа дастурларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

алкоголсиз ва тамакисиз муҳитни, атрофдаги тамаки тутуни таъсиридан ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатларидан фуқароларнинг соғлиғи сақланишини таъминлаш юзасидан давлат органларига ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчиликнинг бошқа шахслар томонидан бузилиши натижасида ўз соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш талаби билан мурожаат қилади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги дастурларни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда иштирок этади.

Фуқароларга уларнинг:

атрофдаги тамаки тутунидан ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш чоғида ажралиб чиқадиган моддалардан ҳоли бўлган қулай ҳаёт фаолияти муҳитига;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчиликнинг бошқа шахслар томонидан бузилиши оқибатида ўз ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни қопланишига бўлган ҳуқуқи кафолатланади.

Фуқаролар:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиши;

болаларда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишга нисбатан салбий муносабат шаклланиши, шунингдек уларнинг алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнига жалб этилишига йўл қўйилмаслик тўғрисида қайғуриши;

бошқа фуқароларнинг атрофдаги тамаки тутунидан ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш чоғида ажралиб чиқадиган моддалардан холи бўлган қулай ҳаёт фаолияти муҳитига бўлган ҳуқуқларининг бузилишига олиб келадиган ҳаракатларни амалга оширмаслиги шарт.



3-БОБ. АЛКОГОЛЬ ВА ТАМАКИ

МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ ТАРҚАТИЛИШИНИ

ҲАМДА ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНИШИНИ

ЧЕКЛАШГА ДОИР ЧОРАЛАР

              

     

21-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини

ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини

реализация қилишга доир чекловлар

    

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг:

йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга;

йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар томонидан;

сотувчининг бевосита иштирокисиз, шу жумладан савдо автоматлари, бошқа электрон ёки механик қурилмалар воситасида;

ўзига ўзи хизмат кўрсатиш токчаларидан;

электрон тижорат шаклида, шу жумладан ҳар қандай йўл билан охирги истеъмолчиларга етказиш ёрдамида (бундан кўпикланадиган ва табиий винолар мустасно);

сайёр (қўлда, лотокларда, саватчаларда, қўл аравачаларида) савдо қилиш йўли билан;

кўчмас савдо объектларидан ташқарида;

дорихоналарда;

болаларга мўлжалланган товарлар реализация қилинадиган хоналарда;

болалар ўйинчоқларига, конфетларга ёки болалар учун мўлжалланган бошқа товарларга ўхшатиб ишланган бўлса;

соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари, таълим ташкилотлари, маданият муассасалари, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари, санаторий ҳамда тиббий-ижтимоий муассасалар ҳудудларида;

таълим, спорт ва диний ташкилотлар ҳудудидан тўғри чизиқ бўйлаб юз метрдан кам масофада жойлашган савдо объектларида, бундан савдо объекти умумий савдо майдони минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо мажмуаларининг (бозорларнинг) ҳудудида ва ярмарка павильонларида жойлашган ҳоллар мустасно;

яроқлилик муддати ўтганда;

маҳсулот сифатини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларсиз;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини сақлаш ва реализация қилишга доир санитария нормалари ҳамда қоидаларига мос келмайдиган хоналар ва жойларда;

белгиланган тартибда акциз маркалари билан тамғаланмаганда - акциз маркалари билан тамғаланиши лозим бўлган алкоголь ва тамаки маҳсулотларига нисбатан;

қалбаки акциз маркалари билан тамғаланганда;

уларнинг ишлаб чиқарувчисини аниқлаш имконини бермайдиган тарзда аниқ тамғаланмаганда;

белгиланган тартибда рақамли идентификация воситалари билан тамғаланмаганда;

уларни ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлмаган шахслар томонидан ишлаб чиқарилганда - лицензияланадиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларига нисбатан;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реализация қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки уларни қонунчиликни бузган ҳолда сотган етказиб берувчидан сотиб олинганда;

алкоголь маҳсулотининг идиши ёрлиғида ёки тамаки маҳсулотининг ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг истеъмол ўровида (қутисида) тиббий огоҳлантириш бўлмаганда;

агар тамаки маҳсулотининг истеъмол ўровида (қутисида) йигирма донадан кам сигарета бўлса - сигареталарга нисбатан;

тамаки маҳсулоти ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари бўлмаган бошқа товарлар билан бир тўпламда - тамаки маҳсулотига ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларига нисбатан;

истеъмол ўровисиз (қутисиз, блоксиз) - тамаки маҳсулотига ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларига нисбатан;

доналаб ёки очилган (яхлитлиги бузилган) истеъмол ўровида - (қутисида) сигареталар ва қиздириладиган тамаки маҳсулотига нисбатан;

темир йўл вокзалларининг, автовокзалларнинг, аэропортларнинг, дарё бандаргоҳларининг, метрополитен станцияларининг ҳудудларида ва хоналарида (бундан бож олинмайдиган савдо дўконлари мустасно) - тамаки маҳсулотларига ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларига нисбатан;

энг кам улгуржи ва чакана нархлардан паст нархларда - алкоголь маҳсулотларига нисбатан (бундан пиво мустасно);

тўлиқ полиэтилен, полистирол ва бошқа полимер материалдан тайёрланган истеъмол идишида - алкоголь маҳсулотига нисбатан (бундан пиво мустасно);

ёрлиқсиз, ифлос (ичи ёки ташқариси), яққол синиқ белгилари бўлган (бўғзи синган, ёрилган), тиқини бузилган, умумий кўриниши хиралашган, ёт қўшимчалари, чўкмалари бўлган бутилкаларда - алкоголь маҳсулотига нисбатан (бундан коллекция қилинадиган вино маҳсулотлари мустасно);

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мос келмаганда реализация қилиниши тақиқланади.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реализация қилишни бевосита амалга ошираётган шахс йигирма бир ёшдан кичик кўринган харидордан унинг шахси ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг реализация қилинишини рад этиши шарт.



22-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамакини

ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари реализация

қилинадиган жойлардаги огоҳлантиришлар

       

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари реализация қилинадиган жойларда уларни йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш тақиқланганлиги ҳақидаги огоҳлантирувчи ёзув ёки белги, шунингдек тиббий огоҳлантириш жойлаштирилган бўлиши керак.



23-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг,

тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш

мосламаларининг рекламаси

      

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг рекламаси билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг "Реклама тўғрисида"ги Қонуни билан тартибга солинади.



24-модда. Жамоат жойларида алкоголь ва тамаки

маҳсулотларини истеъмол қилишни, шунингдек тамакини

ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан

фойдаланишни тақиқлаш

            

Алкоголь маҳсулотларини иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, боғларда, барча турдаги жамоат транспортида ва бошқа жамоат жойларида истеъмол қилиш тақиқланади. Мазкур қоида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига, шу жумладан алкоголь маҳсулотлари қуйиб реализация қилиш рухсат берилган умумий овқатланиш корхоналарига, шунингдек тўй, юбилей ва бошқа тантаналар ҳамда маросимлар ўтказиладиган жойларга татбиқ этилмайди.

Жамоат жойларида, шу жумладан қуйидаги жойларда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланади:

савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида, шу жумладан умумий овқатланиш корхоналарида;

кинотеатрларда, театрларда, циркларда, концерт, кўрик ва кўргазма залларида ҳамда оммавий дам олиш учун мўлжалланган бошқа ёпиқ иншоотларда;

клубларда, дискотекаларда, компьютер залларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёхуд бошқа кўнгилочар (бўш вақт ўтказиладиган) жойларда;

музейларда, ахборот-кутубхона муассасаларида ва маърузахоналарда;

маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездларда, дарё кемаларида, автобусларда, метрополитен вагонларида, таксида, шаҳар электр транспортида, ҳаво кемаларида, шунингдек жамоат транспортининг бошқа турларида;

ер ости ўтиш жойларида, метрополитен станцияларида, транспорт бекатларида ва автотранспорт воситалари вақтинчалик сақланадиган ёпиқ жойларда;

темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, аэропортлар, дарё бандаргоҳлари, метрополитен станцияларига кириш жойидан камида беш метр масофада бўлган очиқ ҳаводаги жойларда;

ёнғин хавфи мавжуд бўлган жойларда, шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида;

аэропортларнинг, темир йўл ва автомобиль вокзалларининг, дарё бандаргоҳларининг биноларида;

корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва давлат органларининг биноларида, шу жумладан иш жойида, йўлакларда, лифтларда, зинапояларда, вестибюлларда, ҳожатхоналарда, дам олиш хоналарида, уларга туташ хоналарда ва ходим томонидан меҳнат фаолияти вақтида фойдаланиладиган шунга ўхшаш бошқа жойларда;

соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларида, дорихоналарда, таълим ташкилотларида, маданият муассасаларида, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида, санаторий муассасаларида ва тиббий-ижтимоий муассасаларда;

уй-жой хизматлари, меҳмонхона хизматлари, вақтинчалик жойлаштириш ва (ёки) вақтинчалик яшаб туришни таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун мўлжалланган хоналарда;

кўп квартирали уйларнинг йўлаклари ва лифтларида, шунингдек болалар ва спорт майдончаларида, шу жумладан уйларга туташган ҳудудда жойлашган майдончаларда;

хиёбонларда, боғларда, пляжларда.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида санаб ўтилган жамоат жойларида жойлашган хоналарни ушбу хоналарда кейинчалик тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш учун бериш тақиқланади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида санаб ўтилган жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини ушбу жойларда кейинчалик истеъмол қилиш (улардан фойдаланиш) учун бериш тақиқланади.

Ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида белгиланган тақиқлар тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланишга оид қисми бўйича - тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва чилим чекиш учун махсус ажратилган жойларга нисбатан татбиқ этилмайди.



25-модда. Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш

ва чилим чекиш учун махсус ажратилган

жойларга доир талаблар

        

Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар:

бинолар ва иншоотлардан ташқаридаги очиқ ҳавода;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мос келадиган ва вентиляция тизимлари билан жиҳозланган, ушбу Қонун 24-моддасининг иккинчи қисмида санаб ўтилган жамоат жойларига тааллуқли бўлмаган алоҳида ажратилган бинолар, иншоотлар ва объектларда;

аэропортларда рейсга рўйхатдан ўтган йўловчилар туриши учун мўлжалланган ҳудудларда ҳамда транзит бўйича ўтаётган йўловчилар учун мўлжалланган ҳудудларда ташкил этилган, вентиляция тизимлари билан жиҳозланган ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнини бошқа хоналардан кузатиш имконияти истисно этиладиган махсус ажратилган алоҳида хоналарда;

поездларнинг ишлаш учун мўлжалланмаган тамбурларида;

дарё кемалари палубаларининг орқа тарафида ташкил этилиши мумкин.

Чилим чекиш учун махсус ажратилган жойлар фақат чилим бериш бўйича хизматлар кўрсатиладиган, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ бўлган ва вентиляция тизимлари билан жиҳозланган алоҳида ажратилган бинолар, иншоотлар ва объектларда ташкил этилиши мумкин.

Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойларга тамаки маҳсулотларининг қолдиқлари учун ёнмайдиган ахлатдонлар, шунингдек бундай жойлар қаердалиги ҳақида ахборот берувчи кўрсаткичлар ўрнатилади.

Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва чилим чекиш учун махсус ажратилган жойларда тиббий огоҳлантиришлар жойлаштирилган бўлиши керак.



26-модда. Жамоат жойларида алкоголь ва тамаки

маҳсулотларининг истеъмол қилинишини, тамакини

ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан

фойдаланишни чеклаш бўйича чора-тадбирларнинг

амалга оширилишини таъминлаш учун масъул

бўлган шахсларнинг мажбуриятлари

          

Жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг истеъмол қилинишини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланишни чеклаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш учун масъул бўлган шахслар:

жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаши;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилаётган, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланаётган шахсларни ушбу Қонун 24-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган жамоат жойларида улар истеъмол қилинишига (фойдаланилмаслигига) йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантириши, ҳуқуқбузарлик давом эттирилган тақдирда эса ички ишлар органларига хабар бериши;

ҳаммага кўринадиган жойларда, шу жумладан бинолар (хоналар) ҳудудига кириш жойларига ва бошқа объектларга, шунингдек транспорт воситаларида жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг истеъмол қилинишига, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги огоҳлантирувчи лавҳаларни (белгиларни) жойлаштириши шарт.

Жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг истеъмол қилинишини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланишни чеклаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш учун масъул бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



27-модда. Аҳолини алкоголь ва тамаки

маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари,

шунингдек уларнинг салбий оқибатлари тўғрисида

маърифатли қилиш ва хабардор этиш

          

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи органлар, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолини, энг аввало, йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларни алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисида маърифатли қилишга доир чораларни амалга оширади, ушбу чоралар:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий тиббий ва ижтимоий-иқтисодий оқибатлари;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тўхтатишнинг афзалликлари;

ушбу Қонун мақсадидан келиб чиққан ҳолда тамаки саноатининг стратегияси ва ҳаракатлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этишни ўз ичига олади.

Аҳолини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари ва уларнинг салбий оқибатлари тўғрисида маърифатли қилиш:

оилада, таълим ташкилотларида тарбиялаш ва ўқитиш жараёнида, тиббиёт ташкилотларида, шунингдек иш берувчилар томонидан иш жойларида;

оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникациялар тармоқларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғида, шу жумладан алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини намойиш қилган ҳолда ахборот кампанияларини ўтказиш, "тезкор алоқа" телефонлари фаолиятини ташкил этиш, шунингдек бошқа усуллар орқали амалга оширилади.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, уларни истеъмол қилиш ва улардан фойдаланиш жараёни намойиш этиладиган теле-, кино- ва видеофильмларни, теле-, видео- ва кинохроника дастурларини узатувчи ёки намойиш қилувчи ташкилотлар бундай асарларни узатиш ва намойиш қилишдан олдин ёки уларни узатиш ва намойиш қилиш вақтида ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиш ва мосламалардан фойдаланиш хавфи тўғрисидаги ахборотни жойлаштириши керак.

Давлат органлари алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ҳамда реализация қилишни амалга оширувчи шахслар билан ушбу Қонуннинг тартибга солиш предмети бўлган масалалар юзасидан ўз ҳамкорлиги тўғрисида жамоатчиликни мажбурий тартибда хабардор қилади.



28-модда. Алкоголга ёки никотинга қарам бўлиб

қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш

          

Алкоголга ёки никотинга қарам бўлиб қолган ҳамда тиббиёт ташкилотларига мурожаат этган шахсларга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тўхтатишга, алкоголга ёки никотинга қарамликни даволашга қаратилган тиббий-санитария ёрдами, шунингдек уларни реабилитация қилиш юзасидан ёрдам кўрсатилади.

Алкоголга ёки никотинга қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами, шунингдек уларни реабилитация қилиш бўйича ёрдам қонунчиликка мувофиқ кўрсатилади.



4-БОБ. АЛКОГОЛЬ МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ

АЙЛАНИШИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ

               

       

29-модда. Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш

        

Алкоголь маҳсулотларини (бундан табиий винолар ва пиво мустасно) ишлаб чиқаришга доир фаолият Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар томонидан тегишли лицензия асосида амалга оширилади.

Алкоголь маҳсулотларини чет элда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат хомашёсидан ректификация қилиб олинган этил спиртидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш тақиқланади.

Пиво ишлаб чиқаришга доир фаолият Ваколатли давлат органига мазкур фаолият бошланиши тўғрисида хабарнома юбориш йўли билан амалга оширилади.

Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш тартиби, шунингдек алкоголь маҳсулотлари таркибидаги инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарарли бўлган моддаларнинг йўл қўйиладиган энг юқори даражалари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.



30-модда. Алкоголь маҳсулотларини ишлаб

чиқарувчиларнинг мажбуриятлари

          

Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар:

ишлаб чиқарилган алкоголь маҳсулотларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар кўрсаткичлари ва талабларига мувофиқлигини;

алкоголь маҳсулотларининг ҳар бир тури бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган технологик йўриқномаларнинг мавжудлигини;

зарур ускуналар, асбоблар, кимёвий реактивлар ва синов усулларини белгилаб берувчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан таъминланган, кўрсаткичларнинг барча зарур физик-кимёвий, микробиологик ва бошқа таҳлилларини ўтказиш имконини берадиган ишлаб чиқариш лабораторияларининг мавжудлигини;

алкоголь маҳсулотининг асосий ишлаб чиқариш ускуналарини ҳамда унинг мулкдорларини Ваколатли давлат органида мажбурий рўйхатдан ўтказиш;

истеъмол этил спиртининг ва алкоголь маҳсулотининг органолептик хоссаларини аниқлаш бўйича дегустация комиссиясига ишлаб чиқарилаётган маҳсулот намуналарининг ишлаб чиқарилаётган маҳсулот техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги юзасидан текшириш учун қонунчиликда белгиланган муддатларда тақдим этилишини;

алкоголь маҳсулотларини рақамли тамғалаш ва кузатишнинг ахборот тизимлари, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини ҳамда айланишини ҳисобга олишнинг ахборот тизимлари жорий этилишини ва улардан фойдаланилишини;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи органларнинг сўровларига биноан ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган алкоголь маҳсулотлари ҳажмлари, шунингдек уларни сотишдан тушган даромад миқдори ҳақида ахборот тақдим этилишини;

солиқ органларининг ахборот тизимига интеграция қилинган электрон ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланилишини;

мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан қонунчиликда белгиланган ҳажмларда фойдаланилишини;

барча алкоголь маҳсулотларини қуйиш линияларида йиғма ҳисобга олиш маълумотлари кўрсаткичларини ҳимоялаш воситасига эга бўлган тайёр маҳсулотларни электрон ҳисоблагичларнинг мавжуд бўлишини;

ишлаб чиқариш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни алкоголь маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи органларга автоматлаштирилган тарзда узатилишини таъминлайдиган ўлчов асбоблари ўрнатилишини;

алкоголь маҳсулотларининг акциз маркалари ва рақамли идентификация воситалари билан белгиланган тартибда тамғаланишини таъминлаши шарт.

Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



31-модда. Алкоголь маҳсулотларининг ўралишига

ва тамғаланишига доир талаблар

         

Алкоголь маҳсулотларининг ўралишига ва тамғаланишига доир талаблар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланади.

Алкоголь маҳсулотларининг ўрови уларнинг муомаласи жараёнида хавфсизлигини ва алкоголь маҳсулотларининг бутун яроқлилик муддати мобайнида (виночилик маҳсулотлари учун - ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланадиган сақлаш муддати мобайнида) истеъмол хоссалари сақланишини таъминлаши керак.

Алкоголь маҳсулотларининг тамғаси ҳар битта ўровнинг ўқиш учун қулай жойига (ёрлиғига, контрёрлиғига, кольереткасига ва бошқа жойларига) босилади.

Алкоголь маҳсулотларининг (бундан табиий ва кўпикланадиган винолар мустасно) истеъмол идишида ёрлиқ асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига олиб кириладиган алкоголь маҳсулотлари (бундан пиво, табиий ва кўпикланадиган вино мустасно) белгиланган намунадаги акциз маркалари билан тамғаланиши шарт.



32-модда. Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи

ва чакана савдоси

          

Алкоголь маҳсулотларининг (бундан табиий ва кўпикланадиган винолар мустасно) улгуржи савдосига доир фаолият тегишли лицензия асосида юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Алкоголь маҳсулотларининг чакана савдосига доир фаолият ва алкоголь маҳсулотларини умумий овқатланиш корхоналари томонидан реализация қилишга доир фаолият юридик шахслар томонидан Ваколатли давлат органига мазкур фаолият бошланиши тўғрисида хабарнома юбориш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

Алкоголь маҳсулотларининг чакана савдосига доир фаолият фақат алкоголь маҳсулотларини сақлаш ва реализация қилишнинг тегишли санитария нормалари ҳамда қоидаларига мос келадиган омборхоналари ва асбоб-ускуналари бўлган, шаҳарларда - камида йигирма беш квадрат метрли, қишлоқ жойларда - камида ўн беш квадрат метрли (фақат алкоголь маҳсулотлари сотиш учун мўлжалланган ва алоҳида кириш жойига эга) савдо зали, узоқ тоғли жойларда - алоҳида савдо секцияси бўлган савдо объектларида амалга оширилиши мумкин.

Алкоголь маҳсулотларини қуйиб реализация қилишни амалга оширадиган умумий овқатланиш корхоналари тегишли савдо ускуналари, давлат текширувидан ўтган ўлчов мензуркалари ва ўлчовли кружкалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

Алкоголь маҳсулотларининг чакана савдоси бўйича фаолият фискал хотирага эга онлайн назорат-касса машиналаридан ва (ёки) виртуал касса тизимларидан, шунингдек банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларидан мажбурий фойдаланиш шарти билан амалга оширилади.

Алкоголь маҳсулотларининг чакана савдосига доир фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар аҳоли билан ҳисоб-китобларни онлайн тарзда фискал хотирали назорат-касса машиналарини ва (ёки) виртуал касса тизимларини, шунингдек банк пластик карталаридан тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини қўллаган ҳолда амалга оширади.

Савдо объектлари томонидан алкоголь маҳсулотларининг чакана савдоси вақти Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.



33-модда. Алкоголь маҳсулотларини импорт қилиш

          

Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган алкоголь маҳсулотлари сифати бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Алкоголь маҳсулотларини импорт қилиш божхона тўловларини ундириш ва иқтисодий сиёсат чораларини қўллаш йўли билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига алкоголь маҳсулотларини (бундан пиво мустасно) тўлиқ полиэтилендан, полистиролдан ва бошқа полимер материалдан тайёрланган полимер истеъмол идишларида олиб кириш тақиқланади.



5-БОБ. ТАМАКИ МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ

АЙЛАНИШИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ

           

     

34-модда. Тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш

       

Тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришга доир фаолият юридик шахслар томонидан тегишли лицензия асосида амалга оширилади.

Тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда:

тамаки маҳсулоти афзалликларга эга ёки соғлиқ учун хавф-хатарларни камайтиради деган тасаввур ҳосил қиладиган;

ғайрат ва (ёки) ҳаётий куч (шу жумладан кофеин, таурин, гуарана) билан боғланадиган;

ажралиб чиқадиган тамаки тутунига ранг бериш хоссаларига эга бўлган;

ёнмайдиган шаклдаги канцероген, мутаген ёки репродуктив токсик хоссаларга эга бўлган моддалардан фойдаланиш тақиқланади.

Бир дона сигарета (фильтрли ёки фильтрсиз) ёки қиздириладиган тамаки маҳсулоти аэрозолида (буғида, тутунида) никотин миқдори бир миллиграмдан ошмаслиги керак.

Бир дона фильтрли сигарета тутунида углерод монооксидининг миқдори ўн миллиграмдан ошмаслиги керак.

Таркибида никотин мавжуд бўлган суюқликда ёки никотин эритмасида (шу жумладан никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари учун никотинли суюқликларда, шунингдек электрон сигареталарнинг никотин суюқликларида) никотин концентрацияси бир миллилитрда йигирма миллиграмдан ошмаслиги керак.

Тамаки маҳсулоти таркибидаги инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарарли моддалар миқдорининг мумкин бўлган энг юқори даражалари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.



35-модда. Тамаки маҳсулотларини ишлаб

чиқарувчиларнинг мажбуриятлари

           

Тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар:

ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини;

тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг тўлиқ технологик циклига риоя этилишини, зарур ишлаб чиқариш хоналари, технологик ускуналар ва ашёларнинг мавжудлигини;

тамаки маҳсулотларининг ҳар бир тури бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва тасдиқланган технологик йўриқномаларнинг мавжудлигини;

зарур ускуналар, асбоблар, кимёвий реактивлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан таъминланган ишлаб чиқариш лабораторияларининг мавжудлигини;

Ваколатли давлат органига белгиланган муддатларда ишлаб чиқарилаётган тамаки маҳсулотлари таркибида никотин ҳамда инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарарли бўлган бошқа моддалар миқдорининг йўл қўйиладиган энг юқори даражаларига доир лаборатория тадқиқотлари натижалари ҳақида ҳисобот тақдим этилишини;

тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб берадиган ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда берилган тегишли сертификатларга эга бўлган тамаки хомашёсидан фойдаланилишини;

тамаки маҳсулотларини рақамли тамғалаш ва кузатишнинг ахборот тизимлари, тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда айланиши ҳажмларини ҳисобга олишнинг ахборот тизимлари жорий этилишини ва улардан фойдаланилишини;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи органларнинг сўровларига кўра ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган тамаки маҳсулотлари ҳажмлари, шунингдек уни сотишдан тушган даромад миқдори ҳақида ахборот тақдим этилишини;

солиқ органларининг ахборот тизимига интеграция қилинган электрон ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланилишини;

ишлаб чиқариш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи органларга автоматлаштирилган тарзда узатилишини таъминлайдиган ўлчов асбоблари ўрнатилишини;

тамаки маҳсулотларининг белгиланган тартибда акциз маркалари ва рақамли идентификация воситалари билан тамғаланишини таъминлаши шарт.

Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



36-модда. Тамаки маҳсулотларининг, тамакини

ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг

ўралишига ва тамғаланишига доир талаблар

          

Тамаки маҳсулотларининг ўралишига (қутисига) ҳамда тамғаланишига доир талаблар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланади.

Тамаки маҳсулотларининг истеъмол ўрови (қутиси) бутун кафолатли сақланиш муддати мобайнида тамаки маҳсулотларининг истеъмол хоссалари ўзгармаслигини ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини таъминлаши керак.

Тамаки маҳсулотларининг истеъмол ўровида (қутисида) унинг олд томонининг юқори қисмидаги асосий юзасининг камида олтмиш беш фоизини ҳамда орқа томони асосий юзасининг камида олтмиш беш фоизини эгаллайдиган, тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш туфайли юзага келган касаллик оқибатларини кўрсатувчи тасвир ва тегишли мазмундаги матн тарзида тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.

Тамаки маҳсулотларининг блокида тамаки маҳсулоти блоки горизонтал жойлаштирилганда чап қисмида олд ва орқа томонида ҳамда вертикал жойлаштирилганда юқори қисмида асосий юзанинг камида олтмиш беш фоизини эгаллайдиган, тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш туфайли юзага келган касаллик оқибатларини кўрсатувчи тасвир ва тегишли мазмундаги матн тарзида тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган талаб шаффоф полиэтилен плёнкадан тайёрланган тамаки маҳсулотларининг блокларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламасининг истеъмол ўровида, бундан чилимнинг ўрови мустасно, ўров асосий томонлари юзасининг камида олтмиш беш фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм кўринишидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.

Чилим сувдонида унинг юзасининг камида олтмиш беш фоизини эгаллайдиган, тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш туфайли юзага келган касаллик оқибатларини кўрсатувчи тасвир ва тегишли мазмундаги матн тарзида тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.

Тамаки маҳсулотларининг ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг истеъмол ўровида (қутисида):

мазкур маҳсулот бошқа тамаки маҳсулотларидан зарарсизроқ эканлиги ҳақида бевосита ёки билвосита тасаввур ҳосил қиладиган ҳар қандай атамаларни, таърифларни, белгиларни, рамзларни ёки бошқа ишораларни;

бевосита ёки билвосита тамаки маҳсулотларининг жозибадорлигини оширувчи таъм, ҳид, хушбўй ҳид берувчи қўшимчалар ва бошқа моддалар борлигини ёхуд уларнинг мавжуд эмаслигини кўрсатувчи ҳар қандай атамаларни, таърифларни, белгиларни, рамзларни ёки бошқа ишораларни;

озиқ-овқат маҳсулотларининг, дори воситаларининг, доривор ўсимликларнинг тасвирларини, шунингдек тамаки маҳсулотининг озиқ-овқат маҳсулоти, дори воситаси ёки доривор ўсимлик билан бевосита ёки билвосита ўзаро боғлиқлиги ҳақида тасаввур ҳосил қиладиган сўзларни ёки сўз бирикмаларини;

тамаки маҳсулотларининг қанча тез биологик парчаланиши ёки атроф табиий муҳитга бошқача тарзда мақбул таъсир кўрсатиши ҳақида бевосита ёки билвосита тасаввур ҳосил қиладиган ахборотни;

тамаки маҳсулотларининг рағбатлантирувчи, тетиклаштирувчи, шифобахш, ёшартирувчи ёки бошқа ижобий самарага эга эканлиги ҳақида бевосита ёки билвосита тасаввур ҳосил қиладиган ахборотни;

тамаки маҳсулотларининг зарарлилиги борасида истеъмолчини бевосита ёки билвосита чалғитадиган ахборотни, шу жумладан "қатрон миқдори кам", "енгил", "жуда енгил", "юмшоқ", "экстра", "ультра", "ингичка" каби сўзларни ёхуд бундай сўзлар билан бир ўзакли сўзларни, бундай сўзларнинг чет тиллардаги аналогларини, шунингдек бундай сўзларнинг чет тиллардан таржима қилинадиган аналогларини жойлаштириш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига олиб кириладиган тамаки маҳсулотлари белгиланган намунадаги акциз маркалари билан тамғаланиши шарт.



37-модда. Тамаки маҳсулотларининг,

тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш

мосламаларининг айланиши

           

Таркибидаги никотин ҳамда инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарарли бўлган бошқа моддалар миқдорининг йўл қўйиладиган энг юқори даражаларидан ошадиган тамаки маҳсулотларининг, шунингдек санитария-эпидемиология талаблари белгиланмаган тамаки маҳсулотларининг айланиши тақиқланади.

Қуйидагиларни:

чекилмайдиган тамаки маҳсулотларини, шу жумладан таркибида никотин мавжуд бўлган чекилмайдиган маҳсулотларни;

таркибида маҳсулотнинг жозибадорлигини оширишга қаратилган моддалар ёки никотинга қарамликни оширадиган қўшимчалар мавжуд бўлган никотинли ва никотинсиз суюқликларни, никотинли ва никотинсиз суюқликлари бўлган тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини, шунингдек электрон сигареталарни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (шу жумладан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали олиб кириш) ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиш тақиқланади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган тақиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида носвойни ишлаб чиқаришга ва реализация қилишга нисбатан татбиқ этилмайди.

Никотинли ва никотинсиз суюқликларнинг, никотинли ва никотинсиз суюқликлари бўлган тамаки ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг ва электрон сигареталарнинг ўзига жалб этувчанлигини оширишга қаратилган моддалар, шунингдек никотинга қарамликни кучайтирувчи қўшимчалар рўйхати техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади.

Тамаки маҳсулотларига ўхшатиб ишланган товарларни (бундан тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари мустасно) ишлаб чиқариш, олиб кириш, сотиш ва тарқатиш тақиқланади.

Тамаки маҳсулотларининг ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг улгуржи ва чакана савдоси қонунчиликка мувофиқ юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилиши мумкин.

Тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг чакана савдоси фақат тамаки маҳсулотларини ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини сақлаш ҳамда реализация қилишнинг тегишли санитария нормалари ва қоидаларига мос келадиган омборхоналари ҳамда ускуналари бўлган кўчмас савдо объектларида амалга оширилиши мумкин.

Чакана савдо амалга оширилаётганда тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини ёйиб қўйиш ва очиқ намойиш этиш тақиқланади.

Чакана савдо учун таклиф этилаётган тамаки маҳсулотлари ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари тўғрисидаги ахборот сотувчи томонидан харидорлар эътиборига савдо залида сотиладиган тамаки маҳсулотлари ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари рўйхатини жойлаштириш орқали етказилади, рўйхатнинг матни оқ фонда бир хил ўлчамдаги қора рангли ҳарфлар билан ёзилади ва рўйхат алфавит тартибида, сотиладиган тамаки маҳсулотларининг ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг нархи кўрсатилган ҳолда, бирор-бир график тасвирлар ва расмлардан фойдаланмасдан тузилади.

Кўчмас савдо объектларида тамаки маҳсулотларини ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини харидорга намойиш этиш унинг талабига кўра сотиладиган тамаки маҳсулотлар ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари рўйхати билан танишиб чиққанидан кейин амалга оширилиши мумкин.

Тамаки маҳсулотларининг ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг чакана савдосига доир фаолият онлайн тарзда фискал хотирали назорат-касса машиналарини ва (ёки) виртуал касса тизимларини, шунингдек банк пластик карталаридан тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини албатта қўллаган ҳолда амалга оширилади.

Тамаки маҳсулотлари ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан импорт қилинган бундай маҳсулотлар ва мосламаларнинг сотувчиси ҳар бир номдаги маҳсулот бўйича тайёрловчининг ёки етказиб берувчининг имзоси билан тасдиқланган, ҳар бир номдаги маҳсулот бўйича мувофиқлик сертификати мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар бўлган ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказилганлик рақамлари, ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати ҳамда сертификатни берган орган кўрсатилган товар-транспорт ҳужжатларига эга бўлиши керак.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

           

        

38-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш

тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилиши

устидан давлат назорати

     

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилиши устидан давлат назорати ваколатли органлар томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.



39-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклашга

доир тадбирларни молиялаштириш

         

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг аҳоли соғлиғига зарарли таъсирини профилактика қилишга, унинг олдини олишга, таъсирини камайтиришга доир тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



40-модда. Низоларни ҳал этиш

       

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



41-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш

тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

           

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



42-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 5 октябрда қабул қилинган "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги ЎРҚ-302-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, N 10, 272-модда);


2) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 2 июлда қабул қилинган "Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида"ги ЎРҚ-478-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 7, 423-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 14 ноябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-584-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 11, 792-модда) 11-моддаси;


4) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 209 ва 253-моддалари;


5) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 октябрда қабул қилинган "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-721-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, N 10, 968-модда) 25-моддаси.



43-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини,

етказилишини, моҳияти ва аҳамияти

тушунтирилишини таъминлаш

        

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Адлия вазирлиги ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



44-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

           

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



45-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

       

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Ушбу Қонун 36-моддасининг учинчи - саккизинчи қисмлари, 37-моддасининг иккинчи қисми ушбу Қонун кучга кирган кундан эътиборан тўққиз ой ўтгач амалга киритилади. Бунда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талаблари ушбу Қонун 36-моддасининг учинчи - саккизинчи қисмларида кўрсатилган талаблар амалга киритилгунига қадар амал қилади.

          

       

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          Ш. Мирзиёев

      

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 25 май


"Халқ сўзи", 2023 йил 25 май















































































Время: 0.0132
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск