ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Давлат кадастрлари / Бино ва иншоотлар. Кўчмас мулк /

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.08.2023 й. 426-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2023 йил 29 августдаги

426-сон қарорига

ИЛОВА



Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат

рўйхатидан ўтказиш вақтида юзага келадиган

низоларни судга қадар ҳал қилиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал этиш тўғрисидаги ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


давлат рўйхатидан ўтказиладиган кўчмас мулклар - ер участкалари, бинолар, иншоотлар, шу жумладан, қурилиши тугалланмаган объектлар, кўп йиллик дов-дарахтлар, мулкий мажмуа сифатидаги корхоналар;


кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш - жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари юзага келганлиги, бошқа шахсга ўтганлиги, чекланганлиги ва бекор қилинганлигини давлат томонидан тан олиш;


манфаатдор шахс - рўйхатдан ўтказувчи органда фаолият юритаётган ёки фаолият юритган рўйхатдан ўтказувчининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қаратилган ёхуд бундай ҳаракат (ҳаракатсизлик) ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл этган бошқа жисмоний ёки юридик шахс;


рўйхатдан ўтказувчи орган - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатаси;


рўйхатдан ўтказувчи - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари раҳбарлари томонидан тайинланадиган масъул шахслар;


ҳудудий бошқарма - рўйхатдан ўтказувчи органнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари;


комиссия - кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни кўриб чиқувчи орган;


апелляция комиссияси - комиссиянинг қароридан норози бўлган манфаатдор шахс ёки рўйхатдан ўтказувчи томонидан берилган мурожаатларни кўриб чиқувчи коллегиал орган.


3. Манфаатдор шахс кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилмаган, шунингдек, рўйхатдан ўтказувчининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) унинг фуқаролик ҳуқуқларини бузган деб ҳисобласа, рўйхатдан ўтказувчининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ташкил этиладиган комиссияга шикоят қилиши мумкин.

Манфаатдор шахс комиссиянинг қароридан норози бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ташкил этиладиган апелляция комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин.


4. Комиссияга мурожаат қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Комиссия ва апелляция комиссиясининг қарорларидан норози бўлган ҳолатларда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ низолар суд тартибида кўриб чиқилади.

Бунда судларда кўриб чиқилган ёки кўриб чиқилаётган низолар комиссия томонидан такроран кўриб чиқилмайди.



2-БОБ. КОМИССИЯНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


5. Комиссия рўйхатдан ўтказувчи орган раҳбарининг буйруғига асосан ушбу Низомга 2-иловада келтирилган намунавий таркибда тузилади.


6. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилувчи шахс ёхуд давлат рўйхатидан ўтказишни рад этган шахс комиссия аъзоси бўлиши мумкин эмас.


7. Рўйхатдан ўтказувчи органнинг ёки унинг ҳудудий бошқармасининг раҳбари (ёки раҳбар вазифаси юкланган шахс) комиссия раиси ҳисобланади.

Комиссия раиси:

комиссиянинг фаолиятини ва унинг регламентга риоя этишини ташкил этади;

манфаатдор шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жойини, санасини ва вақтини белгилайди;

комиссия мажлисларини ўтказади ва уларда раислик қилади.

Комиссия раиси комиссия томонидан ишнинг ўз вақтида, тўғри ва виждонан бажарилишини ташкил этиш учун жавобгар бўлади.


8. Комиссия котиби манфаатдор шахслар мурожаатларининг ва комиссия иши билан боғлиқ бўлган ҳужжатларнинг сақланиши учун жавобгар бўлади.


9. Комиссия ўз фаолиятини мазкур Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.



3-БОБ. КОМИССИЯ ВА АПЕЛЛЯЦИЯ

КОМИССИЯСИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


10. Қуйидагилар комиссиянинг вазифалари ҳисобланади:

жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини ушбу Низом ва қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ кўриб чиқиш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилиш чораларини кўриш.


11. Қуйидагилар Апелляция комиссиясининг вазифалари ҳисобланади:

комиссиянинг қароридан норози бўлган манфаатдор шахс ёки рўйхатдан ўтказувчи томонидан берилган шикоятларни ушбу Низом ва қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ кўриб чиқиш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилиш чораларини кўриш.


12. Комиссия ва Апелляция комиссияси ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқишда:

тенг ҳуқуқлилик, холислик, қонунийлик, коллегиаллик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хиллигини таъминлаш;

мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш принципларига асосланади.



4-БОБ. КОМИССИЯ ВА АПЕЛЛЯЦИЯ

КОМИССИЯСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ҲАМДА МАЖБУРИЯТЛАРИ


13. Комиссия ва Апелляция комиссияси мурожаатларни кўриб чиқишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларидан комиссия ва апелляция комиссияси ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича маълумотномалар, ахборот-таҳлилий материалларни белгиланган тартибда сўраш ва бепул олиш;

зарурат бўлганда, мурожаатларни кўриб чиқишда қатнашиш учун давлат органлари, илмий ва таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотларидан мутахассислар ва экспертларни таклиф қилиш;

комиссия ва апелляция комиссияси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


14. Комиссия ва апелляция комиссияси мурожаатларни кўриб чиқишда қуйидагиларга мажбур:

жисмоний ва юридик шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситишга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашувга йўл қўймаслиги;

мурожаатларни кўриб чиқиш юзасидан қабул қилинган қарорлар ҳаққонийлигини ва асосланганлигини таъминлаши;

мурожаатларни кўриб чиқиш давомида олинган ахборотнинг, агар бундай ахборотни тарқатиш қонун билан чекланган бўлса, сир сақланишига риоя қилиши.

Комиссия ва апелляция комиссиясига мурожаатларни кўриб чиқишда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.



5-БОБ. КОМИССИЯГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ

ВА МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


15. Манфаатдор шахс комиссияга кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келган низоларни судгача ҳал этиш бўйича ёзма ёки рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.


16. Жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи, электрон почта манзили, телефон рақами ва кўчмас мулкнинг жойлашган жойи ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг электрон почта манзили, телефон рақами ва жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Манфаатдор шахс аризага кўчмас мулк билан боғлиқ бўлган бошқа маълумотлар ва ҳужжатларни ҳам илова қилиш ҳуқуқига эга.


17. Манфаатдор шахсдан мазкур Низомнинг 16-бандида кўрсатилган маълумотлардан бошқа маълумотларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


18. Комиссия манфаатдор шахснинг мурожаатини келиб тушган кундан эътиборан ўн иш куни ичида кўриб чиқиши шарт.

Мурожаатларнинг сонидан қатъи назар, мурожаатлар комиссия томонидан ушбу бандда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.


19. Комиссия котиби келиб тушган мурожаатларни шу куннинг ўзида рўйхатга олади.

Комиссия котиби келиб тушган мурожаатларнинг тўлиқлигини ҳамда ундаги маълумотларнинг тўғрилигини текширади.


20. Жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи ёки юридик шахснинг тўлиқ номи ҳамда жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида нотўғри маълумотлар тақдим этилган мурожаат, шунингдек, шахсни идентификация қилиш имконини бермайдиган электрон мурожаат ёки имзоланмаган ва аноним ёзма мурожаат комиссия томонидан кўриб чиқилмайди.

Мурожаат рад этилган тақдирда, тегишли хулоса тузилади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланиб, мурожаат этган шахс бу ҳақда бир иш куни ичида хабардор қилинади.


21. Комиссия котиби комиссия аъзоларини ҳамда манфаатдор шахсни комиссия мажлиси ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин хабардор қилади.


22. Комиссия йиғилиши комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Йиғилишни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, комиссиянинг янги мажлиси ўтказиладиган сана ва вақти эълон қилинади.


23. Манфаатдор шахс ёки унинг қонуний вакили комиссия томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга.


24. Комиссия аъзолари комиссия мажлисида мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра, кўриб чиқилаётган мурожаатдаги масалага доир барча ҳолатларни эътиборга олган ҳолда қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни бекор қилиш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишни бекор қилиш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни ўз кучида қолдириш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишни ўз кучида қолдириш.


25. Комиссия қарори комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


26. Комиссия қарори унинг котиби томонидан баённома шаклида расмийлаштирилади.


27. Баённомада тегишлилиги бўйича манфаатдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, кўчмас мулк ҳақидаги тегишли маълумотлар ҳамда комиссия томонидан мазкур мурожаат юзасидан қабул қилинган қарор кўрсатилиши керак.

Баённома комиссиянинг ҳар бир аъзоси томонидан имзоланади ҳамда тасдиқлаш учун комиссия раисига тақдим этилади.


28. Комиссия котиби комиссия раиси томонидан тасдиқланган баённома нусхаси шу куннинг ўзида рўйхатдан ўтказувчи ва манфаатдор шахсга электрон почта орқали ёки уларнинг яшаш ёки жойлашган жойига (почта орқали) етказилишини таъминлайди.


29. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда низоларни судгача ҳал қилиш реестри (кейинги ўринларда - реестр) шакллантирилади ҳамда унга келиб тушган шикоятлар ҳамда комиссия қарори билан расмийлаштириладиган баённомалар киритиб борилади.

Реестр Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан электрон шаклда юритилади.


30. Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ юзасидан аниқланган янги ҳолатлар асосида комиссия томонидан қабул қилинган қарор қайта кўриб чиқилиши мумкин.



6-БОБ. КОМИССИЯ ҚАРОРИ ЮЗАСИДАН

БЕРИЛГАН МУРОЖААТЛАРНИ АПЕЛЛЯЦИЯ

КОМИССИЯСИ ТОМОНИДАН КЎРИБ ЧИҚИШ


31. Апелляция комиссияси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги директорининг буйруғига мувофиқ мазкур Низомга 3-иловада келтирилган намунавий таркибда тузилади.


32. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилувчи шахс ёхуд давлат рўйхатидан ўтказишни рад этган шахс апелляция комиссияси аъзоси бўлиши мумкин эмас.


33. Комиссия хулосасидан норози бўлган манфаатдор шахс рўйхатдан ўтказувчи комиссия хулосасини олган кундан бошлаб икки ой муддатда ёзма ёки рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда апелляция комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


34. Апелляция комиссиясининг йиғилиши, агар унда апелляция комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Йиғилишни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, апелляция комиссиясининг янги йиғилиши ўтказиладиган сана ва вақти эълон қилинади.


35. Манфаатдор шахс ёки рўйхатдан ўтказувчи томонидан берилган шикоят апелляция комиссияси томонидан ўн иш кунида кўриб чиқилади.


36. Апелляция комиссияси котиби апелляция комиссияси аъзоларини, рўйхатдан ўтказувчини ҳамда манфаатдор шахсни апелляция комиссияси йиғилиши ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин хабардор қилади.


37. Манфаатдор шахс ёки унинг қонуний вакили ҳамда рўйхатдан ўтказувчи апелляция комиссия томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга.


38. Апелляция комиссияси манфаатдор шахс ёки рўйхатдан ўтказувчининг апелляциясини кўриб чиқиш натижалари бўйича комиссия қарорини бекор қилиш ёки ўз кучида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда уни апелляция комиссияси котиби баённома шаклида расмийлаштиради.


39. Апелляция комиссиясининг қарори комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, апелляция комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


40. Апелляция комиссиясининг котиби баённома манфаатдор шахс ва рўйхатдан ўтказувчига электрон почта орқали ёки уларнинг яшаш ёки жойлашган жойига (почта орқали) етказилишини таъминлайди ҳамда реестрга киритади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


41. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

        

           




Низомга

1-ИЛОВА



Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат

рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни

кўриб чиқувчи комиссияга мурожаат қилиш

ва мурожаатларни кўриб чиқиш

СХЕМАСИ

          

     

Босқичлар

     


     

Субъектлар

       


      

Тадбирлар

    


     

Муддатлар

    











1-босқич


Манфаатдор шахс


    

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда Давлат кадастрлари палатаси масъул ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиб, Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни кўриб чиқувчи комиссияга (кейинги ўринларда - Комиссия) ёзма равишда ёки Давлат кадастрлари палатасининг расмий веб-сайти орқали ариза беради.

        


Заруратга кўра








2-босқич


Комиссия


       

1. Манфаатдор шахснинг аризасини кўриб чиқади.


2. Аризада келтирилган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келган низоларни судгача ҳал қилиш чораларини кўради.


3. Манфаатдор шахснинг аризасини унинг хоҳишига кўра манфаатдор шахс ва Комиссия аъзолари иштирокида Комиссия мажлисида муҳокама қилади.


4. Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича тегишли қарор қабул қилади.

         


Ўн иш куни муддатда











3-босқич


Манфаатдор шахс


    

Комиссия қароридан норози бўлганда, ёзма равишда ёки Давлат кадастрлари палатасининг расмий веб-сайти орқали Апелляция комиссиясига мурожаат қилади.

       


Комиссия қарорини олган кундан

бошлаб икки ой муддатда








4-босқич


Апелляция комиссияси


      

1. Манфаатдор шахснинг мурожаатини кўриб чиқади.


2. Манфаатдор шахс ёки унинг қонуний вакили ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг рўйхатдан ўтказувчи масъул ходимига Апелляция комиссияда мурожаат кўриб чиқилишида иштирок этиш ҳуқуқини беради.


3. Манфаатдор шахснинг аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича Комиссиянинг қарорини бекор қилиш ёки ўз кучида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилади.

         


Ўн иш куни муддатда









5-босқич


Манфаатдор шахс


         

Комиссия ва апелляция комиссиясининг қарорларидан норози бўлган ҳолатларда судга шикоят қилади.

        


Белгиланган муддатларда

      

        




Низомга

2-ИЛОВА



Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат

рўйхатидан ўтказиш вақтида юзага келадиган

низоларни судга қадар ҳал қилиш комиссиясининг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

         

Лавозимига кўра

-

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи, комиссия раиси


Лавозимига кўра

-

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари, комиссия раиси ўринбосари


Лавозимига кўра

-

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳудудий бошқармасининг масъул ходими


Лавозимига кўра

-

Адлия вазирлиги ҳудудий бошқармасининг масъул ходими


Лавозимига кўра

-

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси ҳудудий бошқармасининг масъул ходими


Лавозимига кўра

-

Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармасининг масъул ходими


Лавозимига кўра

-

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлар палатаси худудий бошқармасининг масъул ходими, комиссия котиби

         

Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахс киритилади.

        

        




Низомга

3-ИЛОВА



Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат

рўйхатидан ўтказиш вақтида юзага келадиган

низоларни судга қадар ҳал қилиш комиссияси

қарорлари юзасидан берилган мурожаатларни

кўриб чиқадиган апелляция комиссиясининг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

       

Лавозимига кўра

-

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори ўринбосари, апелляция комиссияси раиси


Лавозимига кўра

-

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг юридик хизмати бошлиғи


Лавозимига кўра

-

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг масъул ходими


Лавозимига кўра

-

Адлия вазирлигининг масъул ходими


Лавозимига кўра

-

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг масъул ходими


Лавозимига кўра

-

Адвокатлар палатасининг масъул ходими


Лавозимига кўра

-

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг масъул ходими, апелляция комиссияси котиби

         

Изоҳ. Апелляция комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахс киритилади.

        

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 30 август



















































































Время: 0.0269
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск