ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Дин масалалари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.08.2023 й. 345-сон "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

08.08.2023 й.

N 345




"УМРА" ТАДБИРЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШДА ЗИЁРАТЧИЛАРНИНГ

МАНФААТЛАРИНИ САМАРАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқодга оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиб, фуқароларга "Умра" зиёрати учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Шу билан бирга, хусусий сектор томонидан "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари яратилмаганлиги зиёратчилар ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш имконини бермаяпти. Бу эса ҳамюртларимизнинг чет элда сарсон бўлишига, фирибгарларга ва зиёратга ноқонуний йўллар билан юборувчи "воситачилар"га алданиб қолишига, етарли малакага эга бўлмаган шахсларнинг гуруҳ раҳбари (элликбоши) сифатида жалб қилиниши оқибатида "Умра" амалларининг мукаммал адо этилмаслигига ҳамда турли деструктив кучлар таъсири остига тушиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Зиёратчилар "Умра" амалларини муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, хорижда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Фуқароларга "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни (кейинги ўринларда - "Умра" хизматлари) кўрсатиш билан боғлиқ туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг алоҳида фаолият йўналиши ҳисоблансин ҳамда мазкур фаолият фақат маҳаллий туроператор томонидан амалга оширилиши белгилансин.


2. Туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг "Умра" хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия талаблари ва шартлари жорий этилсин:

100 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш ҳамда ушбу маблағларнинг етарли миқдорини таъминлаб бориш;

"Умра" хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш;

"Умра" хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши;

"Умра" хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатмаслик;

"Умра" хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш.


3. Белгилансинки:

тегишли туроператор томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиладиган 100 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағлардан унинг "Умра" хизматларини сифатсиз кўрсатишидан жабр кўрган зиёратчиларга етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини қоплаш учун суд қарорига мувофиқ фойдаланилади;

туристик фаолиятнинг "Умра" хизматларини кўрсатиш йўналиши учун лицензия бериш масаласи Ўзбекистон Республикасининг "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонунида белгиланган лицензиялаш соҳасидаги тегишли ваколатли органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси билан келишилади. Бунда, ариза 10 иш куни давомида кўриб чиқилади.


4. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг "Умра" хизматларини кўрсатувчи туроператор мурожаати асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассисини зиёратчиларга гуруҳ раҳбари (элликбоши) сифатида жалб этиш бўйича қуйидаги тартибни жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

мутахассиснинг зиёратчилар гуруҳларига раҳбарлик қилиши билан боғлиқ хизмати беғараз амалга оширилади, унинг сафар харажатлари (транспорт, меҳмонхона, озиқ-овқат, суғурта, виза тўловлари ва бошқалар) "Умра" хизматларини кўрсатувчи туроператор томонидан қопланади;

мутахассис "Умра" хизматларини кўрсатувчи туроператорнинг сўровига кўра Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан уч иш кунида ажратилади;

1 нафар гуруҳ раҳбарига 50 нафардан ошмаган зиёратчилар гуруҳи бириктирилади.


5. "Умра" хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ фаолият устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси:

икки ой муддатда ўз расмий веб-сайтида "Умра" хизматларини кўрсатувчи туроператорлар рейтингини шакллантириш учун тегишли ахборот модулининг ишга туширилишини;

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси билан биргаликда 2023 йил 1 октябрдан бошлаб "Умра" хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилишини таъминласин.

Белгилансинки, ушбу рейтингдаги "Умра" хизматларини кўрсатувчи туроператорларнинг ўрни жамоатчилик томонидан очиқ овоз бериш, ушбу ташкилотлар хизматларидан аввал фойдаланган фуқаролар (сайёҳлар) билан ўрнатилган қайта алоқа (жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали) натижаларига кўра аниқланади.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва "Лицензия" ахборот тизимини ушбу қарор талаблари асосида такомиллаштирсин.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси туристик фаолиятни амалга ошириш лицензиясининг чиқиш туризми кичик турини расмийлаштиришда туроператорларнинг "Умра" тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи лицензияда алоҳида акс эттирилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда:

ушбу қарор мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка ва тадбиркорлик субъектларига етказилишини таъминласин ҳамда "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва диний тадбирлар (зиёратлар)ни амалга ошириш бўйича видеороликлар ишлаб чиқиб, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиш чораларини кўрсин;

"Умра" хизматларини кўрсатувчи туроператорлар учун зиёратчиларни олдиндан таништириш мақсадида тавсиявий йўриқнома ишлаб чиқсин ва ўзларининг расмий веб-сайтларига жойлаштирсин;

фуқаролардан "Умра" хизматларини кўрсатиш масалалари юзасидан келиб тушадиган мурожаатлар билан ишлаш юзасидан назоратни кучайтирсин.


8. Белгилансинки, мазкур қарор кучга киргунга қадар чиқиш туризми кичик тури бўйича туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси мавжуд ташкилотларга нисбатан ушбу қарорнинг 2-бандида белгиланган қўшимча лицензия талаб ва шартлари 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб қўлланилади ҳамда улардан лицензияни қайта расмийлаштиришда аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим ва лицензия учун давлат божи ундирилмайди.


9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.

Бунда мазкур қарорга илованинг 2-банди 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб амалга киритилади.


10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдуҳакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси С.Д. Тошбоев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 8 августдаги

345-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим

қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сон қарори билан тасдиқланган "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун "Ҳаж" тадбири Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги (кейинги ўринларда Саудия Арабистони деб аталади) Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади ҳамда бундай фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди.

"Умра" тадбири Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва тегишли лицензияга эга маҳаллий туроператорлар томонидан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этиладиган "Умра" тадбири унинг Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилоти ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳар йилги "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисида" 2006 йил 28 августдаги ПФ-3793-сон Фармони билан ташкил қилинган Ҳар йилги "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши (кейинги ўринларда Жамоатчилик кенгаши деб аталади) билан келишган ҳолда ҳар йили имзоланадиган шартномага мувофиқ Ушбу Низом талаблари асосида амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан "Умра" тадбирини ташкил этиш билан боғлиқ фаолият Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори билан тартибга солинади".


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомга 5-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Туризм фаолиятини лицензиялаш

ПАСПОРТИ

1.

Лицензия номи:

туристик фаолиятни амалга ошириш учун лицензия


2.

Лицензияланадиган фаолиятнинг кичик турлари:

а) ички туризм фаолияти (Ўзбекистон Республикаси ичкарисида туристик фаолиятни амалга ошириш);

б) чиқиш туризми фаолияти:

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида туристик фаолиятни (шу жумладан тиббий ва таълим туризмини) амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида туристик фаолиятни ("Умра" тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш) амалга ошириш);

в) кириш туризми фаолияти (Ўзбекистон Республикасига чет эл фуқароларини жалб этишга оид туристик фаолиятни амалга ошириш).


3.

Ариза берувчилар тоифаси:

Жисмоний ва юридик шахслар


4.

Лицензияловчи орган:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар туризм бошқармалари


5.

Лицензияни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:

Туроператорлик фаолиятини амалга ошириш учун:

а) ариза;

аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), фаолиятни амалга ошириш жойининг манзили, СТИР, банк муассасасининг номи ва банк ҳисобварағи, фаолиятнинг лицензияланаётган тури, лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги, ариза тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш, қайта расмийлаштириш);

б) талабгорнинг камида икки чет тилидаги, электрон тўловлар, брон қилиш хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши (ушбу талабнинг чет тиллари бўйича қисми "ички туризм" йўналишидаги лицензиатларга тааллуқли эмас) тўғрисидаги маълумотлар;

в) юридик шахс штатида "туризм" йўналиши бўйича олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар, профессионал маълумотга ёки малака сертификатига эга бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши, "Умра" тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш хизматларини кўрсатиш учун қўшимча равишда диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг "Диншунослик", "Исломшунослик", "Ислом тарихи ва манбашунослиги", "Зиёрат туризми" ва "Ислом ҳуқуқи" таълим йўналишлари (мутахассисликлар) битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот;

г) туроператорларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон нусхалари;

д) раҳбарнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, паспорт (идентификацияловчи ID-карта) маълумотлари, уй манзили, маълумоти, алоқа телефонлари кўрсатилган маълумотлар;

е) лицензияловчи орган "чиқиш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талабгорларига 15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги, башарти "Умра" тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид туризм хизматларини кўрсатмоқчи бўлган тақдирда, лицензия талабгори 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилинганлиги ҳақидаги маълумотни ўзи мустақил тарзда олади.

Турагентлик фаолиятини амалга ошириш учун:

а) ариза;

юридик шахслар учун:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), фаолиятни амалга ошириш жойининг манзили, банк муассасасининг номи ва банк ҳисобварағи, СТИР, фаолиятнинг лицензияланаётган тури, лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги, ариза тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш, қайта расмийлаштириш);

жисмоний шахслар учун:

фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР (мавжуд бўлса), фаолиятни амалга ошириш жойи, яшаш жойи, электрон почта манзили (мавжуд бўлса), телефон рақами, лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги, лицензия тоифалари бўйича танлаш, ариза тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш, қайта расмийлаштириш).

б) мижозга лицензиатнинг иш режими, жойлашган ери (почта манзили), тегишли лицензия, лицензиатнинг фамилияси, исми, отасининг исми тўғрисида тўлиқ ва батафсил маълумот бериш, жумладан, ушбу кўрсатилган маълумотларни ўзининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштирилганлиги тўғрисида маълумотлар;

в) талабгорнинг камида икки чет тилидаги, электрон тўловлар, брон қилиш хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши (ушбу талабнинг чет тиллари бўйича қисми "ички туризм" йўналишидаги лицензиатларга тааллуқли эмас) тўғрисидаги маълумотлар.

г) лицензияловчи орган "чиқиш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талабгорларига 15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилинганлигини ҳақидаги маълумотни ўзи мустақил тарзда олади.


6.

Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори:


базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,5 баравари


7.

Лицензия берилганлиги учун давлат божи миқдори:

"Ички туризм" йўналиши бўйича туризм фаолияти учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари;

"чиқиш туризми" ёки "кириш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолияти ёхуд биттадан ортиқ йўналиш тури бўйича туризм фаолиятини амалга ошириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари.


8.

Аризани кўриб чиқиш муддатлари:


5 кун, башарти ариза "Умра" тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид бўлса, 10 кун.


9.

Лицензия талаблари ва шартлари:

Туроператорлар фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялаш талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:

а) туризм тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя қилиш;

б) юридик шахс штатида "туризм" йўналиши бўйича олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ёки малака сертификатига эга бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши, "Умра" тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш хизматларини кўрсатувчи ташкилот штатида қўшимча равишда диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг "Диншунослик", "Исломшунослик", "Ислом тарихи ва манбашунослиги", "Зиёрат туризми" ва "Ислом ҳуқуқи" таълим йўналишлари (мутахассисликлар) битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги;*

в) юридик шахс ходимлари (гидлар (гид-таржимонлар), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар) уч йилда камида бир марта белгиланган тартибда малака сертификатини олиши;*

г) "чиқиш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талабгорларига 15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни, башарти "Умра" тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид туризм хизматларини кўрсатмоқчи бўлган тақдирда, лицензия талабгори 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиши;*

д) туризм маҳсулоти буюртмачиси билан, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг туризм хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига жавоб берадиган электрон тижорат шартномаси тузилганидан кейин туризм хизматларини кўрсатиш;

е) ҳар бир туристга ва экскурсантга туристик саёҳат вақтида Ўзбекистон Республикасига ҳамда чет давлатларга кириш, улардан чиқиш ва уларда бўлишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги ахборотни етказиш;

ж) мижозга лицензиатнинг иш режими, унинг жойлашган жойи (почта манзили), тегишли лицензия, туризм хизматлари сертификатининг мавжудлиги (агар мавжуд бўлса), туризм фаолиятининг аниқ йўналишлари учун масъул бўлган лицензиатнинг мутахассислари фамилияси, исми, отасининг исми тўғрисида тўлиқ ва батафсил маълумот бериш, жумладан, ушбу кўрсатилган маълумотларни ўзининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштириш;

з) лицензиат камида икки чет тилидаги, электрон тўловлар, брон қилиш хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши (ушбу талабнинг чет тиллари бўйича қисми "ички туризм" йўналишидаги лицензиатларга тааллуқли эмас);

и) туроператорларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлиги;*

й) хорижий мамлакатлардаги таълим ва (ёки) тиббиёт муассасаси томонидан берилган белгиланган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат нусхасининг мавжудлиги ("чиқиш туризми" йўналиши бўйича таълим ва (ёки) тиббиёт туризми фаолиятини амалга ошириш учун);*

к) хорижий мамлакатлардаги таълим ва (ёки) тиббиёт муассасаси билан ҳамкорлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг мавжудлиги ("чиқиш туризми" йўналиши бўйича таълим ва (ёки) тиббиёт туризми фаолиятини амалга ошириш учун);*

л) фаолиятни фақат лицензияда кўрсатилган йўналиш(лар) бўйича амалга ошириш;*

м) мижозлар ва чет эллик ҳамкорлар билан тузилган тегишли шартномасиз туризм хизматларини кўрсатмаслик;*

н) туризм хизматлари сертификати билан тасдиқланган туристлар ва экскурсиячиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфсизликни таъминлаш тизимининг лицензиатда мавжудлиги.

"Умра" тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш хизматларини кўрсатувчи туроператорларга қўйиладиган қўшимча лицензиялаш талаб ва шартлари қуйидагилардан иборат:

а) "чиқиш туризми" фаолияти доирасида "Умра" тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид туризм хизматларини кўрсатиш учун лицензия талабгори 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиши;*

б) "Умра" тадбирлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш ҳамда бир нафар гуруҳ раҳбарига эллик нафардан ошмаган миқдорда зиёратчиларни бириктириш;*

в) "Умра" тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш хизматларини кўрсатувчи ташкилот штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг "Диншунослик", "Исломшунослик", "Ислом тарихи ва манбашунослиги", "Зиёрат туризми" ва "Ислом ҳуқуқи" таълим йўналишлари (мутахассисликлар) битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги;*

г) "Умра" тадбирига вояга етган фуқароларни юбориш;

д) "Умра" тадбирини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш.*

Турагентлар фаолиятини лицензиялаш талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:

а) туризм тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя қилиш;

б) туризм фаолиятининг "чиқиш туризми" йўналишидаги фаолиятни фақат юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириш;*

в) "чиқиш туризми" йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талабгорларига 15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиши;*

г) туроператор билан шартнома тузилгандан сўнг туроператорлар томонидан яратилган туризм маҳсулотини тарғиб ва реализация қилиш;*

д) ҳар бир туристга ва экскурсиячига туристик саёҳат вақтида Ўзбекистон Республикасига ҳамда чет давлатларга кириш, улардан чиқиш ва уларда бўлишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги ахборотни етказиш;

е) лицензиат камида икки чет тилидаги, электрон тўловлар, брон қилиш хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши (ушбу талабнинг чет тиллари бўйича қисми "ички туризм" йўналишидаги лицензиатларга тааллуқли эмас);*

ж) мижозга лицензиатнинг иш режими, жойлашган ери (почта манзили), тегишли лицензия, лицензиатнинг фамилияси, исми, отасининг исми тўғрисида тўлиқ ва батафсил маълумот бериш, жумладан, ушбу кўрсатилган маълумотларни ўзининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштириш.


10.

Лицензия беришда келишиладиган органлар:

мавжуд эмас ("Умра" тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш бўйича аризалар Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси билан келишилади).


11.

Лицензиянинг амал қилиш муддати:

чекланмаган


12.

Изоҳ.

*) Қўпол равишда бузиш деб ҳисобланадиган талаб ва шартлар.


".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 8 август




















































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск