ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Умумий қоидалар /

"Агроплатформа" ахборот тизимидан фойдаланишни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.08.2023 й. 330-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 3 августдаги

330-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Агроплатформа" ахборот тизимидан фойдаланишни

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Агроплатформа" ахборот тизимининг (кейинги ўринларда - "Агроплатформа" АТ) мақсади, функциялари ва вазифалари, ахборот тизими иштирокчилари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви ҳамда ахборот тизимидан фойдаланишни ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


"Агроплатформа" АТ - Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг (кейинги ўринларда - Қишлоқ хўжалиги вазирлиги) "Рақамли қишлоқ хўжалиги" ягона интеграцион платформаси таркибига кирувчи ҳамда пахта, бошоқли дон, мева-сабзавотлар етиштириш учун имтиёзли кредитларни ажратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга шаффофлик тамойилида хизмат кўрсатиш имкониятларини таъминлаб берадиган ахборот тизими;


"CropAgro" АТ - қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг таклифларини қабул қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларини электрон жойлаштириш, келишиш, маълумот ва ҳисоботларни шакллантириш учун фойдаланиладиган ахборот тизими*;


буюртмалар - қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сарфланадиган минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари, электр энергияси, техник хизматлар ва бошқа маҳсулот, хизматларга бўлган эҳтиёжлар учун буюртмалар;


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;


иштирокчи - "Агроплатформа" АТдан фойдаланишда иштирок этувчи юридик шахслар (Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси, қишлоқ хўжалиги корхоналарига хизмат кўрсатувчи тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар);


тизимнинг хуқуқий оператори - "Рақамли қишлоқ хўжалиги" ягона интеграцион платформаси таркибига кирувчи барча ахборот ва геоахборот тизимларини жорий этиш, тизимлардан фойдаланувчилар ўртасида шартномавий муносабатларни мувофиқлаштириш учун масъул бўлган "Агросаноатни рақамлаштириш маркази" МЧЖ;


тизимнинг техник оператори - "Агроплатформа" АТни ҳамкорликда ишлаб чиқувчи, ишга тушириш, техник ва дастурий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни амалга оширувчи "UZINFOCOM" давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор" МЧЖ;


фойдаланувчи - белгиланган тартибда "Агроплатформа" АТда рўйхатдан ўтган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси;


шахсий кабинет - "Агроплатформа" АТда зарур ахборотни жойлаштириш ва ундан фойдаланишни таъминлайдиган индивидуал саҳифа;


қишлоқ хўжалиги корхоналари - ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, пахта, бошоқли дон, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи корхоналар.


3. "Агроплатформа" АТ фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар лойиҳа-техник ҳужжатларга асосан ваколатли органнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг грантлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


*) "CropAgro" АТни ишлаб чиқиш, илмий асослаш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришнинг мақбул усулларини геоахборот тизимлари ва масофадан зондлаш технологияларини татбиқ этиш орқали такомиллаштириш ишлари 2023-2024 йилларда илмий лойиҳаларга ажратилган Давлат бюджети маблағлари доирасида амалга оширилади.



2-БОБ. "АГРОПЛАТФОРМА" АТНИНГ МАҚСАДЛАРИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. "Агроплатформа" АТнинг мақсади қуйидагилардан иборат:

қишлоқ хўжалиги корхоналари, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларни агротехник тадбирларнинг амалга оширилиши бўйича ишончли маълумотлар билан таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш фаолиятини амалга ошириш доирасида идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга замонавий рақамли технологияларга асосланган хизматлар кўрсатиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш жараёнидаги мавжуд вақт сарфи ва операцион харажатларни қисқартириш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар ва уларга тегишли ер участкалари, экинлар тўғрисидаги барча маълумотларни ягона базага жамлаш, қайта ишлаш, масофавий узатиш орқали статистик ҳамда таҳлилий ҳисоботларни йиғиш ва улардан тезкор қарорлар қабул қилишда фойдаланиш;

агросаноат инфратузилмасини ривожлантириш ва агросаноат тармоқларида мавжуд бошқа масалаларни самарали ҳал этиш учун шароитлар яратиш.


5. Қуйидагилар "Агроплатформа" АТнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

пахта, бошоқли дон, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш жараёнларини рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга хизматлар кўрсатишни шаффофлик тамойилига риоя этган ҳолда электрон шаклга ўтказиш;

хизматлар кўрсатиш шартномаларини электрон шаклда расмийлаштириш ва уларнинг электрон базасини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга ажратилган имтиёзли кредитлар ва кўрсатилган хизматлар мониторингини юритиш;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш ва экинларни жойлаштириш тўғрисидаги маълумотларни электрон шакллантириш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва реализация қилиш учун электрон тижорат таомилларини жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналари ўртасида ушбу имкониятлардан фойдаланишни тарғиб қилиш;

давлат органлари, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва бошқа ташкилотларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга бириктирилган ер участкалари тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлаш;

буюртманомаларни электрон шаклда юбориш ва қабул қилиш;

кўрсатилган хизматлар ва етказиб берилган маҳсулотлар мониторингини юритиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга оид молиявий, статистик ва таҳлилий маълумотларни олиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг суғурталашга оид маълумотларини тижорат банклари ва бошқа манфаатдор ташкилотларга тақдим этиш.



3-БОБ. "АГРОПЛАТФОРМА" АТ ИШТИРОКЧИЛАРИ

ЎРТАСИДА АХБОРОТ АЛМАШИНУВИ


6. "Агроплатформа" АТ иштирокчилари ўртасида ахборот алмашинуви бўйича ҳамкорлик доирасида:

а) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги - ҳар бир ҳудуд бўйича экин майдонларининг мелиоратив ҳолати ҳамда уларни сув билан таъминлаш имкониятлари тўғрисидаги маълумотларни шакллантиради ва ҳар йили 1 майга қадар "Агроплатформа" АТ ("CropAgro" АТ)га жойлаштиради;

б) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги:

Кадастр агентлиги - қишлоқ хўжалиги ерлари чегараси, уларга бўлган ҳуқуқ эгалари ҳақидаги ҳамда қишлоқ хўжалиги ерлари контурлари тўғрисидаги маълумотларни ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат реестридан кўчирмаларни электрон маълумот алмашинуви (интеграция) орқали "CropAgro" АТга жойлаштириб боради;

Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси "Агроплатформа" АТ орқали тижорат банкларидан электрон буюртмаларни қабул қилади ва ушбу буюртмаларга кўра қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари учун имтиёзли кредитларни тижорат банкларига жойлаштириб боради;

в) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари - хизмат кўрсатувчи тижорат банкларига ариза ва кредит буюртманомаларини электрон шаклда тақдим этади, тижорат банклари - тақдим этилган электрон буюртманомаларга асосан кредитларни ажратиб боради;

г) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш маркази - қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларга "Агроплатформа" АТ имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш борасида кўмаклашади;

д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари - тизимда қишлоқ хўжалиги экинларини геопорталда жойлаштириш маълумотларини фермер, агрокластерлар ва туманлар кесимида тасдиқлайди, ҳудудлар бўйича умумлашган маълумотларга асосан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими "E-Qaror" АТда тегишли қарорни қабул қилади;

е) қишлоқ хўжалиги корхоналари - ажратилган имтиёзли кредитлар ҳисобидан етиштирилган ҳосил, омборга қабул қилинган хом ашё, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар бўйича маълумотларни "Агроплатформа" АТга жойлаштириб боради;

ж) агрокластерлар - қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари билан шартномавий муносабатларни расмийлаштириш мақсадида электрон шакллантирилган ва корхона раҳбари томонидан имзоланган тижорат таклифларини тақдим этади;

з) ваколатли орган - "Агроплатформа" АТ иштирокчилари ва уларнинг таркибини ҳамда маълумотлар шаклланишини мувофиқлаштиради.


7. Тизим операторлари:

"Агроплатформа" АТнинг узлуксиз ишлашини ва ахборот хавфсизлигини таъминлайди;

давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларни, "Агроплатформа" АТ фойдаланувчисини тизимдаги техник носозликлар тўғрисида хабардор қилиб боради;

фойдаланувчига "Агроплатформа" АТдан фойдаланиш учун қулай шароит яратади;

қишлоқ хўжалиги корхоналари, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларга "Агроплатформа" АТнинг функционал имкониятларини тақдим этади ҳамда улардан тўлақонли фойдаланишда кўмаклашади.



4-БОБ. ТИЗИМ ОПЕРАТОРЛАРИ

ВА ФОЙДАЛАНУВЧИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Тизим операторлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

"Агроплатформа" АТ маълумотларидан хизмат доирасида фойдаланиш;

фойдаланувчи томонидан "Агроплатформа" АТга киритилган маълумотларнинг тўғри ва ишончлигини текшириш.


9. "Агроплатформа" АТ операторларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

"Агроплатформа" АТнинг ҳар бир иштирокчиси томонидан тизимга тақдим этиладиган соҳага доир маълумотларнинг доимий янгилаб борилишини таъминлаш;

"Электрон ҳукумат" тизимининг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғига ҳамда "Агроплатформа" АТга жойлаштирилган ахборот алмашинуви объектларидан фойдаланишни ташкил қилиш;

фойдаланувчининг шахсига доир ва тижорат сирлари тўғрисидаги маълумотлари сир сақланишини кафолатлаш;

"Агроплатформа" АТ орқали амалга оширилган операцияларнинг рўйхатга олинишини, операциялар тўғрисида ҳисоботлар шакллантирилишини ва операциялар тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилган, жўнатилган ёки қабул қилинган шаклда унинг яхлитлигини ва ўзгармаслигини таъминлаган ҳолда беш йилдан кам бўлмаган муддатда сақланишини таъминлаш.


10. Фойдаланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

"Агроплатформа" АТдан ва ундаги маълумотлардан мазкур Низом талаблари доирасида фойдаланиш;

электрон шаклдаги аризаларни тақдим этиш;

шартномаларни электрон шаклда расмийлаштириш.


11. Фойдаланувчининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

"Агроплатформа" АТдан фойдаланишда мазкур Низом талабларига қатъий риоя этиш, бошқа фойдаланувчи ва тизим операторлари фаолиятига зарар етказмаслик;

"Агроплатформа" АТ орқали хизматларни олишда ўз фаолиятига оид тўғри ва ишончли маълумотларни тақдим этиш.



5-БОБ. "АГРОПЛАТФОРМА" АТДА РЎЙХАТДАН

ЎТИШ ВА УНДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


12. Фойдаланувчи Интернет ахборот тармоғидаги расмий веб-сайт орқали "Агроплатформа" АТ имкониятларидан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

Бунда фойдаланувчи "Электрон ҳукумат" тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизимида (OneID) рўйхатдан ўтган бўлиши шарт.


13. Фойдаланувчи "Агроплатформа" АТда рўйхатдан ўтиш жараёнида қуйидагиларни тақдим этади:

а) жисмоний шахслар учун:

фойдаланувчининг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

фойдаланувчининг мобил телефон рақами;

фойдаланувчининг электрон почта манзили;

фойдаланувчининг яшаш манзили;

б) юридик шахслар учун:

юридик шахс вакилининг мобил телефон рақами;

юридик шахснинг жойлашган ери ва электрон почта манзили;

юридик шахснинг фаолият йўналиши.

Фойдаланувчининг бошқа маълумотлари идоралараро маълумот алмашинуви орқали олинади.


14. "Агроплатформа" АТдан рўйхатдан ўтиш якуни билан фойдаланувчи ва мазкур ахборот тизими операторлари ўртасида ахборот тизимидан фойдаланиш шартларини қабул қилиш бўйича электрон шаклда шартнома имзоланади.


15. Фойдаланувчи "Агроплатформа" АТга тақдим этилган маълумотларнинг тўғри ва ҳаққонийлиги учун жавобгар ҳисобланади.


16. "Агроплатформа" АТдан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш тўғрисидаги маълумотларни электрон харитада кўрсатиш ва ушбу маълумотларни белгиланган тартибда келишиш;

қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштирилиши тўғрисидаги маълумотларга асосан келгуси ҳосил учун фьючерс шартномаларини имзолаш;

имтиёзли кредитлар олиш учун электрон шаклдаги аризани тақдим этиш ҳамда кредит шартномасини имзолаш;

кредитларни қайтмаслик хавфидан суғурталаш;

қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларини лизингга олиш бўйича электрон аризани тақдим этиш ва лизинг шартномасини имзолаш;

қишлоқ хўжалигига доир статистик ва таҳлилий маълумотларни олиш, етиштирилган ҳосилнинг якуний ҳисоб-китобларини мониторинг қилиш.


17. Рўйхатдан ўтган ҳар бир фойдаланувчи учун "Агроплатформа" АТда шахсий кабинет яратилади.

Шахсий кабинетдан ушбу Низомнинг 16-бандида кўрсатилган мақсадларда фойдаланилади.


18. Фойдаланувчи ўз шахсий кабинети орқали амалга оширган ҳаракати учун масъул ҳисобланади.

Тизим операторлари фойдаланувчининг шахсий кабинетидан учинчи шахс рухсатсиз фойдаланганлиги учун жавобгар ҳисобланмайди.


19. Фойдаланувчи томонидан "Агроплатформа" АТ орқали тақдим этилган маълумотларда номутаносибликлар аниқланганда, унинг "Агроплатформа" АТдан фойдаланиш ҳуқуқи вақтинча тўхтатилади.

Фойдаланувчи томонидан хатоликлар бартараф этилгандан сўнг унинг "Агроплатформа" АТдан фойдаланиш ҳуқуқи бир иш кунида қайта тикланади.


20. Фойдаланувчининг фаолияти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилган тақдирда, унинг "Агроплатформа" АТдан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам тўхтатилади.



6-БОБ. ЭЛЕКТРОН ҲУЖЖАТ АЙЛАНИШИ


21. Фойдаланувчи билан "Агроплатформа" АТдан фойдаланиш бўйича тузилган шартномага мувофиқ белгиланган мажбуриятлар электрон ҳужжат айланиши шаклида амалга оширилади.


22. Фойдаланувчи "Агроплатформа" АТдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани имзолаши билан бирга ушбу ахборот тизими орқали электрон ҳужжат айланишига ўз розилигини билдириши лозим.


23. "Агроплатформа" АТда электрон ҳужжат айланиши жараёнида электрон рақамли имзо калитларидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилади.



7-БОБ. "АГРОПЛАТФОРМА" АТ БЎЙИЧА

ТЕХНИК ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ


24. "Агроплатформа" АТ операторлари фойдаланувчига қуйидаги техник хизматларни кўрсатиш мажбуриятини зиммасига олади:

"Агроплатформа" АТдан фойдаланиш бўйича маслаҳат бериш, ушбу ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича фойдаланувчи мурожаатига жавоб қайтариш;

"Агроплатформа" АТ дастурий таъминотида юзага келган ва ушбу ахборот тизимининг функционал имкониятларининг бажарилишига таъсир кўрсатадиган хатоликларни бартараф этиш;

"Агроплатформа" АТда юзага келган узилишлар ва ушбу ахборот тизимига киритилган ўзгартиришлар тўғрисида фойдаланувчини ўз вақтида хабардор қилиш.


25. "Агроплатформа" АТ операторлари зарур ҳолларда фойдаланувчига шартнома шартларида белгиланган мажбуриятларга асосан қўшимча техник ёрдам кўрсатиши мумкин.



8-БОБ. ФОРС-МАЖОР ҲОЛАТЛАР


26. Форс-мажор ҳолатлари юзага келганда тарафлар мазкур ҳолатлар бартараф этилгунига қадар шартномада белгиланган ўзаро мажбуриятларни бажаришдан вақтинча озод қилинади.


27. Форс-мажор ҳолатлари юзага келганлиги ёки бартараф этилганлиги бўйича хабарнома тарафларда мавжуд бўлган барча алоқа воситалари орқали юборилади.


28. "Агроплатформа" АТ операторлари қуйидаги ҳолларда жавобгар ҳисобланмайди:

"Агроплатформа" АТдан фойдаланиш даврида умумий фойдаланиш учун мўлжалланган алоқа тармоқларининг техник носозлиги, фойдаланувчининг Интернет ахборот тармоғидан фойдаланишининг чекланиши, маълумотларни узатиш ва қабул қилиш жараёнидаги алоқа тармоқларидаги бошқа техник носозликлар;

фойдаланувчининг "Агроплатформа" АТга кириши учун рухсатнинг чекланиши;

фойдаланувчининг аппарати ёки дастурий таъминотидаги техник носозликлар;

"Агроплатформа" АТ операторларининг бевосита назорати остида бўлмаган бошқа ҳолатлар.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29. "Агроплатформа" АТдан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган низо ва келишмовчиликлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


30. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

        

        




Низомга

ИЛОВА



"Агроплатформа" АТдан рўйхатдан ўтиш

ва ундан фойдаланиш

СХЕМАСИ

        

Босқичлар


Субъектлар


       

Тадбирлар

       


Бажариш муддатлари








1-босқич


        

Қишлоқ хўжалиги

маҳсулотлари

етиштирувчилари

(кейинги ўринларда -

фойдаланувчи)

        


Интернет ахборот тармоғидаги веб-сайт орқали "Агроплатформа" АТ имкониятларидан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.


Ихтиёрий равишда








2-босқич


       

Фойдаланувчи,

"Агроплатформа"

АТ операторлари

        


"Агроплатформа" АТдан фойдаланиш шартларини қабул қилиш бўйича электрон шаклда шартнома имзолайди.


Фойдаланувчи

"Агроплатформа" АТда

рўйхатдан ўтгандан сўнг








3-босқич


Фойдаланувчи


      

Шахсий кабинет орқали:

қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштирилиши тўғрисидаги маълумотларга асосан келгуси ҳосил учун фьючерс шартномаларини имзолайди;

имтиёзли кредитлар олиш учун электрон шаклдаги аризани тақдим этади ҳамда кредит шартномасини имзолайди;

кредитларни қайтмаслик хавфидан суғурталайди;

қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларини лизингга олиш бўйича электрон аризани тақдим этади ва лизинг шартномасини имзолайди;

қишлоқ хўжалигига доир таҳлилий ва статистик маълумотларни олади ва етиштирилган ҳосилнинг якуний ҳисоб-китобларини мониторинг қилиб боради.

        


Доимий








4-босқич


"Агроплатформа"

АТ операторлари


       

Фойдаланувчи тақдим этган маълумотларда ўзаро номутаносибликлар аниқланганда, фойдаланувчининг "Агроплатформа" АТдан фойдаланишини вақтинча тўхтатади.

         


Номутаносибликлар

аниқланган вақтда








5-босқич


Фойдаланувчи


       

Тақдим этилган маълумотлардаги номутаносибликларни бартараф этади ва бу тўғрисида "Агроплатформа" АТ операторларини ягона Call маркази орқали хабардор қилади.

      


Ихтиёрий равишда








6-босқич


"Агроплатформа"

АТ операторлари


      

Фойдаланувчи тақдим этган маълумотлардаги номутаносибликлар бартараф этилгандан сўнг фойдаланувчининг "Агроплатформа" АТдан фойдаланиш ҳуқуқини тиклайди.

       


Бир иш кунида

         

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 4 август


















































































Время: 0.0075
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск