Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Нотурар бинолар ва иншоотлар, саноат ва бошқа турдаги объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.08.2023 й. ПҚ-267-сон "Жиззах вилоятида қуввати 450 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

07.08.2023 й.

N ПҚ-267



"ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИДА ҚУВВАТИ 450 МВТ

БЎЛГАН БУҒ-ГАЗ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИНИ

ҚУРИШ" ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Электр энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор ва сифатли таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги "CENGIZ ENERJI SAN. VE TIC A.Ş." (Туркия Республикаси) (кейинги ўринларда - Инвестор) ва "Cenergo" МЧЖ (кейинги ўринларда - Лойиҳа компанияси) билан "Жиззах вилоятида қуввати 450 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш" инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда - Инвестиция лойиҳаси) амалга оширилиши режалаштирилганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2023 йил 1 июнда Инвестиция шартномаси имзоланганлиги ҳамда унга мувофиқ Инвестор ва Лойиҳа компанияси:

Жиззах вилоятида қуввати 450 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини лойиҳалаштириши, молиялаштириши, қуриши ҳамда эксплуатация қилиши;

юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда, дастлабки баҳолаш бўйича жами 337,5 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши;

в) "Ўзбекистон миллий электртармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2023 йил 1 июнда Инвестиция лойиҳаси доирасида Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим имзоланганлиги ҳамда ушбу битимга мувофиқ:

Лойиҳа компанияси қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 2,0 млн АҚШ доллари миқдорида биринчи даражали хорижий банк кафолатини тақдим этиши;

Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга кафолатланган тарзда сотиш мажбуриятини олиши;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олиши ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга ошириши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Лойиҳа компанияси ҳамда Инвестор ўртасида имзоланган Инвестиция шартномаси тасдиқлансин;

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида тузилган Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим маъқуллансин.


3. Инвестиция шартномаси ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ уларнинг амал қилиш муддати давомида электр энергиясини сотиб олиш учун тўловлар чет эл валютасида деноминацияланган ва миллий валютада тўланадиган қатъий тариф бўйича амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.


4. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга Лойиҳа компанияси томонидан Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, Лойиҳа компанияси ва Инвестор ҳуқуқини Инвестиция лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этадиган бошқа кредиторларга тўғридан-тўғри ўтказиш юзасидан битимлар тузиш ҳуқуқи берилсин.


5. "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга:

Лойиҳа компанияси билан биргаликда Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун халқаро мустақил инжиниринг компаниясини ва бошқа маслаҳатчиларни мажбурий экспертиза ўтказмаган ҳолда танлаб олишга ҳамда улар билан шартномалар тузишга;

Инвестиция лойиҳаси мақсадлари учун табиий газ етказиб берувчи сифатида иштирок этишга;

Лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини уч ой мобайнида сотиб олиш мажбурияти бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига чет эл банкининг чет эл валютасида тасдиқланган ва тикланадиган аккредитивини очишга рухсат берилсин.


6. Сув хўжалиги вазирлиги ва "UzGasTrade" АЖ "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ билан Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўзда тутилган ҳажмларга ва параметрларга мувофиқ, Лойиҳа компаниясига табиий газ ва техник сув етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланишини таъминласин.

Бунда, Сув хўжалиги вазирлиги ва "UzGasTrade" АЖнинг шартномалар шартларига мувофиқ табиий газ ва техник сув етказиб бермаслиги натижасида "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ томонидан Лойиҳа компаниясига етказилган зарарлар, шу жумладан барча турдаги жарима ва бой берилган фойда суммаларини тўлаб бериш мажбурияти юзасидан, агар шартномада бошқа қоидалар назарда тутилмаган бўлса, табиий газ ва техник сув етказиб берувчилар "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ олдида қонунчиликка мувофиқ регресс тартибида жавобгар бўлиши белгилаб қўйилсин.


7. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Лойиҳа компаниясига, барча солиқлар ва йиғимлар тўланган ҳолда, Инвестиция лойиҳасини молиялаштириш доирасида қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

кредит олиш, чет эл валютасида пул маблағлари олиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан чет эл валютасида кредит тушумлари) учун чет эллардаги хорижий банкларда банк ҳисобварақлари очиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлган хорижий пудрат ташкилотлари, етказиб берувчилар ёки хорижий кредиторларга тўловларни Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан, тўғридан-тўғри амалга ошириш.


8. Инвестиция лойиҳаси доирасида буғ-газ электр станциясини қуриш билан боғлиқ қурилиш ва ер ишларини бажариш, бино ва иншоотлар пойдеворларини лойиҳалаштириш нормалари ва қоидалари Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим қоидаларига мувофиқ халқаро стандартлар билан тартибга солиниши белгилаб қўйилсин.


9. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлигининг Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ажратиладиган Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳудудидаги иловага мувофиқ 9,54 гектар ер участкасини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


10. Жиззах вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Инвестиция шартномаси ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўрсатилган шартларга мос келадиган буғ-газ электр станциясини қуриш учун зарур бўлган ер участкаларини Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилишини таъминласин.

Бунда:

а) Энергетика вазирлиги мазкур бандга асосан ўзига ажратилган тегишли ер участкаси:

буғ-газ электр станциясини қуриш учун Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш муддатига тенг даврга Лойиҳа компаниясига;

ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш учун "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга ижарага берилишини таъминласин;

б) Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

Лойиҳа компанияси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланганлик учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплашдан (компенсация тўловларидан) озод қилинсин;

Лойиҳа компанияси томонидан ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови миқдори ер солиғи миқдорига тенглаштирилсин.


11. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қурилиш ишларининг сифати устидан белгиланган тартибда давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга оширсин.


12. Лойиҳа компаниясининг буюртманомасига биноан:

Ташқи ишлар вазирлиги - Лойиҳани амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар учун кириш визалари, зарур ҳолларда, Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропортида белгиланган тартибда расмийлаштирилишини;

Ички ишлар вазирлиги - Лойиҳа компанияси ва Инвестиция лойиҳаси доирасида жалб қилинган пудрат ташкилотларининг хорижий мутахассислари ҳамда уларнинг оила аъзоларига кўп марталик виза муддатлари узайтирилишини, шунингдек, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиниши ва унинг муддати узайтирилишини;

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги - хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини белгиланган тартибда таъминласин.


13. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши, шунингдек, томонларнинг Инвестиция шартномаси ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим доирасидаги мажбуриятларини бажариши устидан доимий назорат ўрнатсин.


14. Адлия вазирлиги Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Инвестиция шартномаси ҳамда унинг қоидаларига мувофиқ имзоланган битимлар юзасидан юридик хулосалар берсин.


15. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказилишини ва Инвестиция лойиҳасини амалга оширишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминласин.


16. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2023 йил 7 августдаги

ПҚ-267-сон қарорига

ИЛОВА



"Жиззах вилоятида қуввати 450 МВт бўлган

буғ-газ электр станциясини қуриш" инвестиция

лойиҳасини амалга ошириш доирасида қишлоқ

хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат,

транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга

мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилаётган

ер участкалари координаталари

РЎЙХАТИ

         

Ҳудуд номи

Ердан фойдаланувчи номи

Контур рақами

Жами ер майдони

(гектар)

       

Шундан

       

яйлов ва пичанзорлар

(гектар)

         

бошқа ерлар

(гектар)

    

Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани


"Донабек Само" фермер хўжалиги


2қ

0,10


0,10


3қ

0,10


0,10


4қ

1,20



1,20

5қ

1,80


1,80


6

1,20



1,20

12қ

5,14


5,14


Жами

         

9,54


7,14

2,40

        

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 10 август












































































Время: 0.0208
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск