ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш /

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент мактабларига ўқувчиларни саралаб олиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.05.2023 й. 214-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 27 майдаги

214-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим

муассасалари агентлиги тизимидаги

Президент мактабларига ўқувчиларни

саралаб олиш ва қабул қилиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ

       

         

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

        

1. Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) тизимидаги Президент мактабларига (кейинги ўринларда - Президент мактаблари) ўқувчиларни саралаб олиш ва қабул қилиш тартибини белгилайди.


2. Президент мактабларига ўқувчилар Агентлик томонидан таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ихтисослашган маҳаллий ёки хорижий ташкилотлар (кейинги ўринларда - маҳаллий ёки хорижий ташкилотлар) билан биргаликда ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижалари асосида қабул қилинади.


3. Президент мактабларига ўқувчилар белгиланган йиллик қабул квотаси (иккита синфга бир хил 12 нафардан ўқувчи тақсимланган, 24 нафар ўқувчидан иборат) доирасида қабул қилинади.


4. Президент мактабларига ўқувчилар тенг ҳуқуқлилик, очиқлик, адолат ва шаффофлик принциплари асосида мазкур низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ қабул қилинади.


5. Белгиланган квотага асосан кириш имтиҳонлари натижалари бўйича энг юқори балл тўплаган ўқувчилар ўқишга қабул қилинади.



2-БОБ. ҚАБУЛ КОМИССИЯСИ

           

6. Президент мактабларига ҳужжатларни қабул қилиш, кириш имтиҳонларини тенг ҳуқуқлилик, очиқлик, адолат ва шаффофлик принциплари асосида ташкил этиш мақсадида Агентлик ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар вакилларидан иборат қабул комиссияси шакллантирилади.


7. Қабул комиссиясининг таркиби Агентлик директори буйруғи билан тасдиқланади.

Қабул комиссияси таркиби 7 кишидан кам бўлмаган тоқ миқдорда комиссия раиси, комиссия раиси ўринбосари, комиссия котиби ҳамда унинг аъзоларидан иборат таркибда тузилади.


8. Қабул комиссияси:

кириш имтиҳонлари материалларини маҳаллий ёки хорижий ташкилотлар билан биргаликда тайёрлайди;

маҳаллий ёки хорижий ташкилотлар билан биргаликда кириш имтиҳонларининг баҳолаш мезонлари, ўтказиш вақти ҳамда жойларини белгилайди;

ҳар бир Президент мактаби бўйича тузилган ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштиради;

ҳужжатлари қабул қилинган ўқувчиларнинг рўйхатини шакллантиради, уларни кириш имтиҳонлари шартларига мос равишда гуруҳларга тақсимлайди;

кириш имтиҳонларини ташкил этади, натижаларини эълон қилади.


9. Қабул комиссияси томонидан ҳар бир Президент мактаби бўйича алоҳида ишчи гуруҳ шакллантирилади ва тасдиқланади.


10. Ишчи гуруҳ:

ўқувчиларнинг ҳужжатлари мазкур низом талаблари асосида тақдим этилганини кўриб чиқади;

кўриб чиқиш натижасида ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш, таҳрирлашга юбориш ёки қабул қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади;

ҳужжатлари таҳрирлашга юборилган ёки қабул қилиниши рад этилган ҳолларда таҳрирлашга юбориш ёки рад этилиш сабабларини аниқ кўрсатган ҳолда, ўқувчиларнинг шахсий кабинетига ва телефон рақамига SMS шаклида хабар юборади;

кириш имтиҳонлари ўтказиладиган жойларни талаб даражасида тайёрлайди;

ўқувчиларни, уларнинг ота-оналари (қонуний вакил)ни кириш имтиҳонлари шартлари билан таништиради, кириш имтиҳонлари ўтказиладиган жой ва вақти тўғрисида шахсий кабинет ва телефон рақамига SMS шаклида хабар юбориш орқали огоҳлантиради;

тасдиқланган жадвал асосида Президент мактабларига ўқувчиларни кириш имтиҳонлари юзасидан мурожаат қилган шахсларга маслаҳат бериб боради;

қабул қилинган ҳужжатларнинг кунлик мониторингини юритади ва қабул комиссиясига кунлик ахборот киритади.



3-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ

          

11. Қабул комиссияси томонидан ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан камида 10 календарь кун олдин Агентлик ва Президент мактабларининг расмий веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида қабул қилиш тартиби, ҳужжатларни топшириш муддатлари ва қабул квоталари тўғрисида эълон қилинади.


12. Президент мактабларига умумий ўрта таълим муассасаларининг тўртинчи синф битирувчилари орасидан қобилиятли ва иқтидорли (баҳолар табели асосида математика ва табиатшунослик фанларидан ўқув йилини аъло баҳоларга тамомлаган) ўқувчиларнинг ҳужжатлари қабул қилинади.


13. Ўқувчилар фақат таълим олаётган мактабининг ҳудудидаги Президент мактабига ҳужжат топшириши мумкин.


14. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий давлатдаги таълим муассасасида ўқиётган фарзандлари Президент мактабларининг тегишли синфига ўқувчиларнинг ота-онаси (қонуний вакили)нинг доимий яшаш жойи бўйича ҳужжат топшириши мумкин.

Бунда ўқувчилар таълим олаётган таълим муассасаси томонидан берилган баҳолар табели (ёки шунга тенглаштирилган расмий ҳужжат)нинг давлат тилига таржима қилинган ва тегишли тартибда нотариал идора томонидан тасдиқланган шаклини тақдим этади.


15. Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар Президент мактабларида таълим олиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга.


16. Чет эл фуқаролари фарзандларининг кириш имтиҳонларида иштирок этишларига рухсат этилмайди, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.


17. Умумий ўрта таълим муассасаларининг тегишли синфларида ўқишни тўлиқ тамомлаган ўқувчилар Президент мактабининг шундай синфида такроран ўқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.


18. Президент мактабларига ўқувчиларнинг қуйидаги ҳужжатлари онлайн шаклда Агентликнинг расмий веб-сайти орқали қабул қилинади:

ўқувчиларнинг тегишли ўқув йили натижасига кўра баҳолар табелининг мактаб директори томонидан тасдиқланган нусхаси;

имтиҳон рухсатномасини шакллантириш жараёнида фойдаланиш учун ўқувчиларнинг охирги 2 ой давомида тушган фотосурати;

ўқувчиларнинг туғилганлик ҳақида гувоҳномаси ва уларнинг ота-онаси (қонуний вакили) фуқаролик паспорти маълумотлари, боғланиш учун мобил телефон рақамлари.

Ҳужжат топшириш жараёнида ўқувчиларнинг ота-онаси (қонуний вакили) кириш имтиҳонлари шартлари ва талаблари билан танишганлиги тўғрисидаги онлайн офертани тасдиқлайди.

Ўқувчиларга ҳужжат топшириш жараёнида ихтиёрий равишда ҳудуддаги Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб ёки мактаб-интернатларидан бирини қўшимча танлаш имконияти берилади.

Бунда кириш имтиҳонининг 2-босқичида муваффақиятли иштирок этиб, Президент мактабига кира олмаган ўқувчилар белгиланган квота доирасида ҳудуддаги танлаган Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб ёки мактаб-интернатининг бирига ўқувчиларнинг тўплаган баллари кетма-кетлиги бўйича имтиҳонсиз қабул қилинади.


19. Ҳужжатларни белгиланган муддатларда, тўғри ва сифатли тақдим этиш бўйича масъулият ўқувчиларнинг ота-онаси (қонуний вакили) зиммасига юклатилади.


20. Ўқувчиларнинг ҳужжатлари ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилгандан сўнг (24 соат ичида) уларга ҳужжатлар қабул қилинганлиги, таҳрирлашга юборилганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисида хабар юборилади.


21. Қуйидаги ҳолларда ҳужжатлар таҳрирлашга юборилади:

ўқувчилар таълим олаётган мактабнинг ҳудудий мансублиги Президент мактабининг ҳудудий мансублигига мос келмаган ҳолда (мазкур низомнинг 14-банди бундан мустасно);

ушбу низомнинг 18-бандида белгиланган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганда;

тақдим этилган ҳужжатлардаги, муҳрдаги ёзувлар ўқиб бўлмайдиган даражада нусхаланган бўлса.


22. Ҳужжатлар таҳрирлаш учун юборилганда, ўқувчиларга кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун ҳужжатлар қабул қилиш муддати тугагунга қадар тўғрилашга рухсат берилади.

Ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугагандан сўнг маълумотларни ўзгартиришга рухсат берилмайди.


23. Қуйидаги ҳолларда ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш рад этилади:

белгиланган муддатлардан кейин кириш имтиҳонида иштирок этиш хоҳишини билдирган тақдирда;

ўқувчилар ўқув йили натижасига кўра мазкур низомнинг 12-бандида кўрсатилган фанлар бўйича "аъло" баҳолар олмаган бўлса;

тақдим этилган ҳужжатларнинг сохта эканлиги аниқланганда;

ўқувчилар чет эл фуқароси бўлса;

умумий ўрта таълим муассасаларининг бешинчи (ёки бешинчи синфдан юқори) синфида ўқишни тўлиқ тамомлаган ўқувчилар Президент мактабининг 5-синфида такроран ўқиш истагини билдирган бўлса.


24. Ўқувчиларнинг ота-онаси (қонуний вакили) ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугагунга қадар тақдим этилган аризани қайтариб олиш ёки бекор қилиш ҳуқуқига эга.


25. Президент мактабларига кириш имтиҳонларининг ҳар иккала босқичида ўқувчиларга имтиёзлар берилмайди.



4-БОБ. КИРИШ ИМТИҲОНЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

          

26. Кириш имтиҳонлари ҳар йили қабул комиссияси томонидан белгиланган муддатларда ўтказилади.


27. Кириш имтиҳонлари давлат тилида (Қорақалпоғистон Республикасида ўзбек ёки қорақалпоқ тилида) ёки ўқувчиларнинг танловига мувофиқ инглиз тилида ўтказилади.


28. Президент мактабларига кириш имтиҳонлари икки босқичда қуйидаги фанлардан ўтказилади:

биринчи босқич - математика фанидан (жами 30 та топшириқ) тест шаклида ўтказилади.

Масалалар мураккаблик даражасига қараб уч тоифага бўлинади:

1) 10 та енгил даражадаги саволлар (A тоифа);

2) 10 та ўртача даражадаги саволлар (B тоифа);

3) 10 та мураккаб даражадаги саволлар (C тоифа).


29. Биринчи босқич имтиҳони натижалари Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.


30. Биринчи босқич натижасига кўра қабул квотасида белгиланган ҳар бир ўринга 20 нафар ҳисобидан (ҳар бир мактабда жами 480 нафар) максимал балл тўплаган ўқувчиларга иккинчи босқичда иштирок этишга рухсат этилади.


31. Биринчи босқич натижасига кўра тенг натижалар юзага келган ҳолларда, яъни бир нечта ўқувчилар бир хил умумий балл тўплаганда, имтиҳонда жавоби белгиланган масалалар тоифаларининг ҳар бири бўйича юқори балл тўплаган ўқувчиларга қуйидаги тартибда устунлик берилади:

С тоифа саволлар бўйича юқори балл тўплаганлар;

B тоифа саволлар бўйича юқори балл тўплаганлар;

A тоифа саволлар бўйича юқори балл тўплаганлар.

Ўқувчилар барча тоифадаги саволлар бўйича бир хил умумий ва тенг балл тўплаган тақдирда, улар туғилган санаси бўйича сараланади, бунда ёшроқ ўқувчиларга устунлик берилади.

Агарда бу ҳолатда ҳам тенглик сақланиб қолса, қабул комиссияси томонидан ўқувчиларга қўшимча топшириқлар берилади.


32. Иккинчи босқич кириш имтиҳонлари қуйидаги фанлардан тест шаклида ўтказилади:

математика фанидан танқидий фикрлаш ва муаммони ечиш бўйича 40 та;

инглиз тили фанидан грамматика (Grammar component) ва матн билан ишлаш (Reading component) бўйича 40 та тест саволлари.


33. Иккинчи босқич натижасига кўра тенг натижалар юзага келган ҳолларда, яъни бир нечта ўқувчилар бир хил умумий балл тўплаганда, имтиҳонда жавоби белгиланган масалалар тоифаларининг ҳар бири бўйича юқори балл тўплаган ўқувчиларга қуйидаги тартибида устунлик берилади:

муаммони ечиш йўналишидаги саволлар бўйича юқори балл тўплаганлар;

танқидий фикрлаш йўналишидаги саволлар бўйича юқори балл тўплаганлар;

инглиз тилидан матн билан ишлаш (Reading component) йўналишидаги саволлар бўйича юқори балл тўплаганлар;

инглиз тили грамматикасидан (Grammar component) тузилган саволлар бўйича юқори балл тўплаганлар.

Ўқувчилар барча тоифадаги саволлар бўйича бир хил умумий ва тенг балл тўплаган тақдирда, улар туғилган санаси бўйича сараланади, бунда ёшроқ ўқувчиларга устунлик берилади.

Агарда бу ҳолатда ҳам тенглик сақланиб қолса, қабул комиссияси томонидан ўқувчиларга қўшимча топшириқлар берилади.


34. Президент мактабларига кириш имтиҳонларининг жавоблар варағи қора қалам билан белгиланади.


35. Агентлик маҳаллий ёки хорижий ташкилотлар билан биргаликда кириш имтиҳонлари жараёнларининг тенг ҳуқуқлилик, очиқлик, адолат ва шаффофлик принциплари асосида ташкил этилишини таъминлайди.


36. Кириш имтиҳонларига тегишли саволлар китоби ва жавоблар варағи махфийлиги таъминланиши лозим бўлган маълумот ҳисобланади.


37. Кириш имтиҳонлари видеокузатув ва бошқа техник воситаларни қўллаган ҳолда белгиланган жойларда ўтказилади.


38. Ўқувчилар имтиҳонга ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхаси ва имтиҳон рухсатномаси билан келиши лозим.

Имтиҳон рухсатномаси имтиҳон бошланишидан камида 3 (уч) кун олдин ўқувчининг кириш имтиҳонига оид шахсий маълумотлари билан бирга кириш имтиҳонининг ўтказиш жойи, гуруҳи ва ўтириш ўрни кўрсатилган ҳолда унинг шахсий кабинетига юборилади.


39. Кириш имтиҳонларига ҳужжат топширмаган, имтиҳонга кечиккан ёки келмаган ўқувчилар учун қўшимча танлов ўтказишга йўл қўйилмайди.


40. Кириш имтиҳони ўтказилаётган жойларга ўқувчилар ва кузатувчилар томонидан алоқа воситаларини олиб кириши тақиқланади.


41. Қуйидаги ҳолатлар ўқувчиларни кириш имтиҳони жараёнларидан четлаштиришга асос бўлади:

бошқалардан кўчиришга уриниш ва бошқа ўқувчиларга халақит бериш;

шпаргалка, барча турдаги мобиль алоқа воситалари, калькулятор, луғат, китоблардан фойдаланиш.

Юқоридаги ҳолатлар содир этилганда ўқувчиларга нисбатан тегишли далолатнома расмийлаштирилади, ўқувчилар жавоблар варағини топширган ҳолда имтиҳонни тарк этади. Четлаштирилган ўқувчиларнинг имтиҳон натижалари инобатга олинмайди.


42. Имтиҳон жараёнида ўқувчиларнинг ўзига боғлиқ бўлган ҳолда жараёндан четлатилиши ёки чиқиб кетиши қайта имтиҳон ўтказишга асос бўлмайди.


43. Қабул комиссияси томонидан имтиҳон жараёнларига жалб этилганлардан бошқа шахсларнинг кириш имтиҳони ўтказилаётган аудитория ва биноларга жараён тугагунига қадар кириш-чиқиши қатъиян тақиқланади.



5-БОБ. КИРИШ ИМТИҲОНЛАРИ

НАТИЖАЛАРИНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ

         

44. Кириш имтиҳонлари натижалари биринчи босқичда имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун ичида, иккинчи босқичда имтиҳон топширилган кундан кейин 30 кун ичида Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.


45. Кириш имтиҳонлари натижалари қайта кўриб чиқилмайди. Кириш имтиҳонлари натижалари бўйича имтиҳон материаллари ўқувчиларга тақдим этилмайди.



6-БОБ. ЎҚУВЧИЛАРНИ МАКТАБГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ

         

46. Кириш имтиҳонлари натижасига кўра энг юқори балл тўплаган ўқувчилар белгиланган қабул квотаси доирасида баллар кетма-кетлигида ўқувчилар сафига қабул қилинади.


47. Агентлик томонидан тасдиқланган қайдномаларга асосан янги ўқув йили бошлангунга қадар Президент мактаблари директорларининг буйруғи асосида ўқувчилар мактабга қабул қилинади.


48. Ўқувчилар Президент мактабларига қабул қилингандан сўнг баҳолар табелининг асл нусхаси ўқувчиларнинг аввал ўқиган мактабидан сўров асосида олинади.


49. Президент мактабида қабул қилиниши белгиланган ўқувчи ўқишни давом эттирмаган ҳолларда, унинг ўрнига ўқишга кира олмаганлар орасидан баллар кетма-кетлиги бўйича навбатдаги ўқувчи таклиф қилинади.

Навбатдаги ўқувчини қабул қилиш баллар кетма-кетлиги бўйича ундан олдинги ўқувчининг ота-онаси (қонуний вакили) томонидан ўқишни давом эттириш истаги мавжуд эмаслигини тасдиқловчи ҳужжат олинганидан сўнг қабул қилинади.


50. Белгиланган тартибда тегишли ҳужжатларнинг асл нусхаси тақдим этилмаслиги, ўқувчи ўқишини давом эттириш истагини билдирмаслиги, мактаб ходимлари мурожаатларига жавоб бермаслиги ундан кейинги ўқувчининг қабул қилиниши учун асос бўлади. Ушбу ҳолат бўйича мактаб маъмурияти томонидан тегишли далолатнома расмийлаштирилади.



7-БОБ. ЎҚУВЧИЛАР БЎШ

ЎРИНЛАРИНИ ТЎЛДИРИШ

         

51. Қабул комиссияси ўқув йили якуни бўйича ўқувчилар бўш ўринларини тўлдириши мумкин.


52. Бўш ўринларни тўлдириш бўйича ўтказилган имтиҳонлар натижаларини таҳлил қилиш ва ўқувчиларни бўш ўринлар доирасида ўқишга тавсия қилиш қабул комиссияси томонидан амалга оширилади.


53. Президент мактабларида 6-11-синфлардаги бўш ўринларга ўқувчиларни қабул қилиш Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Президент мактабларига синфлар кесимида бўш ўринларга ўқувчиларнинг қуйидаги ҳужжатлари онлайн шаклда Агентликнинг расмий веб-сайти орқали қабул қилинади:

6-синфлар учун:

ўтган ўқув йилида 5-синфлар учун ўтказилган иккинчи босқич имтиҳон натижалари асосида ўқувчиларнинг эгаллаб турган ўринлар кетма-кетлиги асосида қабул қилинади.

7-синфлар учун:

6-синфни математика, табиий фан (science), инглиз тили фанларидан йиллик аъло баҳоларга тамомлаган, инглиз тилини билиши, халқаро тестлардан ўтганлик тўғрисидаги тасдиқланган сертификатига (камида IELTS 4,0 /TOEFL iBT 41, PBT 400 / миллий CEFR B1 ёки аналог) эга ўқувчилар орасидан қуйидаги фанларидан имтиҳон топширади:

математика фанидан 40 та;

табиий фан (science) дан 40 та тест саволлари берилади.

Кириш имтиҳонлари якунлари бўйича ўқувчилар ўртасида тенг натижалар юзага келганда қуйидагилар устунликка эга бўлади:

1-даражали (математика) фанидан юқори балл тўплаганлар;

2-даражали табиий фан (science) дан юқори балл тўплаганлар.

8-синфлар учун:

7-синфни математика, физика, биология, кимё ва инглиз тили фанларидан йиллик аъло баҳоларга тамомлаган, инглиз тилини билиши, халқаро тестлардан ўтганлик тўғрисидаги тасдиқланган сертификатига (камида IELTS 5,0 /TOEFL iBT 50, PBT 470 / миллий CEFR B2 ёки аналог)га эга ўқувчилар қуйидаги фанларидан имтиҳон топширади:

математика фанидан 40 та;

физика фанидан 20 та;

биология фанидан 10 та;

кимё фанидан 10 та тест саволлари берилади;

9-синфлар учун:

8-синфни математика, физика, биология, кимё ва инглиз тили фанларидан йиллик аъло баҳоларга тамомлаган, инглиз тилини билиши, халқаро тестлардан ўтганлик тўғрисидаги тасдиқланган сертификатига (камида IELTS 5,5 /TOEFL iBT 65, PBT 500 / миллий CEFR B2 ёки аналог) эга ўқувчилар қуйидаги фанларидан имтиҳон топширади:

математика фанидан 40 та;

физика фанидан 20 та;

биология фанидан 10 та;

кимё фанидан 10 та тест саволлари берилади.

10-синфлар учун:

9-синфни математика, физика, биология, кимё ва инглиз тили фанларидан йиллик аъло баҳоларга тамомлаган, инглиз тилини билиши, халқаро тестлардан ўтганлик тўғрисидаги тасдиқланган сертификатига (камида IELTS 6,5 /TOEFL iBT 79, PBT 550 / миллий CEFR C1 ёки аналог) эга ўқувчилар қуйидаги фанларидан имтиҳон топширади:

математика фанидан 40 та;

физика фанидан 20 та;

биология фанидан 10 та;

кимё фанидан 10 та тест саволлари берилади.

7-10-синфларда кириш имтиҳонлари якунлари бўйича ўқувчилар ўртасида тенг натижалар юзага келганда қуйидагилар устунликка эга бўлади:

1-даражали (математика) фандан юқори балл тўплаганлар;

2-даражали (физика) фандан юқори балл тўплаганлар;

3-даражали (биология, кимё) фандан юқори балл тўплаганлар.

Юқоридаги барча ҳолатларда ўқувчилар кўрсаткичлари тенг бўлган тақдирда, улар туғилган санаси бўйича сараланади, бунда ёшроқ ўқувчига устунлик берилади.

Агарда бу ҳолатда ҳам тенглик сақланиб қолса, ўқувчиларга қабул комиссияси томонидан қўшимча топшириқлар берилади.

11-синфлар учун:

10-синфни математика, физика, биология, кимё ва инглиз тили фанларидан йиллик аъло баҳоларга тамомлаган, инглиз тилини билиши, халқаро тестлардан ўтганлик тўғрисидаги тасдиқланган сертификатига (камида IELTS 6,5 /TOEFL iBT 79, PBT 550 / миллий CEFR C1 ёки аналог) эга бўлган ҳамда халқаро AS-LEVEL сертификати қўлга киритган ўқувчилар қабул қилинади.

Бунда ўқувчилар халқаро (International Advanced Levels) дастурларнинг математика, физика, кимё, биология ва компьютер таълими фанларининг камида учтасидан AS-LEVEL сертификатларининг "с" (AS-LEVELнинг баҳолаш даражаси) ва ундан юқори даражасига эга бўлиши керак.

Юқоридаги барча ҳолатларда ўқувчилар кўрсаткичлари тенг бўлган тақдирда, улар туғилган санаси бўйича сараланади, бунда ёшроқ ўқувчига устунлик берилади.

Агарда бу ҳолатда ҳам тенглик сақланиб қолса, ўқувчиларга қабул комиссияси томонидан қўшимча топшириқлар берилади.


54. Ўқувчиларнинг ўқиши бир Президент мактабидан бошқасига бўш жой бўлган тақдирда, Агентликнинг кўрсатмасига мувофиқ кўчирилади. Қолган ҳолларда ўқувчиларнинг ўқишини кўчиришга рухсат берилмайди.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

           

55. Ушбу низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


56. Ушбу низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

         

         




Низомга

ИЛОВА



Президент мактабларига ўқувчиларни

саралаб олиш ва қабул қилиш

СХЕМАСИ

           


      

Босқичлар

       


     

Субъектлар



     

Тадбирлар

         


        

Бажариш муддатлари

        









































1-босқич


Агентлик


         

Ҳужжатлар қабули бошланиши

тўғрисида ОАВда эълон бериш

         

Президент мактабларига қабул қилиш тартиби, ҳужжатларни топшириш муддатлари ва квоталари тўғрисида маълумот эълон қилинади.

          


Ҳужжатларни

қабул қилиш

бошланишидан

10 кун олдин









































2-босқич


Агентлик


             

Ўқувчилар томонидан

Президент мактабларига

ҳужжатларни топшириш

           

1. Ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш учун қабул комиссияси тузилади. Таркиб Агентлик директори буйруғи билан тасдиқланади.

       


Ҳужжатларни

қабул қилиш

бошланишидан

олдин









Қабул комиссияси


2. Кириш имтиҳонларини ўтказиш жадваллари тасдиқланади, Агентлик ва Президент мактабларининг расмий веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

        


Ҳужжатларни

қабул қилиш

бошланишидан

10 кун олдин









Ишчи гуруҳ


3. Ўқувчилар томонидан онлайн шаклда тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш жараёнида қабул қилинади ёки таҳрирга юборилади ёки рад этилади.

         


20 кундан кам

бўлмаган муддатда











4. Президент мактабларига ўқувчиларни кириш имтиҳонлари юзасидан мурожаат қилган шахсларга маслаҳат бериб борилади.

         


Ҳужжатларни қабул

қилиш даврида









































3-босқич


Қабул комиссияси, маҳаллий ҳокимликлар Қабул комиссияси маҳаллий ёки хорижий ташкилот билан биргаликда


        

Имтиҳон ўтказишга тайёргарлик кўриш

      

1. Кириш имтиҳонларини ўтказиш жойлари тайёрланади.


2. Кириш имтиҳонлари материаллари тайёрланади.

        


Кириш имтиҳонлари

бошланишидан

олдин









































4-босқич


Қабул комиссияси маҳаллий ёки хорижий ташкилот билан биргаликда


        

Кириш имтиҳонларининг

1-босқичини ўтказиш

           

1. Кириш имтиҳонларининг 1-босқичи ўтказилади.



Тасдиқланган

жадвал асосида










2. 1-босқич натижалари Агентлик ва Президент мактабларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.



Имтиҳон топширилган

кундан кейин 20 кун ичида










3. Ҳар бир ўринга 20 нафар ҳисобидан (ҳар бир мактабда жами 480 нафар) максимал балл тўплаган ўқувчиларга 2-босқичда иштирок этишга рухсат этилади.

         










































5-босқич


Қабул комиссияси хорижий ташкилот билан биргаликда


         

Кириш имтиҳонларининг

2-босқичини ўтказиш

         

1. Кириш имтиҳонларининг 2-босқичи ўтказилади.



Тасдиқланган жадвал

асосида










2. 2-босқич натижаларини Агентлик ва Президент мактабларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

        


Имтиҳон

топширилган

кундан кейин

30 кун ичида

         









































6-босқич


Қабул комиссияси


          

Қабул қилишни расмийлаштириш

         

Имтиҳон натижаларига асосан ўқувчиларни Президент мактабига ўқишга қабул қилиш ҳақида Президент мактаби Ижрочи директорининг ўқишга қабул қилиш ҳақидаги буйруғи чиқарилади.



Янги ўқув йили

бошлангунга қадар









































7-босқич


Қабул комиссияси


            

Ўқувчилар бўш ўринларини тўлдириш

         

Синфларнинг ҳар биридаги ўқувчилар сони 12 нафардан камайган ҳолларда, мавжуд бўш ўринлар танлов асосида тўлдирилади.

          


Ўқув йили

якунлангандан сўнг







          

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 2 июнь















































































Время: 0.0045
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск