ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спорт тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш /Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.06.2023 й. 240-сон "Хива шаҳрида Халқаро этноспорт фестивалини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
12.06.2023 й.
N 240
ХИВА ШАҲРИДА ХАЛҚАРО
ЭТНОСПОРТ ФЕСТИВАЛИНИ ЎТКАЗИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 25 майдаги ПҚ-259-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда халқ ўйинларини тарғиб қилиш ва оммалаштириш, халқаро миқёсда ушбу йўналишда амалий ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 25 майдаги ПҚ-259-сон қарорига мувофиқ 2023 йилдан бошлаб Хива шаҳрида ҳар икки йилда бир маротаба Халқаро этноспорт фестивали (кейинги ўринларда - фестиваль) ўтказилиши ҳамда Тошкент шаҳрида Миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари музейини ташкил этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Этноспорт ассоциациясининг Халқаро этноспорт фестивалини 2023 йил 7-10 сентябрь кунлари Хива шаҳридаги "Ичан қалъа" тарихий мажмуасида ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
3. Қуйидагилар:
Халқаро этноспорт фестивалини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби (кейинги ўринларда - Ташкилий қўмита) 1-иловага мувофиқ;
2023 йилда Хива шаҳрида Халқаро этноспорт фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда - чора-тадбирлар режаси) 2-иловага мувофиқ;
Халқаро этноспорт фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Манфаатдор вазирлик ва идоралар раҳбарлари - Ташкилий қўмита аъзолари чора-тадбирлар режасида белгиланган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича шахсан масъул ва жавобгар эканликлари белгилаб қўйилсин.
4. Қуйидагилар Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
чора-тадбирлар режасида назарда тутилган вазифаларни ўз вақтида, тўлиқ ҳамда сифатли бажариш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;
фестивални ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни тезкор ҳал қилиш;
фестиваль ўтказиладиган жойлар техник ва телекоммуникация ускуналари билан жиҳозланишини таъминлаш;
фестивални юқори савияда ташкил этиш ва саҳналаштириш мақсадида бош режиссёрни танлаш;
фестивалга чет элдан иштирокчиларнинг келиши ва кетиши, уларга виза расмийлаштириш, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш масалаларини мувофиқлаштириш.
5. Хоразм вилояти ҳокимлиги:
фестиваль ўтказиладиган майдон ва ҳудудларни тайёрлаш, шунингдек, Хива шаҳрида кенг кўламли ободонлаштириш ишларини амалга оширсин;
Хива ва Урганч шаҳарларининг марказий кўчалари, диққатга сазовор жойлари, фестиваль ўтказиладиган мажмуа атрофларига Этноспорт ассоциацияси томонидан тақдим этилган фестиваль ҳақида маълумот берувчи реклама роликлари, махсус баннерлар, афиша ва плакатлар вақтинча ўрнатилишини таъминласин;
фестиваль доирасида Хива шаҳрида "Халқаро этнофестивал боғи"ни ташкил этиш чораларини кўрсин.
6. Белгилансинки, фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар:
50 фоизи - Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси доирасида назарда тутилган маблағлар ҳамда Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;
50 фоизи - Хоразм вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, ҳомийлик хайриялар ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва "Ҳунарманд" уюшмасига фестиваль доирасида "Ичан қалъа" тарихий мажмуасида халқимизнинг миллий маданияти ва урф-одатларини намоён қилувчи ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда санъат асарлари кўргазмали майдончаларини ташкил этиш тавсия этилсин.
8. Ташқи ишлар вазирлиги:
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Этноспорт ассоциацияси билан биргаликда фестивалга меҳмонлар ва иштирокчиларни Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари орқали таклиф этишни таъминласин;
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тақдим этган рўйхатга асосан фестивалга Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар ва дипломатлик ваколатхоналар вакилларини таклиф қилсин;
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг виза талабномасига асосан фестивалга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун Ўзбекистон Республикасига кириш визаларининг белгиланган тартибда консуллик йиғимлари ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фестиваль давомида меҳмонлар ва иштирокчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фестиваль ўтказиладиган ҳудудларда тез тиббий ёрдам пунктларини ташкил этсин, тадбирлар ўтказиладиган вақтда санитария қоидалари, нормаларига ва гигиена нормативларига қатъий риоя этилишини назоратга олсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси фестивалда хорижий давлатлардан этноспорт йўналиши бўйича иштирок этиш мақсадида келадиган иштирокчилар учун божхона постларида қулайликлар яратсин.
Бунда фестиваль иштирокчиларига, истисно тариқасида, фестиваль доирасида ташкил этиладиган тадбирлар учун спорт жиҳозлари ва отлар, тадбирлар доирасида ишлатиладиган стендлар ҳамда реклама материалларининг (каталоглар, прейскурантлар, плакат, планшет, буклет, брошюра ва бошқалар) божхона юк декларациясини расмийлаштирмасдан ва божхона тўловлари ундирилмасдан, шунингдек, рухсат берувчи ҳужжатларни ва сертификатларни расмийлаштирмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча олиб кирилиши ва қайтариб олиб чиқиб кетилишига рухсат берилади.
12. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Миллий паралимпия қўмитаси ҳамда Этноспорт ассоциациясининг Олимпия ва паралимпия шон шуҳрати музейида (кейинги ўринларда - Музей) умумий чекланган штат бирликлари доирасида Миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Маданий мерос агентлиги, Этноспорт ассоциацияси:
халқ ўйинлари ва миллий спорт турларига оид экспонатларни Музейда сақлаш ва намойиш этиш учун ажратсин;
вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда уларга тегишли бўлган этноспорт турлари ва халқ ўйинлари мавзусидаги экспонатлар белгиланган тартибда Музейга берилишини ташкил этсин;
ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, миллий ўйинларни (ланка, чиллак, оқ теракми - кўк терак ва бошқалар) ўзида акс эттирган майдончалар ташкил этилишини таъминласин.
Миллий телерадиокомпания билан биргаликда Музейда намойиш этиш учун миллий спорт турлари бўйича Ўзбекистон спортчиларининг халқаро мусобақалардаги иштироки тўғрисидаги видеофильмларни яратсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги Миллий ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпания ва Этноспорт ассоциацияси билан биргаликда:
2023 йил 1 июлга қадар фестивални маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича медиа-режа ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.
фестивалга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш бўйича амалга ошириладиган ишларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, фестиваль веб-сайтида ҳамда ижтимоий тармоқларда мунтазам ёритиб борсин.
15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов ҳамда Хоразм вилояти ҳокими Ж.Р. Рахимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2023 йил 12 июндаги
240-сон қарорига
1-ИЛОВА
Халқаро этноспорт фестивалини ўтказиш
бўйича ташкилий қўмита
ТАРКИБИ
1. А.Н. Арипов |
- |
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ташкилий қўмита раиси |
2. А.И. Икрамов |
- |
ёшлар сиёсати ва спорт вазири, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари |
3. Ж.Р. Рахимов |
- |
Хоразм вилояти ҳокими, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари |
4. А.З. Саъдуллаев |
- |
ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари - Ёшлар ишлари агентлиги директори |
5. О.А. Назарбеков |
- |
маданият ва туризм вазири |
6. Ш.Х. Шерматов |
- |
рақамли технологияларни ривожлантириш вазири |
7. А.Ш. Иноятов |
- |
соғлиқни сақлаш вазири |
8. Б.Ж. Аълоев |
- |
ташқи ишлар вазири ўринбосари |
9. Р.М. Джураев |
- |
Миллий гвардия қўмондони |
10. Б.Т. Абдуллаев |
- |
ички ишлар вазири ўринбосари |
11. А.Х. Қулдашев |
- |
фавқулодда вазиятлар вазири |
12. Б.Қ. Юсупалиев |
- |
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси |
13. А.К. Кўчимов |
- |
Миллий ахборот агентлиги Бош директори |
14. А.Д. Хаджаев |
- |
Миллий телерадиокомпания раиси |
15. О.О. Касимов |
- |
Миллий олимпия қўмитаси раиси |
16. У.М. Мустафоев |
- |
"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бошқаруви раиси в.б. |
17. Ш.Ш. Худайкулов |
- |
"Uzbekistan Airways" АЖ бошқаруви раиси |
18. Р.Ф. Джураева |
- |
"Uzbekistan Airports" АЖ бошқаруви раиси |
19. Х.Н. Хасилов |
- |
"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси в.б. |
20. У.Т. Абдуллаев |
- |
"Ҳунарманд" уюшмаси раиси |
21. О.К. Норинбоев |
- |
Этноспорт ассоциацияси раиси, Ташкилий қўмита котиби |
Изоҳ. Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Ташкилий қўмита раиси томонидан қўмита таркибига заруратга кўра бошқа давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари киритилиши мумкин.
2023 йил 12 июндаги
240-сон қарорига
2-ИЛОВА
2023 йилда Хива шаҳрида Халқаро этноспорт
фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича
ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2023 йил 12 июнь