ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Чорвачилик. Қоракўлчилик /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.08.2023 й. ПҚ-285-сон "Чорвачиликда идентификация қилиш тизими ва наслчилик соҳасини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
24.08.2023 й.
N ПҚ-285
ЧОРВАЧИЛИКДА ИДЕНТИФИКАЦИЯ
ҚИЛИШ ТИЗИМИ ВА НАСЛЧИЛИК СОҲАСИНИ
ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Чорвачилик соҳасига замонавий инновацион усулларни жорий этиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва чорвачилик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурни тасдиқлаш тўғрисида"ги ПҚ-120-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 5 июлдаги "Халқаро тараққиёт уюшмаси ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида "Чорвачилик соҳасини ривожлантириш (2-босқич)" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-211-сон қарори билан ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тизимини жорий этишга 33 миллион АҚШ доллари йўналтирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг Ўзбекистон Республикасида ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тизимини жорий қилишни қуйидаги икки босқичда амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
биринчи босқичда - 2023-2024 йилларда 1-иловада келтирилган чорвачиликка ихтисослаштирилган 25 та туманда;
иккинчи босқичда - 2025-2026 йилларда республиканинг қолган туманларида.
Белгилансинки, мазкур қарорга 1-иловада келтирилган чорвачиликка ихтисослаштирилган туманларда ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тизимини жорий қилиш бепул амалга оширилади.
3. Белгилаб қўйилсинки, Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилотининг Ер устидаги ҳайвонлар соғлиғи кодекси ва Ҳайвонларни рўйхатга олиш халқаро қўмитасининг нормаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасида масъул орган ҳисобланади.
4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳузурида давлат муассасаси шаклида Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш марказини (кейинги ўринларда - Идентификация маркази) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин.
5. Қуйидагилар Идентификация марказининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
жисмоний ва юридик шахслар томонидан боқиб, кўпайтириладиган ва сақланадиган ҳайвонлар, жумладан уй ҳайвонларини босқичма-босқич идентификация қилиш ва уларнинг электрон ҳисобини юритиш тадбирларини ташкил этиш;
ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш бўйича ягона миллий маълумотлар базасини мувофиқлаштириш ҳамда реал вақт режимида электрон ахборот алмашинувини таъминлаш;
ҳайвонларни идентификация қилиш ишларига жалб қилинадиган ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириб бориш;
ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартиб-таомилларини ишлаб чиқиш;
халқаро тажриба асосида ҳайвонларни идентификация қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш.
6. Идентификация марказининг ижро этувчи аппарати тузилмаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг мавжуд штат бирликлари доирасида белгиланади.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисига, зарур ҳолларда, Идентификация марказининг ижро этувчи аппарати тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
7. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси уч ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармалари, туман (шаҳар) ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларида камида 2 та штат бирлигидан иборат Идентификация марказининг секторлари фаолиятини йўлга қўйсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ташаббускор тадбиркорлик субъектлари ва чорвачилик фермер хўжаликларини жалб қилган ҳолда мазкур қарорга 1-иловада келтирилган туманларда қуйидаги йўналишларни ўз ичига олган чорвачилик кластерлари ташкил этилишини таъминласин:
гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш, шунингдек, аҳолидан йиғиб олиш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот шаклида реализация қилиш;
тайёр озуқа ем маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни аҳолига қулай бўлган ҳудудларда сотиш шохобчаларини ташкил этиш;
аҳоли хонадонларига маҳсулдор наслли молларни етказиб бериш;
чорва молларини сўйиш кушхоналари, териларни қабул қилиш ва қайта ишлаш қувватларини ишга тушириш;
терини қайта ишловчи корхоналар билан биргаликда кооперация асосида теридан тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш.
9. Белгилансинки, мазкур қарорга 1-иловада келтирилган туманларда ташкил этиладиган чорвачилик кластерларига:
Халқаро тараққиёт уюшмаси ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида "Чорвачилик соҳасини ривожлантириш (2-босқич)" лойиҳаси доирасида жалб қилинган ресурслар ҳисобидан 60 миллион АҚШ доллари миқдорида кредитлар ажратилади;
пахта ва ғалла экин майдонларини қисқартириш ҳисобига ҳар бир туманда камида 100-150 гектар майдон озуқабоп экинлар экиш учун ажратилади.
Бунда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2024 йил пахта ва ғалла ҳосили учун режалаштириладиган экин майдонларини қисқартиришни ҳисобга олсин ва озуқабоп экинлар экилишини таъминласин.
10. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг "Ўзнаслчилик" давлат корхонасини давлат муассасаси шаклидаги Наслчилик илмий-ишлаб чиқариш маркази (кейинги ўринларда - Марказ) этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
11. Қуйидагилар Марказнинг селекция ва наслчилик соҳасидаги асосий вазифалари этиб белгилансин:
наслдор буқаларнинг уруғини қадоқлашнинг замонавий усулларини кенг кўламда жорий этиш, "AndroVision" CASA дастури асосида сифатли уруғ тайёрлашни йўлга қўйиш;
гўшт ва сут йўналишида наслдор қорамолларнинг эмбрионларини "in vitro" усулида тайёрлаш ва кўчириб ўтказишнинг инновацион лабораториясини ташкил этиш;
наслдор ва спорт отларининг уруғлари ва эмбрионларини чуқур музлатилган ҳолда тайёрлаш технологиясини йўлга қўйиш ҳамда шартнома асосида консалтинг хизматларини кўрсатиш;
иқтидорли ёшлар ҳамда ёш олимларнинг наслдор ҳайвонларнинг уруғи ва эмбрионларини сотиш, сифатли етказиб бериш, илм-фан, илғор тажриба ва технологиялар ютуқлари борасида билим ва амалий кўникмаларини ошириш.
Белгилансинки, Марказ фаолияти унинг хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлари, маҳаллий ва хорижий грантлар, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
12. Тошкент вилояти ҳокимлиги Кадастр агентлиги билан биргаликда Марказни жойлаштириш ва унинг ўз фаолиятини амалга ошириши ҳамда янги бино ва иншоотларни қуриши учун белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ер майдони ажратилишини таъминласин.
13. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, "Ижодкор" маҳалла фуқаролар йиғини, Миллий боғ кўчасида жойлашган Марказни кўчириш ва жойлаштириш учун хусусий мулк сотиб олиш, таъмирлаш, янги бино ва иншоотлар қуриш ҳамда лаборатория асбоб-ускуналари ва жиҳозларни харид қилиш харажатларини Қўмита ҳузуридаги Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 50 миллиард сўмгача миқдорда молиялаштиришга рухсат этилсин. Бунда:
Марказга қарашли Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, "Ижодкор" маҳалла фуқаролар йиғини, Миллий боғ кўчасида жойлашган бино ва иншоотлар ер участкаси билан бирга (кейинги ўринларда - объект) сотиш учун электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади;
объектни баҳолаш, баҳолаш ҳисоботларининг ишончлилигини экспертиза қилиш, савдога чиқариш, сотиш ҳамда тижорат банклари гаровидан чиқариш ёки гаров таъминотини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси ҳисобидан қопланади;
объектни сотишдан тушган маблағлар (савдоларга чиқариш ва сотиш билан боғлиқ харажатларни чегирган ҳолда) тўлиқ Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.
Давлат активларини бошқариш агентлигига объектни заруратга қараб лотларга бўлган ҳолда электрон онлайн аукцион савдолари орқали сотувга чиқаришга рухсат берилсин.
14. Белгилансинки, Марказга қарашли ер майдони ҳамда бино ва иншоотларни сотишдан тушган маблағлар қуйидагиларга йўналтирилади:
Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Марказни жойлаштириш учун хусусий мулк сотиб олиш, таъмирлаш, янги бино ва иншоотлар қуриш, ҳамда лаборатория асбоб-ускуналари ва жиҳозларни харид қилиш харажатларини қоплаш;
наслчилик иши соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш ўқув курсларини ташкил этиш, уларни хорижий давлатларга юбориш, чет элдан экспертларни жалб қилиш, халқаро кўргазмалар ва форумлар ўтказиш;
наслчилик иши ва сунъий уруғлантириш билан шуғулланувчи мутахассисларни моддий-техника воситалари, шу жумладан дьюар идишлари ва бошқа зарур асбоб-ускуналар билан таъминлаш.
15. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига Марказни жойлаштириш учун бино ва иншоотларни қуриш ҳамда таъмирлаш ишларини тендерсиз амалга оширишга рухсат берилсин.
16. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг наслчилик соҳасини назорат қилиш бўлими ва ҳудудий бўлинмаларининг 146 та штат бирликларини Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тизимига ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
17. 2023 йил 1 декабрдан бошлаб чорвачилик хўжаликлари ўз эҳтиёжи учун импорт қилган наслдор қорамолларга ҳисобланган қўшилган қиймат солиғини Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг кафолати асосида 180 кун ичида тўлаб бериш тизими жорий этилсин.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Божхона қўмитаси ва Солиқ қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда ушбу бандда белгиланган тизимни жорий қилиш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқласин.
18. Белгилансинки, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб 2025 йил 31 декабрга қадар давлат томонидан қуйидаги тартибда субсидия ажратилади:
чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида;
паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 15 минг сўмини қоплаш учун.
19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги "Чорвачилик тармоғини давлат томонидан кўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4576-сон қарори билан тасдиқланган Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш Республика кенгашининг янгиланган таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш Республика кенгашининг чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантиришга оид топшириқлари ва кўрсатмалари барча давлат органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
20. Чорвачиликда идентификация қилиш тизими ва наслчилик соҳасини такомиллаштириш юзасидан белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича "йўл харитаси" 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
21. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси мазкур қарорга 1-иловада белгиланган туманларда ҳайвонларни идентификация қилишга ҳамда чорвачилик лойиҳалари учун кредит маблағларини ажратишни ташкиллаштиришга масъул ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман ҳокимликлари мазкур қарорга 1-иловада белгиланган туманларда чорвачилик лойиҳаларини амалга оширишга, озуқа учун ер майдонларини ажратишга ва тўлиқ ҳажмда ишга туширишга масъул ҳисобланади.
22. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
23. Ушбу қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири А. Воитов ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Б. Норқобилов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2023 йил 24 августдаги
ПҚ-285-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ҳайвонларни идентификация қилиш,
рўйхатга олиш ва кузатиш тизими дастлабки
босқичда жорий этиладиган чорвачиликка
ихтисослаштирилган туманлар
РЎЙХАТИ
Т/р |
Ҳудудлар номи |
Туманлар номи
|
1. |
Қорақалпоғистон Республикаси |
Тахтакўпир тумани |
Қўнғирот тумани |
||
2. |
Андижон вилояти |
Қўрғонтепа тумани |
Улуғнор тумани |
||
3. |
Бухоро вилояти |
Ромитан тумани |
Бухоро тумани |
||
4. |
Жиззах вилояти |
Зарбдор тумани |
Шароф Рашидов тумани |
||
5. |
Қашқадарё вилояти |
Нишон тумани |
Косон тумани |
||
6. |
Навоий вилояти |
Қизилтепа тумани |
Навбаҳор тумани |
||
7. |
Наманган вилояти |
Косонсой тумани |
Поп тумани |
||
8. |
Самарқанд вилояти |
Каттақўрғон тумани |
Булунғур тумани |
||
9. |
Сурхондарё вилояти |
Жарқўрғон тумани |
Музработ тумани |
||
10. |
Сирдарё вилояти |
Сардоба тумани |
11. |
Тошкент вилояти |
Оҳангарон тумани |
Қуйи Чирчиқ тумани |
||
12. |
Фарғона вилояти |
Ўзбекистон тумани |
Фурқат тумани |
||
13. |
Хоразм вилояти |
Урганч тумани |
Шовот тумани |
Президентининг
2023 йил 24 августдаги
ПҚ-285-сон қарорига
2-ИЛОВА
Чорвачилик ва унинг тармоқларини
ривожлантириш Республика кенгаши
ТАРКИБИ
1. Б. Мавлонов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департамент раҳбари, Кенгаш раиси |
2. Б. Норқобилов |
- |
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси, Кенгаш раиси ўринбосари |
3. А. Каримов |
- |
қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари |
4. Ф. Пўлатов |
- |
Кадастр агентлиги директори |
5. А. Қосимов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими |
6. Б. Рахматуллаев |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими |
7. Ф. Джалилов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими |
8. А. Хаитов |
- |
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси |
9. О. Мусаев |
- |
"Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси раиси |
10. Б. Исаев |
- |
"Паррандасаноат" уюшмаси раиси |
11. Ш. Бахриддинов |
- |
"Ўзбекистон асаларичилари" уюшмаси раиси |
12. Лавозими бўйича |
- |
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари |
13. У. Исмоилов |
- |
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси бошқарма бошлиғи, Кенгаш котиби |
Президентининг
2023 йил 24 августдаги
ПҚ-285-сон қарорига
3-ИЛОВА
Чорвачиликда идентификация қилиш тизими ва наслчилик
соҳасини такомиллаштириш юзасидан белгиланган
устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича
"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2022 йил 25 август