ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адвокатура /

Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.06.2023 й. 226-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 1 июндаги

226-сон қарорига

1-ИЛОВА



Адвокатлик гувоҳномасини

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом адвокатлик гувоҳномасини бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


адвокатлик гувоҳномаси - QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган адвокатнинг мақомини тасдиқловчи ҳужжат;


адвокатлик тузилмалари - адвокатлик бюроси, адвокатлик фирмаси, адвокатлар ҳайъати ва юридик маслаҳатхона;


адвокатлар реестри - адвокат ва унинг мақоми ҳамда адвокатлик тузилмаси билан боғлиқ маълумотларни ўз ичига олган электрон маълумотлар базаси;


талабгор - адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун белгиланган тартибда лицензия олган, адвокатлик гувоҳномасини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс.


3. Адвокатлик гувоҳномаси талабгор фаолият юритаётган адвокатлик тузилмаси давлат рўйхатидан ўтказилган жой бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда - адлия органи) томонидан ўн йил муддатга берилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади.


4. Талабгор адвокатлик тузилмасига қабул қилингандан сўнг адвокатлик гувоҳномасини олиш учун аризани "Юридик ёрдам" ахборот тизими (кейинги ўринларда - ахборот тизими) орқали электрон шаклда адлия органига юборади.

Ариза ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин. Бунда, аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари келиб тушганда навбатдаги иш куни ариза адлия органига келиб тушган кун ҳисобланади.


5. Ариза рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи тегишли белги автоматик равишда ахборот тизими орқали талабгорга юборилади.

Талабгор адвокатлик гувоҳномасини олиш учун тақдим қилган аризасини кўриб чиқиш ҳолатини ахборот тизими орқали онлайн кузатиб бориши мумкин.


6. Адвокатлик гувоҳномасини бериш учун тўлов ундирилмайди, ушбу Низомнинг 24-бандида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


7. Адвокатлик гувоҳномаси ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ берилади.



2-БОБ. АДВОКАТЛИК ГУВОҲНОМАСИНИ

ОЛИШ УЧУН АРИЗА БЕРИШ ВА УНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


8. Талабгор ўз электрон рақамли имзосидан (кейинги ўринларда - ЭРИ) фойдаланган ҳолда адвокатлик гувоҳномасини олиш учун ахборот тизимидан рўйхатдан ўтади ҳамда электрон шаклда ариза тўлдиради.

Аризада қуйидагилар акс эттирилади:

талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

адвокатлик тузилмасининг номи ва жойлашган манзили;

телефон рақами.

Талабгордан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотлар ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.


9. Талабгорга адвокатлик гувоҳномасини беришда адлия органи қуйидаги ҳужжатларни идоралараро электрон ҳамкорлик ёрдамида мустақил олади:

талабгор фаолиятини бошлаган адвокатлик тузилмаси давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида гувоҳнома;

талабгорнинг адвокат қасамёдини қабул қилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

талабгорнинг адвокатлик тузилмасига қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

талабгорнинг 3х4 см ўлчамдаги рангли фотосурати.

Талабгорнинг адвокатлик фаолияти учун лицензия олганлиги ахборот тизими орқали тасдиқланади.

Талабгор ўз хоҳишига кўра, 3х4 см ўлчамдаги рангли фотосуратини адлия органига электрон шаклда тақдим қилиши мумкин.


10. Ариза ахборот тизимига киритилган кундан эътиборан икки иш куни ичида талабгорга адвокатлик гувоҳномаси берилади.

Адвокатлик гувоҳномаси тайёр бўлиши билан талабгорга ахборот тизими орқали реал вақт режимида хабарнома юборилади.


11. Талабгорга адвокатлик гувоҳномасини бериш адлия органи раҳбари томонидан ахборот тизими орқали тасдиқланади.

Талабгорнинг адвокатлик гувоҳномасини олганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига ахборот тизими орқали автоматик тарзда хабарнома юборилади.


12. Талабгорга адвокатлик гувоҳномаси берилганлиги ҳақида адлия органи томонидан адвокатлар реестрига ахборот тизими орқали маълумот киритилади ва ундаги маълумотлар барча учун очиқ ҳисобланади.


13. Талабгор янги адвокатлик тузилмасини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда мурожаат қилганда, адвокатлик тузилмаси давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг икки иш куни ичида талабгорга адвокатлик гувоҳномаси берилади. Бунда, талабгорнинг адвокатлик гувоҳномасини олиш учун алоҳида мурожаат қилиши талаб этилмайди.


14. Талабгорга адвокатлик гувоҳномасини бериш қуйидаги ҳолларда рад этилади:

талабгор адвокатлик тузилмасини ташкил этмаган ёки мавжуд адвокатлик тузилмаларидан бирига қабул қилинмаган бўлса;

талабгор адвокат қасамёдини қабул қилмаган бўлса.

Бошқа асосларга кўра адвокатлик гувоҳномасини беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


15. Адвокатлик гувоҳномасини бериш рад этилганлиги ҳақида талабгорга ахборот тизими орқали реал вақт режимида хабарнома юборилади.

Талабгор адвокатлик гувоҳномасини бериш рад этилганлиги, шунингдек адлия органи мансабдор шахсининг хатти-ҳаракатлари устидан белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёхуд судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


16. Адвокатлик гувоҳномаси ушбу Низомга 2-иловада келтирилган намуна ва тавсиф бўйича тайёрланади.


17. Талабгорнинг хоҳишига кўра, адвокатлик гувоҳномаси талабгор фаолият юритаётган адвокатлик тузилмасининг манзилига юборилиши ёки талабгор томонидан шахсан олиб кетилиши мумкин.

Адвокатлик гувоҳномаси талабгорнинг хоҳишига кўра, у фаолият юритаётган адвокатлик тузилмасининг манзилига юборилганда почта харажатлари талабгор томонидан қопланади.


18. Адвокатлик гувоҳномаси ахборот тизими томонидан автоматик тарзда рақамланади ва компьютер техникаси ёрдамида тўлдирилади.


19. Адвокатлик гувоҳномаси ундаги махсус QR-код (матрик штрихли код)ни сканерлаш имкони бўлмайдиган даражада яроқсиз ҳолга келганда ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Адвокатлик гувоҳномаси ундаги махсус QR-код (матрик штрихли код) тасвирини яроқсиз ҳолатга келишининг олдини олиш имкони берадиган технологияда тайёрланиши таъминланади.


20. Адвокатлик гувоҳномасидаги махсус QR-код (матрик штрихли код)ни сканерлаш орқали адвокатлик гувоҳномаси ким томонидан берилганлиги, адвокат мақоми, адвокат фаолият юритаётган адвокатлик тузилмасининг номи, адвокатнинг ихтисослиги, лицензия рақами ва берилган санаси аниқланади.


21. Адвокат бир адвокатлик тузилмасидан бошқасига қабул қилинган бўлса, бир иш куни ичида бу ҳақида адвокатлик гувоҳномаси берган адлия органига ахборот тизими орқали хабарнома юборади.

Адлия органи ушбу хабарномани олгандан кейин бир иш куни ичида ахборот тизимига адвокатнинг иш жойи ўзгарганлиги ҳақидаги маълумотни киритади.


22. Ўзбекистон Республикасининг "Адвокатура тўғрисида"ги Қонуни 13-1, 15 ва 16-моддаларига асосан адвокат мақоми тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда адвокатлик гувоҳномасидан фойдаланиш тақиқланади. Адвокат мақоми тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда, бу ҳақда гувоҳнома берган адлия органи томонидан ахборот тизимига реал вақт режимида маълумот киритилади.

Адвокат мақоми тугатилганда гувоҳнома берган адлия органи томонидан адвокатлик гувоҳномасини қайтариш ҳақида адвокат мақоми тугатилган шахсга ахборот тизими орқали реал вақт режимида талабнома юборилади. Адвокатлик гувоҳномаси мазкур талабнома юборилган кундан эътиборан ўн беш иш куни ичида қайтарилиши керак. Қайтарилган адвокатлик гувоҳномаси адлия органи томонидан йўқ қилинади.



3-БОБ. АДВОКАТЛИК ГУВОҲНОМАСИНИ

ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ


23. Адвокатлик гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда қайта расмийлаштирилади:

адвокатнинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарганда, унинг лицензияси қайта расмийлаштирилгандан сўнг;

адвокат бошқа адлия органи жойлашган ҳудудда рўйхатдан ўтган адвокатлик тузилмасига кирганда;

адвокатлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганда;

адвокатлик гувоҳномаси йўқотилган ёхуд яроқсиз ҳолга келганда.

Адвокат адвокатлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш учун асослар юзага келган кундан бошлаб беш иш куни ичида адлия органига адвокатлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш учун асос бўлган тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ахборот тизими орқали мурожаат қилиши лозим.


24. Адвокатлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорда йиғим ундирилади (адвокатлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганда қайта расмийлаштириш ҳоллари бундан мустасно) ва қуйидаги тартибда тақсимланади:

0,5 фоизи - ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар - адлия органининг ҳисобварағига йўналтирилади.

Йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.


25. Адвокат томонидан адвокатлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш учун белгиланган тўлов амалга оширилмаса, гувоҳномани қайта расмийлаштириш рад этилади.


26. Адвокатлик гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ахборот тизимига киритилган кундан бошлаб икки иш куни ичида адвокатлик гувоҳномаси қайта расмийлаштириб берилади.


27. Адвокатга янги адвокатлик гувоҳномаси берилган кундан эътиборан илгари амалда бўлган гувоҳноманинг амал қилиши тугатилади.

Адвокатлик гувоҳномаси қайта расмийлаштирилганда эски адвокатлик гувоҳномаси адлия органига қайтарилади.


28. Адвокатга янги адвокатлик гувоҳномаси расмийлаштирилганлиги ҳақидаги маълумотлар адлия органи томонидан реал вақт режимида ахборот тизимида қайд этилади.


29. Амал қилиши тугаган гувоҳномалар, шунингдек, адвокатлик мақоми тугатилганлиги муносабати билан адлия органи томонидан олинган адвокатлик гувоҳномалари адлия органи томонидан йўқ қилинади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


30. Адвокат адвокатлик гувоҳномаси сақланиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

Адвокатлик гувоҳномасини бошқа шахсларга бериш тақиқланади.


31. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Адвокатлик гувоҳномасини бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари









1-босқич

Талабгор


Адвокатлик гувоҳномасини олиш учун "Юридик ёрдам" ахборот тизими (кейинги ўринларда - ахборот тизими) орқали Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига ариза юборади.


Белгиланган муддатларда







2-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари


1. Ариза ва унга иловаларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларига мувофиқлигини ўрганади.


2. Талабгорга гувоҳнома расмийлаштиради ёки гувоҳнома беришни рад этади.


3. Гувоҳнома тайёр бўлганлиги (гувоҳнома бериш рад этилганлиги) ҳақида талабгорга ахборот тизими орқали хабарнома юборади.


1-2. Икки иш куни ичида




3. Реал вақт режимида







3-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари


1. Гувоҳномани талабгорга шахсан беради ёки тегишли адвокатлик тузилмасига почта орқали юборади.


2. Талабгор гувоҳномани олганлиги ҳақида Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига ахборот тизими орқали хабарнома юборади.


1. Гувоҳнома расмийлаштирилган кунда



2. Реал вақт режимида

           





Низомга

2-ИЛОВА



Адвокатлик гувоҳномасининг шакли


(олд томони)


(орқа томони)

Адвокатлик гувоҳномасининг тавсифи


Адвокатлик гувоҳномаси 54х86 мм ўлчамда пластикдан тайёрланади. Адвокатлик гувоҳномасининг ранги - оч бинафша, оч пушти ва сариқ. Лотин ёзувидаги давлат тили ва инглиз тилларидан фойдаланилади.

Адвокатлик гувоҳномасининг пластик шакли қуйидаги ҳимоя воситаларига эга:

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири шаклидаги голограмма, у нишабликнинг турлича бурчагида ўз шаклини ўзгартиради;

микроматн - "Advokatlik guvohnomasi Attorney identity card", ўлчами максимум 30 микрон;

ультрабинафша қоплама;

доира шаклидаги кўп бурчакли эгилганда бир рангдан бошқа рангга товланадиган оптик турланадиган бўёқ;

гилош, доимий равишда қийшайиб турадиган 40-70 мкм қалинликдаги тўлқинли чизиқларнинг қалин тармоғи шаклидаги нақш.

Гувоҳноманинг олд томонида "Advokatlik guvohnomasi", "Attorney identity card" сўзлари ёзилади; Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи ҳамда гербининг тасвири туширилган, адвокатнинг фамилияси, исми, отасининг исми мажбурий тартибда кўрсатилади, адвокатлик фаолияти учун лицензия рақами ва адвокатни идентификация қилиш имконини берувчи QR-код (матрик штрихли код) жойлаштирилади, фотосурат учун жой назарда тутилган.

Адвокатлик гувоҳномасининг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси харитаси тасвири туширилади, гувоҳноманинг берилган санаси, амал қилиш муддати, гувоҳнома рақами.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 1 июнь





































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск