ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Нодавлат нотижорат ташкилотлар. Сиёсий партиялар / Болалар, ёшлар ва аёллар ташкилотлари /

"Ёш чегарачилар" тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.06.2023 й. 261-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 26 июндаги

261-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Ёш чегарачилар" тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом чегараолди шаҳар ва туманлардаги умумий ўрта таълим мактаблари (кейинги ўринларда - мактаб) ўқувчилари иштирокида "Ёш чегарачилар" клубларини (кейинги ўринларда - клуб) ташкил этиш, клуб аъзолигига қабул қилиш ва аъзолигидан чиқариш, клубни бошқариш тартиби, шунингдек, аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.


2. Клуб Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг (кейинги ўринларда - ДХХ ЧҚ) ҳарбий қисмларига бириктирилган ҳамда клубни ташкил этиш истагини билдирган чегараолди шаҳар ва туманлардаги мактабларда ташкил этиладиган ёш кўнгиллилар жамоаси ҳисобланади.

Клуб юридик шахс ҳисобланмайди.


3. Клуб ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, чегара соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини ўрганиш ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш, онгли равишда чегараолди ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси хавфсизлигини таъминлашда дахлдорлик ҳиссини шакллантириш, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, уларни чегарачи касбига қизиқтириш мақсадида ташкил этилади.


4. Клубни ташкил этиш бўйича мактаб директори, тегишли ҳарбий қисмнинг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича офицери, мактаб тиббий ҳамшираси, жисмоний тарбия ўқитувчиси, ёшлар етакчиси ҳамда "Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик" фани ўқитувчисидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади.

Мактаб директори ва "Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик" фани ўқитувчиси ишчи гуруҳ раҳбари ва котиби ҳисобланади.

Клуб ишчи гуруҳ йиғилиши баёни билан ташкил этилади.


5. Клуб ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, шунингдек, давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.


6. Клуб мактаб директори томонидан тасдиқланган рамзий байроғи, вимпели ва шиорига эга бўлади.


7. Клуб фаолиятини ташкил этиш мактаб маъмурияти томонидан амалга оширилади. Мактаб маъмурияти ДХХ ЧҚ билан ҳамкорликда махсус хонани ташкил қилади. Клубнинг почта манзили мактабнинг жойлашган ери ҳисобланади.


8. Клуб фаолияти мактабнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.



2-БОБ. КЛУБНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


9. Қуйидагилар клубнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини ва дунёқарашини юксалтириш, уларни миллий қадрият ва анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нажмиддин Кубро каби буюк сиймоларнинг ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик туйғуларини шакллантириш;

ёшларда миллий армия билан фахрланиш, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат ҳиссини уйғотиш, уларни ДХХ ЧҚнинг шонли ва жанговар анъаналарининг давомчилари этиб тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун босқичма-босқич тайёрлаш;

ёшлар онгида чегараолди ҳудудлардаги Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;

ёшларда чегараолди ҳудудларда юз бериши мумкин бўлган ёки содир бўлган фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш кўникмаларини шакллантириш, уларнинг чидамлилигини ошириш ҳамда ҳар қандай қийинчиликларни матонат билан енгишга ўргатиш;

клуб аъзоларини "Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасига (кейинги ўринларда - мусобақа) пухта тайёрлаш ҳамда бир жамоа бўлиб ҳамжиҳатликда ҳаракатланишга ўргатиш.


10. Клуб ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун:

клуб фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ёритиб боради, клубда олиб борилаётган машғулотлар ва мусобақанинг маҳаллий ва ҳудудий босқичларидаги иштирокни акс эттирувчи фотоальбом ва ҳарбий варақани тайёрлайди;

клуб аъзолари учун назарий ва амалий машғулотларни ташкил этади;

ёшларда нутқ маданияти ва нотиқлик санъатини ривожлантиришга қаратилган тренинглар ўтказади;

клуб томонидан ташкил қилинадиган тадбирлар ва мусобақа жараёнлари ҳақида материаллар (видеолавҳа, мақола, фотоочерк ва бошқалар) тайёрлайди ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда орқали намойиш этади.



3-БОБ. КЛУБ АЪЗОЛИГИГА ҚАБУЛ

ҚИЛИШ ВА УНДАН ЧИҚАРИШ


11. Клуб аъзолигига мактабларнинг 9, 10 ва 11-синф ўқувчилари, ўз хоҳишига кўра, чекланмаган миқдорда қабул қилинади.

Клубга қабул қилиш учун аъзолик бадали ёки бошқа тўловлар амалга оширилишига йўл қўйилмайди.


12. Клуб аъзоси бўлиш учун ўқувчилар клуб раҳбарига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

клуб раҳбари номига ариза;

шахсни тасдиқловчи ҳужжат (биометрик паспорт, идентификацияловчи ID-карта ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси);

Ф-086-у шаклдаги тиббий маълумотнома.


13. Клуб раҳбари тўпланган ҳужжатларни ишчи гуруҳга тақдим этади.

Ўқувчилар ишчи гуруҳ йиғилиши баёнига мувофиқ ҳарбий қисм командирининг буйруғи асосида клуб аъзолигига қабул қилинади.

Буйруқ ҳарбий қисм командирининг ўринбосари томонидан ўқувчилар орасида ўқиб эшиттирилади ва клуб аъзолари тантанали равишда таништирилади.


14. Клуб раҳбари клуб аъзолари орасидан сардорни тайинлайди.


15. Ўқувчилар қуйидаги ҳолларда клуб аъзолигидан чиқарилади:

ўз аризасига мувофиқ;

ушбу Низомнинг 20-бандида белгиланган мажбуриятларни бажармаганда;

мактабни битирганда ёки ўқишини бошқа таълим ташкилотига кўчирганда.


16. Ўқувчилар ишчи гуруҳ йиғилиши баёнига мувофиқ ҳарбий қисм командирининг буйруғи асосида клуб аъзолигидан чиқарилади.



4-БОБ. КЛУБ САРДОРИ ҲАМДА БОШҚА АЪЗОЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


17. Клуб сардори қуйидаги ҳуқуқларга эга:

клуб аъзоларининг эришаётган ижобий натижаларини рағбатлантириш учун клуб раҳбарига тавсия бериш;

клуб аъзоларини содир этган салбий хатти-ҳаракатлари учун огоҳлантириш, ушбу хатти-ҳаракатлар такроран содир этилган тақдирда, ўқувчини клуб аъзолигидан чиқариш тўғрисида ишчи гуруҳга тақдимнома киритиш.


18. Клуб сардори:

клуб аъзоларининг тартиб-интизомга риоя этишларини таъминлашда клуб раҳбарига кўмаклашиши;

клуб аъзоларига ўқишда, меҳнатда ва одоб-ахлоқ масалаларида ҳар томонлама намуна бўлиши;

клуб аъзолари томонидан ушбу Низомнинг 20-бандида белгиланган мажбуриятлар бажарилиши устидан назорат қилиши;

клуб йиғилишини ташкил этиш, аъзоларнинг ижобий ташаббусларини қўллаб-қувватлаши;

клуб аъзолари билан ҳарбий тайёргарлик машғулотлари, шунингдек, мактаб ўқувчилари иштирокида ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларини ўтказишда ҳарбий қисм масъул ҳарбий хизматчиларига кўмаклашиши шарт.


19. Клуб аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

клуб йиғилишларида унинг фаолияти тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш;

клуб фаолиятини ривожлантириш бўйича таклифлар бериш;

клуб сардорининг нотўғри хатти-ҳаракатлари бўйича ўз фикрини билдириш;

клубга аъзолиги давомида ўз ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги, шунингдек, клуб фаолиятига дахлдор масалалар юзасидан ҳарбий қисм қўмондонлигига мурожаат қилиш;

исталган вақтда клуб аъзолигидан чиқиш.


20. Клуб аъзолари:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, ушбу Низом ва клуб фаолиятини тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар талабларига, шунингдек, ҳарбий қисм ва мактаб ички-тартиб қоидаларига қатъий риоя қилиши;

клуб фаолияти билан боғлиқ тадбирларда, шу жумладан ДХХ ЧҚ ва мактаб маъмурияти ўртасида тузилган ҳамкорлик режасига мувофиқ ташкил этиладиган "Очиқ эшиклар куни" ва бошқа тадбирларда иштирок этиши ҳамда клуб манфаатларини ҳимоя қилиши;

клуб машғулотларида мунтазам иштирок этиб, ўз билим ва маҳоратини ошириб бориши шарт.


21. Клуб аъзолари чегараолди ҳудудларда Давлат чегараси қонунчилигининг бузилиши билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда ДХХ ЧҚга кўмаклашиши мумкин.


22. ДХХ ЧҚ сафларига муддатли ҳарбий хизматга қабул қилишда клуб аъзоси бўлган ўғил болалар қонунчиликда белгиланган тартибда устувор ҳуқуқда танлаб олинади.


23. Клуб аъзолари бир вақтнинг ўзида бошқа ҳарбий-ватанпарварлик клубларига аъзо бўлишига ва уларнинг ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларида иштирок этишига йўл қўйилмайди.



5-БОБ. КЛУБНИ БОШҚАРИШ ТАРТИБИ


24. Мактабнинг "Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик" фани ўқитувчиси ёки юқори ҳарбий билим ва малакага эга бошқа фан ўқитувчиси клуб раҳбари бўлиши мумкин.

Клуб раҳбари ишчи гуруҳ йиғилиши баёнига мувофиқ ҳарбий қисм командири буйруғи асосида тайинланади.


25. Қуйидагилар клуб раҳбарининг асосий вазифалари ҳисобланади:

клуб фаолиятини мазкур Низом асосида бошқариш ҳамда белгиланган вазифаларнинг клуб аъзолари томонидан бажарилишини назорат қилиш;

бошқа мактабларнинг клублари ва тегишли ҳарбий қисм масъул ҳарбий хизматчилари билан мустаҳкам ҳамкорликни ўрнатиш;

клуб аъзолари билан машғулотларни сифатли ўтказиш ва мусобақага жиддий тайёргарлик кўриш;

клубни ўқув-услубий қўлланмалар билан таъминлаш ҳамда унинг моддий-техник базасини ривожлантириш бўйича мактаб маъмуриятига таклифлар бериб бориш.


26. Қуйидагилар мактаб маъмуриятининг асосий вазифалари ҳисобланади:

мактаб ҳудудида клуб учун алоҳида хона(лар) ажратиш, уни "Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик" фани мавзулари бўйича кўргазмали қуроллар, машғулотлар жадвали, клуб аъзолари рўйхати, клуб фаолияти ва мусобақага оид ҳужжатлардан кўчирмалар, ҳарбий қисм ва мактаб ўртасидаги йиллик ҳамкорлик режаси, мусобақа босқичлари ва машғулотлар жараёни акс эттирилган фотоальбом, шунингдек, зарур анжомлар ва воситалар билан таъминлаш;

клуб аъзоларининг дарсдан ташқари машғулотлар ўтказиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

мусобақада иштирок этувчи клуб аъзоларини спорт кийимлари билан таъминлаш;

клуб фаолиятини ташкил этишда техника ва ёнғин хавфсизлиги, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилишини назорат қилиш.


27. Қуйидагилар мактаб бириктирилган (тегишли) ҳарбий қисмнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

клуб аъзолари билан ўтказиладиган ватанпарварлик тадбирлари ва машғулотларни сифатли ташкил этиш юзасидан мактаб маъмурияти ҳамда клуб раҳбари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва бу борада клубга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш;

мактаб ҳудудида клуб учун ажратилган хоналарни ДХХ ЧҚ фаолиятига оид тарғибот-ташвиқот материаллари, шу жумладан "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги "Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, чегарачи қаҳрамонлар тўғрисидаги маълумотлар, ўқотар қуроллар ва ҳарбий техникалар тавсифлари ҳамда бошқа воситалар билан жиҳозлашга амалий ёрдам кўрсатиш;

клуб аъзоларини чегара хизматига қизиқтириш, шу жумладан ҳарбий қисм ҳудудига белгиланган тартибда олиб кириш, уларни ҳарбий хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар билан таништириш;

клуб фаолияти, ўтказиладиган мусобақалар ва бошқа тадбирларни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ҳамда ДХХ ЧҚ нашрларида кенг ёритиш.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


28. Клуб фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 27 июнь
















































Время: 0.0052
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск