ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги / Сув хўжалиги. Сув хўжалиги иншоотлари ва гидротехник объектлар /

Ўзбекистон Республикасининг 30.08.2023 й. ЎРҚ-865-сон "Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 04.05.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 04.08.2023 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.08.2023 й.

N ЎРҚ-865



ГИДРОТЕХНИКА ИНШООТЛАРИНИНГ

ХАВФСИЗЛИГИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 4 майда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 4 августда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Гидротехника иншоотларининг

хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилик


Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг гидротехника иншоотлари хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


гидротехника иншоотлари - сув омборлари тўғонлари, дарёлар, сойлар, каналлар ва коллекторлардаги тўғонлар, дарёларнинг ўзанларини тўсувчи иншоотлар, сув олиш, сув ўтказиш, сув ташлаш ҳамда қирғоқларни ҳимоя қилиш иншоотлари, гидроэлектростанциялар, насос станциялари;


гидротехника иншоотларини консервациялаш - гидротехника иншоотларини қуришни ёки улардан фойдаланишни вақтинча тўхтатган ҳолда уларни сақлаб туришга доир чора-тадбирлар мажмуи;


гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги - гидротехника иншоотларининг фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва қонуний манфаатлари, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулки, атроф-муҳит ва хўжалик объектлари ҳимоя қилинишини таъминлаш имконини берувчи ҳолати;


гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияси -гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини асословчи ҳужжат;


гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги мезонлари -гидротехника иншоотлари ҳолатининг ва улардан фойдаланиш шартларининг гидротехника иншоотлари аварияси хавфининг йўл қўйиладиган даражасига мувофиқ бўлган миқдор ва сифат кўрсаткичларининг чекланган қиймати;


фойдаланувчи ташкилот - балансида гидротехника иншооти мавжуд бўлган ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган ташкилот.



4-модда. Гидротехника иншоотлари

хавфсизлигининг асосий принциплари


Гидротехника иншоотлари хавфсизлигининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилишнинг, шунингдек атроф-муҳитни ҳимоя қилишнинг устуворлиги.



5-модда. Гидротехника иншоотларининг таснифи


Гидротехника иншоотларининг лойиҳа кўрсаткичлари параметрларига, уларга юкламалар ҳамда таъсир кўрсатиш омилларига, шунингдек қурилишда ишлатиладиган материалларга, фойдаланиш шароитларига қараб гидротехника иншоотлари I, II, III ва IV синфларга бўлинади. Гидротехника иншоотларининг таснифидан келиб чиққан ҳолда гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлашнинг асосий талаблари белгиланади.



2-БОБ. ГИДРОТЕХНИКА ИНШООТЛАРИНИНГ

ХАВФСИЗЛИГИ СОҲАСИДАГИ ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ


6-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги

соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари


Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

гидротехника иншоотларида табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар (бундан буён матнда фавқулодда вазиятлар деб юритилади) юзага келишининг олдини олиш, шунингдек уларнинг оқибатларини тугатиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, амалий ва инновацион лойиҳалар натижаларини ишлаб чиқариш амалиёти билан интеграция қилиш;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг гидротехника иншоотлари

хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан назорат қилинадиган гидротехника иншоотларининг рўйхатини тасдиқлайди;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги давлат дастурлари ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги устидан давлат назоратини ташкил этади;

ўз ваколатлари доирасида гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасида халқаро ҳамкорликни ташкил этади ва таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



8-модда. Махсус ваколатли давлат

органининг гидротехника иншоотлари

хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).

Махсус ваколатли давлат органи:

гидротехника иншоотлари хавфсизлигининг давлат назоратини ва текширувини амалга оширади;

гидротехника иншоотларини қуриш ва реконструкция қилишга доир лойиҳаолди, лойиҳа ҳужжатларини, шунингдек улардан фойдаланиш қоидаларини келишади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги мезонларини тасдиқлайди;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

дарёларнинг, сойларнинг ўзанларида, гидротехника иншоотларига туташ бўлган юқори ва қуйи ҳудудларда сув хўжалиги объектларидан фойдаланишни амалга оширувчи ёхуд хўжалик фаолияти ёки бошқа фаолият билан шуғулланувчи ташкилотларнинг хўжалик фаолиятини ёхуд бошқа фаолиятини, агар бу фаолият гидротехника иншоотларининг хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатса, тақиқлайди, тўхтатиб туради ёки чеклайди. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тақиқлаш, тўхтатиб туриш ёки чеклаш суд тартибида амалга оширилади, бундан уларнинг фаолиятини фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар, пандемиялар, шунингдек аҳолининг ҳаёти ва соғлиги, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулки учун ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш зарурияти муносабати билан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ёки чеклаш ҳоллари мустасно;

ўз ваколатлари доирасида гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасида халқаро ҳамкорликни ташкил этади;

гидротехника иншоотларининг қўриқланиши, шунингдек уларнинг хавфсизлик декларациясига мувофиқлиги устидан давлат назоратини амалга оширади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини ва ишончли ишлашини таъминлаш тўғрисида кўрсатмалар беради;

фавқулодда вазиятлар хавфи даражаси юқори бўлган гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш ҳамда қуриш ишларини амалга оширишда хавфсизлик қоидалари қўпол равишда бузилган ҳолларда, лойиҳалаштириш ва қуришга доир лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақида таклифлар киритади;

гидротехника иншоотларига монеликсиз киради, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлашга тааллуқли барча ҳужжатлар ва материаллар билан танишади;

гидротехника иншоотлари хавфсизлиги таъминланишининг давлат назоратини ва текширувини амалга ошириш чоғида гидротехника иншоотидан фойдаланувчини, лойиҳа ҳамда пудрат ташкилотларини, шунингдек манфаатдор вазирликларни ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини жалб этиши мумкин;

фавқулодда вазиятларнинг аҳолига ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

гидротехника иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, фойдаланишга қабул қилиш, консервациялаш ва тугатишда иштирок этади, шунингдек тегишли хулосалар беради;

гидротехника иншоотларининг техник ҳолатини жойига чиққан ҳолда ўрганади ва диагностика ишларини амалга оширади;

ўз назорати остидаги гидротехника иншоотларининг текширувини бир йил ичида камида икки марта амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган гидротехника иншоотларининг давлат назоратини амалга оширади.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги

вазирлигининг гидротехника иншоотлари

хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

гидротехника иншоотларидан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ уларнинг хавфсиз ишлашини таъминлайди;

гидротехника иншоотларини модернизация қилиш, қуриш, реконструкция қилишга доир ишларнинг сифатли бўлишини таъминлайди, шунингдек лойиҳаларнинг давлат экспертизасини ҳамда уларга илмий-техника ҳужжатлари илова қилинишини таъминлайди;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасида фан-техника ютуқларининг амалиётга тизимли равишда жорий этилишини ташкил қилади, таълим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги интеграцияни кучайтиради;

халқаро ҳамкорликни амалга оширади, чет эл инвестициялари ва техник ёрдам маблағларини жалб этади, лойиҳалаштириш ва давлат экспертизасини ўтказиш учун малакали чет эл экспертларини ҳамда консалтинг ташкилотларини жалб этади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги замонавий технологияларнинг, қурилиш материалларининг ҳамда илғор хорижий тажрибанинг қўлланилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



10-модда. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда

вазиятлар вазирлигининг гидротехника иншоотлари

хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:

гидротехника иншоотларида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, шунингдек фавқулодда вазиятлар оқибатлари тўғрисида хабардор қилиш бўйича биргаликдаги ўқув машғулотларида иштирок этади;

гидротехника иншоотларида фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда, аҳолини ва ҳудудларни ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишда фойдаланувчи ташкилотларга услубий ёрдам кўрсатади;

хавф даражаси юқори бўлган гидротехника иншоотларини қуришга доир лойиҳа ҳужжатларининг фавқулодда вазиятлар талабларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан давлат экспертизасини амалга оширади;

трансчегаравий аҳамиятга эга гидротехника иншоотларидаги фавқулодда вазиятлар оқибатларини тугатиш бўйича авария-қутқарув ишларида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ иштирок этади;

асосланган прогнозлар бўйича гидротехника иншоотларидаги эҳтимол тутилган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, моддий ва маданий қимматликларни муҳофаза қилиш, шунингдек фавқулодда вазиятлар оқибатларини тугатиш ҳамда уларнинг зарарли таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



11-модда. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш

ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг

гидротехника иншоотлари хавфсизлиги

соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги:

гидротехника иншоотларини қуриш ва реконструкция қилишда шаҳарсозлик ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, миллий стандартларга, қурилиш ишлари технологияларига, қурилиш материалларининг ва буюмларининг сифатига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш ва қуриш соҳасидаги техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

гидротехника иншоотларини синфларга бўлиш нормалари ва қоидаларини тасдиқлайди;

гидротехника иншоотларини қуришда буюртмачи ташкилотнинг техник назоратни амалга ошириш бўйича ишлари, лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини амалга оширишга доир ишлари, шунингдек пудрат ташкилоти томонидан ички назоратни амалга ошириш бўйича ишлар текширилишини ташкил этади;

қурилиши тугалланган гидротехника иншоотларини фойдаланишга қабул қилишда иштирок этади;

гидротехника иншоотларини сейсмик жиҳатдан заифлик даражаси бўйича таснифлашда, шунингдек уларнинг инструментал-техник текширувида ҳамда зилзилабардошлигини оширишга доир тадбирларда иштирок этади;

гидротехника иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишлари лойиҳаларининг давлат экспертизасини таъминлайди;

гидротехника иншоотларининг лойиҳалаштирилиши ва қурилиши жараёнида ишларнинг сифати устидан текширув ҳамда техник назорат амалга оширилишини таъминлайди, қурилиш жараёнида камчиликлар ва нуқсонлар аниқланган ҳолларда эса уларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўради.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси

Миллий гвардиясининг ва Ўзбекистон Республикаси

Мудофаа вазирлигининг гидротехника иншоотлари

хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:

қўриқланадиган объектларда гидротехника иншоотларининг қўриқланишини шартнома асосида таъминлайди;

қўриқланадиган объектлардаги гидротехника иншоотларида объектнинг ички режимига ва назорат режимига риоя этилишини таъминлайди, жамоат тартибини сақлашда, фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда ҳамда уларнинг оқибатларини тугатишда иштирок этади;

гидротехника иншоотларининг қўриқланадиган объектларида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига ва уларнинг олдини олишга қонунчиликда белгиланган тартибда кўмаклашади;

гидротехника иншоотларининг қўриқланадиган объектларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини тажовузлардан ҳимоя қилади;

гидротехника иншоотларини қўриқлашга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



13-модда. Ўзбекистон Республикаси

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги

Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат

қилиш инспекциясининг гидротехника иншоотлари

хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси:

Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг давлат реестрида гидротехника иншоотларининг хавфли ишлаб чиқариш объектларини рўйхатдан ўтказади;

гидротехника иншоотларидаги хавфли ишлаб чиқариш объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга топшириш чоғида саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

гидротехника иншоотларидаги хавфли ишлаб чиқариш объектлари ходимларининг саноат хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талабларга, шунингдек норматив-техник ҳужжатлар талабларига риоя этиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

гидротехника иншоотларида саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

гидротехника иншоотларида саноат хавфсизлиги талабларини белгилайди;

гидротехника иншоотларининг хавфли ишлаб чиқариш объектларида қўлланиладиган техник қурилмалар сертификатлаштирилишини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



14-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти

органларининг гидротехника иншоотлари

хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

сув ресурсларидан фойдаланишда ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишда гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлайди;

гидротехника иншоотларини жойлаштириш ҳақида, шунингдек гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилик бузилган ҳолларда улардан фойдаланишни чеклаш ҳақида қонунчиликда белгиланган тартибда қарорлар қабул қилади;

гидротехника иншоотларининг авариялари оқибатларини тугатишда иштирок этади;

гидротехника иншоотларининг фавқулодда вазиятларни юзага келтириши мумкин бўлган авариялари хавфи тўғрисида аҳолини хабардор қилади;

ўз ваколатлари доирасида гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширишда иштирок этади;

гидротехника иншоотларини сақлаб туриш учун Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексида белгиланган тартибда маблағлар ажратади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ГИДРОТЕХНИКА ИНШООТЛАРИ

ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЮЗАСИДАН

ФОЙДАЛАНУВЧИ ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ, БУЮРТМАЧИ

ТАШКИЛОТЛАРНИНГ, ЛОЙИҲА ВА

ПУДРАТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


15-модда. Фойдаланувчи ташкилотларнинг

гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш

бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Фойдаланувчи ташкилотлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

гидротехника иншоотларини таъмирлаш ва реконструкция қилишда иштирок этиш ҳамда амалга оширилаётган ишларнинг тасдиқланган лойиҳага мувофиқ бажарилишини талаб қилиш;

гидротехника иншоотларида хавф юзага келганда гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ мустақил равишда чоралар кўриш;

гидротехника иншоотларининг ҳудудига кириш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқароларнинг (шахсларнинг) гидротехника иншоотларига киришига йўл қўйилмаслигини таъминлаш;

қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлардан гидротехника иншоотларини қўриқлаш талабларига риоя этилишини талаб қилиш;

жисмоний ва юридик шахслардан гидротехника иншоотлари ҳудудида хавфсизликни таъминлаш қоидаларига риоя этилишини талаб қилиш.

Фойдаланувчи ташкилотлар:

гидротехника иншоотларидан фойдаланиш, уларни таъмирлаш, тиклаш, реконструкция қилиш, якунланган ишларни қабул қилиш, консервациялаш, гидротехника иншоотларини фойдаланишдан чиқариш ҳамда тугатиш чоғида гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги нормалари ва қоидаларига риоя этилишини таъминлаши;

гидротехника иншоотларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари, шунингдек санитария муҳофазаси зоналари ва санитария ҳимоя ҳудудлари лойиҳа кўрсаткичларига мувофиқ аниқланишини ҳамда белгиланишини таъминлаши;

гидротехника иншоотларининг ҳолати, шунингдек уларга нисбатан табиий-техноген таъсирлар устидан назорат ва мониторингни амалга ошириши;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини баҳолашни уларга нисбатан барча зарарли таъсирларни ҳисобга олган ҳолда амалга ошириши;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги мезонлари ишлаб чиқилишини ва уларга ўз вақтида аниқликлар киритилишини таъминлаши;

гидротехника иншоотларининг техник ҳолатини мониторинг қилиш ва гидротехника иншоотларининг маълумотлар базасини шакллантириш чоғида замонавий ахборот технологияларидан ҳамда тезкор алоқа воситаларидан фойдаланилишини таъминлаши;

гидротехника иншоотлари хавфсизлигининг пасайиши сабабларининг доимий таҳлилини ўтказиши, уларнинг техник жиҳатдан соз ҳолатда бўлишини таъминлаши, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши, шунингдек гидротехника иншоотларида аварияларнинг олдини олишга доир тадбирлар ишлаб чиқилишини ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаши;

гидротехника иншоотларининг мунтазам текширувлари ўтказилишини таъминлаши;

гидротехника иншоотларида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиши;

гидротехника иншоотларидан фойдаланишни ташкил этиш чоғида ходимларнинг малакаси белгиланган талаблар ва қоидаларга мувофиқ бўлишини таъминлаши;

аҳолини гидротехника иншоотларида фавқулодда вазият хавфи юзага келиши мумкинлиги ёки фавқулодда вазият юзага келганлиги тўғрисида хабардор қилишнинг автоматлаштирилган тизими доимий шай ҳолатда бўлишини таъминлаши;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда аҳолини гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги масалалари бўйича хабардор қилиши;

махсус ваколатли давлат органи билан ҳамкорлик қилиши;

гидротехника иншоотларидан фойдаланиш хавфсизлигини ошириш учун уларни замонавий ускуналар, назорат-ўлчов ва кузатув асбоблари билан жиҳозлаши, шунингдек рақамли технологияларни жорий этиши;

гидротехника иншоотларида фавқулодда вазият юзага келиши хавфи ёки фавқулодда вазият юзага келганлиги тўғрисида республика ижро этувчи ҳокимият органларини, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни, шунингдек аҳолини дарҳол хабардор қилиши;

гидротехника иншоотларининг назорат-ўлчов ва кузатув асбоблари ишлаш ҳолатида сақланишини, уларнинг такомиллаштирилишини, шунингдек улардан мақсадли фойдаланилишини таъминлаши;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлаши;

махсус ваколатли давлат органига ўз ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиши;

гидротехника иншоотларидан фойдаланиш учун ажратиладиган маблағларни биринчи навбатда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ишларини молиялаштириш учун йўналтириши;

гидротехника иншоотларини реконструкция қилиш, улардан фойдаланиш чоғида ишларни тасдиқланган гидротехника иншоотларидан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига қатъий мувофиқ ҳолда ташкил этиши;

Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги қонунчилик талабларига ҳамда сейсмик хавфсизлик таъминланишини техник жиҳатдан тартибга солиш қоидаларига риоя этиши;

гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлашга оид қисмида махсус ваколатли давлат органининг кўрсатмаларини бажариши шарт.

Фойдаланувчи ташкилотлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



16-модда. Буюртмачи ташкилотларнинг

гидротехника иншоотлари хавфсизлигини

таъминлаш бўйича мажбуриятлари


Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида буюртмачи ташкилотлар гидротехника иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, консервациялаш ва тугатиш чоғида:

лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаши, шунингдек уларнинг давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминлаши, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

лойиҳа ҳужжатларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиши, шунингдек гидротехника иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш даврида давлат экологик экспертизасининг хулосасида кўрсатилган талабларни бажариши;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияларида объектларнинг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаши;

техник назорат ва мониторингни амалга ошириши;

лойиҳа талабларига мувофиқ ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиши ҳамда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиши;

лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаши;

лойиҳада назарда тутилган ишлар тугалланганидан кейин гидротехника иншоотларининг ўз вақтида фойдаланишга қабул қилинишини белгиланган тартибда таъминлаши;

гидротехника иншоотларини фойдаланишга қабул қилиш чоғида уларнинг зилзилабардошлигига доир инструментал-техник текширувдан ўтказилишини ташкил этиши;

қурилиши тугалланган гидротехника иншоотларидан фойдаланишнинг кафолатли даври мобайнида аниқланган камчиликларнинг бартараф этилишини таъминлаши;

лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишга мазкур соҳадаги ихтисослашган нуфузли лойиҳа ташкилотларининг жалб этилишини таъминлаши;

I, II ва III синфга мансуб гидротехника иншоотларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини махсус ваколатли давлат органи билан келишиши;

лойиҳаларни амалга ошириш чоғида муаллифлик ва геотехник назоратни ташкил этиши ҳамда таъминлаши;

I ва II синфга мансуб гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш ҳамда экспертизадан ўтказиш чоғида илмий муассасаларнинг ва таълим ташкилотларининг, шунингдек халқаро ташкилотларнинг, чет эл компанияларининг юқори малакали мутахассисларини экспертлар сифатида жалб этиши;

Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси назорати остидаги гидротехника иншоотларига ўрнатилган техник қурилмаларни қўллаш учун рухсатнома олиши;

тендер ёки танлов ҳужжатларида иштирокчиларга гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги амалий тажриба, қурилиш ускуналари, лабораториялар, машиналар ва механизмлар, шунингдек малакали мутахассислар мавжуд бўлиши тўғрисидаги талабларни белгилаши шарт.

Гидротехника иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, консервациялаш ва тугатиш чоғида буюртмачи ташкилотларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



17-модда. Лойиҳа ташкилотларининг

гидротехника иншоотлари хавфсизлигини

таъминлаш бўйича мажбуриятлари


Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида лойиҳа ташкилотлари гидротехника иншоотларини қуришни, реконструкция қилишни, таъмирлашни, консервациялаш ва тугатишни лойиҳалаштириш чоғида:

лойиҳаларни Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига, "Экологик экспертиза тўғрисида"ги ҳамда "Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари талабларига ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқиши;

лойиҳа ҳужжатларида юқори самарали машиналар ва механизмлар, замонавий қурилиш материаллари, технологиялари ҳамда ускуналари қўлланилишини назарда тутиши;

гидротехника иншоотларидан фойдаланиш қоидаларини буюртмачи ташкилотнинг талабномасига кўра ишлаб чиқиши;

лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизасида, шу жумладан давлат экологик экспертизасида иштирок этиши;

лойиҳалаштириш чоғида муҳандислик-геологик қидирув ишларининг сифатли бажарилишини таъминлаши;

лойиҳани бажаришда шартномага асосан муаллифлик назоратини амалга ошириши;

лойиҳалаштириш чоғида гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги мезонларини инобатга олиши шарт.

Гидротехника иншоотларини қуришни, реконструкция қилишни, таъмирлашни, консервациялаш ва тугатишни лойиҳалаштириш чоғида лойиҳа ташкилотларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



18-модда. Пудрат ташкилотларининг

гидротехника иншоотлари хавфсизлигини

таъминлаш бўйича мажбуриятлари


Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида пудрат ташкилотлари гидротехника иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, консервациялаш ва тугатиш лойиҳаларини амалга ошириш чоғида:

лойиҳада назарда тутилган ишларнинг лойиҳа талабларига мувофиқ ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаши;

лойиҳани амалга ошириш даврида назорат ҳужжатлари юритилишини, лойиҳа ташкилотларининг ва буюртмачи ташкилотнинг, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияларининг, шунингдек махсус ваколатли давлат органининг кўрсатмалари бажарилишини таъминлаши;

лойиҳаларни амалга ошириш чоғида буюртмачи ташкилотга ижро ҳужжатларини, қурилиш материаллари ва ускуналарининг тегишли мувофиқлик сертификатларини ҳамда техник паспортларини тақдим этиши;

қурилиш жараёнида, шунингдек фойдаланишнинг кафолатли даврида муаллифлик ва техник назорат натижасида аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиши;

қурилишга оид таваккалчиликлар хавфини мажбурий суғурта қилишни амалга ошириши, қурилиш даврида объектнинг қўриқланишини таъминлаши шарт.

Гидротехника иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, консервациялаш ва тугатиш лойиҳаларини амалга ошириш чоғида пудрат ташкилотларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



4-БОБ. ГИДРОТЕХНИКА ИНШООТЛАРИНИНГ

ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


19-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини

таъминлашга доир асосий талаблар


Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлашга нисбатан қуйидаги асосий талаблар қўйилади:

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлашга доир норматив ҳужжатларга риоя этиш;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини декларациялаш;

хавфлилик даражаси юқори бўлган объектлар жумласига кирувчи гидротехника иншоотларини лойиҳалаштиришга, қуришга ва улардан фойдаланишга доир фаолиятни лицензиялаш;

гидротехника иншоотларидан фойдаланишнинг узлуксизлиги;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан уларнинг хавфсизлик мезонларини белгилаш, гидротехника иншоотларининг ҳолатини назорат қилиш мақсадида уларни замонавий техник ускуналар билан жиҳозлаш, гидротехника иншоотларига зарур малакага эга бўлган ходимлар томонидан хизмат кўрсатилишини таъминлаш;

гидротехника иншоотларида фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши хавфини энг кўп даражада камайтириш бўйича профилактика тадбирларини амалга ошириш;

гидротехника иншоотларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш;

махсус ваколатли давлат органининг ҳамда фойдаланувчи ташкилотларнинг хавфсизликни таъминлашга доир кўрсатмалари гидротехника иншоотлари ҳудудида жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши.

Гидротехника иншоотларини бир вақтнинг ўзида (мувозий) лойиҳалаштириш ва қуриш, реконструкция қилиш тақиқланади.

Гидротехника иншоотларини бир вақтнинг ўзида (мувозий) лойиҳалаштирилган ҳолда қуриш мудофаа қобилиятини ҳамда давлат хавфсизлигини, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлашга доир тадбирлар, табиий ва экологик офатлар оқибатларини бартараф этиш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган алоҳида ҳолларда, шунингдек молиялаштириш манбалари мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига кўра амалга оширилиши мумкин.



20-модда. Гидротехника иншоотларидаги

лойиҳа-қидирув ишларини илмий-техник

жиҳатдан таъминлаш


Гидротехника иншоотларидаги лойиҳа-қидирув ишларини илмий-техник жиҳатдан таъминлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

мавжуд вазиятлар ва муаммолар лойиҳада тўғри баҳоланганлигини ўрганиш;

бажарилган лойиҳа-қидирув ишларининг сифати ва тўлиқлигини таҳлил қилиш;

геологик, гидрологик ва гидрогеологик маълумотларнинг сифатини ўрганиш ва таҳлил қилиш;

қабул қилинган лойиҳавий ечимнинг тўғрилигини, якуний ечимнинг илмий-техник жиҳатдан асосланганлигини, юқори самарали машиналар ва механизмлар, замонавий қурилиш материаллари, технологиялари ҳамда ускуналари қўлланилганлигини таҳлил қилиш;

илғор хорижий тажрибадан фойдаланилганлигини ўрганиш;

гидротехника иншоотларининг хавфсиз ишлаши, шунингдек атроф-муҳитга таъсирининг баҳоланганлигини, муҳофаза зоналари ва соҳил бўйи минтақаларининг белгиланганлигини таъминлаш.

Лойиҳа-қидирув ишларини илмий-техник жиҳатдан таъминлашга таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва олимлар жалб этилиши мумкин.



21-модда. Гидротехника иншоотларининг

давлат кадастри


Гидротехника иншоотларининг давлат кадастри Давлат кадастрларининг ягона тизимига киради.

Гидротехника иншоотлари тўғрисидаги маълумотлар Гидротехника иншоотларининг давлат кадастрига киритилади.

Махсус ваколатли давлат органи назоратидаги гидротехника иншоотларининг давлат кадастри махсус ваколатли давлат органи томонидан, қолган барча гидротехника иншоотларининг давлат кадастри эса фойдаланувчи ташкилотлар томонидан юритилади.

Гидротехника иншоотларининг давлат кадастрини юритиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, шунингдек фойдаланувчи ташкилотлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Гидротехника иншоотларининг давлат кадастрини юритишда қўлланиладиган шакллар махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.



22-модда. Гидротехника иншоотларининг

хавфсизлиги декларацияси


Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияси:

гидротехника иншоотларидан фойдаланиш, уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш, шунингдек консервациялаш, тугатиш даврида -фойдаланувчи ташкилотлар томонидан;

гидротехника иншоотларини фойдаланишга топширишда - буюртмачи ташкилотлар томонидан тузилади.

Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларациясини тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Фойдаланувчи ташкилотлар ва буюртмачи ташкилотлар гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларациясини махсус ваколатли давлат органига давлат экспертизасини ўтказиш учун тақдим этади.

Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги декларациясининг махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланиши гидротехника иншоотларини давлат кадастрига киритиш ҳамда уларни фойдаланишга топширишга ёки уларни фойдаланишдан чиқаришга, реконструкция қилишга, капитал таъмирлашга, тиклашга ёки консервациялашга рухсатнома олиш учун асос бўлади.



23-модда. Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги

декларациясининг давлат экспертизаси


Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги декларациясининг давлат экспертизаси махсус ваколатли давлат органи томонидан ўтказилади ва унинг ҳузурида ташкил этилган Экспертлар кенгаши томонидан тасдиқланади.

Махсус ваколатли давлат органи томонидан давлат экспертизаси хулосасига асосан гидротехника иншоотининг хавфсизлиги декларациясини тасдиқлаш тўғрисида, тегишли рухсатнома бериш ҳақида ёки рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилиниши мумкин.

Фойдаланувчи ташкилотлар махсус ваколатли давлат органининг рухсатнома беришни рад этиш ҳақидаги қарори устидан суд тартибида шикоят қилиши мумкин.



24-модда. Гидротехника иншоотларини текшириш


Фойдаланувчи ташкилотларнинг, лойиҳа ва пудрат ташкилотларининг гидротехника иншоотларидан фойдаланиш, уларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, тиклаш ёки консервациялаш бўйича фаолияти гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши мақсадида ваколатли органлар томонидан текширилади.

Гидротехника иншоотларини текшириш чоғида фойдаланувчи ташкилотлар, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари текширувчиларга барча зарур ҳужжатларни тақдим этиши, уларнинг гидротехника иншоотлари жойлашган ҳудудга монеликсиз киришини таъминлаши шарт.



25-модда. Гидротехника иншоотларидаги

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун

молиявий ва моддий ресурслар захираларини

яратиш ҳамда улардан фойдаланиш


Гидротехника иншоотларидаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари улардан шошилинч тарзда фойдаланиш мақсадида фойдаланувчи ташкилотлар томонидан олдиндан яратилади.

Гидротехника иншоотларидаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Гидротехника иншоотларидаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари озиқ-овқат маҳсулотларининг, кийим-кечакларнинг, дори воситаларининг, тиббий буюмларнинг, тиббий техниканинг, қурилиш материалларининг, нефть маҳсулотларининг, умумий ва якка ҳимояланиш воситаларининг, авариядан ҳимояланишга доир бошқа воситаларнинг махсус захираларини, шу жумладан моддий ресурсларни, шунингдек фавқулодда вазиятларни бартараф этиш чоғидаги кутилмаган харажатларнинг ўрнини қоплаш учун мўлжалланган маблағларни ўз ичига олади.

Гидротехника иншоотларидаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари дахлсиз ҳисобланади ҳамда моддий бойликларни ҳар йили инвентаризациядан ўтказиш чоғида нормадан ортиқча қолдиқ ҳисоботга киритилмайди.



5-БОБ. ГИДРОТЕХНИКА ИНШООТЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ДАВРИДА ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТ

НАТИЖАСИДА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРНИНГ

ЎРНИНИ ҚОПЛАШ


26-модда. Фойдаланувчи ташкилотларнинг

фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш


Гидротехника иншоотларидан фойдаланиш даврида фавқулодда вазият юзага келиши натижасида бошқа шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ва (ёки) мол-мулкига, шунингдек атроф-муҳитга зарар етказилганлиги учун фойдаланувчи ташкилотларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Фойдаланувчи ташкилотларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш тартиби ва Суғурта объектларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



27-модда. Гидротехника иншоотларидан фойдаланиш

даврида фавқулодда вазиятлар натижасида

етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш


Гидротехника иншоотларидан фойдаланиш даврида фавқулодда вазиятлар натижасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда суғурта суммаси доирасида қопланади.

Трансчегаравий аҳамиятга эга бўлган гидротехника иншоотларидаги фавқулодда вазиятлар натижасида етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва халқаро шартномаларида белгиланган тартибда қопланади.

Гидротехника иншоотларидан фойдаланиш даврида фавқулодда вазият натижасида етказилган зарарнинг суғурта суммасидан ортиғининг ўрнини қоплаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


28-модда. Гидротехника иншоотларининг

хавфсизлигини таъминлаш соҳасида чет давлатлар,

халқаро ташкилотлар билан ахборот алмашиш


Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида чет давлатлар, халқаро ташкилотлар билан ахборот алмашиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Трансчегаравий таъсир кўрсатадиган ёки трансчегаравий зарар етказишга қодир бўлган трансчегаравий гидротехника иншоотларида фавқулодда вазият юзага келганлиги ёки юзага келиши мумкинлиги тўғрисида чет давлатларни хабардор қилиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.



29-модда. Гидротехника иншоотларида

фавқулодда вазият юзага келиши натижасида

халқаро ёрдам кўрсатиш


Гидротехника иншоотларида фавқулодда вазият юзага келган ҳолларда унинг оқибатларини бартараф этиш, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида халқаро ёрдам бериш ва олиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.



30-модда. Гидротехника иншоотларининг

хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик


Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



31-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига

ўзгартиришлар киритиш, шунингдек Ўзбекистон

Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини

ўз кучини йўқотган деб топиш


Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 193-модда, N 12, 269-модда; 1996 йил, N 5-6, 69-модда, N 9, 144-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 4-5, 126-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 3, 38-модда, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 312-модда, N 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, N 6, 261-модда, N 9, 498-модда, N 10, 536-модда, N 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, N 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, N 9, 416, 421-моддалар, N 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, N 4, 181, 189, 192-моддалар, N 9, 486, 488-моддалар, N 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, N 1, 1-модда, N 9, 334, 335, 337-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 462, 468, 470, 472, 474-моддалар; 2010 йил, N 5, 175, 179-моддалар, N 6, 231-модда, N 9, 335, 339, 341-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, N 1, 1-модда, N 4, 104, 105-моддалар, N 9, 247, 252-моддалар, N 12/2, 365-модда; 2012 йил, N 4, 108-модда, N 9/1, 242-модда, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 4, 98-модда, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 1, 2-модда, N 5, 130-модда, N 9, 244-модда, N 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, N 6, 228-модда, N 8, 310, 312-моддалар, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 1, 2-модда, N 4, 125-модда, N 9, 276-модда, N 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, N 4, 137-модда, N 6, 300-модда, N 9, 510-модда, N 10, 605-модда; 2018 йил, N 1, 1, 4, 5-моддалар, N 4, 224-модда, N 7, 430, 431, 432-моддалар, N 10, 671, 673, 679-моддалар; 2019 йил, N 1, 1, 3, 5-моддалар, N 2, 47-модда, N 3, 161, 165, 166-моддалар, N 5, 259, 261, 267, 268-моддалар, N 7, 386-модда, N 8, 469, 471-моддалар, N 9, 591, 592-моддалар, N 10, 674, 676-моддалар, N 11, 787, 791-моддалар, N 12, 880, 891-моддалар; 2020 йил, N 1, 4-модда, N 3, 203, 204-моддалар, N 7, 449-модда, N 9, 539, 540-моддалар, N 10, 593, 596-моддалар, N 11, 651-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 5, 7, 12, 13, 14-моддалар, N 2, 142-модда, N 3, 217-модда, N 4, 290, 293-моддалар, 4-сонга илова, N 8, 800, 802, 803-моддалар, N 9, 903-модда, N 10, 966, 967, 968, 973-моддалар, N 11, 1066-модда; 2022 йил, N 1, 1, 2-моддалар, N 2, 80, 81-моддалар, N 3, 215, 216-моддалар, N 4, 337-модда, N 5, 464, 465, 466, 467-моддалар, N 8, 787-модда, N 10, 981, 984-моддалар, N 12, 1188-модда; 2023 йил, N 3, 184, 185, 188, 189-моддалар, N 4, 265, 266, 268-моддалар) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:


1) 76-модда:

номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"76-модда. Сув хўжалиги объектлари ва қурилмаларини

шикастлантириш, улардан фойдаланиш қоидаларини

бузиш, шунингдек гидротехника иншоотларининг

хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш";


иккинчи қисмининг диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Сув хўжалиги объектлари ва қурилмаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, шунингдек гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш";


2) 245-модданинг биринчи қисмидаги "76-моддасида (сув хўжалиги иншоотларини шикастлантиришга оид қисмида)" деган сўзлар "76-моддасида (сув хўжалиги объектларини шикастлантириш ва гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ қисмида)" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августда қабул қилинган "Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида"ги 826-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 9, 223-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1999 йил 20 августда қабул қилинган "Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 827-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 9, 224-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 447-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 1, 8-модда) XXIII бўлими;


4) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрда қабул қилинган "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-59-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 10, 536-модда) 26-моддаси;


5) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 112-моддаси.



32-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини,

етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти

тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



33-модда. Қонунчиликни ушбу

Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



34-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Ушбу Қонуннинг 26 ва 27-моддалари 2024 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               Ш. Мирзиёев

         

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 30 август



















































































Время: 0.0092
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск