ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Монополияга қарши сиёсат. Табиий монополиялар / Монополияга қарши қонунчиликнинг умумий қоидалари /

Ўзбекистон Республикасининг 03.07.2023 й. ЎРҚ-850-сон "Рақобат тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 14.02.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 02.03.2023 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

03.07.2023 й.

N ЎРҚ-850



РАҚОБАТ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 14 февралда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 2 мартда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади товар ёки молия бозорларида рақобатнинг чекланишига, шунингдек рақобат ёки табиий монополия шароитларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилишига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни назорат қилишни амалга ошириш ҳамда уларга чек қўйиш билан боғлиқ бўлган, рақобат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Рақобат тўғрисидаги қонунчилик


Рақобат тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг рақобат тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси


Ушбу Қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан давлат органларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва (ёки) ундан ташқарида содир этиладиган, Ўзбекистон Республикасидаги товар ёки молия бозорида рақобатнинг чекланишига, шунингдек рақобат ёки табиий монополия шароитларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилишига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонун интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқлар билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.



4-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


давлат иштирокидаги корхона - хўжалик фаолиятини амалга оширадиган, устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори 25 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахс, шунингдек давлат унитар корхонаси ёки ўзига хўжалик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилган давлат муассасаси;


давлат иштирокидаги корхоналарнинг аффилланган шахслари - устав фондининг (устав капиталининг) 20 фоизи ва ундан ортиғи бевосита ёхуд билвосита давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли бўлган юридик шахслар;


инсофсиз рақобат - хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг иқтисодий фаолиятни амалга оширишда афзалликларга эга бўлишга қаратилган, қонунчиликка, иш муомаласи одатларига зид бўлган ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) зарар етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ёхуд уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлари;


истеъмолчи - хўжалик юритувчи субъектдан товарни олувчи, товарга буюртма берувчи ёхуд товарни олиш ёки унга буюртма бериш ниятида бўлган жисмоний ёки юридик шахс;


иқтисодий концентрация - хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устунлигига олиб келадиган, товар ёки молия бозорида рақобатнинг ҳолатига таъсир кўрсатадиган битимлар тузиш ва (ёки) бошқа ҳаракатларни бажариш;


камситувчи шарт-шароитлар - товар ёки молия бозорига кириш, товарни ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш, олиш, реализация қилиш ёки ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш шарт-шароитлари бўлиб, улар бошқа тенг шарт-шароитларда битта ёки бир нечта хўжалик юритувчи субъектни ўзга хўжалик юритувчи субъектга (рақобатчига) нисбатан тенг бўлмаган ҳолатга солиб қўяди;


молия бозори - банклар, кредит, суғурта ва бошқа молия ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматнинг, шунингдек қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари хизматларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ёки унинг бир қисмидаги муомаласи доираси бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилишига мос келмаслиги мумкин ва мазкур муомала доираси чегараларида бундай хизматларни кўрсатиш имконияти мавжуд бўлади;


мувофиқлаштирилган ҳаракатлар - икки ёки ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектларнинг улардан ҳар бирининг манфаатларини қаноатлантирадиган, бирининг ҳаракатлари бошқасига маълум бўлган ёки улардан ҳар бирининг ҳаракатларидан келиб чиққан ҳолда бажариладиган, рақобатни чеклайдиган ёхуд чеклашга ва (ёки) рақобат шароитларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари камситилишига олиб келиши мумкин бўлган ўзаро келишилмаган ҳаракатлари;


рақобат - хўжалик юритувчи субъектларнинг (рақобатчиларнинг) мусобақалашуви бўлиб, бунда уларнинг мустақил ҳаракатлари улардан ҳар бирининг товар ёки молия бозоридаги товар муомаласининг умумий шарт-шароитларига бир томонлама тартибда таъсир кўрсатиш имкониятини истисно этади ёки чеклайди;


рақамли платформа - рақамли маҳсулотлардан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ҳақ эвазига ёки бепул фойдаланилишини таъминловчи ахборот тизими;


табиий монополия - товар бозорининг ҳолати бўлиб, унда технологик ўзига хос хусусиятлар туфайли товарларнинг муайян турига бўлган талабни қаноатлантиришнинг рақобатли шароитларини яратиш мумкин эмас ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмайди;


табиий монополия субъекти - табиий монополия шароитларида товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича фаолиятни амалга оширадиган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи;


товар - фаолиятнинг олиш ва реализация қилиш учун мўлжалланган маҳсули, шу жумладан ишлар ва хизматлар;


товар бозори - товарнинг, шу жумладан бир-бирининг ўрнини босадиган товарнинг (ўзининг белгиланган мақсади, қўлланилиши, сифати ва техник хусусиятлари, нархи ҳамда бошқа кўрсаткичлари бўйича таққосланиши мумкин бўлган, истеъмолчи алмаштиришга тайёр бўлган товарнинг) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ёки унинг бир қисмидаги муомаласи доираси бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилишига мос келмаслиги мумкин ва мазкур муомала доираси чегараларида товарни олиш ёки реализация қилиш имконияти мавжуд бўлади;


хўжалик юритувчи субъект - товарларни ишлаб чиқариш, олиш ва реализация қилиш бўйича фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс, шу жумладан давлат иштирокидаги корхона ва хўжалик фаолияти билан шуғулланувчи муассаса, юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс.



5-модда. Рақобат соҳасидаги асосий принциплар


Рақобат соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:

инсофли рақобат;

қонунийлик;

истеъмолчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

шаффофлик;

тенглик.



6-модда. Рақобат соҳасидаги давлат

сиёсатининг асосий йўналишлари


Рақобат соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлигини инобатга олган ҳолда рақобатни ҳимоя қилиш, рақобатга қарши ҳаракатларнинг олдини олиш ва уларни тўхтатиш;

жамиятда рақобатга қарши ҳар қандай хатти-ҳаракатларга нисбатан муросасизликни шакллантириш;

рақобат муҳитини ривожлантириш ҳамда товар ва молия бозорларининг самарали фаолият кўрсатиши учун шарт-шароитлар яратиш;

товар ва молия бозорлари иштирокчиларининг иқтисодий фаолияти эркинлигини ҳамда товарларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш;

табиий монополиялар субъектлари фаолиятни амалга оширадиган соҳаларда рақобат муҳитини шакллантириш;

товар ва молия бозорларининг иштирокчилари учун тенг шарт-шароитларни белгилаш ҳамда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш;

рақобат муҳитини яхшилаш ва ривожлантириш учун республика ижро этувчи ҳокимият органларининг жавобгарлигини ошириш.



7-модда. Рақобат соҳасидаги ваколатли давлат органи

ва унинг фаолиятини молиялаштириш манбалари


Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси рақобат соҳасидаги ваколатли давлат органи (монополияга қарши орган) ҳисобланади (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ҳисобдор бўлиб, у ўз фаолиятини давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга оширади.

Ваколатли давлат органининг марказий аппарати ва ҳудудий органлари фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



8-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар

лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш


Ваколатли давлат органи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолайди, шунингдек товар ёки молия бозорида рақобатни бевосита ёхуд билвосита чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган нормаларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқади.

Рақобатга таъсирни баҳолаш учун ваколатли давлат органига қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари киритилади:

хўжалик юритувчи субъектлар учун янги чекловлар, лицензияларнинг, рухсат бериш тартиб-таомилларининг янги турлари жорий этилишини ёки амалдаги чекловлар, рухсат бериш тартиб-таомиллари, фаолиятнинг лицензияланадиган турлари бозор иштирокчиларининг янада кенгроқ доирасига нисбатан татбиқ этилишини;

лицензиялар ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш учун қўшимча талаблар ва шартлар жорий этилишини;

юридик шахслар устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдорига доир талаблар оширилишини;

хўжалик юритувчи субъектларнинг белгиланган ҳуқуқлари чекланишини (камайтирилишини) ёки улар учун қўшимча мажбуриятлар ёхуд қўшимча харажатлар жорий этилишини;

хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳар қандай турдаги имтиёзлар, кафолатлар, преференциялар белгиланишини, шунингдек уларга янги ҳуқуқлар, шу жумладан эксклюзив ҳуқуқлар берилишини.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари фақат ваколатли давлат органининг уларнинг рақобатга таъсирини баҳолаш натижалари бўйича хулосалари мавжуд бўлган тақдирда, белгиланган тартибда қабул қилинади.

Ваколатли давлат органи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш натижалари бўйича ишлаб чиқилган ҳисоботларни кўриб чиқади.

Ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий органлари амалдаги қонунчилик ҳужжатларини ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан қабул қилинган ҳужжатларни уларнинг рақобат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан ўрганишдан ўтказади.

Ўрганиш ваколатли давлат органининг ташаббусига кўра жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига, жамоатчилик назорати субъектларининг таклифлари ва тавсияларига, шунингдек оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материалларни ўрганиш натижаларига асосан ўтказилади.

Рақобат тўғрисидаги қонунчиликка зид бўлган қонунчилик ҳужжатлари аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органи:

Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари юзасидан - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда таклифлар киритади;

бошқа давлат органлари (бундан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мустасно) томонидан қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари юзасидан - рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини белгиланган муддатларда бартараф этиш тўғрисида уларга тақдимнома киритади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган ва рақобат тўғрисидаги қонунчиликка зид бўлган қонунчилик ҳужжатлари аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органи рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини белгиланган муддатларда бартараф этиш тўғрисида уларга тақдимнома киритади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби қонунчиликда белгиланади.



9-модда. Монополияга қарши комплаенс


Монополияга қарши комплаенс фаолиятнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг бузилиши хатарларини аниқлаш ва мазкур хатарларнинг олдини олиш бўйича ички ташкилий тартиб-таомиллар тизимидан иборатдир.

Монополияга қарши комплаенснинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шу жумладан фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашни, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар беришни амалга оширувчи, махсус электрон тизим воситасида хабарномаларни қабул қилувчи, рўйхатдан ўтказиш ёки аккредитация қилиш ваколатлари берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари, шунингдек давлат мақсадли жамғармалари (бундан буён матнда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар деб юритилади), хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда юридик шахслар бирлашмалари фаолиятининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш ҳамда мониторинг қилиш;

рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бузилиши хатарларини бошқариш;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда юридик шахслар бирлашмалари томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бузилишларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш;

инсофли рақобатни шакллантириш ва тартибга солиш.

Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларда, хўжалик юритувчи субъектларда ва юридик шахслар бирлашмаларида монополияга қарши комплаенсни жорий этиш, унинг ишлашини таъминлаш ҳамда мониторинг қилиш мақсадида масъул шахс тайинланади.

Монополияга қарши комплаенс мажбурий тартибда:

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларда;

товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларда;

охирги уч йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг ўртача йиллик миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг бараваридан ошадиган ҳамда устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлатга тегишли бўлган юридик шахсларда;

охирги уч йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг ўртача йиллик миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг бараваридан ошадиган ҳамда устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши 50 фоизни ва ундан ортиқни ташкил этадиган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахсларда;

юридик шахсларнинг бирлашмаларида жорий этилади.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилмаган хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплаенсни жорий этиш тавсиявий хусусиятга эга.

Монополияга қарши комплаенсни ташкил қилиш ва жорий этиш тартиби қонунчиликда белгиланади.



10-модда. Шахслар гуруҳи


Қуйидаги шартлардан бирига ёки бир нечтасига мувофиқ бўлган, ягона (умумий) иқтисодий манфаатга эга бўлган шахслар йиғиндиси шахслар гуруҳи деб эътироф этилади:

икки ва ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектнинг бири бевосита ёки билвосита, шунингдек бошқа шахслардан олинган ваколатларга мувофиқ бошқа хўжалик юритувчи субъект устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизидан ортиғига эгалик қилади;

икки ва ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектда айни бир жисмоний шахс, шунингдек унинг эри (хотини), ота-онаси (фарзандликка олувчилари), болалари (фарзандликка олинган болалари), туғишган ва ўгай ака-укалари ҳамда опа-сингиллари (бундан буён матнда яқин қариндошлари деб юритилади) ушбу хўжалик юритувчи субъектлардаги ўз иштироки туфайли бевосита ва (ёки) билвосита ёхуд бошқа шахслардан олинган ваколатларга мувофиқ мазкур хўжалик юритувчи субъектлардан ҳар бирининг устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизидан ортиғига эгалик қилади (эга бўлади);

икки ва ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектда айни бир юридик шахс ушбу хўжалик юритувчи субъектлардаги ўз иштироки туфайли бевосита ва (ёки) билвосита ёхуд бошқа шахслардан олинган ваколатларга мувофиқ мазкур хўжалик юритувчи субъектлардан ҳар бирининг устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизидан ортиғига эгалик қилади (эга бўлади);

икки ва ундан ортиқ юридик шахснинг ижро этувчи органи таркибига айни бир жисмоний шахс ҳамда унинг яқин қариндошлари киради;

икки ва ундан ортиқ юридик шахснинг коллегиал ижро этувчи органи ва (ёки) кузатув кенгаши сон таркибининг 50 фоизидан ортиғини айни бир жисмоний шахс ва унинг яқин қариндошлари ташкил этади;

икки ва ундан ортиқ юридик шахслардан бири қонунчиликка ёки ушбу юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларига ёхуд улар билан тузилган шартномаларга асосан ушбу юридик шахсларга ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беришга ҳақли бўлади;

икки ва ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектда айни бир жисмоний шахс ёки айни бир юридик шахс қонунчиликка ва (ёки) ушбу юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларига ёхуд улар билан тузилган шартномаларга асосан уларга ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беришга ҳақли бўлади.

Ушбу Қонунда шахслар гуруҳига товар ёки молия бозорининг ягона субъекти сифатида қаралади.



11-модда. Товарнинг монопол юқори нархи


Агар товарни реализация қилиш нархи ҳамда уни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш учун зарур бўлган харажатлар ўртасидаги тафовут жуда юқори бўлса ёки товарнинг сифатини пасайтириш ҳисобидан қўшимча фойда олишга қаратилган бўлса, товарнинг товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъект томонидан белгиланадиган нархи товарнинг монопол юқори нархидир.

Товарнинг нархи товар-хомашё биржа савдолари якунларига кўра шаклланган тақдирда, у монопол юқори нарх деб эътироф этилмайди, бундан устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар иштирокидаги ҳийла-найранглардан иборат ҳаракатлар натижасида шаклланган нарх мустасно.

Мазкур модданинг талаблари экспорт нархларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Товарнинг монопол юқори нархи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аниқланади.



12-модда. Товарнинг монопол паст нархи


Товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъект томонидан товарнинг таннархидан паст даражада ва мазкур товарни сотишдан зарар келтирадиган даражада белгиланадиган, натижада рақобат чекланишига олиб келадиган нарх товарнинг монопол паст нархидир.

Мазкур модданинг талаблари экспорт нархларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Товарнинг монопол паст нархи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аниқланади.



13-модда. Устун мавқе


Товар ёки молия бозоридаги хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг унга ўз фаолиятини рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд ушбу бошқа субъектларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолати устун мавқедир.

Товар ёки молия бозорида қуйидагилар устун мавқе деб эътироф этилади:

агар хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг рақобатчилари мавжуд бўлмаса;

агар хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг бозордаги улуши 40 фоизни ва ундан ортиқни ташкил этса;

агар хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи табиий монополия субъекти деб эътироф этилса;

агар хўжалик юритувчи субъектга ёки шахслар гуруҳига муайян товарларни ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш ёхуд олиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда мутлақ ва (ёки) эксклюзив ҳуқуқ берилган бўлса.

Охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз минг бараваридан камроқни ташкил этувчи хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг (бундан табиий монополия субъектлари, маҳсулотларининг нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган хўжалик юритувчи субъектлар мустасно) товар ёки молия бозоридаги ҳолати устун мавқе деб эътироф этилмайди.

Хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг товар ёки молия бозоридаги устун мавқеи эътироф этилган кундан эътиборан уч кунлик муддатда ваколатли давлат органи бу ҳақда уларга хабарнома юборади, мазкур хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг товарларига нисбатан нархлар давлат томонидан тартибга солинган тақдирда эса бу ҳақда нархни тартибга солувчи органга ҳам хабар беради.

Товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг, рақамли платформа операторининг устун мавқеини аниқлаш ва эътироф этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



14-модда. Устун музокара кучи


Устун мавқега эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги устун музокара кучи деб эътироф этилади.



15-модда. Товарнинг монопол турига нисбатан қўлланиладиган

нархларни (тарифларни) эълон қилиш


Хўжалик юритувчи субъект ва шахслар гуруҳи устун мавқега эга деб эътироф этилган пайтдан эътиборан товарнинг монопол турига нисбатан қўлланиладиган янги нархларни (тарифларни) жорий нархлар (тарифлар) ўзгартирилишидан камида ўн беш кун олдин эълон қилиши шарт.



2-БОБ. ТАБИИЙ МОНОПОЛИЯ СУБЪЕКТЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ


16-модда. Табиий монополия субъектлари товарларининг

нархларини (тарифларини) тартибга солиш


Табиий монополия субъектлари товарларининг нархларини (тарифларини) тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган орган томонидан амалга оширилади.

Табиий монополия субъектлари товарларининг нархларини (тарифларини) белгилаш учун табиий монополия субъектлари ўз товарлари нархларининг (тарифларининг) лойиҳаларини ҳамда улар бўйича ҳисоб-китобларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган органга тақдим этади.

Табиий монополия субъектлари товарлари нархларининг (тарифларининг) лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган орган томонидан бир ойлик муддатда кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган органнинг табиий монополия субъектлари товарларининг нархлари (тарифлари) бўйича қарори табиий монополия субъектлари томонидан мазкур қарор кучга киргунига қадар ўн беш кундан кечиктирмай оммавий ахборот воситаларида ҳамда ўз расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Ваколатли давлат органи табиий монополия субъектлари товарларининг нархларини (тарифларини) тартибга солишда иштирок этмайди.



17-модда. Табиий монополия субъектларининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Табиий монополия субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

реализация қилинган товарлар учун ҳақ тўланишини таъминламаётган истеъмолчиларга хизмат кўрсатишни қонунчиликда белгиланган тартибда рад этиш;

табиий монополия шароитларида реализация қилинадиган товарларнинг нархларини (тарифларини) ваколатли давлат органини хабардор қилган ҳолда барча истеъмолчилар учун бир вақтда пасайтириш.

Табиий монополия субъектлари:

ўз товарларининг сотиб олинишида истеъмолчилар учун тенг шарт-шароитлар яратиб бериши, барча истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш учун қувватлар етарли бўлмаган тақдирда, товарлар истеъмолчилар ўртасида адолатли тақсимланишини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ тартибга солиши;

ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни ваколатли давлат органига қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим этиши;

товарларнинг нархларини (тарифларини) белгилаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган органга ишончли ахборотни тақдим этиши;

табиий монополия шароитларида амалга ошириладиган товарлар ишлаб чиқаришга (реализация қилишга) доир тўғридан-тўғри харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши шарт.

Табиий монополия субъектлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.



3-БОБ. РАҚОБАТГА ҚАРШИ ҲАРАКАТЛАРНИ ТАҚИҚЛАШ


18-модда. Устун мавқени ва устун музокара кучини

суиистеъмол қилишни тақиқлаш


Устун мавқега ёки устун музокара кучига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки бир гуруҳ шахсларнинг пировард натижада рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлари, шу жумладан қуйидаги ҳаракатлари устун мавқени ёки устун музокара кучини суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади ҳамда тақиқланади:

товарларнинг муомаласи ҳажмини товар ёки молия бозорида тақчилликни келтириб чиқариш ёки сақлаб туриш мақсадида нархларнинг ошишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зарар етказилишига олиб келадиган тарзда қисқартириш;

истеъмолчиларнинг зарур ҳажмдаги товарни ва лозим даражадаги сифатли товарни олишга бўлган ҳуқуқлари камситилишига йўл қўйиш;

товарнинг монопол юқори ёки монопол паст нархларини белгилаш;

шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни, шу жумладан молиявий маблағларни, бошқа мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни ўзга шахсга ўтказишга доир асоссиз талабларни мажбуран қабул қилдириш;

товарни реализация қилишда ёки олишда камситувчи шарт-шароитларни белгилаш, шу жумладан товардан фойдаланиш шартларини мажбуран қабул қилдириш;

шартнома тузишга фақат контрагент томонидан бошқа товарни олиш ёки реализация қилиш ёхуд контрагентнинг товарни ўзга хўжалик юритувчи субъектлардан олишдан ёки бошқа хўжалик юритувчи субъектларга реализация қилишдан ўзини тийиши шарти билан розилик бериш;

тегишли товарни ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш имконияти бўла туриб, шартнома тузишни асоссиз равишда рад этиш;

товар ёки молия бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг кириши учун тўсиқлар яратиш;

нархларни давлат томонидан тартибга солиш қўлланиладиган товарлар учун белгиланган нархдан ортиқ ҳақ олиш ёки нархларни давлат томонидан тартибга солиш тартибини бузиш, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар ёки бепул кўрсатилиши керак бўлган хизматлар учун ҳақ олиш;

бошқа хўжалик юритувчи субъектлар (рақобатчилар) томонидан ишлаб чиқарилган товарларни олишни ёки реализация қилишни тақиқлаш ёхуд чеклаш.

Устун мавқега эга бўлган деб эътироф этилган рақамли платформа операторига маълумотлар, технологиялар ва рақамли маҳсулотлардан фойдаланиш ҳақидаги талабларни белгилаш орқали рақобатни чеклайдиган ҳаракатларни бажариш тақиқланади.

Устун мавқега эга бўлган деб эътироф этилган рақамли платформа операторининг рақобатнинг чекланишига олиб келадиган ҳаракатларини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



19-модда. Рақобатга қарши келишувларни ва

мувофиқлаштирилган ҳаракатларни тақиқлаш


Товар ёки молия бозорида икки ва ундан ортиқ тарафнинг рақобатни чеклашга ёки истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зарар етказилишига олиб келадиган ёхуд олиб келиши мумкин бўлган, битта ёки бир нечта ҳужжатда акс эттирилган ёзма шаклдаги шартлашуви, шунингдек оғзаки шаклдаги шартлашуви рақобатга қарши келишувдир.

Рақобатлашаётган хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан потенциал рақобатчилар ўртасидаги рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зарар етказилишига олиб келадиган ҳамда қуйидагиларга қаратилган рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар тақиқланади ҳамда ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб топилади:

нархларни (тарифларни), чегирмаларни, устамаларни, қўшимча тўловларни ёки устама нархларни сунъий равишда белгилаш ёки сақлаб туриш, эркин бозор нархларининг қарор топишига тўсқинлик қилиш;

таклиф ҳажмини сунъий равишда ўзгартириш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмларини келишиб олиш, товарларни ишлаб чиқаришни иқтисодий ёки технологик жиҳатдан асоссиз равишда камайтириш ва (ёки) тугатиш ёхуд технологиялар ва инвестицияларни чеклашни келишиб олиш;

энг яхши таклифларни танлашда, тендерларда, аукционларда, биржаларда ва бошқа савдоларда (бундан буён матнда савдолар деб юритилади) нархларни ошириш, пасайтириш ёки сақлаб туриш;

товар ёки молия бозорини ҳудудий принцип бўйича, реализация қилиш ёки харидлар ҳажми бўйича, товарларнинг хиллари бўйича ёхуд товарларни сотувчилар ёки сотиб олувчилар, товар буюртмачилари доираси бўйича бўлиб олиш ёхуд маҳсулот сотиладиган бозорлар устидан назорат ўрнатиш;

бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг муайян товарларни сотувчилар ёки сотиб олувчилар, буюртмачилар сифатида товар ёки молия бозорига киришини чеклаш ёки уларни бозордан четлаштириш ёхуд хўжалик юритувчи субъектларни муайян бозорга киритмаслик;

айрим сотувчилар ёки сотиб олувчилар билан шартномалар тузишда шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни, шу жумладан молиявий маблағларни, бошқа мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни ўзга шахсга ўтказишга доир асоссиз талабларни мажбуран қабул қилдириш йўли билан шартномалар тузиш.

Рақобатлашмаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик шахслар бирлашмаси, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан рақобатга қарши келишувларига ҳамда мувофиқлаштирилган ҳаракатларига, агар бундай келишувлар ва ҳаракатлар пировард натижада ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган оқибатларга олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса, йўл қўйилмайди, шу жумладан қуйидаги келишувлари ва ҳаракатларига йўл қўйилмайди:

сотувчининг ёки сотиб олувчининг ҳудудни ёки сотиб олувчилар доирасини товарни кейинчалик қайта сотиш мақсадида мустақил равишда белгилашини чеклайдиган келишувлари ва ҳаракатларига;

товарларни қайта сотиш учун нархларга чекловлар белгилайдиган келишувлари ва ҳаракатларига;

бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқариладиган товарларни хўжалик юритувчи субъектлар томонидан реализация қилишни тақиқлайдиган келишувлари ва ҳаракатларига.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятини ушбу хўжалик юритувчи субъектларга алоқадор бўлмаган юридик ва жисмоний шахслар томонидан ташқи мувофиқлаштириш, агар бундай мувофиқлаштириш ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган оқибатлардан бирига олиб келса, тақиқланади.

Агар рақобатга қарши келишувлар ва ҳаракатлар ишлаб чиқаришни такомиллаштиришга, техника тараққиётини юксалтиришга, инновацияларни жорий этишни рағбатлантиришга, ишлаб чиқариш ва товарларни реализация қилиш ҳажмларини кўпайтиришга ёки иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга ёхуд товарларнинг жаҳон товар ёки молия бозоридаги рақобатбардошлилигини оширишга қаратилган бўлса, ушбу моддада назарда тутилган тақиқлар мазкур келишувлар ва ҳаракатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Рақобатга қарши келишувларни ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



20-модда. Рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган

ҳаракатлар учун жавобгарликдан озод қилиш


Рақобатга қарши келишув ёки мувофиқлаштирилган ҳаракат иштирокчиси бўлган, мазкур келишув ёки ҳаракат содир этилганлиги ҳақида ваколатли давлат органига биринчи бўлиб ихтиёрий равишда ариза билан мурожаат қилган жисмоний шахс, хўжалик юритувчи субъект, юридик шахслар бирлашмаси тегишинча маъмурий ва молиявий жавобгарликдан озод қилинади.



21-модда. Инсофсиз рақобатни тақиқлаш


Хўжалик юритувчи субъектлар ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб бошқа шахслар томонидан рақобатчиларга нисбатан инсофсиз рақобатни амалга ошириш, шу жумладан қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш тақиқланади:

рақобатчини обрўсизлантириш, яъни рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши ёки унинг ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган, у сотувга таклиф қилаётган товарнинг сифати ва истеъмол хоссалари тўғрисида, мазкур товарни тайёрлаш ҳамда ундан фойдаланиш усуллари ва шароитлари ҳақида, ундан фойдаланишдан кутилаётган натижалар тўғрисида, товарнинг муайян мақсадларга яроқлилиги ҳақида, товарни сотувга таклиф этиш шартлари, шу жумладан унинг нархи тўғрисида ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш;

нотўғри таққослаш, яъни рақобатчи хўжалик юритувчи субъектни ёки унинг товарини товарнинг устунлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилувчи сўзлардан ёки рамзлардан товарнинг холисона тасдиққа эга бўлган тавсифини ёки таққослаш параметрларини кўрсатмаган ҳолда фойдаланиб таққослаш;

товарнинг хусусияти, ишлаб чиқарилиш усули ва жойи, истеъмол хоссалари, нархи ва сифати, ишлаб чиқарувчининг (бажарувчининг) кафолат мажбуриятлари хусусида истеъмолчиларни чалғитиш;

тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни, шу жумладан фан-техникага, ишлаб чиқаришга ёки савдога оид ахборотни эгасининг розилигисиз олиш, ундан фойдаланиш, уни ошкор этиш;

товар ёки молия бозорига рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг киришига тўсқинлик қилишга ёки уни бозордан четлаштиришга олиб келувчи ҳаракатларни содир этиш.



22-модда. Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа

ташкилотлар, юридик шахсларнинг бирлашмалари томонидан

рақобатни чеклайдиган ҳужжатлар қабул қилинишини ҳамда

ҳаракатлар амалга оширилишини (ҳаракатсизликни) тақиқлаш


Республика ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга, юридик шахсларнинг бирлашмаларига товар ёки молия бозорида рақобатни чеклашга ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келувчи ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда ҳаракатларни амалга ошириш (ҳаракатсизлик), шу жумладан қуйидагилар тақиқланади:

фаолиятнинг бирон-бир соҳасида янги хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этишга, фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга ёки муайян товарларни ишлаб чиқаришга нисбатан тақиқ белгилаш ёки чекловлар жорий этиш;

хўжалик юритувчи субъектларнинг товар ёки молия бозорига киришини чеклаш ёки уларни ундан чиқариб юбориш;

шартномалар тузишда устунлик бериш, сотиб олувчиларнинг муайян доирасига товарларни биринчи навбатда реализация қилиш, молиявий маблағларнинг манбаларини танлаш ва улардан фойдаланиш йўналишларининг афзаллиги тўғрисида хўжалик юритувчи субъектга кўрсатмалар бериш;

хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига асоссиз равишда тўсқинлик қилиш, шу жумладан товарларга ёки хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилмаган талабларни белгилаш йўли билан тўсқинлик қилиш;

товарларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини қонунга хилоф равишда чеклаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг товарларни ёки бошқа фуқаролик ҳуқуқлари объектларини тасарруф этиш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқларига нисбатан тақиқлар ёки чекловлар белгилаш;

хўжалик юритувчи субъектларга товарларни сотиб олиш тўғрисида кўрсатмалар бериш ёки товарларни сотиб олувчиларга бундай товарларни реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларни тиқиштириш ёхуд ушбу субъектларни танлашда чекловлар белгилаш;

хўжалик юритувчи субъектларга ахборотдан ўз рақобатчиларининг товар ёки молия бозорида камситилишига олиб келиши мумкин бўлган тарзда устувор фойдаланиш имкониятини бериш;

айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар, енгилликлар ва эксклюзив ҳуқуқларни асоссиз равишда бериш;

хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятига оқибатда рақобат чекланиши мумкин бўлган тарзда аралашиш;

республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, юридик шахслар бирлашмаларининг вазифаларини хўжалик юритувчи субъектларнинг вазифалари билан қўшиб бажариш, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно;

айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти учун бошқа камситувчи ёки имтиёзли шарт-шароитлар яратиш.

Алоҳида ҳолларда, табиий офатлар, ҳалокатларнинг оқибатларини тугатиш ва эпидемияларнинг олдини олиш мақсадида ҳамда фавқулодда вазиятлар даврида республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларни қабул қилиши ва ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.

Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, юридик шахслар бирлашмаларининг товар ёки молия бозорида нархларни сунъий равишда оширишга, пасайтиришга, сақлаб туришга олиб келадиган ҳаракатларига йўл қўйилмайди.



4-БОБ. ДАВЛАТ ЁРДАМИ БЕРИЛИШИГА

ВА ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИДА ДАВЛАТНИНГ

ИШТИРОК ЭТИШИГА НИСБАТАН РАҚОБАТНИ

ЧЕКЛАШГА ҚАРШИ ТАЛАБЛАР


23-модда. Давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш


Давлат хўжалик юритувчи субъектларга солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар, грантлар, давлат кафолатлари, имтиёзли кредитлар, эксклюзив ҳуқуқлар, давлат мулкини имтиёзли нархларда сотиш ва ижарага бериш, ер ресурсларидан ва ерости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқларини имтиёзли шартлар асосида бериш ҳамда бошқа преференциялар ва афзалликлар тарзида давлат ёрдамини бериши мумкин.

Айрим хўжалик юритувчи субъектларга соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган тарзда якка тартибда давлат ёрдами берилишига йўл қўйилмайди.

Давлат ёрдами берилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари уларнинг рақобатга таъсирини баҳолаш учун ваколатли давлат органига мажбурий тартибда киритилади.

Рақобатга таъсирни баҳолаш натижалари юзасидан ваколатли давлат органининг хулосаси давлат ёрдами кўрсатилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш чоғида мажбурий тартибда кўриб чиқилади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган талаблар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди.



24-модда. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг

рақобатга таъсирини чеклаш


Давлатнинг тадбиркорлик фаолиятида иштирок этиши давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондида (устав капиталида) бевосита ёки билвосита иштирок этиш орқали, шунингдек давлат-хусусий шериклик лойиҳасида давлат шериги сифатида иштирок этиш орқали амалга оширилади.

Қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

беш ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъекти товар ёки молия бозорида фаолият юритиб келаётган, рақобат ривожланган соҳаларда давлат иштирокидаги корхонани ва унинг аффилланган шахсларини ташкил этишга;

республика ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашни амалга ошириш, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, махсус электрон тизим воситасида хабарномаларни қабул қилиш, шунингдек рўйхатдан ўтказиш ёки аккредитация қилиш ваколатлари берилган соҳаларда ушбу органлар ва бошқа ташкилотлар томонидан улар иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга;

ягона етказиб берувчи бўлган ёки ўзига мазкур ҳуқуқ берилган ёхуд устун мавқега эга бўлган давлат иштирокидаги корхона томонидан фаолияти муассиснинг товарларидан (ресурсларидан) ёки тармоқ инфратузилмасидан фойдаланишга боғлиқ бўлган ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари билан рақобатлашадиган фаолият билан шуғулланадиган, ушбу корхонага аффилланган шахсларни ташкил этишга, бундан мазкур аффилланган шахсларнинг уларни рақобатчилар билан тенг фаолият шарт-шароитлари билан таъминлаган ҳолда бўлиб юбориш натижасида ташкил этилиши ҳоллари мустасно;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг рақобат ривожланган соҳаларда ўз асосий фаолиятига боғлиқ бўлмаган қўшимча фаолият билан шуғулланишига;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг рақобат ривожланган соҳаларда хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондида (устав капиталида) иштирок этишига ёки ундаги улушни олишига.

Ушбу модда иккинчи қисмининг бешинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган талаблар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Давлат иштирокидаги корхоналарни ва уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этиш (қайта ташкил этиш) ваколатли давлат органининг олдиндан розилиги олинганидан кейин амалга оширилади.

Ваколатли давлат органининг олдиндан розилигини олиш қуйидаги ҳолларда талаб этилади:

давлат иштирокидаги корхоналарни ёки уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этиш чоғида;

давлат иштирокидаги корхоналарни ёки уларнинг аффилланган шахсларини қайта ташкил этиш чоғида (қўшиб юбориш ва қўшиб олиш шаклида);

хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акциялар (улушлар) республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, давлат иштирокидаги корхоналар томонидан олинганда;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг, шунингдек ушбу корхоналар аффилланган шахсларининг фаолият тури ўзгарганда.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган талаблар Ўзбекистон Республикаси қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда давлат иштирокидаги корхоналарни ва уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этишга (қайта ташкил этишга), уларнинг фаолият турини ўзгартиришга, шунингдек акциялар (улушлар) олишга нисбатан татбиқ этилмайди.

Агар давлат иштирокидаги корхоналар ёки уларнинг аффилланган шахслари ушбу модданинг талабларини бузган ҳолда ташкил этилган (қайта ташкил этилган) бўлса ёки фаолият турини ўзгартирган бўлса, шунингдек акциялар (улушлар) олган бўлса, бундай ҳолда давлат иштирокидаги мазкур корхоналар ёки уларнинг аффилланган шахслари ваколатли давлат органининг кўрсатмасига биноан ёхуд суд тартибида тегишинча тугатилади ёки уларнинг фаолият тури ўзининг аввалги фаолият турига ўзгартирилади ёхуд акцияларни (улушларни) олишга доир битимлар ҳақиқий эмас деб топилади.



25-модда. Давлат иштирокидаги корхоналарни ва уларнинг

аффилланган шахсларини ташкил этиш (қайта ташкил этиш),

уларнинг фаолият турини ўзгартириш, шунингдек улар томонидан

акциялар (улушлар) олиниши учун олдиндан розилик олиш тартиби


Давлат иштирокидаги корхоналарни ёки уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этишга (қайта ташкил этишга) ва (ёки) уларнинг фаолият турини ўзгартиришга, шунингдек улар томонидан акциялар (улушлар) олинишига олдиндан розилик олиш учун тегишинча республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, давлат иштирокидаги корхоналар ёки уларнинг аффилланган шахслари ваколатли давлат органига ариза билан мурожаат қилади.

Ваколатли давлат органи давлат иштирокидаги корхоналарни ёки уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этиш (қайта ташкил этиш) ва (ёки) уларнинг фаолият турини ўзгартириш, шунингдек улар томонидан акциялар (улушлар) олиш масаласи юзасидан ариза келиб тушган кундан эътиборан икки ой муддатда қарор қабул қилади.

Агар ваколатли давлат органи томонидан товар ёки молия бозорида хусусий тадбиркорлик субъектлари мавжуд эмаслигининг объектив сабаблари аниқланмаган бўлса, давлат иштирокидаги корхоналарга, шунингдек уларнинг аффилланган шахсларига уч йил муддат мазкур товар ёки молия бозорида фаолият юритишга рухсат берилади.

Ваколатли давлат органи давлат иштирокидаги корхоналарни ва (ёки) уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этишни (қайта ташкил этишни) ва (ёки) уларнинг фаолият турини ўзгартиришни, шунингдек улар томонидан акциялар (улушлар) олинишини ушбу Қонун 24-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда рад этади.

Давлат иштирокидаги корхоналарни ёки уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этиш (қайта ташкил этиш) ва (ёки) уларнинг фаолият турини ўзгартириш, шунингдек улар томонидан акциялар (улушлар) олиниши бўйича ҳаракатлар товар ёки молия бозорида рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмаслигини исботловчи далиллар ва (ёки) ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, ваколатли давлат органи ушбу аризани қаноатлантириши мумкин.

Ваколатли давлат органи давлат иштирокидаги корхоналарни ёки уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этиш (қайта ташкил этиш) ва (ёки) уларнинг фаолият турини ўзгартириш, шунингдек улар томонидан акциялар (улушлар) олиниши учун олдиндан розилик бериш тўғрисида қарорлар қабул қилиш чоғида рақобатни таъминлашга қаратилган талабларни белгилаши мумкин.

Ваколатли давлат органининг давлат иштирокидаги корхоналарни ёки уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этиш (қайта ташкил этиш) ва (ёки) уларнинг фаолият турини ўзгартириш, шунингдек улар томонидан акциялар (улушлар) олиниши учун олдиндан розилик бериш тўғрисидаги қарори, агар қарор бир йил ичида ижро этилмаса, ўз кучини йўқотади.

Рўйхатдан ўтказувчи органлар давлат иштирокидаги корхоналарни ва уларнинг аффилланган шахсларини, шунингдек таъсис ҳужжатларига киритилаётган ўзгартишларни ҳамда улар томонидан акциялар олинишини рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) чоғида ваколатли давлат органининг олдиндан розилиги мавжудлигини қонунчиликда белгиланган тартибда текшириши ва ваколатли давлат органининг олдиндан розилик бериш тўғрисидаги қарори аризачи томонидан тақдим этилмаган тақдирда, рўйхатдан ўтказишни рад этиши шарт, бундан Ўзбекистон Республикаси қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектлар мустасно.



5-БОБ. РАҚОБАТНИ ЧЕКЛАШГА ЙЎЛ ҚЎЙМАСЛИК

МАҚСАДИДА ИҚТИСОДИЙ КОНЦЕНТРАЦИЯНИ

ВА САВДОЛАРНИ ТАРТИБГА СОЛИШ


26-модда. Иқтисодий концентрация устидан давлат назорати


Иқтисодий концентрация устидан давлат назорати иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш орқали ваколатли давлат органи томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

хўжалик юритувчи субъектни қўшиб олиш ёки қўшиб юбориш орқали қайта ташкил этишда;

шахс ёки шахслар гуруҳи Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган акциядорлик жамияти овоз берувчи акцияларининг 25 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ёхуд масъулияти чекланган жамиятнинг ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларнинг учдан бир қисмидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда.

Агар ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган битимларда иштирок этаётган хўжалик юритувчи субъектлардан бири активларининг баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик минг баравари миқдоридан ортиқ ёхуд уларнинг активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса, иқтисодий концентрация устидан давлат назорати амалга оширилади.

Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик иқтисодий концентрацияга ваколатли давлат органининг олдиндан розилигини олиш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ушбу модданинг талаблари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

давлат иштирокидаги корхоналарнинг қўшиб юборилишига ёки қўшиб олинишига ёхуд уларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг (улушларнинг) олинишига доир битимлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан амалга оширилган ҳолларга;

хўжалик юритувчи субъектни ташкил этиш чоғида унинг муассисларига;

хўжалик юритувчи субъект томонидан устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз акцияларини (улушларини) олишга доир битимларга;

акциядорлик жамияти (масъулияти чекланган жамият ёки қўшимча масъулиятли жамият) ўз устав фондининг (устав капиталининг) миқдорини сақлаб қолган ҳолда бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга ўзгартирилишига;

акциялар (улушлар) кейинчалик қайта сотиш мақсадида инвестиция воситачилари томонидан олинишига;

хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) жисмоний шахс томонидан олишга доир битимларга, агар ариза билан мурожаат этилган пайтда бундай жисмоний шахс бирон-бир хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг (улушларнинг) 25 фоизидан кўпроғини тасарруф этмаган бўлса.



27-модда. Иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик олиш


Олдиндан розилик олиш талаб этиладиган иқтисодий концентрацияни амалга ошириш чоғида шахслар ёки шахслар гуруҳи бу ҳаракатлар бажарилгунига (битимлар тузилгунига) қадар ваколатли давлат органига қуйидагиларни қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим этади:

иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризани;

норезидент бўлган жисмоний шахс учун - паспортнинг кўчирма нусхасини;

норезидент бўлган юридик шахс учун - давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг кўчирма нусхасини ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни;

битим тарафларининг ариза берилган кундан аввалги икки йил давомидаги ёхуд агар фаолият икки йилдан кам муддатни ташкил этса, фаолият амалга оширилган муддат давомидаги фаолияти турлари, ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган товар турларининг номлари ҳамда уларнинг ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни;

ўтган икки календарь йилга доир молиявий ва статистика ҳисоботларини;

шахслар гуруҳининг таркиби тўғрисидаги маълумотларни, бундай шахсларнинг ушбу шахслар гуруҳига кириш асослари кўрсатилган ҳолда;

шахслар ёки бир гуруҳ шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларининг (улушларининг) 25 фоиздан кўпроғига бевосита ёки билвосита эгалик қилиш орқали ҳақиқатда назорат қиладиган жисмоний шахслар - асосий бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумотларни.

Иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиққанлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда йиғим ундирилади.

Иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги ариза қуйидаги тарзда кўриб чиқилади:

агар ҳаракат (битим) рақобатга таъсир қилмаса, ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар рўйхатга олинган пайтдан эътиборан ўттиз календарь кундан кечиктирмай аризачи қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилинади;

агар ҳаракат (битим) рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлса, қўшимча ўрганиш ўтказиш учун аризани кўриб чиқиш муддати икки ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Иқтисодий концентрациянинг рақобатга таъсирини баҳолаш учун экспертлар ва мутахассислар жалб этилиши мумкин.

Иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ваколатли давлат органи қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш тўғрисида;

иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик беришни рад этиш ҳақида.

Ваколатли давлат органи аризачига олдиндан розилик беришни қуйидаги ҳолларда рад этишга ҳақли, агар:

иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги аризанинг қаноатлантирилиши товар ёки молия бозорида тегишли хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келишига ёхуд кучайишига ва (ёки) рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлса;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги.

Ваколатли давлат органи ҳатто товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келишига ёхуд кучайишига ва рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлган тақдирда ҳам, агар иқтисодий концентрация тўғрисида қарор қабул қилувчи юридик ва (ёки) жисмоний шахслар ўз ҳаракатлари (битимлари) истеъмолчиларга сезиларли тарзда наф келтиришини исботлаб берса, иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш ҳақидаги аризани қаноатлантиради.

Ваколатли давлат органи иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик беришга ва буни рақобатни таъминлашга қаратилган талабларни бажариш билан боғлиқ қилиб қўйишга ҳақли. Бунда мазкур талаблар, шунингдек уларни бажариш муддатлари ваколатли давлат органининг иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш тўғрисидаги қарорида кўрсатилиши керак.

Товар ёки молия бозорида тегишли хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеи юзага келишига ёки кучайишига ва (ёки) рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни бажариш (битимлар тузиш) тўғрисида қарор қабул қилган юридик ва (ёки) жисмоний шахслар ваколатли давлат органининг талабига кўра рақобатнинг зарур шарт-шароитларини тиклаш бўйича чоралар кўриши шарт.

Ваколатли давлат органининг олдиндан берилган розилигисиз тузилган, товар ёки молия бозорида рақобатнинг чекланишига олиб келадиган иқтисодий концентрацияга доир битимлар суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Иқтисодий концентрацияни амалга ошириш учун ваколатли давлат органидан олдиндан розилик олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



28-модда. Хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий

тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш


Товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини бартараф этиш юзасидан илгари қўлланилган чоралар самарасиз бўлган тақдирда, ваколатли давлат органи хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш ҳақидаги даъво билан судга мурожаат қилади, бўлиш ёки ажратиб чиқариш мазкур хўжалик юритувчи субъект негизида икки ёхуд бир нечта алоҳида хўжалик юритувчи субъектни ташкил этиш орқали амалга оширилади.

Хўжалик юритувчи субъектни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш қуйидаги шартларнинг барчаси жам бўлганда амалга оширилиши мумкин:

бўлинаётган ёки ажратиб чиқарилаётган таркибий бўлинмаларнинг ташкилий ва ҳудудий жиҳатдан алоҳида ажралиб чиқиш имконияти мавжуд бўлганда;

унинг таркибий бўлинмалари ўртасида узвий технологик боғланиш мавжуд бўлмаганда;

бўлиш ёки ажратиб чиқариш натижасидаги таркибий бўлинмаларнинг товар ёки молия бозорида мустақил равишда фаолият кўрсатиш имконияти мавжуд бўлганда.



29-модда. Савдоларда рақобатни чеклашга қарши талаблар


Савдолар бошланғич нархни пасайтириш ёки ошириш йўли билан ташкил этилиши мумкин.

Савдоларда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан қуйидагилар тақиқланади:

савдоларни ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш;

савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда иштирок этиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан ахборотдан фойдаланиш орқали имтиёзли шарт-шароитлар яратиш;

савдоларга оид ҳужжатларга ва қоидаларга, шу жумладан эълоннинг матнига иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган талабларни киритиш;

савдоларнинг ўтказилиш жараёнига ва натижаларига таъсир кўрсатиш;

савдоларда талабнинг ўзгаришига, нархларнинг сунъий равишда оширилишига олиб келиши мумкин бўлган ёлғон, асоссиз маълумотларни тарқатиш;

савдоларнинг операторлари ва (ёки) ташкилотчилари ва (ёки) буюртмачилари ва (ёки) савдолар иштирокчилари томонидан рақобатга қарши келишувларни ҳамда мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга ошириш;

электрон тарзда ўтказиладиган савдоларда нархларнинг сунъий равишда шакллантирилишига олиб келадиган нарх алгоритмидан, яъни товарлар нархини олдиндан белгиланган параметрларга асосан мониторинг қилиш, ҳисоб-китоб қилиш, белгилаш ва назорат қилиш имкониятини берувчи дастурий таъминотдан фойдаланиш;

савдоларда савдо шартларини бир неча марта бажармаслик натижасида товарнинг нархларини рақобат мавжуд бўлганда шаклланган нархлардан (талаб, таклиф ёки ишлар ҳажмидан) анча ошириш;

буюртмачининг ёки сотувчининг савдолар натижаларига кўра шартнома тузишдан асоссиз равишда бўйин товлаши.

Биржа савдоларини ўтказиш чоғида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан қуйидагилар тақиқланади:

биржа савдоларини ўтказиш жараёнига таъсир кўрсатадиган, шу жумладан ҳийла-найранг ҳисобланадиган ҳаракатлар, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

биржа савдолари иштирокчиларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари натижасида жорий биржа нархларининг кескин ошишига ёки қатъий белгиланишига олиб келадиган ҳаракатлар;

биржа шартномаси бўйича барча харидорларга савдоларда тенг иштирок этиш имкониятини чеклайдиган лотларни белгилаш;

тўловнинг ва етказиб беришнинг асосланмаган муддатларини, шунингдек ўхшаш маҳсулотни сотувчилар томонидан белгиланган шартлардан жиддий фарқ қилувчи алоҳида шартларни жорий этиш;

биржа шартномаларида иштирокчилар сонини чеклайдиган алоҳида шартларни кўрсатиш;

товарларни савдога қўйиш жадвалларини биржанинг расмий веб-сайтига жойлаштирмаслик;

юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотни жадвалларда назарда тутилган муддатларда биржага қўймаслик ёки уни кам ҳажмда ёхуд мувофиқ бўлмаган ҳажмда қўйиш;

биржа савдолари давомида биржанинг муайян иштирокчиси томонидан бошқа иштирокчиларнинг буюртмаларига нисбатан нархи ноодатий тарзда катта фарқ қилувчи буюртмалар бериш, кейинчалик мазкур буюртмаларни савдолар тугагунига қадар олиб ташлаш ёки тузилган битимни жарима тўламасдан асоссиз равишда бекор қилиш;

нархи қонунчилик билан тартибга солинадиган маҳсулотнинг бошланғич нархини шакллантиришнинг белгиланган тартибига риоя этмаслик;

биржа шартномаси бўйича муайян харидор иштирокида бекор қилинган битимнинг баҳоси айни шу харидор билан мазкур биржа шартномаси бўйича кейинги икки савдода амалга оширилган битимнинг энг паст баҳосидан паст бўлишига олиб келувчи ҳаракатларни бажариш;

фақат биржа савдоларига қўйиш йўли билан сотилиши лозим бўлган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотлар ҳажмларини биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш;

биржа савдоларида реализация қилинмаган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларнинг бир қисмини такроран савдоларга қўймаслик;

маҳсулотни транспортнинг муқобил тури билан жўнатиш имкони бўлгани ҳолда, уни транспортнинг муайян тури билан асоссиз равишда жўнатишни назарда тутувчи шартномалар бўйича савдоларга қўйиш;

биржада тузилган битимлар ва шартномаларни жарима санкцияларисиз асоссиз равишда ёки мунтазам асосда бекор қилиш, бундан бир тарафнинг енгиб бўлмас куч ҳолатлари муносабати билан мажбуриятларини бажариш имконияти йўқлиги исботланган ҳоллар, яъни фавқулодда ва олдини олиб бўлмайдиган (форс-мажор) ҳолатлар мустасно;

товарни юклаб жўнатиш навбатининг изчиллигига риоя этмаслик;

биржа шартномаларида товарларнинг сифат кўрсаткичлари (тури, нави, маркаси ва бошқалар) тўғрисидаги етарлича ахборотни кўрсатмаслик ёки уларнинг кўрсаткичлари тўғрисидаги чалғитувчи ахборотни киритиш;

савдолар ташкилотчилари томонидан биржа савдоларининг иштирокчилари учун тенг бўлмаган шароитлар яратиш;

савдолар ташкилотчилари томонидан биржа савдоларининг натижаларини асоссиз равишда бекор қилиш;

сотувчи ва харидор ўртасида айни бир шахсий ҳисобварақда битим тузиш;

товарнинг нархи хусусида чалғитиш мақсадида баҳоси рақобат муҳитида таркиб топган даражадан жиддий фарқ қиладиган бир нечта битимни бир кунда бир иштирокчи томонидан ёки бир иштирокчининг манфаати учун тузиш.

Энг яхши таклифларнинг танловларида, тендерларда, аукционларда ва бошқа савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар, шу жумладан қуйидагилар тақиқланади:

савдоларда иштирок этиш учун хўжалик юритувчи субъектлардан ҳужжатлар қабул қилишни асоссиз равишда рад этиш ёки савдоларда иштирок этиш учун ҳужжатларни тақдим этишга тўсқинлик қилиш;

савдолар иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш ёки уларнинг сонини асоссиз равишда чеклаш;

савдолар предметига технологик ва функционал жиҳатдан алоқадор бўлмаган қўшимча товарларни лотлар таркибига киритиш;

товарнинг аниқ ишлаб чиқарувчисини кўрсатиш, бундан товарларнинг бир-бирига тўғри келмаслиги ҳоллари ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллар мустасно;

бошқа иштирокчи ғолибга айланиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида савдоларда таклифлар билан иштирок этиш;

савдолар иштирокчиларига асоссиз талаблар қўйиш, шу жумладан уларнинг малакасига нисбатан рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган талаблар қўйиш;

савдолар предметининг нархларини таклифлар киритиш йўли билан, савдолар тугагунига қадар ушбу таклифларни олиб ташлаган ҳолда ошириш ёки пасайтириш;

савдоларда айни бир лотда фақат аффилланган шахсларнинг ёки ўзаро манфаатдор шахсларнинг иштирок этиши;

савдоларнинг операторлари ва (ёки) буюртмачилари ва (ёки) ташкилотчилари ва (ёки) комиссия аъзолари билан ўзаро манфаатдор бўлган ёхуд улар билан аффилланган шахсларнинг савдоларда иштирок этиши.

Савдоларни ўтказиш чоғида рақобатга зид бўлган манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ҳоллар, шу жумладан қуйидаги ҳоллар ўзаро манфаатдорлик деб эътироф этилади:

савдоларнинг икки ва ундан ортиқ ўзаро аффилланмаган ёки бошқача тарзда ўзаро боғлиқ бўлмаган иштирокчиларининг таклифлари айни бир қонуний вакил томонидан берилганда;

савдолар иштирокчиларининг бир-биридан бевосита ёки билвосита субсидия ва бошқа молиявий ёрдам олиш тўғрисидаги келишуви мавжуд бўлганда ёхуд шундай ёрдам олинганда;

айни бир лотда иштирок этаётган савдолар иштирокчиларининг таъсисчилари ўртасида ёки буюртмачининг вакили ёки ташкилотчи ёхуд оператор ўртасида ёхуд савдолар комиссиясининг аъзоси ўртасида ва мазкур савдолар иштирокчисининг вакили ёки муассиси ўртасида яқин қариндошлик алоқалари мавжуд бўлганда;

шахсда (савдолар иштирокчисида, буюртмачисида, ташкилотчисида, операторида, комиссияси аъзосида) таклифлар тўғрисидаги ахборотни олиш ёки таклифларга ва (ёки) бошқа шахс билан (савдолар иштирокчиси, буюртмачиси, ташкилотчиси, оператори, комиссия аъзоси билан) ўзаро муносабатларга эга бўлган учинчи тараф орқали қарорлар қабул қилинишига таъсир ўтказиш имконияти мавжуд бўлганда.

Ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида белгиланган рақобатни чеклашга қарши талабларнинг бузилиши савдолар натижалари бўйича қабул қилинган қарорларни ва тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади.



6-БОБ. ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ ОРГАНИ


30-модда. Ваколатли давлат органининг ваколатлари


Ваколатли давлат органи:

1) рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ҳамда қабул қилади;

2) товар ёки молия бозоридаги рақобат ва иқтисодий концентрациянинг ҳолатини, устун мавқенинг, шу жумладан табиий монополия субъектларининг, шунингдек устун музокара кучининг мавжудлигини аниқлайди;

3) хўжалик юритувчи субъектларнинг, юридик шахслар бирлашмаларининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этишини текширувдан ўтказиб, бу ҳақда назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органни қонунчиликда белгиланган тартибда хабардор қилади;

4) рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини аниқлайди, улар бўйича ишлар қўзғатади ва ишларни кўриб чиқади, уларнинг натижаларига кўра рақобатни тиклаш, рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини бартараф этиш, шу жумладан хўжалик юритувчи субъектлар томонидан асоссиз равишда олинган даромадни (фойдани) ихтиёрий равишда қайтариш ҳақида қарор қабул қилади;

5) республика ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга хўжалик юритувчи субъектларга, юридик шахсларнинг бирлашмаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига ва жисмоний шахсларга рақобатни тиклаш, рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳақида ижро этиш учун мажбурий бўлган кўрсатмалар ва кўриб чиқилиши лозим бўлган тақдимномалар беради;

6) хўжалик юритувчи субъектларни, республика ижро этувчи ҳокимият органларини ва бошқа ташкилотларни, юридик шахсларнинг бирлашмаларини, уларнинг мансабдор шахсларини ва бошқа жисмоний шахсларни рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги учун тегишли жавобгарликка тортади;

7) рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши билан боғлиқ жиноятлар аломатлари бўйича жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун материалларни тегишли органларга юборади;

8) рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг қўлланилиши ва бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судда кўриб чиқилишида иштирок этади;

9) судга рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини тугатиш, уларга йўл қўймаслик ва уларни бартараф этиш тўғрисидаги мурожаатларни, шу жумладан:

республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, юридик шахслар бирлашмаларининг рақобат тўғрисидаги қонунчиликка тўлиқ ёки қисман мувофиқ бўлмаган ҳужжатларини ҳақиқий эмас ва ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги;

рақобат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бўлмаган битимларни (шартномаларни) ўзгартириш, уларни тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги;

рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши оқибатида олинган даромадни (фойдани) ундириш, шунингдек жарима солиш ва уни ундириш ҳақидаги;

савдоларнинг натижаларини ва мазкур савдоларнинг натижалари бўйича тузилган битимларни (шартномаларни) ушбу Қонуннинг 29-моддасида назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги;

хўжалик юритувчи субъектларни мажбурий тарзда бўлиш ёки ажратиб чиқариш тўғрисидаги;

рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш ҳақидаги мурожаатларни юборади;

10) нархлари давлат томонидан тартибга солиниши лозим бўлган товарлар учун нархларнинг (тарифларнинг) қўлланилиши устидан назоратни амалга оширади;

11) озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турларига, шунингдек товарларнинг юқори ликвидли ва (ёки) монопол турларига бўлган нархларнинг кескин тебранишлари даврида республика ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга, хўжалик юритувчи субъектларга, юридик шахсларнинг бирлашмаларига омборхоналарни инвентаризация қилиш чоғида аниқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг ортиқча ҳажмларини реализация қилиш ва (ёки) улар рақобатни чеклайдиган ҳаракатлар содир этганлиги натижасида асоссиз равишда оширилган нархларни пасайтириш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар ва кўриб чиқилиши лозим бўлган тақдимномалар беради;

12) республика ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга, хўжалик юритувчи субъектларга, юридик шахсларнинг бирлашмаларига ва жисмоний шахсларга рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига олиб келадиган ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантиришлар беради;

13) амалга оширилиши учун лицензия олиш талаб қилинадиган фаолият турларининг ҳамда амалга оширилиши учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш талаб қилинадиган фаолият (ҳаракатлар) турлари сонини зарур ҳужжатлар рўйхатини камайтириш, маъмурий тартиб-таомилларнинг муддатларини ва қийматини мақбуллаштириш, уларнинг рақобат муҳитига таъсирини таҳлил этиш йўли билан қисқартириш бўйича таклифлар киритади;

14) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш натижаларига кўра хулоса беради;

15) имтиёзлар, преференциялар ва фаолиятни амалга ошириш учун эксклюзив ҳуқуқлар тарзида кўрсатилаётган давлат ёрдамининг самарадорлиги устидан давлат назоратини амалга оширади ҳамда улар рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатган тақдирда, уларни бекор қилиш тўғрисида таклифлар киритади;

16) халқаро ташкилотлар ва бошқа давлатларнинг монополияга қарши органлари билан халқаро ҳамкорликни амалга оширади, шунингдек халқаро шартномаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда, Ўзбекистон Республикасининг рақобатни ҳимоя қилиш масалаларига доир халқаро дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш бўйича халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи ҳукуматлараро ёки идоралараро комиссиялар ишида иштирок этади.

Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



31-модда. Ваколатли давлат органининг бошқа

давлат органлари билан ҳамкорлиги


Ваколатли давлат органининг бошқа давлат органлари билан ҳамкорлиги рақобатни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишга қаратилган ўзаро ёрдам тўғрисида, рақобатни чеклайдиган ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш ҳақида, рақобат соҳасида ахборот алмашишни амалга ошириш тўғрисида меморандумлар тузиш йўли билан амалга оширилади.

Ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа давлатларнинг монополияга қарши органларига хабарномалар, ахборот олиш учун сўровлар юборади, улар билан ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказади, ахборот алмашишни амалга оширади.



32-модда. Ваколатли давлат органининг

ахборот олишга доир ҳуқуқи


Ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари рақобат тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ҳақидаги аризалар ва ишларни кўриб чиқиш, шунингдек рақобатнинг ҳолатини аниқлаш учун республика ижро этувчи ҳокимият органларидан ва бошқа ташкилотлардан, хўжалик юритувчи субъектлардан, юридик шахсларнинг бирлашмаларидан ҳамда жисмоний шахслардан қонунчиликда белгиланган тартибда уларнинг ҳужжатларини ва ахборотини олиш ҳамда уларнинг ҳудудига кириш ҳуқуқига эга. Бунда талаб қилиб олинган ҳужжат, ахборот ва маълумотлар ваколатли давлат органига бепул тақдим этилади.

Ваколатли давлат органи ахборотни савдолар ўтказиш ваколатига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг ва юридик шахслар бирлашмаларининг электрон маълумотлар базаларига интеграциялашиш орқали реал вақт режимида олишга ҳақли.

Ваколатли давлат органи ушбу Қонунга мувофиқ ўзига берилган ваколатларни амалга ошириши муносабати билан маълум бўлиб қолган тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ва шахсга доир маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.



7-БОБ. РАҚОБАТ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ БУЗИШ


33-модда. Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузиш оқибатлари


Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектлар, юридик шахсларнинг бирлашмалари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳамда бошқа жисмоний шахслар рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузган тақдирда:

ваколатли давлат органининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмасини белгиланган муддатда бажариши ёки тақдимномасини кўриб чиқиши;

етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши;

асоссиз равишда олинган даромадни қайтариши;

жарималарни тўлаши шарт.

Рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги натижасида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган шахслар даъво аризаси билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.



34-модда. Етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш


Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузувчи ҳужжат қабул қилинганлиги натижасида хўжалик юритувчи субъектга ёхуд бошқа шахсга етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланади.

Агар республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузадиган ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли хўжалик юритувчи субъектга ёхуд бошқа шахсга зарар етказилган бўлса, мазкур зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланади.



8-БОБ. РАҚОБАТ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ

БУЗГАНЛИК ҲАҚИДАГИ ИШЛАРНИ ҚЎЗҒАТИШ ВА КЎРИБ

ЧИҚИШ, ШУНИНГДЕК ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ ОРГАНИНИНГ

ҚАРОРЛАРИ ВА КЎРСАТМАЛАРИНИ ИЖРО ЭТИШ ҲАМДА

УЛАР ЮЗАСИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ


35-модда. Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик

ҳақидаги ишларни қўзғатиш ва кўриб чиқиш


Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ҳақидаги ишларни қўзғатиш ва кўриб чиқиш ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Ваколатли давлат органи томонидан ўтказиладиган текширувлар ва ўрганишлар натижалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мурожаатлари, тегишли органларнинг тақдимномалари рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ҳақидаги ишларни қўзғатиш ва кўриб чиқиш учун асос бўлади.

Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳамда юридик шахслар бирлашмаларининг мансабдор шахслари ва жисмоний шахслар томонидан содир этилган рақобат соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тегишли судларда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ кўриб чиқилади.



36-модда. Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик

ҳақидаги ишда иштирок этувчи шахслар


Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ҳақидаги ишда иштирок этувчи шахслар қуйидагилардан иборатдир:

ваколатли давлат органи;

рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ҳақида ўзига нисбатан иш юритилаётган шахс;

рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ҳақидаги иш кўриб чиқилиши муносабати билан ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл қилинаётган манфаатдор шахслар;

Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ҳақидаги ишда гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа кўмаклашувчи шахслар ҳам иштирок этиши мумкин.

Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ҳақидаги ишда иштирок этувчи шахслар иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар беришга, далиллар тақдим этишга, илтимосномалар киритишга, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақли.



37-модда. Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик

ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш тартиби


Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ҳақидаги ишни кўриб чиқиш кейинга қолдирилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин. Ваколатли давлат органи ишни кўриб чиқишни кейинга қолдириш, тўхтатиб туриш ва тиклаш тўғрисида тегишли ажрим чиқаради, мазкур ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ҳақидаги ишларни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



38-модда. Рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги

ҳақидаги иш юзасидан ваколатли давлат органининг қарори


Ваколатли давлат органи рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ҳақидаги ишни моҳиятига кўра кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидагилар ҳақида қарор қабул қилади:

рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги факти аниқланганлиги ва тегишли ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилиши ҳақида;

иш юритишни тугатиш тўғрисида.

Ваколатли давлат органи:

рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги фактлари тасдиқланмаган;

ўзига нисбатан иш юритилаётган юридик шахс тугатилган ёки жисмоний шахс вафот этган;

рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилиши ўзига нисбатан иш қўзғатилган хўжалик юритувчи субъект, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахсларнинг бирлашмалари томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилган;

ваколатли давлат органи кўриб чиқаётган рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ҳақидаги иш юзасидан суд томонидан қарор қабул қилинган тақдирда, рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ҳақидаги ишни юритишни тугатади.

Ваколатли давлат органининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ҳақидаги иш юзасидан қарори дарҳол эълон қилиниши керак.

Ўзига нисбатан қарор қабул қилинган шахсга ваколатли давлат органининг рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ҳақидаги иш юзасидан қарорига асосан кўрсатма берилади.



39-модда. Ваколатли давлат органининг кўрсатмасини ижро этиш


Ваколатли давлат органининг кўрсатмаси унда белгиланган муддатда ижро этилиши лозим. Кўрсатмани муддатида ижро этмаганлик қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

Ваколатли давлат органининг кўрсатмасини ижро этмаганлик деганда кўрсатмани ижро этишдан бўйин товлаш ёки кўрсатмани қисман ижро этиш ёхуд ўз вақтида ижро этмаслик тушунилади.

Ваколатли давлат органи томонидан ўзига кўрсатма берилган шахслар кўрсатмани ижро этиш муддатини узайтириш тўғрисида илтимоснома бериши мумкин. Илтимосномада кўрсатилган ҳолат узрли деб топилган тақдирда, ваколатли давлат органи кўрсатмани ижро этиш муддатини кўпи билан уч ойга узайтиришга ҳақли.

Ваколатли давлат органи ўз кўрсатмаларининг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.



40-модда. Ваколатли давлат органининг қарори

(кўрсатмаси) устидан шикоят қилиш


Рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ҳақидаги ишда иштирок этувчи шахслар ваколатли давлат органининг қарори (кўрсатмаси) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилишга ҳақли.

Ваколатли давлат органининг қарорлари (кўрсатмалари) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга шикоят қилиниши судга шикоят қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.

Ваколатли давлат органининг қарорлари (кўрсатмалари) устидан судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиниши уларнинг ижро этилишини тегишинча суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига, юқори турувчи органнинг ёхуд мансабдор шахснинг қарори қабул қилингунига қадар тўхтатиб туради, бундан фавқулодда вазиятларнинг, эпидемияларнинг ҳамда аҳоли ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф-хатарнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган қарорлар (кўрсатмалар) мустасно.



41-модда. Рақобат тўғрисидаги қонунчиликка

риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати


Ўз уставларига мувофиқ рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рақобатга қарши ҳаракатлардан ҳимоя қилиш мақсадига эга бўлган жамоат бирлашмалари рақобат тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга ҳақли.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


42-модда. Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун молиявий санкциялар


Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар пул ундириш (жарималар) тарзида қўлланилади ва қонунчиликнинг бундай бузилишлари қуйидаги миқдорларда жарималар солишга сабаб бўлади:

1) товар ёки молия бозорида рақобатни чеклашга олиб келувчи рақобатга қарши келишувлар тузганлик, мувофиқлаштирилган ҳаракатларни содир этганлик, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятини ушбу хўжалик юритувчи субъектларга алоқадор бўлмаган юридик ёки жисмоний шахслар томонидан четдан мувофиқлаштирганлик учун - товар ёки молия бозорида рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилган даврда, бироқ охирги уч йилдан ортиқ бўлмаган даврда:

хўжалик юритувчи субъектларга - рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузган ҳар бир хўжалик юритувчи субъектнинг товарни реализация қилишдан олинган тушуми суммасининг 5 фоизи миқдорида;

юридик шахсларнинг бирлашмаларига - келиб тушган аъзолик бадаллари суммасининг 5 фоизи миқдорида;

2) товар ёки молия бозоридаги устун мавқени ҳамда устун музокара кучини суиистеъмол қилганлик, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга бўлган маҳсулотлар нархларини асоссиз равишда оширганлик учун - хўжалик юритувчи субъектларга товар ёки молия бозорида рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилган даврда, бироқ охирги уч йилдан ортиқ бўлмаган даврда товарни реализация қилишдан олинган тушум суммасининг 5 фоизи миқдорида;

3) хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларни (ҳаракатларни) ваколатли давлат органининг олдиндан розилигини олмасдан туриб тузганлик (содир этганлик) учун, хўжалик юритувчи субъектларга бундай розилик олиш талаб этиладиган ҳолларда - базавий ҳисоблаш миқдорининг минг баравари миқдорида;

4) инсофсиз рақобатни содир этганлик учун - хўжалик юритувчи субъектларга товар ёки молия бозорида рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилган даврда, бироқ охирги уч йилдан ортиқ бўлмаган даврда, рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилган товар ёки молия бозорида товарни реализация қилишдан олинган тушум суммасининг 2 фоизи миқдорида;

5) рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларининг савдоларга оид қисмини бузганлик учун - савдоларнинг хўжалик юритувчи субъект бўлган иштирокчиларига, давлат харидлари доирасидаги корпоратив буюртмачиларга, электрон савдолар операторларига, ташкилотчиларга -савдолар предмети бошланғич нархининг 3 фоизи миқдорида;

6) ваколатли давлат органининг олдиндан розилигини олмасдан туриб давлат иштирокидаги корхоналарни ва уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этганлик (қайта ташкил этганлик, фаолиятини ўзгартирганлик) учун - уларни ташкил этиш (қайта ташкил этиш, фаолиятини ўзгартириш) ташаббускори бўлган хўжалик юритувчи субъектга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдорида;

7) ваколатли давлат органига ахборотни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик учун - хўжалик юритувчи субъектларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган жарима тарзидаги молиявий санкциялар суд тартибида қўлланилади, бундан ҳуқуқбузар содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбини тан олган ва жаримани ихтиёрий равишда тўлаган ҳоллар мустасно.

Жаримани тўлаш рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйган шахсни ваколатли давлат органининг қарорини (тақдимномасини, кўрсатмасини) бажариш ёки рақобат тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятидан озод этмайди.



43-модда. Низоларни ҳал этиш


Рақобат соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



44-модда. Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик


Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



45-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 24 апрелда қабул қилинган "Табиий монополиялар тўғрисида"ги 398-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 4-5, 106-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 24 апрелда қабул қилинган "Табиий монополиялар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 399-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 4-5, 107-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 729-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 1, 20-модда) XVI бўлими;


4) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 19 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг "Табиий монополиялар тўғрисида"ги Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги 815-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 9, 212-модда);


5) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрда қабул қилинган "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-59-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 10, 536-модда) 17-моддаси;


6) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 7 декабрда қабул қилинган "Табиий монополиялар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-120-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 12, 591-модда);


7) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 14 декабрда қабул қилинган "Табиий монополиялар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида"ги ЎРҚ-266-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, N 12, 466-модда);


8) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 6 январда қабул қилинган "Рақобат тўғрисида"ги ЎРҚ-319-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, N 1, 5-модда);


9) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-352-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, N 4, 98-модда) 19-моддаси;


10) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-355-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, N 10, 263-модда) 13 ва 30-моддалари;


11) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-365-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 1, 2-модда) 25-моддаси;


12) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 11 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-381-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 12, 343-модда) 11-моддаси;


13) Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-391-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, N 8, 312-модда) 38-моддаси;


14) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-405-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 4, 125-модда) 11-моддаси;


15) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 18 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-429-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 4, 137-модда) 16-моддаси;


16) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 16 октябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-448-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, N 10, 605-модда) 7-моддаси;


17) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 январда қабул қилинган "Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-456-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 1, 1-модда) 32-моддаси;


18) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-459-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 1, 4-модда) 23-моддаси;


19) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлда қабул қилинган "Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-486-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 7, 431-модда) 29-моддаси;


20) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 8 январда қабул қилинган "Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-512-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 1, 1-модда) 18-моддаси;


21) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрда қабул қилинган "Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартиби такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-586-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 12, 880-модда) 44-моддаси;


22) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 74 ва 211-моддалари;


23) Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 14 мартда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-759-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, N 3, 216-модда) 17-моддаси.



46-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш


1. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 193-модда, N 12, 269-модда; 1996 йил, N 5-6, 69-модда, N 9, 144-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 4-5, 126-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 3, 38-модда, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 312-модда, N 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, N 6, 261-модда, N 9, 498-модда, N 10, 536-модда, N 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, N 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, N 9, 416, 421-моддалар, N 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, N 4, 181, 189, 192-моддалар, N 9, 486, 488-моддалар, N 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, N 1, 1-модда, N 9, 334, 335, 337-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 462, 468, 470, 472, 474-моддалар; 2010 йил, N 5, 175, 179-моддалар, N 6, 231-модда, N 9, 335, 339, 341-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, N 1, 1-модда, N 4, 104, 105-моддалар, N 9, 247, 252-моддалар, N 12/2, 365-модда; 2012 йил, N 4, 108-модда, N 9/1, 242-модда, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 4, 98-модда, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 1, 2-модда, N 5, 130-модда, N 9, 244-модда, N 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, N 6, 228-модда, N 8, 310, 312-моддалар, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 1, 2-модда, N 4, 125-модда, N 9, 276-модда, N 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, N 4, 137-модда, N 6, 300-модда, N 9, 510-модда, N 10, 605-модда; 2018 йил, N 1, 1, 4, 5-моддалар, N 4, 224-модда, N 7, 430, 431, 432-моддалар, N 10, 671, 673, 679-моддалар; 2019 йил, N 1, 1, 3, 5-моддалар, N 2, 47-модда, N 3, 161, 165, 166-моддалар, N 5, 259, 261, 267, 268-моддалар, N 7, 386-модда, N 8, 469, 471-моддалар, N 9, 591, 592-моддалар, N 10, 674, 676-моддалар, N 11, 787, 791-моддалар, N 12, 880, 891-моддалар; 2020 йил, N 1, 4-модда, N 3, 203, 204-моддалар, N 7, 449-модда, N 9, 539, 540-моддалар, N 10, 593, 596-моддалар, N 11, 651-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 5, 7, 12, 13, 14-моддалар, N 2, 142-модда, N 3, 217-модда, N 4, 290, 293-моддалар, 4-сонга илова, N 8, 800, 802, 803-моддалар, N 9, 903-модда, N 10, 966, 967, 968, 973-моддалар, N 11, 1066-модда; 2022 йил, N 1, 1, 2-моддалар, N 2, 80, 81-моддалар, N 3, 215, 216-моддалар, N 4, 337-модда, N 5, 464, 465, 466, 467-моддалар, N 8, 787-модда, N 10, 981, 984-моддалар, N 12, 1189-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:


1) 178-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"178-модда. Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни ва истеъмолчиларнинг

ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш


Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органларга ахборот тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд уларга била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этиш, -

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Рақобат соҳасидаги ваколатли давлат органининг қоидабузарликларни тугатиш тўғрисидаги, дастлабки ҳолатни тиклаш ҳақидаги, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш, ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаслик, -

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тайёрловчининг товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат бошқаруви органларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаши, уларни ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаслиги, -

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш, қўшиб олиш ҳамда акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимлар тузиш чоғида рақобатни чеклашга қарши талабларни бузиш, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Рақобатга қарши келишувлар тузиш ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни содир этиш, шунингдек товар ёки молия бозоридаги устун мавқени суиистеъмол қилиш, худди шунингдек савдоларга доир рақобатни чеклашга қарши талабларни бузиш, -

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчиларга зарар етказиш, шунингдек истеъмолчиларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисидаги ахборотни тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, шу жумладан истеъмолчиларни товарнинг истеъмолга оид хусусиятлари ёки сифати хусусида чалғитиш, товарни унга ўхшаш бошқа маҳсулотлар билан алмаштириб қўйиш, маҳсулотнинг хусусиятлари ва сифатини қасддан ўзгартириш, худди шунингдек қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, олиб кириш ва реализация қилиш, -

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса - етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Яроқлилик муддати ўтган товарларни, шунингдек ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги қонунчиликда назарда тутилган товарларни уларнинг ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддатини кўрсатмаган ҳолда реализация қилиш ҳамда сотиш учун қабул қилганлик, -

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Рақобат соҳасидаги ваколатли давлат органига ахборот тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд унга била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этганлик, -

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахси томонидан хомашё, товарлар эркин ҳаракатланишини ва реализация қилинишини ҳамда хизматлар кўрсатилишини қонунга хилоф равишда чеклаш, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашни амалга ошириш, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш ёки махсус электрон тизим воситасида хабарномаларни қабул қилиш ваколатлари ёки рўйхатга олиш ёхуд аккредитациядан ўтказиш ваколатлари берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари ёхуд юридик шахсларнинг бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилиш, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи - еттинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этиш, -

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг саккизинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этиш, -

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса - йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг тўққизинчи ва ўнинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этиш, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади";


2) 271-модданинг 11-бандидаги "биринчи, учинчи - саккизинчи" деган сўзлар "биринчи - саккизинчи" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 майда қабул қилинган "Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги ЎРҚ-537-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 5, 262-модда; 2021 йил, N 1, 16-модда, 4-сонга илова; 2022 йил, N 6, 570-модда) 24-моддасининг иккинчи қисмидаги "Монополияга қарши курашиш қўмитасининг" деган сўзлар чиқариб ташлансин.


3. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлда қабул қилинган "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги ЎРҚ-701-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, N 7, 661-модда; 2022 йил, N 4, 340-модда, N 5, 461-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:


1) 2-илованинг 98 ва 99-позициялари чиқариб ташлансин;


2) 4-илова II бўлимининг 89 ва 90-позициялари чиқариб ташлансин.



47-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



48-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



49-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 3 июль





















































Время: 0.1878
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск