ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Иш вақти ва дам олиш вақти / Алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар учун иш вақти ва дам олиш вақтини тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари /

Вахта усулида ишлашни ташкил этиш тартиби тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 13.07.2023 й. 287-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 13 июлдаги

287-сон қарорига

ИЛОВА



Вахта усулида ишлашни ташкил этиш тартиби тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Намунавий низом ходимларнинг иш жойи уларнинг доимий яшаш жойидан ёки иш берувчининг жойлашган жойидан сезиларли даражада узоқ масофада жойлашганда, вахта усулида ишлашни ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Намунавий низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


вахта усулидаги иш - ходимларнинг доимий яшаш жойига кунлик қайтишини таъминлаш имкони бўлмаган тақдирда ва (ёки) иш жойи иш берувчининг жойлашган жойидан сезиларли даражада узоқ масофада жойлашганда, ишлаб чиқариш объектларини, ижтимоий ва бошқа объектларни қуриш, таъмирлаш ёки реконструкция қилиш муддатларини қисқартириш, аҳоли яшамайдиган, олис ҳудудларда ёхуд алоҳида табиий шароитларга эга бўлган ҳудудларда ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланишни таъминлаш мақсадида, шунингдек, бошқа ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун бажариладиган ишлар;


вахта объекти - ходимларнинг доимий яшаш жойи ва иш берувчининг ташкилотлари жойлашган ҳудуддан сезиларли узоқ масофада (чўлда, тоғли ва аҳоли қатнови бўлмаган чекка ҳамда узоқ ҳудудларда) жойлашган объектлар;


вахта шаҳарчалари - вахта усулида ишлаётган ходимларнинг вахтадаги дам олиш вақтида ҳаёти ва фаолиятини таъминлаш учун мўлжалланган турар жой, маданий-маиший, санитария хоналари, шунингдек, қурилиш техникаси ва махсус техника, автотранспортга хизмат кўрсатиладиган, товар-моддий бойликлар захираси сақланадиган хўжалик бино ва иншоотлари комплекси;


иш жойи - меҳнат фаолияти амалга ошириладиган ишлаб чиқариш объектлари.


3. Вахта усулида ишлашни қуйидаги ҳолатларда қўллаш мумкин:

ўрмон хўжалиги, геология-қидирув, алоқа ва темир йўл транспорти ташкилотларида;

қурилиш-монтаж, шунингдек, реконструкция-таъмирлаш ишларини амалга ошираётган қурилиш ташкилотларида;

энергетика объектларидан фойдаланишда (эксплуатация қилишда);

нефть ва газ саноати объектларида, шу жумладан, қувур ўтказувчи, хизмат кўрсатувчи ва таъмирлаш ишларини бажарувчи ташкилотлар ҳамда қувур транспорти ташкилотларида;

рангли ва қимматбаҳо металлар, кўмир ва бошқа табиий бойликлар конларини ўзлаштиришда;

вахта усули қўлланган ташкилотлар ходимларига хизмат кўрсатаётган тиббий, савдо ва умумий овқатланиш, транспорт ташкилотларида;

автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда бошқа ташкилотларда.


4. Вахта усулида ишлаш ходимларнинг доимий яшаш жойига кунлик қайтишини таъминлаш имкони бўлмаган тақдирда ва (ёки) иш берувчининг жойлашган жойидан сезиларли даражада узоқ масофада (чўл зоналари, тоғ ва тоғолди ҳудудлар ҳамда бошқа ҳудудларда) жойлашганда, ишлаб чиқариш объектларини, ижтимоий ва бошқа объектларни қуриш, таъмирлаш ёки реконструкция қилиш муддатларини қисқартириш, аҳоли яшамайдиган, олис ҳудудларда ёхуд алоҳида табиий шароитларга эга бўлган ҳудудларда ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланишни таъминлаш мақсадида, шунингдек, бошқа ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун қўлланилади.

Агар вахта объектида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи ходим ҳар куни ўзининг доимий яшаш жойига қайтиш имкониятига эга бўлса, бундай ишни бажариш вахта усулида ишлаш ҳисобланмайди.

Ходимни вахта усулидаги ишларга юбориш хизмат сафарига юборилган деб ҳисобланмайди.


5. Ташкилотларда вахта усулидаги ишлар махсус иш ва дам олиш режими бўйича қоидага кўра иш вақти жамлаб ҳисобга олинган ҳолда, вахта орасидаги танаффуслар эса ходимларнинг доимий яшаш жойида ташкил қилиниши лозим.


6. Вахтанинг давомийлиги жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда белгиланади ва унинг давомийлиги бир календарь ойдан ошмаслиги керак.

Жамоа келишувларида ёки жамоа шартномасида белгиланган алоҳида ҳолларда айрим объектларда вахтанинг давомийлиги уч ойга қадар узайтирилиши мумкин.


7. Вахта усулида ишларни ташкил этиш ҳақидаги қарор касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда иш берувчи томонидан қабул қилинади.


8. Иш берувчи ишларни бажаришда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, ходимларни объектга ва ундан ётоқхоналарга етказиш, вахта шаҳарчаларида маиший шароитлар, овқатланиш ва тиббий хизматлар кўрсатилиши ташкил этилишига жавобгардир.


9. Вахта усулида ишларни ташкил этиш билан боғлиқ барча харажатлар иш берувчи ҳисобидан амалга оширилади.



2-БОБ. ВАХТА УСУЛИДА ИШЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Вахта усулидаги ишлар объектлардаги ишлар бир маромда, узлуксиз ва комплекс равишда амалга оширилиши учун ўзгарувчан жадвалга биноан ташкил этилиши лозим.


11. Вахта усулидаги ишлар, қоида тариқасида, ишларни ташкил этиш ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг асосий принципларига риоя қилинган, вахта ходимларининг иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда тасдиқланган сменалар алмашинуви жадвалига мувофиқ, шунингдек, меҳнатни ташкил қилиш ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилиши, моддий бойликлар сақланишини таъминлаган ҳолда амалга оширилиши лозим.


12. Вахта усулида ишлайдиган ходимлар таркиби ташкилот штатида рўйхатга олинган ва шартнома бўйича вақтинча жалб этиладиган, ушбу усулда бажарилиши кўзда тутилган ишларни амалга оширишни рад этувчи тиббий кўрсатмаларга эга бўлмаган ходимлар билан тўлдирилади.


13. Вахта усулида бажариладиган ишларга қуйидагилар жалб қилиниши мумкин эмас:

ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар;

ҳомиладор аёллар;

уч ёшгача бўлган фарзандини тарбиялаётган ота-онадан бири (васий);

тиббий хулосага мувофиқ вахта усулидаги ишларни бажаришига қарши кўрсатмалар бўлган шахслар.


14. Вахта усулидаги ишларни бажариш мақсадида иш берувчи ходимлар билан келишган ҳолда, уларни ишларнинг бир участкасидан бошқасига ўтказишга ҳақли. Бунда бир иш участкасидан бошқасига ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан иш берувчи "вахта" муддати якунлангандан сўнг ходимлар аввалги иш жойида (лавозимида) тикланиши, агар иш жойи тугатилган бўлса, ушбу иш жойига (лавозимига) тенглаштирилган ташкилотдаги бошқа иш жойига (лавозимга) ўтказилишини таъминлаши шарт. Буйруқда "Вахта усулида ишлаш учун" деган мақсад кўрсатилиши лозим.


15. Вахта усулидаги ишларни бажараётган ходимларнинг меҳнат шароитлари амалдаги меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ташкил этилиши, шунингдек, вахта объектига ёки шаҳарчасига етиб келган ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлардан ўтишлари керак.


16. Ходимлар ташкилот жойлашган жойдан ёки иш берувчи томонидан белгиланган йиғилиш пунктидан вахта объектига транспорт воситалари орқали етказилади ва қайтиб олиб келинади. Бунда ташкилотга тегишли ёки шартнома асосида жалб этилган транспорт воситаларидан фойдаланиш мумкин.


17. Ходимлар объектда бўлган вақтда махсус ташкил этилган вахта шаҳарчалари ёки бошқа иш берувчи ҳисобидан молиялаштириладиган турар жой биноларида, ётоқхона, меҳмонхона ва бошқа турар жойларда яшашлари лозим.


18. Ходимларнинг турар жойлари керакли жиҳозлар ва маиший техникалар билан таъминланган, тиббий ва маиший хизмат кўрсатиш ташкил этилган бўлиши керак.

Мазкур объектларда техник ва маиший хизматлар тегишли смена ходимлари томонидан кўрсатилади.

Ходимларнинг махсус мослаштирилмаган санитария-маиший ёки бошқа биноларга жойлаштирилиши қатъиян ман этилади.


19. Вахта шаҳарчаларини сақлаш, шаҳарчада яшаётган ходимларга маиший хизмат кўрсатиш, улар билан маданий-оммавий ишларни ташкил этиш балансида вахта шаҳарчаси бўлган ташкилот маъмурияти ва касаба уюшмаси қўмитасига юкланади. Ушбу ташкилотлар маъмурияти томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда, вахта шаҳарчасида барча яшовчиларга хизмат кўрсатишнинг ички тартиби тасдиқланади.


20. Вахта шаҳарчаси ҳудуд шароитларига боғлиқ равишда намунавий ёки якка тартибдаги лойиҳа бўйича қурилиб, ушбу лойиҳада ижтимоий-маиший соҳа объектлари, электр, сув, иссиқлик таъминоти, алоқа воситалари, кириш йўллари ва учиш-қўниш полосаси (техник зарурат мавжуд бўлса), вахта ходимларини етказиб келиш усули, шунингдек, шаҳарчани қуриш ва унинг фаолиятини таъминлаш харажатларининг сметаси кўзда тутилади.

Шунингдек, лойиҳада шаҳарчада ишлаётган ва истиқомат қилаётган ходимлар овқатланиши, дам олиши ва уларнинг ишдан бўш вақтини тегишли тарзда ташкил қилиш, уларга тиббий, савдо-маиший ва маданий хизмат кўрсатиш масалалари ҳам ҳал қилинади. Вахта шаҳарчаси жойлашувини танлашда ходимларни вахта шаҳарчасидаги яшаш жойларидан иш жойигача етказиш ва қайтиб олиб кетиш вақтини қисқартириш талаби мажбурий ҳисобланади.

Вахта шаҳарчасининг лойиҳаси тегишли касаба уюшмаси ташкилотлари, санитария-эпидемиология хизмати ва ёнғин назорати органлари билан келишилади ва ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.

Қурилиши тугалланган вахта шаҳарчаси қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилиниши лозим.


21. Вахта усулида ишлайдиган ходимларнинг вахталараро дам олиш даврида вахта шаҳарчасида яшаши тақиқланади.


22. Иш берувчи томонидан вахта усулида ишлайдиган ходимлар транспорт, савдо-маиший хизматлар ҳамда кунига уч маҳал иссиқ овқат билан марказлашган ҳолда таъминланади ва уларнинг овқатланиши учун санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига жавоб берадиган шароитлар яратилади.

Ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатиб бўлмайдиган иш жойларида овқатланиш учун алоҳида шароитлар яратиб берилиши лозим. Ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатиб бўлмайдиган ҳолатларда, овқатланиш учун ходимлар навбат билан чиқишлари ёки технологик жараённинг хусусиятидан келиб чиқиб, бошқа хавфсиз шароитлар яратилиши мумкин.



3-БОБ. МЕҲНАТ ВА ДАМ ОЛИШ РЕЖИМИ,

ИШ ВАҚТИ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ


23. Вахта усулидаги ишларни ташкил этишда, одатда бир ой, бир чорак ёки бошқа узоқ муддатли, лекин 12 ойдан кўп бўлмаган давр учун жамлаб ҳисоб юритилади.

Ҳисобга олинадиган давр ходимнинг вахтада бўлган давридаги иш вақти, иш берувчининг жойлашган жойидан ёки тўпланиш жойидан иш бажариладиган жойга бориш ва қайтиш чоғида йўлда бўлиш, мазкур календарь даврга тўғри келадиган дам олиш вақтини қамраб олади.

Бунда ҳисобга олинган давр учун ҳар кунги иш вақтининг максимал давомийлиги 12 соатдан ошмаслиги керак.

Иш берувчи вахта усулида ишлайдиган ҳар бир ходимнинг иш вақти ва дам олиш вақтини, ойлар ва бутун ҳисобот даври учун ўсиб борувчи якун билан махсус ҳисобни юритиб бориши шарт.


24. Иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда, иш вақти ва дам олиш вақтини белгилаш учун жадвал ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Жадвал ходимларга вахта усулида ишлаш даври бошланишидан 2 ойдан кечиктирмаган ҳолда етказилади.

Жадвалда қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

ҳисобга олиш даврининг давомийлиги;

ходимларни вахтага олиб бориш ва у ердан қайтариб олиб келиш учун зарур бўлган вақт. Иш жойига бориш ва у ердан қайтиб келиш чоғида йўлда бўлиш кунлари иш вақтига киритилмайди ҳамда вахталар ўртасидаги дам олиш кунларига тўғри келиши мумкин;

ходимнинг вахтада бўлган даврида ҳар кунлик ишнинг давомийлиги;

вахтада дам олиш вақти, иш куни давомида дам олиш ва овқатланиш учун танаффус (агар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги 8 соатдан ошса, иккита танаффус), ишлаб чиқариш шароитларига кўра бундай танаффуснинг имкони бўлмаган ҳолларда эса, иш вақтида ходимларнинг овқатланиш вақтини белгилаш ва ташкил этиш;

ҳар кунлик (сменалар ўртасидаги) дам олиш ва унинг давомийлиги (дам олиш ва овқатланиш учун танаффусни ҳисобга олган ҳолда 12 соатдан кам бўлмаслиги керак);

вахта даврида ҳафталик дам олиш кунлари (агар ишлаб чиқариш шароитларига кўра бунинг имкони бўлса);

вахта оралиғидаги дам олиш вақти (жадвалда назарда тутилган иш вақти нормасидан ортиқ ишлаганлик учун отгул (ортиқча ишланган вақт учун олинган дам олиш кунлари) кунлари ва бу даврга тўғри келадиган дам олиш кунлари). Отгул кунлари (ортиқча ишланган вақт учун олинган дам олиш кунлари) сони ходимнинг вахтада бўлган даврида жадвалга мувофиқ ортиқча ишланган умумий соатлар сонини иш куни давомийлигининг белгиланган нормасига бўлиш йўли билан аниқланади.

Вахтадаги иш жадвали доирасида тўлиқ иш кунига етмайдиган иш вақтининг ортиқча ишланган соатлари календарь йил мобайнида йиғилиб бориши ва тўлиқ иш кунларигача жамланиб, кейинчалик вахта оралиғидаги қўшимча дам олиш кунлари берилиши мумкин.

Ҳисобга олинган давр якунланишидан олдин ишдан бўшаган ходимлар учун ишдан бўшаш санаси уларнинг розилиги билан вахталараро дам олиш кунлари ҳисобга олинган ҳолда кўрсатилиши мумкин.


25. Ноқулай меҳнат шароитларида бажариладиган ишлар учун иш вақтининг нормаси қонунчиликда белгиланган тартибда қисқартирилган иш вақтидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ҳисобга олинган даврда ёки вахтада иш вақти тўлиқ бўлмаганда (меҳнат таътили, касаллик туфайли ишга чиқмаслик ва бошқалар), норма бўйича белгиланган иш соатларидан ишда бўлмаган кунларга тўғри келадиган календарь бўйича иш соатлари айириб ташланади.


26. Ҳисобга олиш даврида ходим учун жадвалда белгиланган иш вақти давомийлигидан ташқари ишлаш вахта усулида ишловчи шахслар учун иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.


27. Вахта усулида ишлаётган ходимларга меҳнат таътили вахта сменаси оралиғидаги дам олиш вақтида берилиши мумкин эмас.


28. Агар вахта усулида ишловчи шахснинг йиллик меҳнат таътилининг тугаши вахталар оралиғидаги дам олиш кунларига тўғри келса, унда иш берувчи ходимнинг розилиги билан:

вахта бошлангунига қадар ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиши;

вахта бошлангунига қадар ходимга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериши;

ходимни вахтанинг бошқа сменасига ўтказиши мумкин.



4-БОБ. МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШ, ИМТИЁЗЛАР

ВА КОМПЕНСАЦИЯЛАР


29. Вахта усулида ишларни ташкил этишда ходимларга меҳнат ҳақи қуйидаги тартибда тўланади:

ишбай ходимларга - бажарилган ишлар ҳажми бўйича меҳнат шартномасида белгиланган нархларда;

вақтбай ходимларга - амалда ишлаб берилган ҳамма соатлар учун разрядлар бўйича белгиланган тариф ставкаларига мувофиқ.


30. Вахта усулида ишловчи шахслар учун вахта даврида ишларни бажариш жойларида бўлган ҳар бир календарь кун учун, шунингдек, иш берувчининг жойлашган жойидан (йиғилиш пунктидан) иш жойигача бориш ва орқага қайтиш чоғида йўлдаги ҳақиқий кунлар учун суткалик ўрнига вахта усулида ишлаганлик учун устама тўланади.


31. Бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотлар ходимларига вахта даврида ишларни бажариш жойларида бўлган ҳар бир календарь кун учун, шунингдек, иш берувчининг жойлашган жойидан (йиғилиш пунктидан) иш жойигача бориш ва орқага қайтиш чоғида йўлдаги ҳақиқий кунлар учун базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан 0,1 коэффициент миқдорида устама тўланади.

Мазкур устама ходимларга ҳар ойда иш ҳақи билан бирга ҳисоблаб тўланади.


32. Ходимнинг умумий иш вақтини ҳисобга олган ҳолда ўртача иш ҳақи бўйича тўловни амалга оширишда, бир соат учун ўртача иш ҳақининг миқдори ҳисобланади. Бунинг учун сўнгги уч ой давомида ишлаб берилган барча соатлар учун ҳисобланган иш ҳақи ушбу соатлар сонига бўлинади.


33. Ходимларни мукофотлаш, уларга устамалар тўлаш миқдори ва тартиби жамоа шартномаси, касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда, иш берувчи томонидан қабул қилинган ички ҳужжат ёки меҳнат шартномаси билан белгиланади.


34. Агар жамоа шартномасида, ички ҳужжатда ёки меҳнат шартномасида юқорироқ ҳақ тўлаш белгиланмаган бўлса, вахтадаги иш жадвали доирасидаги иш вақтида ортиқча ишлаганлик муносабати билан ҳар бир дам олиш куни (вахталар оралиғидаги дам олиш куни) учун кунлик тариф ставкаси, кунлик ставка (бир кунлик иш учун маошининг бир қисми) миқдорида ҳақ тўланади.


35. Ҳудудида иш ҳақига ҳудудий коэффициентлар қўлланиладиган туманларда вахта усулидаги ишларни бажараётган барча ходимларнинг (шу жумладан, вахта усулида ишлаётган жамоаларга хизмат кўрсатаётган савдо ва умумий овқатланиш, алоқа, транспорт, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотлар ходимлари) иш ҳақига нисбатан амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда туман коэффициентлари қўлланилади.


36. Ходимлар иш жойига ўз вақтида етиб келмаса, вахта усулидаги ишларни бажараётган ташкилотларнинг раҳбарлари, касаба уюшмалари қўмиталари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишган ҳолда, янги смена етиб келгунига қадар ходимларни жадвалда белгиланган иш вақтидан кўпроқ вақт ишлашга жалб этиши мумкин. Бундай ҳолатларда иш берувчи вахта ходимларини энг қисқа муддатларда объектга етказиб келиш бўйича барча чораларни қўллаши шарт ва ортиқча ишланган кунлар учун жамоа шартномасида кўрсатилган миқдорда ҳақ тўланади.


37. Ташкилот жойлашган жойдан ётоқхонага ва орқага қайтадиган йўлда ўтадиган вақтлар учун, шунингдек, ходимларнинг метеорология шароитларига кўра ва транспорт ташкилотларининг айби билан йўлда ушланиб қолинган вақт учун ходимга ўтган ой учун ҳисобланган иш ҳақи асосида аниқланадиган ўртача кунлик ставка миқдоридан келиб чиққан ҳолда компенсация тўланади.



5-БОБ. ТИББИЙ ЁРДАМНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ


38. Вахта усулида ишлашда иш берувчи ходимларга тиббий хизматлар кўрсатилиши ва уларнинг тиббий кўриклардан ўтказилишини таъминлаш мақсадида ташкилот жойлашган ҳудуддаги соғлиқни сақлаш органлари билан ходимларни даволаш-профилактика муассасасига бириктириш масаласини ҳал қилади, ходимларнинг тиббий кўрик ва текширувлардан ўз вақтида ва тартибли равишда ўтишлари учун жавобгар бўлади.


39. Балансида вахта шаҳарчалари бўлган ташкилотлар маъмурияти тиббиёт муассасалари билан биргаликда вахта шаҳарчалари жамоаларига тиббий ёрдам кўрсатилишини, шаҳарчаларни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, дори-дармон ва тиббий ускуналар билан бутланишини ташкил қилади ва беморларнинг эвакуациясини таъминлайди.


40. Вахта усулида бажариладиган ишларга юборилаётган шахслар ишга кираётганда, иш берувчи уларнинг дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилишини таъминлайди.


41. Вахта шаҳарчасига ёки объектга юборилишидан 2-4 кун олдин ходимлар ташкилот шифокори томонидан ёки ташкилот жойлашган ҳудуддаги даволаш-профилактика муассасасида тиббий кўрикдан ўтказилиши керак, тиббий кўрикдан ўтиш жараёни ташкилот маъмурияти томонидан назорат қилинади.


42. Ҳудудида вахта шаҳарчалари ва объектлари жойлашган соғлиқни сақлаш органлари ва муассасалари умумий қиймат ҳисобидан вахтада:

фельдшерлик пунктлари (ходимлар сони 50 ва ундан кўпроқ бўлганда);

тиббиёт пунктлари (ходимлар сони 500 ва ундан кўпроқ бўлганда);

врачлик пунктлари (ходимлар сони 1500 дан кўпроқ бўлганда);

ходимлар сони 50 нафаргача бўлганда - вахтага келиб-кетиш даврийлиги ташкилот маъмурияти билан келишиладиган тиббий ёрдам бригадаларини ташкил қилган ҳолда, вахтада ишловчи ходимларни тиббий ёрдам билан таъминлайди.

Тиббий ёрдам бригадаларининг объектларга қатнаши ташкилотлар томонидан таъминланади.


43. Ишга қўйилаётган ходимлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ва муддатларда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказилади.

Ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши билан боғлиқ харажатлар иш берувчининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


44. Ушбу Намунавий низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 13 июль














































Время: 0.0192
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск