ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спортнинг алоҳида турлари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.06.2023 й. 249-сон "Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.06.2023 й.

N 249




ГИМНАСТИКА СПОРТ ТУРЛАРИГА ТАЙЁРЛАШ

МАРКАЗЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

          

            

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 23 декабрдаги ПҚ-449-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 23 декабрдаги ПҚ-449-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимида Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаблари негизида Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказлари (кейинги ўринларда - Гимнастика марказлари) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар Гимнастика марказларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

спорт мактаблари, спорт клублари ва бошқа спорт-таълим муассасаларининг камида бошланғич спорт тайёргарлиги босқичини тугатган ва таълим муассасаларида энг яхши натижа кўрсатган ҳамда спорт синовларидан муваффақиятли ўтган спортчи ёшларни очиқ танлов асосида қабул қилиш;

иқтидорли ёшларни гимнастиканинг ихтисослаштирилган турлари бўйича профессионал тарзда шуғуллантириш ва улар ҳисобидан терма жамоаларга асосий номзодларни шакллантириш;

зарур спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланган, замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техника ҳамда ўқув-машғулот базаларини яратиш, турли даражадаги нуфузли халқаро ва минтақавий мусобақаларда - Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, универсиадалар ҳамда бошқаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш;

спортчиларнинг ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, ўқув-машқ жараёнларига энг янги илмий-услубий технологияларни жорий этиш орқали уларни назарий ва техник-тактик жиҳатдан тайёрлаш сифатини мунтазам ошириб бориш;

спорт захирасини сифатли тайёрлаш учун зарур ташкилий, ўқув-методик, психологик-педагогик, тиббий-биологик ва моддий-техник шарт-шароитлар яратиш;

гимнастика спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар ва уларнинг захиралари иштирокида ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт мусобақаларини ташкил этиш ҳамда мунтазам равишда ўтказиб бориш;

тренерлар ва спортчиларнинг касб маҳорати даражасини ошириш учун тажриба алмашиш мақсадида гимнастика спорт турлари бўйича хорижий спорт мактаблари академиялари ва клублари билан ҳамкорликни ривожлантириш.


3. Белгилансинки:

Гимнастика марказлари ихтисослаштирилган давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланиб, гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабига эга бўлади;

Гимнастика марказларининг фаолияти гимнастика спорт турлари бўйича қобилиятли ва иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олиш ҳамда асосан терма жамоаларга номзод сифатида тайёрлашга йўналтирилади;

Гимнастика марказлари ўз фаолиятини 2024/2025 ўқув йилидан бошлайди ва Вазирлар Маҳкамасининг "Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида" 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сон ҳамда "Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида" 2018 йил 2 июндаги 410-сон қарорларида белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширади;

Гимнастика марказлари ўқувчиларининг умумий контингенти жами 132 нафарни ташкил этиб, улар 1 - 11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади;

Гимнастика марказларининг 1-синфига гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабларида, шунингдек, республика ҳудудларидаги спорт мактабларида шуғулланган, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими бўйича спорт синовларини муваффақиятли топширган ва юқори иқтидорга эга бўлган ҳамда ўқиш истагини билдирган ўқувчилар танлов асосида қабул қилинади;

Гимнастика марказлари ўқувчилари уларга энг яқин жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида умумтаълим дастурлари бўйича ўқитилади;

Гимнастика марказлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 10-11-синф ўқувчиларини асосий спорт машғулотларидан бўш бўлган вақтларида малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда, гимнастика спорт турлари бўйича махсус назарий фанлар асосида ўқитишни ташкил қилади;

Гимнастика марказларининг ўқув жараёни Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан белгиланади, ўқув дастурини ўзлаштириб, якуний давлат аттестациясидан ўтган 11-синф битирувчиларига Вазирлар Маҳкамасининг "Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида" 2018 йил 2 июндаги 410-сон қарорга мувофиқ белгиланган тартибда давлат намунасидаги диплом берилади;

Гимнастика марказларининг ўқувчилари турар жой, суткалик озиқ-овқат нормаси, махсус спорт кийими ва либоси, спорт ускуна ва анжомлари билан Вазирлар Маҳкамасининг "Гимнастика спорт турлари бўйича давлат спорт-таълим муассасаларида шуғулланувчи ўқувчи-спортчилар учун озиқ-овқат меъёрлари, жиҳоз ва инвентарлар нормаларини тасдиқлаш тўғрисида" 2023 йил 12 июндаги 238-сон қарорига мувофиқ таъминланади;

Гимнастика марказларининг ўқувчиларини овқатлантириш харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Гимнастика марказлари директорлари, уларнинг спорт ишлари бўйича ўринбосарлари, тренерлари, йўриқчи-услубчиларига Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади;

Гимнастика марказлари директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ва тарбиячилари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг "Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида" 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади;

Гимнастика марказлари тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг "Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида" 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади, шунингдек, уларни моддий рағбатлантиришда Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари учун белгиланган моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади.


4. Қуйидагилар Гимнастика марказлари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Давлат бюджети маблағлари;

фаолият ихтисослиги бўйича шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан ва уларнинг уставидаги вазифаларга мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинадиган даромадлар;

асосий машғулотлар ўтказилмайдиган вақтда бўш турган мол-мулкни ижарага беришдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги:

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 декабрга қадар Гимнастика марказларининг бошқарув, инструктор-методистлар, тренерлар таркиби, педагог, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг штат жадвалини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

2024 йил 1 майга қадар Гимнастика марказларининг уставини ишлаб чиқиб тасдиқласин ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин;

ўқув-машғулотлар режаси, Гимнастика марказларига ўқувчиларни танлаб олиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

2024/2025 ўқув йилига қадар Гимнастика марказларини очиқ мустақил танлов асосида замонавий педагогик технологияларни эгаллаган малакали педагог кадрлар ҳамда тренерлар билан тўлдирсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда, Гимнастика марказлари зарур ўқув-методик адабиётлар ҳамда спорт инвентарлари билан жиҳозланишини таъминласин;

ёшларни гимнастика билан қамраб олиш ва уларда бошланғич кўникмаларни шакллантириш мақсадида электрон қўлланмалар тайёрласин ва ижтимоий тармоқларга жойлаштириб борсин;

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан биргаликда Гимнастика марказларида спортчиларни тайёрлаш сифати юзасидан доимий назоратни амалга оширсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Гимнастика марказлари ўқувчиларини ушбу марказларга яқин жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида умумий ўрта таълим дастури бўйича ўқитишни ташкил этиш юзасидан зарур чоралар кўрсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда вазирлик тизимидаги касб-ҳунар мактаблари спорт залларини гимнастика спорт турлари жиҳозлари билан таъминлаш чораларини кўрсин;

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб зарур шароитларга эга бўлган касб-ҳунар мактабларида ўқувчилар учун гимнастика тўгаракларини ташкил қилсин.


8. Белгилансинки, Гимнастика марказларини замонавий ва халқаро талабларга мувофиқ ташкил этиш (бинолар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш) доирасида:

а) "Ўзавтосаноат" АЖ - буюртмачи функциясини амалга оширади;

б) бош лойиҳа ва пудрат ташкилотлари белгиланган тартибда ўтказиладиган тендер (танлов) натижаларига кўра аниқланади;

в) "Ўзавтосаноат" АЖ томонидан ажратиладиган ҳомийлик хайриялари молиялаштириш манбаи ҳисобланади;

г) объектларни қуриш ва фойдаланишга топшириш, жиҳозлаш ишлари 2024 йил 30 июлга қадар тўлиқ якунига етказилади.

Бунда "Ўзавтосаноат" АЖ ҳомийлик маблағлари ҳисобидан мазкур объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқсин ва қурилиш ишларини амалга ошириш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги объектлар бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда экспертизадан ўтказсин ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан назорат ўрнатсин.


10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳокимликларининг:

Гимнастика марказларини Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаблари базасига жойлаштириш ҳамда мавжуд бино ва иншоотларда заруратга кўра реконструкция, капитал таъмирлаш ва қурилиш ишларини амалга ошириш;

замонавий инфатузилмани яратишда эҳтиёжга кўра қўшимча ер майдонларини Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабларига туташ ёки яқин ҳудуддан ажратиш;

ҳудудларда, шу жумладан, олис ва чекка ҳудудларда аҳоли ўртасида спортнинг гимнастика турлари бўйича мусобақалар, спорт акциялари, ҳаваскорлик чемпионатларини ўтказишни тизимли йўлга қўйиш;

Гимнастика марказлари ўқувчиларини турли спорт мусобақаларига, шунингдек, таълим оладиган умумий ўрта таълим мактабларига олиб бориш ва олиб келишда қулайлик яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари маҳаллий бюджетлари ҳамда уларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан Гимнастика марказларини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган "Isuzu" автобуси билан таъминлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари Гимнастика марказлари учун замонавий инфратузилмани яратиш мақсадида заруратга кўра Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг талабномасига мувофиқ зарур ер майдонлари ажратилишини таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда Гимнастика марказларини халқаро стандартларга мувофиқ замонавий жиҳоз ва инвентарлар билан таъминлаш учун зарур бўладиган маблағлар 2024 йил учун Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.


13. Белгилаб қўйилсинки, Гимнастика марказларини сақлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун 2024 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида зарур маблағлар назарда тутилади.


14. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.

               

         

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           А. Арипов

         

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 19 июнь









































































Время: 0.1928
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск