язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик/ Уй-жой қонунчилиги/ Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.02.2005 й. ПҚ-3-сон "Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

10.02.2005 й.

N ПҚ-3


ХУСУСИЙ УЙ-ЖОЙ МУЛКДОРЛАРИ ШИРКАТЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БОРАСИДАГИ

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Қайд этилсинки, кейинги йилларда коммунал хўжалигини ислоҳ қилиш, уй-жой фондидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш тизимига бозор механизмларини жорий этиш бўйича зарур қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий база яратилди, уй-жой мулкдорлари билан коммунал хизмат кўрсатувчилар ўртасида шартномавий муносабатлар мустаҳкамланмоқда.

Шу билан бирга уй-жой мулкдорлари ширкатларини ташкил қилиш жараёни ва уларнинг фаолияти юзаки олиб борилмоқда, амалда тасодифий кишилар ихтиёрига бериб қўйилган, кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланиш ва уларни сақлаш ниҳоятда қониқарсиз аҳволда, кўрсатилган коммунал хизматлар учун истеъмолчиларнинг тўлов интизоми ҳамон пастлигича қолмоқда.

Уй-жой мулкдорлари ширкатларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда хизмат кўрсатувчи эксплуатация ва таъмирлаш ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида:


1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг шаҳарларвилоят марказларида, Тошкент шаҳри туманларида, шунингдек аҳолиси 60 минг кишидан ошадиган, кўп хонадонли уйларга эга бўлган шаҳарларда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмалари (бундан буён матнда - ХУМШ Уюшмаси) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки, ташкил этиладиган ХУМШ Уюшмаларининг муассислари таркибига хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари (бундан буён матнда ХУМШ деб юритилади), коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг таъмирлаш-қайта тиклаш, авария хизматлари, шунингдек тегишли ҳудудлардаги кўп хонадонли уй-жойларни бошқариш, хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш билан шуғулланувчи бошқа пудрат ташкилотлари кирадилар.

2. Қуйидагилар ХУМШ Уюшмаларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

уй-жойлар ҳамда уйлар яқин атрофидаги ҳудудларни техникавий ва санитария жиҳатдан яхши ҳолатда сақлаш, уй-жой фондини куз-қиш фаслига тайёрлаш ва ундан фойдаланиш масалаларида ХУМШнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

уй-жой фондининг техникавий ҳолатини сақлаш, уй-жойларни капитал ва жорий таъмирлаш, шунингдек авария-қайта тиклаш ишларини ўтказиш масалалари бўйича ХУМШнинг хизмат кўрсатиш, авария-таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш корхоналари билан ўзаро муносабатларини такомиллаштириш;

ХУМШнинг моддий-техника ресурслари ва сифатли уй-жой коммунал хизматларига бўлган талаб-эҳтиёжларини қондирадиган тўлақонли бозор инфратузилмасини ташкил қилишга кўмаклашиш;

ХУМШнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш;

хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг кадрлари ҳамда раҳбарларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш, қурилиш индустрияси масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти, "Ўзкоммунхизмат" Агентлиги, Адлия вазирлиги бир ой муддатда УМШ шаҳар ва туман Уюшмаларининг Намунавий низомини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.


3. Қуйидагилар тасдиқлансин;

1 ва 2-иловаларга* мувофиқ шаҳар, туман Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмасининг намунавий ташкилий тузилмаси ва бошқарув аппарати тузилмаси;

3-иловага* мувофиқ хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат рўйхатига олиш тартиби ва ҳисобга қўйиш тўғрисидаги низом*.

Белгилансинки, ХУМШ Уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилиши иштирокчилари, Уюшмага кирувчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари раҳбарлари, таъмирлаш-тиклаш ва авария хизматлари, уй-жойни бошқариш, хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ҳамда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот вакиллари ҳисобланадилар.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари зиммасига ХУМШ Уюшмалари билан ишларни мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича қуйидаги вазифа ҳамда ваколатлар юклатилсин:

уй-жой фондидан фойдаланиш, жорий ва капитал таъмирлашни ўз вақтида сақлаш масалаларида ХУМШ фаолияти самарадорлигини мунтазам таҳлил қилиб бориш;

кўп хонадонли уй-жой фондида ўтказиладиган таъмирлаш-қайта тиклаш ишларининг тасдиқланган қурилиш норма ва қоидаларига мувофиқлигини назорат қилиш;

ХУМШ томонидан амалдаги қонунчилик бузилганлиги аниқланган ҳолларда уй-жой мулкдорларининг навбатдан ташқари йиғилишларини чақириш;

ХУМШ раислари ва ижрочи директорларини тайинлаш тўғрисида тавсияномалар, шунингдек уларни уй-жой мулкдорларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этмаган, амалдаги қонунчиликни бузган тақдирда лавозимидан озод қилиш тўғрисида таклифлар киритиш.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари шаҳар ва туманларда уй-жой коммунал хўжалиги масалаларига мутасаддилик қилувчи ҳоким ўринбосари бошчилигида уй-жой фондини сақлаш мониторинги Комиссияларини тузсинлар, уларнинг таркибига кадастр, солиқ, молия хизматларининг, қурилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияларнинг, ички ишлар органларининг, маҳаллалар, УМШ Уюшмаларининг вакилларини жалб этсинлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ҳ. Тўхтаев, Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш, қурилиш индустрияси масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирлиги, "Ўзкоммунхизмат" Агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, УМШ Уюшмалари билан биргаликда 2005 йилнинг биринчи ярмида УМШ раҳбар ходимларини, жумладан тармоқ коллежлари базасида ўқитишни ташкил қилсинлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 5 июлдаги Ф-1992-сон Фармойиши билан тузилган Ишчи гуруҳ (Р.С. Азимов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳар ва туманларнинг ҳокимликлари:

2005 йилнинг феврал-март ойларида битта УМШга бирлаштириладиган хонадонлар (уйлар) сонини қайта кўриб чиқиш ва мақбуллаштириш мақсадида кўп хонадонли уйлардаги уй-жой эгаларининг навбатдан ташқари йиғилишларини ўтказишни таъминласин;

2005 йилнинг 1 апрелига қадар муддатда УМШ ҳудудий уюшмаларининг таъсис йиғилишларини ўтказсин;

2005 йилнинг 1 майига қадар муддатда тузилаётган УМШ Уюшмаларини зарур хоналар, анжомлар, шунингдек ташкилий техника билан таъминласин.


8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, бунда:

1991 йилгача бўлган даврда қурилган кўп хонадонли уй-жой биноларини капитал таъмирлаш дастурларига хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан уй-жой биносини капитал таъмирлаш умумий смета қийматининг камида 30 фоизи ҳажмида молиялаштирилган уйлар киритилади;

кўп хонадонли уй-жой биноларида жойлашган бошқа мақсадларда фойдаланилаётган хоналарнинг эгалари уй-жой биносининг умумий мулкини сақлаш ва таъмирлашда иштирок этишлари мажбурийдир.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари маҳаллий бюджетларга режадан ортиқча тушган маблағлар ҳисобидан таъмирлаш-қайта тиклаш ишлари учун ХУМШга бюджетдан ссудалар берсин.

9. Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси "Ўзкоммунхизмат" Агентлиги, "Саноатконтехназорат", Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда белгиланган тартибда қуйидагиларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:

кўп хонадонли уйларда хоналарни реконструкциялаш, ўзгартириш ва қайта ускуналаш бўйича бинолар хавфсизлигини таъминлайдиган қурилиш норма ва қоидалари;

ҳар бир хонадонда совуқ ва иссиқ сув учун биттадан ошмайдиган ҳисоблагич асбоб ўрнатилишини кўзда тутадиган уй ичи ва хонадон ичи коммунал тармоқларининг схемалари энг мақбул бўлган кўп хонадонли уйларнинг намунавий лойиҳалари.


10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари уч ой муддатда:

ҳудудий коммунал-фойдаланиш бирлашмаларини тугатиб, уларнинг вазифаларини коммунал хизматини ривожлантириш масалаларига масъул бўлган ҳоким ўринбосари котибияти ихтиёрига топширсинлар;

вилоят "Коммундренаж" ишлаб чиқариш корхоналарини шаҳар ва туман ҳокимликлари билан шартномалар асосида ихтисослаштирилган дренаж ишларини бажарувчи пудрат корхоналарига айлантирсинлар.

Шаҳар ва туманларни ободонлаштириш, кўчаларни ёритиш, дренаж ишларини бажариш масалалари нодавлат мулкчилик шаклида барпо этилаётган корхоналар томонидан маҳаллий ҳокимият органлари, УМШ Уюшмалари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан шартнома асосида ҳал этилиши белгилаб қўйилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги "Ўзкоммунхизмат" Агентлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

бир ой муддатда амалдаги қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар;

икки ой муддатда "Уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида" Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Қонуни лойиҳаси.


12. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2005 йил, 5-6-сон, 30-модда.