ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Солиқлар. Мажбурий тўловлар / Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар / Умумий характердаги имтиёзлар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.06.2023 й. ПФ-93-сон "Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

12.06.2023 й.

N ПФ-93



КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШДА

ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ БИЛАН

ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИК

ЎРНАТИШГА ҚАРАТИЛГАН ЧОРА-

ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Республикада камбағалликка қарши курашиш жараёнини янги босқичга олиб чиқиш, бу ишларга тадбиркорлик субъектларини манфаатли ҳамкорлик асосида жалб қилиш ва уларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида:


1. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатасининг "20 минг тадбиркор - 500 минг малакали мутахассис" дастурини (кейинги ўринларда - Дастур) амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Белгилансинки, Дастурда тадбиркорлик субъектлари уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган "ҳамкорлик шартномалари" асосида ихтиёрий равишда иштирок этади.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) "ҳамкорлик шартномалари" қуйидаги тартибда тузилади:

51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратишни режалаштирган тадбиркорлик субъектлари билан - тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари (кейинги ўринларда - ҳоким ёрдамчилари) таклифларига асосан туман (шаҳар) ҳокими ва унинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари томонидан;

101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратишни режалаштирган тадбиркорлик субъектлари билан - ҳоким ёрдамчиларининг таклифларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари томонидан;

200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратишни режалаштирган тадбиркорлик субъектлари билан - Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги таклифига асосан камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ҳамда иқтисодиёт ва молия вазири томонидан;

б) "ҳамкорлик шартномалари" лойиҳалари мос равишда Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади;

в) Савдо-саноат палатаси "ҳамкорлик шартномалари"ни тузган тадбиркорлик субъектларига Дастурда иштирок этаётганлигини тасдиқловчи сертификат беради ва уларга "ҳамкорлик шартномалари" тўлиқ бажарилиши юзасидан ҳар томонлама кўмаклашади;

г) "ҳамкорлик шартномалари"даги томонларнинг мажбуриятлари бажарилиши Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан назорат қилинади.


4. Белгилаб қуйилсинки:

а) Дастурда камида икки йил фаолият кўрсатаётган ва устав капиталида давлат улуши мавжуд бўлмаган тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар иштирок этиши мумкин;

б) "ҳамкорлик шартномаси" уч йилгача муддатга тузилади ҳамда унда назарда тутилган мажбуриятлар бажарилмаганида тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар ўрнатилган тартибда бекор қилинади ва имтиёз қўлланилиши натижасида тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида қолган суммалар қайтариб олинади;

в) Дастур билан қамраб олинадиган тадбиркорлик субъектларининг ҳудудлар кесимидаги сони ва улар томонидан яратиладиган янги иш ўринлари параметрлари Вазирлар Маҳкамаси (Ж. Қўчқоров) томонидан тасдиқланади.


5. 2023-2024 йилларда Дастурни амалга ошириш учун жами 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очилсин.

Бунда, Дастурга киритилган тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун 2023 йилда:

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан тижорат банкларига 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит линияси очилади;

оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан 1 триллион сўм йўналтирилади;

халқаро молия ташкилотларидан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида кредитлар жалб қилинади.


6. Белгилансинки:

кредит линияси маблағлари Дастурга киритилган тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатувчи тижорат банкларининг мурожаатига асосан ажратилади;

кредит линияси маблағлари тижорат банкларига 10 йил муддатга, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 фоиз ставкада берилади;

кредит линияси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари томонидан кредитлар (шу жумладан, ажратилган кредитларнинг сўндирилган қисми ҳисобидан) Дастурга киритилган тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини (молия соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар бундан мустасно) амалга ошириш учун 7 йилгача муддатга 14 фоиз ставкада ушбу Фармонга 1-иловасига мувофиқ миқдорларда ажратилади.


7. Дастурга киритилган тадбиркорлик субъектларига ушбу Фармонга 1-иловасига мувофиқ табақалашган миқдорларда қуйидаги имтиёз ва преференциялар берилсин:

а) тадбиркорлик субъектлари томонидан "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган фуқаролар ишга қабул қилинганда, 2025 йил 1 январга қадар:

тадбиркорлик субъектлари ушбу фуқароларга камида бир йил давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баравари миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақи тўлаб, бандлигини таъминлаган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда, мол-мулк солиғи ва ер солиғидан имтиёз берилади;

фуқаролар ишга қабул қилинганда ҳамда ҳар бир ой учун иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баробаридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда, ойлик иш ҳақи бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи республика бюджетидан иш берувчига (ҳар бир ишчи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробаридан ошмаган миқдорда) қайтариб берилади ҳамда уларга ижтимоий солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда қўлланилади;

б) тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун зарур маблағлар ва инфратузилма билан таъминлаш йўналишида:

ишсиз фуқароларни касбга ўргатиш ва ўз ишчиларининг малакасини ошириш бўйича ўқув марказларини қуриш ва жиҳозлаш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

барча солиқлар (қўшилган қиймат солиғи ва солиқ агентлари сифатида тўланадиган солиқлар бундан мустасно) ва божхона тўловларини таъминотсиз ва фоизсиз бир йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади;

давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектлари ва ерга бўлган ҳуқуқлар аукцион орқали сотиб олинганда, тўловларни 5 йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;

"Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" акциядорлик жамияти томонидан 5 миллиард сўмгача кафиллик берилади;

50 миллиард сўм ва ундан юқори қийматдаги лойиҳаларни амалга оширганда белгиланган тартибда зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади;

бюджет буюртмачилари билан тузиладиган шартномаларда олдиндан тўлов миқдори бир миллиард сўмгача бўлган харидлар бўйича 30 фоиздан 50 фоизга, бир миллиард сўмдан юқори бўлган харидлар бўйича 15 фоиздан 30 фоизга оширилади;

ҳудудларда бўш турган ва бир йилдан буён аукцион савдоларида сотилмасдан турган давлат мулки бўлган бино-иншоотлар, шунингдек, касб-ҳунар коллежларининг фойдаланилмасдан бўш турган бинолари Дастур иштирокчиларига ўз ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш ҳамда "амалий мономарказ" ташкил қилиш учун фойдаланишга танлов (талабгор ягона бўлганда - тўғридан-тўғри шартнома) асосида ижара ставкасининг минимал миқдори бўйича ижарага берилади;

в) солиқ ва божхона маъмуриятчилигини соддалаштириш йўналишида:

қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш), шунингдек, барча солиқ турлари бўйича мавжуд ортиқча тўлов суммасини қайтариш бир кун муддатда тезлаштирилган тартибда амалга оширилади;

қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бекор қилинмайди;

товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини божхона ва солиқ органларининг ҳисоб тизимларида ўзаро ҳисобга олиш имконияти берилади;

божхона назоратини амалга оширишда "яшил йўлак" қоидалари амал қилади;

г) барча турдаги солиқ текширувлари ўтказилмайди (жиноий ишлар доирасидаги текширувлар бундан мустасно).

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки ой муддатда мазкур банддан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


8. Савдо-саноат палатаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва Божхона қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Дастурни амалга ошириш жараёнларини рақамлаштириш, шу жумладан "ҳамкорлик шартномалари"ни экспертизадан ўтказиш ва тузиш, шартнома мажбуриятлари бажарилишини масофавий назорат қилиш, имтиёз ва преференцияларни тақдим этадиган вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базалари билан интеграция қилиш имкониятларига эга ахборот тизимини ишга туширсин.


9. Адлия вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда бир ой муддатда "ҳамкорлик шартномаси" намунасини ишлаб чиқсин ва Савдо-саноат палатаси ахборот тизимига жойлаштирилишини таъминласин.


10. Дастурнинг ҳудудларда сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши 2-иловадаги* масъул раҳбарлар зиммасига юклансин.

Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров Дастурни амалга ошириш доирасида:

вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда мазкур Фармонга 2-иловасидаги* масъуллар фаолиятини мувофиқлаштириб борсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар вакилларини жалб қилган ҳолда мустақил қарорлар қабул қилиш орқали ҳудудларда Дастур иштирокчилари фаолиятида юзага келадиган муаммоларнинг тезкорлик билан ҳал қилиб борилишини таъминласин.


11. Вазирлар Маҳкамаси:

а) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (Б. Мусаев) билан биргаликда:

икки ой муддатда Хитой тажрибаси асосида республиканинг ҳар бир ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича дастурларни ишлаб чиқсин. Бунда, камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш ҳамда кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга эътибор қаратилсин;

бир ой муддатда Бўзатов, Пахтаобод, Вобкент, Дўстлик, Шаҳрисабз, Хатирчи, Чуст, Булунғур, Сирдарё, Жарқўрғон, Ўрта Чирчиқ, Ёзёвон, Урганч ва Чилонзор туманларини камбағалликдан чиқариш бўйича янги ёндашувлар, инновацион ва "яшил технологиялар" ҳамда бошқарувда замонавий ечимларни жорий этишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни қамраб олган Ҳукумат қарорини қабул қилсин;

б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А. Воитов) билан биргаликда 2023 йил якунига қадар Хитой қишлоқ хўжалиги тажрибаси асосида камида 10 та юқори даромадли лойиҳаларни республика ҳудудларида жорий қилсин;

в) 2023 йил якунига қадар Хитой ўқув марказлари билан ҳамкорликда барча ҳоким ёрдамчиларининг малака ошириш курсларида ўқитилишини таъминласин;

г) ўз фаолиятида яхши натижаларга эришган 200 нафар ҳоким ёрдамчиларини Хитойга амалиёт ўташга юборилишини таъминласин;

д) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Дастурда иштирок этиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектларини саралаб олиш учун автоматлаштиришган рейтинг тизимини жорий қилсин.


12. Савдо-саноат палатаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг олий таълим тизимида "Касб эгаси" дуал таълим тизимини тажриба тариқасида ишга тушириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


13. Белгилансинки, "Касб эгаси" дуал таълим тизими қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Савдо-саноат палатаси томонидан ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) корхоналарида қўшимча ишчи кучи ва уларнинг малакасига бўлган талаб шакллантирилади;

шакллантирилган иш ўринлари ва малака талаблари тўғрисида маълумотлар Палатанинг онлайн платформаси орқали ўқув муассасалари талабаларига етказилади;

талабалар томонидан танланган иш ўринлари бўйича электрон йўлланмалар тегишли корхонага етказилади;

йўлланма асосида таълим жараёнини бевосита корхоналарда амалга оширган талабалар учун корхона томонидан иш ҳақи ҳисобланади ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ой учун мазкур иш ҳақининг 2 миллион сўмгача бўлган қисми қоплаб берилади;

корхонада бўлиб ўтадиган амалий машғулотлар дастури ўқув муассасаси, корхона ва Палата томонидан тасдиқланади.


14. Белгилансинки, "Касб эгаси" дуал таълим тизими биринчи босқичда 2023/2024 ўқув йилида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг 3-4-курс талабалари учун жорий қилинади.


15. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Савдо-саноат палатаси билан биргаликда икки ой муддатда "Касб эгаси" дуал таълим тизимини ташкил этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


16. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


17. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Фармоннинг ижросини ҳар ойда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борилсин.

         

         

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                             Ш. Мирзиёев

        

          

*) 2-илова берилмайди.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 12 июндаги

ПФ-93-сон Фармонига

1-ИЛОВА



"20 минг тадбиркор - 500 минг малакали

мутахассис" дастурига киритилган тадбиркорлик

субъектларига бериладиган табақалаштирилган

имтиёз ва преференциялар

РЎЙХАТИ

        

Т/р

        

Имтиёз ва преференциялар

  

51 тадан 100 тагача янги иш

ўрни яратадиган тадбиркорлик

субъектлари учун

      

101 тадан - 200 тагача янги иш

ўрни яратадиган тадбиркорлик

субъектлари учун

      

200 тадан ортиқ янги иш

ўрни яратадиган тадбиркорлик

субъектлари учун

       

   

1.

      

    

Молиялаштириш йўналишида:

         

а)

Тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини (молия соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар бундан мустасно) амалга ошириш учун 7 йилгача муддатга 14 фоиз ставкада ажратиладиган кредитларнинг максимал миқдорлари.


5 миллиард сўм

10 миллиард сўм

15 миллиард сўм

  

2.


      

Солиққа тортиш йўналишида:

      

а)

Тадбиркорлик субъектлари томонидан "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га (кейинги ўринларда - Реестр) киритилган фуқаролар камида бир йил давомида иш билан таъминланган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда, мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича имтиёз миқдори (амалдаги ставкага нисбатан).


50 фоиз

75 фоиз

100 фоиз

б)

Реестрга киритилган фуқаролар ишга қабул қилиниб, уларга ҳар бир ой учун иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баробаридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда, ойлик иш ҳақи бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг республика бюджетидан иш берувчига (ҳар бир ишчи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробаридан ошмаган миқдорда) қайтариб бериладиган миқдори.


100 фоиз

в)

Реестрга киритилган фуқаролар ишга қабул қилиниб, уларга ҳар бир ой учун иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баробаридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда, ижтимоий солиқ бўйича имтиёз миқдори (амалдаги ставкага нисбатан).


50 фоиз

     

3.

       

      

Тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун зарур маблағлар

ва инфратузилма билан таъминлаш йўналишида:

        

а)

Ишсиз фуқароларни касбга ўргатиш ва ўз ишчиларининг малакасини ошириш бўйича ўқув марказларини қуриш ва жиҳозлаш харажатларини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш миқдори.


100 фоиз

б)

Барча солиқлар (қўшилган қиймат солиғи ва солиқ агентлари сифатида тўланадиган солиқлар бундан мустасно) ва божхона тўловларини таъминотсиз ва фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш муддати.


3 ой

6 ой

12 ой

в)

Аукционда давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектлари ва ерга бўлган ҳуқуқларни сотиб олиш тўловларини фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш муддати.


3 йил

4 йил

5 йил

г)

"Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" акциядорлик жамияти берадиган кафилликнинг максимал миқдори.

3 миллиард сўм

4 миллиард сўм

5 миллиард сўм

д)

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланадиган лойиҳалар қиймати.


50 миллиард сўм ва ундан юқори

е)

Бюджет буюртмачилари билан тузиладиган шартномаларда олдиндан тўлов миқдори.


Амалдаги миқдорлар сақлаб қолинади

1 млрд сўмгача харидлар

бўйича 50 фоиз;

1 млрд сўмдан юқори харидлар бўйича 30 фоиз


ж)

Ҳудудларда бўш турган ва 1 йилдан буён аукцион савдоларида сотилмаган давлат мулки бўлган бино-иншоотлар, шунингдек, касб-ҳунар коллежларининг фойдаланилмасдан бўш турган биноларини ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш ҳамда "амалий мономарказ" ташкил қилиш учун фойдаланишга ижарага беришда ижара тўлови ставкаси миқдори.


Минимал ставка

        

4.

        

          

Солиқ ва божхона маъмуриятчилигини соддалаштириш йўналишида:

        

а)

Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) ва барча солиқ турлари бўйича мавжуд ортиқча тўлов суммасини қайтариш муддати.


Амалдаги муддат 2 баравар қисқартирилади

1 кун

б)

Қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳолати.


Бекор қилинмайди

в)

Товарларни импорт қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ҳисобга олиш.


Божхона ва солиқ органларининг ҳисоб тизимларида ўзаро ҳисобга олинади

г)

Божхона назоратини амалга оширишда қўлланиладиган хавфни бошқариш даражаси.


"яшил йўлак"

    

5.

   

         

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш йўналишида:

        

а)

Тадбиркорларга нисбатан ўтказиш тақиқланган солиқ текширувлари турлари (жиноий ишлар доирасидаги текширувлар бундан мустасно).


Солиқ аудити

Барча турдаги солиқ текширувлари

         

Изоҳ. Дастурга киритилган Тошкент шаҳридан рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектларига фақатгина мазкур илованинг 2-позициясидаги "б" ва "в" бандлари ҳамда 3-позициясидаги "д" бандида назарда тутилган имтиёз ва преференциялар қўлланилади.

          

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 14 июнь

















































































Время: 0.1947
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск