ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар / Фуқаролик /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2023 й. 368-сон "Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2020 йил 28 сентябрдаги 592-сон қарорига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.08.2023 й.

N 368




ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

"ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИГИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШДА ДАВЛАТ

ТИЛИНИ БИЛИШ ДАРАЖАСИНИ АНИҚЛАШ

ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ

ҲАҚИДА" 2020 ЙИЛ 28 СЕНТЯБРДАГИ 592-СОН

ҚАРОРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР ВА ҚЎШИМЧА

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Сўнгги йилларда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига оид масалаларни кўриб чиқиш тартибининг соддалаштирилиши, ушбу йўналишда давлат хизматларини кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, турли ахборот тизимларида масофавий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда хорижий инвесторларга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилган ҳолда, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ушбу соҳада давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш зарурати юзага келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш жараёнида ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш амалиётини тўлиқ бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2020 йил 28 сентябрдаги 592-сон қарорига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан давлат тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонидан ўтиш учун давлат хизматлари марказлари ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали электрон тарзда мурожаат қилиш тартиби;

давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича синов имтиҳонида қатнашиш учун тўловни Ягона биллинг тизими орқали тўлаш ва "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали зарур ҳужжатларни масъул давлат органлари ва ташкилотлардан сўраб олиш тартиби;

давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича ўтказилган синов натижалари юзасидан апелляция тақдим этиш тартиби.


2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан давлат тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонидан ўтиш учун давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали электрон тарзда мурожаат қилиш имкониятини яратсин;

"Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали зарур ҳужжатларни масъул давлат органлари ва ташкилотлардан сўраб олиш ҳамда давлат тилини билиш тўғрисидаги малака сертификатини QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқлаган ҳолда электрон тарзда бериш тизимини жорий этсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартиби бажарилиши юзасидан улар фаолияти бўйича, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазоларни қўлласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 14 августдаги

368-сон қарорига

ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасининг

фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш

даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни

тасдиқлаш ҳақида" 2020 йил 28 сентябрдаги 592-сон

қарорига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча


1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

""Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон Фармонига мувофиқ фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет давлат фуқароларига давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:".


2. 1-бандда:


а) қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"давлат тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонидан ўтиш учун давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда мурожаат қилиш тартиби";


б) иккинчи-тўртинчи хатбошилар тегишлича учинчи-бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


3. Илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул

қилишда давлат тилини билиш даражасини

аниқлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-боб. Умумий қоидалар


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш (кейинги ўринларда - давлат тилини билиш даражасини аниқлаш) тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

талабгор - Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш масалалари бўйича ваколатли давлат органига мурожаат қилган ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами берилган чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс;

фуқаролиги бўлмаган шахс - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган ва ўзининг чет давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлмаган шахс;

чет давлат фуқароси - Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлмаган, бошқа давлат фуқаролигига ва ўзининг бошқа давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлган шахс.

3. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда талабгорларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда - Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари) томонидан тўлов асосида амалга оширилади.

Давлат тили бўйича синов имтиҳонини ташкил этиш ҳамда давлат тилини билиш бўйича малака сертификатини бериш тартиби ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


2-боб. Мурожаат қилиш ва уни кўриб чиқиш тартиби


4. Талабгор давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича синов имтиҳонида қатнашиш учун давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали электрон шаклда мурожаат қилади ва Ягона биллинг тизими орқали тўловни амалга оширади.

Узрли сабаблар мавжуд бўлганда (касаллик ва бошқалар), нотариал тартибда тасдиқланган илтимоснома асосида ишончли вакил орқали мурожаат қилинганда хизмат кўрсатилмайди.

Талабгор Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилганда, унинг мурожаати масъул ходим томонидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилганда шахсан ўзи ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради.

Зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон рақамли имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.

Талабгор ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

5. Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларига талабгор давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича синов имтиҳонида қатнашиш учун сўровнома билан электрон тарзда мурожаат қилган ва йиғим тўлови тўланганлиги ҳақида идоралараро электрон ҳамкорлик орқали реал вақт режимида маълумот келиб тушган куннинг ўзида Марказ ёки унинг ҳудудий бўлинмалари талабгорнинг:

шахсини тасдиқловчи ҳужжати (чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг туғилганлик ҳақида гувоҳномаси ҳамда Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки ID-картасини);

рақамли фотосуратини масъул давлат органлари ва ташкилотларидан "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали маълумотлар алмашинуви йўли билан онлайн сўраб олади.

6. Ҳужжатлар масъул давлат органлари ва ташкилотларидан "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали қабул қилиб олинганидан сўнг дарҳол, талабгорга унинг мурожаати қабул қилинганлиги тўғрисидаги синов имтиҳонини ўтказиш вақти кўрсатилган маълумотнома Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали электрон тарзда юборилади.


3-боб. Давлат тили бўйича синов имтиҳонини ташкил этиш тартиби


7. Давлат тили бўйича имтиҳон талабгорнинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича Марказ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларида ўтказилади.

8. Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ келтирилган давлат тилини билишга қўйиладиган минимал талаблар асосида синов имтиҳони топширилади.

9. Давлат тилини билиш даражасини аниқлашга тайёргарлик кўриш, синов имтиҳони материалларини тайёрлаш мақсадида Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ишчи гуруҳ шакллантирилади.

10. Синов имтиҳони ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатлар масъул давлат органлари ва ташкилотларидан "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинганидан сўнг бир ой муддатда ўтказилади.

11. Синов имтиҳонлари Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан тасдиқланган таркибдаги давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича синовларни ўтказиш учун ҳудудий имтиҳон комиссиялари томонидан ўтказилади.

Синов имтиҳонларига оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклиф этилиши, шунингдек имтиҳонлар онлайн тарзда кузатиб борилиши мумкин.

Давлат тилини билиш бўйича синов имтиҳони жараёнлари узлуксиз видеотасвирга (овозли) туширилади ва камида бир йил сақланади.

12. Синов имтиҳони тест, ёзма ва оғзаки шаклларда ўтказилади.

Тест талабгорнинг кундалик турмушида фойдаланувчи содда хабарлар, тил эгаси билан таниш ва махсус мавзуда мулоқотга киришганда фойдаланиладиган маълумотлар асосида тузилган 10 та мантиқий саволлардан иборат.

Тест саволларига тўғри жавоблар учун бериладиган энг кўп балл 30 баллни ташкил этади. Тест саволларини ечиш учун 15 дақиқа вақт берилади.

Тест синовлари натижаси шу вақтнинг ўзида маълум қилинади.

Ёзма синов шакли диктант шаклида ёки талабгорнинг содда анкеталарни шахсий маълумот билан тўлдира олиш, расмий хат, иш юритиш қоғозларини (ариза, розилик хатлари, резюме) ёза олиш даражасини аниқлаш мақсадида маълум бир топшириқни (анкета тўлдириш, ариза ёзиш каби) ёзиш тарзида ўтказилади.

Ёзма синов учун бериладиган энг кўп балл 30 баллни ташкил этади. Ёзма синовни бажариш учун 15 дақиқа вақт берилади.

Оғзаки синов шакли талабгорнинг ўзи ҳақида оғзаки маълумот бера олиш, ижтимоий-маиший мавзуда таклиф этилган суҳбатга кириша олиш, фикрини содда тарзда тушунтириб бера олиш, таниш мавзуларда ўз фикрини билдира олиш (китоблар, фильмлар, мусиқа хусусида), ҳикоя ёки муҳокама мазмунини содда иборалар билан қисқача гапириб бера олиш даражасини билиш мақсадида тузилган саволлар асосида ташкил қилинади.

Оғзаки синов учун бериладиган энг кўп балл 40 баллни ташкил этади. Оғзаки синовни бажариш учун 10 дақиқа вақт берилади.

13. Синов имтиҳони якунлари бўйича энг юқори баллнинг 50 фоизидан (50 баллдан) кам балл олган талабгор синов имтиҳонидан ўтмаган деб ҳисобланади ва қайта қатнашиш учун синов имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб камида бир ойдан кейин (қайта тўлов амалга оширилган ҳолда) электрон шаклда мурожаат қилади.

Синов имтиҳони натижалари тест шаклидаги синов имтиҳонида олинган натижа инобатга олинган ҳолда уч кун муддатда эълон қилинади.


4-боб. Синов имтиҳони топшириш учун тўлов тўлаш шартлари


14. Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш мақсадида синов имтиҳонини топшириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида Ягона биллинг тизими орқали йиғим тўлови тўланади.

Тўлов суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат этилганда:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

қолган маблағлар - Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази махсус ҳисобварағига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Ундирилган сумманинг:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

11,25 фоизи - Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

0,5 фоизи - Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

қолган маблағлар - Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази махсус ҳисобварағига ўтказилади.

15. Шартнома талабгор ва ваколатли орган ўртасида оммавий оферта талаблари асосида белгиланган тўловлар амалга оширилгандан сўнг, тузилган деб ҳисобланади.


5-боб. Давлат тилини билиш бўйича малака

сертификатини бериш тартиби


16. Мазкур Низомнинг 3-иловасида белгиланган давлат тилини билишга қўйилган минимал талаблар асосида синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган талабгорларга Марказ томонидан давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали ушбу Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклдаги давлат тилини билиш тўғрисидаги малака сертификати (кейинги ўринларда - малака сертификати) имтиҳон натижалари эълон қилинган кундан сўнг уч кун муддатда берилади, шунингдек "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали Ички ишлар вазирлигининг "E-fuqaro" идоралараро маълумотлар базасига юборилади. Малака сертификати муддатсиз амал қилади.

17. Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан малака сертификатлари реестри юритилади.

Малака сертификатлари реестрида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

туғилган санаси ва жойи;

шахсини тасдиқловчи ҳужжат (серияси ва тартиб рақами, ким томонидан ва қачон берилганлиги);

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг малака сертификати бериш тўғрисидаги тегишли буйруғи санаси ва тартиб рақами;

малака сертификатининг серияси, тартиб рақами ва берилган сана.

18. Малака сертификати Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан почта (хизмат учун тўловни талабгор қоплаган ҳолда) алоқаси орқали, шунингдек ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда талабгорнинг электрон почта манзилига юборилиши мумкин.


6-боб. Аппеляция бериш тартиби


19. Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича синовларни ўтказиш учун ҳудудий имтиҳон комиссиялари томонидан ўтказилган синов натижаларидан норози бўлган талабгорлар Марказга апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Апелляция синов имтиҳони натижалари эълон қилинган кундан бошлаб беш иш куни ичида, ушбу Низомнинг 5-иловасига мувофиқ давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда тақдим этилади. Бу ҳақида Марказга идоралараро электрон ҳамкорлик орқали маълумот келиб тушади.

20. Апелляцияни кўриб чиқиш учун Марказ директорининг буйруғи билан 5 - 7 нафар Марказ ходимлари ва таълим тизими педагогларидан иборат бўлган Апелляция комиссияси тузилади.

Имтиҳон натижаси чиққан кундан бошлаб ўн кун ичида апелляция синов имтиҳони олинади. Синов натижалари имтиҳон ўтгандан сўнг беш кун ичида эълон қилинади.

Талабгор Апелляция комиссияси қарори тўғрисида идоралараро электрон ҳамкорлик орқали давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали хабардор қилинади.

Талабгор Апелляция комиссияси қароридан норози бўлган тақдирда, судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

21. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

синов имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляциянинг қондирилишини рад этиш;

синов имтиҳони натижаларини ўзгартириш ва апелляцияни қондириш;

синов имтиҳони натижаларини бекор қилиш ва такрорий синов имтиҳони ўтказилишини тайинлаш.

Агар талабгор томонидан кўрсатилган далиллар тасдиқланмаса, апелляциянинг қондирилишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Синов имтиҳони натижаларини бекор қилиш тўғрисидаги қарор ушбу Низом талаблари бузилган ҳолда ўтказилган тақдирда қабул қилинади. Апелляция комиссиясининг қарорлари ушбу Низомнинг 6-иловасига мувофиқ шаклда расмийлаштирилади.

Талабгорни такрорий синов имтиҳонидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Марказ синов имтиҳонини ўтказиш санасини белгилайди, бу ҳақда идоралараро электрон ҳамкорлик орқали давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали электрон шаклда хабар берилади ҳамда синов имтиҳонини такроран ўтказишда тўлов ундирилмайди.

22. Апеляция комиссияси томонидан такрорий синов имтиҳони ўтказиш ҳақидаги қарорда белгиланган, тест, оғзаки ёки ёзма синов имтиҳони шакли (шакллари) асосида қайта бир марта ўтказилади.

23. Такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди.


7-боб. Якунловчи қоидалар


24. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

25. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар".






Ўзбекистон Республикасининг

фуқаролигига қабул қилишда давлат

тилини билиш даражасини аниқлаш

тартиби тўғрисидаги низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул

қилишда давлат тилини билиш даражасини

аниқлаш бўйича давлат хизмати кўрсатиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддат



1-босқич

Чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс (талабгор)


Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича синов имтиҳонида қатнашиш учун давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон шаклда мурожаат қилади ва давлат хизматини кўрсатиш учун тўловни амалга оширади.


Ўз хоҳишига кўра







2-босқич

Талабгор, давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП


1. Талабгор Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилганда, унинг мурожаати масъул ходим томонидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилганда шахсан ўзи белгиланган шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради.


2. Талабгор сўровномани идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон рақамли имзо, Мобил-ID каби) билан тасдиқлайди (ЯИДХП орқали мурожаат қилганда сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди).


Давлат хизмати олиш учун мурожаат қилинган ва тўлов амалга оширилгани-дан сўнг дарҳол







3-босқич

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази (Марказ) ёки унинг ҳудудий бўлинмалари


1. Талабгорнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини ва рақамли фотосуратини реал вақт режимида "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олади.



Сўровнома келиб тушган куннинг ўзида


2. Синов имтиҳони (имтиҳон)ни ўтказиш вақти кўрсатилган маълумотномани талабгорга давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали электрон тарзда юборади.



Ҳужжатлар қабул қилиб олинганидан сўнг дарҳол


3. Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича имтиҳонларни ўтказади.



Ҳужжатлар қабул қилиб олинганидан сўнг бир ой муддатда



4. Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича имтиҳон натижаларини эълон қилади.



Имтиҳон ўтказилганидан сўнг уч кун муддатда








4-босқич

Марказ ёки унинг ҳудудий бўлинмалари, ЯИДХП


Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган талабгорларга белгиланган шаклдаги давлат тилини билиш тўғрисидаги малака сертификати берилади.


Имтиҳон натижалари эълон қилингандан сўнг уч кун муддатда







5-босқич

Талабгор


Имтиҳон якунлари бўйича энг юқори баллнинг 50 фоизидан (50 баллдан) кам балл олган (имтиҳондан ўтмаган) тақдирда, қайта қатнашиш учун (қайта тўлов амалга оширилгандан сўнг) электрон шаклда мурожаат қилади.


Имтиҳон ўтказилган кундан бошлаб камида бир ойдан кейин

          





Ўзбекистон Республикасининг

фуқаролигига қабул қилишда давлат

тилини билиш даражасини аниқлаш

тартиби тўғрисидаги низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда

чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг

давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича

СЎРОВНОМА


I. Чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган

шахс (талабгор) тўғрисида маълумот:


1. ЖШШИР

2. Ф.И.О.


II. Талабгорнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (чет давлат

фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг туғилганлик ҳақида

гувоҳномаси ҳамда Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки

ID-картаси ҳақида маълумот ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат)


3. Серияси ва рақами:

4. Ким томонидан берилган:

5. Қачон берилган:


III. Бошқа маълумотлар


6. Доимий ёки вақтинча яшаш манзили

7. Телефон рақами

8. Электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса):






Ўзбекистон Республикасининг

фуқаролигига қабул қилишда давлат

тилини билиш даражасини аниқлаш

тартиби тўғрисидаги низомга

3-ИЛОВА



Давлат тилини билишга қўйиладиган минимал

ТАЛАБЛАР


I. Тинглаб тушуниш


1. Таниш мавзуларда маълумот берувчи матнларнинг асосий мазмунини ўқиб, тушуна олади.

2. Содда хабарлар, содда ёзма йўриқнома ёки кўрсатмаларни тушуна олади.

3. Ўз қизиқишлари доирасидаги теле- ёки радиодастурлар ва бошқа манбаларни тинглаб, асосий маълумотларни тушуна олади.

4. Шахсий қизиқиш, ўқиш ёки касбга оид соҳадаги оғзаки манбаларни тинглаб, унинг асосий мазмуни ҳамда махсус маълумотларни англай олади.

5. Тил эгаси билан таниш ва махсус мавзуда мулоқотга киришганда унинг аксарият жиҳатларини тушуна олади.


II. Гапириш


1. Ўзи ҳақида оғзаки маълумот бера олади.

2. Ижтимоий-маиший мавзуда таклиф этилган суҳбатга кириша олади.

3. Фикрини содда тарзда, изчиллик асосида, мантиқли тушунтириб бера олади.

4. Таниш мавзуларда ўз фикрини билдира олади (китоблар, фильмлар, мусиқа хусусида).

5. Ҳикоя ёки муҳокама мазмунини содда иборалар билан қисқача гапириб бера олади.


III. Ўқиш


1. Таниш мавзуларда маълумот берувчи матнларнинг асосий мазмунини тушуна олади.

2. Жой ёки инсонлар тасвирланган қисқача матнни тушуна олади.

3. Содда хабарларни, масалан оддий хатлар, электрон хатларни тушуна олади.

4. Содда ёзма йўриқнома ёки кўрсатмаларни тушуна олади ва уларга амал қила олади.

5. Мунозарали матннинг хулосасини аниқлай олади.

6. Матн мазмунининг асосий ғоясини ажрата олади.


IV. Ёзиш


1. Шахсий хатлар (қисқа хабарлар, табриклар, эслатмалар ва бошқалар)ни ёза олади.

2. Содда анкеталарни шахсий маълумот билан тўлдира олади.

3. Расмий ҳужжатлар қолиплари асосида содда шаклдаги ҳужжатларни ёза олади.

4. Ўз қизиқишларига тааллуқли мавзуда қисқа, содда эссе ёза олади.

5. Расмий хат, иш юритиш қоғозларини (ариза, розилик хатлари, резюме) ёза олади.

6. Ўз фикрини имло қоидаларига риоя қилган ҳолда ёзма шаклда баён қила олади.

7. Имло қоидаларига риоя қилган ҳолда диктант ёза олади.






Ўзбекистон Республикасининг

фуқаролигига қабул қилишда давлат

тилини билиш даражасини аниқлаш

тартиби тўғрисидаги низомга

4-ИЛОВА



Давлат тилини билиш тўғрисидаги

малака сертификати намунаси

O`zbekiston Respublikasi Davlat gerbi


ALISHER NAVOIY NOMIDAGI TOSHKENT DAVLAT O`ZBEK

TILI VA ADABIYOTI UNIVERSITETI HUZURIDAGI DAVLAT

TILIDA ISH YURITISH ASOSLARINI O`QITISH VA

MALAKA OSHIRISH MARKAZI


THE CENTER FOR TEACHING THE BASICS OF OFFICE

MANAGEMENT IN THE STATE LANGUAGE AND FURTHER

TRAINING AT TASHKENT STATE UNIVERSITY OF THE UZBEK

LANGUAGE AND LITERATURE NAMED AFTER ALISHER NAVOIY

                   

DAVLAT TILINI BILISH TO`G`RISIDA

SERTIFIKAT


CERTIFICATE

OF KNOWLEDGE OF THE STATE LANGUAGE


Sertifikat seriyasi № / Certificate Serieend Number

       

Talabgor to`g`risidagi malumotlar / Candidate Details

Talabgorning shaxsiy kodi /Candidate ID

Familiyasi / Family Name

Ismi / First Name

Otasining ismi / Middle Name

Sinov natijalari / Exam Results

           

Berilgan sanasi: / Date of Issue:

Direktor / Director





Imzo / Signature


F.I.O. / Full Name

M.O` / Stamp Here






Ўзбекистон Республикасининг

фуқаролигига қабул қилишда давлат

тилини билиш даражасини аниқлаш

тартиби тўғрисидаги низомга

5-ИЛОВА


Алишер Навоий номидаги

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти

университети ҳузуридаги Давлат тилида

иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака

ошириш марказининг Апелляция

комиссияси раисига _________________________________дан

(Талабгорнинг Ф.И.О.)

АПЕЛЛЯЦИЯ ТЎҒРИСИДА АРИЗА


Талабгор норози бўлган синов имтиҳони шакли (тест, оғзаки, ёзма)

Қуйидагиларни кўриб чиқишингизни илтимос қиламан:


    

    

    

Талабгорнинг имзоси: _________

Шакл тўлдирилган сана: ____________



Бланканинг рўйхатдан ўтказиш тартиб рақами: 0000000

qqqqqqqqqqqqqqqq (чегара) qqqqqqqqqqqqqqqq

Апелляция тўғрисидаги ариза қабул қилинганлиги тўғрисида

ХАТ-ТАСДИҚНОМА


Талабгорнинг Ф.И.О.: ____________ Талабгорнинг шахсий коди:________


Аризани қабул қилиб олувчи масъул шахснинг Ф.И.О.: ________________


Имзо: _____________ (МЎ) Апелляция қабул қилинган сана: ____________






Ўзбекистон Республикасининг

фуқаролигига қабул қилишда давлат

тилини билиш даражасини аниқлаш

тартиби тўғрисидаги низомга

6-ИЛОВА



Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили

ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида

иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш

маркази апелляция комиссиясининг

ХУЛОСАСИ

Талабгорнинг Ф.И.О.:


Талабгорнинг шахсий коди:


Талабгор норози бўлган синов имтиҳони шакли


Ариза қабул қилинган сана:



(тест, оғзаки, ёзма)



Талабгорнинг даъвоси:


            

          

Текшириш натижаси:


            

          

Апелляция комиссиясининг қарори:


            

          

       

        

         

       

Апелляция комиссияси раиси:

(Имзо)



(Ф.И.О.)

Апелляция комиссияси аъзолари:

(имзолар)



(Ф.И.О.)




(Ф.И.О.)




(Ф.И.О.)




(Ф.И.О.)

Сана: __ __ __ __ __ __ __ __ ".

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 14 август




















































Время: 0.0170
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск