ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Умумий масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 23.06.2023 й. 18-сон "Реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

23.06.2023 й.

N 18



РЕАБИЛИТАЦИЯ ЭТИЛГАН ШАХСГА

ЕТКАЗИЛГАН ЗИЁННИ ҚОПЛАШ ВА УНИНГ

БОШҚА ҲУҚУҚЛАРИНИ ТИКЛАШ БЎЙИЧА СУД

АМАЛИЁТИНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Суд амалиётида реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш юзасидан масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 22-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Шахсни реабилитация этиш Жиноят-процессуал кодексининг (бундан буён матнда - ЖПК деб юритилади) 83-моддасида назарда тутилган ҳолатлар аниқланган тақдирда ишни судга қадар юритиш босқичида жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш, гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган шахсга нисбатан айбловни тугатиш, судда оқлов ҳукми чиқариш, жиноят ишини тугатиш каби процессуал ҳужжатлар орқали амалга оширилади.


2. Реабилитация - бу асоссиз жиноий таъқибга учраган шахснинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашдир.

ЖПК 302-моддасига мувофиқ, реабилитация этилган шахс қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани, эҳтиёт чораси сифатида қонунга хилоф равишда қамоқда сақлангани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши қонунга хилоф равишда тўхтатиб турилгани, ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилингани туфайли вазифасидан қонунга хилоф равишда четлаштирилгани ёхуд тиббий муассасага қонунга хилоф равишда жойлаштирилгани натижасида унга етказилган мулкий зарарни ундириш ҳамда маънавий зиён оқибатлари бартараф этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга, меҳнат қилиш, нафақа олиш, уй-жойдан фойдаланиш ва бошқа ҳуқуқлари ҳам тикланиши лозим бўлади.


3. Реабилитация асосларига кўра етказилган зиённи қопланишини ва бошқа ҳуқуқларини тикланишини талаб қилиш ҳуқуқига:

шахсга нисбатан жиноий таъқиб ноқонуний ёки асоссиз деб топилиб, жиноят иши ЖПК 83-моддасининг 1, 2, 3-бандлари (иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноят ҳодисаси юз бермаган бўлса, шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, шахснинг содир этилган жиноятга алоқаси бўлмаса);

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 36-моддаси (жиноят сифатида назарда тутилган қилмишнинг аломатлари мавжуд бўлсада, ўзининг кам аҳамиятлилиги туфайли ижтимоий хавфли бўлмаган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик жиноят деб топилмаслиги) асосларида тугатилган шахслар эга бўлади.

Иш бўйича тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари суднинг қарорига кўра қонунга хилоф равишда асоссиз қўллангани сабабли бекор қилинганда, тиббий муассасага жойлаштирилган шахслар ҳам реабилитация асосларига кўра ҳуқуқларини тиклашни талаб қилиши мумкин.


4. Жиноят иши шахсни жавобгарликка тортиш муддати ўтган;

эълон қилинган амнистия акти жиноятга ёки шахсга дахлдор;

айбланувчи, судланувчи вафот этган;

иш фақат жабрланувчининг шикояти билан қўзғатиладиган ҳолларда унинг шикояти бўлмаган;

шахс ижтимоий хавфли қилмиш содир этган пайтда жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган;

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида шахснинг ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги туфайли ёхуд белгиланган муддат ичида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланганлиги ва (ёки) жиноят оқибатлари бартараф этилганлиги асосларида тугатилган;

шунингдек шахс жиноят қонунчилиги бўйича қилмишни жиноийлигини бекор қиладиган (декриминализация) ёки енгиллаштирадиган (либерализация) қонун қабул қилиниши натижасида реабилитация этилган ҳолларда жиноят иши қўзғатиш ва бошқа қарорларни асоссиз ёки қонунга хилоф деб топиш учун асос бўлмаслиги сабабли шахс реабилитация асосларига кўра ҳуқуқларини тиклашни талаб қилишга ҳақли бўлмайди.


5. Қисман реабилитация этилган айбланувчи ёки маҳкум унга фақат асоссиз етказилган ҳажмдаги мулкий зарарни қопланишини ва маънавий зиённинг оқибатларини бартараф этилишини талаб қилишга ҳақли бўлади (ЖПК 303-моддаси).

Шахс қисман реабилитация этилганда, унга тайинланган жазодан ортиқ муддат қамоқда, уй қамоғида сақланган, озодликдан маҳрум қилиш ёхуд озодликни чеклаш жазосини ўтаган қисмлари асоссиз деб топилади, зарар қоплангани муносабати билан озодликдан маҳрум қилиш ёхуд озодликни чеклаш тариқасидаги жазоларни ўзгартириш ҳолатлари бундан мустасно.

Жиноий жазо тайинламасдан ҳукм чиқарилган ҳолларда ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғининг, тиббий муассасага жойлаштиришнинг асоссизлиги аниқланганда, шахсни ушлаб туриш, қамоқда ёки уй қамоғи, ёхуд тиббий муассасага жойлаштирилиб сақланган бутун муддати асоссиз деб эътироф этилади.


6. Реабилитация этилган шахсга ЖПК 304-моддасига мувофиқ ЖПК 302 ва 303-моддаларида кўрсатилган қонунга хилоф ҳаракатлар билан етказилган қуйидаги мулкий зиёнлар тўла ҳажмда қопланади:

реабилитация этилган шахс ўзига нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадлар;

пенсия ва нафақалар, башарти уларни тўлаш тўхтатиб қўйилган бўлса;

пуллар, пул жамғармалари ва уларга тўланадиган фоизлар, давлат заёми облигациялари ва уларга чиққан ютуқлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек суднинг ҳукми, ажримига (қарорига) асосан мусодара қилинган ёхуд давлат фойдасига ўтказилган ашёлар ёхуд бошқа мол-мулкнинг қиймати;

суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан олинган ва йўқотилган мол-мулк қиймати;

суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундирилган жарималар ва суд чиқимлари;

юридик ёрдам кўрсатилиши учун шахс томонидан адвокатлар бюросига, ҳайъатига ёки фирмасига тўланган пул, шунингдек унга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида қилинган бошқа харажатлар.

Реабилитация этилган шахс вафот этган тақдирда тўхтатиб қўйилган пенсия ва нафақалар бўйича зиённи ундириш ҳуқуқига боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланиши лозим бўлганлар жумласига кирувчи оила аъзолари, қолган барча ҳолатлар бўйича зиённи ундириш ҳуқуқига унинг меросхўрлари эга бўлади.

Маънавий зиённи пул кўринишида ундириш ҳуқуқи реабилитация қилинган шахс билан боғлиқлиги сабабли реабилитация этилган шахс вафот этган ҳолларда унинг меросхўрлари пул кўринишида маънавий зиённи ундиришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди.


7. ЖПК 83-моддасида назарда тутилган асосларга кўра чиқарилган оқлов ҳукмида ёки ишни тугатиш ҳақидаги ажримда суд, ишни тугатиш тўғрисидаги қарорда эса суриштирувчи, терговчи, прокурор реабилитация этилган шахснинг ўзига етказилган мулкий зиённи ундириш, меҳнат қилиш, пенсия олиш ва уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқларини тиклаш, шунингдек мол-мулкни қайтариш ёки унинг қийматини тўлаш тўғрисидаги талаби бўйича ЖПКнинг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқини эътироф этади (ЖПК 306-моддаси 1-қисми ва 311-моддаси).

Ҳукм, ажрим ёки қарорнинг нусхаси реабилитация этилган шахсга топширилади ёки почта орқали юборилади. Айни вақтда унга ҳукм, ажрим ёки қарор устидан шикоят қилиш, шунингдек мулкий ва маънавий зиённи қоплаш ва бошқа ҳуқуқларини тиклаш тартиби тушунтирилади.


8. Реабилитация этилган шахс меҳнат қилиш, пенсия олиш ва уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқларини тиклаш тўғрисидаги талаб билан тегишли корхона, ташкилот, муассасага мурожаат қилиши лозим. Корхона, ташкилот, муассаса томонидан шахснинг бу тоифадаги талаби қаноатлантирилмаган ҳолларда ёхуд шахс қабул қилинган қарор (буйруқ, фармойиш ва в.х.)га рози бўлмаса, у тегишли тартибда (фуқаролик ёки маъмурий суд иш юритуви тартибида) судга мурожаат қилишга ҳақли.


9. Реабилитация этилган шахсга етказилган маънавий зарар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 57-боби, 4-параграфи талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги "Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни кўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги 7-сонли қарори тушунтиришларидан келиб чиқиб, фуқаролик иш юритуви тартибида ҳал этилади.


10. Мулкий зиённи қоплаш ва бошқа ҳуқуқларини тиклаш юзасидан ариза жиноят иши бўйича ҳукм чиқарган биринчи инстанция судига, реабилитация этиш тўғрисида қарор чиқарган прокурор, терговчи, суриштирувчига тақдим этилади (ЖПК 306-моддаси).

Иш юқори инстанция судлари томонидан тугатилган, оқлов ҳукми (ажрими) чиқарилган ҳолларда ҳам ариза биринчи инстанция суди томонидан кўриб чиқилади.


11. ЖПК 306-моддасига кўра, мулкий зиён миқдорини аниқлаш мажбурияти суд, реабилитация этиш тўғрисида қарор чиқарган прокурор, терговчи ёки суриштирувчига юклатилган бўлиб, мулкий зиённи ундириш тўғрисидаги аризага етказилган зиён миқдори ҳақидаги маълумотларнинг илова қилинмаганлиги ушбу аризанинг қайтарилиши ёки рад қилинишига асос бўлмайди.

Суд, реабилитация этиш тўғрисида қарор чиқарган прокурор, терговчи ёки суриштирувчи реабилитация этилган шахсга етказилган зиён миқдорини аниқлаш чораларини кўриши, бунинг учун молия органларидан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимларидан ҳисоб-китоб талаб қилиб олиши, зарурат туғилганда мутахассис жалб қилиши лозим.


12. Суд, прокурор, терговчи ёки суриштирувчи реабилитация этилган шахсга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадлар, тўхтатиб қўйилган пенсия ва нафақалар миқдорини аниқлашда, ушбу шахс қонунга хилоф равишда ушлаб турилган, эҳтиёт чораси сифатида қонунга хилоф равишда қамоқда ёки уй қамоғида сақланган, тиббий муассасага жойлаштирилган ёки ноқонуний қарор (ҳукм, ажрим) чиқарилганлиги натижасида иш ҳақи ёки пенсия ва нафақалар тўлаш тўхтатилган ёки қонуний даромадларидан маҳрум бўлган пайтдан реабилитация қилиш ҳақида қарор чиқарилган пайтга қадар бўлган даврни инобатга олиши лозим.

Реабилитация этилган шахсга тўланиши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлар миқдори унинг илгари ишлаган лавозимига тўланган иш ҳақи ва бошқа даромадларини ҳисоблаш орқали аниқланади. Бунда шахснинг иш ҳақи ва бошқа даромадларидан маҳрум бўлган вақтдан, реабилитация ҳақида қарор чиқарилгунга қадар бўлган бутун даври учун шахс бошқа даромадга эга бўлган, бўлмаганидан қатъий назар ойлик иш ҳақини ўсиб бориши ҳисобга олинган ҳолда ундирилиши лозим.

Шахс жазони ўтагач илгари ишлаган лавозимида иш фаолиятини давом эттирган ҳолатларда қайта ишга тиклангунга қадар бўлган даври бўйича иш ҳақи ва бошқа даромадлари ҳисобланади.

Муқаддам ишламаган шахсга қонунга хилоф равишда ушланган, жазони ўтаган давридаги даромадлари бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўлими томонидан ҳисобланган ишсизлик нафақаси миқдоридан ҳисобланади. Бундай шахсларга улар жазони ўтаганидан сўнг реабилитация қилингунга қадар бўлган даври бўйича даромадлари ундириб берилмайди.

Қонунда муайян муддатга сайланиши ёки тайинланиши назарда тутилган (судья, депутат ва ҳ.к); лавозимларда ишлаган шахслар реабилитация этилганда, шахсга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадларни ҳисоблашда, реабилитация этилган муддатдан эмас, балки ушбу шахснинг лавозимидаги ваколатининг тугаш муддатидан келиб чиқишлари лозим. Ваколат муддати тугаш пайтидан реабилитация қилиш ҳақида қарор қабул қилингунга қадар бўлган давридаги муддат учун ишлаган иш жойи ҳудудидаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб иш ҳақи ва бошқа даромадини ҳисоблаш лозим.

Шахс реабилитация этилган жиноят иши юзасидан жиноий таъқиб билан боғлиқ бўлмаган бошқа асосларга кўра ишдан бўшатилгани аниқланган ҳолларда жиноят ишлари бўйича судларда, реабилитация этилган шахснинг иш ҳақини ундириш хусусидаги талаби қаноатлантирилиши мумкин эмас. Бундай ҳолларда реабилитация этилган шахсга иш ҳақини ундириш тўғрисида фуқаролик судларига даъво киритиши мумкинлиги тушунтирилади.


13. ЖПК 304-моддаси 2-қисмининг 3, 4-бандларида кўрсатилган мулкий зиён миқдорини аниқлашда судлар нафақат жиноят-процессуал қонунчилиги, балки фуқаролик қонунчилиги нормаларига ҳам (ФК 14-моддаси) амал қилишлари лозим.

Мулк ноль қийматда бегоналаштирилган ёки йўқотилган ҳолларда мулкнинг баҳоланган қийматидан келиб чиқилади.

Бегоналаштирилган ёки йўқотилган мулкнинг қиймати зарур ҳолларда баҳолаш экспертизаси ўтказиш йўли билан аниқланади.

Мол-мулк бегоналаштирилмагани аниқланган тақдирда, ушбу мулк натура шаклида эгасига қайтарилади.


14. ЖПК 305-моддасига кўра, суд, прокурор, терговчи ёки суриштирувчи, ЖПК 304-моддасининг 1, 3, 4, 5 ва 6-бандларида кўрсатилган зиён реабилитация қилинган шахс ишлаган ҳудуддаги, агар шахс ишламаган бўлса, жиноят содир этилган деб топилган ҳудуддаги молия органлари (Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетидан (Бюджет кодексининг 71-моддаси) томонидан, 2-бандида кўрсатилган зиён Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан давлат бюджети ҳисобидан қопланишини аниқ кўрсатиши лозим.


15. ЖПК 307-моддасига кўра, мулкий зиённинг миқдори ҳисоблаб чиқарилганидан кейин бу зиённи қоплаш учун пул тўловларини амалга ошириш тўғрисида суд ажрим, суриштирувчи, терговчи ёки прокурор қарор чиқаради.

Ажрим ёки қарорнинг нусхаси гербли муҳр ёки электрон имзо билан тасдиқланиб, тўловни амалга ошириши лозим бўлган органларга тақдим этиш учун реабилитация этилган шахсга, у вафот этган бўлса, ЖПКнинг 304-моддаси учинчи қисмида кўрсатилган шахсларга берилади ва ижро қилиш учун тегишли органга юборилади.


16. ЖПК 312-моддасининг мазмунига кўра, мулкий зиённи қоплаш учун пул товони тўлашни, реабилитация этилган шахс ёки ЖПК 304-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган шахслар, пул тўловларни амалга ошириш ҳақидаги ажрим ёки қарорни олган пайтдан эътиборан икки йил мобайнида талаб қилишлари мумкин.

Реабилитация этилган шахс ўз ҳуқуқларини тиклаш тартибини тушунтирувчи суд қарорини (тергов органининг билдириш хатини) олган пайтдан эътиборан бир йил мобайнида бундай ҳуқуқларини тикланишини талаб қилиши мумкин. Узрли сабабларга кўра бу муддат ўтказиб юборилган ҳолларда у манфаатдор шахснинг аризасига биноан суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан тикланиши лозим.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этган тақдирда, буни ўз қарори (ажрими)да асослантириши ҳамда ушбу қарор (ажрим)га нисбатан манфаатдор тарафларнинг шикоят (протест) келтириш ҳуқуқини тушунтириши шарт.


17. ЖПК 309-моддасига кўра, шахс ушлаб турилганлиги, қамалганлиги ёки уй қамоғида турганлиги, лавозимидан четлаштирилганлиги, тиббий муассасага жойлаштирилганлиги ёки ҳукм қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар матбуотда эълон қилинган, радио, телевидение ёки бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилган бўлса, реабилитация этилган шахснинг, у вафот этган бўлса, қариндошларининг, суд, прокурор, терговчининг ва суриштирувчининг талабига кўра тегишли оммавий ахборот воситалари унинг реабилитация этилганлиги тўғрисида бир ой ичида хабар беришлари шарт.


18. ЖПКнинг 310-моддасига кўра, қонунга хилоф равишда ҳукм қилингани, қонунга хилоф равишда тиббий муассасага жойлаштирилгани, эҳтиёт чораси тариқасида қонунга хилоф равишда қамоққа олингани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани туфайли ишдан (лавозимидан) озод қилинган ёки ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан лавозимидан қонунга хилоф равишда четлаштирилган шахс олдин ишлаган ишига (лавозимига) тикланиши лозим, корхона, муассаса, ташкилот тугатилган ёки қонунда назарда тутилган бошқа асослар уни олдинги ишлаб турган ишига (лавозимига) тиклаш имкониятини бермаган тақдирда унга аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилиши лозим.

Реабилитация этилган шахснинг қонунга хилоф равишда эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақланган ёки уй қамоғида бўлган вақти, жазо ўтаган вақти, лавозимидан четлаштирилганлиги туфайли ишламай юрган вақти, тиббий муассасада сақланган вақти умумий меҳнат стажига ва ихтисослик бўйича иш стажига қўшилади.

Қонунга хилоф равишда ҳукм этилгани, эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақлангани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, ушлаб турилгани ёки тиббий муассасага жойлаштирилгани туфайли ўқув юртидан ҳайдалган шахс илтимосига кўра ўқишга тикланиши шарт.

Қонунга хилоф равишда ҳукм этилгани ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилгани туфайли уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахсга илгари у эгаллаб турган уй-жой қайтарилади, башарти уни қайтариб беришнинг имкони бўлмаса, ўша аҳоли пунктининг ўзида аввалгисига тенг қулайликларга эга бўлган уй-жой берилади.

Қонунга хилоф равишда ҳукм қилинганлиги ёки ишда айбланувчи, судланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилинганлиги муносабати билан паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тўхтатиб турилган ҳолларда суд ўз қарорида паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тикланишини кўрсатади.


19. Қонунга хилоф равишда ушлаб турилган, эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинган, ҳукм қилинган ёки бошқа кўринишда жазо қўлланган ёхуд жиноий жавобгарликка тортилиб, лавозимидан четлаштирилган ёки ҳарбий хизматдан бўшатилган ҳарбий хизматчилар реабилитация қилинганида, шунингдек бошқа асосларга кўра ишдан бўшатилганида ҳарбий хизматга (лавозимга) тиклаш ва бошқа мулкий зиённи ундириш масаласида ҳарбий судларга мурожаат қилишга ҳақли.


20. ЖПК 313-моддасига кўра, реабилитация қилинган ҳарбий хизматчиларнинг хизматга оид, пенсия олиш, уй-жойдан фойдаланиш ва бошқа шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқларини тиклаш ва уларга етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш, маънавий зиён оқибатларини бартараф этиш ЖПКнинг 38-бобида белгиланган қоидаларга ва "Реабилитация этилган ҳарбий хизматчиларнинг хизматга оид, пенсия олиш, уй-жойдан фойдаланиш ва бошқа шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқларини тиклаш ва уларга етказилган мулкий зиённи қоплаш, маънавий зиён оқибатларини бартараф этиш тартиби тўғрисида"ги низомга асосан амалга оширилади.

Бунда, Низом ва амалдаги қонун талаблари ўртасида тафовут юзага келган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонуни 18-моддаси талабига мувофиқ, қонун нормалари қўлланилади.


21. Реабилитация этилган шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари бекор қилиниб, айблов ҳукми чиқарилган тақдирда реабилитация асосларига кўра тўланган барча суммалар молия органларига қайтарилади.


22. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклашга оид қонунчиликнинг судлар томонидан аниқ қўлланиши устидан назоратни кучайтиришлари, ушбу масала юзасидан суд амалиётини мунтазам равишда умумлаштириб боришлари ва аниқланган камчиликларни бартараф қилиш чорасини кўришлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

Б. Исламов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Н. Хакимова

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)







































Время: 0.0056
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск