ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги / Сувдан фойдаланиш ва муҳофаза қилишни бошқариш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2023 й. 371-сон "Қашқадарё вилоятининг Касби туманида қишлоқ хўжалигида сув ҳисобини юритиш тизимини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.08.2023 й.

N 371




ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИНИНГ КАСБИ ТУМАНИДА

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА СУВ ҲИСОБИНИ

ЮРИТИШ ТИЗИМИНИ РАҚАМЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида" 2023 йил 1 апрелдаги ПҚ-107-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда фойдаланилган сув ресурсларини автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва сувдан оқилона фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида" 2023 йил 1 апрелдаги ПҚ-107-сон қарори 5-бандида 2028 йил 1 мартга қадар Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги барча сув кириш нуқталари бошқарувини рақамлаштириш ва сувни фойдаланувчиларга етказиб бериш бўйича тажриба-синов лойиҳаси (кейинги ўринларда - лойиҳа) амалга оширилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси тизимида Қашқадарё вилоятининг Касби туманида сув кириш нуқталари бошқарувини рақамлаштириш ва сувни фойдаланувчиларга етказиб бериш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш гуруҳини (кейинги ўринларда - лойиҳа гуруҳи) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси (кейинги ўринларда - Солиқ қўмитаси):

а) икки ҳафта муддатда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда лойиҳа гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш, шу жумладан, уни Касби тумани солиқ инспекцияси маъмурий биносида жойлаштириш, малакали мутахассисларни жалб этиш, белгиланган лимит доирасида хизмат автомобили, телефон ва интернет алоқаси билан таъминлаш, заруратга кўра мутахассислар учун вақтинча яшаш шароитларини яратиш чораларини кўрсин;

б) 2026 йил 1 июлга қадар қуйидагиларни назарда тутадиган Лойиҳа гуруҳи тўғрисидаги низомни тасдиқласин:

лойиҳа гуруҳининг вазифалари ва функциялари, шунингдек, унинг фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб бориш;

Касби туманидаги сув кириш ва чиқиш нуқталари ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарининг сув олиш жойларини тўлиқ рақамлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ўтказилган хатлов маълумотлари асосида сув олиш жойларида гидроиншоотлар қурилишини, ўрнатиладиган рақамли қурилмалар ва бажариладиган иш ҳажмларини аниқлаш;

лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда зарур маблағларни ажратиш юзасидан Солиқ қўмитасига таклифлар киритиш;

ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш юзасидан доимий равишда мониторинг олиб бориш ва бошқалар;

в) 2026 йил 1 октябрга қадар маҳаллий ҳамда хорижий ишлаб чиқарувчилардан лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган қурилмалар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини харид қилиш, ўрнатиш ҳамда уларга сервис хизматларини кўрсатиш учун бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилоти Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонуни талабларига мувофиқ танлов (тендер) орқали аниқланиши ва шартномалар тузилишини таъминласин.

4. Белгилансинки:

лойиҳа гуруҳи аъзоларининг таркиби солиқ органларининг умумий штат бирликлари доирасида ҳамда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида жалб этиш орқали шакллантирилади;

лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатлар, шу жумладан, лойиҳа гуруҳини сақлаш харажатлари Солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади;

лойиҳа гуруҳини сақлаб туриш, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида ишга жалб этиладиган ходимларга иш ҳақи ва унга қўшимча тўловлар, шунингдек, лойиҳа гуруҳи ходимларига қўшимча тўловлар миқдорларини белгилаш харажатлари Солиқ қўмитаси раиси томонидан белгиланади;

лойиҳани амалга ошириш якунларига кўра сув кириш ва чиқиш нуқталарида ўрнатилган қурилмалар тегишлилиги бўйича сув хўжалиги ташкилотларига ўтказилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасининг лойиҳанинг дастлабки қийматини 71 млрд сўм миқдорида белгилаш ҳамда унга белгиланган тартибда ўтказиладиган танлов (тендер) савдолари якунидан келиб чиқиб, аниқлик киритиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Бунда Касби тумани қишлоқ хўжалигида сув ҳисобини юритиш тизимини рақамлаштириш мақсадида ҳар бир сув кириш ва чиқиш нуқталари сув ҳисобини реал вақт режимида аниқлаб берадиган қурилмалар билан жиҳозланиши инобатга олинсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:

бир ой муддатда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Касби туманидаги барча сув кириш ва чиқиш нуқталари ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарининг сув олиш жойларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларнинг техник параметрларини шакллантирган ҳолда лойиҳа гуруҳига тақдим этилишини;

2028 йил 1 мартга қадар сув ресурсларини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи "Smartwater.uz" ахборот тизимининг электрон харитасида Касби туманидаги барча суғориш тармоқлари ва иншоотлари, шунингдек, улардаги сув олиш нуқталари акс эттирилишини таъминласин.

7. Солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда:

а) 2026 йил 1 августга қадар сув хўжалиги объектларида ўрнатиладиган рақамли қурилмаларга қўйиладиган талаблар бўйича техник шартларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

б) 2028 йил 1 мартга қадар рақамлаштириш натижасида шаклланган маълумотларни "Сув ҳисоби" автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилсин;

в) 2028 йил 1 апрелга қадар Касби туманида амалга оширилган тажриба-синов натижаларидан келиб чиқиб, қуйидагиларни назарда тутувчи Сув ресурслари ҳисобини юритиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

фойдаланилган сув ресурсларининг истеъмолчилар кесимида аниқ ҳисобини юритиш тизимини шакллантириш;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сув етказиб бериш бўйича тўловларини мақбуллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини қайта кўриб чиқиш;

сув хўжалиги махсус хизматларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш;

барча туманлар ва шаҳарлар ҳудудига кирувчи сув нуқталарини рақамлаштирган ҳолда, "Сув ҳисоби" автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилиш;

махсус қурилмаларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш асосида уларнинг таннархини камайтириш;

туманлар ҳудудига етказилган сув ҳажми балансини шакллантириш ва истеъмолчилар ўртасида тақсимлаш;

сув ресурсларини етказиб бериш харажатларини босқичма-босқич истеъмолчилар ўртасида тақсимлаш ва ундириш тизимини жорий этиш;

сув истеъмоли нормативлари асосида солиқ ҳисоблаш механизмини такомиллаштириш;

сув ресурсларидан фойдаланиш ҳажми, даврий кетма-кетлиги ҳамда экилган экин турлари асосида таснифлаган ҳолда ўсиб борувчи солиқ ставкаларини жорий этиш.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р. Хамраев, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокими М.Б. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 14 август















































Время: 0.0151
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск