ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Фуқаролик ишлари бўйича / Процессуал характердаги ишлар бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 25.10.2019 й. 19-сон "Фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанция судининг ажримлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

25.10.2019 й.

N 19



ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА

БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ СУДИНИНГ

АЖРИМЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) янги таҳрирда қабул қилинганлиги, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанция суди томонидан ажримлар чиқаришда қонун нормаларни бир хилда ва тўғри қўллашни таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, фуқаролик иши бўйича биринчи инстанция судининг ажрими иш мазмунан ҳал қилинмайдиган суд ҳужжати ҳисобланади (ФПК 6-моддасининг бешинчи қисми). Шу билан бирга, фуқаролик ишини кўришда вужудга келадиган масалалар бўйича ажримларнинг ўз вақтида ва тўғри чиқарилиши, уни белгилангандек суд муҳокамасига тайёрлаш, процесс иштирокчиларининг ҳуқуқларини амалга ошириш, қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилув қарори қабул қилишга ёрдам беради.

Биринчи инстанция судининг ажримларини чиқариш, мазмуни ва ижро этишни тартибга солувчи умумий қоидалари ФПК 24-бобида назарда тутилган.


2. Биринчи инстанция судининг ажримлари алоҳида хонада (маслаҳатхонада) тузиладиган алоҳида процессуал ҳужжат шаклида ҳам, суд мажлиси баённомасига суд томонидан қабул қилинган қарор ҳақида тегишли ёзув киритган ҳолда суд мажлиси залида ҳам чиқарилиши мумкин.


3.

Суд алоҳида процессуал ҳужжат сифатида:

аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида;

аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисида;

аризани қайтариш тўғрисида;

ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида;

ишни суд муҳокамасига тайинлаш тўғрисида;

бир турдаги ишларни бирлаштириш ва бир нечта талабларни алоҳида иш юритишга ажратиш тўғрисида;

ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисида;

ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўриш тўғрисида;

ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни алмаштириш ёки шахсни шерик жавобгар сифатида ишга жалб қилиш тўғрисида;

иш бўйича бошқа шахсларни жалб қилиш тўғрисида;

ҳуқуқий ворислар процессга киришиши тўғрисида;

суд топшириғи тўғрисида;

даъвони таъминлаш, даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириш, шунингдек даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисида;

рад қилиш ҳақидаги аризани қаноатлантириш ёки рад қилиш тўғрисида;

шахсни мажбурий келтириш тўғрисида;

суд жаримасини солиш тўғрисида;

суд экспертизаси тайинлаш тўғрисида;

жавобгарни (қарздорни) қидириш тўғрисида;

иш бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш ва тиклаш тўғрисида;

аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида;

иш юритишни тугатиш тўғрисида;

эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаш ва иш муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида;

алиментларни ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар ундириш тўғрисида;

ишни бир суддан бошқа судга ўтказиш тўғрисида;

суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида;

ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриш ёки ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўришга ўтиш тўғрисида;

ҳал қилув қарори ёзувидаги хатоларни ва аниқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатиш тўғрисида;

ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисида;

ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этиш ҳақида;

дарҳол ижро этишга қаратилмаган ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш ҳақида;

сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриш тўғрисида;

ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки бекор қилишни рад қилиш тўғрисида;

ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида;

чет давлат судининг ёки чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижро этиш ёки буни рад этиш тўғрисида;

чет давлат судининг ёки чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги аризани қайтариш тўғрисида;

апелляция шикоятини (протестини) ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида;

процессуал муддатларни узайтириш ва тиклаш тўғрисида;

ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ёхуд бўлиб-бўлиб ижро этиш, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги масалалар бўйича ажрим чиқаришга мажбур;

даъво ариза (ариза)ни судга тааллуқлилигига кўра, иқтисодий судга ёки маъмурий судга кўриб чиқиш учун ўтказиш тўғрисида;

фуқаролик ишлари бўйича суд иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра, иқтисодий судга ёки маъмурий судга кўриб чиқиш учун ўтказиш ва фуқаролик суд ишини юритишни тугатиш тўғрисида.

Алоҳида процессуал ҳужжат кўринишида суднинг хусусий ажрими ҳам чиқарилади (ФПК 275-модда).


4. Суд ФПК 271-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ мураккаб бўлмаган масалаларни ҳал этиш бўйича (учинчи шахслар, тарафлар вакилларини ишга жалб қилиш ёки киришиши, гувоҳларни чақириш, суд муҳокамасини кейинга қолдириш, далилларни текшириш тартибини белгилаш, далилларни талаб қилиб олиш ёки ишга қўшиб қўйиш ва бошқалар) маслаҳатхонасига кирмасдан жойида ажрим чиқаришга ҳақли.

Шуни назарда тутиш лозимки, суд ўз хоҳишига кўра ҳар қандай масала бўйича алоҳида процессуал ҳужжат кўринишидаги ажрим чиқаришга ҳақли.


5. Судларнинг эътибори ажримлар, қонун бўйича унинг мазмунига қўйилган талабларга қатъий мос равишда чиқарилиши зарурлигига қаратилсин.


6. ФПК 272-моддасининг мазмунига кўра, суднинг алоҳида хонада (маслаҳатхонада) чиқарилган ажрими кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат.

Ажримнинг кириш қисмида:

ишнинг рақами, ажрим чиқарилган вақт ва жой;

ишни кўраётган суднинг номи;

судьянинг фамилияси, исми, отасининг исми (суд таркиби), суд мажлиси котиби;

ишда иштирок этувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади.

Ажримнинг баён қисмида низо предмети ва суд томонидан ҳал қилинаётган масаланинг моҳияти кўрсатилади.

Ажримнинг асослантирувчи қисмида:

суднинг хулосасига олиб келган сабаблар;

ишни ҳал этишда суд амал қилган қонун нормаларига ҳавола кўрсатилади.

Ажримнинг хулоса қисмида:

суднинг ҳал этилаётган масала юзасидан хулосалари;

ажрим устидан шикоят бериш (протест келтириш) тартиби ва муддатлари кўрсатилади.

Ажрим хулоса қисмининг таърифи уни ижро этишда тушунмовчиликларни келтириб чиқармаслиги учун аниқ ва тушунарли бўлиши керак.

Алоҳида суд ҳужжати кўринишида чиқарилган ажрим, у чиқарилгандан сўнг дарҳол эълон қилинади ва ишга қўшилади.

7. ФПК 272-моддасининг иккинчи қисмига кўра, суд томонидан жойида чиқариладиган ажрим низо предмети ва муҳокама этилаётган масаланинг моҳияти, қонун нормаларига асослар ва ҳаволалар, суднинг асослантирувчи хулосалари ва ҳал этилаётган масала бўйича суднинг хулосалари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиши ва дарҳол эълон қилиниши лозим.


8. Алоҳида суд ҳужжати кўринишида чиқарилган ажримнинг кўчирма нусхаси тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга, шунингдек у дахлдор бўлган ўзга шахсларга ажрим чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида юборилади (ФПК 273-модда).


9. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ФПК билан алоҳида масалалар бўйича ажримлар мазмунига нисбатан қўшимча талаблар белгиланган (ФПК 95, 96, 103, 122, 125, 144, 167, 168, 181, 194, 226, 279-2, 279-4, 353, 358-моддалари).

Масалан, ФПК 95-моддасининг учинчи қисми талабларига мувофиқ экспертиза тайинлаш тўғрисидаги суднинг ажримида қандай масалалар бўйича экспертларнинг хулосаси талаб қилинаётганлиги ва экспертиза ўтказиш кимга топширилаётганлиги кўрсатилган бўлиши керак.

Арз қилинган талаб фуқаролик ишлари бўйича судга, иқтисодий судга ёки маъмурий судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли аризани қабул қилиш рад қилинганда (ФПК 194-моддаси биринчи қисмининг 1-банди) ажримда аризачининг қайси органга мурожаат қилиши кераклиги кўрсатилиши шарт.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни қайтариш ҳақидаги ажрим ФПК 195-моддасида назарда тутилган ҳаволани, бунга асосни, ажрим устидан шикоят қилиш муддати ва тартибини, шунингдек аризачига йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганидан сўнг судга қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлигини ўз ичига олиши лозим.


10. Судлар иш бўйича иш юритиш тамомланадиган (аризани кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш ҳақидаги) ажримлар чиқаришда, ФПК 122 ва 124-моддаларида назарда тутилган аризани кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатиш асосларининг рўйхати тугал ҳисобланишини назарда тутишлари лозим.

ФПК 122-моддасининг 2, 5, 6, 7, 8, 10, 10-1 ва 11-бандларида назарда тутилган асослар бўйича ариза кўрмасдан қолдирилганда, суднинг ажримида ишнинг ҳал этилишига тўсқинлик қилаётган ҳолатларни қандай бартараф этиш йўллари кўрсатилиши лозим.

ФПК 122-моддасининг 1, 3, 4, 10-3 ва 11-бандларида назарда тутилган асослар бўйича аризани кўрмасдан қолдиришда, суд ажримда иш бўйича қабул қилинган даъвони таъминлаш чоралари бекор қилинганлиги ҳақида кўрсатади.

ФПК 122-моддасининг 7-бандида назарда тутилган асос бўйича аризани кўрмасдан қолдиришда суд ишда иштирок этувчи шахсларга умумий тартибда даъво тақдим этиш ҳуқуқини тушунтириши шарт.


11. Судларга тушунтирилсинки, "Давлат божи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддаси талабларига мувофиқ:

аризани қайтариш ёки қабул қилишни рад этиш ҳақида;

суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш ҳақида;

иш фуқаролик ишлари бўйича судга, иқтисодий судга ёки маъмурий судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли иш юритишни тугатиш ҳақида;

тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилганлиги сабабли аризани кўрмасдан қолдириш ҳақида;

ишда қатнашган шахс вафот этганлиги муносабати билан, агар низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса, иш юритишни тугатиш ҳақида;

апелляция ва кассация шикоятини қайтариш ёки қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажримларни чиқаришда суд давлат божини қайтариш масаласини ҳал қилиши лозим.

12. Шуни назарда тутиш лозимки, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий иш бўйича ёки чет давлат ваколатли судининг айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечишини қабул қилиш тўғрисидаги ёхуд тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажримнинг мавжудлиги, аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш (ФПК 194-моддаси биринчи қисмининг 2-банди) ёхуд иш юритишни тугатиш (ФПК 124-моддасининг 2-банди) учун сўссиз асос ҳисобланади.

Шу муносабат билан даъвогарнинг арз қилинган талаблардан воз кечишини қабул қилишда, шунингдек тарафлар ўртасидаги келишув битимини тасдиқлашда суд уларга кўрсатилган асослар бўйича иш юритишни тугатиш оқибатларини тушунтириши ва бу суд мажлиси баённомасида ҳам, суднинг ажримида ҳам ёритилиши лозим.


13. Судларнинг эътибори, ФПК 275-моддасида назарда тутилган суднинг хусусий ажрим чиқариш ҳуқуқи, суднинг давлат органининг ёки бошқа органнинг, ташкилотнинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, ишни кўриш чоғида аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишига нисбатан муносабат билдириш воситаси эканлигига қаратилсин. Хусусий ажрим кўрилаётган ҳуқуқий муносабат предмети доирасидан четга чиқадиган масала бўйича суд томонидан чиқарилади.

Ишни кўришда шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланган ҳолда, суд бу ҳақда алоҳида процессуал ҳужжат чиқармасдан, прокурорга тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабарнома юбориш билан чекланади (ФПК 275-моддасининг бешинчи қисми).


14. Суднинг ҳал қилув қароридан ажратилган ҳолда апелляция ва кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлган ажримларни, суднинг ҳал қилув қарори билан бирга шикоят қилинадиган, хусусий шикоят ёки протест берилмайдиган, лекин эътирозлар апелляция ва кассация тартибида шикоят (протест) келтирилиши мумкин бўлган ажримлардан фарқлаш лозим.

15. Қонунга мувофиқ (ФПК 400-моддаси), биринчи инстанция суди ажрими устидан суднинг ҳал қилув қароридан алоҳида апелляция ва кассация тартибида шикоят қилиниши мумкин, башарти процессуал қонунда бу тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса ёки ажрим ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилса.

Бундай ажримларга қуйидагилар киради:

аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги;

аризани қайтариш тўғрисидаги;

иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги;

суд жаримасини солиш тўғрисидаги;

жаримадан озод қилиш ёки унинг миқдорини камайтиришни рад этиш тўғрисидаги;

иш юритишни тугатиш тўғрисидаги;

ўтказиб юборилган процессуал муддатни узайтириш ёки тиклашни рад этиш тўғрисидаги;

ҳал қилув қарорининг ёзувидаги хатолар ва очиқ арифметик хатоларни тузатиш тўғрисидаги;

қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги;

ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги;

ҳал қилув қарори ижросини кечиктириш ва унинг бўлиб-бўлиб ижро этилиши, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги;

ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси тўғрисидаги;

ижро варақасининг ёки суд буйруғининг дубликатини бериш тўғрисидаги;

ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисидаги;

даъвони таъминлаш масалалари бўйича;

суд буйруғини бекор қилиш ҳақидаги ва бекор қилишни рад этиш тўғрисидаги;

суд харажатлари билан боғлиқ масалалар бўйича;

апелляция шикоятини қайтариш тўғрисидаги;

ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ иш бўйича;

чет давлат судларининг ва чет давлат ҳакамлик судларининг (арбитражларининг) ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги;

ижро варақасини ижрога топширишнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашни рад этиш тўғрисидаги;

ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш ҳақидаги масалалар бўйича;

ижро ишини юритишни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ва бошқалар;

даъво ариза (ариза)ни судга тааллуқлилигига кўра, иқтисодий судга ёки маъмурий судга кўриб чиқиш учун ўтказиш тўғрисида;

фуқаролик ишлари бўйича суд иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра, иқтисодий судга ёки маъмурий судга кўриб чиқиш учун ўтказиш ва фуқаролик суд ишини юритишни тугатиш тўғрисида.

Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонунга мувофиқ ФПК 122-моддасининг 5, 6, 7 ва 10-2-бандларида назарда тутилган асослар бўйича аризани кўрмасдан қолдириш ҳақидаги суд ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин (ФПК 123-моддасининг учинчи қисми).

16. Биринчи инстанция судининг хусусан, қуйидаги ажримлари устидан суднинг ҳал қилув қароридан алоҳида шикоят қилинмайди:

аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги;

ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги;

ишни суд муҳокамасига тайинлаш тўғрисидаги;

бир неча ишларни бирлаштириш ва бир неча талабларни ажратиш тўғрисидаги;

ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисидаги;

далилларни таъминлаш тўғрисидаги;

суд топшириғи тўғрисидаги;

жавобгарни (қарздорни) қидириш тўғрисидаги;

ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни алмаштириш тўғрисидаги;

ҳуқуқий ворислар, учинчи шахслар ва вакилларнинг процессга кириши тўғрисидаги;

рад қилишни қабул қилиш ёки рад қилиш тўғрисидаги;

ишни мазмунан кўришни тиклаш тўғрисидаги;

ишни сиртдан иш юритиш тартибида кўриш тўғрисидаги;

сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақидаги ёхуд сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилишни рад этиш тўғрисидаги;

ашёвий далилларни сақлаш ва уларни қайтариш тўғрисидаги;

жаримадан озод қилиш ёки унинг миқдорини камайтириш тўғрисидаги;

шахсни мажбурий келтириш тўғрисидаги;

ишга бошқа шахсларни жалб қилиш тўғрисидаги;

видеоконференцалоқа режимида суд мажлисида иштирок этиш тўғрисидаги;

ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриш ёки даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўришга ўтиш тўғрисидаги ва бошқалар.

17. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, суднинг ҳал қилув қароридан алоҳида шикоят қилинаётган ажрим, ҳал қилув қарори қонуний кучга кириши учун назарда тутилган тартибда қонуний кучга киради.

Алоҳида шикоят қилинмайдиган ажримлар эълон қилингандан сўнг дарҳол қонуний кучга киради.


18. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари биринчи инстанция судлари томонидан ажримлар чиқарилиши амалиётини вақти-вақти билан умумлаштирсин ҳамда аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўрсин.

19. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг:

2012 йил 25 майдаги "Фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанция суди ажримлари тўғрисида"ги 7-сонли;

2016 йил 29 июлдаги "Аризани қабул қилишни рад этиш, аризани кўрмасдан қолдириш ва иш юритишни тугатиш билан боғлиқ процессуал нормаларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги 12-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

И. Алимов

       














































Время: 0.0065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск