ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Фуқаролик ишлари бўйича / Айрим тоифадаги фуқаролик ишлари бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 23.06.2023 й. 19-сон "Интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

23.06.2023 й.

N 19



ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛККА ОИД ИШЛАРНИ КЎРИБ

ЧИҚИШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш, муаллиф ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Интеллектуал мулкни рағбатлантиришга доир нормалар Асосий қонунимиздан ҳам ўрин олган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланиб, интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши ва давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилиши қатъий белгилаб қўйилган.

Интеллектуал мулк объектлари муҳофазасини таъминлаш билан бирга уларни самарали ҳимоя қилиш механизмларини йўлга қўйиш ва амалга ошириш ҳамда бу йўналишдаги амалиётни такомиллаштириш давр талабидир.

Шунга кўра, интеллектуал мулкка оид ишларни кўришда судлар томонидан қонунчиликни тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларга тушунтирилсинки, интеллектуал мулк соҳасида келиб чиқадиган низолар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (бундан буён матнда Конституция деб юритилади), Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (БМТ Бош Ассамблеясининг Резолюция 217 А (III) билан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган ва эълон қилинган), бошқа Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади), "Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида", "Селекция ютуқлари тўғрисида", "Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида", "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида", "Географик кўрсаткичлар тўғрисида", "Фирма номлари тўғрисида", "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида", "Рақобат тўғрисида", "Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида", "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги қонунлари ва интеллектуал мулк соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ҳал қилинади.

Судларнинг эътибори қаратилсинки, интеллектуал мулк соҳасига оид Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларига қуйидагилар киради, хусусан:

"Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотини таъсис этиш тўғрисида"ги конвенцияси (1967 йил 14 июль, Стокгольм ва 1979 йил 2 октябрда ўзгартирилган; Ўзбекистон Республикаси учун 1991 йил 25 декабрдан кучга кирган);

"Саноат мулки муҳофазаси бўйича" Париж конвенцияси (Париж, 1883 йил 20 март, Брюссель, 1900 йил 14 декабрь, Вашингтон, 1911 йил 2 июнь, Лондон, 1934 йил 2 июнь, Лиссабон, 1958 йил 31 октябрь, Стокгольм, 1967 йил 14 июлда қайта кўрилган ва 1979 йил 2 октябрда ўзгартирилган. Ўзбекистон Республикаси мазкур конвенцияда ҳуқуқий ворис сифатида 1991 йил 25 декабрдан иштирок этади);

"Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Берн конвенцияси (Париж, 1971 йил 24 июль, 1979 йил 28 сентябрда ўзгартиш киритилган. Мазкур конвенция Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2004 йил 27 августдаги 681-II-сонли "Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Берн конвенциясига қўшилиш ҳақида"ги қарорига асосан қўшилган);

"Патент ҳуқуқи тўғрисида"ги шартнома (2000 йил 1 июнда Женевада Дипломатик конференция томонидан қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси ушбу шартномага Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 15 мартдаги ЎРҚ-25-сонли "Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 1 июнда Женевада Дипломатик конференция томонидан қабул қилинган Патент ҳуқуқи тўғрисидаги Шартномага қўшилиши ҳақида"ги Қонунига асосан қўшилган. 2006 йил 19 июлдан кучга кирган);

"Товар белгиларига доир қонунлар тўғрисида"ги шартнома (Женева, 1994 йил 27 октябрь. Ўзбекистон Республикаси мазкур Шартномага Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 1 майдаги 630-I-сонли "Товар белгиларига доир қонунлар тўғрисидаги Шартномага қўшилиш ҳақида"ги қарорига асосан қўшилган. Ўзбекистон Республикаси учун 1998 йил 4 сентябрдан кучга кирган);

"Ўсимликларнинг янги навларини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги халқаро конвенция (1961 йил 2 декабрь, 1972 йил 10 ноябрь, 1978 йил 23 октябрь ва 1991 йил 19 мартда Женевада қайта кўриб чиқилган. Мазкур конвенция Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2004 йил 27 августдаги 680-II-сонли "Ўсимликларнинг янги навларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Халқаро конвенцияга қўшилиш ҳақида"ги қарори билан ратификация қилинган);

"Белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисида"ги Мадрид битимига доир баённома (Мадрид, 1989 йил 27 июнь. Ўзбекистон Республикаси мазкур Баённомага Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 18 июлдаги ЎРҚ-40-сонли "Ўзбекистон Республикасининг белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисида"ги Мадрид битимига доир баённомага (Мадрид, 1989 йил 27 июнь) қўшилиши ҳақида"ги Қонунига асосан қўшилган);

"Патент кооперацияси тўғрисида"ги шартнома (Вашингтон, 1970 йил 19 июнь. Ўзбекистон Республикаси учун 1991 йил 25 декабрдан кучга кирган);

"Патент процедураси мақсадлари учун микроорганизмларни депонентлашнинг халқаро эътироф этилиши тўғрисида"ги Будапешт шартномаси (Будапешт, 1977 йил 28 апрель. Ўзбекистон Республикаси мазкур Шартномага Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 30 августдаги 277-II-сонли "Патент тартиботи мақсадлари учун микроорганизмларни тўплашни халқаро эътироф этиш тўғрисида"ги Будапешт шартномасига қўшилиш ҳақида"ги қарорига асосан қўшилган. 2002 йил 12 январдан кучга кирган);

"Белгиларни рўйхатдан ўтказиш учун товар ва хизматларнинг халқаро таснифи тўғрисида"ги Ницца битими (Ницца, 1957 йил 15 июнь. Ўзбекистон Республикаси мазкур Битимга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 30 августдаги 275-II-сонли "Белгилар рўйхатга олинадиган Халқаро товарлар ва хизматлар таснифи тўғрисидаги Ницца шартномасига қўшилиш ҳақида"ги қарорига асосан қўшилган. 2002 йил 12 январдан кучга кирган);

"Халқаро патент таснифи тўғрисида"ги Страсбург битими (Страсбург, 1971 йил 24 март. Ўзбекистон Республикаси мазкур Битимга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 30 августдаги 276-II-сонли "Халқаро патент таснифи тўғрисидаги Страсбург битимига қўшилиш ҳақида"ги қарори билан қўшилган. 2002 йил 12 октябрдан кучга кирган);

"Саноат намуналарининг халқаро таснифини таъсис этиш тўғрисида"ги Локарно битими (1968 йил 8 октябрда Локарнода имзоланган. Ўзбекистон Республикаси ушбу Битимга Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 14 мартдаги ЎРҚ-24-сонли "Ўзбекистон Республикасининг 1968 йил 8 октябрда Локарнода имзоланган саноат намуналарининг халқаро таснифини таъсис этиш тўғрисида"ги Локарно битимига қўшилиши ҳақида"ги Қонуни билан қўшилган);

"Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Муаллифлик ҳуқуқи бўйича шартномаси" (Женева, 1996 йил 20 декабрь. Ўзбекистон Республикаси ушбу шартномага Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 16 февралдаги ЎРҚ-520-сонли "Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Муаллифлик ҳуқуқи бўйича шартномаси"га (Женева, 1996 йил 20 декабрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида"ги Қонунига асосан қўшилган. Ўзбекистон Республикаси учун 2019 йил 17 июлдан кучга кирган);

"Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Ижролар ва фонограммалар бўйича шартномаси" (Женева, 1996 йил 20 декабрь. Ўзбекистон Республикаси ушбу шартномага Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 16 февралдаги ЎРҚ-519-сонли "Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг ижролар ва фонограммалар бўйича шартномаси"га (Женева, 1996 йил 20 декабрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида"ги Қонунига асосан қўшилган. Ўзбекистон Республикаси учун 2019 йил 17 июлдан кучга кирган);

"Фонограммаларни тайёрловчиларнинг манфаатларини уларнинг фонограммаларини ноқонуний такрорлашдан муҳофаза қилиш тўғрисида"ги конвенция (Женева, 1971 йил 29 октябрь. Мазкур Конвенция Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-511-сонли "Фонограмма тайёрловчиларнинг манфаатларини уларнинг фонограммалари ноқонуний такрорланишидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенцияга (Женева, 1971 йил 29 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида"ги Қонуни билан ратификация қилинган. Ўзбекистон Республикаси учун 2019 йил 25 апрелдан кучга кирган);

"Кўзи ожиз, кўришда нуқсони бўлган ва босма ахборотни идрок этишда бошқа жиҳатдан қобилияти чекланган шахсларнинг нашр этилган асарлардан фойдаланишини енгиллаштириш тўғрисида"ги Марокаш шартномаси (Марокаш, 2013 йил 27 июнь. Ўзбекистон Республикаси мазкур шартномага Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги ПҚ-80-сонли "Халқаро шартномага қўшилиш тўғрисида"ги қарори билан қўшилган);

бошқа халқаро шартномалар.


2. Судларнинг эътибори ФК 1031-моддасига мувофиқ интеллектуал мулк объектлари муайян белгиларига қараб уч гуруҳга бўлиниши ва ушбу гуруҳдаги объектлар рўйхати тугал эмаслигига қаратилсин (масалан, географик кўрсаткичлар фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар интеллектуал мулк объекти ҳисобланади).


3. Шуни назарда тутиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади) интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза қилиш ва ҳимоя қилиш соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат органи бўлиб, Интеллектуал мулк агентлигининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.



Процессуал қонунчиликни қўллаш


4. Судларга тушунтирилсинки, интеллектуал мулкка оид низолар турли хил ҳуқуқий табиатга эга бўлиб, ушбу ҳуқуқий табиат низоларнинг судларга тааллуқлилик масаласини ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Шу сабабли судлар томонидан низоларнинг судловга тааллуқлилиги масаласини ҳал қилишда низонинг ҳуқуқий табиатини (оммавий ёки хусусий) ва низолашувчи шахсларнинг таркибини аниқлашлари ҳамда ушбу масалани Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг (бундан буён матнда МСИЮтК деб юритилади) 26-моддаси, Фуқаролик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 27-моддаси, Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 25-моддаси талабларидан келиб чиқиб ҳал этишлари лозимлиги эътиборга олинсин.

Интеллектуал мулкка оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар белгиланган тартибда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят натижасида интеллектуал мулк эгаларига етказилган зарар жиноят ишлари бўйича суд томонидан ҳал қилиниши мумкин (Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 38-моддаси, Жиноят-процессуал кодексининг 275-моддаси).


5. Тушунтирилсинки, маъмурий органнинг интеллектуал мулк объектларига патент (гувоҳнома) бериш (рўйхатга олиш) ҳақидаги талабномаларни кўриб чиқмаганлик, патент (гувоҳнома) беришни рад этиш, патент (гувоҳнома)нинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки узайтиришни рад этиш, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни тўлиқ ёки қисман ўзгаларга бериш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш билан боғлиқ маъмурий ҳужжатлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)га оид талаблар оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўлиб, маъмурий судларнинг судловига тааллуқли ҳисобланади.

Ваколатли давлат органининг Апелляция кенгаши қарорлари устидан берилган шикоятлар ҳам маъмурий судларнинг судловига тааллуқлидир.


6. Судларнинг эътибори, МСИЮтКнинг 27-моддасига мувофиқ, аризачи интеллектуал мулк соҳасига оид маъмурий ҳужжатни ҳақиқий эмас, мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги талаблар билан бир қаторда ушбу талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ҳам қўйишга ҳақли эканлигига қаратилсин.

Аризачи томонидан бундай зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида талаб қўйилмаганлиги, кейинчалик ушбу талаб билан фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган зарарни ундириш ҳақидаги алоҳида тартибда берилган талаб, шунингдек сабабий боғланишда бўлмаган ёки маъмурий орган бўлмаган бошқа шахслардан зарарни ундириш ҳақидаги талаблар фуқаролик ишлари бўйича ёхуд иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади.


7. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, муаллиф ва (ёки) ҳуқуқ эгасининг ўз ҳуқуқларини фуқаролик муносабатлари иштирокчилари томонидан ҳар қандай бузилишлардан ҳимоя қилиш, лицензия шартномаси, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни тўлиқ ёки қисман ўтказиш ҳақидаги шартномадан келиб чиқувчи ҳамда муаллифлар ва (ёки) ҳуқуқ эгалари ўртасидаги низолар, шунингдек учинчи шахсларнинг интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлиги натижасида етказилган зарарни ундириш, товар белгисига доир гувоҳномани муддатидан олдин тўлиқ ёхуд қисман тугатиш ҳақидаги талаблар фуқаролик ишлари бўйича ёинки иқтисодий судлар томонидан ҳал этилади.

Интеллектуал мулк объектларига бўлган меросга доир ишлар ҳамда хизмат вазифалари ёки хизмат топшириғи тартибида яратилган айрим интеллектуал мулк объектлари (асар, ихтиро, фойдали модель ва саноат намуналари, селекция ютуқлари, интеграл микросхема топологиялари ва ҳок.) билан боғлиқ низолар фуқаролик ишлари бўйича судларга тааллуқлидир.

Айрим интеллектуал мулк объектлари (ихтиро, фойдали модель, саноат намуналари, селекция ютуғи, товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи, фирма номи)га нисбатан мутлақ ҳуқуқларни бузган юридик шахсларга нисбатан жарима ундириш тўғрисидаги ваколатли давлат органининг даъво аризаси иқтисодий судларга тааллуқли.


8. Конституциянинг 55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги белгиланган. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Шу муносабат билан судларнинг эътибори, агар қонунда ва (ёки) битимда низони ҳал этишнинг судгача мажбурий тартиби тўғридан-тўғри белгиланмаган бўлса, ушбу тартибга риоя этилмаганлиги асосида даъво аризасини (аризани) қайтариш ёки қабул қилишни рад этиш, агар даъво аризаси (ариза) иш юритишга қабул қилинган бўлса, уни кўрмасдан қолдириш ёхуд иш юритишни тугатиш мумкин эмаслигига қаратилсин.


9. Судларга тушунтирилсинки, ФК 27-моддасига асосан ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар судда фан, адабиёт ва санъат асарининг, ихтиронинг ёки ўз интеллектуал фаолиятининг қонун билан қўриқланадиган бошқа натижасига муаллифлик ҳуқуқини мустақил равишда ҳимоя қилишга ҳақли.



Умумий масалалар


10. Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси деганда қонунчиликка мувофиқ мазкур объектларнинг тан олиниши ва давлат томонидан муаллиф ва (ёки) ҳуқуқ эгаларига мутлақ ҳуқуқларнинг берилиши ҳамда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш учун тегишли имкониятлар тақдим этилиши тушунилади.

Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш:

уларнинг яратилганлиги туфайли;

ФК ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ваколатли давлат органи томонидан ҳуқуқий муҳофаза берилиши натижасида юзага келади (ФК 1032-модда).

Қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳуқуқий муҳофаза Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ вужудга келиши мумкин (масалан, "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида"ги қонуннинг 4 ва 6-моддалари, "Географик кўрсаткичлар тўғрисида"ги қонуннинг 4-моддаси).


11. Судларга тушунтирилсинки, қуйидаги интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш уларнинг яратилиш фактлари асосида вужудга келади:

фан, адабиёт ва санъат асарлари;

ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари;

электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар ва маълумот базалари;

ошкор этилмаган ахборот, шу жумладан ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау).

Ушбу объектлар оғзаки, ёзма ёки уни бошқа шахслар томонидан қабул қилишга имкон берадиган бошқа объектив шаклда ифодаланган пайтдан бошлаб яратилган ҳисобланади ва шу пайтдан муаллиф ва (ёки) ҳуқуқ эгасида шахсий номулкий ва (ёки) мулкий (мутлақ) ҳуқуқлар пайдо бўлади ҳамда ҳуқуқий муҳофазага олинади.

Бундай объектларни рўйхатдан ўтказиш (патент, гувоҳнома олиш ва ҳок.) талаб этилмайди. Шунга кўра, судларнинг эътибори қонунчиликда ушбу объектларни кейинчалик ихтиёрий рўйхатдан ўтказиш қоидаси мавжуд бўлса ҳам рўйхатдан ўтказиш техник хусусиятга эгалиги сабабли унга риоя қилмаслик юқоридаги ҳуқуқлар вужудга келишига тўсқинлик қилмаслигига қаратилсин.

Шу муносабат билан судлар, хусусий-ҳуқуқий ёки оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда муаллифда ёхуд ҳуқуқ эгасида қайд этилган ҳуқуқ қачон пайдо бўлганлигини аниқлашлари лозим.


12. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, интеллектуал мулк объектларининг қуйидаги турларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш берилган ҳуқуқий муҳофаза ҳужжати (гувоҳнома, патент ва ҳок.) асосида вужудга келади:

ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари (патент асосида;

селекция ютуқлари (патент асосида);

товар белгилари (гувоҳнома ёки рўйхатдан ўтказиш асосида);

фирма номлари (фирма номлари реестрига киритилиши натижасида);

товар келиб чиққан жой номлари (гувоҳнома ёки рўйхатдан ўтказиш асосида);

географик кўрсаткичлар (гувоҳнома ёки рўйхатдан ўтказиш асосида).

Судларга тушунтирилсинки, фирма номларидаги умумэътироф этилган сўзлардан учинчи шахслар томонидан ўз товар (хизмат)ларида фойдаланганлиги ушбу фирма номи эгасининг ҳуқуқлари бузилганлигини англатмайди.

Бунда судларнинг эътибори ҳаммага маълум товар (хизмат кўрсатиш) белгисининг ҳуқуқий муҳофазаси қонунчиликда белгиланган тартибда берилган ваколатли давлат органи Апелляция кенгашининг қарори асосида вужудга келишига қаратилсин.


13. Судлар ошкор этилмаган ахборотларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш юзасидан келиб чиққан низолар ФКнинг 64-боби, Ўзбекистон Республикасининг "Тижорат сири тўғрисида" ва "Давлат сирлари тўғрисида"ги қонунларида белгиланган алоҳида хусусиятлардан келиб чиқиб ҳал этилишини назарда тутишлари лозим.


14. Судларнинг эътибори интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқнинг муддатли эканлигига қаратилсин, бундан ошкор этилмаган ахборот, фирма номи, ҳаммага маълум товар белгисига нисбатан ҳуқуқлар мустасно.

Шу сабабли судлар, ушбу тоифадаги ишларни кўришда ҳуқуқий муҳофаза муддати ўтмаганлигини ҳам аниқлашлари лозим.


15. Қонунчиликка кўра, интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифлари ана шу натижаларга нисбатан шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқларга эга бўладилар (ФК 1033-моддаси).

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда мулкий ҳуқуқлар бошқа шахсларга тегишли бўлиши (масалан, хизмат асари) ёки шахсий номулкий ҳуқуқлар мавжуд бўлмаслиги (масалан, фонограмма, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш) ҳам мумкин.


16. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, шахсий номулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ низоларни кўришда шахсий номулкий ҳуқуқ деганда мулкий мазмунга эга бўлмаган, объект яратувчиси (муаллиф)ни ижодий мақомини белгиловчи ва ушбу мақомдан келиб чиқадиган ҳуқуқларни мустаҳкамлашга ва ҳимоя қилишга қаратилган муддатсиз мутлақ ҳуқуқлари бўлиб, у фақат муаллифга тегишли ва бегоналаштирилиши мумкин эмаслиги тушунилади.

Муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари унинг мулкий ҳуқуқлари турлари, мазмуни ва ҳажмларидан қатъий назар унга тегишли бўлиши, бундай ҳуқуқлар мулкий ҳуқуқлар бошқа шахсларга ўтказилган тақдирда ҳам сақлаб қолиниши эътиборга олиниши лозим.

Шу сабабли, шахсий номулкий ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш ҳақидаги битимлар (масалан, муаллифнинг ўз хоҳишига кўра ушбу ҳуқуқдан воз кечиб, уни битим ёки шартнома асосида бериши) ФК 116-моддасига мувофиқ ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳисобланади.


17. Муаллифнинг мулкий ҳуқуқлари деганда интеллектуал фаолият натижаларидан унинг ўзи томонидан фойдаланиш, фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсларга ўтказиш ёки фойдаланишга рухсат бериш каби ҳуқуқлари тушунилади.

Шундан келиб чиқиб, судларнинг эътибори ишнинг пировард натижасидан манфаатдор шахслар доирасини тўғри аниқлаш лозимлигига қаратилсин.


18. Судларга тушунтирилсинки, муаллиф мулкий ҳуқуқларини бошқа шахсларга ўтказган ёки ўтказмаганлигидан қатъий назар, шахсий номулкий ҳуқуқларини ҳар қандай бузилишлардан ҳимоялаш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга (масалан, асарга нисбатан мутлақ ҳуқуқларни сотиб олган нашриёт уни чоп этишда муаллиф номини кўрсатмаганда, муаллиф нуфузи, шаъни, қадр-қиммати поймол қилинганда).


19. Қонунчиликка кўра, индивидуаллаштириш воситаларига нисбатан ҳуқуқлар интеллектуал фаолият натижаларига нисбатан ҳуқуқлардан фарқ қилиб, ушбу восита эгаларига фақат мулкий ҳуқуқлар тегишли бўлади (ФК 1033-моддаси).


20. ФК 1034-моддаси қоидаларидан келиб чиқиб, судларга тушунтирилсинки, мулкий ҳуқуқ тўлиқ ҳажмда бошқа шахсларга ўтганда, ҳуқуқ эгаси ушбу ҳуқуқни ўзидан бегоналаштиради ва объектга бўлган мулкий ҳуқуқ учинчи шахсларда вужудга келади, қисман ўтказилганда эса ҳуқуқ эгаси бу ҳуқуқни муайян қисмини ўзида сақлаб қолади.


21. Қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган айрим интеллектуал мулк объектларига боғлиқ бўлган шартномалар (лицензия шартномаси, ҳуқуқларни тўлиқ ёки қисман бошқа шахсга ўтказиш) ваколатли давлат органида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозимлигига қаратилсин. Бундай тартиб мавжуд бўлмаганда, интеллектуал мулкка оид шартнома (муаллифлик шартномаси, фирма номидан фойдаланиш тўғрисидаги лицензия шартномаси)ни рўйхатдан ўтказиш талаб этилмаслиги судларга тушунтирилсин.


22. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар бир нечта меросхўрларга ўтказилаётганда мазкур ҳуқуқлар улар ўртасида фоиз ёки қисм кўринишда тақсимланиши мумкин эмас. Бунда мутлақ ҳуқуқлардан фойдаланиш меросхўрлар томонидан биргаликда амалга оширилади.


23. Судлар қонунчиликда айрим интеллектуал мулк объектларига нисбатан мулкий ҳуқуқлар эгаларидан бошқа шахсларга ўтиши бўйича истиснолар мавжудлигини инобатга олиши лозим (масалан, товар келиб чиққан жой номидан, географик кўрсаткичлардан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга беришга, уларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тузишга ёки лицензия асосида фойдаланиш учун рухсат беришга йўл қўйилмайди).


24. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқлар умумий ва махсус усулларда ҳимоя қилиниши мумкин.

Умумий усул ФКнинг 11-моддасида белгиланган бўлиб, шунга кўра судларнинг эътибори мазкур моддада белгиланган фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг барча усуллари интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқларни ҳимоя қилишга ҳам татбиқ этилишига қаратилсин.

Махсус усул ФКнинг 1040 ва 1107-моддаларида белгиланган бўлиб, мутлақ ҳуқуқлар қайси моддий объектлар ёрдамида бузилган бўлса:

ўша моддий объектларни ҳамда бундай бузиш натижасида яратилган моддий объектларни олиб қўйиш;

йўл қўйилган бузиш ҳақидаги маълумотни мажбурий суратда эълон қилиб, унга бузилган ҳуқуқ кимга тегишлилиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш;

товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланаётган шахс томонидан тайёрлаб қўйилган товар белгиси тасвирларини йўқ қилиш, қонунга хилоф равишда фойдаланаётган товар белгисини ёки алмаштириб юбориш даражасида унга ўхшаш бўлган белгини товардан ёхуд унинг идиши ва ўровидан йўқотиш, бундай талабларни бажариш имконияти бўлмаганда эса тегишли товар йўқ қилиб ташланиши мумкин.

Шунингдек, интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқларни ҳимоя қилиш қонунда назарда тутилган бошқа махсус усулларда ҳам амалга оширилишига йўл қўйилади.


25. Судларнинг эътибори ФКнинг 14-моддасига мувофиқ, агар ҳуқуқни бузган шахс бунинг натижасида даромад олган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс бошқа зарар билан бир қаторда бой берилган фойда бундай даромаддан кам бўлмаган миқдорда тўланишини талаб қилишга ҳақли эканлигига қаратилсин.



Муаллифлик ҳуқуқи


26. Муаллифлик ҳуқуқи объектлар турлари жумласига адабий асарлар (адабий-бадиий, илмий, ўқув, публицистик ва бошқа асарлар); драматик ва сценарий асарлар; матнли ва матнсиз мусиқа асарлари; мусиқали-драматик асарлар; хореография асарлари ва пантомималар; аудиовизуал асарлар; рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, дизайн асарлари ва бошқа тасвирий санъат асарлари; манзарали-амалий ва саҳна безаги санъати асарлари; архитектура, шаҳарсозлик ва боғ-парк барпо этиш санъати асарлари; фотография асарлари ва фотографияга ўхшаш усулларда яратилган асарлар; жўғрофия, геология хариталари ва бошқа хариталар, жўғрофия, топография ва бошқа фанларга тааллуқли тарҳлар, эскизлар ва асарлар; барча турдаги электрон-ҳисоблаш машиналари (ЭҲМ) учун дастурлар, шу жумладан амалий дастурлар ва операция тизимлари ҳамда ФКнинг 1041-моддасида белгилаб қўйилган талабларга жавоб берувчи бошқа асарлар киради (ФК 1042-модда).

Судларга тушунтирилсинки, ижодий меҳнати билан асар яратган жисмоний шахс муаллиф ҳисобланиб, унга техник ёрдам кўрсатган шахслар (матн териш, корректировка қилиш ва бошқалар) асарнинг ҳаммуаллифлари деб тан олинмайди.


27. ФКнинг 1051-моддасида ва "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги қонуннинг 18-моддасида санаб ўтилган шахсий номулкий ҳуқуқлар (муаллиф деб эътироф этилиш ҳуқуқи, муаллифнинг исмига бўлган ҳуқуқ, ошкор қилишга бўлган ҳуқуқ, асарни чақириб олиш ҳуқуқи, муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи) дахлсиздир.

Судлар шуни инобатга олсинки, муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари мерос бўйича ўтмайди. Бироқ, муаллифнинг меросхўрлари ёки муаллиф ўзининг шахсий номулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ишониб топширган шахс, шунингдек меросхўрлар бўлмаган тақдирда ваколатли давлат органи муаллифнинг ушбу ҳуқуқларини ҳеч қандай чекловларсиз ҳимоя қилишга ҳақлидир.


28. ФКнинг 1056-моддаси ва "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги қонуннинг 19-моддасида белгиланган муаллифнинг мулкий ҳуқуқлари бузилган тақдирда, муаллиф ва (ёки) ҳуқуқ эгаси, уларнинг меросхўрлари, мулкий ҳуқуқларни жамоавий бошқариш ташкилоти, шунингдек ваколатли давлат органи томонидан ҳимоя қилиниши мумкинлиги эътиборга олиниши лозим.


29. Судлар эътиборга олишлари лозимки, муаллифлик ҳуқуқи ошкор қилинган асарларга ҳам, ошкор қилинмаган асарларга ҳам татбиқ этилади.

Асарни ошкор қилиш деганда муаллифнинг розилиги билан амалга оширилган, асарни чоп этиш, омма олдида намойиш этиш, омма олдида ижро этиш, эфирга узатиш ёки бошқача усулда юбориш йўли билан илк бор асардан барчанинг воқиф бўлиши учун имкон берадиган ҳаракат тушунилади.

Шунга кўра, муаллифлик ҳуқуқи объектлари эълон қилинган (ошкор қилинган, чоп этилган) ёки эълон қилинмаган асарлар бўлишидан қатъий назар, муаллифлик ҳуқуқи билан муҳофаза этилиши инобатга олиниши лозим.

Судларнинг эътибори, муаллиф ошкор қилиш тўғрисида илгари қабул қилган қароридан, асардан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсларга улар шундай қарор туфайли кўрган зарарнинг ўрнини, шу жумладан бой берилган фойдани қоплаш шарти билан, воз кечиш ҳуқуқига (асарни чақириб олиш ҳуқуқига) эга эканлигига қаратилсин.

Муаллифлик ҳуқуқи нафақат бутун асарга, балки унинг бир қисмига, агар асарнинг ушбу қисми ижодий фаолият натижаси бўлса ва мустақил равишда ишлатилиши мумкин бўлса қўлланилади.


30. ФК 1041-моддасига кўра, муаллифлик ҳуқуқи ғоялар, принциплар, услублар, жараёнлар, тизимлар, усуллар ёки концепцияларга эмас, балки ифода шаклига нисбатан татбиқ этилиши боис, улар ҳуқуқий муҳофаза объектига айланиши учун асар объектив равишда мавжуд бўлиши керак (масалан, картина яратиш ғоясининг ўзи ушбу ғояни муҳофаза объектига айлантирмайди).

Бунда, асарнинг у ёки бу объектив шаклда ифодаланиши, қоида тариқасида, моддий предмет шаклида (масалан, китоб, ҳайкал ва ҳок.) акс эттирилиши тушунилади. Шунга кўра, илмий, илмий-публицистик ишларнинг "концепция", "тизим" каби номларда юритилганлиги, уларни муаллифлик объекти ҳисобланмаслигини англатмайди.

Асар ёзма, оғзаки, овозли ёки видео ёзув, тасвир, ҳажмли-фазовий ҳамда электрон ва бошқа шаклларда бўлиши мумкин (масалан, компьютер дастурлари ёрдамида яратилган асар ёки ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган файллар).


31. Судларга тушунтирилсинки, муаллифнинг объектга бўлган мутлақ ҳуқуқи яратилган моддий объектга бўлган мулк ҳуқуқи ёки эгалик қилиш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда ҳам муаллифда сақланиб қолади, яъни асар ифодаланган моддий объектга (масалан, китоб, ҳайкаллар, суратлар, расмлар) бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтганлиги, асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтганлигини англатмайди. Ушбу ҳолатда судлар ФКнинг 1038-моддаси талабларидан келиб чиқиши лозим.


32. Судлар муаллифлик ҳуқуқига оид низоларни кўришда муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлган асарларда асарнинг шакли ёки шакл ва мазмунини фарқлашлари лозим (масалан, мусиқа асарлари - ноталар, тасвирий санъат асарлари - чизиқлар, ранглар). Бунда муаллифлик ҳуқуқи фақатгина асарнинг шакли ёки шакл ва мазмун элементлари биргаликда муҳофаза қилиниши, мазмун элементининг биргина ўзи эса қонун билан муҳофаза қилинмаслиги тушунтирилсин.


33. Асарнинг шакли ёки шакл ва мазмунини аниқлашда аксарият ҳолларда махсус билимлар талаб этилиши сабабли, судлар, заруратга қараб, ушбу тоифадаги ишларни ҳал этишда, асарнинг шакли ёки шакл ва мазмунини аниқлаш учун махсус билимга эга бўлган мутахассис фикрини олишлари ёки экспертиза тайинлашлари лозим.

Масалан, мусиқа асарларининг ўзаро ўхшашлиги юзасидан низо келиб чиққанда, ҳар иккала мусиқа асарининг шакли ва товушлари (ноталар ва уларнинг жойлашиши) бир хиллиги аниқланади.


34. Қонунчиликка кўра, ҳосила асарлар деганда таржималар, ишланма асарлар, аннотациялар, рефератлар, мухтасар хулосалар, шарҳлар, инсценировкалар, аранжировкалар, соддалаштиришлар ҳамда фан, адабиёт ва санъат асарларининг бошқа қайта ишланмалари тушунилади.

Бундай асарлар бошқа муаллифнинг ижодий фаолияти натижалари бўлган фан, адабиёт ва санъат асарлари ёки халқ ижодиёти асарларини қайта ишлаш, шунингдек таржима қилиш, тўплаш (йиғиш) ва бошқа тарзда жамлаш натижасида вужудга келади.

Судлар томонидан ҳосила асарларга доир низоларни кўриб чиқишда, агар ҳосила асар бошқа асарни қайта ишлаш натижасида яратилган бўлса, қайта ишланган асарга бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлиги аниқланиши лозим. Бунда муаллиф ва (ёки) ҳуқуқ эгасининг ёзма розилиги олинганлиги ёки муаллифлик шартномаси тузилганлиги қайта ишланган асарга бўлган ҳуқуқларга риоя этилган деб баҳоланади.


35. Ҳосила асар муаллифига фан, адабиёт ва санъат асарининг мазкур муаллиф томонидан амалга оширилган қайта ишланмасига бўлган муаллифлик ҳуқуқи тегишлидир. Ҳосила асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи ФК 1048-моддаси, "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида''ги қонуннинг 13-моддаси билан тартибга солинади.


36. Тўпламлар (энциклопедиялар, антологиялар, маълумотлар базалари) ва материалларнинг танланганлиги ёки жойлаштирилганлигига кўра ижодий меҳнат натижаси бўлган бошқа асарлар жамлама асарлар ҳисобланади.

Жамлама асар муаллифи (тузувчиси)га ижодий меҳнат натижасини ифодаловчи, мазкур муаллиф томонидан амалга оширилган, материалларни танлаб олиш ёки жойлаштиришга бўлган муаллифлик ҳуқуқи тегишлидир.

Судлар томонидан жамлама асарларга доир низоларни кўриб чиқишда, агар жамлама асар бошқа асарлар асосида яратилган бўлса, жамлама асарга киритилган асарларнинг ҳар бирига бўлган ҳуқуқларга риоя этилганлиги аниқланиши лозим. Бунда тегишли муаллиф ва (ёки) ҳуқуқ эгасининг ёзма розилиги олинганлиги ёки муаллифлик шартномаси тузилганлиги жамлама асар таркибига киритилган асарларга бўлган ҳуқуқларга риоя этилган деб баҳоланади.


37. Судларнинг эътибори, ФКнинг 1060-моддаси, "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги қонуннинг 25-33-моддалари ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда муаллиф ва бошқа шахсларнинг асардан фойдаланиш борасидаги мутлақ ҳуқуқларини чеклашга йўл қўйилишига қаратилсин.

Шунга кўра судлар мазкур чеклашлар асардан нормал фойдаланилишига ўринсиз зиён етказганлиги ва муаллифнинг қонуний манфаатлари асоссиз камситилганлиги ҳолатини тўғри аниқлаш мақсадида мутахассис фикрини олишлари ёки экспертиза тайинлашлари лозимлигига эътибор қаратилсин.


38. Муаллифнинг мулкий ҳуқуқлари муддатлилик тусига эга эканлигини инобатга олиб, судлар бундай муддатларни ФКнинг 60-боби (1065-модда), "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги қонун (35-модда) асосида қўллашлари лозим.


39. ФКнинг 1062-моддаси талабларидан келиб чиқиб судларга тушунтирилсинки, агар асар иш вақтида ёки иш берувчининг мулкидан фойдаланган ҳолда яратилиб, бироқ хизмат вазифалари доирасида ёки хизмат топшириғи тартибида яратилмаган бўлса, у хизмат асари ҳисобланмайди.



Товар белгиси

(хизмат кўрсатиш белгиси)


40. Товар белгиси эгасининг товар белгисига бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилишга оид талаби ушбу товар белгисига берилган гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилмасдан ёки амал қилиш муддати тугамасдан (тугатилмасдан) иккинчи тарафнинг унинг рўйхатдан ўтказилишнинг ноқонунийлигига оид далиллари мазкур талабни рад этиш учун асос ҳисобланмаслиги тушунтирилсин.


41. Судлар товар белгисидан фойдаланилмаганлиги муносабати билан товар белгисига берилган гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан олдин тугатишга оид ишларни ҳал қилишда "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида"ги қонуннинг 27-моддасида кўрсатилган талаблар бўйича товар белгисидан фойдаланилганлигини текширишлари лозим. Бунда товар белгисидан фойдаланмаганлик сабаблари аниқланишида ҳуқуқ эгасига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар ёки ҳуқуқни суиистеъмол қилишлик кабилар инобатга олиниши лозим.

Товар белгисига доир гувоҳномани муддатидан олдин тугатиш ҳақидаги ишларни кўришда даъво талабларининг доирасидан келиб чиқиб, синф(лар) ва (ёки) рукн(лар)даги ҳар бир товар ёки хизматдан фойдаланганлик фактини текширган ҳолда низо ҳал қилинади.

Судларга товар белгисини фуқаролик муомаласидаги товарларнинг этикеткаларида, ўровларида, товарларни фуқаролик муомаласига киритиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларда ҳамда домен номида ишлатилиши ҳам товар белгисидан фойдаланиш деб эътироф этилиши мумкинлиги тушунтирилсин.


42. Тушунтирилсинки, товар белгисини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги талабнома ваколатли давлат органига топширилган санадан бошлаб уни давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар ушбу белгидан учинчи шахсларнинг фойдаланиши белгига нисбатан талабнома берувчининг ҳуқуқлари бузилиши деб ҳисобланмайди, бундан инсофсиз рақобат ҳолатлари мустасно.


43. Товар белгисига бўлган ҳуқуқни бузувчи ва домен номидан ноқонуний фойдаланишни тўхтатиш ҳақидаги ишларни кўришда даъвони таъминлаш чораси сифатида Маъмурга домен номини бекор қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларини тақиқлаш, шу жумладан домен номини бошқариш ҳуқуқларини бошқага ўтказиш, рўйхатга олувчини ўзгартириш каби ҳаракатлар тақиқланиши мумкин.


44. Судларга тушунтирилсинки, товар белгиларининг бир хиллиги, ўзаро ўхшашлик даражаси ва товар белгисининг бошқа муҳофазага лаёқатлилигига таъсир қилувчи белгилари "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида"ги қонуннинг 10-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 29 июлда 1988-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган "Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш қоидалари" асосида аниқланади.

Тегишли далиллар мавжуд бўлганда, суд товар белгиси ва низоли белги ўртасидаги қарама-қаршилик ҳолатини аниқлашда қуйидагиларни инобатга олиши мумкин:

ҳуқуқ эгаси томонидан товар белгиси гувоҳномасида кўрсатилган синф(лар)га оид товар (хизмат) турлари учун товар белгисидан фойдаланилаётганлиги;

ҳуқуқ эгаси томонидан товар белгисидан фойдаланиш ҳажми (ҳудуди) ва муддати;

товар белгисини таниб олиш, унинг маълум ва машҳурлик даражаси;

товарнинг истеъмолчига маъқул келаётганлик даражаси (бошқа ҳолатлар билан бирга товарларнинг тоифаси ва уларнинг нархига қараб).

Адаштириш ҳолатини аниқлашда ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим қилинган белги ва товар белгисининг аниқ адаштириш мумкинлиги тўғрисидаги далиллар, шу жумладан тегишли товар бўйича истеъмолчилар орасида ўтказилган сўровлар ҳам ҳисобга олиниши мумкин.


45. Судлар шуни инобатга олсинки, ФКнинг 1107-1-моддасига асосан агарда товар белгиси билан белгиланган товар фуқаролик муомаласига ҳуқуқ эгаси томонидан қонуний йўл билан киритилган бўлса, кейинчалик амалга ошириладиган ушбу товарнинг айланмаси ҳуқуқ эгасининг мутлақ ҳуқуқлари бузилиши ҳисобланмайди.



Саноат мулкига бўлган ҳуқуқ


46. Судларнинг эътибори саноат мулкига бўлган ҳуқуқлар ФКнинг 1082-моддасига мувофиқ патент берилган тақдирдагина муҳофаза қилинишига қаратилсин.


47. Судлар ихтирога, фойдали моделга ёки саноат намунасига муаллифлик (ҳаммуаллифлик) тўғрисидаги низоларни кўриб чиқишда муаллифликка даъво қилган ҳар бир шахснинг техник ечим, бадиий-конструкторлик ечим яратишдаги иштироки хусусиятини аниқлаши лозим.

Бир нечта шахсларнинг ижодий меҳнати натижасида бир бутун (битта) техник ечим ёки бадиий-конструкторлик ечим яратилса, улар ушбу интеллектуал мулк объектининг муаллифлари деб топилади.

Ҳаммуаллифликда биргаликда ёки алоҳида-алоҳида ишлаганлик, шунингдек ижодий улушнинг даражаси аҳамиятга эга бўлмайди. Асосийси бундай улушнинг мавжудлиги ҳисобланади.


48. Судларга тушунтирилсинки, шахс ихтирога, фойдали моделга ёки саноат намунасига муаллиф (ҳаммуаллиф) деб топилиши учун у саноат мулк объектини яратишда ўзининг ижодий меҳнати билан қатнашган бўлиши керак. Яратиш деганда ижодий фаолият назарда тутилади.

Шунга кўра, ихтиро, фойдали модель ёки саноат намунаси яратилишига шахсий ижодий улуш қўшмаган, муаллифига фақат техник, ташкилий ёки моддий ёрдам кўрсатган ёхуд саноат мулки объектига бўлган ҳуқуқларни расмийлаштиришга ва ундан фойдаланишга кўмаклашган шахслар муаллиф деб эътироф этилмаслигига эътибор қаратилсин.


49. Саноат мулки объектларига нисбатан патент берилиши рад этилганлиги устидан низолашилганда, патентга лаёқатлилик шартлари "Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида"ги қонуннинг 6-8-моддалари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари асосида текширилади.


50. Қонунчиликка кўра, саноат мулки объектини бир нечта шахс бир-биридан мустақил равишда яратган бўлса, патент олиш ҳуқуқи патент бериш ҳақидаги талабномани ваколатли давлат органига биринчи бўлиб топширган шахсга тегишли бўлади.

Ихтиро, фойдали модель ёки саноат намунасини ғайриқонуний ўзлаштириб олиш натижасида ушбу объектга патент олинган бўлса, муаллиф (ҳаммуаллиф) бундай патент устидан низолашиш ёки патентнинг патент эгаси сифатида ўзига (ўзларига) ўтказилишини сўраб, фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Шу муносабат билан бундай низоларни кўришда ихтиро, фойдали модель ёки саноат намунасининг муаллифи ким эканлиги, ғайриқонуний ўзлаштириб олиш (масалан, ўғирлаш, алдаш, зўрлик, қўрқитиш ва ҳ.к.) факти мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқланиши лозим.

Шахс саноат мулк объектини ўзига тегишли эканлигини унинг яратилганлигини кўрсатувчи қўлёзма нусхалари, амалда унинг биринчи яратилганлиги ва (ёки) ундан фойдаланилганлигини тасдиқловчи бошқа далиллар билан исботлаши мумкин.


51. Судларга тушунтирилсинки, маҳсулот (буюм)да ихтиронинг, фойдали моделнинг формуласи мустақил бандига киритилган ҳар бир белгиси ёки унга боғлиқ бўлган белги қўлланилган бўлса, ушбу маҳсулот (буюм) патентланган ихтиро, фойдали моделдан фойдаланилган ҳолда тайёрланган, ихтиро патенти билан муҳофаза этиладиган усул эса - қўлланилган деб эътироф этилади.


52. Агар бир хил ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари учун ёки фақат эквивалент белгилари билан фарқ қилувчи ихтиролар учун берилган устуворлик саналари ҳар хил бўлган иккита патент мавжуд бўлса, кейинроқ устувор санага эга бўлган патент ҳақиқий эмас деб топилгунга қадар ушбу патент эгасининг ҳаракатлари, ундан фойдаланиши аввалроқ устувор санага эга бўлган патентнинг бузилиши сифатида қаралмаслиги судларга тушунтирилсин.


53. Қонунчиликка кўра, саноат мулки объекти устуворлиги белгиланган санага қадар унинг муаллифидан мустақил тарзда айнан ўхшаш бўлган ечимдан фойдаланган ёки шунга етарли даражада тайёргарлик кўрган ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтирмаган тарзда, кейинчалик ҳам ундан бепул фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Шу муносабат билан, ишлаб чиқариш ҳажмининг кенгайиши деганда, саноат мулки объектининг устувор санасидан олдинги фойдаланиш ҳажмига нисбатан кейинги ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг миқдорий ўзгариши (дона, килограмм, метр ва бошқалар), шунингдек чиқариш ҳажмининг бошқа шаклларда кенгайиши тушунилади.

Аввалдан фойдаланиб келаётган шахснинг патентланган саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳажмини ҳар қандай кенгайтириши патент эгасидан рухсат олиш заруратини келтириб чиқаради.

Аввал фойдаланганлик ҳуқуқи қонунчиликда белгиланган асосларда юзага келади.


54. Ходим ва иш берувчи ўртасида маълум бир ихтиро, фойдали модель ёки саноат намунасининг хизмат вазифаларини ёхуд иш берувчидан олган аниқ топшириқни бажариш муносабати билан яратилганлиги тўғрисида низо юзага келган тақдирда, судлар ходимнинг меҳнат мажбуриятларининг мазмуни, иш берувчидан олинган аниқ топшириқнинг мавжудлиги ёинки йўқлигини ҳисобга олиши лозим.



Якунловчи қоидалар


55. Судлар интеллектуал мулк соҳасида келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қонунчилик бузилган ҳар бир ҳолат юзасидан муносабат билдириши лозим.


56. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчиликни қўллашга доир ишлар бўйича суд амалиётини мунтазам равишда умумлаштириб бориши ва мазкур тоифадаги ишлар кўрилишида суд хатоларининг олдини олиш юзасидан чоралар кўриши лозим.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

Б. Исламов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Н. Хакимова

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)



































Время: 0.0156
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск