ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик / Бинолар ва иншоотлар ва уларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.07.2023 й. ПФ-119-сон "Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жисмоний шахслар томонидан қурилган уй-жойларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

28.07.2023 й.

N ПФ-119



ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АҲОЛИСИНИ ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

ҲАМДА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ТОМОНИДАН

ҚУРИЛГАН УЙ-ЖОЙЛАРГА БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАРНИ

ЭЪТИРОФ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47-моддасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасида аҳолининг уй-жойга бўлган ҳуқуқи амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратиш, жисмоний шахслар томонидан қурилган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш орқали аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида:


1. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги "2016-2017 йиллар даврида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш тўғрисида"ги 251-сон қарорига асосан ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз 71 987 та уй-жойга бўлган ҳуқуқлар эътироф этилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги "Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида"ги ПФ-5421-сон Фармонига асосан ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз 50 361 та уй-жойга бўлган ҳуқуқлар эътироф этилганлиги;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг маълумотларига кўра, юқоридаги қарор ва Фармон доирасида ҳуқуқ эътироф этилмаган қўшимча 43 432 та уй-жойлар мавжудлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фуқароларнинг ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз қурилган уй-жойлари жойлашган ер участкасига ижара ҳуқуқини, унда жойлашган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин. Бунда:

а) ер участкасига ижара ҳуқуқи ҳамда бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун:

фуқаро ушбу уй-жойдан 2018 йил 1 майгача бўлган даврдан бошлаб ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз фойдаланган бўлиши, ушбу ҳолат космик суратларни қайта ишлаш орқали ҳамда сўнгги беш йил учун ер солиғи ва мол-мулк солиғи тўланганлиги билан тасдиқланган бўлиши;

ҳуқуқни эътироф этиш бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузмаслиги;

ер участкаси бўш бўлмаслиги, унда қурилган уй-жой яшаш учун мўлжалланган бўлиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги;

ер участкаси суғориладиган ерлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар, транспорт, алоқа ва мудофаа мақсадларига мўлжалланган ерлар, кимёвий ёки радиоактив моддалар билан ифлосланган ерлар тоифасига кирмаслиги, сув объектларининг санитария муҳофазаси зоналарида, ер усти ва ер ости сувларининг ҳосил бўлиш зоналарида жойлашмаган бўлиши шартлиги;

б) ер участкасига ижара ҳуқуқи 1998 йил 30 апрелга қадар эгалланган ерлар учун - 0,24 гектаргача, 1998 йил 1 майдан 2018 йил 1 майга қадар эгалланган ерлар учун - 0,06 гектаргача ҳажмда эътироф этилиши;

в) уй-жой эгалари ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ўртасида ер участкаси ижараси шартномасини тузиш талаб этилмаслиги;

г) ушбу банд доирасига тушмайдиган ёки белгиланган ҳажмдан ортиқча ер участкалари захирага қайтарилиши, уларни бериш (реализация қилиш) Ер кодексида белгиланган тартибда амалга оширилиши инобатга олинсин.


3. Белгилансинки, мазкур Фармонга мувофиқ ҳуқуқларни эътироф этиш халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари билан тасдиқланадиган уй-жойлар рўйхатига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қарори билан расмийлаштирилади. Бунда:

талабгорлар ва (ёки) чегарадош ер участкалари эгалари ўртасида низо мавжуд бўлган ҳолларда, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари низо бартараф этилганидан кейин қабул қилинади;

халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан ушбу бандга асосан қарорлар қабул қилиш ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишнинг охирги муддати - 2024 йил 1 август санаси ҳисобланади;

халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ушбу бандда назарда тутилган қарорлари тегишли адлия органида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганидан кейин қабул қилинади ва расмий эълон қилинганидан кейин кучга киради.


4. Қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига:

Кадастр агентлиги - бир ҳафта муддатда ўзининг электрон маълумотлар базасига киритилган уй-жойлар рўйхатини туманлар ва шаҳарлар кесимида;

"Ўзбеккосмос" агентлиги - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан келишилган график асосида ҳудудларнинг 2018 йил 1 майгача бўлган ҳолатига космик суратларини қайта ишлаш натижасида олинган маълумотларни;

Солиқ қўмитаси - икки ой муддатда Кадастр агентлигининг электрон маълумотлар базасига киритилган уй-жойлар орасидан сўнгги беш йил учун ер солиғи ва мол-мулк солиғи тўланган уй-жойлар ҳақидаги маълумотларни;

давлат кадастрларини юритишга масъул бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар - икки ой муддатда ўзларига бириктирилган ҳудудда жойлашган, мазкур Фармоннинг 2-банди "а" кичик бандига мувофиқ ҳуқуқ эътироф этилиши лозим бўлмаган уй-жойлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этсин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига мазкур Фармонни амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирларни белгилаш, жумладан:

Қорақалпоғистон Республикаси, туманлар ва шаҳарлар бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

ҳуқуқ эътироф этилганлиги учун бир марталик йиғим жорий этиш, ундан тушган маблағларни сарфлаш йўналишларини белгилаш;

мазкур Фармонни амалга ошириш бўйича харажатлар учун, хусусан, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга кўмаклашиш, космик суратларни қайта ишлаш учун Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари, бир марталик йиғимдан тушган маблағларни йўналтириш ваколати берилсин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши мазкур Фармон ижроси якунларига кўра 2024 йил 1 августга қадар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғорилмайдиган ерлар ҳамда ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифасини аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг) ерлари тоифасига ўтказиш бўйича таклифларни белгиланган тартибда киритсин.


7. Бош прокуратура Фармон ижросини ташкил этишда қонунийликни таъминлаш устидан қатъий назорат ўрнатсин.


8. Ушбу Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.У. Эрманов белгилансин.


9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Амалга оширилган ишлар тўғрисида 2024 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 28 июль























































Время: 0.2133
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск