ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ҳудуд / Минтақалар тараққиёти /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.07.2023 й. ПФ-112-сон "Тошкент шаҳрини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

26.07.2023 й.

N ПФ-112



ТОШКЕНТ ШАҲРИНИ 2030 ЙИЛГА ҚАДАР

ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Тошкент шаҳрида замонавий менежмент тамойиллари ҳамда давлат ва тадбиркорлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик тизимини жорий этиш орқали пойтахтни яшаш учун энг қулай шаҳарларнинг бирига айлантириш, хусусан мавжуд ресурслардан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш, шаҳарнинг ижтимоий инфратузилмаси ва архитектура қиёфасини яхшилаш, шунингдек, аҳоли учун қулай ҳудудлар ва яшил зоналарни кўпайтириш мақсадида:


1. Қуйидагилар Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш орқали барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш;

маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бульварлар қиёфасини ўзгартириш, яшил ҳудудларни кескин кўпайтириш орқали пойтахтни тоза ҳаволи мегаполислардан бирига айлантириш ҳамда аҳоли ва меҳмонлар ҳордиқ чиқариши учун шароитлар яратиш;

муҳандислик-коммуникация тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш орқали пойтахтни коммунал хизмат кўрсатиш муаммоларидан ҳоли ҳудудга айлантириш ва аҳоли ҳаракатланиши учун янада қулай йўл инфратузилмасини яратиш;

ягона ёндашув асосида қурилишларни мувофиқлаштириш ва қурилиш ҳажмига мос равишда ижтимоий инфратузилмани кенгайтириш орқали "ақлли" шаҳарсозлик тамойилларини жорий этиш;

ҳокимлик тизимида ҳар бир йўналиш бўйича лойиҳа офисларини ташкил этиш ҳисобига муҳим самарадорлик кўрсаткичларига асосланган замонавий менежментни йўлга қўйиш ва инсон ресурсларини ривожлантириш.


2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Тошкент шаҳрини яшаш учун энг қулай шаҳарлар рейтингига киритиш;

ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 500 триллион сўмга етказиш;

саноат ва хизматлар соҳасида жами 40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳаларни амалга ошириш;

саноат, хизматлар ва туризм экспорти ҳажмини 7,5 миллиард АҚШ долларига етказиш;

муҳандислик-коммуникация тармоқларини кенгайтириш ва тўлиқ модернизация қилиш;

қўшимча 4 минг гектар яшил ҳудудлар ташкил этиш.


3. Вазирлар Маҳкамаси ва Тошкент шаҳри ҳокимлигининг Тошкент шаҳрида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш тартибини 2027 йил 1 январга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


4. Тошкент шаҳри ҳокимлиги муассислигида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида "кўприк" вазифасини бажарувчи "Тошкент Инвест компанияси" акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда - Компания) ташкил этилсин.


5. Қуйидагилар:

"Тошкент Инвест компанияси" акциядорлик жамияти фаолиятининг асосий йўналишлари 2-иловага мувофиқ;

ер участкалари негизида "Тошкент Инвест компанияси" акциядорлик жамияти ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


6. Тошкент шаҳрининг инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш, аҳолининг кундалик ҳаётидаги коммунал ва бошқа соҳалардаги кечиктириб бўлмайдиган масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) этиб қайта номлансин ва Жамғарма маблағларини бошқариш ҳуқуқи Компанияга берилсин.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари ва сарфлаш йўналишлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


7. Белгилансинки:

Компаниянинг устав капитали халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарори асосида Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан босқичма-босқич 1 триллион сўм миқдорида шакллантирилади;

Компаниянинг алоҳида йўналишлар бўйича лойиҳа офисларини ташкил этиш ва уларни молиялаштириш масалалари унинг Кузатув кенгаши томонидан белгиланади;

Компания ва Жамғарма маблағларини лойиҳалар ва бошқа мақсадларга йўналтириш ҳамда тижорат банклари ва халқаро молия институтларидан қарз маблағларини жалб этиш Компания кузатув кенгаши қарори асосида амалга оширилади;

Компания ва Жамғарманинг ҳисоб рақамлари тижорат банкларида очилади;

Жамғарма маблағларини Тошкент шаҳри ҳокимлиги мажбуриятлари бўйича ижро ҳужжатлари ва инкассо топшириқномаси асосида ундиришга йўл қўйилмайди.


8. Компания фаолияти очиқлиги ва унинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Компания молиявий ҳисоботни Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ тузади ва мазкур ҳисобот аудитнинг халқаро стандартларига мувофиқ "катта тўртликка" кирувчи аудиторлик компаниялари томонидан ташқи аудитдан ўтказилганидан кейин 2025 йилдан бошлаб ҳар йили 1 августга қадар Тошкент шаҳри ҳокимлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади;

Компания томонидан молиявий ва номолиявий ҳисоботлар ҳамда унга нисбатан тижорат ва нотижорат мақсадлар 2025 йилдан бошлаб Тошкент шаҳри ҳокимлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади;

2027 йилга қадар Компанияда ISO, ERP, SAP ва бошқарувнинг бошқа замонавий тизимлари жорий қилиниб, у томонидан етакчи халқаро агентликларнинг кредит рейтинги олиниши таъминланади;

Тошкент шаҳри ҳокимининг халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши олдидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботида Компания фаолияти натижадорлиги ва Жамғарманинг маблағлари самарали фойдаланилиши тўғрисида маълумот назарда тутилади.


9. Тошкент шаҳрини 2023-2025 йилларда ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


10. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Б. Умурзаков белгилансин.

Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 26 июлдаги

ПФ-112-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий

АСОСИЙ МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАРИ

Т/р

Кўрсаткичлар номи


Ўлчов

бирлиги


Амалда


2024

йил


2025

йил


2026

йил


2027

йил


2028

йил


2029

йил


2030

йил


1.

Тошкент шаҳрининг Яшаш учун қулай бўлган шаҳарлар рейтингидаги ўрни (Economist Intelligence Unit ҳисоботи бўйича)


ўрин

157

145

130

115

100

85

65

50

2.

Ялпи ҳудудий маҳсулот**


трлн сўм

178 9

210,7

245,6

283,0

323,5

380,0

435,4

500,0

3.

Саноат ишлаб чиқариш ҳажми**


трлн сўм

122,8

145,8

162,9

192,0

225,1

254,6

275,3

300,1

4.

Саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳалар**


млн доллар

2 900

3 100

3 300

4 600

5 800

6 600

7 900

8 700

5.

Товар ва хизматлар экспорти**


млн доллар

4 000

5 300

5 600

5 900

6 200

6 800

7 100

7 500

6.

Хорижий туристлар сони**


млн нафар

1,7

4,5

5,0

5,5

6,0

6,5

7,0

7,5

7.

Маҳаллий сайёҳлар сони**


млн нафар

3,5

6,5

8,5

10,5

12,5

16,5

18,5

20

8.

Болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови*


фоизда

77,1

80,1

83,6

88,4

91,3

95,7

98

100

9.

Мактабларда ўқувчи ўринлари сони*


минг ўрин

329,2

343,5

352,4

360,6

367,1

384,2

390,4

430,1

10.

Олий таълим қамрови*


фоизда

47

49

51

53

55

57

59

60

11.

Яшил зоналар майдони*


гектар

900

1 100

1 400

1 900

2 500

3 200

4 000

5 000

12.

Каналлар бўйидаги сайилгоҳлар майдони*


км

42

50

60

75

90

110

130

150

13.

Жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси*


фоизда

30

33

38

43

47

50

56

60

14.

Электробусларнинг жамоат транспортидаги улуши*


фоизда

17

22

25

30

35

40

45

50

15.

Ҳавога чиқариладиган зарарли газлар миқдори**


минг тонна

300

280

260

240

210

190

170

150

16.

Велосипед йўлаклари*


км

65

75

85

100

115

130

150

170

17.

Уй-жойлар қуриш**


минг

хонадон


-

20

25

30

33

37

41

44

18.

Иссиқлик иншоотларини модернизация қилиш*


дона

-

2

10

15

35

55

65

181

19.

Иссиқлик тармоқларини янгилаш ёки таъмирлаш*


км

-

129

202

461

720

979

1 238

1 500

20.

Ички йўлларни таъмирлаш*


км

-

335,8

401,4

502,0

650,5

800,1

905,0

1 000

21.

Электр тармоқларини янгилаш*


км

-

1 300

1 500

2 100

2 700

3 500

4 500

5 000

22.

Электр трансформаторларни янгилаш*


дона

-

234

400

520

740

960

1250

1 600

23.

Электр устунларини янгилаш*


дона

-

1 200

1 600

2 100

2 600

3 200

3 800

4 500

24.

Янги тортиладиган сув тармоқлари*


км

-

60

120

200

350

500

650

800

25.

Сув тармоғини янгилаш*


км

-

20

30

45

70

95

140

185

                

*) Йилдан йилга ўсиб борувчи ёки камайиб борувчи кўрсаткич.

**) Йиллик кўрсаткич.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 26 июлдаги

ПФ-112-сон Фармонига

2-ИЛОВА



"Тошкент Инвест компанияси"

акциядорлик жамияти фаолиятининг

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


1. Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимликлари ҳамда улар таркибидаги корхона ва муассасаларга тегишли мулклар (кейинги ўринларда - муниципал мулклар) ҳолатини таҳлил қилиш, мавжуд ресурс ва имкониятларни аниқлаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


2. Муниципал мулкларни бошқариш, уларнинг негизида давлат шериги сифатида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уларни тадбиркорлик субъектларига ижара ва бошқарувга бериш, уларнинг мониторингини юритиш ва самарадорлигини баҳолаб бориш.


3. Муниципал мулкларнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, уларнинг негизида инвесторлар билан ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш.


4. Тадбиркорлик субъектларининг Тошкент шаҳри инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ истиқболли лойиҳаларини уларнинг молиявий жозибадорлиги ва самарадорлигидан келиб чиқиб молиялаштиришда иштирок этиш.


5. Тошкент шаҳрининг алоҳида ҳудудларини ривожлантириш ва реновация дастурлари, мастер режа ва қуриладиган объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш.


6. Тошкент шаҳридаги коммунал соҳа корхоналарининг фаолиятини таҳлил қилган ҳолда, улар фаолиятини трансформация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.


7. Тошкент шаҳридаги қурилиш ва реконструкция қилиш ишларини ҳамда инфратузилма тармоқларига уланиш жараёнларини мувофиқлаштириш.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 26 июлдаги

ПФ-112-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Ер участкалари негизида

"Тошкент Инвест компанияси" акциядорлик

жамияти ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида

лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари


1. Юридик шахслар устав капиталида иштирок этиш орқали ер участкалари негизида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг асосий босқичлари:

мазкур механизм асосида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танланган ер участкалари йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш тартибида Вазирлар Маҳкамаси томонидан "Тошкент Инвест компанияси" акциядорлик жамиятига (кейинги ўринларда - Компания) 49 йилдан ошмайдиган муддатга ижарага берилади;

Компанияга ижарага берилган ер участкалари Компания томонидан жалб қилинадиган баҳоловчи ташкилотлар томонидан баҳоланади;

ер участкалари, унда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳасининг мастер режаси, лойиҳа ҳужжатлари ва бошқа рухсат бериш ҳужжатлари расмийлаштирилган ҳолда, Компания буюртмасига асосан у билан биргаликда лойиҳани амалга оширишда иштирок этиш ҳуқуқи учун "E-auksion" электрон савдо платформасида аукцион савдоларига (кейинги ўринларда - аукцион савдолари) чиқарилади;

аукцион савдоларида шаклланган нарх аукцион ғолиби томонидан бир йил ичида Компания ва аукцион ғолиби иштирокида ташкил этиладиган хўжалик жамияти устав капиталига ғолибнинг улуши сифатида йўналтирилади, бунда ушбу хўжалик жамиятининг устав капиталида Компаниянинг 50 фоизгача улуши тегишли лойиҳа учун танланган ер участкасининг аукцион савдоларида шаклланган нархи ҳисобига шакллантирилади;

ташкил этиладиган хўжалик жамиятининг таъсис ҳужжатларида Компаниянинг улуши сотиш ёки қурилган объектнинг бир қисмини ёки унинг қийматини олиш ҳисобига бегоналаштирилиши мумкин. Бунда, улуш қиймати давлат активининг аукцион савдоларида шаклланган баҳосидан кам бўлмаслиги керак.


2. Оддий ширкат шартномаси асосида ер участкалари негизида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг асосий босқичлари:

мазкур механизм асосида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танланган ер участкалари йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш тартибида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Компанияга 49 йилдан ошмайдиган муддатга ижарага берилади;

Компанияга ижарага берилган ер участкалари Компания томонидан жалб қилинадиган баҳоловчи ташкилотлар томонидан баҳоланади;

ер участкалари, унда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳасининг мастер режаси, лойиҳа ҳужжатлари ва бошқа рухсат бериш ҳужжатлари расмийлаштирилган ҳолда, Компания буюртмасига асосан у билан биргаликда лойиҳани амалга оширишда иштирок этиш ҳуқуқи учун аукцион савдоларига чиқарилади. Бунда, ер участкаларининг қиймати, фойдани тақсимлаш тартиби ҳамда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутувчи оддий ширкат шартномаси электрон рақамли имзо билан имзоланган ҳолда илова қилинади;

аукцион савдоларида иштирок этувчи талабгорлар савдоларда қатнашиш учун ер участкаси қийматининг камида 10 фоизини закалат пули сифатида кейинчалик Компанияга ўтказиш учун савдо операторига ўтказади. Бунда, мазкур тўланган маблағлар ер участкалари учун тўловлар амалга оширилганда ҳисобга олинади;

аукцион ғолиби қурилишни ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлар ҳисобидан амалга ошириши, қурилиш якунлангандан кейин кўчмас мулк объекти ёки унинг бир қисмини оддий ширкат шартномасида белгиланган тартибда сотиши мумкин;

кўчмас мулк қурилиши бўйича харажат ва даромадларнинг ҳисоби алоҳида юритилади ва лойиҳа натижасида ер участкаси қиймати тўлангандан сўнг олинган соф фойда оддий ширкат шартномасида белгиланган тартибда тақсимланади. Бунда, оддий ширкат шартномаси шартлари бажарилмаган тақдирда, инвестор томонидан киритилган маблағлар қайтарилмайди.


Изоҳлар:

мазкур иловада назарда тутилган механизмларни, шу жумладан янги механизмларни амалга ошириш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;

Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида бир нечта ер участкалари Компанияга берилиши мумкин.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 26 июлдаги

ПФ-112-сон Фармонига

4-ИЛОВА



Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги

Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси

маблағларини шакллантириш манбалари

ва сарфлаш йўналишлари


I. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари:


1. Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳалардан олинган даромадлар, шу жумладан "Тошкент Инвест компанияси" акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда - Компания) томонидан янгидан яратилган активларни сотишдан тушган тушумлар.


2. Компания давлат шериги сифатида иштирок этган давлат-ҳусусий шериклик лойиҳаларидан олинган даромадлар.


3. Тошкент шаҳридаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришдан ҳамда ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион орқали сотишдан тушадиган маблағларнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган харажатлар чегириб қолинганидан сўнг қолган қисмининг 70 фоизи ва ер участкаси жойлашган туман бюджетига йўналтириладиган қисми, бундан махсус иқтисодий зоналар, кичик, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳамда "Business city" марказлари ҳудудларидаги ер участкалари мустасно.


4. Тошкент шаҳрида махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксация техника воситалари қайд этган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималарнинг Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетига йўналтириладиган қисмининг 50 фоизи.


5. Тошкент шаҳри учун ичимлик сув таъминоти ва канализация хизматлари тарифларига белгиланган махсус устаманинг Тошкент шаҳри ҳокимлигига йўналтирилган қисми.

6. Тошкент шаҳрида ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) жойлаштириш учун қонунчиликда белгиланган тўловнинг 20 фоизи.


7. Тошкент шаҳрида муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини яратиш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида шаҳарсозлик фаолияти объектини қуриш ёки реконструкция қилишни лойиҳалаштириш учун архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш қийматига киритилган тўловнинг 100 фоизи.


8. Вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар.


9. Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисмидан ажратмалар.


10. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари.


11. Қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.



II. Жамғарма маблағлари сарфланадиган асосий йўналишлар:


1. Компания томонидан, шу жумладан инвесторлар иштирокида инвестиция лойиҳалари, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари, Тошкент шаҳри инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш.


2. Тошкент шаҳри алоҳида ҳудудларини ривожлантириш ва реновация дастурлари, мастер режа ва қуриладиган объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш.


3. Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш.


4. Ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш.


5. Реновация дастурларини амалга ошириш.


6. "Янги Ўзбекистон" массивлари, давлат уй-жой дастурларида кўзда тутилган массивлар, шунингдек, махсус иқтисодий зоналар, кичик саноат зоналари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари (ичимлик ва оқова сув, электр энергияси, табиий газ тармоқлари ва автомобиль йўли) билан таъминлаш.


7. Қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган, инвесторнинг ўз маблағлари улуши 25 фоиздан кам бўлмаган, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳалар, шунингдек, халқаро ва республика аҳамиятидаги автомобиль йўллари бўйидаги яхлит ер майдонларида ташкил этиладиган йўлбўйи инфратузилма объектларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш.


8. Компания Кузатув кенгаши қарори асосида қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган Компания фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатларни амалга ошириш.


Изоҳлар:


1. Ушбу илованинг I бўлими 1 ва 2-бандларидаги тушумлар Компания кузатув кенгаши қарори асосида Компанияни сақлаш, шу жумладан ходимларни рағбатлантириш ҳамда юқори малакали мутахассисларни, хусусан хорижий экспертларни жалб қилиш харажатларига йўналтирилиши мумкин.


2. Ушбу илованинг I бўлими 5-бандидаги тушумлар 2023 йил 1 октябрдан 4, 6 ва 7-бандларидаги тушумлар 2024 йил 1 январдан бошлаб Жамғармага йўналтирилади.


3. Жамғарма маблағларини тасарруф этиш, ҳисоби ва ҳисоботини юритиш Компания орқали амалга оширилади.


4. Жамғармага Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби татбиқ этилмайди.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 26 июлдаги

ПФ-112-сон Фармонига

5-ИЛОВА



Тошкент шаҳрини 2023-2025 йилларда ривожлантириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш

шакли


Амалга ошириш

муддати


Масъул ижрочилар

I. БАРҚАРОР ИҚТИСОДИЙ ЎСИШНИ ТАЪМИНЛАШ

1.

2024 йил ва келгуси йиллар учун мўлжалланган Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичларига эришиш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Чора-тадбирлар режаси


Ҳар йили

декабрь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков)


2.

Чилонзор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор, Яккасарой, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида туризм ва савдо хизматларини ривожлантириш дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритиш. Бунда:

Чилонзордаги Арнасой, Яшнободдаги Султонали Машхадий ва Мирободдаги Тарас Шевченко кўчаларида "гастрономик туризм"ни йўлга қўйиш;

тарихий қиёфасини сақлаган ҳолда, Зарқайнар, Гулбозор ва Сархумдон маҳаллаларида туризм ва ҳунармандлар кўчаларини ташкил қилиш;

Эски Жува ҳудудидаги бозор ансамблини меъморий қиёфасини сақлаган ҳолда, энг илғор архитектура ечимлари асосида реконструкция қилиш;

Чилонзор, Шайхонтоҳур ва Учтепа туманларида 1 млн квадрат метр савдо майдонига эга бўлган, 1,5 млрд долларлик 6 та йирик савдо-сервис комплексини ишга тушириш;

200 дан ортиқ туристик объект ташкил қилиш, 50 дан зиёд зиёратгоҳ, тарихий ва маданий мерос объектларини таъмирлаш;

ҳар бир туманда камида 2 тадан туну кун ишлайдиган савдо ва кўнгилочар масканларни ишга тушириш;

автомобиль ҳалқа йўллари бўйида 1 мингдан зиёд замонавий савдо-сервис объектларини ташкил қилиш;

300 дан зиёд замонавий меҳмонхона ва бизнес марказларини қуришни назарда тутиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

декабрь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Кудбиев), Туризм қўмитаси (Шадиев), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Закиров), Савдо-саноат палатаси (Ваҳабов)

3.

Янгиҳаёт, Чилонзор, Бектемир, Сергели ва Миробод туманларида электроника, био-фармацевтика, био-технологиялар асосида кимё, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноати лойиҳаларини амалга ошириш учун янги саноат зоналарини ташкил этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

декабрь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (Кудратов)


4.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги муассислигида "Тошкент Инвест компанияси" акциядорлик жамиятини (кейинги ўринларда - Компания) ташкил этиш, унинг уставини тасдиқлаш ва кузатув кенгаши таркибини шакллантириш.


Тошкент шаҳри ҳокимининг қарори


2023 йил

август


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков)


5.

Компаниянинг устав капиталини шакллантириш.


Амалий чора-тадбирлар


2023-2025

йиллар


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков)


6.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш.


Тошкент шаҳри ҳокимининг қарори


2023 йил

август


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков)


7.

Ер участкалари негизида Компания ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида лойиҳаларни амалга ошириш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

сентябрь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков)


8.

Компания фаолияти очиқлиги ва жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш чора-тадбирларини белгилаш.


Чора-тадбирлар режаси


2023 йил

октябрь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков)


9.

Тошкент шаҳри маҳаллий бюджети ҳисобини 2028 йилдан бошлаб Давлат секторида халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (IPSAS) асосида юритишни тўлиқ йўлга қўйиш.


Чора-тадбирлар режаси

2023 йил

декабрь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Кудбиев)


10.

Ҳуқуқий эксперимент натижалари тўғрисидаги маълумотларни, ҳуқуқий экспериментни такомиллаштириш ёки тўлиқ жорий этиш ҳақидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси


2026 йил

март


Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги (Ташкулов), Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков)


II. КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР СИФАТИНИ ОШИРИШ

ВА ИЖТИМОИЙ ИНФРАТУЗИЛМАНИ ЯНГИЛАШ

11.

2030 йилгача аҳолини замонавий ва ҳамёнбоп уй-жойлар билан таъминлаш, шу жумладан 230 минг квартирали уй-жойлар қуриш ва реновация дастурлари асосида 1,7 мингта уй-жойларни қайта тиклашни назарда тутувчи дастурни тасдиқлаш.


Чора-тадбирлар режаси


2023 йил

ноябрь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Закиров)


12.

2030 йилга қадар электр, газ, иссиқлик ва сув таъминотини яхшилаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи дастурни Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

5 минг км электр тармоқ, 1,6 мингта трансформатор ва 4,5 мингта электр устунларини янгилаш;

800 км сув тармоқларини тортиш, 100 тадан ортиқ маҳаллада сув таъминотини яхшилаш, 185 км сув тармоғи, қудуқлар ва гидрантларни янгилаш;

181 та иссиқлик иншоотларини модернизация қилиш, 1,5 минг км тармоқларни таъмирлаш;

қуввати 1,5 млн куб метр бўлган оқова сув тозалаш иншоотини барпо этиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

Ҳар йили

декабрь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Энергетика вазирлиги (Мирзамаҳмудов), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Закиров), Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (Абдухакимов)


13.

Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган ташкилот ва идоралар томонидан уларга тегишли бино ва унга туташ ҳудудлар атрофида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва тозаликни сақлаш ишларини амалга ошириш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

ноябрь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (Абдухакимов)


14.

Йўл-транспорт бошқарувини рақамлаштириш ва илғор хорижий тажриба, хусусан "Vision zero" концепцияси асосида қуйидагиларни назарда тутувчи "хавфсиз ва равон йўл" тамойилини жорий қилиш бўйича дастурни Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

қлли чорраҳа" ва "ақлли светофор" бошқарув тизими асосидаги чорраҳаларни ташкил этиш;

кириш жойларда ва йўловчи оқими юқори бўлган метро бекатлари атрофида кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил қилиш;

тирбандлик юқори бўлган кўчаларда йўл ўтказгичлар қуриш ва йўл бўйи автомобиллар тўхташ жойларини ташкил этиш;

1 000 кмдан зиёд ички йўллар, 15 та маҳалладаги 16 та кўприкни таъмирлаш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2023 йил

декабрь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Ички ишлар вазирлиги (Бобожонов), Транспорт вазирлиги (Маҳкамов)


15.

Жамоат транспортини ривожлантириш бўйича дастурни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Бунда, қўшимча 1,2 мингта электробус харид қилиш ва автобусларни табиий газ ёқилғисига ўтказишни назарда тутиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2024 йил

март


Транспорт вазирлиги (Маҳкамов), Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков)


16.

"Дўстлик" метро бекатидан Янги Тошкент шаҳрига қадар узунлиги 15 км бўлган 115 минг йўловчи ташиш қувватига эга ер усти метро ёки трамвай линиясини тортиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2024 йил

июнь


Транспорт вазирлиги (Маҳкамов), Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Адилов)


III. ЭКОЛОГИК ВАЗИЯТНИ ЯХШИЛАШ

17.

Тошкент шаҳрида иқлим ўзгаришларига мос кўчат етиштириш, парваришлаш ва суғориш бўйича илғор илмий ва технологик ечимларни ўзида қамраб олган замонавий сервис тизимини йўлга қўйиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2024 йил

январь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (Абдухакимов)


18.

Тошкент шаҳри бўйлаб ҳар йили камида 1 млн дона манзарали, мевали дарахтлар кўчатларини ва қаламчаларини экиш, ҳар бир маҳаллада мингтадан дарахт кўчатларини экиш, "тематик" боғлар барпо қилиш бўйича дастурни тасдиқлаш.


Чора-тадбирлар режаси


Ҳар йили

декабрь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (Абдухакимов)


19.

Янги Тошкент шаҳри ҳудудида умумий майдони 35 гектар бўлган "сунъий кўл" ва 50 гектар майдонда "аквапарк" ташкил этиш.


Амалий чора-тадбирлар


2023-2026

йиллар


Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Адилов), Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков)


20.

Анҳор канали бўйида узунлиги 60 км бўлган сайилгоҳ ташкил этиш. Бунда:

Юнусобод ва Чилонзор туманларини тўсиқсиз пиёдалар ва велосипед йўлакларини билан боғлаш;

мингдан ортиқ дам олиш зоналари ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш, 100 км велосипед йўлаклари, 32 та сайилгоҳ, 30 та яшил ҳудуд ва хиёбонлар барпо қилишни назарда тутиш.


Амалий чора-тадбирлар


2023-2025

йиллар


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Транспорт вазирлиги (Маҳкамов), Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (Абдухакимов)


IV. ИЖТИМОИЙ СОҲАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

21.

Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида 2024 йил ва келгуси йиллар учун Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларида 50 минг ўринли 400 дан ортиқ янги мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда 240 та мактабгача таълим ташкилотини мукаммал таъмирлашни инобатга олиш.


Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури


Ҳар йили

декабрь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Шин), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Кудбиев)


22.

Мактаб таълими сифатини ошириш мақсадида 2024 йил ва келгуси йиллар учун Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларида мактабларда 100 мингта янги ўқувчи ўрни яратиш ва 115 та мактабда қурилиш ва капитал таъмирлаш ишларини амалга оширишни назарда тутиш.


Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури


Ҳар йили

декабрь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Умарова), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Кудбиев)


23.

Тиббий хизматлар ҳажмини ошириш мақсадида 2024 йил ва келгуси йиллар учун Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларида қуйидагиларни инобатга олиш:

35 та янги поликлиника қуриш;

65 та тиббиёт муассасасини капитал таъмирлаш;

450 ўринли 2 та шифохона фаолиятини йўлга қўйиш.


Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури


Ҳар йили

декабрь


Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Кудбиев)


24.

Тошкент шаҳридаги шошилинч хизматларни (ёнғин хавфсизлиги, ички ишлар, тез тиббий ёрдам, коммунал хизматлар) ягона платформада ишлашга ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси


2024 йил

декабрь


Тошкент шаҳри ҳокимлиги (Умурзаков), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Иноятов), Ички ишлар вазирлиги (Бобожонов), Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Закиров)


        

Изоҳ: ушбу иловадаги чора-тадбирларнинг амалга ошириш шакли тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш соҳаси ва предметига қараб қайта кўриб чиқилиши ёки бирлаштирилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 26 июль























































Время: 0.0057
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск