ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ҳудуд / Давлат чегараси /

Ўзбекистон Республикасининг 13.09.2023 й. ЎРҚ-868-сон "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 04.04.2023 й. Сенат томонидан 06.04.2023 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

13.09.2023 й.

N ЎРҚ-868



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 4 апрелда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 6 апрелда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

   

     

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

   

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Давлат чегараси тўғрисидаги қонунчилик

   

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси

     

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси (бундан буён матнда Давлат чегараси деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди доирасини (қуруқликни, сувни, ер қаърини ва самовий ҳудудни) белгиловчи чизиқдан ва бу чизиқ бўйлаб ўтувчи вертикал сатҳдан иборат.



4-модда. Асосий тушунчалар

      

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


Давлат чегарасини қўриқлаш - жанговар-хизмат, тезкор-хизмат ҳаракатлари, назоратга оид, тезкор-қидирув ва режимли тадбирлар мажмуи;


Давлат чегарасини ҳимоя қилиш - Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигини таъминлаш тизимининг таркибий қисми бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси хавфсизлигини ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича сиёсий, ташкилий-ҳуқуқий, дипломатик, иқтисодий, мудофаага, чегарага, тезкор-қидирувга, божхонага, табиатни муҳофаза қилишга оид, санитария-эпидемиологик, фитосанитарияга, карантинга оид ва бошқа чора-тадбирлар кўриш йўли билан амалга оширилади;


Давлат чегараси орқали ўтказиш пункти (бундан буён матнда ўтказиш пункти деб юритилади) - Давлат чегарасини кесиб ўтаётган шахсларга ва транспорт воситаларига, шунингдек Давлат чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларга нисбатан назорат тартиб-таомиллари ва уларни Давлат чегараси орқали ўтказиш амалга ошириладиган, халқаро қатновлар учун очиқ бўлган чегараолди темир йўл бекатлари ва автомобиль йўлларининг, дарё портларининг, аэропортларнинг (аэродромларнинг) махсус жиҳозланган ҳудуди (унинг бир қисми);


Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги давлат назорати органлари (бундан буён матнда давлат назорати органлари деб юритилади) - Давлат чегарасини кесиб ўтаётган шахсларга ва транспорт воситаларига, шунингдек Давлат чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларга нисбатан назоратни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, божхона органлари, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, давлат ветеринария хизмати, ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати;


делимитация қилиш - Ўзбекистон Республикаси ва чегарадош давлатлар ўртасида тузилган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ Давлат чегараси чизиғини аниқлаш, унинг ўтишини тавсифлаш ва уни харитада график тарзда акс эттириш;


демаркация қилиш - Ўзбекистон Республикаси ва чегарадош давлатлар ўртасида тузилган делимитация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларига мувофиқ чегара белгиларини ўрнатиш йўли билан жойларда Давлат чегараси чизиғини белгилаш;


назорат тартиб-таомиллари - Давлат чегарасини кесиб ўтаётган шахсларга ва транспорт воситаларига, шунингдек Давлат чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларга нисбатан давлат назорати органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар мажмуи;


редемаркация қилиш - чегарадош давлатлар билан келишувга кўра махсус ташкил этилган ҳукуматлараро комиссиялар томонидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган ҳолда, жойларда Давлат чегараси чизиғини тиклаш ва уни чегара белгилари билан белгилаш, шунингдек йўқотилган чегара белгиларини тиклаш, қўшимча чегара белгиларини ўрнатиш;


тальвег - кемалар қатнайдиган дарёда Давлат чегарасини белгилаш учун фойдаланилиши мумкин бўлган, дарё ўзани тубининг чуқурроқ участкаларини боғлаб турувчи чизиқ;


фарватер - сув ҳавзасидаги қатнов (навигация) жиҳатдан хавфсиз бўлган кема ўтиш йўли;


хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш -Ўзбекистон Республикасининг чегарабўйи сув ҳавзаларидан фойдаланиш, сув иншоотларини барпо этиш, деҳқончилик, чорвачилик, ишлаб чиқариш, тадқиқот, изланиш ишларини амалга ошириш учун ердан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш, кончилик ишларини, геологик изланишларни ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш;


чегара зонаси - чегара минтақасига туташ бўлган, чегара режими жорий этиладиган чегараолди ҳудуди ёки унинг бир қисми;


чегара минтақаси - Давлат чегарасига бевосита туташ бўлган, Давлат чегараси режими жорий этиладиган чегараолди ҳудудининг бир қисми;


чегара наряди - Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш вазифасини бажарувчи бир ёки бир нечта ҳарбий хизматчи;


чегараолди ҳудуди - Давлат чегарасига туташ бўлган маъмурий-ҳудудий бирлик (туман, шаҳар) доирасидаги ҳудуд.



5-модда. Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш,

қўриқлаш ва ҳимоя қилишнинг асосий принциплари

    

Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;

давлатларнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини, давлат чегаралари дахлсизлиги ва бузилмаслигини ўзаро ҳурмат қилиш;

чегара масалаларини тинч йўл билан ҳал этиш;

чет давлатлар билан тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш;

чет давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик;

куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмаслик.



6-модда. Давлат чегарасини белгилаш ва ўзгартириш

        

Давлат чегарасини белгилаш ва ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан амалга оширилади. Давлат чегараси делимитация, демаркация ва редемаркация қилинади.

Давлат чегарасини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикасининг ва чегарадош давлатларнинг вакилларидан иборат бўлган ҳукуматлараро комиссия томонидан амалга оширилади. Ҳукуматлараро комиссиядаги Ўзбекистон Республикаси вакилларининг таркиби ва уларнинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан белгиланади.

Давлат чегараси қуйидагича белгиланади:

қуруқликда - ўзига хос нуқталар, рельефнинг чизиқлари ёки аниқ кўриниб турадиган жойлар (ориентирлар) бўйича;

кемалар қатнайдиган дарёларда - дарёнинг бош фарватери ўртаси ёки тальвеги бўйлаб;

кемалар қатнамайдиган дарёларда (жилғаларда) - уларнинг ўртаси ёки дарё (жилға) асосий ўзанининг ўртаси бўйлаб;

чегара дарёларида, кўлларида ва бошқа сув ҳавзаларида - Давлат чегараси кўл ёки бошқа сув ҳавзаси қирғоқларига чиққан жойларни туташтирувчи тўғри чизиқ бўйича. Бунда дарё, жилға, кўл ёки бошқа сув ҳавзаси орқали ўтадиган Давлат чегараси улар қирғоқларининг кўриниши ёки сув сатҳи ўзгарганда ҳам, дарё, жилға оқими у ёки бу томонга бурилганда ҳам ўзгармайди;

сув омборларида ва бошқа сунъий сув ҳавзаларида - улар сув билан тўлдирилгунига қадар Давлат чегарасининг мазкур жойдан ўтган чизиғига мувофиқ;

чегара дарёлари, кўллари ёки бошқа сув ҳавзалари орқали ўтувчи кўприкларда, тўғонлар ва бошқа иншоотларда - Давлат чегараси сувнинг қайси жойидан ўтишидан қатъи назар, ушбу иншоотларнинг ўртаси ёки уларнинг технологик ўқи бўйлаб.



7-модда. Давлат чегарасига белги қўйиш

       

Давлат чегараси жойларда аниқ кўриниб турадиган чегара белгилари билан кўрсатиб қўйилади.

Чегара белгиларининг шакллари, ўлчамлари, тавсифлари, тузилишлари ҳамда уларни ўрнатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан белгиланади.

Чегарадош давлатлар ўртасида Давлат чегараси яхши кўриниб туриши учун жойларда чегаранинг бутун узунлиги бўйича, шунингдек чегара дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзалари сувни муҳофаза қилиш зоналарининг техник тавсифларига мувофиқ ташқи чегаралари бўйлаб тозалаш минтақаси белгиланади.

Тозалаш минтақаси беш метрдан кам бўлмаган кенгликда белгиланиб, унинг доирасида Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, жиҳозлаш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай фаолият тақиқланади.



2-БОБ. ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИНИ БЕЛГИЛАШ, ЎЗГАРТИРИШ,

ҚЎРИҚЛАШ ВА ҲИМОЯ ҚИЛИШ СОҲАСИДАГИ

ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ

    

     

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш

ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари

     

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини ўз ваколатлари доирасида таъминлайди;

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни амалга оширувчи давлат органларининг фаолияти тартибини белгилайди;

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ҳамда бажарилишини таъминлайди;

Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида қабул қилади;

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишга жалб этиладиган кучлар ва воситаларнинг молиявий ҳамда моддий жиҳатдан таъминланишини, уларнинг махсус техника ва бошқа моддий-техника воситалари билан жиҳозланишини ташкил этади;

Давлат чегарасини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш масалалари юзасидан давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради, шунингдек улар билан боғлиқ ишларни ташкил этади ҳамда амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ Давлат чегарасида ва чегара минтақасида хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилайди;

чегара минтақаси доирасида ер участкаларини бериш ва улардан фойдаланиш масалаларини ҳал этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти

органларининг Давлат чегарасини қўриқлаш

ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари

      

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш учун шарт-шароитлар яратади;

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни таъминлаш учун ер участкаларини беради;

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни таъминлашда иштирок этади, шунингдек Давлат чегарасини жиҳозлашга кўмаклашади;

Давлат чегарасини делимитация, демаркация, редемаркация қилиш ва унинг ўтиш чизиғини аниқлаштириш натижаларига кўра эгалик қилишга, фойдаланишга, ижарага берилган ёки бошқа асосларга биноан олинган ер участкаларининг, Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирликларининг чегаралари ўзгариши масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда ихтиёрий асосда иштирок этиш учун жалб қилишга кўмаклашади;

ўтказиш пунктларига туташ бўлган ҳудудлардаги йўлбўйи инфратузилмасининг яратилишини ва тегишли тартибини таъминлайди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



10-модда. Давлат чегарасини қўриқлаш

ва ҳимоя қилишнинг ягона тизими

       

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органларининг ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишнинг ягона тизими ташкил этилади.

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишнинг ягона тизимига қуйидагилар киради:

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги.



11-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик

хизматининг Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш,

қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари

        

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати:

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

Давлат чегарасининг қўриқланиши ва ҳимоя қилинишини таъминлайди;

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишнинг ягона тизимига кирувчи давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Президентига Давлат чегараси хавфсизлигига таҳдидлар тўғрисида ахборот тақдим этади;

разведка, контрразведка ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширади;

контрабандага қарши курашиш чораларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида бошқа давлатларнинг тегишли чегара органлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширади;

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ҳамда қабул қилади;

Давлат чегарасини делимитация, демаркация ва редемаркация қилишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикасининг чегара вакиллари фаолиятини ташкил этади ва уларга раҳбарлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа

вазирлигининг Давлат чегарасини қўриқлаш

ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари

        

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:

Давлат чегарасининг самовий ҳудудда қўриқланиши ва ҳимоя қилинишини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат чегарасини ҳимоя қилишда иштирок этишини таъминлайди;

самовий ҳудудда юзага келган чегаравий можароларни ўз ваколатлари доирасида ҳал этади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларини ва божхона органларини ҳарбий аэродромлар орқали амалга оширилаётган халқаро қатнов авиарейслари ҳақида олдиндан хабардор қилади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тадбирларини моддий ресурслар билан ҳамда бошқа жиҳатдан таъминлашда кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



13-модда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт

ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш

соҳасидаги ваколатлари

      

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси:

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига кўмаклашади;

ўтказиш пунктларидаги режимни сақлаб туришда божхона органларининг иштирокини таъминлайди;

ўтказиш пунктларида шахсларнинг, транспорт воситаларининг ва товарларнинг божхона назоратидан ўтишини ҳамда расмийлаштирилишини амалга оширади;

божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилишларига, шу жумладан контрабандага қарши курашиш чораларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ўтказиш пунктларида низоли вазиятларнинг, оммавий тартибсизликлар ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича тадбирларда божхона органларининг иштирок этишини таъминлайди;

ўтказиш пунктлари фаолиятини ташкил этишга доир таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



14-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар

вазирлигининг Давлат чегарасини қўриқлаш

ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари

        

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

Давлат чегарасини қўриқлашга ва ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига кўмаклашади;

чегара зоналарида ҳамда чегараолди ҳудудларида карантин, санитария-эпидемиологик ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда Давлат чегарасини бузувчиларни аниқлаш бўйича суриштирув ўтказади;

чегара зоналарида чегара режимига риоя этилиши ҳамда ўтказиш пунктларига туташ бўлган ҳудудда ҳуқуқ-тартиботга риоя этилиши устидан назорат қилишда ички ишлар органларининг иштирок этишини таъминлайди;

чегара зоналаридаги ва чегараолди ҳудудларидаги ҳуқуқ-тартиботнинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларини хабардор қилади;

чегара қидирув ишлари ва операциялари ўтказилаётган вақтда, шунингдек қуролли бостириб киришни, бошқа фитналарни даф этиш ёки Давлат чегараси орқали қонунга хилоф равишда оммавий кесиб ўтишга тўсқинлик қилиш чоғида Давлат чегарасига яқин жойнинг айрим участкаларига ёки объектларга фуқароларнинг киришини Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг тақдимномасига биноан вақтинча чеклашни ёхуд тақиқлашни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларини Давлат чегарасини кесиб ўтиш учун ҳақиқий бўлган ҳаракатланиш ҳужжатларининг намуналари билан уларнинг тавсифини кўрсатган ҳолда, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ҳақиқий бўлмаган ҳаракатланиш ҳужжатлари тўғрисидаги ахборот билан таъминлайди;

чегара зоналарида ва чегараолди ҳудудларида низоли вазиятларнинг, оммавий тартибсизликлар ҳамда бошқа ғайриқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича тадбирларда ички ишлар органларининг иштирок этишини таъминлайди;

терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлардан, суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган, қидирувдаги шахслар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларини хабардор қилади;

чегара зоналарида ва чегараолди ҳудудларида оммавий тадбирларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан ҳамкорликда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлаш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



15-модда. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда

вазиятлар вазирлигининг Давлат чегарасини қўриқлаш

ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари

        

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:

чегара зоналарида ва чегараолди ҳудудларида табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни фавқулодда вазиятлар шароитларида фаолиятни амалга оширишга тайёрлаш тадбирларида иштирок этади;

чегара зоналарида ва чегараолди ҳудудларида табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этади, ёнғинлар содир бўлган ҳудудларни аниқлайди ва уларнинг ўчирилишини, одамларни қутқаришни ташкил этади, фавқулодда вазиятлар шароитларида республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштиради;

фавқулодда вазиятлар рўй бериши таҳдиди бўлганда ёки фавқулодда вазиятлар рўй берганда чегара зоналаридаги ва чегараолди ҳудудларидаги аҳолини, уларнинг мол-мулкини хавфсиз ҳудудларга кўчириш тадбирларини амалга оширишда иштирок этади;

инсонпарварлик ёрдами юкларини Давлат чегараси орқали олиб ўтиш ва етказиб бериш тадбирларида иштирок этади;

чегара зоналарида ва чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳолининг фавқулодда вазиятлар рўй бериши таҳдиди тўғрисида ёки фавқулодда вазиятлар рўй берганлиги ҳақида хабардор этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



16-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш

соҳасидаги ваколатлари

         

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси:

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Давлат чегарасидаги қуролли бостириб киришларга, бошқа фитналар ва оммавий тартибсизликларга чек қўйишга доир тадбирларида иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда чегара зоналарида ва чегараолди аҳоли пунктларида жамоат тартибини таъминлашда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари билан биргаликда Давлат чегарасини бузувчиларнинг эҳтимолий ҳаракатланиш йўналишларини тўсади, ҳуқуқбузарларни қидиришни, таъқиб этишни ва қўлга олишни амалга оширади;

фуқароларнинг чегара зоналарида ва чегараолди ҳудудларида жойлашган турар жойларини, бошқа объектларини ҳамда транспорт воситаларини, шунингдек юридик шахсларнинг объектларини ва транспорт воситаларини белгиланган тартибда кўздан кечириш чоғида хавфсизликни таъминлашда иштирок этади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



17-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлигининг Давлат чегарасини қўриқлаш

ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари

      

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Давлат чегарасида ва ўтказиш пунктларида санитария-гигиенага оид ҳамда эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширади;

ўтказиш пунктларида тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



18-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш

қўмитасининг Давлат чегарасини қўриқлаш

ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари

        

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси:

Давлат чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний ҳамда юридик шахслар томонидан ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига риоя этилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ҳайвонларнинг юқумли касалликларини қўзғатувчиларнинг олиб кирилишидан ва тарқатилишидан ҳимоя қилиш бўйича тадбирларнинг бажарилиши устидан давлат ветеринария назоратини амалга оширади;

ҳайвонларни, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулотларни ҳамда хом-ашёни, ветеринария дори ва техника воситаларини, микроорганизмларнинг штаммларини, озуқалар ҳамда озуқабоп қўшимчаларни, озиқ-овқат маҳсулотларини Давлат чегараси орқали олиб ўтишда қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан давлат ветеринария назоратини амалга оширади;

Давлат чегараси орқали кириб келаётган автотранспорт воситаларига ветеринария-санитария жиҳатидан ишлов беришни, шунингдек Давлат чегарасида ва ўтказиш пунктларида ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ бошқа тадбирларни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



19-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги

вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси

агентлигининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя

қилиш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги:

карантин остидаги маҳсулот Давлат чегараси орқали олиб ўтилаётганда ўсимликлар карантини қоидаларига ҳамда фитосанитария талабларига риоя қилиш устидан давлат назоратини амалга оширади;

чет давлатлардан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг ҳамда ўсимликлар карантини объектларини ташувчиларнинг карантин текширувини ва лаборатория экспертизасини ўтказади;

ўтказиш пунктларида ўсимликлар карантини қоидаларига ва фитосанитария талабларига риоя этилиши бўйича давлат назорати тадбирларини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



20-модда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар

вазирлигининг Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш,

қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари

         

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни ташқи сиёсий ҳамда халқаро ҳуқуқий жиҳатдан таъминлайди;

Давлат чегарасини ва унинг режимини белгилаш, ўзгартириш бўйича музокаралар ўтказилишини ташкил этади ҳамда уларда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасига кириш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқига доир ҳужжатларни қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларини чет давлатларнинг ҳаракатланиш ҳужжатлари намуналари билан уларнинг тавсифини кўрсатган ҳолда таъминлайди;

Ўзбекистон Республикасининг чегара вакиллари ва Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа вазирлиги вакиллари томонидан тартибга солинмаган масалаларни ҳамда чегаравий можароларни ҳал этиш бўйича сиёсий-дипломатик чоралар кўради;

чегарадош давлатларни Давлат чегараси орқали ўтишни вақтинча чеклаш ёки тўхтатиб туриш ҳақида хабардор қилади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати билан келишилган ҳолда, чегарадош давлатларни Ўзбекистон Республикасининг чегара вакиллари таркиби ҳақида хабардор қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



21-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги

вазирлигининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя

қилиш соҳасидаги ваколатлари

        

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

чегараолди ҳудудида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



22-модда. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги

вазирлигининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя

қилиш соҳасидаги ваколатлари

       

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:

чегараолди ҳудудида жойлашган сув хўжалиги тизими ирригация ва мелиорация объектларининг, шунингдек улар гидротехника иншоотларининг техник жиҳатдан соз ҳолатда сақланишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



23-модда. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар

вазирлигининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя

қилиш соҳасидаги ваколатлари

         

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги:

ўтказиш пунктларида, чегараолди ҳудудларида ва ҳарбий қисмларнинг ҳудудларида телекоммуникация тармоқларини, шу жумладан мобиль алоқа, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар тармоқларини ташкил этади ҳамда уларнинг ишлашини таъминлайди;

телекоммуникация тармоқларини ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



24-модда. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг

ва унинг тасарруфидаги ташкилотларнинг Давлат чегарасини

қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари

       

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар:

Давлат чегарасида, ўтказиш пунктларида ва чегараолди ҳудудларида транспорт ҳамда йўл-транспорт инфратузилмаси объектларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ҳамда улардан фойдаланиш масалаларининг комплекс ечимини ўз ваколатлари доирасида таъминлайди;

транзит транспорт йўлакларини ривожлантириш, транспорт логистика тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини ва чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлайди;

транспорт соҳасида давлат назоратини амалга оширади, шу жумладан авиация ҳалокатлари ва ҳаво кемалари билан боғлиқ ҳодисалар, шунингдек темир йўл ҳамда сув транспортидаги авариялар ва ҳалокатлар текширувларини ташкил этади ҳамда ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



25-модда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт

ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг

Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш

ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари

         

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги:

Давлат чегарасини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш билан боғлиқ бўлган ер тузиш, геодезия, картография, топография, гидрография бўйича ишларни ва ўз ваколатлари доирасида бошқа фаолиятни тизимли асосда амалга оширади;

Давлат чегарасини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш масалалари бўйича геодезияга оид ахборотни, Ерни масофадан зондлаш материалларини, ер тузишга, картографияга, топографияга, гидрографияга оид материалларни ва бошқа материалларни тайёрлайди;

Давлат чегараси билан боғлиқ архив материалларини ўрганади, делимитация ва демаркация бўйича топография-геодезия ҳамда картография ишларининг технологиясини ишлаб чиқади, Давлат чегараси чизиғининг ўтиш жойини текширади ва аниқлайди;

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишга доир тадбирларни топогеодезик жиҳатдан таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига муайян ҳудуд бўйича Давлат чегарасининг ўтиши тўғрисидаги ахборотни ва бошқа маълумотларни тақдим этади;

картографияга оид материалларда Давлат чегарасининг ўтиши тўғри акс эттирилишини таъминлайди;

эгалик қилишга, фойдаланишга, ижарага берилган ёки бошқа асосларга биноан олинган ер участкалари чегараларини, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари чегараларини Давлат чегарасини делимитация, демаркация, редемаркация қилиш ва Давлат чегарасининг ўтиш чизиғини аниқлаштириш натижаларига кўра ўзгартириш масалалари бўйича қарорлар лойиҳаларини тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ФУҚАРОЛАР ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ

ОРГАНЛАРИНИНГ, ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ ҲАМДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛАРИНИНГ

ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИНИ ҚЎРИҚЛАШ ВА ҲИМОЯ

ҚИЛИШДА ИШТИРОК ЭТИШИ

    

       

26-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш

органларининг Давлат чегарасини қўриқлаш

ва ҳимоя қилишда иштирок этиши

    

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни амалга оширувчи давлат органларига кўмаклашади, уларга зарур ахборотни тақдим этади;

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ихтиёрий асосда иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.



27-модда. Юридик шахсларнинг Давлат чегарасини

қўриқлаш ва ҳимоя қилишда иштирок этиши

        

Чегараолди ҳудудида ўз фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар:

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни амалга оширувчи давлат органларига кўмаклашади, уларга зарур ахборотни тақдим этади;

ўз ходимлари томонидан Давлат чегараси режимига, чегара режимига ва ўтказиш пунктларидаги режимга риоя этилишини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўради.

Юридик шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.



28-модда. Ўзбекистон Республикаси

фуқароларининг Давлат чегарасини қўриқлаш

ва ҳимоя қилишда иштирок этиши

     

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда ихтиёрий асосда иштирок этади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда иштирок этиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



4-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ

ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ ЧЕГАРА ҚЎШИНЛАРИНИНГ

ҲАМДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУДОФАА

ВАЗИРЛИГИ ҲАВО ҲУЖУМИДАН МУДОФАА

ҚЎШИНЛАРИНИНГ ВА ҲАРБИЙ ҲАВО

КУЧЛАРИНИНГ ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИНИ

ҚЎРИҚЛАШ ВА ҲИМОЯ ҚИЛИШ

СОҲАСИДАГИ ҲУҚУҚ ҲАМДА

МАЖБУРИЯТЛАРИ

       

29-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик

хизмати Чегара қўшинларининг Давлат чегарасини

қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари

    

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига берилаётган ер участкаларида зарур муҳандислик-техника иншоотлари ва тўсиқлари қурилишини, алоқа линиялари ва телекоммуникация тармоқлари ўрнатилишини амалга ошириш, техникани ва қурол-яроғни жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш;

жойларнинг ҳар қандай участкаларида чегара нарядларини жойлаштириш ҳамда ҳаракат қилиш, транспорт воситаларини чегара нарядлари билан кузатиб бориш, транспорт воситаларини ва товарларни қонунчиликка мувофиқ кўрикдан ўтказиш;

разведка, контрразведка, тезкор-қидирув фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошириш;

Давлат чегараси орқали ўтаётган, чегара зонасига ва чегара минтақасига кираётган шахсларнинг кириш (чиқиш) ҳуқуқига доир ҳужжатларини текшириш, қонунчиликда белгиланган тартибда уларга тегишли белгилар қўйиш ёки ушбу ҳужжатларни олиб қўйиш;

қонунчиликка мувофиқ ўз ваколатлари доирасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш, терговга қадар текширувни, шунингдек сўров ўтказиш тадбирларини амалга ошириш;

ўтказиш пунктларида чегара назоратига тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш бўйича экспертиза ўтказиш ҳамда эксперт хулосаларини бериш;

Ўзбекистон Республикасига кириши тақиқланган, Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларни ўзи келган мамлакатга қайтариб юбориладиган пайтга қадар, шунингдек маъмурий йўл билан ушлаб турилган ва жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушланган шахсларни махсус жиҳозланган жойларда сақлаш;

терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлардан, суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган, қидирувдаги шахсларни, тегишли давлат органларини хабардор қилган ҳолда, ушлаб туриш;

Давлат чегараси режими, чегара режими ёки ўтказиш пунктларидаги режим бузилишини содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг бўлинмаларига шахсларни таклиф этиш ва улардан ўзларига маълум бўлган Давлат чегарасини қонунга хилоф равишда кесиб ўтиш ҳолатлари ёки Давлат чегараси режимининг, чегара режимининг ёки ўтказиш пунктларидаги режимнинг бошқа бузилишлари тўғрисида тушунтиришлар олиш. Зарур ҳолларда, ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари тўғрисида тушунтиришлар олиш бошқа жойларда ҳам амалга оширилиши мумкин;

Давлат чегараси орқали ўтаётган йўловчилар тўғрисида корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган ахборотни йиғишни, унга ишлов беришни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасига кириш ёки Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқига доир ёхуд чегара зонасига ёки чегара минтақасига кириш ҳуқуқига доир ҳақиқий ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларни улар томонидан ҳужжатлари лозим даражада расмийлаштирилгунига қадар ёхуд ҳужжатларини йўқотганлик ҳолатлари аниқлаштирилгунига ва уларнинг шахси аниқлангунига қадар Давлат чегараси орқали, чегара зонасига ва чегара минтақасига ўтказмаслик;

ўзига нисбатан Ўзбекистон Республикасига киришга ёки Ўзбекистон Республикасидан чиқишга доир вақтинча чеклов белгиланган шахсларни Давлат чегараси орқали ўтказмаслик;

ўтказиш пунктларида транспорт воситаларининг тўхташ (тўхтаб туриш) жойларини ва давомийлигини ўтказиш пунктларида фаолиятни амалга оширувчи давлат назорати органлари ва транспорт ташкилотлари билан келишилган ҳолда белгилаш;

чегара қидирувлари ва операциялари ўтказилаётганда одамларнинг соғлиғи ва ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида чегара зонасининг айрим участкаларида шахсларнинг ҳамда транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш ёки тақиқлаш, зарур бўлган тақдирда одамларни жойнинг бундай участкаларига киритмаслик, улардан ўша жойда қолишни ёки мазкур участкаларни тарк этишни талаб қилиш;

Давлат чегарасининг хавфсизлигига таҳдид юзага келганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, манфаатдор корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни хабардор қилган ҳолда, унинг айрим участкаларида турли ишларни амалга оширишни вақтинча чеклаш (бундан мудофаа аҳамиятига молик ишлар ёки табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш билан боғлиқ ишлар мустасно);

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бостириб киришни даф этиш, чегара қидирувларини ўтказиш, ҳуқуқбузарликлар содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни таъқиб этиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга етказиш чоғида, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож шахсларни тиббиёт муассасаларига етказиш учун давлат органларининг, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тартибда фойдаланиш (бундан чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ҳамда бошқа ваколатхоналарига тегишли транспорт воситалари, шунингдек махсус транспорт воситалари мустасно). Мажбурий фойдаланиш натижасида транспорт воситасига етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



30-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат

хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Давлат

чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш

соҳасидаги мажбуриятлари


Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида:

фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриши;

жойлардаги Давлат чегараси чизиғининг ғайриқонуний равишда ўзгартирилишига йўл қўймаслиги;

Давлат чегарасида қуролли бостириб киришга ва бошқа фитналарга чек қўйиши;

Давлат чегарасининг қонунга хилоф равишда кесиб ўтилишига йўл қўймаслиги, Давлат чегарасини бузувчиларни аниқлаши ва ушлаши;

Давлат чегараси режимига, чегара режимига ва ўтказиш пунктларидаги режимга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириши;

шахсларни, транспорт воситаларини ва товарларни Давлат чегараси орқали ўтказишни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириши;

Давлат чегараси орқали контрабанда ашёларининг, товарларнинг ва транспорт воситаларининг қонунга хилоф равишда олиб ўтилишига қарши курашиши, уларни аниқлаши ҳамда ушлаб қолиши, шунингдек бундай ҳаракатларга йўл қўймаслик бўйича зарур чоралар кўриши;

ўтказиш пунктларида ва уларга кириш жойларида шахслар ҳамда транспорт воситаларининг тўпланиб қолишига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриши;

ўтказиш пунктларида тартибсизликлар юзага келишининг олдини олишга ва уларга чек қўйишга, ўтказиш пунктларида фаолиятни амалга оширувчи давлат назорати органлари ходимларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган олдиндан чоралар кўриши;

қалбаки, белгиланган намунада бўлмаган, нотўғри расмийлаштирилган, ўзга шахсга тегишли бўлган ҳужжатлар билан, ватанига қайтиш сертификати билан қайтаётган, шунингдек Ўзбекистон Республикасига кириш ва Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини йўқотган шахсларга нисбатан сўровни ҳамда тушунтириш ишларини амалга ошириши;

Давлат чегарасининг режимини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга чек қўйиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



31-модда. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа

вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларининг

ва  Ҳарбий  ҳаво  кучларининг  Давлат  чегарасини

қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари


Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Давлат чегарасини қонунга хилоф равишда кесиб ўтиш хавфи юзага келганда ёки Давлат чегараси қонунга хилоф равишда кесиб ўтилаётганда Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудудидаги ҳаво кемаларини ва бошқа учувчи аппаратларни таниб олиш учун ўзидаги мавжуд воситалардан фойдаланиш;

вазиятни аниқлаш ҳамда Давлат чегараси самовий ҳудудда қонунга хилоф равишда кесиб ўтилишининг олдини олиш ёки унга чек қўйиш чораларини кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари бошқа қўшинларининг, тегишли давлат органларининг кучлари ва воситаларини қонунчиликда белгиланган тартибда жалб этиш;

Давлат чегарасини самовий ҳудудда қонунга хилоф равишда кесиб ўтиш хавфи юзага келганда ёки Давлат чегараси қонунга хилоф равишда кесиб ўтилганда ёхуд парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси самовий ҳудудининг алоҳида ҳудудларида ҳаво кемалари ва бошқа учувчи аппаратлар парвозларини чеклаш ёки тақиқлаш;

Давлат чегарасининг самовий ҳудудда қонунга хилоф равишда кесиб ўтилиши ҳолатларини аниқлаштиришда иштирок этиш.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



32-модда. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа

вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларининг

ва Ҳарбий ҳаво кучларининг Давлат чегарасини қўриқлаш

ва ҳимоя қилиш соҳасидаги мажбуриятлари

        

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида:

ҳаво кемалари ва бошқа учувчи аппаратлар томонидан Давлат чегарасини кесиб ўтиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириши;

Давлат чегарасини қонунга хилоф равишда кесиб ўтган ёки унинг самовий ҳудудидан фойдаланиш тартибини бузган ҳаво кемаларининг ва бошқа учувчи аппаратларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги парвозларига чек қўйиши;

самовий ҳудуд назоратини ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари билан ҳамкорликни таъминлаши;

енгиб бўлмас куч (форс-мажор) ҳолатлари юзага келганда ҳаво кемаларига ва бошқа учувчи аппаратларга кўмаклашиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



5-БОБ. ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИ РЕЖИМИ

      

      

33-модда. Давлат чегараси режимини белгилаш

      

Давлат чегараси режими:

Давлат чегарасини жиҳозлаш;

Давлат чегарасини шахслар ва транспорт воситалари томонидан кесиб ўтиш;

Давлат чегарасини чегара дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзаларида кесиб ўтиш;

Давлат чегарасини самовий ҳудудда кесиб ўтиш;

Давлат чегарасини ўтказиш пунктларидан ва ҳаво йўлакларидан ташқарида кесиб ўтиш;

Давлат чегараси орқали товарларни олиб ўтиш;

Давлат чегараси орқали шахсларни, транспорт воситаларини ва товарларни ўтказиш;

ўтказиш пунктларида чегара назоратини амалга ошириш;

шахсларнинг, транспорт воситаларининг ва товарларнинг Давлат чегараси орқали ўтказилишини вақтинча чеклаш ёки тўхтатиб туриш;

Давлат чегарасида ва чегара минтақасида хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш;

чегаравий можароларни ҳал этиш тартибини белгиловчи қоидалар мажмуидан иборат.

Давлат чегараси режими Давлат чегарасида ва чегара минтақасида амал қилади.

Давлат чегараси режими Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисидаги қонунчилиги ва халқаро шартномалари билан белгиланади.



34-модда. Давлат чегарасини жиҳозлаш

       

Давлат чегарасини жиҳозлаш чегара белгиларини, тозалаш минтақаларини, чегара минтақасини бунёд этишдан, уларни сақлаш ва уларнинг соз ҳолда бўлишини таъминлашдан, уларни назорат тарзида кўздан кечиришдан, шунингдек чегарадош давлатлар билан биргаликда Давлат чегараси чизиғининг ўтишини текширишни амалга оширишдан иборат.

Давлат чегарасини жиҳозлаш мақсадида чегара дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзаларининг Ўзбекистон Республикасига тегишли бир қисмини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ушбу сувларда жойлашган оролларини ўз ичига олган қуруқликдаги участкалари бўйлаб чегара минтақаси белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига чегара минтақаси ҳудудида ер участкалари:

жойнинг физик-географик шарт-шароитларидан келиб чиққан ҳолда, чегара минтақасининг ички чегарасидан бошлаб муҳандислик-техника иншоотларини, тўсиқларини барпо этиш, чегара йўллари, кўприклар ва бошқа объектлар қуриш имконини берадиган кенгликда;

тозалаш минтақасини жиҳозлаш учун, чегара белгиларини, бошқа муҳандислик-техника иншоотлари ва тўсиқларини ўрнатиш ҳамда уларни сақлаш мақсадида доимий фойдаланишга берилади.

Чегара минтақасини белгилаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



35-модда. Давлат чегарасини шахслар ва транспорт

воситалари томонидан кесиб ўтиш тартиби

       

Давлат чегарасини кесиб ўтиш қуйидагича амалга оширилади:

қуруқликда, чегара дарёларида, кўлларида ва бошқа сув ҳавзаларида - халқаро темир йўлларнинг, автомобиль йўлларининг, дарё қатнови ва бошқа қатнов йўлларининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш учун белгиланган жойларида;

самовий ҳудудда - халқаро трассаларнинг Давлат чегарасини кесиб ўтиш жойларида ёки ушбу мақсадлар учун ажратилган ҳаво йўлакларида.

Давлат чегарасини ўтказиш пунктларидан ташқарида кесиб ўтишга ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ йўл қўйилади.

Шахслар ва транспорт воситалари Давлат чегарасидан то автомобиль йўли ва темир йўл ўтказиш пунктларигача ёки қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётганда:

белгиланган йўналишни ўзгартириш;

транспорт воситаларига шахсларни чиқаришни, товарларни юклашни ҳамда транспорт воситаларидан шахсларни, товарларни туширишни амалга ошириш;

ҳар қандай учувчи аппаратларни ва учувчисиз учувчи аппаратларни ҳавога кўтаришни, қўндиришни ёки қабул қилишни амалга ошириш тақиқланади.



36-модда. Чегара дарёларида, кўлларида

ва бошқа сув ҳавзаларида Давлат чегарасини

кесиб ўтиш тартиби

        

Давлат чегараси ўтадиган, шунингдек бевосита Давлат чегараси чизиғига туташ бўлган ҳамда чегара минтақасида жойлашган сув объектлари чегара дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзалари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг ва чет давлатларнинг кемалари ҳамда ҳарбий кемалари чегара дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзаларида Давлат чегарасини Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ кесиб ўтади.

Чегара дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзаларида Ўзбекистон Республикасининг ҳамда чет давлатларнинг ички сувларига ва портларига кирмасдан Давлат чегарасини кесиб ўтувчи кемалар қатнови халқаро шартномалар асосида тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикасининг ва чет давлатларнинг кемалари ҳамда ҳарбий кемалари Давлат чегарасини кесиб ўтиш чоғида ва ички сувларда Ўзбекистон Республикаси портларига кирган ёки кирмаган ҳолда ҳаракатланаётганда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси портларидан Давлат чегараси томон ҳаракатланаётганда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг талабига кўра:

агар мансублик (давлат ёки ҳарбий денгиз) байроғи кўтарилмаган бўлса, ўз мансублик байроғини кўтариши;

агар кеманинг ҳаракат йўналиши сузиш учун тақиқланган ёки вақтинча хавфли бўлган ҳудудга, шунингдек сунъий орол, қурилма ёки иншоот атрофида белгиланган хавфсизлик ҳудудига олиб борса ёхуд сузиш тартибининг бошқача тарзда бузилишига олиб келса, кеманинг ҳаракат йўналишини (курсини) ўзгартириши;

кеманинг ички сувларга кириш мақсади, ҳаракатланиш схемасидан (чизиғидан) четга чиқиши сабаблари тўғрисида хабардор қилиши;

тўхташи ва кўздан кечирувчи гуруҳни кема бортига текшириш учун қабул қилиши, кемага ва навигацияга оид ҳужжатларни, экипаж аъзолари ва йўловчиларнинг, юклар ва товарларнинг ҳужжатларини тақдим этиши;

ҳаракат йўналишини (курсини) ўзгартириши ва Ўзбекистон Республикаси портига ёки кўрсатилган бошқа пунктга бориши шарт.

Ўзбекистон Республикасининг ва чет давлатларнинг кемалари ҳамда ҳарбий кемаларига қуйидагилар тақиқланади:

сузиш учун тақиқланган ёки вақтинча хавфли бўлган ҳудудга, шунингдек сунъий орол атрофида белгиланган хавфсизлик ҳудудига кириш ёки мазкур йўналишнинг ҳаракатланиш схемасини (чизиғини) ўзгартириш, агар улар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари томонидан олдиндан огоҳлантирилган бўлса;

чегара назорати амалга оширилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг рухсатисиз ёки бундай рухсатнома шартларини бузган ҳолда тўхташ, одамларни тушириш (чиқариш), товарларни юклаш (тушириш), сузувчи воситаларни бортга қабул қилиш ёки сувга тушириш, учувчи аппаратларни ҳавога кўтариш, бортга қўндириш (қабул қилиш), шунингдек овчилик, тадқиқот, изланиш фаолиятини ёхуд бошқа фаолиятни амалга ошириш, бундан одамларни ва кемаларни қутқариш зарурати ёки бошқа фавқулодда вазиятлар рўй бериши билан боғлиқ ҳоллар мустасно.

Чет давлатлар кемаларининг ҳамда ҳарбий кемаларининг Ўзбекистон Республикасининг ички сувларига ва портларига кириши, шунингдек уларда бўлиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



37-модда. Давлат чегарасини самовий

ҳудудда кесиб ўтиш тартиби

       

Давлат чегарасини кесиб ўтиш жойидан ўтказиш пункти томонга бораётган ва ортга қайтаётган, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудуди орқали транзит тарзида учиб ўтаётган ҳаво кемалари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги тасарруфидаги тегишли ташкилотнинг қуйидаги талабларини бажариши шарт:

агар йўналиш тақиқланган ёки парвозлар учун вақтинча хавфли бўлган ҳудудга олиб борса, йўналишни ўзгартириши;

Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудудига кириш мақсади ёки учиш режасидан четга чиқиш сабаблари тўғрисида хабардор қилиши;

қўнишни белгиланган жойда амалга ошириши.

Ҳаво кемаларига Давлат чегарасидан то ўтказиш пунктигача бориш ёки ортга қайтиш чоғида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудуди орқали транзит тарзида учиб ўтиш чоғида қуйидагилар тақиқланади:

халқаро парвозлар учун очиқ бўлмаган аэропортларга ёки аэродромларга қўниш, шунингдек улардан учиш;

учиш режасида кўрсатилмаган аэропортларга ёки аэродромларга қўниш, шунингдек улардан учиш;

аэропортлардан ва аэродромлардан ташқарига қўниш;

белгиланган (тавсия этилган) ҳаво трассаларидан ва ҳаракат йўналишларидан четга чиқиш;

аэронавигацияга оид ахборот ҳужжатларида эълон қилинган тақиқланган зоналарнинг ва парвозлар чекланган зоналарнинг ҳудудлари устидан учиб ўтиш.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган талаблар табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар ёки одамларнинг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа вазиятлар рўй берган ёки рўй бериш хавфи юзага келган ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Инсонпарварлик рейсларини, шунингдек давлат вазифаларини бажариш билан боғлиқ халқаро парвозларни бажариш чоғида ҳаво кемалари халқаро парвозлар учун очиқ бўлмаган аэропортларга ёки аэродромларга истисно тариқасида қўниши мумкин. Мазкур парвозлар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат органлари билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги тасарруфидаги тегишли ташкилот томонидан берилган махсус рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда бажарилади.

Ўзбекистон Республикасининг асосий ва эксклав ҳудудлари оралиғида ҳаво кемаларининг парвозлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда чегара назорати ва давлат назоратининг бошқа турларидан ўтказилмаган ҳолда амалга оширилади.



38-модда. Ўтказиш пунктларидан ва ҳаво йўлакларидан

ташқарида Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартиби

      

Ўтказиш пунктларидан ташқарида Давлат чегарасини кесиб ўтиш Ўзбекистон Республикасининг чегарадош давлатлар билан келишувларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўтказиш пунктларидан ва ҳаво йўлакларидан ташқарида Давлат чегарасини кесиб ўтишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

фавқулодда ҳолат жорий этилганда, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар рўй берганда ёки одамларнинг ҳаётига, соғлиғига ҳамда хавфсизлигига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатларнинг ҳаво кемалари, кемалари ва ҳарбий кемалари хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа ҳолларда;

Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатларнинг шикастланган дарё кемалари, чет давлатларнинг ҳарбий кемалари шатакка олинганда;

қутқарилган одамларни ташишда;

Ўзбекистон Республикаси ёки чет давлатлар кемаларининг экипажи аъзоларига бирламчи шошилинч ёрдам кўрсатишда.

Алоҳида ҳолларда, хўжалик фаолиятини амалга оширишда (чорва молларини ҳайдаб ўтишда ва бошқа ҳолларда), шунингдек сув, транспорт, саноат ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган чегаралараро объектларга, телекоммуникациялар тармоқлари ва электр узатиш линияларига хизмат кўрсатишда, уларни таъмирлашда, улардан фойдаланишда Давлат чегарасини кесиб ўтиш мазкур масала Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари томонидан чегарадош давлатнинг ваколатли органлари билан келишилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг рухсати билан ўтказиш пунктларидан ташқарида ҳам амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларини бажариш чоғида чегарадош давлатнинг ваколатли органлари билан келишувга кўра, Давлат чегарасини ўтказиш пунктларидан ташқарида кесиб ўтиш ҳуқуқи берилади.



39-модда. Товарларни Давлат чегараси орқали олиб ўтиш

        

Товарларни Давлат чегараси орқали олиб ўтиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ҳамда халқаро шартномаларида белгиланган жойларда ва тартибда амалга оширилади.



40-модда. Шахсларни, транспорт воситаларини

ва товарларни Давлат чегараси орқали ўтказиш

         

Шахсларни, транспорт воситаларини ва товарларни Давлат чегараси орқали ўтказиш белгиланган ўтказиш пунктларида амалга оширилади.

Давлат чегараси орқали ўтказиш шахсларнинг ва транспорт воситаларининг Давлат чегарасини кесиб ўтишига, Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб киришни ёки Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни амалга оширишга рухсат беришдан иборатдир.

Давлат чегараси орқали ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

жисмоний шахслар учун - Ўзбекистон Республикасига кириш ёки Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқига доир ҳақиқий ҳужжатларнинг мавжудлиги;

транспорт воситалари ва товарлар учун - транспорт воситаларига ва товарларга доир қонунчиликда назарда тутилган ҳужжатларнинг мавжудлиги.

Ўтказиш пунктида назорат тартиб-таомиллари тугалланганидан кейин ҳамда шахс, транспорт воситаси ўтказиш пунктидан ташқарига чиқиб кетганда ва товарлар олиб чиқилганда Давлат чегараси орқали ўтказиш якунланган деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасига киришига қонунчиликка мувофиқ рухсат этилмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланган шахслар Давлат чегараси орқали ўтказилмайди.

Ўтказиш пунктларининг рўйхати, жойлашиши, уларни қуриш (реконструкция қилиш), очиш (ёпиш) тартиби, уларда давлат назоратини ташкил этиш, шунингдек ўтказиш пунктларида шахсларни, транспорт воситаларини ва товарларни Давлат чегараси орқали ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



41-модда. Ўтказиш пунктларида чегара

назоратини амалга ошириш

         

Чегара назорати ўтказиш пунктларида шахсларга, транспорт воситаларига ва товарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари томонидан амалга ошириладиган давлат назоратининг бир тури бўлиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади:

шахсларнинг ҳужжатларини текширишни, шу жумладан шахсга доир биометрик маълумотларга ишлов бериш орқали текширишни;

шахсларнинг оғзаки сўровини;

Ўзбекистон Республикасига киришига қонунчиликка мувофиқ рухсат этилмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланган шахсларнинг Давлат чегараси орқали ўтказилишининг олдини олишни;

божхона органлари билан ҳамкорликда транспорт воситаларини ва товарларни қонунчиликда белгиланган тартибда кўздан кечиришни ва кўрикдан ўтказишни;

транспорт воситаларини ва товарларни кузатиб туришни, шунингдек ўтказиш пунктидан Давлат чегарасигача кузатиб боришни ва ундан ортга қайтишда кузатиб келишни;

давлат назорати органларининг ўтказиш пунктларида тегишли назорат тартиб-таомиллари амалга оширганлиги тўғрисидаги қайдлари мавжудлигини текширишни;

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва халқаро шартномаларида белгиланган бошқа назорат тартиб-таомилларини.

Ўтказиш пунктининг фаолият кўрсатиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ва бошқа ваколатли давлат органларининг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) томонидан шахсий кўрикдан ўтказиш тартиб-таомили амалга оширилиши мумкин.



42-модда. Шахсларнинг, транспорт воситаларининг

ва товарларнинг Давлат чегараси орқали ўтказилишини

вақтинча чеклаш ёки тўхтатиб туриш

        

Айрим ўтказиш пунктларида Давлат чегараси орқали шахсларнинг, транспорт воситаларининг ҳамда товарларнинг ўтказилиши қуйидаги асосларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан вақтинча чекланиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин:

Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида;

ваколатли давлат органининг Ўзбекистон Республикаси ёки чет давлатлар ҳудудида одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг карантинли ҳамда бошқа хавфли юқумли касалликлари юзага келиши ва тарқалиши тўғрисидаги ахборотига асосан;

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар рўй берганда;

чегарадош давлат ваколатли органларининг мурожаатларига асосан;

ўтказиш пункти ҳудудида қурилиш-техник ишлар олиб борилаётганда.

Давлат чегараси орқали ўтказиш вақтинча чекланганлиги ёки тўхтатиб турилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан 48 соат ичида тегишли давлатларга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хабарнома юборилади.

Давлат чегараси орқали ўтказиш вақтинча чекланиши ёки тўхтатиб турилиши юзасидан чоралар жорий этилишидан 24 соат олдин Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари томонидан чегарадош давлатларнинг чегара органлари хабардор қилинади.



43-модда. Давлат чегарасида ва чегара

минтақасида хўжалик фаолиятини ҳамда

бошқа фаолиятни амалга ошириш

       

Давлат чегарасида хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш Ўзбекистон Республикасининг ва чегарадош давлатларнинг миллий хавфсизлигига зарар етказмаслиги ёки зарар етказиш хавфини юзага келтирмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари томонидан Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича вазифаларни бажаришда тўсқинликларни вужудга келтирмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари томонидан чегара минтақасида қуйидагиларга нисбатан қўшимча режим чекловлари ва тақиқлари жорий этилиши мумкин:

чегара минтақасига бегона шахсларнинг киришига;

хўжалик фаолияти ҳамда бошқа фаолият амалга ошириладиган ҳудудларга киришга;

сузиш воситаларининг чегара дарёларига, кўлларига ва бошқа сув ҳавзаларига киришига.

Чегара дарёларида, кўлларида ва Ўзбекистон Республикасининг ички сувларидаги бошқа сув ҳавзаларида ҳаракатланувчи кичик ҳажмли кемалар пристанларда, причалларда, бошқа тўхташ пунктларида мажбурий равишда ҳисобга олинади ҳамда сақланади. Ушбу кемаларнинг тўхташ пунктларидан чиқиши ва ушбу пунктларга қайтиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари томонидан белгиланади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан Давлат чегарасида ва чегара минтақасида хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



44-модда. Чегаравий можароларни ҳал этиш

         

Давлат чегарасидаги Давлат чегараси режимининг Ўзбекистон Республикасининг ёки чегарадош давлатларнинг манфаатларига дахлдор тарзда бузилиши билан боғлиқ бўлган ҳодиса чегаравий можародир.

Чегаравий можароларни ҳал этиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ белгиланади.



45-модда. Ўзбекистон Республикасининг

чегара бўйича вакиллари

       

Давлат чегараси режимига риоя этилишига доир масалаларни ҳал қилиш ва чегаравий можароларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикасининг чегара бўйича вакиллари тайинланади.

Ўзбекистон Республикаси чегара бўйича вакилларининг ваколатлари ва фаолиятни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси ва чет давлатлар ҳарбий ҳаво кемаларининг, бошқа ҳарбий объектларининг ёки ҳарбий хизматчиларининг ҳаракатлари билан боғлиқ бўлган чегаравий можароларни ҳал этиш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, шунингдек тегишли давлат органлари вакилларининг иштирокида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг чегара бўйича вакиллари ёки Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг вакиллари томонидан ҳал этилмаган масалалар ва чегаравий можаролар дипломатик тартибда ҳал қилинади.



46-модда. Давлат чегараси режимининг бузилиши

         

Қуйидаги қоидаларни бузиш Давлат чегараси режимининг бузилишидир:

Давлат чегарасини шахслар ва транспорт воситалари томонидан кесиб ўтиш;

Давлат чегараси орқали товарларни олиб ўтиш;

Давлат чегарасида ва чегара минтақасида бўлиш, хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш.



47-модда. Давлат чегарасини бузувчилар

       

Давлат чегарасини бузувчилар қуйидагилардан иборат:

ўтказиш пунктларидан ташқарида Давлат чегарасини кесиб ўтган ёки кесиб ўтишга уринаётган ёхуд ўтказиш пунктларида Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартибини бузган ҳолда, Давлат чегарасини кесиб ўтган ёки кесиб ўтишга уринаётган шахслар;

ички сувларга, шунингдек чегара дарёларига, кўлларига ва бошқа сув ҳавзаларига Давлат чегарасини кесиб ўтишнинг белгиланган тартибини бузган ҳолда кирган чет эл кемалари ва ҳарбий кемалари;

Давлат чегарасини самовий ҳудудда кесиб ўтиш тартибини бузган ҳолда Давлат чегарасини кесиб ўтган ҳаво кемалари ва бошқа учувчи аппаратлар.

Давлат чегарасини ўтказиш пунктларидан ташқарида ҳар қандай техник ёки бошқа воситалар билан кесиб ўтиш ҳам Давлат чегарасини бузишдир.



6-БОБ. ЧЕГАРА РЕЖИМИ

        

      

48-модда. Чегара режимини белгилаш

      

Чегара зонасига кириш (ундан чиқиш), ундан ўтиш, у ерда бўлиш (яшаш), ҳаракатланиш, хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш тартиби ва қоидалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низомда белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Чегара зонасида чегара режимига риоя этилиши устидан назорат қилиш ички ишлар органларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг зиммасига ўз ваколатлари доирасида юклатилади.



49-модда. Чегара зонасини белгилаш

           

Чегара зонаси Давлат чегарасига туташ бўлган туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудуди доирасида чегара режимини таъминлаш учун белгиланади.

Чегара зонасини белгилаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



50-модда. Шахсларнинг чегара зонасига кириши

(ундан чиқиши), ундан ўтиши, у ерда бўлиши (яшаши),

ҳаракатланиши, хўжалик фаолиятини ҳамда

бошқа фаолиятни амалга ошириши

         

Чегара зонасига кириш (ундан чиқиш), ундан ўтиш, у ерда бўлиш (яшаш) ва ҳаракатланиш:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан - шахсни тасдиқловчи ҳужжатларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан чегара зонасига кириш учун бериладиган рухсатномаларга асосан;

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар халқаро қатнов йўллари бўйича Ўзбекистон Республикасидан чиқиш мақсадида ўтказиш пункти томонга ҳаракатланаётганда - шахсни тасдиқловчи ҳамда Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга асосан амалга оширилади. Мазкур тоифадаги шахслар томонидан ҳаракатланиш йўналишини ўзгартириш тақиқланади.

Чегара зонасида хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида қуйидагилар тақиқланади:

Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлигига зарар етказиш;

чегара режими бузилишига сабаб бўладиган ҳолатларни юзага келтириш;

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ўз вазифаларини бажаришига монелик қилиш.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан чегара зонасида хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



51-модда. Давлат чегарасидаги профилактик минтақа

         

Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келиши ва тарқалишидан муҳофаза қилиш мақсадида Давлат чегараси бўйлаб зарур ветеринария хавфсизлигини таъминловчи профилактик минтақа белгиланади, у ерда ҳайвонларни боқиш ва сақлаш тақиқланади.

Профилактик минтақанинг кенглиги, уни тўсиб қўйиш тартиби ва унинг режими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



52-модда. Чегара режимининг бузилиши

        

Чегара зонасига кириш (ундан чиқиш), ундан ўтиш, у ерда бўлиш (яшаш) ва ҳаракатланиш, хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш тартибига шахслар томонидан риоя этилмаслиги чегара режимининг бузилишидир.



7-БОБ. ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИДАГИ РЕЖИМ

     

    

53-модда. Ўтказиш пунктларидаги режимни белгилаш

       

Ўтказиш пунктларидаги режим назорат тартиб-таомилларини амалга ошириш, шахсларнинг ва транспорт воситаларининг ўтказиш пунктларига келиши, у ерда бўлиши ҳамда у ердан чиқиши, товарларнинг олиб кирилиши, туриши ва олиб чиқилиши, ўтказиш пунктлари ҳудудида хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш тартибини белгиловчи қоидалар мажмуини ўз ичига олади.

Ўтказиш пунктларидаги режим Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати томонидан барча давлат назорати органлари хизмат фаолиятининг зарур шарт-шароитларини сақлаб туриш мақсадида белгиланади.

Ўтказиш пунктларидаги режим қуйидагиларга йўл қўймаслиги керак:

шахсларнинг ва транспорт воситаларининг Давлат чегарасини қонунга хилоф равишда кесиб ўтишига;

товарларнинг Давлат чегараси орқали қонунга хилоф равишда олиб ўтилишига;

бегона шахсларнинг ўтказиш пунктларидаги кириш чекланган жойларга, хоналарга (объектларга) ва транспорт воситаларига киришига.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ўтказиш пунктларида фаолиятни амалга оширувчи давлат назорати органлари ва ташкилотлар билан келишилган ҳолда:

шахсларнинг ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиш, товарларнинг олиб ўтилиши схемасини, шунингдек транспорт воситалари учун ҳаракатланиш тартибини ҳамда тўхташ жойларини белгилайди;

назорат тартиб-таомиллари амалга ошириладиган хоналарга ва бошқа жойларга, шунингдек транспорт воситаларига кириш тартибини белгилайди;

ўтказиш пунктларида режимга риоя этилишига доир чораларни ишлаб чиқади ва назоратни таъминлайди.

Ўтказиш пункти ҳудудига қуролни, портловчи моддаларни, портлатиш қурилмаларини, заҳарли ва радиоактив моддаларни, шунингдек одамларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғдирувчи бошқа моддаларни ҳамда буюмларни олиб кириш (ундан олиб чиқиш) Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг рухсати билан амалга оширилади, бундан мазкур товарларнинг Давлат чегараси орқали олиб ўтилиши ҳоллари мустасно.

Транспорт воситаларининг ўтказиш пунктлари ҳудудидан чиқиб кетиши (тўхташ жойини ўзгартириши) тегишли давлат назорати органлари билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг рухсати билан амалга оширилади.

Ўтказиш пунктидан чиқиш ёки ўтказиш пунктига кириш чоғида йўловчиларни транспорт воситаларига чиқариш (улардан тушириш) Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг рухсати билан амалга оширилади.

Давлат чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни ўтказиш пунктларида юклаш (тушириш) Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларини хабардор қилган ҳолда, божхона органларининг рухсати билан амалга оширилади.



54-модда. Ўтказиш пунктидаги қўшимча режим қоидалари


Ўтказиш пунктида бевосита назорат тартиб-таомиллари амалга ошириладиган ҳудудлар, хоналар белгиланади ва қонунчиликда назарда тутилган қўшимча режим қоидалари жорий этилади.



55-модда. Шахсларнинг ва транспорт воситаларининг

ўтказиш пунктларига кириши ҳамда ўтказиш пунктларидан

чиқиши, товарларни ўтказиш пунктларига олиб кириш

ва ўтказиш пунктларидан олиб чиқиш тартиби

        

Шахсларнинг ва транспорт воситаларининг ўтказиш пунктларига кириши ҳамда ўтказиш пунктларидан чиқиши, товарларни ўтказиш пунктларига олиб кириш ва ўтказиш пунктларидан олиб чиқиш шахсларда Ўзбекистон Республикасига кириш ёки Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқига доир ҳужжатлар, транспорт воситаларига ва товарларга нисбатан эса қонунчиликда назарда тутилган ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда белгиланган жойларда амалга оширилади.

Ўтказиш пунктларида фаолиятни амалга оширувчи давлат назорати органларининг вакилларини, бошқа органлар ва ташкилотларнинг ходимларини ҳамда уларнинг транспорт воситаларини ўтказиш пунктлари ҳудудига киритиш:

темир йўл, автомобиль ва дарё ўтказиш пунктларида - Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари томонидан бериладиган;

авиация ўтказиш пунктларида - Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги тасарруфидаги тегишли ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати билан келишилган ҳолда бериладиган рухсатномалар бўйича амалга оширилади.

Ўтказиш пунктларида фаолиятни амалга оширувчи давлат назорати органлари, бошқа органлар ҳамда ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ва ходимларининг ўтказиш пунктларига кириши ҳамда ўтказиш пунктларидан чиқиши устувор тартибда амалга оширилади.



56-модда. Йўловчиларни халқаро ташишни амалга

оширувчи юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

        

Йўловчиларни халқаро ташишни амалга оширувчи юридик шахслар:

Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартиби тўғрисидаги ахборотни олиш;

шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ йўловчиларнинг шахсга доир маълумотларини уларнинг ёзма розилигисиз тўплаш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Йўловчиларни халқаро ташишни амалга оширувчи юридик шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Йўловчиларни халқаро ташишни амалга оширувчи юридик шахслар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига ва божхона органларига халқаро қатнов йўлларида ҳаракатланувчи йўловчилар ҳамда уларнинг багажи тўғрисидаги маълумотларни олдиндан тақдим этиши;

ўзига тегишли бўлган (ўзи фойдаланадиган) транспорт воситаларига шахсларнинг қонунга хилоф равишда чиқишининг (улардан тушишининг) ва улардан Давлат чегарасини қонунга хилоф равишда кесиб ўтиш учун фойдаланишининг олдини олиш бўйича чоралар кўриши шарт.

Йўловчиларни халқаро ташишни амалга оширувчи юридик шахсларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



57-модда. Ўтказиш пунктларида Давлат чегарасини

кесиб ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

       

Ўтказиш пунктларида Давлат чегарасини кесиб ўтаётган шахслар ўтказиш пунктидаги режим, назорат тартиб-таомилларини амалга ошириш кетма-кетлиги ва тартиби тўғрисидаги ахборотни, шунингдек ўтказиш пунктининг фаолият кўрсатиши билан боғлиқ бошқа ахборотни олиш ҳуқуқига эга, бундан фойдаланилиши қонун билан чекланган ахборот мустасно.

Ўтказиш пунктларида Давлат чегарасини кесиб ўтаётган шахслар давлат назорати органлари ходимларининг талабига кўра:

Ўзбекистон Республикасига кириш ёки Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқига доир ҳужжатларни тақдим этиши;

Давлат чегараси орқали олиб ўтилаётган товарлар тўғрисида хабардор қилиши;

транспорт воситаларини ва товарларни кўрикдан ўтказиш ёки кўздан кечириш учун тақдим этиши шарт, бундан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ўтказиш пунктларида Давлат чегарасини кесиб ўтаётган шахсларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Ўтказиш пунктларида Давлат чегарасини кесиб ўтаётган шахсларга ўтказиш пунктлари ҳудудида қуйидагилар тақиқланади:

назорат тартиб-таомилларини амалга ошириш жараёнини фото- ва видео- қайд этиш воситалари орқали тасвирга олиш;

назорат тартиб-таомилларини амалга ошириш жараёнига тўсқинлик қилувчи мобиль алоқа воситалари орқали сўзлашувлар олиб бориш;

текшириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар ичида бошқа нарсаларни қолдириш;

давлат назорати органлари ходимларини назорат тартиб-таомилларини амалга оширишнинг белгиланган тартибини бузишга ундашга (мойил қилишга) қаратилган ҳаракатларни содир этиш;

назорат тартиб-таомилларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.



58-модда. Ўтказиш пунктларида хўжалик фаолиятини

ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш

       

Хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга оширувчи шахсларга ўтказиш пунктларига кириш (улардан чиқиш) учун рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ёки Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги тасарруфидаги тегишли ташкилот томонидан берилади.

Ўтказиш пунктларида хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида қуйидагилар тақиқланади:

Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлигига зарар етказиш;

одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш;

табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш;

чегарадош давлатларга зарар етказиш ёки шундай зарар етказилиши хавфини юзага келтириш;

давлат назорати органларига назорат тартиб-таомилларини амалга оширишда тўсқинлик қилиш.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўтказиш пунктларида хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



59-модда. Ўтказиш пунктларидаги режимни бузиш

         

Шахсларнинг ва транспорт воситаларининг ўтказиш пунктларида бўлиш ҳамда ҳаракатланиш тартибига риоя этмаганлиги, ўтказиш пунктларидаги кириш чекланган жойларга ва транспорт воситаларига шахсларнинг ғайриқонуний равишда кириши ўтказиш пунктларидаги режимни бузиш деб ҳисобланади.



8-БОБ. ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИНИ ҚЎРИҚЛАШ ВА ҲИМОЯ

ҚИЛИШ  СОҲАСИДА  ЖИСМОНИЙ  КУЧ  ИШЛАТИШ,

МАХСУС ВОСИТАЛАРНИ (ХИЗМАТ ҲАЙВОНЛАРИНИ),

ҚУРОЛ-ЯРОҒ ВА ҲАРБИЙ ТЕХНИКАНИ ҚЎЛЛАШ

     

      

60-модда. Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни,

қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қўллаш шартлари

    

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, Мудофаа вазирлигининг, Ички ишлар вазирлигининг, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг ҳамда Миллий гвардиясининг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) (бундан буён матнда ҳарбий хизматчилар (ходимлар) деб юритилади) Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни амалга ошириш чоғида фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳамда тартибда жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қўллаш ҳуқуқига эга.

Жисмоний куч ишлатилишидан, махсус воситалар, қурол-яроғ ва ҳарбий техника қўлланилишидан аввал уларни қўллаш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган огоҳлантириш бўлиши керак, бундан шундай огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёки уларнинг қўлланилишини кечиктириш одамларнинг ҳаёти ҳамда соғлиғи учун бевосита хавф соладиган ва бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар, қурол-яроғ ва ҳарбий техника қўлланилиши юзага келган вазиятга, шахслар хатти-ҳаракатларининг хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ҳар қандай зарарнинг имкон қадар кам бўлишига интилиши шарт.

Жисмоний куч ишлатиш махсус воситаларни, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қўллаш чоғида ҳарбий хизматчи (ходим) атрофдаги шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўриши шарт.

Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар, қурол-яроғ ва ҳарбий техника қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган шахсларга биринчи ёрдам кўрсатилиши керак.

Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) жисмоний куч ишлатилган, махсус воситалар, қурол-яроғ ва ҳарбий техника қўлланилган ҳар бир ҳолат тўғрисида бевосита бошлиғига дарҳол ахборот бериши шарт.

Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида жисмоний ёхуд юридик шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида, шунингдек қурол-яроғ ва ҳарбий техника қўлланилган барча ҳоллар тўғрисида тегишли прокурорга дарҳол хабар берилади.

Қонунга хилоф равишда жисмоний куч ишлатган, махсус воситаларни, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қўллаган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) қонунга мувофиқ жавобгар бўлади.

Агар жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситаларнинг, қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг қўлланилиши қонунда белгиланган асосларга кўра ҳамда тартибда амалга оширилган бўлса, ҳарбий хизматчи (ходим) жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қўллаш чоғида жисмоний ҳамда юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.



61-модда. Жисмоний куч ишлатиш

         

Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни амалга ошириш чоғида қуйидаги мақсадларда жисмоний куч ишлатишга, шу жумладан қўл остидаги воситалардан фойдаланган ҳолда жисмоний куч ишлатишга ҳақли:

ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш, шунингдек ҳуқуқбузарларни ушлаш;

қўриқланадиган объектларни, ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни, портлатиш қурилмаларини, транспорт воситаларини эгаллаб олишга бўлган уринишларга чек қўйиш;

қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсларни ушлаш, олиб бориш, қўриқлаб бориш ва қўриқлаш, ушбу шахслар қочишга уринишини, атрофдагиларга ёки ўзига зарар етказишини бартараф этиш;

ўзига ва бошқа фуқароларга қилинган ҳужумни қайтариш;

ўзининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш.

Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ушбу Қонунда махсус воситаларнинг, қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.



62-модда. Махсус воситаларни қўллаш

        

Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни амалга ошириш чоғида резина таёқлар, қўлкишанлар каби махсус воситаларни ёки бошқа боғлаш воситаларини, электрошок қурилмаларини, чалғитма таъсир кўрсатувчи нур-товушли мосламаларни, сув билан зарба берувчи машиналарни, кўздан ёш оқизувчи моддаларни, транспорт воситаларини мажбурий тўхтатиш воситаларини ва хизмат ҳайвонларини қуйидаги мақсадларда қўллаш ҳуқуқига эга:

ўзига ва бошқа фуқароларга қилинган ҳужумни қайтариш;

Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг объектларига қилинган ҳужумни қайтариш;

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича ўз хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ўзининг қонуний талабларига бўйсунмасликни ёки қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш;

ҳуқуқбузарликларнинг ва оммавий тартибсизликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;

ҳуқуқбузарларни ушлаш, ҳуқуқбузарликлар содир этган ёки ўз шахсини тасдиқлашдан бўйин товлаётган шахсларни, агар мазкур шахслар жисмонан ёки бошқача тарзда қаршилик кўрсатаётган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ёки божхона органларининг хизмат хоналарига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга олиб бориш;

ушланган шахсларни қўриқлаб бориш ва қўриқлаш.

Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ушбу Қонунда қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қўллаш рухсат этилган барча ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга ҳамда ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан махсус воситаларни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) ёхуд бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Одамнинг бошига, бўйнига, ўмров суягига, қорнига, жинсий аъзоларига, юрак соҳасига резина таёқ билан зарбалар бериш тақиқланади, бундан одамнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) ёхуд бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни амалга ошириш чоғида ҳарбий хизматчилар (ходимлар) томонидан қўлланиладиган махсус воситалар рўйхати қонунчиликда белгиланади.



63-модда. Хизмат ҳайвонларини қўллаш

       

Хизмат ҳайвонлари махсус воситаларнинг турларидан бири бўлиб, чегара нарядларини кучайтириш учун мўлжалланган ҳамда чегара зонасида, чегараолди ҳудудида ва ўтказиш пунктларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда бартараф этишда, шунингдек ҳуқуқбузарларга нисбатан жисмоний, руҳий ва бошқача таъсир кўрсатишда фойдаланиладиган итлар, отлар ва юк ташувчи ҳайвонлар хизмат ҳайвонлари жумласига киради.

Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни амалга ошириш чоғида хизмат ҳайвонларини қуйидаги мақсадларда қўллайди:

чегара нарядларини кучайтириш, ҳуқуқбузарларни излаш ва ушлаш, давлат органларининг объектларини қўриқлаш;

шахсларни, транспорт воситалари ва товарларни кўрикдан ўтказиш, контрабанда ашёларини аниқлаш мақсадида жойларни кўздан кечириш;

ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) ҳаракатланиши ва юкларни ташиш;

ҳуқуқбузарларга нисбатан жисмоний, руҳий ва бошқача таъсир кўрсатиш;

бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш.



64-модда. Қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қўллаш

       

Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш чоғида қурол-яроғни ва ҳарбий техникани қуйидаги мақсадларда қўллайди:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қуролли бостириб киришни қайтариш ҳамда Давлат чегарасидаги қуролли ҳужумларга ва бошқа фитналарга чек қўйиш;

ҳаво кемалари ва бошқа учувчи аппаратлар томонидан самовий ҳудудда Давлат чегараси бузилишларига чек қўйиш;

агар Давлат чегарасининг бузилишини бартараф этишни ёки Давлат чегарасини бузувчиларни ушлашни бошқа воситалар ва усулларни қўллаган ҳолда амалга ошириш мумкин бўлмаса, Давлат чегарасини қонунга хилоф равишда кесиб ўтган ёки кесиб ўтишга уринаётган шахсларни ушлаш ҳамда транспорт воситаларини тўхтатиш;

Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг объектларига қилинган ҳужумни қайтариш;

ўзига ҳамда бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирадиган ҳужумни қайтариш;

хавф-хатар сигналини бериш ёки ёрдамга чақириш, ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) ҳамда бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солаётган ҳайвонни зарарсизлантириш.

Қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қўллаш ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) қуйидаги ҳолларда тақиқланади:

аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан, бундан уларнинг қуролли ҳужум қилганлиги, қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) ёхуд бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно;

Давлат чегарасини қонунга хилоф равишда кесиб ўтган ёхуд кесиб ўтишга уринаётган жисмоний шахсларга нисбатан, агар бу ҳақиқатан ҳам тасодифан ёки бахтсиз ҳодиса ёхуд енгиб бўлмас куч ҳолатлари оқибатида рўй берган (рўй бераётган) бўлса.

Қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қўллашдан аввал уларни қўллаш нияти ҳақида очиқ-равшан тарзда ифодаланган огоҳлантириш ва (ёки) огоҳлантирувчи ўқ узиш амалга оширилиши керак, бундан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қуролли бостириб киришни қайтариш, Давлат чегарасидаги қуролли ҳужумларга ва бошқа фитналарга чек қўйиш, Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг объектларига қилинган ҳужумни қайтариш ҳоллари, шунингдек ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ёки фуқаронинг ҳаётига бевосита хавф мавжуд бўлган ҳоллар мустасно.

Давлат чегарасини бузувчиларга қарши қурол-яроғ ва ҳарбий техника уларнинг куч ишлатганлигига жавобан ёки ҳуқуқбузарликларга барҳам беришни ёки ҳуқуқбузарларни ушлашни бошқа воситалар билан амалга ошириш мумкин бўлмаган ҳолларда ҳам қўлланилади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

       

      

65-модда. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни

амалга оширувчи ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг)

қонуний талабларини бажаришнинг мажбурийлиги

      

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни амалга оширувчи ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ўз ваколатлари доирасида қўйилган қонуний талаблари барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.



66-модда. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни

амалга оширувчи ҳарбий хизматчиларни (ходимларни)

ҳуқуқий ҳамда ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш

         

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни амалга оширувчи ҳарбий хизматчиларни (ходимларни) ҳуқуқий ҳамда ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



67-модда. Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш,

қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тадбирларини молиявий

ҳамда моддий-техника жиҳатидан таъминлаш

         

Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тадбирларини молиявий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тадбирларини моддий-техника жиҳатидан таъминлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



68-модда. Давлат органларининг Давлат чегарасини

белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш билан

боғлиқ бўлган қарорлари, улар мансабдор шахсларининг

ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш

     

Давлат органларининг Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.



69-модда. Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси

тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

        

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



70-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги 820-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 9, 217-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1999 йил 20 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 821-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 9, 218-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 621-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, N 5, 90-модда) XX моддаси;


4) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 14 январда қабул қилинган "Ижро иши юритиш такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-199-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, N 1, 1-модда) 8-моддаси;


5) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 25 декабрда қабул қилинган "Қишлоқ ва сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар чуқурлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-240-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, N 12, 472-модда) 10-моддаси;


6) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-416-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, N 12, 383-модда) 17-моддаси;


7) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-476-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, N 4, 224-модда) 35-моддаси;


8) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 18 февралда қабул қилинган "Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги баъзи давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-522-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 2, 47-модда) 26-моддаси;


9) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 109-моддаси.



71-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

         

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



72-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

        

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



73-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

         

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

         

           

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               Ш. Мирзиёев

         

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 13 сентябрь














































































Время: 0.2053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск