ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Умумий масалалар /

Ўзбекистон республикаси Олий суди Пленумининг 23.06.2023 й. 16-сон "Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

23.06.2023 й.

N 16



ОДИЛ СУДЛОВНИ АМАЛГА ОШИРИШДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ

НОРМАЛАРИНИ ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ҚЎЛЛАШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.

Судлар томонидан конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри ва бир хилда қўлланилиши орқали инсон ҳуқуқларига оид кафолатларни тўлақонли таъминлаш мақсадида, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги ЎРҚ-837-сон Конституциявий Қонуннинг 11-моддаси ҳамда "Судлар тўғрисида''ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (бундан буён матнда Конституция деб юритилади] 15-моддасининг иккинчи қисмига кўра, Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини англатади.

Шунга кўра, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозим.

Судлар Конституция нормасини тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмаганлиги важи билан қўллашни рад этишга йўл қуйилмаслигига эътибор қаратишлари керак.

Тушунтирилсинки, муайян ишда қўлланилиши зарур бўлган Конституциянинг нормасида бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ҳавола қилинганда, ишни кўриб чиқаётган судлар Конституция ва тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунга асосланиши лозим.


2. Конституция 15-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари (Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Пактлар ва бошқалар) билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилишига эътибор қаратилсин.

Бунда судлар қонун ҳужжатларига асосан халқаро шартнома Ўзбекистон Республикасида ратификация қилинганлиги ёхуд кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари ўтказилганлигига, шунингдек, қўшимча шартлар қўйилганлигига эътибор қаратиши лозим.

Шу билан бирга, ишларнинг кўриб чиқилишида халқаро шартнома нормалари қўлланилган ҳолларда қарорнинг асослантирувчи қисмида ушбу халқаро шартнома нормаларига ҳавола қилиниши лозим.


3. Судларнинг эътибори Конституцияда ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни матбуот ва расмий манбаларда эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шарти эканлиги белгиланганлигига қаратилсин [30-модда биринчи қисми, 99-модда ўн биринчи қисми].

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш тартиби 2021 йил 20 апрелдаги "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги ЎРҚ-682-сон, 2019 йил 10 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги ЎРҚ-591-сон, 2017 йил 7 сентябрдаги "Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида"ги ЎРҚ-443-сон қонунлар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги "Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 1013-сон қарорида белгиланган.


4. 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида"ги ЎРҚ-837-сон Конституциявий Қонуннинг 3 ва 4-моддаларига мувофиқ, ушбу Конституциявий Қонун кучга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга зид бўлмаган қисми қўлланилади; Конституция нормалари тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъий назар, ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтдан эътиборан тўғридан-тўғри амал қилади.

Судлар инобатга олиши керакки, суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида, Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, башарти қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланган тақдирда эса, фақатгина Конституциянинг тегишли нормалари қўлланилиши лозим.

Шу билан бирга, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга мувофиқ 2023 йил 1 майга қадар қабул қилинган биринчи инстанция судининг суд ҳужжатлари юқори инстанция судлари томонидан қайта кўрилаётганда уларда қўлланилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституция нормаларига мос келмаслиги аниқланиши суд ҳужжатларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Бунда, Фуқаролик кодексининг 4-моддаси ва "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонуннинг 41-моддаси талабларидан келиб чиқиб, фуқаролик ишлари бўйича, иқтисодий ва маъмурий судлар томонидан ишларни кўришда низоли муносабат бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қачон вужудга келганлиги аниқланиши керак.


5. Конституциянинг 20-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши; инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини ташкил этиши лозимлиги белгиланган.

Шунга кўра, судлар давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари билан муносабатларда инсон ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида мазкур органлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда Конституцияда белгиланган мутаносиблик принципига риоя қилинганлигини текширишлари лозим.

Бунда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Шунингдек, Конституциянинг 55-моддасида давлат органлари ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида етказилган зарар ихтиёрий равишда қопланмаган тақдирда, унинг ўрни манфаатдор шахснинг аризасига асосан суд тартибида давлат томонидан қопланиши кафолатланганлиги инобатга олиниши лозим.


6. Судлар Конституциянинг 20-моддаси талабларидан келиб чиқиб, шахсга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклигини инобатга олишлари зарур.

Бунда ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни ҳуқуқбузарликнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак.


7. Судлар муайян ишларни кўришда Конституция 21-моддасидаги шахсга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги нормага риоя этилганлигини текширишлари лозим.

Бунда қонунчилик деганда, нафақат қонун ҳужжатлари, балки қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам назарда тутилиши инобатга олиниши зарур.


8. Судлар Конституциянинг 28-моддаси талабларига мувофиқ айбдорликка оид барча шубҳаларни бартараф қилишнинг имкони йўқлиги шахсни айбсиз деб топишга асос бўлишини инобатга олишлари лозим.

Шахснинг ўз айбини тан олганлиги унинг айби судда текширилган бошқа далиллар билан исботланган тақдирдагина айблов ҳукми чиқарилишига асос бўла олади.

Жиноят ишларини юритишда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги, исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши, ўзи ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги билан боғлиқ Конституцияда белгиланган шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини бузилиши процессуал қонун нормаларининг жиддий бузилиши деб эътироф этилади.


9. Судларнинг эътибори Конституциянинг 29-моддаси тўртинчи қисмига асосан қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чогида фойдаланишга йўл қўйилмаслигига қаратилсин.

Тушунтирилсинки, Конституцияда мустаҳкамланган шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳамда қонунларда белгиланган тартибларни бузган ҳолда ёхуд қонунларда назарда тутилмаган ҳаракатлар натижасида тўпланган далиллар қонунни бузган ҳолда олинган далиллар деб эътироф этилиши лозим.


10. Конституциянинг 29-моддасига мувофиқ ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган бўлиб, қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши лозим.

Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилинишини, унга қарши ёки унинг фойдасига гувоҳлик бераётган шахсларнинг сўроқ қилинишини талаб этиш ҳуқуқига эга.

Шахсий эркинлик ва дахлсизликни кафолатловчи конституциявий нормаларни бузилиши ҳолатларига баҳо беришда судлар Олий суд Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги "Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги 17-сон қарорида берилган тушунтиришларга амал қилиши лозим.

Судларнинг эътибори шахсга адвокат ёрдамидан фойдаланиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқи тушунтирилмасдан ёки унинг бундай ҳуқуқларидан амалда фойдаланиши учун реал шароит яратиб берилмасдан туриб, унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилиши натижасида олинган далилларнинг мақбул эмас (яроқсиз) деб топилишига ва бундай далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмаслигига қаратилсин.


11. Судлар инобатга олишлари керакки, 2023 йил 1 майдан бошлаб шахснинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқининг чекланишига, уй-жойида тинтув ўтказилишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Фуқароларнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши, уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқларининг чекланиши билан боғлиқ ҳолда ўтказилган тезкор-қидирув фаолияти натижалари мазкур тадбирлар суднинг рухсати асосида ҳамда 2012 йил 25 декабрдаги "Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида"ги ЎРҚ-344-сон Қонунга мувофиқ амалга оширилгандагина ишда далил сифатида фойдаланилиши мумкин бўлади.


12. Судларнинг эътибори Конституциянинг 139-моддасида суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи кафолатланганлигига қаратилсин.

Конституциянинг ушбу нормаси ҳамда Жиноят процессуал кодексининг 20-моддаси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 273-моддаси, Фуқаролик процессуал кодексининг 11-моддаси, Иқтисодий процессуал кодексининг 10-моддаси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 12-моддасига мувофиқ судлар ишда иштирок этувчи шахсларга ўз она тилида ёки ўзи биладиган бошқа тилда оғзаки ёки ёзма арз қилиш, кўрсатув ва тушунтиришлар бериш, илтимоснома ва шикоятлар билан мурожаат қилиш, судда сўзлаш ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқларини тушунтиришлари лозим.


13. Конституциянинг 16-моддасида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Конституция асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилиниши, бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Муайян ишларда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга зидлиги аниқланган тақдирда судлар Олий судга шу масалада Конституциявий судга мурожаат қилиш юзасидан таклиф киритишлари лозим.

Тушунтирилсинки, Конституциявий суднинг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бир қисмини Конституцияга зид деб топиш ҳақидаги қарори судлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қолган қисми қўлланилишига тўсқинлик қилмайди.


14. Судлар низоларни кўриш давомида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат шахснинг Конституция билан кафолатланган ҳуқуқлари ва манфаатларига зидлиги аниқланганда, манфаатдор шахсга бундай ҳужжатни тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 22-боби тартибида Олий судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиришлари лозим.

Судлар инобатга олишлари керакки, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституция принцип ва нормаларига зидлиги уни Олий суд томонидан манфаатдор шахснинг аризасига асосан тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади.


15. Судлар ишларни кўриш натижалари бўйича Конституция нормалари ҳамда шахсларнинг кафолатланган ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганлигини аниқлаган ҳар бир ҳолат бўйича қонун бузилишини келтириб чиқарган сабаб ва шарт-шароитларни пухта ўрганиб, тегишли мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)га хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдириши лозим.


16. Барча судлар, қонунчиликни қўллаётган давлат органлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар мазкур Пленум қарори тушунтиришларига сўзсиз риоя этсин.


17. Олий суднинг судлов ҳайъатлари, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар мазкур Пленум қарори мазмун-моҳиятини қуйи судларга тушунтириш юзасидан семинар-машғулотлар ўтказишлари ва ягона амалиётни шакллантиришга эътибор қаратишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

Б. Исламов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Н. Хакимова

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)





































Время: 0.0346
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск