ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Жисмоний тарбия ва спорт / Спорт тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш /

"Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.06.2023 й. 261-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 26 июндаги

261-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик

мусобақасини ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом чегараолди шаҳар ва туманлардаги умумий ўрта таълим мактабларида (кейинги ўринларда - мактаб) таҳсил олаётган, "Ёш чегарачилар" клубларининг (кейинги ўринларда - клуб) чақириққача тайёргарлик ёшидаги (10-11-синф) аъзолари ўртасида уч босқичли мусобақани ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Мусобақа ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, давлат манфаатлари ва суверенитетини фидокорона ҳимоя қилишга тайёрлаш, жисмонан соғлом ва маънан етук ёш авлодни камол топтириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўз юрти ва халқининг тақдири учун юксак масъулият ва жавобгарлик ҳиссини шакллантириш мақсадида ўтказилади.


3. Мусобақа ўқувчиларни ҳарбий касбга ва олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга йўналтириш ҳамда босқичма-босқич тайёрлаб бориш учун хизмат қилади.


4. Мусобақа қуйидаги уч босқичда ўтказилади:


туман (шаҳар) босқичи (кейинги ўринларда - туман босқичи) - мусобақани ўтказиш бўйича туман (шаҳар) ташкилий қўмитаси томонидан;


вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) босқичи (кейинги ўринларда - вилоят босқичи) - вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) ташкилий қўмитаси томонидан;


республика босқичи - республика ташкилий қўмитаси томонидан.

Туман (шаҳар), вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) ташкилий қўмиталари таркиблари тегишлича туман (шаҳар) ва вилоят ҳокимлари (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси) томонидан мусобақа ўтказиладиган йил 1 февралга қадар тасдиқланади.


5. Қуйидагилар ташкилий қўмиталарнинг вазифалари ҳисобланади:

мусобақа ўтказиладиган жой ва санани белгилаш;

ҳакамлар ҳайъати таркиби ва апелляция комиссияси аъзолари рўйхатини тасдиқлаш;

мусобақанинг мазкур Низом талаблари асосида ўтказилишини таъминлаш;

мусобақа натижалари ва ғолиб бўлган жамоа аъзолари рўйхатини юқори турувчи ташкилий қўмитага тақдим этиш;

мусобақа жараёнларини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиб бориш.


6. Мусобақа ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ ташкил этилади.



2-БОБ. МУСОБАҚАДА ИШТИРОК ЭТУВЧИ

ЖАМОАЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА МУСОБАҚАДА

ҚАТНАШИШ УЧУН АРИЗА ТАҚДИМ ЭТИШ


7. Мусобақада иштирок этувчи жамоа ўқув йилининг бошида клубнинг мусобақа шартлари бўйича юқори натижа кўрсатаётган, чақириққача тайёргарлик ёшидаги (10-11-синф) 10 нафар аъзосидан (8 нафар ўғил, 2 нафар қиз) иборат таркибда тузилади.

Клуб сардори жамоа сардори этиб, клуб раҳбари жамоа мураббийси этиб белгиланади.


8. Мактаб директори томонидан жамоанинг мусабақада иштирок этиши учун ташкилий қўмитага мусобақа ўтказиш санасидан ўн кун аввал қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

жамоа аъзоларининг рўйхати (муҳрланган фотосуратлари билан);

жамоа аъзолари ва мураббийсининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари нусхалари (биометрик паспорти, идентификацияловчи ID-карта ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси);

ҳудудий оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктларидаги мактабларга бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан берлдиган Ф-086-у шаклдаги тиббий маълумотнома;

ўқотар қуролдан фойдаланиш вақтида хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ҳақидаги йўриқнома билан танишганлиги тўғрисида маълумотнома.


9. Ҳужжатлари белгиланган тартибда ва муддатда тақдим қилинмаган ёки ҳужжатларда нотўғри маълумотлар кўрсатилган жамоанинг мусобақада иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Мусобақанинг ўтган йилги республика босқичида 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган, шунингдек жорий йилда бошқа ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларида қатнашган жамоаларнинг мусобақада иштирок этишига йўл қўйилмайди.


10. Тегишли ташкилий қўмитага тақдим этилган рўйхатдаги жамоа аъзоларининг алмаштирилишига фақат ташкилий қўмитанинг розилиги билан йўл қўйилади.



3-БОБ. МУСОБАҚАНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ

ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


11. Мусобақа қуйидаги вақтда ўтказилади:

туман босқичи - март-апрель ойларида;

вилоят босқичи - апрель ойининг учинчи ўн кунлигида;

республика босқичи - май ойининг иккинчи ўн кунлигида.


12. Мусобақа босқичларини ўтказишнинг аниқ санаси ва жойлари тегишли ташкилий қўмиталар томонидан мустақил равишда белгиланади.

Ташкилий қўмитаси аъзоларининг таклифига мувофиқ мусобақани ўтказиш муддати ва жойига ўзгартириш киритилиши мумкин.


13. Мусобақаларни ўтказиш жараёнига ДХХ ЧҚ ҳарбий қисмлари қўмондонлиги умумий раҳбарлик қилади.


14. Мусобақада жамоалар қуйидаги шартлар бўйича иштирок этади:

жамоаларнинг саф тайёргарлиги кўриги;

ҳарбий варақалар, альбом, вимпел, жамоанинг рамзий байроғи ва номи ёзилган тахтача кўриги;

жамоаларнинг махсус формаси кўриги;

умумтаълим фанлари бўйича тест синови;

Калашников автоматини нотўлиқ қисмларга ажратиш;

Калашников автоматини йиғиш;

ўғил болалар 1000 метрга, қизлар 100 метрга югуриш;

турникда тортилиш;

азимут бўйича ҳаракатланиш;

граната улоқтириш;

заҳарланган ҳудуддан ўтиш;

тўсиқлар йўлагидан ўтиш;

тиббий ёрдам кўрсатиш;

ўқ-дориларни ташиш;

Калашников автоматидан ўқ отиш;

Калашников автоматининг макети кўриги.


15. Мусобақа шартларини бажариш тартиби ва баҳолаш мезонлари ДХХ ЧҚ, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг қўшма қарори билан тасдиқланади.


16. Ҳакамлар ҳайъати мусобақанинг ҳар бир босқичида ДХХ ЧҚ, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги (кейинги ўринларда - Ёшлар ишлари агентлиги), Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда ушбу ташкилотларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари вакилларидан иборат таркибда тегишли ташкилий қўмита томонидан тасдиқланади.


17. Ҳакамлар томонидан мусобақани ўтказиш вақтида йўл қўйилган камчиликлар ташкилий қўмита томонидан ўрганиб чиқилади ва бартараф этилади.


18. Мусобақага ўз вақтида етиб келмаган жамоанинг мусобақада иштирок этиш-этмаслиги ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.


19. Ташкилий қўмитага тақдим этилган жамоа аъзолари рўйхатига киритилмаган мактаб ўқувчиси мусобақада иштирок этаётганлиги аниқланган тақдирда, ушбу жамоа мусобақадан четлаштирилади. Бундай ҳолат мусобақа тугалаллангандан сўнг аниқланган тақдирда, жамоанинг натижаси бекор қилинади ҳамда совринли ўрин ушбу жамоа натижасидан кейинги натижани қайд этган жамоага берилади.


20. Жамоа мураббийси ёки аъзолари томонидан мазкур Низом талаблари бузилган ҳолларда ташкилий қўмита қарорига асосан ушбу жамоа мусобақадан четлаштирилади.


21. Мусобақанинг натижалари ва кейинги босқичга ўтган жамоалар тўғрисида ташкилий қўмиталар ўзидан юқори турувчи ташкилий қўмитага уч кун муддат ичида ахборот беради.


22. Вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаган жамоа жойлашган ҳудуддаги ДХХ ЧҚ ҳарбий қисмидан бир нафар ҳарбий хизматчи республика босқичида ҳамрохлик қилади.


23. Мусобақа ҳар бир босқичининг 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган жамоалар мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида ташкилий қўмита томонидан диплом, кубок ва совғалар билан мукофотланадилар.


24. Мусобақа ҳар бир босқичининг "Энг илғор" номинацияси ғолиблари ташкилий қўмита томонидан алоҳида совғалар билан тақдирланади.



4-БОБ. ЖАМОА МУРАББИЙСИ, МУСОБАҚА

ИШТИРОКЧИЛАРИ ВА ҲАКАМЛАРНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


25. Жамоалар мураббийлари, мусобақа иштирокчилари ва ҳакамлар ушбу Низом талаблари ва одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишлари шарт.


26. Жамоалар мураббийлари ҳакамлар фаолиятига аралашишга ҳақли эмас. Улар иштирокчиларнинг мусобақа ўтказиладиган ҳудудда ҳамда унинг ташқарисида бўлган вақтдаги хатти-ҳаракатлари учун жавобгардирлар.


27. Мусобақа иштирокчилари мусобақа жараёнида хавфсизлик қоидаларига ҳамда мусобақа ўтказиладиган ҳудудда белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиши, шунингдек, у ердаги жиҳозларга зиён етказмаслиги шарт.


28. Жамоалар мураббийлари ва ДХХ ЧҚ ҳарбий қисмларининг вакиллари жамоа аъзоларининг хавфсизлигини таъминлашга масъулдирлар.



5-БОБ. ТАШКИЛИЙ ҚЎМИТАЛАР

АЪЗОЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


29. Қуйидагилар ДХХ ЧҚ Қўмондонлиги ва ҳарбий қисмларнинг вазифалари ҳисобланади:

клубларда машғулотлар ўтказилиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга ҳар томонлама кўмаклашиш (фақат ҳарбий қисмлар);

клуб аъзолари билан сифатли машғулотлар ўтказиш ва мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўриш (фақат ҳарбий қисмлар);

мусобақа ўтказиш жойларини танлаш, тайёрлаш ва барча зарур моддий-техник воситалар билан таъминлаш;

мусобақанинг республика босқичи иштирокчиларини дала ўқув майдони учун дала кийими билан таъминлаш (фақат ДХХ ЧҚ Қўмондонлиги);

мусобақанинг республика босқичи иштирокчиларини ётоқхона ва озиқ-овқат билан таъминлаш;

мусобақанинг вилоят босқичи иштирокчилари учун тушлик ташкил этиш (фақат ҳарбий қисмлар);

мусобақада 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган жамоалар учун совғалар ажратиш;

Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда мусобақанинг вилоят ва республика босқичи ўтказиладиган объектларни байрамона безатиш ҳамда мусобақага мос кўргазмали материаллар билан таъминлаш;

мусобақанинг республика босқичида ғолибларни тақдирлаш маросимининг тантанали ўтказилишини таъминлаш (фақат ДХХ ЧҚ Қўмондонлиги);

мусобақада ҳакамлик қилиш учун малакали мутахассисларни жалб қилиш;

мусобақа жараёнларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш.


30. Қуйидагилар Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари ҳисобланади:

клубларда машғулотлар ўтказилиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга кўмаклашиш (фақат ҳудудий бўлинмалар);

мусобақанинг барча босқичларини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиш чораларини кўриш;

мусобақанинг республика босқичига етиб келган иштирокчилар ҳарбий қисмга жойлаштирилишидан аввал бир марта тушлик ташкил қилиш (фақат Агентлик марказий аппарати);

мусобақанинг республика босқичига етиб келган иштирокчиларни мусобақа ўтказиладиган жойга олиб бориш ва мусобақа тугагандан сўнг олиб кетиш, шунингдек, иштирокчилар учун диққатга сазовор жойларга саёҳатлар ташкил этишга автотранспорт воситаларини ажратиш (фақат Агентлик марказий аппарати);

мусобақанинг вилоят ва республика босқичи ўтказиладиган объектларни байрамона безатиш ҳамда мусобақага мос кўргазмали материаллар билан таъминлашга ДХХ ЧҚга ҳар томонлама кўмаклашиш;

мусобақанинг вилоят ва республика босқичларига спорт турлари бўйича халқаро мусобақалар ғолибларини жалб этиб, улар иштирокида давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ташкил этиш;

мусобақанинг ҳудудий босқичларида 1-ўринни эгаллаган жамоаларга, шунингдек, республика босқичида 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган жамоалар учун совғалар ажратиш;

мусобақада ҳакамлик қилиш учун малакали мутахассисларни жалб қилиш.


31. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари ҳисобланади:

клубларда машғулотлар ўтказилиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга ҳар томонлама кўмаклашиш (фақат ҳудудий бўлинмалар);

клуб аъзолари билан сифатли машғулотлар ўтказилиши ҳамда мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўрилишини таъминлаш (фақат ҳудудий бўлинмалар);

ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўқувчиларни оммавий равишда мусобақаларга жалб этиш;

мусобақанинг барча босқичлари учун умумтаълим фанлари (тарих, она тили ва адабиёт, математика, физика, инглиз тили, география, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанлари) бўйича тест саволларини тайёрлаш;

мусобақада ҳакамлик қилиш учун малакали мутахассисларни жалб қилиш;

Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда мусобақанинг республика босқичи иштирокчиларини кутиб олиш ва кузатиш (фақат вазирлик марказий аппарати);

мусобақанинг республика босқичида 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган жамоалар ҳамда ушбу жамоаларнинг мураббийлари учун совғалар ажратиш (фақат вазирлик марказий аппарати).


32. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари ҳисобланади:

мусобақа ўтказиладиган жойларда керакли дори-дармон ва тиббий ускуналар билан жиҳозланган тез тиббий ёрдам бригадаларининг навбатчилигини ташкил этиш;

мусобақада ҳакамлик қилиш учун малакали мутахассисларни жалб қилиш.


33. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари ҳисобланади:

мусобақанинг вилоят ва республика босқичининг тантанали очилиш ҳамда ёпилиш тадбирларида фойдаланиш учун зарур бўладиган овоз кучайтиргич ва бошқа асбоб-ускуналарни қонунчиликда белгиланган тартибда мусобақа ўтказиладиган жойга олиб бориб ўрнатиш;

мусобақанинг вилоят босқичи тантанали ёпилиш маросимига қонунчиликда белгиланган тартибда бадиий ҳаваскорлик жамоалари ва санъаткорларни жалб этиш (фақат ҳудудий бўлинмалар).


34. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари ҳисобланади:

мусобақанинг барча босқичлари ғолиблари иштирокида маҳаллаларда учрашувлар ташкил этиш ва маҳаллаларда мусобақа тарғиботини олиб бориш;

"Маҳалла" хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда мусобақанинг республика босқичида 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган жамоалар учун совғалар ажратиш (фақат вазирлик марказий аппарати).


35. Қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг вазифалари ҳисобланади:

Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда мусобақанинг вилоят ва республика босқичларида иштирок этувчи жамоаларни махсус кийимлар билан таъминлаш;

мусобақа ўтказиладиган объектларни тайёрлашда ДХХ ЧҚга ҳар томонлама кўмаклашиш;

мусобақанинг тегишли босқичида ғолиб бўлган жамоаларнинг кейинги босқичда иштирок этиши учун транспорт харажатларини қоплаб бериш;

мусобақада 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган жамоалар, уларнинг мураббийлари ҳамда фаол иштирокчилар учун совғалар ажратиш.


36. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ДХХ ЧҚ ва ҳарбий қисмлар мурожаатига асосан мусобақанинг барча босқичларида жамоаларнинг мусобақани ўтказиш жойига келиш-кетишида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашади.


37. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ДХХ ЧҚнинг буюртмалари асосида мусобақанинг республика босқичи иштирокчиларини мусобақа ўтказиладиган жойларга келиш-кетиш учун республика ичида ҳаракатланувчи тезюрар ва йўловчи поездларига бепул чипталар билан таъминлашда амалий ёрдам беради, юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларнинг ва барча йўловчи поездларининг СВ, ВИП вагонлари бундан мустасно.


38. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ва ҳудудий кенгашлари қуйидагиларни амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатади:

клубларда машғулотлар ўтказилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш (фақат ҳудудий кенгашлари);

мусобақада 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган жамоалар учун диплом, кубок ва медаллар тайёрлаш;

мусобақанинг вилоят ва республика босқичи ўтказиладиган объектларни байрамона безатиш ҳамда мусобақага мос кўргазмали материаллар билан таъминлашга ДХХ ЧҚга ҳар томонлама кўмаклашиш;

мусобақанинг республика босқичига етиб келган иштирокчиларни мусобақа ўтказиладиган жойга олиб бориш ва олиб келиш учун масъулларни бириктириш (фақат Марказий Кенгаш).


39. Республика Маънавият ва маърифат маркази мусобақанинг республика босқичида 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган жамоалар учун совғалар ажратишда ҳамда мусобақанинг тантанали ёпилиш тадбирини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


40. Мусобақа натижаларидан норози бўлган жамоалар уч иш кунида республика ташкилий қўмитасига ёзма равишда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Бунда шикоят республика ташкилий қўмитаси томонидан шикоят муаллифи (муаллифлари), шунингдек ҳакамлар ҳайъати таркибининг камида 50 фоизи иштирокида ўн беш иш кунида кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижаларига кўра шикоятни қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.


41. Мусобақани ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар тегишли вазирлик ва идораларнинг бюджет ҳамда бюджетдан ташқари маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


42. Мусобақани ўтказишга доир ҳужжатлар ДХХ ЧҚнинг тегишли ҳарбий қисмларида сақланади.


43. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



"Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик

мусобақасини ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Чора-тадбирлар


Бажариш муддатлари

1-босқич

Умумий ўрта таълим мактаби


"Ёш чегарачилар" клубининг 10-11-синф аъзоларидан 10 нафардан (8 нафар ўғил, 2 нафар қиз) иборат таркибда жамоа тузади.


Ўқув йили бошида







2-босқич

Вилоятлар, туман (шаҳар) ҳокимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси


Мусобақани ўтказиш бўйича туман (шаҳар), вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) ташкилий қўмиталари таркибларини тасдиқлайди.


1 февраль









3-босқич

Умумий ўрта таълим мактаби


Жамоанинг мусабақада иштирок этиши учун ташкилий қўмитага ариза ва тегишли ҳужжатларни тақдим этади.


Мусобақа ўтказиш санасидан ўн кун аввал







4-босқич

Туман (шаҳар)

ташкилий қўмиталари


1. Мусобақанинг туман (шаҳар) босқичини ўтказади.


2. Ғолиб ва совриндорларни тантанали равишда диплом, кубок, эсдалик ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирлайди.


3. Вилоят ташкилий қўмитасига мусобақанинг натижалари ва кейинги босқичга ўтган жамоалар тўғрисида ахборот беради.


Март-апрель ойларида




Мусобақадан сўнг уч кун муддатда







5-босқич

Вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси) ташкилий қўмиталари


1. Мусобақанинг туман (шаҳар) босқичини ўтказади.


2. Ғолиб ва совриндорларни тантанали равишда диплом, кубок, эсдалик ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирлайди.


3. Республика ташкилий қўмитасига мусобақанинг натижалари ва кейинги босқичга ўтган жамоалар тўғрисида ахборот беради.


Апрель ойининг учинчи ўн кунлигида




Мусобақадан сўнг уч кун муддатда

6-босқич

Республика ташкилий қўмитаси


1. Мусобақанинг республика босқичини ўтказади.


2. Ғолиб ва совриндорларни тантанали равишда диплом, кубок, эсдалик ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирлайди.


Май ойининг иккинчи ўн кунлигида




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 27 июнь











































Время: 0.0052
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск